Мен яқиндагина чоп этилган Жеральд Мартиннинг колумбиялик машҳур адиб Габриель Гарела Маркесга бағишланган китоби (“Слово” нашриёти, 2011. 624 б. 5000) билан танишиб чиқдим. У буюк ёзувчи ҳаётидан ҳикоя қилади.
Габриель Гарсиа Маркес (бундан буён — ГГМ) ва унинг рафиқаси Мерседес бундан эллик йиллар бурун почта бўлимига “Юз йил танҳоликда” романи қўлёзмасини нашриётга жўнатиш учун келишганида хизмат ҳақига 82 песо тўлашлари керак эди. Бўлажак донгдор адиб ва унинг рафиқасида 50 песогина пул бор эди холос. Бу қўлёзманинг ярмини жўнатишга етарди. Унинг иккинчи қисми уйдаги нарсалар — электр иситгич, соч қуритгич, шарбатсиққичлар гаровга қўйилганидан кейин жўнатилди. Бугунги кунда ГГМ нафақат машҳур, балки жуда катта маблағ эгаси ҳам. Беш мамлакатнинг энг чиройли жойларидаги етти ҳовли-уй унинг мулки саналади. Кейинги ўн йилликда у ярим соатли интервью учун 50 минг долларга розилик берадиган бўлди (ҳамиша ҳам эмас). Унинг китобларининг номи Шекспир асарлари сингари бот-бот газета сарлавҳалари ўрнида кўрина бошлади.
Қачонлардир мен ГГМнинг битта интервьюси билан танишгандим. Унда у, ёзувчи қашшоқликда яшашга лойиқдир, деган буржуа жамияти назаридаги тушунчани мен ҳазм қилолмайман, деб айтганди. Зеро, ёзувчи эмин-эркин ижод қилиши учун ҳар жиҳатдан таъминланган бўлиши керак. Бу фикрни у ўзининг мисолида исботлаган эди.
У бундан кўп йиллар аввал электр ёзув машинасини ёқлаб чиққан эди. Ҳеч бир қалам фикрни бу кашфиётчалик тез қоғозга муҳрлай олмайди, деганди. Бугун, ўйлайманки, ГГМ ноутбукни энг қулай иш қуроли деб билади.
Жеральд Мартен китобида жаҳон адабиётининг тирик генийси ҳаётидан кўплаб таъсирчан ва янги лавҳалар келтирилган. Шулардан бири аллақачон ўзининг “Полковникка ҳеч ким ёзмайди” номли машҳур асарини ёзиб қўйган ёш журналист ГГМнинг машҳур бўлиб кетиши арафасида — 1957 йил Парижда энг севимли ёзувчиси Эрнест Хемингуэйни учратиб қолганлиги ҳақида. “У рафиқаси Мэри Уэлш билан йўлкадан Люксембург боғи томон ўтиб борарди. У жинси шимда ва ихчам курткада эди. Ҳаяжонланган Гарсиа Маркес тортинчоқлиги туфайли унга яқинлаша олмайди, бироқ жим туравериши ҳам мумкин эмасди ва кўчанинг нариги томонида тургани ҳолатда қичқиради: “Маэстро!” Чол, денгиз ва улкан балиқ ҳақидаги қиссаси унинг яқинда тугатган – жанговор хизматлари билан давлат нафақасига чиққан қария ҳақидаги асарига бениҳоя илҳом берган буюк адиб худди гўдакларникидек шўхчан овоз билан жавобан қичқирди: “Adios, amigo!”
Ўша олис йилларда ГГМ Парижда, кейин Лондонда қашшоқликда яшаб, севимли касби — мухбирлик қилиш учун иш ахтарарди. Унинг ижара ҳақини тўлашга ҳам ҳеч вақоси қолмайди, севгилиси билан ажралишади, у фақат ҳимматли дўстларининг мадади билангина амаллаб кун кечиради.
2007 йилнинг 6 мартида нишонланган унинг 80 йиллик тўйига қироллар, президентлар ташриф буюришади. Улар орасида Испания қироли ва Колумбия президенти ҳам бор эди. У билан дунёнинг энг бообрў кишилари дўстлик ришталарини боғлайдилар. У Билл Клинтон билан дўстлашади. Унинг яқинлари даврасида Франция президенти Франсуа Миттеран ҳам бор эди. У ўз эътиқодига кўра, умрининг ярмидан ортиқ вақти давомида Фидель Кастронинг қадрдон дўстига айланади. Бу, адабиёт мудом дунё сиёсатининг муҳим омили бўлиб келганлигини тасдиқлайди, афсуски, бугунги кунда у Россияда мунтазам равишда чеккага суриб келинмоқда.
1982 йилда адибга Нобел мукофоти берилганда Лотин Америкаси матбуоти бу воқеани Швеция қироли унга совриндорликни эълон қилиб, дипломини топширгунига қадар – етти ҳафта давомида тинмай ёритди.
Дарвоқе, Нобел мукофоти ҳақида. Бизнинг кўз ўнгимизда қачонлардир обрўси жуда юксак бўлган бу мукофотнинг қадри йил сайин тушиб борди ва тушиб бормоқда. Балки бу мукофот соврини энди кичкина кўриниб, ҳеч кимни ҳайратлантирмай қўйгандир, балки қўмита муносиб адибларни ҳар гал тўғри танлаб ололмаётгандир, балки муносиб номзодларнинг ўзи йўқдир ҳақиқатдан ҳам.
ГГМ дунё жамоатчилигининг эътиборига ҳалол меҳнати билан сазовор бўлган саноқли адиблардан бири саналади. Унга бу мукофотнинг берилиши сиёсатга мунофиқларча мувофиқлашиш ҳодисасидан мутлақо холи. Аммо бу борада кейинги жараёнлар кишини ниҳоятда ажаблантиради. Жумладан, мукофот ўтган йил шаҳватпараст адибага берилган бўлса, бу йил – бир жинслилар никоҳини ёқловчи, кейин европалик олиш керак, келаси йили жанубий африкалик ёзувчига (сермаҳсуллиги учун) берилиши лозим деган мулоҳазалар бўлаётганлиги ҳеч кимга сир эмас… Маркес эса бундан мутлақо истисно – унинг “Юз йил танҳоликда” романининг юксак жозибаси ҳатто адибнинг душманлари ва ҳасадгўйлари назарида ҳам сира путур топмайди.
ГГМни кулфатлар ва хасталиклар четлаб ўтгани йўқ. У икки марта саратон касалликлари шифохонасидан соғайиб чиқди, зеро у даволаш мумкин бўлмаган ўпка саратонини, кейин оққон хасталигини ҳам енгди. Бу хасталикларга қарши курашишда унинг тақдири бошқа бир Нобел совриндори — Солженицин тақдирига ўхшаб кетади, у ҳам тузалиши мумкин бўлмаган саратон хасталигидан соғайган эди.
Ушбу китоб муҳаббат ва илҳом онлари ҳақида, адибнинг қандай яшаганлиги, унинг кўплаб мукофотларга сазовор бўлганлиги, ижодий таназзулларни қандай енгганлиги, дунёга саёҳати, ўз китобларини қандай нашр қилганлиги ва беназир асари “Бузрукнинг кузи”га қай тарзда тараддуд кўрганлиги, янги аср сарҳадларига қўйган қадами ва бунда ҳам ўз ўқувчилари умидини оқлаганлиги ҳақида ҳикоя қилади. Жеральд Мартин ихлосмандларга дунё адабиёти бузругининг шахсий ҳаётининг кўплаб ажиб тафсилотларини ёритиб, унинг нозик қирраларини очиб беради.
ГГМ ҳақидаги китобни гапириб бериш менинг вазифамга кирмайди. Бунинг учун уни қайтадан тўлалигича ёзиб чиқишга тўғри келади. Муаллиф ўз қаҳрамони – буюк адиб ҳаётининг теран лавҳаларини муфассал қаламга олади, уни сафарларда кузатади, кетма-кет чоп этилган китобларини таҳлил қилади… Айни чоғда ГГМ 84 ёшни ҳам қоралади.
Бизнинг кўз ўнгимизда буюк афсонанавис Габриель Маркеснинг ўзи дунёвий афсоналарнинг бирига айланди.
Бугунги кунда жиддий бир миллий адабиёт йўқки, унга адибнинг ижоди таъсир кўрсатмаган бўлса. Маконда руҳи ва унинг ёрқин қаҳрамонлари сийрати таъсирини рус, инглиз, француз замонавий прозасида ва бошқа жамики дунё адабиётларида кўриш мумкин. Ўтган асрнинг биринчи ярмида Хемингуэй инсониятнинг энг етакчи адиби бўлгани сингари унинг иккинчи ярмида ГГМ шундай мавқега кўтарилди.
Машҳур лотинамерикалик шоир Пабло Неруда 1967 йили “Юз йил танҳоликда” романини ўқиб, унинг муаллифини янги Сервантес дея атайди. Агар чуқурроқ ўйлаб кўрсак, бу ҳақиқатдан узоқ эмаслигини кўрамиз. Демак, ГГМ асарлари ҳам асрлар давомида инсониятни ҳайрат ҳисларига йўғурувчи ва унга муҳаббат туйғуларини ато этувчи асарлар қаторида боқий яшайди.
Ж.Мартин китоби — ўзи ҳақида ёзилганларни ёқтирмайдиган, таржимаи ҳолини битишларига изн бермайдиган ГГМнинг шахсан ўзи эътироф этган ва расман рухсат берган умрбаёни ҳамдир.
Биз китоб муаллифига чуқур эҳтиромимизни билдирамиз. Айни чоғда таҳлил қилиш ёки унинг таржимасига оид камчиликларни айтишга эҳтиёжимиз ҳам йўқ. Бу киройи қиссанавислик эмас, аксинча, бугунги кунда бизга замондош бўлган улуғ ёзувчининг умрномасидир. Ҳолбуки, даҳолар дунёдан аллақачон ўтиб кетган зотлардир.
Ҳақиқатан ҳам улуғ кишилар ҳаётига бағишланган ишлар шундай бўлиши керак; ўн етти йиллик меҳнат, адибдан олинган уч юз интервью, икки минг саҳифаси қорасўз ва олти минг изоҳ – жаҳоншумул адиб ҳаётидан ҳикоя қилувчи провард-натижада олти юз йигирма саҳифали матн!..
Мирпўлат Мирзо таржимаси
“Литературная газета”нинг 2011 йил 26-сонидан олинди.
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2011 йил, 8-сон.