Султонмурод Олим. Навоий асарларида Хожа Баҳоуддин Нақшбанд таърифи

  1. Вобасталик

Алишер Навоий

Алишер Навоий мероси шундай буюк бир хазинаки, ундан халқимиз тарихининг энг қадим замонлардан то XV аср охиригача бўлган даврига тегишли деярли ҳар қандай масалага оид муносабат, ҳеч бўлмаса, муҳим бир маълумот топасиз.

Хожа Баҳоуддин Нақшбанд (1318 – 1389) ҳаёти ва фаолияти, хожагон-нақшбандия таълимоти тарихи, ғоялари тарғиби, бу тариқат вакиллари ҳаёти ва фаолияти бўйича туркий тилда улуғ ўзбек шоири, мутафаккири Алишер Навоий асарларидан кўра бойроқ ва мукаммалроқ бошқа бирон манба йўқ. Шунинг учун Нақшбанд ва Навоий масаласи фақат адабиётшуносликкина эмас, амалда диншунослик, тасаввуфшунослик, фалсафашунослик, тарихшунослик, маънавиятшунослик, мафкурашунослик ва фаннинг яна кўплаб соҳалари изчил шуғулланиши лозим бўлган мавзу ҳисобланади. Бинобарин, ҳозиргача бу борада бир қадар илмий ишлар дунёга келди ва илгари яратилган китоблар чоп этилди.

Навоий асарларида Хожа Баҳоуддин Нақшбанд таърифи масаласини ёритиш учун, аввало, улуғ мутафаккир меросида ана шу буюк авлиёга, умуман, нақшбандия тариқатига муносабат, шунингдек, шоир ижодида нақшбандия таълимоти ғоялари тарғибининг кўринишлари ва йўналишларини аниқлаб олиш лозим.

Масалага шу жиҳатдан ёндашсак, қуйидаги манзара намоён бўлади:

  1. Хожа Баҳоуддин Нақшбанд ҳаёти ва фаолиятини ёритиш (“Насо­йим ул-муҳаббат мин шамойим ул-футувват”).
  2. Хожагон – нақшбандия тариқати вакиллари ҳаёти ва фаолиятини ёритиш (“Насойим ул-муҳаббат мин шамойим ул-футувват”, “Хамсат ул-мутаҳаййирин”, “Ҳолоти Саййид Ҳасан Ардашер”, “Ҳолоти Паҳлавон Муҳаммад”, “Мажолис ун-нафоис”, “Сирож ул-муслимин”, “Муҳокамат ул-луғатайн”, “Тарихи анбиё ва ҳукамо”, “Арбаъин”).
  3. Нақшбанд ва нақшбандийлар бадиий тимсолларини яратиш (“Ҳайрат ул-аброр”, “Лисон ут-тайр”).
  4. Бадиий асарларда нақшбандия таълимоти ғояларини тарғиб этиш (“Хазойин ул-маоний”, “Девони Фоний”, “Ҳайрат ул-аброр”, “Фарҳод ва Ширин”, “Лайли ва Мажнун”, “Сабъайи сайёр”, “Садди Искандарий”, “Лисон ут-тайр”, “Маҳбуб ул-қулуб”, “Сирож ул-муслимин”).

Бу йўналишларнинг ҳар бири алоҳида-алоҳида тадқиқотга мавзу бўлгулик даражада катта қамровга эга. Аммо илмимизда ҳали масала айнан шу тарзда қўйилиб, комплекс равишда изчил ўрганилганича йўқ. Бу йўналишлар юзасидан қарашларимиз ҳам мунтазам равишда ўзгариб, ривожланиб, такомиллашиб боряпти. Шунинг учун ҳам даврлар ўтгани сайин улуғ авлиё Нақшбанд билан доҳий шоир Навоийни ўзаро боғлаб турган талай ришталарни изчил ва теран ўрганишга эҳтиёж кучайгандан-кучайиб бораверади. Чунки тасаввуф тарихида нақшбандия энг сўнгги мукаммал тариқат экани, Навоий мероси миллий маънавиятимизнинг юксак чўққиси ҳисобланиши, унинг асарларида бу тариқат муаллифнинг асл эътиқоди, мафкураси янглиғ намоён бўлгани инобатга олинса, бу хусусда сўз юритишнинг аҳамияти ўз-ўзидан аёнлашади.

Шу тариқа ҳаёт билан фалсафанинг, фалсафа билан тасаввуфнинг, тасаввуф билан адабиётнинг, адабиёт билан ғоянинг, ғоя билан сўзнинг бир-бирига чамбарчас алоқаси очила боради. Энг муҳими, шу асосда биз Нақшбанд билан Навоийнинг башарият шуурий хазинасига буюк ҳисса бўлиб қўшилган дурдона фикру ғояларидан бугунимиз учун бевосита керак бўладиган муҳим жиҳатларни ҳам топамиз.

 

  1. Комиллар комили

Одам Ато насли ораси­дан Нақшбанддек комил инсонларнинг етишиб чиққани – наинки бир халқ, балки бутун башариятнинг буюк бахти, мислсиз бойлиги. Тасаввуф ақидасига кўра: “…Жумла мавжудот одамзодга шунинг учун сажда қиладики, одамлар орасида комил инсон (!) бор. Бас, жумла одамзод комил инсон туфайли (шарафли)дир. Мавжудот ичра комил инсондан кўра улуғроқ ва донороқ нарса йўқ, чунки комил инсон энг пастдан энг юқоригача мартабалардаги мавжудотларнинг хулосаси (!) ва қаймоғидир (!) ва фаришталар, руҳоний мавжудотлар ва аршу курси, самовоту кавокиб – ҳаммаси комил инсон хизматидадирлар ва ҳамиша комил инсон теграсини тавоф қилурлар ва комил инсон илм мазҳаридир (кўринишидир. Бу ва бошқа иқтибосларда қавс ичида келтирилган изоҳлар бизники – С.О.), комил инсон илоҳий зот (яъни Худо) сифатларининг ҳам мазҳаридир”.

Албатта, комил инсон дейилганда, биринчи навбатда, Муҳаммад ­(с.­а.в.), сўнг эса авлиё зотлар тушунилади. Навоий ҳам, табиийки, ана шу ақидада эди. У сўфийлар дуоси ижобат бўлишига қатъий ишонган. Масалан, “Мажолис ун-нафоис” тазкирасида Мавлоно Лутфий ҳақида: “Бу фақир (яъни ўзини кўзда тутяпти) борасида кўп фотиҳалар ўқубтур. Умид улким, чун дарвиш (!) киши эрди, баъзи мустажоб бўлмиш бўлғай”, – дейди. Демак, Лутфийнинг айнан дарвиш, яъни сўфий киши экани учун унинг Навоий борасидаги айрим дуолари ижобат бўлган бўлиши мумкин.

Қадимгилар билмай айтмаганки:

Мардони Худо Худо набошанд,
Лекин зи Худо жудо набошанд.

Маъноси: (Худодан жудо эмас.)
Авлиё Худо эмас.)

Чиндан ҳам, “мардони Худо”, яъни авлиё зотлар Худо эмас, лекин улар Худодан жудо ҳам эмаслар.

 

  1. “Увайсийлик” нима?

Халқда: “Худо – ёр, пирлар – мададкор бўлсин!” – деган дуо бор. Шунинг ўзиёқ бизда узоқ йиллар зарарли таълимот сифатида ноҳақ қораланиб келган тасаввуфнинг миллий ҳаётимизга нақадар чуқур кириб бориб, унинг эзгу ғоялари қон-қонимизга сингиб кетганидан далолат беради. Тасаввуф нафақат ҳаёт бўлган шайхларнинг нафасини, ҳатто кўп илгарилар ўтиб келган улуғ авлиёларнинг руҳини ҳам тан олади.

Инсон кўнглини, аниқроғи, руҳини камол топтиришнинг, ким билади, дейсиз, эҳтимолки, башарият тарихидаги энг олий даражасига етган ана шу тасаввуф таълимотининг қатъий қоидасига кўра, солик, яъни сўфий, албатта, бир пирнинг этагини тутиб, унга мурид тушиши – шарт. Аммо шундай истисно ҳоллар ҳам бўладики, қай бир сўфийни илгари замонлар оламдан ўтиб кетган бирор машҳур шайхнинг руҳи келиб тарбиялайди. Бундайлар у в а й с и й дейилган.

Ривоят қилишларича, Муҳаммад алайҳи-с-салом оламдан ўтар пайтларида саҳобалар, яъни атрофларидаги суҳбатларига мушарраф бўлган зотлар у азиздан эски хирқалари, яъни тўнларини кимга бериш лозимлигини сўрашибди. Навоий сўзлари билан айтилса, ул зоти шариф (с.а.в.): “Дебтурларки: “Увайс Қаранийға берсунлар ва десунларки, менинг умматимни дуо қилсун”.[1]

Яманнинг Қаран деган еридан бўлган бу туябоқар Уҳуд тоғидаги урушда пайғамбаримиз(с.а.в.)нинг муборак тишлари синганини эшитиб, уриб-уриб ўзининг ўттиз икки тишини синдирган эди. Аммо Муҳаммад алайҳи-с-салом билан Қараний ҳеч қачон юзма-юз кўришмаган эди. Шундай бўлса ҳам, Навоийнинг “Насойим ул-муҳаббат…”ида қайд этилишича, Расулиллоҳ (с.а.в.) уни: “Маъни ва руҳоният юзидин тарбият қилиб эрдилар. Бу жиҳатдин ҳар кишинингки, бу тоифадин (яъни шайхлардан) зоҳир юзидин (яъни бевосита ҳаётда тарбия қилган) пири маълум бўлмаса ва машойихларидин бирининг руҳи (!) они тарбият қилған бўлса, они “увайсий” дерлар” (75).

Демак, “увайсий” деган тасаввуфий атама ана шу Увайс Қаранийнинг исмидан олинган. Увайс Қаранийнинг ўзи эса мусулмон оламида, хусусан, адабиётда жуда машҳур эди. Навоий “Насойим ул-муҳаббат…”да таърифлаган биринчи шайх ҳам – шу.

Увайсийлик ҳақидаги тасаввурни янада ойдинлаштириш мақсадида шуни эслатиш керакки, машҳур шоирамиз – Жаҳонотин Увайсий тахаллусининг маъноси ҳам худди ана шу тушунчадан олинган. Ким билади, балки, уни ҳам қадим машойихларимиздан бирининг руҳи келиб тарбия қилгандир, ҳеч бўлмаганда, Увайсийнинг ўзи шуни орзулагандир. Биргина далил: шоиранинг “Увайсийман” радифли ғазали шундай тугалланади:

Вайси(й) бериёзат деб саҳл тут­ма, эй ориф,­

Ишқ аро ниҳон дарди бедаво Увайсийман.[2]

 Биринчидан, “Вайси(й)” – вазн тақозосига кўра, “Увайсий” сўзининг шартли равишда қисқарган шакли, уни зинҳор-базинҳор “вайсамоқ” маъносига алоқадор сўз деб тушунмаслик керак. Иккинчидан, тасаввуфда солик пирнинг йўл-йўриқларига бевосита амал қила бориб, руҳни камолга етказиш учун истилоҳда “риёзат” деб аталадиган махсус қийинчиликлар босқичини босиб ўтиши керак. Бу – пирсиз амалга ошиши мумкин бўлмаган бир мушкул машғулот. Айни матнда сўзни бир йўла ҳам луғавий ва ҳам тахаллусий маънода қўллашдек бадиий санъат “иттифоқ” дейилади. Шоира ориф, яъни сўфийга: “Риёзатсиз, деб менга таъна қилма, мен – увайсийман, яъни мени шайхлардан бирининг руҳи (ўзи эмас!) тарбиялаган!” – деб писанда қилаётибди.

 

  1. Не-не пирлар этагини тутиб…

Баъзи сўфийлар бир неча пирнинг тарбиясини олган. Масалан, Нақшбанднинг ҳам пирлари кўп бўлган. Навоийда келтирилишича: “Аларға қабул назари Хожа Муҳаммад Бобо Самосийдиндур ва одоби тариқат таълими зоҳир юзидин Амир Саййид Кулолдиндур, андоқки, дер эрмишлар. Аммо ҳақиқат юзидин алар увайсийдурлар (таъкид бизники) ва тарбият ҳазрати Хожа Абдулхолиқ Ғиждивоний руҳидин (!) топибдурлар” (130).

Хожа Баҳоуддин туғилмасларидан бурун Хожа Муҳаммад Бобо Самосий буюк бир шахс дунёга келаётганини она қорнидаги боланинг ҳидидан сезадилар: “…Хожа Баҳоуддин ҳазратлариға алардин (Самосийдан) қабул фарзандлиғқа воқеъ бўлубтур ва алардурларки, Қасри ҳиндувон (яъни Баҳоуддин туғилган қишлоқ) ўтарда дер эрмишларки: “Бу туфроғдин бир эр иси келадур, бўлғайки, Қасри ҳиндувон Қасри орифон бўлғай”. То бир кунки, Саййид Кулол манзилидинки, аларнинг хулафосидиндур, Қасри орифон сори мутаважжиҳ (бораётган) эрдилар, дедиларки: “Ул эр исики, бизнинг димоғимизда етар эрди, ортуқроқ бўлубтур, ҳамонки, ул эр мутаваллид бўлубтур” (туғилибди). Чун нузул қилибтурлар (меҳмонликка борибдилар), ҳазрати Хожа Баҳоуддин валодатидин (туғилганидан) уч кун (ўтган) экандур, аларнинг жадди (яъни Баҳоуддиннинг боболари) бар муомала аларнинг (Самосийнинг) кўксиға қўюб, аларни (Баҳоуддинни) ихлос ва ниёз била Хожа Муҳаммад Бобо назариға келтурубтур. Хожа Муҳаммад Бобо дедиларки: “Ул бизинг фарзандимиздур ва биз ани қабул қилдуқ”. Ва асҳоб сори боқиб, дебтурларки: “Бу ул эрдурки, бизга анинг иси келиб эрди, рўзгор (ҳаёт)нинг муқтадоси (йўлбошчиси) бўлғай”. Ва Амир Саййид Кулолға буюр: “Фарзандим Баҳоуддин ҳақида тарбияту шафқатни дариғ тутмағайсен ва сенга биҳил қилмағаймен (кечирмайман), агар тақсир (хато, қусур) қилсанг”. Амир дедиким: “Эр бўлмағаймен, агар Хожа васиятиға тақсир қилсам” (126).[3]

Демак, Нақшбандга Самосий – “қабул назари” юзасидан, Амир Кулол эса зоҳирий тарафдан, яъни тариқатга ўргатгани жиҳатидан – пир. Аммо Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний у кишига ҳақиқат юзасидан, яъни р у ҳ и к е л и б т а р б и я л а г а н и тарафидан, таъбир жоиз бўлса, б о т и ­н­ й­­ пир.

Хўш, икки аср олдин яшаган, милодий 1179 йили вафот этиб кетган Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг руҳлари қандай йўл билан Хожа Баҳоуддинга тарбия берган?

Навоийда айтилишича, ёшлик чоғларида Баҳоуддин бир кечаси чиқиб, Бухоронинг уч мозорига борадилар. Ҳар мозорда ёғи тўла, пилтаси ёғи ичига солиб қўйилган чироқ кўрадилар. Фақат яхшироқ ёниб, тузукроқ ёритиши учун ўша пилталарни ҳаракатга келтириш керак экан. Учинчи муқаддас мозорда қиблага қараб ўтирган пайтларида у тарафда девор ёрилиб, ажиб бир манзара намоён бўлибди. Воқеанинг бу ёғини “Насойим ул-муҳаббат…”даги Баҳоуддиннинг ўз сўзлари билан айтган маъқулроқ: “Қибла девори шақ бўлди (ажралди, очилди) ва бир улуғ тахт пайдо бўлди ва яшил парда ул тахт олдиға тортилған ва теграсида жамоате ва Хожа Муҳаммад Бобони алар орасида танидим. Билдимки, ул хайл (тўп, жамоа) ғойиблардиндурлар (вафот этган, аммо у дунёда руҳи тирик кишилардандирлар). Ораларидин биров менга айттики: “Тахти Абдулхолиқ (Ғиждувоний)дур ва ул жамоат аларнинг хулафоси (ўринбосарлари) диндурлар”. Ва бирин-бирин аларнинг отин атади ва Хожа Муҳаммад Бобоға етганда дедики: “Аларни худ ҳаётлари чоғида кўрубсен ва сенинг пирингдурлар ва сенга бир бўрк (бош кийими) берибдурлар ва каромат қилибдурларки, нозил бўлған бало сенинг баракатингдан дафъ бўлғай”. Андин сўнгра ул жамоат айттиларки: “Қулоқ тут ва яхши эшитки, улуғ Хожа ҳазратлари санга сўзлар айтғусидурларки, Ҳақ субҳонаҳу ва таоло йўли сулукида санга андин чора йўқдур”. Ул жамоатдин илтимос қилдимки: “Ҳазрати Хожаға салом қилай ва муборак дийдорлариға мушарраф бўлай”. Пардани иллайидин олдилар. Пире кўрдим нуроний. Салом қилдим. Жавоб бердилар ва сўзларки, сулук мабдаъида (бошида) ва охирида керакликтур, менга баён қилдилар ва дедиларки: “Ул чароғларки, ул кайфият била санга кўргуздилар, ишорат ва башоратдур санга бу йўл қобилият ва истеъдодидин. Аммо истеъдод фатиласин (яъни мозорларда кўринган чироқлардаги каби пилтасини) ҳаракатға келтурмак керак, то ёруғай ва асрор (сирлар) зуҳур қилғай (кўрингай)”. Ва яна буюрдилар ва муболаға қилдиларки: “Борча аҳволга қадамни амру наҳй жодасиға (буюрилган ва манъ этилган ишлар йўлига) қўйғил ва азимат била амал қил ва суннатни бажо келтургил ва рухсатлар ва бидъатлардин йироқ бўл ва Мустафо (с.а.в.) аҳодисини (Муҳаммад алайҳиссалом ҳадисларини) ўзунгга пешво қил…” (131).

Ҳазрати Нақшбанднинг ўзлари-ку увайсий эдилар. Аммо оламдан ўтганларидан кейин у азизнинг руҳлари келиб кимсан – ҳазрати махдум Абдураҳмон Жомийга тарбия берган. Навоий пири ва устози ҳақида шундай деб ёзади: “Зоҳир юзидин ўзларин қутб ул-муҳаққиқин (Худони – Ҳақни изловчилар қутби) ва ғавс ус-соликин (соликлар мадодкори) Мавлоно Саъд ул-миллати ва-д-дин (миллату диннинг бахти) ил-Кошғарий муриди кўргузурлар эрди, аммо, ҳамонки, увайсий (!) эрдилар ва Хожа Баҳоуддин Нақшбанд руҳониятидин тарбият топиб эрдилар” (185).

Нақшбанднинг қабулий пирлари Муҳаммад Бобо Самосий, зоҳирий пирлари Амир Саййид Кулол ва ботиний[4] пирлари Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний эканини билиб олдик. Бироқ бу зоти шариф бевосита яссавия тариқати шайхларига ҳам мурид тушганлар. Ҳатто, инглиз тасаввуфшунос олими Ж.С. Тримингэм Аҳмад Яссавий шажарасини санаганда Баҳоуддин Нақшбанд номларини силсилада Халил Отанинг муриди сифатида кўрсатади.[5] Чиндан ҳам, Баҳоуддин Нақшбанд яссавий шайхлардан Халил Ота хизматида ҳам бўлганлар.

Навоийнинг далолат беришича, Нақшбанд ҳазратлари бир кеча Ҳаким Ота, яъни милодий 1186 йили вафот этган сўфий ва шоир Сулаймон Боқирғонийни тушларида кўрадилар. Ул зот Баҳоуддинни бир дарвеш ихтиёрига топширадилар. Баҳоуддин бу тушларини она тарафдан бибиларига айтсалар, у киши: “Эй фарзанд, сенга турк машойихи (яссавия тариқати шайхлари)дин насибе бўлғусидур” (129), – дейдилар. Баҳоуддиннинг кўнгиллари ўша тушларида кўрган дарвешни кўп тусайди. Бир куни Бухоро бозорида ўша тушларида кўрганлари дарвешни учратиб, танийдилар ва у билан танишадилар. Оти Халил экан. Ўша куни бозорда у билан яхшироқ гаплаша олмайдилар. Оқшом уйларига одам келиб, Халил чақиртираётганини айтади. Куз маҳали экан. Баҳоуддин бир оз мева (?) олиб, ўша дарвешнинг ҳузурига борадилар. Унга тушда кўрганларини айтмоқчи бўлиб турганларида Халил: “Улча сенинг хотирингдадур, бизга аёндур. Баён қилмоқ ҳожат эмас” (130), – дейди. Чунки кўп шайхларга бировнинг кўнглидаги гапни айтмасидан ҳам уқиб олиш қобилияти берилган бўлади.

Шу тариқа Баҳоуддин олти йил Халил Отанинг хизматини қилиб, унинг тасаввуф йўлидаги суҳбатларидан баҳра топадилар. Кейинроқ Халил Ота Мовароуннаҳр мамлакатига подшоҳлик ҳам қилади. Баҳоуддин у кишининг подшоҳлик даврида ҳам яна олти йил хизматда бўлиб, шайх тарбиятини оладилар. Пир ва мурид холи қолганларида тасаввуфдан суҳбат қурар, кўпчилик ичида эса улар шоҳ ва мулозим каби муомалада бўлаверар эдилар. Бу ҳақда Баҳоуддиннинг ўзлари: “Халода (холи қолганда) хос суҳбатининг маҳрами эрдим ва малода (кўпчилик орасида) салтанат одобин риоят қилур эрдим” (130), – дейдилар.

Баҳоуддин Нақшбанд ёш пайтлари яна бир яссавий пир – Қусам Шайхдан ҳам таълим олганлар.

Бир куни Амир Саййид Кулол шогирдларини ёнларига чақириб, шундай дедилар: “…Эй фарзанд Баҳоуддин! Хожа Муҳаммад Бобо нафаси васиятин сизнинг борангизда ба жой келтурдум…” Дедиларки: “Ҳар не тарбият бобида бормен, сенинг ҳақингда кўргузубмен. Сен фарзанд Баҳоуддин бобида кўргизгил”. Андоқ қилдим” (128). Кейин ўз кўксиларига ишорат қилиб: “…Бу эмчакни сизнинг учун қуруттум ва сизинг руҳониятингиз қуши башарият байзасидин (тухумидан) чиқди. Аммо сизинг ҳимматингиз шаҳбози (ов қуши) баландпарвоз тушубтур. Эмди ижозаттур. Ҳар ерда матлубдин (талабдан) исе (бирон ҳид) димоғингизга етса, тиланг ва талабда ўз ҳимматингиз мужиби (сабаби) била тақсир (қусур) қилманг” (128).

Демак, Амир Саййид Кулол ўзларидаги бор билимни шогирдларига бериб бўлган, аммо шогирднинг истеъдоди жуда баланд ва унда бундан ҳам юқорироқ даражаларда таълим олиш иштиёқи кучли эди. Баҳоуддин пирларининг ана шу гапларига амал қилиб, илм истабон яссавия тариқати шайхларининг машҳурларидан бўлмиш Қусам Шайх олдиларига – Нахшаб, яъни ҳозирги Қаршига бордилар. Навоий келтиргани маълумотга кўра, Баҳоуддиннинг Қусам Шайх билан учрашувлари жуда қизиқ кечган.

…Дарвешлар давраси. Тўрда пир, яъни Қусам Шайх ўтирибди. Қовун ейиляпти. Шайх олдига бир нотаниш шогирд салом бериб киради, таъзим бажо айлаб кириб келган боланинг қадрини ерга ургандек, шайх ҳозиргина еб бўлгани қовун тилимининг пўчоғини унинг олдига отади. Йигит ҳеч иккиланмай пўчоқни олиб, чайнай бошлади. Чайнай-чайнай, батамом еб қўйди. Шайх ҳеч нарсани сезмагандек, яна бир тилим қовунни паққос тушириб, пўчоғини меҳмон йигитнинг олдига ирғитади. Яна ўша аҳвол: йигит пўчоқнинг бунисини ҳам еб қўйди. Шайх ташлаган учинчи пўчоқ ҳам бемалол ҳазм қилинди.

Хўш, нима гап ўзи? Наҳотки, кимсан – Хожа Аҳмад Яссавий хонадонидан бўлган замонасининг машҳур шайхи меҳмон йигитга нисбатан шунчалар беписандлик билан муносабатда бўлса?!

Навоий воқеанинг ўзинигина баён қилади, уни шарҳлаб ўтирмайди. Чунки тасаввуфдан бохабар ўша давр кишилари учун ишоранинг ўзиёқ етарли эди. Бироқ биз учун сўзу сухансиз – қовун пўчоғи “тил”и билан гаплашилган бу “суҳбат” шарҳга жуда-жуда муҳтож.

Қусам Шайх гап-сўзсиз ҳам ёш йигитнинг бу ерга илм истаб келганини билади. Хўш, қани, шогирд бутун измини устозга топширишга тайёрми-йўқми? Қолаверса, илм олиш маҳали пирдан жуда оғир, инсон ғурурига тегадиган вазифалар топширилса, уни ҳам бажаришни кўнглига тугиб келганми бу йигит ё бу бир шунчаки ҳою ҳавасми? Бундай ўта муҳим ва нозик саволларни сўз билан ифодалашга ҳеч бир ҳожат йўқ. Негаки, сўфийлик, аввало, киши кўнглини англаш экан, кўнгилни ҳадди аълосида софлаган, яъники такомилга еткарган комил инсонлар учун гап-сўзсиз ҳам бир-бирларини англашлари табиий ҳол-ку. Демак, Қусам Шайхни шогирдлик истаб келган йигитнинг ана шу жиҳатдан қай даражага етгани, яъни унинг фаҳму фаросатини ҳам имтиҳон қилиш туйғуси чулғагани рост.

Шу нуқтаи назардан қаралса, Қусам Шайх уч бор Баҳоуддиннинг олдига пўчоқ ташлаш билан бўлғуси шогирдни обдон синаб олди. Навоий матнидаги “ғояти талаб ҳароратидин” деган калималарда гап кўп. Пўчоқни ейиш билан Баҳоуддин: “Мен Сизнинг олдингизга илм истаб келдим, бу йўлда нимаики машаққат чекишга тўғри келса, мен бунга тайёрман”, – демоқчи бўлди.

Пир кутган жавобини олган эди. Навоийда Қусам Шайхнинг пўчоқ ташлаши воқеаси “икки-уч қатлаъ” такрорлангани ёзилади. Келинг, озгина мулоҳазага эрк берайлик-да, шуни уч марта[6] деб ҳисоблайлик, чунки Жомий “Нафаҳот ул-унс…”да “уч марта” деб, яъни аниқ қилиб ёзади. Сўфийлар шу қадар зеҳнкор кишиларки, ана шу уч марта пўчоқ ташлашнинг замирида ҳам муайян маъною мазмун бўлиши мумкин. Эҳтимол, ушбу воқеада ҳам бир муҳим сир яшириндир?

Биламизки, тасаввуфда аввал шариат, кейин тариқат ва сўнгра ҳақиқат босқичлари мавжуд.

Биринчи марта пўчоқ ташланганда пир шогирддан: “Шариатдан илминг борми?” – деб сўраган бўлса, ажаб эмас. Пўчоқни еб қўйиш билан шогирд: “Бор. Лекин Сиздан яна таълим олишга муштоқман!” – дегандир.

Иккинчи бор келиб тушган пўчоқ: “Тариқатдан хабардорлигинг қалай?!” – деган савол эди, балки. “Бехабар эмасман. Аммо Сизнинг тарбиянгизга мунтазир бўлиб келдим!” – деган жавоб эди, эҳтимол, иккинчи пўчоқни еб қўйиш.

Учинчи дафъа ташланган пўчоқ: “Ҳақиқат илмини биласанми?” – деган сўроқ бўлиши мумкин. “Биламан, – демоқчи, шекилли, шогирд учинчи пўчоқни ейиш билан. – Бироқ Сизнинг таълимингиз етмай турибди!..”

Агар шундай бўлса, пир кутган жавобини олган эди.

Хўш, бу ваъдалар-ку яхши-я. Аммо шогирднинг илм талаби борасидаги бардоши қандоқ экан? Бунга чидай олармикан? Ахир, тасаввуф учун сабру чидамнинг айрича аҳамияти бор-ку! Бинобарин, тожик тасаввуфшуноси Муҳаммадқул Ҳазратқуловнинг бу ҳақдаги фикрлари эътиборли: “Тасаввуф адабиётида келтирадиларки, суфийнинг иймони икки қисмдан иборат. Унинг аввалги ярмини сабр ва кейинги ярмини шукр ташкил этади. Суфийларнинг эътиқодига кўра, ҳар бир фарзни охирига етказиш ва ҳар бир маъсиятни тарк этиш сабрсиз амалга ошмайди, зеро тариқатга кирган солик бошига тушган мушкулликларнинг барисини сабру тоқат билан кутиб олади. Собир шундай кишики, у ҳақиқат маърифати учун сабрни бўйнига олади ва қийинчиликлардан шикояту эътироз қилмайди. “Тазкират ул-авлиё” муаллифи (яни Фаридиддин Аттор) сабрни сўфий ҳаётининг энг яхши жиҳати деб билади”.[7]

Энди Баҳоуддин сабрини синашнинг гали келган эди.

Пўчоқ ейиш воқеаси бўлган маҳалда бир ходим кириб, Қусам Шайхга, уч туяю тўрт отни йўқотганини билдиради. Шайх атайлабдан Баҳоуддинга қараб: “Ани яхши тутингиз!” (129) – дейди. Хизматчилар Баҳоуддинни ўғри ҳисоблаб, устларига шу даражада ташланадики, ҳатто, Хожанинг баданларидан қон ҳам чиқади. Шунда ҳам миқ этмайдилар. Агар у киши сабрсизлик кўрсатиб ўзларига нисбатан туҳмат қилинаётганини айтганларида ёки асабийлашиб, муридлар билан талашиб кетганларида, пирнинг: “Тасаввуф йўлидаги даражаси ҳали жуда ҳам паст экан”, – деган баҳосини олган бўлар эдилар. Тасаввуф йўлига кирган, Ҳаққа етишни орзулаган солик руҳиятида метиндек ирода ва ўта кучли чидам бўлиши керак эмасми? Ахир, бу дунёда жиддийроқ бир мақсадга эришмоқ учун ҳам одам боласида қанчалар матонат шакллан­г­ан бўлиши лозим-ку!

Баҳоуддин устознинг бу имтиҳонидан ҳам эсон-омон ўтадилар. Намозшомга бориб эса йўқолган уч туяю тўрт от ўзи кириб келади.

Ана шундай жиддий синовлар билан бошланган Қусам Шайх ва Баҳоуддин Нақшбанд аро пиру мурид­лик шу даражага етдики, шогирд уч ойча устоз хизматида бўлиб, унинг энг севимли талабасига айланди. Охири устоз у кишига дуо бериб: “Тўққиз ўғлум бор. Сен борчадин улуғроқ ва муқаддамроқ (устунроқ). …Бу навъ талабгорлиғки, сенда кўрибмен, толиблардин ҳеч қайсида кўрмаймен” (129), – деди. “Тўққиз ўғлум” деганда Қусам Шайх фарзандларини кўзда тутганми ё муридларини – бу очиқ маълум эмас. Ҳойнаҳой, Шайх Баҳоуддинни энг улуғ шогирдлари қаторида тилга оляпти.

Қусам Шайх ҳар гал Нахшаб­дан Бухорога келганида унга алоҳи­да ҳурмат кўрсатар эдилар. Қусам Шайх умрининг охирида шу муриди юрти­­да яшади ва Бухорода вафот этди. Қаб­ри – ­ўз юртида.

 

  1. Хожалик билан рост келмайдиган бандалик

Бундай ўйлаб қаралса, бу дунёда ўзи бор-йўғи биргина ижтимоий муаммо бор. Қолган жамики муаммолар – назаримда, ана шу бош масаланинг бўлаклари, тармоқлари ёки оқавалари.

Бу – бош муаммо, нима?

Бу – меҳнат ва маҳсулот тақсимоти, кишиларнинг ишлашга ва, аксинча, меҳнат туфайли барпо этилган бойликларга эгалик қилишга муносабатлари.

Нақшбандия тариқати жаҳоннинг ана шундай энг муҳим ижтимоий муаммоси – меҳнатга ва унинг натижасида эришиладиган бойликка муносабат масаласига ниҳоятда жиддий эътибор беради. “Дил – ба ёр-у, даст – ба кор!” шиори соликларнинг меҳнат қилиб туриб ҳам тасаввуф билан машғул бўлиши мумкинлигини исботлайди ва шунга ундайдигина эмас, ҳатто, сўфийни ўз меҳнати, яъни қўл кучи билан тирикчилик қилишга ҳам даъват этади. Агар ҳар ким ўз меҳнати ила тирикчилик ўтказса, бойликларга фақат меҳнати даражасидагина эга бўлишга интилса, бу дунёда ноҳақлик юз бермайди, ижтимоий адолат тан­та­на қилади.

Нақшбандия йўлига кирганлар учун бу шунчаки бир ғоя эмас эди. Улар шу ақидаларига қатъий амал қилиб яшар эди. Бу тариқат жаҳон­нинг ана шу, энг асосий деяётганимиз, ижтимоий муаммосини ҳар кимнинг ўзи адолат билан ҳал этишига чорлар ­эди.

Навоий тазкираси­да Нақшбанд­нинг ўзгалар меҳна­ти­дан фойдаланмасликлари айтила­ди: “Дерларки, аларға ҳаргиз қул ва дадак (чўри) бўлмас эрмиш. Алардан бу маънида сўрубтурлар. Алар дебтурларки: “Қачон бу бандалиғ хожалиғ била рост келур?!” (132).

Демак, агар инсон Аллоҳнинг қули бўлса-ю, у яна қандай қилиб бировни ўзига қул қилиб олади?

Нақшбандия хожаликни эмас, меҳнаткашликни тарғиб қилгани жиҳатидан ҳам ўз даври учун улкан ижтимоий ҳодиса эди ва бу ҳозир учун ҳам ниҳоятда аҳамиятли. “Қачон бу бандалиғ хожалиғ била рост келур!” деган сўзлар –ҳамманинг ҳам Аллоҳ олдида тенг бир банда эканини тарғиб қилишдир!

 

  1. Жаноза олдидан ўқилган байт

Ҳар бир мусулмон банда вафот этганидан кейин унга жаноза ўқилади. Ҳазрати Нақшбанднинг бу борадаги бир гаплари – ниҳоятда мутаассир. У кишининг айтишларича, Абу Саъид Абулхайр деган бир шайхдан: “Сизнинг жанозангиз иллайида қайси оятни ўқисунлар?” – деб сўрабдилар. Шайх шундай жавоб берибди: “Оят ўқумоқ улуғ ишдур. Бу байтни ўқусунларки: 

Чист аз ин хўбтар дар ҳама офоқ кор,
Маъноси: Дўст расад – назди дўст, ёр – ба наздики ёр”
(133).

“Дўст – дўст ёнига, ёр – ёр яқинига етса, бутун оламда бундан яхшироқ яна нима бор?”

Бу ердаги “дўст” сўзи ҳам, “ёр” ҳам тасаввуфий маънога эга. Байтда сўфийнинг Аллоҳга етишув орзуси акс этган. Биринчи бор қўлланган “дўст” ва “ёр” – сўфийни, яъни ошиқни, иккинчи бор қўлланган “дўст” ва “ёр” Аллоҳни, яъни маъшуқни англатади. Албатта, ошиқ учун бу дунёда маъшуққа етишдан олийроқ бахт борми?!

Шайх Абу Саъид Абдулхайрнинг бу васиятини эслаган Хожа Нақшбанднинг ўзлари ҳам жанозалари олдидан байт ўқишларини васият қилганлар: “Андин сўнгра алар дебтурларки: “Бизнинг жанозамиз иллайи­да бу байтни ўқусунларки, байт:

Муфлисонем, омада дар кўи ту,
Лавҳашаллоҳ, аз жамоли рўи ту”
(133). 

Мазмуни: “Сенинг кўчангда сенинг юзинг жамолидан “Аллоҳ йи­­роқ этмасин” деб юрган гадолармиз”.

“Сен” дейилганда, шубҳа­сиз, Аллоҳ назарда тутилган.

Бу маълумот тасаввуф вакилларининг ҳаёти шеърият билан нақадар чамбарчас боғланиб кетганидан далолат беради.

 

  1. Моҳият

Ислом таълимоти Навоий учун бир бепоён денгиз бўлса, тасаввуф сувини ана шу денгизга қуядиган бир дарё янглиғ эди. Нақшбандия тариқатини эса ана шу дарёнинг энг катта ирмоғига ўхшатиш мумкин. Улуғ шоир ислом таълимоти денгизига тасаввуф дарёси, тасаввуф дарёсига нақшбандия ирмоғи орқали сузаётган бир кема янглиғ ижод этди. Шунинг учун бобокалонимиз умр бўйи ана шу ўзига энг яқин ирмоқ сувларидан кўп ичган. Туркий сўз санъатида эса ҳали ҳеч бир соҳиби қалам нақшбандия ирмоғи сувларидан улуғ ўзбек шоиричалик қониб-қониб нўш этмаган бўлса керак. Нақшбандия ирмоғи эса, асосан, ҳазрати Нақшбанд булоғидан сув олади.

Бир нарсани унутмаслик керак: айрим шоирларимиз, масалан, Аҳ­­мад Яссавий, Сулаймон Боқирғоний учун тасаввуф – м а қ с а д, адабиёт эса ­­–­­­ ­ в о­­­ с и т а эди. Баъзи соҳиби қаламлар наздида, масалан, Навоий учун адабиёт – м а қ с а д, тасаввуф эса – в о с и т а эди. Бошқача айтганда, Яссавию Боқирғоний одамларни тасаввуф орқали тарбияламоқчи бўлди. Бунинг учун улар адабиётга суянди. Навоий кишиларни адабиёт орқали эзгулик сари етаклади. Бунинг учун у тасаввуфга суянди.

Навоий ижодида тасаввуф билан адабиёт олий даражада ўзаро уйғунлашди. Бу уйғунликнинг асосини эса нақшбандия ташкил этади. Навоий замонасининг энг пешқадам зиёлиси сифатида давр учун расм бўлган тариқатни қабул қилди ва ўз ижоди билан унинг янада оммалашиши, теранлашиши, таъсирчан бир мафкурага айлана боришига улкан ҳисса қўшди.

Навоийда нақшбандийлик изларини қидириш адабиётимиз тарихининг кейинги даврларини ўрганиш учун ҳам жуда-жуда асқатади. Чунки ўзбек адабиёти Навоийдан кейин ғоявий-эътиқодий жиҳатдан нақшбандиясиз яшай олмас эди ҳисоб. Навоийдан кейинги машҳур шоирларимиз бўлмиш Бобур, Машраб, Огаҳий ижодида ҳам нақшбандия ғоялари тарғиби изчил давом этди.

Султонмурод Олим, филология фанлари номзоди

“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 3-сон

_____________________

[1] Алишер Навоий. Асарлар. 15 жилдлик. Т.: 1958.75-бет. Бундан кейинги шу нашрдан олинган парчаларнинг саҳифаси қавсда бериб борилади.

[2] Увайсий. Кўнгил изҳори. Т.: 1983. 122-бет.

[3] Х. Ҳасанов, Г.Наврўзовнинг ‘‘Ҳазрат Амир Кулол‘‘ (Бухоро-Когон: 1993. 12-бет) рисоласида Амир Кулол таваллуди милодий 1305 йил деб кўрсатилади ва унинг Бобо Самосий билан илк учрашуви ўн ёшида юз берганлиги айтилади. Баҳоуддин туғилганда Амир Кулол ўн уч ёшда ва ҳали пири билан учрашмаган бўлиб чиқади. Ё Амир Кулол таваллуди, ё пири билан учрашуви санасида хатолик бор.

[4] Пирга нисабатан қўлланган “қабулий” ва “зоҳирий” сифатларини Навоийдан олиб, “ботиний”ни эса моҳиятдан келиб чиқиб ишлатяпмиз.

[5] Тримингэм Дж. С.Суфийские ордены в исламе. М.: 1989. С. 58.

[6] Нуриддин Абдураҳмон Жомий. Нафаҳот ул-унс мин ҳазорот ул-қудс. Теҳрон: 1370. Саҳ. 288 (Араб ёзувида).

[7] Ҳазратқулов М. Тасаввуф. Душанбе: 1988. Саҳ. 49.