Раъно Иброҳимова. Сўз қудрати

Ўзбек адабиётининг забардаст вакили Ойбек ҳар бир асарини ёзишдан олдин узоқ тайёргарлик кўрган, мавзуни имкон қадар чуқур ўрганган. Ижодкорнинг “саҳна ортидаги” бу меҳнатлари, тайёргарлик жараёнлари махсус ўрганиш, тадқиқотлар учун мавзу бўла олади. Одатда, ижодкор табиатига, унинг лабораториясига, асарининг ёзилиш жараёнига оид чизгиларни кузатишда қўлёзмалар муҳим манба вазифасини ўтайди.

Профессор Зарифа Саидносированинг таъкидлашича, Ойбек қоғозга туширмоқчи бўлган фикрлар даставвал унинг миясида обдан пишиб етилтирилган, тугал ҳолга келганидан сўнггина қоғозга туширилган. Бир текис, ортиқча ўчиришсизларсиз битилган адиб қўлёзмалари, жумладан, “Қуёш қораймас” романининг қўлёзмаси ҳам бунинг исботидир.

Қўлёзмалардаги тузатилган ўринлар эса деярли ижодий характерга эга. “Қуёш қораймас” романининг эълон қилинган нусхалари билан қўлёзма нусхалари ўртасидаги фарқлар Ойбекнинг Мукаммал асарлар тўплами ВИИИ жилдидаги “Вариантлар” қисмида тўлиқ берилган.

Аслида, “Қуёш қораймас” романининг қўлёзма нусхаси ҳам, матн нусхаси ҳам бирдек маҳорат билан яратилган. Баъзан Ойбек асарларининг қўлёзмасига киритилган тузатишларга зарурат йўқдек кўринади. Аммо кузатишлар романга киритилган тузатишларнинг кўпчилиги Ойбекнинг сўзга ўта эътиборли эканидан далолат беради.

Мисол сифатида романдаги жанг майдонида юз берган воқеани тасвирловчи бир лавҳани келтиришимиз мумкин. Роман қаҳрамонларидан бири муаллим Ҳошимжоннинг укаси жангда ҳалок бўлади. Шу муносабат билан Ҳошимжоннинг ҳалок бўлган укасини ерга қўйиш дақиқалари ёзувчи томонидан тасвирланади. Бу тасвир дастлабки вариантда – Бектемир ва муаллим мурдани кўтариб, чуқурдаги Асқар полвонга узатадилар. Энг сўнгги вариантда эса Ҳошимжон укасини қучоқлаб, юзларидан ўпа-ўпа йиғлайди. Бектемир жасадни чуқурдаги Полвонга узатаркан, “ака бетоқат, ўзи ҳам бирга кўмилишга тайёрдай, ҳўнграб юборди”, деган жумла киритилади.

Бир қарашда, Ҳошимжоннинг укасини кўмиш лаҳзалари дастлабки вариантда ҳам етарли даражада таъсирли қилиб тасвирлангандек. Лекин тузатиш киритилган вариантда ёзувчи бир жумла билан жигаридан айрилиб, юрак-бағри эзилган қаҳрамоннинг ҳолатини яхшироқ беришга муваффақ бўлган.

Ҳошимжоннинг бошига тушган айрилиқ бу унинг шахсий, тор доирадаги мусибати бўлмай, балки бутун тинчликпарвар эл бошидан кечираётган мусибат экани, уруш туфайли яқинидан айрилмаган хонадон қолмагани бутун роман давомида сатрлар қатидан англашилиб туради.

Яна “Оёқсиз, қўлсиз қол­са ҳам майли эди”, “…Ма­бодо онам эшитса, юраги ёрилади-да”, деган жумла киритилган романнинг сўнгги вариантига. Бу эса китобхонга сўз қудрати билан қаҳрамон бошига тушган мусибатнинг нечоғлик оғирлигини етказишга хизмат этган.

Яна бир мисол, оғир жангдан кейин баталёндан узилиб қолган роман қаҳрамонлари Асқар полвон билан Али тажанг ўзларини ўрмонга урадилар.

Қаҳрамонлар ўрмон ичидан ўтиб боришар экан, қўлёзма вариантида Али тажанг “Атрофдаги дарахтларга суқланиб қараб, … Оҳ, оҳ, ёғочларнинг подшолари булар… қани энди, шулардан иморат солсанг”, – дейди. Сўнгги вариантда ёзувчи “қани буларни кесиб, ойнадай силлиқлаб, иморат қурсанг,” деб ўзгартиради.

Бир қарашда дастлабки вариант ҳам ёмон эмаслик. Иморатбоп дарахтларни кўриб хаёли қочган қаҳрамоннинг ҳолати берилган. Тузатиш киритишдан мақсад қаҳрамоннинг борлиқни унутиб хаёли қочишига вазиятнинг монелик қилиши. Шу сабабли жумла адиб томонидан ихчамлаштириб берилади.

“Қуёш қораймас” романининг қўлёзмасини кузатишда давом этар эканмиз, Ойбек ижодига хос бўлган яна бир чизги ҳақида айтиб ўтмоқчимиз. Адиб архивида “Қуёш қораймас” романи учун тўпланган материаллар ҳам сақланган. Улар Мукаммал асарлар тўпламининг ХВИИИ жилдида “Материаллар” қисмида берилган.

Бу материалларда романнинг тахминий мундарижасини ташкил этувчи қайдлар билан бир қаторда, жанг майдонидаги вазиятни ёзувчи нечоғлик синчковлик билан ўрганганини кўрсатувчи ўринлар ҳам бор. Масалан, махсус дзот ясаш, танкларни қанча яқинликдан туриб отиш, бронебойшикларни тиззадан туриб отиши каби деталлар.

Романнинг дастлабки ва сўнгги варианти, унга тўпланган материалларни солиштириш натижасида, асарнинг кўп ўринлари бутунлай ўзгартирилгани, айрим жойлари эса умуман киритилмаганини кўрсатади. Умуман, бу кузатишлар ёзувчининг хом материалга асосланиб яхлит бадиий асар яратишидаги ижодий жараёнлари ҳақида тўлиқ маълумот беради.

Қўлёзмаларни ўрганиш адиб ижодида унинг учун иккинчи даражали масаланинг бўлмаганини кўрсатади. У ҳатто қаҳрамонларининг номига ҳам ўта эътибор билан ёндашган. Масалан, “Қуёш қораймас”да баталён командири Никулин роман учун тўпланган материалларда Нагибин деб қайд этилган, дастлабки вариантларда, шу жумладан, қўлёзмада ҳам Николай деб ўзгартирилган ва сўнгги вариантда Никулин деб берилган.

Бу каби ҳолни Ойбекнинг кўп асарларида учратиш мумкин, масалан, “Ҳамза” достони қўлёзмаларида ҳам Ўроқ исмли қаҳрамоннинг номи сўнгги вариантда Бошоқ деб қайта номланган. Ёки “Ўч” поэмасида Холхўжанинг севгилиси қўлёзмада Лолахон деб берилган, Пўпикхон деб бериш ҳам ёзувчи мўлжалида бўлган ва охирги қисмларда Лаълихон деб ўзгартириш киритилган.

Ойбек қаҳрамонларининг исмларига ўта эътибор билан қарашидан мақсад уларга маълум маъно юклаш бўлган. Лекин баъзида тасодифлар ҳам бўлиб турган экан, бу ҳақида бизга ёзувчининг аёли Зарифа Саидносирова қуйидаги бир воқеани сўзлаб берган эди. “Ойбек янги, ҳали ҳеч ким томонидан қўйилмаган исм топишга ишқибоз эди. Элнур, Ойнур, Гулёз, Гулранг, Бахтигул, Соғиндиқ каби исмларни топганлиги ҳам бунга мисол. Баъзан тасодифлар ҳам бўлиб турган. Эсимда, “Қутлуғ қон” романини ёзаётганида Йўлчининг синглисига ҳеч исм тополмади, менга исм топиб берсанг-чи, деди. Шунда мен “Унсин” дедим. Бу исм унга ҳам ёқди ва Йўлчининг синглисига Унсин деб исм қўйди.

Бу исм билан боғлиқ воқеа тарихи эса бундай бўлган. Мени бувам Иқонда туришарди ва мен уларникига ёшлигимда жуда кўп борардим. Бобомларнинг қўшниси Унсин хола бўлган. Мен у аёлни жуда ёқтирардим, чунки у жуда меҳрибон, юмшоқ аёл эди.

Кунлардан бири куни Унсин хола вафот этади. Бутун қишлоқ аҳлини аёлнинг ўлими қайғуга солди. Уни энди кўмиш тараддудини кўришаётганда тирилиб ўрнидан туради. Шу-шу биз болалар “Унсин хола, қандай қилиб ўлиб-тирилганингизни гапириб беринг”, деб уни ҳоли жонига қўймас эдик. Унсин хола ҳар гал шошилмасдан, бир бошдан гапириб берардилар. Унсин холанинг ўзини яхши кўрганим учун, унинг исми ҳам ёқарди менга. Шу сабаб мен Ойбекка Йўлчининг синглисини Унсин деб қўйишни маслаҳат берган эдим”.

Бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин, лекин мана шу икки мисол ҳам Ойбек романнинг ҳар бир сатри устида олиб борган изланишидан бизни воқиф этади, сўзга нечоғлик эътиборли бўлгани, унинг маъно қирраларини кўпайтиришга ҳаракат қилгани, асарда содир бўлаётган воқеаларни китобхон қалбига кўчиришга эришганига етарли исбот бўла олади.

Раъно Иброҳимова, филология фанлари доктори

«Ёшлик» журнали, 2020 йил, 1-сон