Умид Холлиев. Тириклик изтироблари (қисса)

Озод руҳ
 
Бувимга дунёнинг охири қаерда? – деб савол берганимда ҳали мактабга бормасдим. Болалик тасаввуримда эса қуёш ботадиган жой дунёнинг охиридек эди. Уйимиздан анча узоқда, кун ботиш томонда ғўза баргларини тўкиш учун дори сепадиган самолётларнинг қўналғаси жойлашганди. Менинг назаримда, қуёш шу қўналғанинг орқа томонига бориб ботадигандек. Аммо мен ҳали у ергача бориб кўрмаганман, уйдан узоққа кетишга рухсат йўқ. Ўша вақтларда самолётни ёнгинасидан туриб томоша қилиш мен учун катта бахт эди-я. Бир куни қизиқишларим устун келиб ўзим учун жорий этилган қоидаларни бузишга журъатим етди. Самолётни яқиндан кўриш учун қўналға томон яёв ёлғиз ўзим йўлга тушдим. Манзилга етгунча анча тер тўкишга тўғри келди. Ҳозир ўйласам, ўшанда тўрт километрдан ортиқроқ йўл юриб борган эканман у жойга. Самолётларни жуда яқиндан томоша қилиб уларнинг катталигию, тузилишидан ҳайратланар эканман, бу ерда туриб ўзим учун ундан-да ҳайратланарлироқ яна бир нарсани кашф этдим. Бу янгилик шундан иборат эдики, қуёш қўналға орқасига ботмас экан, ундан нарида ҳам худди бизники каби қишлоқлар бор экан! Уйимдан қараганда гўёки ҳозир тўхтаган жойимга ботадигандек кўринадиган қуёш бу ердан қараганда ҳам ўшанча узоқликка ботадигандек кўринаркан. Босқичма-босқич синфдан-синфга ўтиб илм олиш каби умумий ўрта таълим шаклидаги мактаблардан бирининг ўқувчисига айланганимда олам ва одам ҳақидаги илк таассуротларим тубдан ўзгара бошлади. Энди мен қишлоқлар жамланиб туманларни, туманлар вилоятларни, вилоятлар мамлакатларни ва ўз навбатида, мамлакатлар жамланиб қитъаларни, шу қитъалар эса ер куррасини ташкил этишини билиб олдим. Ўйлаганимдек, ер текисликдан иборат эмас, яна бу кузатаётган оламим ер ва осмондангина иборат бўлмай, марказида қуёш жойлашган бу тизим худдики ер каби унинг атрофида ўз ҳалқалари бўйлаб айланадиган яна шундай саккизта сайёрадан иборат экан. Ердаги ўлчамига қараганда жуда узоқ масофалар, мураккаб ҳаракатлар гўёки ўта моҳир механик томонидан ясалган улкан механизмдек. Аммо бу ҳали коинотнинг чегараси эмас, Галактика деб номланувчи коинот ҳудуди бизнинг оламга ўхшаган шундай улкан тизимларнинг бир миллиардга яқинини ўз ичига оларди. Тасаввур қилишга ақл ожиз. Бири кетидан иккинчиси мўлтираб турадиган саволлар ҳам коинотнинг ҳудуди каби чексиз. Коинотнинг охири қаерда? Биз ёпиқ дунё ичидамизми ёки?..
Тасаввурларимнинг ибтидосида пайдо бўлган бу саволлар университетнинг фалакиётшунослик бўлимини тугатганимдан кейин ҳам жавобсиз қолиб кетаётганди. Кўпроқ ўрганишга интилганим сайин олам ва одам ҳақидаги турфа қарашлар ва тахминларга дуч келиб саволларим сафи кенгайиб бораверарди. Олам ҳақидаги жавобсиз саволларга “дунёнинг охири қаерда?” – деган жумбоқ пешқадамлик қилса, одам ҳақидаги баҳсларнинг бошида “инсон ҳаётининг маъноси нима?” – деган савол турарди. Мен гуноҳкорлиги туфайли жаннатдан ҳайдалган Одам Ато масканида унинг бир давомчи авлоди сифатида яшаб туриб бу саволларга жавоб қидирардим. Агар диний таълимотларга қулоқ тутадиган бўлсак, ер – маънога қайтиш учун танланган бир мўътабар, жазо ва тавба маскани. Бу қафасда ўзимни Одам Атога қисматдош бўлган тутқун эканимни англай бошлайман. Айни вақтда, меҳр ва раҳм соясида эканимни, бу соя паноҳидаги умр ҳам менга ато қилинган бир ҳадя эканини ҳис қиламан. Коинотнинг чексизлиги ҳақидаги саволларга жавоб топа олмаган тафаккурим билан инсониятга бу қафас ичра туҳфа этилган ҳадяларни титкилай бошлайман. Барибир, уларнинг энг аълоси онг дейман ўзимга ўзим, у – маънонинг бошланиши. Ерга боғланган моддий вужудда яшаб туриб табиатдан ташқаридаги онг билан боғлиқ ҳодисалар таҳлилига киришаман. Улардан фақат Оллоҳнинг ягона ва беҳожатлиги ҳақидаги таълимотни инкор эта олмайман, унга боғланишни истайман. Гарчанд, буни уддалаш эҳтиёжлари моддий дун­ёга боғланган вужудда жойлашган руҳ учун осон бўлмаса-да. Назаримда, тараққиёт билан боғлиқ нарса ва ҳодисалар вақт ўтиши билан ўз аҳамиятини йўқотади. Тараққиёт қанчадан-қанча олимларнинг меҳнат маҳсули, у синовнинг янгидан-янги усулларини юзага келтираверади. Аммо унда ҳам маънога ишора қилувчи ва инсонни ақлдан оздирувчи шубҳали фараз ва тахминлар тиқилиб ётибди. Энг қизиғи, техник тараққиёт кўрсатадиган йўлнинг бу чекланган дунёмиздаги ваъда қила оладиган кафолати нолга тенг. Негаки, олимларнинг қилган буюк кашфиётлари табиатдан кўчириб олинган аниқ бир андоза. Тараққиётнинг ҳамма даврларида ўз “ихтиро” ва “кашфиёт”ларининг чеки бўлмаган. Лекин уларнинг ҳам ҳеч бирига нари борса, минг йил аввалги ва ҳозирги замон одамининг ҳаётига бир хилда маъно бахш этадиган хусусиятни ато этиш бахти насиб этмаган. Қайтанга, у ривожланган сари ўз жозибаларига мафтун этиб, моддий дунёга янада маҳкамроқ боғлайди, хотирани йўқотиб фақатгина лаззатланишни бош мақсадга айлантиради. Одатда, ёлғон учун энг хавфли душман – хотира. Инсониятга тегишли хотираларнинг энг тубида эса дунёнинг ёлғонлиги ҳақидаги фалсафа ётади. Шундай қилиб, маънони инсон ақли билан ушлаб турилган тараққиётдан қидириш бесамар эканлиги кўриниб қолади. Маъно қидириш бахти мени авлиёларнинг комиллик ҳақидаги ҳикматлари пойига етаклайди. “Бу синов майдонида икки нафсни хор тут – маъно шундай чекланганлик ичига яширинган”. Бу ўгитнинг ўзига маҳлиё қиладиган мукаммаллиги шундаки, унинг амалийлашуви инсонларнинг ёвузликдан камроқ азият чекишларини таъминлайди. Ғойибона амрларга итоат этиб яшаш лозим эканини англаб, ўзимни хожали қулдек ҳис қила бошлайман, тақдиримга фазилатга эргашиш битилган, дея ўйлайман.
Болалик хотираларимни титкилар эканман, маънонинг бундай ҳикмат асосига қурилгани ҳақидаги хулосани анча илгари ҳам эшитганимни эслай бошлайман. Эсимда: уйга келгандан кейин мактабда билиб олган илм мўъжизаларини бувимга айтиб мақтанардим. Бувимнинг мен учун шундай ҳаяжонли бўлган янгиликларни бепарво тинглаб туриб: “Булар барчаси Оллоҳнинг қудрати, болам”, деб қўйишлари ғашимни келтирарди.
– Биласизми, буви, – дердим мен қизишиб кетиб. – Уйингизнинг шифтига қўлимни кўтарсам етади. Ҳозир катта шаҳарларда юз қаватлик уйлар қурилаяпти.
– Оллоҳга содиқ қул бўлиб яшаш учун уйнинг баланд-пастининг аҳамияти йўқ, болам, – бошимни силарди бувим. – Инсон эзгу амаллар билан жаннатий бўлади.
Шундай қилиб, мен узоқ йиллар давомида илм сўқмоғи деб юриб келган йўлнинг адоғида бошини силаб турган бувимни кўриб ҳайратланардим. Ёнгинангда турган ҳақиқатни англаш учун, наҳотки, шунча йўл юриш лозим бўлса?
Бувим ҳақидаги хотираларга бериламан.
Куз фаслининг биринчи ойи, кун тиккадан оққан. Мактабдан қайтиб чой ичиб бўлганимдан кейин бувимнинг шинамгина уйида ухлаб қолибман. Ташриф буюрган меҳмонларнинг ғивир-ғивиридан уйғониб кетсам-да, сездирмасдан уларнинг суҳбатини тинглаб ётавердим. Бувимнинг янгаси удумларимизга амал қилиб, янги тушган невара келинини бизникига бошлаб келибди. Тоза келин катта ҳаётни ибратли кекса аёллардан ўрганиши керак. Удум шундай мантиққа асосланган. Улар анча суҳбатлашдилар, ёш келинчакка кўпчиликнинг камчиликка таъсир кўрсатиш усулидан фойдаланиб ҳалол яшаш учун керакли бўлган панд-насиҳатларни қилдилар. Кейин бувимнинг янгаси келинига “сен энди уйга қайтиб кечки овқат тараддудини қилавер, мен кейинроқ қайтаман”, – деб жавоб бериб юборди.
Эшик ёпилиб, келини узоқлашганига ишонч ҳосил қилгач, овозини пасайтирганча шароит танглигидан айта олмай ичига ютиб турган воқеани бувимга сўзлаб бера бошлади. Суҳбат паст овозда катталарга хос қочириқлар билан ўтаётгани учун мен деярли ҳеч нарса тушунаётганим йўқ эди. Англаганим, суҳбат эридан талоқ теккан бир жувон ҳақида борарди. “Нафс қурсин, нафс, – бош чайқади бувим, – у инсонни хор қилади”.

Тўрт унсур

Тўрт-беш ёшлар атрофида эдим. Қишлоғимизга лезгин миллатига мансуб ҳунарманд ўз буюмларини сотишга келди. Асосан, ошхона жиҳозлари – қўлбола капкир, чўлпи, элак, пичоқ ва яна шунга ўхшаш нарсалар. У ҳовлима-ҳовли юриб ўз буюмларини намойиш этар, роса мақтаб, одамларни ўзидан нимадир сотиб олишга ундарди. Баъзан эса эски чойнак, челак, самовар каби идишларни тузатиб ҳам берарди. У кўпинча бизга бобомерос бўлган ташқари ҳовлининг дарвозахонасида намат устига ўтириб олиб иш бошларди. Чол асбобларини ёйиб ишга киришган вақтда тенгқур ўртоқларим билан унинг атрофини ўраб олардик. Бизнинг диққатимизни тортадиган нарса шу эдики, бу ҳунарманд чол тунука қолдиқларидан биз учун ажойиб кўринадиган ҳуштаклар ясарди. Ҳуштакларни эса баъзида ўша вақтнинг пули билан ўн тийинга сотарди ёки бир дона бўшаган шиша идишга алмаштирарди. Лезгин чол ўз тирикчилиги билан юрган бўлса-да, бувим уни меҳмон ҳисоблаб, ҳар сафар олдига чой, нон ва овқат чиқартирарди. Шундай бўлса ҳам, у ҳеч қачон шу ўн тийинлик ҳуштакни бизларга текин, шунчаки савобга бермасди. У ҳар сафар келганда мен ўн тийин олиш учун бувимнинг олдига югурардим. Бир сафар бувим менга ҳуштак олиб бериш билан бир қаторда рўзғор учун ёғоч дастали пичоқ ҳам сотиб олди.
Орадан бир неча кун ўтиб ошхонамизда ўша пичоқни қўлида ушлаганча хуноб бўлиб ўтирганини кўрдим. Бувим пиёз арчаётганди. Ҳар сафар пиёздан янги бўлак кесганида бўлакнинг пичоқ теккан томонига қора юқиб қолар, бувим бир пичоққа, бир пиёзга қараб нима қиларини билмай: “Нону туз берган одамни ҳам шундай аҳмоқ этадиларми”, – деб жиғибийрон бўларди.
Ўшанда мен бувимдан пичоқ нима учун қорайиб қолаётганини сўрагандим. “Занг­лайдиган оддий темирдан ясаган-да”, – деганди бувим. “Ўша чол келганда пичоғини қайтариб беринг-да, пулингизни қайтиб олинг”, деб маслаҳат бергандим мен.
Бувим индамасдан қўлимга пичоқни бериб буни ариқ ёқасига бориб покиза тупроққа суқиб олавер, тоза бўлади деганди.
Мен чопқиллаганча бувим топширган вазифани бажаришга киришдим. Не ажабки, тоза тупроққа бир неча бор суқиб олганимдан кейин пичоқ худди сотиб олинган вақтидагидек ярақлай бошлади. Мен ҳаётда ўзим учун катталарнинг тажрибаси орқали ўтадиган битта сабоқ олгандим. Қизиқишларим юзасидан бувимга саволлар бера бошладим.
– Буви, тупроқ ҳамма нарсани тозалай оладими?
– Йўқ, болам, тозаловчилар сафида сув ҳам бор.
– Сув ва тупроқ ҳамма нарсани топ-тоза қиладими?
– Улар тозалай олмайдиган нарсалар ҳам бор, болам, сен ҳали ёшсан, уларни тушунмайсан.
Ҳовлимиз бир, мен бувим билан бирга эдим, бувимнинг амалларини кузатиб улғаярдим. Тинмай савол берардим. Саволларим эса содда ва болаларга хос.
– Буви, бизнинг уйимиз нега дадамларникидан паст?
– Шу уйда ҳам жаннатий бўлиб яшаса бўлади, болам. Дадангларни уйи кейинроқ қурилган. Ҳозир ҳамма шундай баланд қилиб қуряпти.
– Буви, жаннат нима?
– Жаннат гуноҳ қилмайдиган одамларнинг охиратда борар жойи. Сен ҳам одобли бола бўл, катталарнинг гапига қулоқ сол, меҳнатдан қочма.
Бу ўгитлар деярли ҳар куни мавриди билан такрорланаверарди, менинг саволларимнинг ҳам чеки йўқ эди. Теварак-атрофимиз пахтазор, ҳар йили йиғим-терим олдидан дефолиация қилиш учун самолёт келади. Улар теварак-атрофимиздан кучли ҳидли кимёвий моддаларни пуркаб ўтади. Бола бўлсам ҳам биламан, самолётлар дори сепган даладаги ғўзапояларнинг барги тўкилиб оппоқ пахта қолади. Аммо самолёт қандай учади, нима учун юқорида у жуда кичкина кўринади? Бу саволларга бувим ҳам тайинли бир жавоб қайтара олмасди.

Манзил

У улуғ ва гўзал. Унинг дўсти дунёнинг гўзал одами.
Эслаб йўл юраман. Коинот – битта ишқ достони.
(М. Карим)
 
Хоҳиш-истакларининг чеки йўқ инсон боласи шундай аччиқ қисмат эгасики, унинг охир-оқибат борадиган манзили ва унга элтадиган йўли олдиндан тайин қилиб қўйилган. Яна бир ҳидоятни қарангки, бу йўлда ҳар бир инсон ўзининг шахсий йўлбошловчисига эга экан. Бу ақл деб аталмиш, инсонга ҳис-туйғулари берадиган таассуротларни мулоҳаза қилиб умумлашган хулоса ҳосил қиладиган йўл кўрсаткич. Инсоният буни аллақачон унутган бўлса ҳам, манзилдан адашмаслик учун ақл деб белгиланган чегарадан четга чиқмасликка маҳкум.
Бу хулосалар бир қарашда жуда жўн ва такрорий қайтариқларга ўхшаб кўринади. Нотабиийлик ва меъёр бузилишларининг катта-кичик кўринишлари яшаш учун кураш тамойилига айланиб бораётган бу дунёда яшаш баттар изтиробли бўлиб, дунёнинг порлоқ келажаги ҳақидаги ишончни сусайтиради.
Мен ақллиман, дейди Ғарб. Шарқ эса уни инкор этиб, ўз донолиги ва иймонини кўз-кўз этади. Ўзларини ақлли ҳисоблаганлар бор илмларини кўпроқ қирғин келтира оладиган янги қуроллар яратишга қаратадилар. Мақсадлари содда ва аниқ: бошқалар устидан ҳукмронлик қилиш, улар ҳисобига яшаш. Агар ер тақдири тўғрисида инсонлар тўқиётган башоратлар тўғри чиқса, ўз авлодлари яшаб қолишлари учун имкон қадар кўпроқ шароит яратиш. Уларнинг изтиробларини ўзлари ақлсиз ҳисоблайдиган халқлар фарзандларининг қабрлари ҳисобига камайтириш. Гўёки олам зўрлар учун яратилгану улар бошқаларнинг қувончини тортиб олишга ҳақлидек. Буни оқлайдиган иборани ҳам топиб қўйганлар: “Чангалзор қонуни”.
Ҳайвонларга ато этилган қонунлар асосида яшасак, ақлнинг эзгу мақсади қани? Наҳотки, ақлимиз онгсиз жонзотлардан андоза олишдан бошқасига ярамаса? Аслида ҳам учиш ёки сузиш техникаси яратаётган олим улардаги нигоҳини қушлар ёки денгиз жонзотларига қаратиши кундек равшан-ку! Ақлнинг вазифаси фақат нафс эҳтиёжларига хизмат қилишдангина иборатмикан? Бундай оғир хаёллардан кейин ғижиниб савол бераман ўзимга-ўзим. Ньютонча механика қонунлари мавжуд эмасмиди ёки қайси бир олим бир томчи сув ярата олди? Наҳотки, бундай шармандали ожизлик бизни ёвузликдан сақлай олмаса? Инсон фақат ёвузлик яратишга қодир ва шу яратувчилигини у ақл деб атайдими?
Калламга келган хулосадан ўзим чўчиб кетаман. Илмий таҳлилларга ўхшаб кетадиган бундай хаёллар муттасил мени азоблайди. Дунёнинг юки сенинг елкангга тушганми? – деган савол билан лоқайд бўлишга уринаман. Келажакка бепарво одамлардек чалғишга уринаман. Дунё жозибаси қучоқ очиб мени ўз бағрига олишга тайёр. Шарти ҳам оддий. Чўнтагинг қуруқ бўлмасин. Оғир хаёллардан қутулиш учун улфатлар даврасига қўшилишга ўзимни мажбур этарканман, бу мавжуд ҳаёт-ку, унда ҳам қандайдир ҳикмат бор, дея таскин бераман ўзимга-ўзим. Дўстларим катта одам бўлиб қолганимизни эслатиб ичкилик тўла қадаҳ узатадилар. Мен рад этаман ва улардан “абадий яшамоқчимисан”, деган таънани эшитаман. Давра авжига чиққанда уларнинг суҳбатига қўшила олмай ўзимни бегонадек ҳис эта бошлайман. Ўй-хаёллардан қочиб келганим “шодлик” дунёсига ҳам сиғмай қоламан. Кўнглим яна ёлғизлик тусай бошлайди. Тушкун кайфият билан уйга қайтар эканман, наҳотки ҳаёт тутуриқсизликлардан иборат бўлса, дейман. Аммо ҳақиқат дағал ва хунук бўлишини эслаб, бу шубҳамга ишонмай қўяман. Сабр керак инсонга, хотиржамлик унинг ортига яширинган. Сабр етишмай қолганда ҳаётнинг ёлғонлигини пайқаш қийинлашади. Ҳаёт, аслида, ростни ифодалайдиган мукаммал ёлғон, дея ўйлайман. Негаки, табиатдаги нарсалар, воқеа-ҳодисалар инсонга тегишли ҳодисалардек бенуқсон эмас. Инсон табиатидаги нуқсонларни эса асосан ҳиссиётлар, янаям аниқ формулага эга лаззатланиш ҳиссиётлари келтириб чиқаради. Давр талвасасини кузатиб шунга амин бўламанки, ҳиссиётлар ўз сифатлари билан инсон онгида моддий дунё ҳақидаги тасаввурларни бўрттириб чин дунёдан чалғитади. Тоқат етмаса, кўзни юммасдан ҳақни англашнинг имкони йўқ. Тараққиёт эса ақл кўзи деган тушунчани ўтмишда қолган урфга айлантириб бўлган. Замонада қисқа муддатли лаззатларга эгалик ҳуқуқини қўлга киритиш кайфияти ҳукмрон. Гўёки охират макони сифатида тилга олинадиган жаннат ва дўзах деган сўзлар ўтмиш эртакларининг сарлавҳасига айланиб, Лут ва Мусо қавмининг шаккокликлари такрорланаётгандек.
– Жаннат ҳам, дўзах ҳам шу дунёда, нариги дунё бир чўпчак, – дейди дўстим ўз фикрини баён этиб. Ва ўз гапини исботлаш учун таъриф қилавериб мени ўша “жаннат”лардан бирига боришга кўндиради.
Санаторийдаги шароитлар билан мени таништирар экан, такрор-такрор:
– Жаннат бундан ортиқ бўладими? – деб қўяди.
– Ҳа, – дейман мен. – Фақат жаннатингни танлов шарти пул бўлгани ёмон-да.
– Шу арзимас қоғоз ҳисобига умринг узаяди, саломатлигинг тикланади, – гапидан қолмайди у ҳам.
– Инсон ҳиссиётлар амри бўлган шу қисқа муддатли лаззатлар учун имкон қадар узоқ яшашга интилиши керакми?
– Озроқ сабр қил, сенга инсон ҳиссиётлар қули эканини исботлаб бераман, – дейди мени олиб келганидан пушаймон эканини яширмай.
Соғлигимдан шикоятим бўлмаса-да, узоқ яшаш илинжи ҳамда қизиқувчанлигим важидан марказдаги шу номдор санаторийда қолишга рози бўламан. Дўстимнинг барча танишлари шу ерга йиғилади. Улар оддий одамлар эмас. Бири номдор шифокор, бири омадли савдогар, яна бириси дасти узун амалдор.
– Сиз фойдаланадиган тиббиёт асбобларининг физикаси, ишлаш принципи, баҳосини яхши биламан, озроқ электр энергия ва мутахассиснинг касбий маҳоратини эътиборга олмаганда бошқа яна нима сарфлайсизларки, беморга ташҳис қўйиш нархлари бу қадар қиммат? – савол ташлайман шифокорга.
У менга ўтмиш сарқитига қарагандек тикилади, аммо саволимга жавоб бергиси келмайди. Даврадагилар бесаранжомлана бошлайди. Улар ўз хотиржамлигига рахна соладиган савол-жавобларга кўникмаган. Ўртага ноқулай жимлик чўкади.
– Ҳеч биримизнинг ихтиёримиз ўз қўлимизда эмас, биздан ҳам юқоридагилар бор, – вазиятни хаспўшлашга уринади амалдор.
Назаримда, у ўзини барчадан доно ҳисоблайди. Шифокор ўзини тиғ устида ўтиргандек ҳис эта бошлайди. Хайриятки, амалдорнинг далда бўлгувчи бундай “самимияти” шифокорни сал руҳлантиради.
– Тўғрисини айтганда, сиз ҳақсиз, – дейди минғирлаб. – Лекин…
– Бу ерга бефойда нарсаларни муҳокама қилишга йиғилганмизми, бошқа мавзу қуриб қолибдими? – луқма ташлайди дўстим умумий кайфиятни бузмаслик учун.
У ҳаддан ортиқ маишатпараст, ўзига хос фикрлайдиган йигит. Унинг таклифидан кейин юмшоқлик билан мавзудан четланиш бошланади. Улар ўз қилмишларини оқлашга ишонтирадиган далиллар топиб бўяб-бежаб суҳбатни давом эттирадилар. Худдики, бор пулини ташҳис қўйдиришга сарфлаб дори-дармонга пули қолмаган беморнинг аҳволидан ўша шифокорнинг аҳволи оғирдек.
Аслида, улар қийинчилик деб айтаётганлари бошқалар чўнтагидан ботил йўл билан ўзлаштирилган пулнинг ташвишларидан бошқа нарса эмас. Ҳиссиётлар ақлни хиралаштириб, изтироблар сари етаклайди. У олиб борадиган манзилда нажот эшиклари ёпилган.
– Кўрдингми? – дейди дўстим якка қолишимиз билан. – Лаззат истаган одам ўз ҳиссиётлари измида қанчалик жасоратли бўлиши керак. Яна сенга бир сирни очай, бундай тоифа одамлар жуда осон тил топишадилар. Улар ўзаро манфаатдор бўлиб турганларида инсоний фазилатларини шундай юксак даражада намоён этадиларки, беихтиёр дунё манфаат устига қурилган деб юборасан.
– Ҳа, – дейман мен. – Манфаат нафс эҳтиёжларидан келиб чиққанини унутмаслик керак фақат.
– Сен бунақа беъмани фикрларинг билан даврага совуқлик солмай жим тура олсанг, қанчалик ноҳақ эканингни англайсан.
Мен ёлғизланиб қолишим мумкинлигини ўйлаб, розилик билдираман.
Эртасига дўстим ва шериклари тушлик вақтига зиёфат уюштирадилар. Бу ерда барча шароит муҳайё. Санаторий соҳиблари даромадни кўпайтириш учун инсон майлларини ҳам назардан қочирмаганлар. Даврага шаҳарлик гўзал хонимлар ташриф буюради. Дастурхон етти иқлимдан келтирилган ноз-неъматларга лиқ тўлдирилган. Ичкилик суҳбатни қизитади. Эркаклар оғизларидан чиқаётган каломларига пулдан ғилоф кийдириб нар қушлар каби кериладилар. Аёллар эса эркаклардан таралаётган сўзларнинг ғилофига ишва билан тузоқ тўқийди. Барчаси қўлини меҳнатга урмаган танноз хонимлар.
Даврани тарк этаман. Сабаби кўринмаётган нарса эмас, кўринмаётган ҳақиқатдан қўрқмаймиз, кўринаётган оний лаҳзанинг ихтиёрий қулига айланиш осон.
– Нега қочиб кетдинг? – дейди кечқурун дўстим. – Сенга ҳам аталгани бор эди.
– Мен бунақа ўтиришларни ёқтирмайман, – жавоб қайтараман кибр билан ва ботинимда дарҳол ўзимни сўроқ қиламан. Ҳақиқатда шундайми? Йўқ, сен зинодан эмас, ораларингда қарама-қаршилик пайдо бўлган одамларга ахлоқсиз бўлиб кўринишдан қочдинг! Бу тарбияланган нафснинг зинодан ҳазар қилиши эмас.
Кечки овқат вақтида суҳбат яна ўз-ўзидан ўша аёллар мавзусига кўчади.
– Мен унинг номига уй олиб қўйганман, – керилади савдогар. – Шаҳарга тез-тез қатнайман, менга керак-да бу.
– Тўғри, – деб унинг гапини маъқуллайди амалдор. – Лекин уйни унинг номига расмийлаштириб хато қилибсан. Аёлларга ишонч йўқ, уларнинг фариштаман деганига ҳам ишониб бўлмайди.
– Менинг маъшуқам жуда садоқатли, – амалдорнинг фикрига қарши туради шифокор. Ва унинг фан номзоди бўлишига ўзи сабаб эканини айтиб қомати ва гўзаллигини таърифлай бошлайди.
Бундай бемаъни суҳбатлардан кейин ором олиш учун яна ўз хоналаримизга тарқаламиз. Хаёлан садоқат деган сўзнинг маънода қолиш чегараларини қидираман. Наҳотки, ўша аёлнинг ёши анча жойга борган илмий раҳбарига бўлган ҳирсий муносабатини садоқат деб бўлса.
– Нафс шундай гўзал қилиб кўрсата олади ёлғонни, – суҳбат бошлайди дўстим ўзига ётиш учун жой ҳозирлар экан. – Инсон қалби азалий гипноз таъсирида ёлғон ва иллатларга мойил қилиб қўйилган.
– Манзил сари йўлга отланган инсон бу фоний дунёни имкон қадар эзгу амаллар билан тарк этиши керак эмасми?
– Инсон энг зўр тақлидчи, бу ҳам азалий гипнознинг бир таъсири, – дейди дўстим.
– Ҳа, – дея унинг гапини маъқуллайман, – нафс ўз вирусини энг тез тарқатадиган касаллик.
– Нафс инсон хулқ-атворида иллат ҳосил қиладиган унсур.
Хаёлимни ер сайёраси ва унда ҳеч қачон бу қадар кўпайиб кетмаган инсонлар тақдири эгаллайди.
– Биз манзилдан адашмадикмикан?
– …
 Дўстимнинг олдига саволни бошқача шаклда қўяман.
– Яратганнинг борлигига ишонасанми?
– Ҳеч шубҳасиз, – жавоб қайтаради у. – Аммо у кўрсатганидек яшай олмаяпман.
– Бу азалий сабрсизликнинг давоми эмасми?
– Худди шундай.
– Ахир, сабрли бўлишимиз учун бизларга қанча пайғамбарлар юборилиб, қанча илоҳий китоблар туширилмади.
– Охирги пайғамбарнинг дунёдан ўтганига ўн тўрт асрдан ошди. Ҳаёт жозибаси нақд, Яратганнинг ваъдаси эса насия.
– Демак, ҳали Оллоҳ ҳақидаги илмларимиз етарли эмас экан-да?
– Йўқ. Ундай эмас, масала ҳар бир илмнинг Оллоҳни англашга қаратилмаганида.
– Қўйсанг-чи, – дейман мен. – Ҳинд ведаларидан то ҳозирги замонгача Оллоҳни англаш учун қандай таълимотлар яратилмади. Яна нима керак одамзодга?
– Шайтонга хизмат қиладиган ҳаёт жозибалари ҳам ундан кам эмас, – дейди у.
– Ҳа, – дейман мен. – Аммо жазосиз қолган итоатсизлик ҳам йўқ.
– Гуноҳ эвазига жазо, савоб учун мукофот. Васваса ва синов майдони. Эзгулик маконида кутадиган Оллоҳ. Бу менга барча устунлик тескари қутбда бўлган мавҳум ўйинни эслатади. Яъни Одам Ато билан бошланган эътирозларни эътирофларга айлантириш ўйини.
– Руҳни озод қилишга интилаётган жоннинг изтироблари эмасми бу? Тириклик изтироблари қанақасига ўйин бўлсин?
– Билсанг, бу ерга ўша жон учун қайғуришга келганмиз, – дейди дўстим ва тумбочка устида турган коньякдан бир неча қултум ютиб юборади.
 Яна саволга тутаман.
– Менга инсонни ҳиссиётлар бошқаришини исботлаяпсанми?
– Эрталаб суҳбатлашаётган аёлинг ким эди? – саволимга савол қайтаради у.
– Бир журналист экан. Қаердан кўзинг туша қолди?
– Кўрмасликнинг иложи бўлмади, лекин ўзиям кетворган аёл экан-да.
– У юксак маънавиятли, иймонли аёл, яна адабиётшунос олима, – дўстимнинг таърифларини тўлдираман мен.
– У Бовари хонимнинг  ўзгинаси, – дейди дўстим дабдурустдан. – Синаб кўришинг мумкин. Эсингдан чиқарма, аёллар мақтов ва эҳтирослар қули. Сен унинг ҳис-туйғулари билан бир ўйнашиб кўр, гапларим тўғрилигига ўзинг ишонч ҳосил қиласан.
Менинг ишонгим келмайди. Аниқроғи, шу аёлни дўстим айтганидек бўлиб чиқишини хоҳламайман. Шундай бўлса ҳам, эртасига унинг эҳтирослари билан ўйнаша бошлайман. Хавотирланганимдек, у мени жеркиб ташламайди, аксинча, нозу карашма ва оҳанграбо лутфи билан мени ўзига янада қаттиқроқ боғлаб олишга уринади. Тунни унинг хонасида ўтказишга келишамиз. Бошқалар ҳам шундай қиляпти-ку, таскин бераман ўзимга. Дўстимга бу тунда меҳмонга кетишимни айтиб, унинг барча таклифларини рад этаман.
– Мен ютқаздимми? – ёлғонга имкон қолдирмаслик учун кўзимга тикка қарайди дўстим.
– Сен ҳақсан, – дейман шалвираб.
Ўз ғалабасидан хурсанд дўстим:
– Гуноҳкор бўлиш жуда осон, – деганча хонани тарк эта бошлайди.
– Бу борада сен мендан бешбаттарсан…
Таъриф қилиб бўлмас даражада таҳсинга сазовор сабр, чексиз меҳр ва раҳм. Бу далилларни эслаш фикримни тамоман ўзгартиради. Дўстимга хонани тарк этишдан олдин бир гапни айта олмаганимдан афсусланаман. Ва энди у хонада бўлмаса-да, гўёки унга мурожаат қилгандек: “Инсоннинг гуноҳкорлигидан Оллоҳ ҳеч нарса ютқазмайди, ютқазса фақат инсон ютқазади”, – дейман паст ва аламли овоз билан.
Ҳаётда вақтга ўз жиловини тутқазмайдиган ягона нарса – хаёл. Хаёллар билан вақт ўтганини сезмай қоламан. Икки соат олдин кеч тушишини интиқлик билан кутаётган бўлсам, энди саросимага туша бошлайман. Нафс ва иймон ўртасида кураш бошланади. Аммо ҳалиям танамдаги нафсга мойиллик мендаги қатъиятдан устунлик қиляпти. Қўл телефоним жиринглайди.
– Кутяпман.
– Ҳозир, – дейман шошиб ва эшик олдига чиқаман.
Хона эшигини қулфлаётган вақтимда яна телефоним жиринглайди. Бу энди бошқа овоз. У оромбахш ва осойишта.
– Алло, яхши дам оляпсизми, дадаси, соғ-саломатмисиз… Болалар сиз билан гаплашмоқчи.
 Гўшак болаларга тегиши билан уларнинг бири қўйиб, бири олиб чуғурлаша бошлайдилар. Катта қизим мен таътилда математикани ўрганаяпман, деса, кенжатойим менга нима олиб келасиз, деб сўрайди. Суҳбат якунланиши билан шафқатсиз бир саволга рўпара бўламан. Интилаётган нарсанг нима ўзи, бахтми? Ҳаёт ортга тепмас қурол. Ҳозир майлингга қулоқ солиб гуноҳга ботсанг, кейин аввалги хотиржамлигингни қайта топа оласанми?
Кўз олдимдан ҳаётда чеккан изтиробларим, вақт ўтиши билан жавобсиз қолдирилмаган хатоларим, сабрим ортидан етган хурсандчилик ва хотиржамликларим ўта бошлайди. Бувимнинг дастурхон устида бизларга қарата: “Болаларим, бу ўткинчи дунёда сабрли бўлинглар, Оллоҳ сабрли инсонларни севади”, – дея насиҳат қилганини эслайман. Авлиёлар ўз ахлоқлари билан дунёнинг гўзал одамларига айланганлар. Менинг ҳам гўзал одамлар сафида бўлгим келади. Аҳдимдан тамоман қайтиб ширин энтикиб кетаман. Ўйлайман, бувим мени ҳаётга тайёрлай бошлаганда ҳали гўдак бола эдим, ёшим улғайиб ҳаётдан завқ олиб яшаш учун курашар эканман, ҳар қадамда турфа кўринишда нафс қурбонларига айланган “ворис”ларга дуч келардим. Бу кўрганларим туфайли ҳар қандай ёмон амал ва ёвузлик пировардда ҳалокатга маҳкум эканини анг­лаб етганимда эса мен комил инсон сифатлари ҳақида қайғура бошлагандим. Бу учун кўпроқ бувимдан миннатдор бўлардим. Буни орадан анча йиллар ўтиб англаб етганимда эса энди афсусланишдан бошқа чорам йўқлиги алам қиларди.
Хонамга қамалиб олиб ўтмиш хотираларига берилар эканман, кейинчалик яна афсусланиб қолмаслигим учун тезда болалар олдига қайтишим шарт, деган қарорга келдим.
Эртасига дўстим ва шерикларининг хурсандчилиги ҳамда «Бовари хоним»нинг нафрат билан боқаётган кўзларига парво ҳам қилмай, жилла қурса, манзил сари бир қадам ташлаганимдан хурсанд бўлганимча хотиржам ҳолда уйга, болаларим олдига қайтдим.

“Шарқ юлдузи” журнали, 2014 йил, 6-сон