Дунёда шундай касблар бўладики, уларни эгаллаш учун инсон қобилият билан туғилиши керак. Мен Ёзувчи, рассом, санъаткор, шифокор, файласуф, кимёгар бўлиб туғилганлар билан мулоқотда бўлганимдан, тақдиримдан беадад миннатдорман. Мана шундай касб эгаларидан бири, Навоийнинг «мурид»и, профессор Суйима Ғаниевадир. У тадқиқотчи-матншунос бўлиб туғилгандек, назаримда.
Олима Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институтида 50 йилдан зиёд вақт мобайнида хизмат қилиб келади. Бу вақт ичида 40 дан ортиқ китоб ва рисоласи, 500 дан зиёд илмий мақоласи чоп этилди. Шунингдек, у Тошкент давлат шарқшунослик университети, Тошкент давлат консерваториясида кўп йиллардан бери «Eрон адабиёти тарихи», «Алишер Навоий», «Илм балоғати», «Тазкирачилик анъаналари», «Форсий ва туркийдаги шеърият» мавзуларида маъруза ўқиб келмоқда. Эътиборлиси, олима ўқийдиган мазкур махсус курс мавзулари илмий китоблардан олинмасдан, ўзи олиб борган тадқиқотлар натижаси ўлароқ юзага келган.
Суйима Ғаниеванинг иш фаолияти давомида тарбиялаб вояга етказган шогирд ва фарзандларининг сонини жаҳон бўйлаб орттирган шогирдлари, дўстларининг сонига кўпайтирсак, дунё харитасида белги қўйилмаган шаҳар қолмаса керак. Москва, Санкт-Петербург, Пекин, Теҳрон, Прага, Анқара, Қобул, Нишопур, Боку… санашда давом этсак, саҳифадан чиқиб кетишимиз аниқ. Бинобарин, олима уларининг барчасини уч хонали уйидан жой олган китоб жовонларига сиғдирган. Бу — дўстларининг дастхатлари битилган муаллифлик китоблари. Китоблардаги дастхатлар бир номзодлик иши учун жиддий мавзу бўлади. Агар уларнинг ёнига олиманинг дўстлари билан олиб борган ёзишмалари, илмий кундаликлари ҳам қўшилса, ҳаётдаги муҳаббатнинг ижоддаги аксини, ижодий мулоқот, инсон табиатига хос чизгиларни кашф этишга имкон туғилади.
Мен уни 40 йилдан бери танийман, тадқиқотчилик фаолиятини кузатиб бораман. Шу йиллар мобайнида Тил ва адабиёт институтида ўтказиладиган Навоийга бағишланган анъанавий конферентсияларда Навоийга бағишланган маърузалар билан қатнашган бўлса, уларда бирон марта ўзини ўзи такрорламаган. Ҳар битта маъруза маълум бир масалага бағишланган ва у умумлаштирилган хулосага эга бўлади.
Навоий ижоди бўйича олиб борган тадқиқотлари фақат долзарблиги, аҳамияти, оригинал умумлаштирувчи хулосалари билангина эмас, балки жуда нафис, унут бўлиб кетган сўзларни топиб ишлатилиши билан ҳам ажралиб туради. У ишлатган ва мени лол қолдирган шундай иборалардан бири — «Навоийнинг шоҳ сатрлари». Бу каби нафис, шоҳ сўзлар бир жилд остига йиғилса, нутқ маданиятимизни янада бойитиши мумкинлиги қалбга қувонч бағишлайди. Шахсан мен мақолаларимда олима топган сўзларнинг кўпчилигидан тез-тез фойдаланаман.
Алишер Навоийнинг «Мажолис ун-нафоис» тазкираси ҳақида гап кетганда олима, олима ҳақида гап кетганда ушбу асар кўз олдингизга келади. Зеро, Навоий «Мажолис ун-нафоис» тазкирасида ўз даври маданиятини акс эттирган бўлса, Суйима Ғаниева кўп йиллик иш фаолияти мобайнида навоийшуносликда, матншуносликда, ўзбек маданиятида эришилган ютуқлар, адабиётда қўлга киритилган зафарларни акс эттириб келмоқда. Бу борада олиманинг форс, тожик, азербайжан тилларини мукаммал билиши у яратган тадқиқотлар қамрови кенглигини таъминлаган.
Суйима Ғаниева «Мажолис ун-нафоис» тазкирасини нашрга тайёрлаш жараёнида чоп этган мақолаларидан бирида Навоий жамиятга фойда келтирувчи фан ва маданият соҳасида ҳар томонлама кенг маълумотга эга бўлган истеъдодли кишиларни юқори баҳолаганини қайд этган. Бу билан Алишер Навоий кишиларни фақат шеъриятни эмас, фанни, касб-ҳунарни атрофлича эгаллашга даъват этган, деган хулосага келган. Биз ҳам юртимизнинг бир қатор медаль ва орденлари соҳибаси, Беруний номидаги Давлат мукофоти лауреати, Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, профессор Суйима Ғаниеванинг ибратли фаолияти, олиб борган бебаҳо тадқиқотлари, илмий кузатувлари, олиманинг устози — Алишер Навоий каби келажак авлодни янги чўққиларни эгаллашга даъват этишидан мамнунлик ҳиссини туямиз.
Ёзувчи ва шоир Ойбекнинг турмуш ўртоғи — кимёгар олима, профессор Зарифа Саидносирова табиатан «нафақаҳўр» деган сўзни ёқтирмасди. Бу сўзни эшитмаслик, меҳнат дафтарчасидан унинг ўрин олмаслиги учун бир кун ҳам ишдан қолмаган: ишлаган, дарс берган, хотиралар китобини ёзган, расм чизган. Мен Суйима Ғаниевага ҳам ҳаракатдан, фаолликдан тўхтамаслигини, меҳнат дафтарчасида Зарифа опанинг қулоғига хуш келмаган сўзнинг қайд этилмаслигини тилаб қоламан.
Раъно Иброҳимова,
филология фанлари доктори
“Ҳуррият” газетасидан олинди (2012).