Қулбек Эргобек. Йиллар қанотида туғилган ўйлар

(1976-2000 йиллар кундалигидан)

…Ўйлаб кўрсам, бутун умрим Собит Муқонов тақдири билан чамбарчас боғлиқ ҳолда ўтиб келаяпти экан. 1978-1980 ва 1980-1987 йилларда мазкур қозоқ адибининг уй музейида хизмат қилдим. Бўз йигит пайтим эди. Эндигина талабаликдан чиқиб келганман. Адиб архивини ташкил қилдик, музейини очдик. Архив материалларини, тарихини ўргандик. Биз ташкил этган музей эндиликда маданият марказидан бири сифатида танилди. Ортда қолган йилларга кўз ташлаб, муболаға билан айтадиган бўлсам – С. Муқонов уй-музейининг пойдеворини қўйганлардан бири – ўзим эканман. У ёқ-бу ёғи ўн йилча вақт мобайнида Собит Муқонов яшаган, ҳаётдан кўз юмган уйда ўтириб, у нафас олган ҳаводан нафас олиб, у ўқиган китобларни варақлаб, қўлёзмаларини кўздан кечириш менга насиб этди. Ёзувчи юрган йўлларда – унинг киндик қони томган ота маконидан тортиб, Санкт-Петербург, Москва, Болтиқбўйи мамлакатлари, Бурятия, Ўзбекистон, Қирғизистон дегандай… талай ерларни оралабман. Бу орада қанча китоблар ёзилди, қанча мақолалар дунёга келди. Уларнинг ҳар бирини қоғозга туширишда қозоқ ёзувчиси руҳи олдида ҳалол бўлишга интилдим.

Вақт ўтиб бормоқда. Қачондир ёзилган мақола, китоблар ҳам йил ўтган сайин аста-секин эскириб, уларни қайта кўриб чиқиш эҳтиёжи пайдо бўлар экан. Бугун давр бошқа, бугунги тафаккурни кечагиси билан қиёслаб бўлмайди. Бинобарин, вақтида қилинган ишлар, Собит Муқонов ижодхонасини ўрганиш тажрибалари баён қилинган мақолалар, унинг кундаликлари ва дафтар саҳифаларидаги мулоҳазалари, шажара-битиклари – бари собитшунослик фанининг бир йўналиши. Шунинг учун ҳам С. Муқонов ҳақида турли пайтларда ёзилган мақолалар, ён дафтарларимдаги ўй-фикрларни бугунги куннинг ўқувчисига тавсия қилишни ўз бурчим деб билдим.

Кутубхона. Ёшлигимдан мени ўзига жалб қилган, доно маслаҳатгўйимга айланган китоблар. Талабанинг тирикчилигигагина етарли маошни тежаб-тергаб, сотиб олинган китоблар. Варақлайман. Ўйлайман. Тўлғонаман. Ўтган кунларга хаёлан сафар қиламан. Мана бу китобни ўзингиз ҳам бир кўринг. “Қозоғистон ёзувчилари” (1970). Бошидан охиригача варақлаб чиқаман. С.Муқонов, Қ.Тўғзақов, М.Мақатаевларнинг дастхатлари бор. Китобсевар бўз боланинг бир пайтлардаги илтимосини қайтармасдан ёзиб берилган тилаклар. Мана шу дуо қувватидан шу кунларгача етиб келгандекман.

Инсон ҳаётида бундай ширин дақиқалар доим ҳам такрорланавермайди. Бари ўтиб кетган, азиз лаҳзалар эканлигини мана энди англаяпман. Булар – ҳаётимнинг парчалари, булар – тарих.

…1971 йил. 26 март. Абай номидаги Қозоғистон давлат педагогика университетининг катта залида Қозоғистон Республикасининг эллик йиллигига бағишланган шеърият тантаналари бўлиб ўтди. Унда Собит Муқонов бошчилигида қозоқ адабиётининг деярли барча, катта-кичик вакиллари иштирок этишди. Залда атоқли адиблар ҳам оз эмас эди. Айниқса, бу улкан тадбирда Собит Муқонов қатнашади, деган хабарни эшитган талабаки бор, ҳаммаси университетимизга оқиб келган.

Катта залга одам сиғмайди. Игна ташласанг тушадиган жой йўқ. Машҳур шоирлар шеърларини ўқидилар. Шеъриятдан сал йироқлашиб кетган адиб мушоира олдидан кириш сўзи гапирди. Унда жуда кексариб қолганини, ўзи яратган асарларининг кўп жилдлиги асарлари нашр этилаётганини айтиб ўтди. – Собит Муқоновнинг ёзган асарлари эллик жилд бўлади, – деди у, – ҳеч бўлмаганда йигирма жилди нашрдан чиққанини кўрсам, деб орзу қиламан. Раҳбар ўртоқларимиз “қоғоз йўқ”, деган баҳона билан рухсат беришмаяпти.

Талаба ёшлар шундай атоқли ёзувчининг асарларини чоп қилишда ҳам муаммо бор эканми, дегандай ҳайратга тушишди.

Адиб сўзида давом этди: “Мен – деди у, – кекса ёзувчиман, кексаларга асар ёзиш осон гап эмас. Шунинг учун ҳам, кейинги пайтларда шеъриятга қайтиш ниятида юрибман. Ана шундай ўланлардан ўқиб берайин.”

Кекса қаламкаш тинчлик, эзгулик мавзуларидаги шеърларидан ўқиди. Талабалар адибни минбардан қўйиб юборишмади. Бунчалик улкан ҳурмат ўша куни бошқа бирор адибга кўрсатилмади. Аммо, ҳали ҳаммаси олдинда экан. Ниҳоят шеърият кечаси якунланди. Шу табрик сўнгида китоб ярмаркаси уюштирилган экан. Энди китоб савдоси, дастхат ёзиш тадбири бошланиб кетди.

Ўша куни Собит Муқоновдан дастхат олишга навбатга турганларнинг охири кўринмасди. Бир қанча ёзувчилардан дастхат ундириб, мен ҳам Собит Муқоновга яқинлашдим. Бошқа шоир-ёзувчилар аста-секин ташқарига чиқа бошлашди. Аммо ёшлар кекса адибни ҳамон қўйиб юборишмасди. Дастхат олишга муваффақ бўлганларнинг юзида қувонч нури барқ урарди. Ниҳоят кекса қаламкашнинг ёнида бир нечтагина шогирдлари қолишди. Қоронғу тушиб қолган, қорачадан келган шогирд йигит типирчилади.

– Устоз, бўлди-да энди. Буларнинг охири борми-йўқми ўзи?

Кекса адиб шогирдига ажабланиб қаради.

– Ораларингда энг ёши улуғи мен, халқимизнинг шунча қоракўз йигит-қизлари келиб, Муқоновдан дастхат оламиз, деб туришибди (у қўлини сермаб қўйди). Мен туядан катта бошим билан ўз урпоғимни, халқимни хатлаб ўтишим керакми? Шуларнинг табассумидан Муқонов битта ортиқ бўлибдими? Қайдаги йўқ гапларни топасан-а…Ундан кўра бор, такси ушлаб тур…

Қорачадан келган йигит довдираб қолди.

– Тавба қилдим, устоз, тавба қилдим… Мен кетдим. Такси ушлаб тураман. Табаррук даргоҳ – ҚозПИдан таксида кетамиз-да, устоз – дея у ташқарига йўналди (бу қорачадан келган йигит ёзувчи Лутфулла Шакенов экан).

Тўпланган ёшлар кўзига Собит Муқонов янада азизроқ кўриниб кетди. Адиб кўплар қатори менга ҳам дастхат ёзиб берди. Мана, мен улуғ қозоқ адиби Собит Муқонов билан рўпара турибман. Қўлимда ундан олинган дастхат!..

Ёзувчи Собит Муқоновни сўнгги сафарга бутун Олмаота халқи, иттифоқ ёзувчилари уюшмасининг вакиллари кузатишганларининг гувоҳи бўлганман. Лекин бу кўринишларнинг ҳеч қайсиниси “Мен Собит Муқоновни билар эдим” – дейишга ҳуқуқ бермайди. Русларда “кишини билиш учун у билан бир пуд туз ейиш керак”, деган мақол бор. Шунинг ичида бир ўзи неча минглаб одамларга маънавият руҳини таратган ёзувчини танлаш, билиш, уни ўрганишнинг ўзи инсонни қанчалик юксалтиради.

 

ҚОЙИЛ, СОБИТ ОҒА!

(Кичик хотиралар )

КАЛАМУШ ГЎШТИ…

1932 йил.

Собит Муқон ўғлининг Москвада Қизил Профессура институтида ўқиб юрган пайти. Истеъдодини ривожлантириб, катта парвозларга ҳозирлик кўриб юрган йиллар эди. Кунлар исиб, ёз нафаси ҳам келиб қолди. Таътилга чиққан талаба Собит Муқон ўғли туғилиб ўсган овулига отланди.

Юртидаги турли нохуш хабарлар Москвага ҳам борар, бундан ёзувчининг юраги эзилиб, жону жаҳони қоронғулашарди. Бу ташвишлар мана бугун ҳам талабанинг қалбига игнадай санчилади. Собит Қизилжарга келиб етганда, кўзларига ишонмади – шаҳар очлик исканжасида эди! Кўчаларнинг бари шишиб ётган ўликларга тўла. Ажабланарлиси шуки, қайси майитнинг шишган юзига қараманг, у қозоқ бўлиб чиқади. “Нега қозоқлар қириляпти?” деган изтиробли ўй ёш ёзувчининг юрагини ўртайди. Маҳаллий раҳбарлар ҳузурига кириб ҳам саволларига маънили жавоб ололмади.

Ахири вилоят ижрокоми томонидан ажратилган “поёги”ни олди-да, туғилган овулига жўнади.

У овулни оралади. Турган гап, ёру дўст, оғайнилар тирикчилик ғамида ҳар томонга кетган. Овул ҳувиллаб, кўримсиз ҳолга келиб қолган. Ҳайтовур қирғин шаҳардагичалик эмас. Шунгаям шукр..

Канафиянинг уйига бош суқди. У яхши кўрган оғаси.

– Ассалому алайкум!

“Ваалайкум ассалом” деган хосиятли жавобни эшитарман, деб умид қилган Собит янгасининг қозон қопқоғини апил-тапил ёпиб, ўчоқ чўғини ўчира бошлаганини кўриб, анграйиб қолди. “Бу нимаси бўлди?”.

Остонани ҳатлаб қўйган Собит ортига қайтиб кетишни ўзига эп кўрмай, ноилож туриб қолди. Уй эгаси кўринмайди. Чўлпон янгаси ҳеч нимани кўрмагандай, билмагандай бўлиб:

– Мулла йигит, қалай, от-аравада омон келдингми? Келин-кепчик, бола-чақа омонми? – деб саломлашиб, кигизга ўтириб олди.

– Шукур, янга! Соғиниб юртга келган эдим, овулдан файз кетганини кўриб, кўнглим ўксиб колди. Ўзларинг қалайсизлар, янга?

– Омонлик. Мулла йигит, омонлик.

Янгаси кулиб сўйлади. Унинг кулганини кўриб, қовоғи очилган Собит ҳам ҳазиллашган бўлиб:

– Худо олгур-ей, қайнинг келганда кўнглингни сал кенгайтирсанг, қозонингни қопқоғини ёпмай, овқатингни пишираверсанг бўлмасмиди? – деб, кулган бўлди.

Ҳалигина кулиб-яйраб, сўзлаб турган янганинг ранги кўкариб кетди.

– Мулла йигит-ей, ҳозир кимни тўқ-сочин яшаяпти дейсан? Манов шўрлик янганг сариқ қази осиб, шуни сендан қизғанди, деб ўйладингми? Шошганда лаббай топилмайди, бир каламушни тутиб олиб, шуни қозонда пишираётган эдим…

Янгаси йиғлаб юборди.

Ёзувчи довдираб қолди. Билмасдан гапириб, янгасининг ярасини тирнаб юборибди-да. У ноқулай аҳволга тушиб қолди, ниҳоят:

– Э худо олсин, бошинг омон, бағринг бутун-ку сенинг, нега йиғлайсан? Қайнингдан қизғанганинг шу сичқон гўштими? Обке бу ёққа, биргалашиб еймиз!

– Қўйсанг-чи, мулла йигит, ҳазилингни.

Ёзувчи буйруқ берди:

– Обке, янга! – йигитнинг сўзи жиддий эди. Янга довдирай деди. Оғзи ланг очилди.

– Оғриб қоларсан-ов.

– Йўқ, обке, сенлардан жоним ортиқ эмас-ку.

Товоқдаги семизгина каламуш гўшти дастурхонга қўйилди.

Собит эзилиб пишган каламушнинг бир оёғини узиб олдида, қитирлатиб чайнай бошлади.

– Э, бекорга қизғанмаган экансан-да, мановининг гўшти роса мазали экан-ку…

 

ЯЛАНГТЎШ ПРОФЕССОР

Қирқинчи йиллар. Уруш қизиган пайт. Кадрлар тақчил. Бир киши бир нечта вазифани бажаради.

Собит Муқонов Абай номидаги педагогика институтининг профессори. Талабаларни қизиқтириб, машғулот ўтказяпти. Саволларга жавоб беряпти. Машғулот айни қизиган пайтда қўнғироқ чалинди. Собит оға талабалар билан хайрлашиб, уйига қайтди.

Адиб янги асари ҳақида ўйлаб келарди. Маъруза ўқиш ҳам осон иш эмас экан, деб ўйлайди у. Шу бир-икки соат ичида айтадиган гапимни айтиб бўлдим. Бу лекторлар йил бўйи нималарни топиб гапиришади?

Институтдан пиёда келаётган ёзувчи йўлнинг ярмига келганда аллаким “Собит оға!” – деб чақиргандай бўлди.

– Собит оға!

Ёзувчи овоз келган томонга қаради. Қараса, ўзининг бир талабаси изидан ҳаллослаб қувиб келяпти. Қўлида нимадир бор. “Бу қанақаси бўлди?” ўйлади ёзувчи.

Ўпкасини қўлтиқлаб чопиб келаётган йигит, ниҳоят олдига етиб келди.

– Нима гап, йигитча?

– Костюмингизни унутиб қолдирибсиз…

Собит биргина оқ кўйлакда келаётганини энди сезди. Шунча юриб, қора совуқни ҳам сезмабди… Лекция ўқиётганида костюмини ечиб, стулга илиб қўйган эди. Қўнғироқ чалинганида қизишиб кетган ёзувчи, гапини тугатиб, чиқиб кетибди.

– Раҳмат, айланайин, – деди Собит талабадан костюмини олар экан…

 

КЎЗОЙНАК

Нонуштадан кейин Собит оға кабинетига йўл олди. Ҳар сафар ёзувчи одатига ўрганган Марям опа болаларга “оталарингни бекорга безовта қилманглар!” дея уқтириб, уй ишларига унмайди. Худди шу пайт ёзувчининг:

– Марям, ҳой Марям! – деган бўғиқ овози эшитилди.

Марям опа қоқила-сурила ёзувчи хонасига отилди.

– Нима бўлди, тинчликми?

– Кабинетимга болалар кирмасин, деб неча бор сенга айтганман. Болаларинг шу уйга кираверади, кираверади! Мана энди…

Адиб қаттиқ асабийлашди.

– Нима бўлди, эй Худойим-ей?

– Кўзойнагим йўқ!

Энди Марям опа ҳам, катта қизи Баян ҳам ўзларини айбдор ҳис қилиб, кабинетдан кўзойнакни ахтаришга тушиб кетишди. Лекин у топилмади. Уни меҳмонхонадан ҳам роса ахтаришди. Неваралари ўйнаб олиб кетишдими, деган хаёлга ҳам боришди. Кўзойнак барибир топилмади. Худди ер ютгандай ғойиб бўлганди. Уни ахтара-ахтара ҳолдан тойишди.

Энди бир текширилмаган жой – меҳмонхонадаги кўк диваннинг таги қолди. Она ва қиз икковлари кўк диванни суриб, тагига қарашди. Қуриб кетсин, йўқ.

Ёзувчининг рафиқаси ҳам ҳориб, эрининг ёнига чўкди. Диваннинг тагига яна бир эгилиб қаради-да, кейин ёзувчига ер остидан тикилиб:

– Ҳозирча пешонангиздаги кўзойнакдан фойдаланиб турақолинг. Янгисини олармиз. Топилмади, – деди.

Шу лаҳзада ёзувчи қўлини пешонасига олиб бориб, кўзойнагини юлқиб олди.

– Эҳ, қарилик қурсин-а!

Ёзувчи кафти билан тиззасига урди.

– Излаётган кўзойнагимиз мана шу-ку, Марям…

Кўзойнак ахтарувчилар кулиб юборишди.

 

АТУШКА, ҚАЙГА БОРАСИЗ?

Қаламкашнинг одати, ҳар куни тонгдан туриб, ёзишга ўтиради. Арабча ўнгдан чапга қараб саҳифа тўлдираётган адиб бир пайт қўлидаги қаламни қоғоз устига отди. Ахир бугун Ёзувчилар уюшмасида йиғилиш бор эди-я!

У гавдаси оғир бўлишига қарамай, ўрнидан сапчиб турди-да, апил-тапил кийиниб, ёзувчилар уйига йўл олди. Қўлида қалин папкаси. Нималарнидир хиргойи қилиб боряпти. Қаршисидан етти ёшли невараси Ноила чиқди.

У бобосини кўрди-ю, анграйиб қолди. Анграйганича ҳам бор-да – бобосининг эгнида чиройли қора костюм, оқ кўйлак, бежирим галстук, қўлтиғида қалин булғори папка. Қўлида эгри дастакли ҳасса. Бариси ярашиб турибди. Бироқ, бироқ…

– Атушка, қайга кетяпсиз? – деди невараси ҳайратланиб.

– Уюшмага, қароғим, уюшмага, – дея Собит оға, неварасининг ёнидан ўта бошлади.

– Вой-бай, Атушка, шу туришингизда-я? Устингизга бир қаранг!

Шошиб қолган Собит оға бир неварасига, бир уст-бошига қаради. Қаради-ю, кулишниям, йиғлашниям билмай, қотиб қолди. Шим кийишни унутган экан!

Невараси кўлидан тутиб, бобосини уйга бошлаб кирди.

Кўчадан ўтаётганлар невараси етаклаб кетаётган оқ иштонли ёзувчидан кўз узишмас эди…

 

ТОПҚИРЛИК

Ёзувчи делегация билан чет элда сафарда юрибди. Делегация шаҳарни томоша килиб қайтди. Табиатан ҳаётий воқеаларни кўришга, билишга ташна ёзувчи учун қизиқадиган, томоша қиладиган жойлар жуда кўп. Теваракдаги жамики нарсалар – мўъжиза, мўъжизаларнинг бари ноёб.

Атрофга қараб, ён-верига аланглаб келаётган ёзувчи сафардошларидан орқада қолиб кетганини кейинроқ сезди. Ўзини йўқотиб қўйди. У ёқ-бу ёққа югурди. Шерикларининг қораси кўринмади. Бирорта ҳам ватандошини учратмади. Катта кўчада туядай бўлиб қолиб кетганидан ўксинди. Улар ўзлари ташлаб кетишдими ё ўзи қолиб кетдими? Бунақа чет эл сафари қуриб кетсин, оз кунга келасан-да, ит қувгандай югуриб-еласан…

Шошилган Собит оға у ёқ-бу ёққа аланглаб, “Қозоқ! Қозоқ!” дея овозининг борича бақириб кўрди. Барибир ҳеч ким эътибор бермади. Эътибор бергани ҳам қозоқ ёзувчисининг нима деяётганига тушунмасди. Чет элдагилар бутун Совет Иттифоқини “Россия” деб билишади-да. Тўсатдан Собит Муқоновнинг эсига ўша пайтларда номи бутун дунёга машҳур бўлган Жамбул Жабаевнинг исми тушиб кетди. “Бир билса, шу кишининг исмини билади булар!” Жони ҳалқумига келган ёзувчи “Жамбул! Жамбул! Мен –Жамбул!”, – деб қичқира бошлади.

Бир ўткинчи тўхтаб, ёзувчининг ёнига келиб, “Россия? Россия?” – деди.

Чет эллик бу гавдали, сариқ одамнинг Шўролар Иттифоқи фуқароси эканлигини билиб, элчихонагача кузатиб қўйди. Ўша вақтларда Жамбулнинг номи халқ номига айланаёзган эди-да…

 

ДЎСТ СОВҒАСИ

Ёзувчи Ғарбий Қозоғистонда сафарда юрибди. Қайга бормасин, ёнида Қумар дўстини олиб боради. Ҳа, таниқли халқ оқини Қумар Жусиповни.

Ёзувчига югуриб-елиб хизмат қиладиган раҳбарлар Собит оға овулдан-овулга ўтганида алмашиб, янгиланиб туришади. Алмашиб, янгиланмайдигани бир Қумар дўсти…

Раҳбарлар қачон меҳмонга кўниккунларича суҳбатга киришиб кетолмай, гаплари сира қовушмасди. Қумарда бу одат йўқ, “Сабит” деб бошлайди-да, ҳангомага киришиб кетаверади. Ёзувчининг илтимосига кўра, сел бўлиб дўмбира чертади.

Ҳурматли адиб билан юрт оралаган Қумар вилоят марказига етганида, Собит оғани уйига қўноққа чақиради.

– Чақирмасанг ҳам бораман, Қумар оға. Собитга насиба едирмай хотининг қутулмайди.

Бу гапдан икковлари ҳам завқланиб кулишди.

Ёзувчи ҳурматига обком зиёфат берди. Зиёфатдан сўнг, Собит оға вилоят бошлиқларига илтимос қилди:

– Мени Қумарнинг уйига олиб бориб қўйсанглар. Чарчадим. Дам оламан.

– Дачада дам олганингиз яхши-ю, Собит оға?

– Йўқ. Қумарга ваъда бериб қўйганман. У мол сўйиб, тайёргарлик кўриб ўтирибди.

Қумарнинг уйи кичкина, энгашиб кирадиган қозоқи уй экан. Билмасдан ўрнингдан қўққис кўтарилсанг, бошинг шифтга тегади.

– Ў, дўстим, уйинг кичикроқ экан-у, аммо салқин, яхши!

– Кампир икковимизга бўлади. Собит дўстимиз юртнинг яхши уйларига бормасдан, бизнинг ёмон уйимизга меҳмонга келди. Менга бундан ортиқ бахтнинг кераги йўқ!

Собит оға эрталаб Атров нефть бирлашмасининг бошлиғи Сафи Ўтабоевнинг қабулхонасига борди. Бошлиқ ёзувчини қучоқ очиб қарши олди.

– Қароғим, Сафи, мен худди ҳозир анов Қумар Жусипов деган қозоқнинг йўрға оқини уйида қўниб, ўша ердан чиқиб келяпман. Уй-жойи ночор экан. Ёлғиз хона. Унинг ҳам ярмига печка қурилган. Уйнинг пойдевори чўккан. Босиб қолса, уй эгалари тагида қолиб кетади. Ўзи Қозоғистоннинг манаман деган оқини. Ёши ҳам бир жойга бориб қолган. Илтимосимни вилоят бошчиларига ҳам айтсам бўларди. Ҳукуматнинг чўнтагига тушгим келмади. Барча чиқим, харажатини мен тўлайман, сен бирлашма орқали Қумарга уй солдириб бер.

Нефть бирлашмаси бошлиғи ҳайрон бўлиб:

– Бўпти, Собит оға. Сизнинг киссангизга тушма-ёқ… – деб қўлини кўксига қўйди.

Ғарбий Қозоғистоннинг халқ оқини Қумар Жусиповнинг яна бир қанча бахтли йиллари ана шу – ёзувчи Собит Муқонов “қурдириб берган” уйда ўтди…

 

ҚУМ БАРХАНЛАРИ ОРАСИДА

(Арслон Собит ўғли Муқонов эсдалиги)

Арслон Собит ўғли “Муқонов музейи”га келди. Худди отасига ўхшаган, оғзини очса, юраги кўринадиган йигит. Отасининг ўзи дейсиз. Фарзанд бўлса Арекенгдай бўлсин экан. Собитнинг – ўғли, Ғабитнинг – куёви. Худди отасидай дилкаш инсон.

Ишқилиб болага отадан нимадир қолар экан-да. Арслон амаки отасининг дилкашлигини олиб қолган.

Бироз савол-жавоб, ҳол-аҳвол суриштиргач, у ҳикоясини бошлади.

– Отамиз ўлди. Уни ўлади деб ҳеч ўйламабмиз. Назаримизда, ҳеч ўлмайдигандай эди. Онамиздан тортиб, укалару қариндош-уруғлар ўксиниб йиғлашади. Мен дарров ўзимни қўлга олдим. Кундуз йиғламадим. Ҳаммани юпатиб турдим. Лекин, оқшом тушиши билан, отамни йўқлаб, туни билан кўз ёшимни тиёлмасдан йиғлаб чиқдим. Туни билан кўз ёшларимга эрк бериб, эртасига ҳеч нима бўлмагандай юраман. Бошқа иложим ҳам йўқ эди-да.

Асилдан оқил туғилганига нима етсин. Ўлмайдиган ота борми?! Муҳими – отанинг маросимларини муносиб тарзда ўтказиш, марҳумнинг ортида қолган жигарларини сабрли ва иродали бўлишга чақира билишда. Арслон оға шу йўлни танлади!

Оға ҳикоясини давом эттиради. Ҳаяжонланиб, тўлқинланиб, қаердалигини ҳам унутиб, жўшиб гапиради! Гар тингловчи бўлмаса – сўз етим. Лекин, Собит Муқонов ҳақидаги ҳикоя бўлса, қанча бўлса ҳам, уни ким айтса ҳам тинглайвераман, тинглайвераман…

– Отам мўъжиза билан тирик қолган, – дейди Арслон Собит ўғли, – 1936 йилнинг бир куни отам болаларни – мени, Маратни машинасига ўтқизиб олди-да, Шимолий Қозоғистонга жўнаб кетди.

Муса исмли бир туғишганимиз бўларди. Иш ахтариб, санғиб келганида, отам уни “орган”га жойлаб қўйди. Ўша яхшилик отамга бало бўлиб ёпишди. Устидан иш кўрди. Юрган-турганда изини пойлади.

Бир куни отамнинг Тўрғай томонларга “ижодий” сафар билан кетаётганини билган бир йигит “Мениям ола кетинг” деб ёпишди. Отам, кўнгилчан одам эмасми, “майли, ўтирақол” – деди. Шундай қилиб, Сариарқага йўл олдик.

Негалигини билмадиму, отам машинани кўпчиликнинг назаридан йироқ, эл яшамайдиган овлоқ жойлардан юргизди. Баъзан қум оралаб юрамиз.

Оқтепа билан Тўрғай оралиғида бир жойга келганда, машинамиз қумга ботиб қолди. Мен жон-жаҳдим билан отамга етиб юришга тиришаман, отам кичкина Маратни кўтариб олган. Юриб келяпмиз. Чанқоқдан томоқлар қуриша бошлади. Сафарда бизга шерик бўлган йигит қаёққадир ғойиб бўлди. Ҳолдан тойиб, бир саксовулнинг соясида умидсизланиб ўтирганимизда, йироқдан итнинг ҳуриши эшитилди. Отам қувониб, ўрнидан турди-да, ит ҳурган томонга қараб, биримизни етаклаб, биримизни кўтариб, йўлга тушди. Ўлдим-толдим деганда, қум барханлари орасида қозоқнинг кигиз ўтови кўзга ташланди. Унга бир амаллаб, судралиб, гандираклаб етиб бордик.

Узоқдан қорамизни кўрган ўтов эгаси бизга қараб юрди. Қора мўйлов, қорачадан келган, девсифат киши экан. Хотини қозон-ўчоқ ёнида турибди.

Уй эгаси бизни қовоғидан қор ёққан ҳолатда қарши олди. Ўтовга яқинлатгиси йўқ. “Чақирилмаган қўноқмиз” деган гапни қулоғига иладиган одам эмас. Отам хафа бўлди. Кичкина Марат “сув” деб йиғлай бошлади.

Шу пайт бир кичкина қизча ўтовдан чиқди-да, онасининг ёнига югуриб бориб, нимадир деди. Аёл қўлларини кўйлагининг этагига арта туриб, ёнимизга жадал юриб келди. Келди-да:

– Сиз Собит Муқоновмисиз? – деди.

– Ҳа.

– Манов қизим панжара орасидан сизни кўриб, китобдаги суратингизга ўхшатибди.

– Тўғри айтибди. Мен – Собит Муқоновман.

– Вой, жигар-и-им!

Аёл отамнинг елкасига бошини қўйиб, йиғлаб кўришди. Эр эса анграйиб қолди. Билсак, гап бундай экан: ҳалиги қорачадан келган қовоғи солиқ киши дордан қочган қароқчи экан. Юртига сиғмабди. Хотини эса, биз билан уруғдош чиқиб қолди. Қароқчида инсоф борми, бировнинг навниҳол қизини босиб олиб, мана шу қум орасига олиб келиб, яшай бошлабди. Аёл фарзандлик бўлибди. Туғишганлари билан юз кўришмас экан. Соғинади. Зерикади. Қочиб кетай деса, эридан қўрқади. Қум орасида чўпонлик қилади, деб ўйлаган йигити қароқчи бўлиб чиқибди. Аёлнинг неча йиллар бадалида биринчи кўрган туғишганлари – биз… Шўрлик аёл йиғламай, ким йиғласин? Илгари қандайлигини ким билсин-у, ишқилиб бу сафар опа бошқача, ўктам сўзлаб, эрига гапини ўтказиб, бизларни ўтовга киритди, мол сўйғизди, қозон осиб, бизни югуриб-елиб меҳмон қилди.

– Қаёққа кетяпсизлар?

– Шунчаки юрибмиз. Ота-онамнинг бошига болаларимни олиб бориб қайтсам, дегандим.

Ўтовда бир ҳафта ётдик. Ёлғиз кигиз ўтовдан бошқа бу атрофда қимирлаган зоғ кўринмайди. Уй эгалари оғирсинмасдан, иззатимизни ўрнига қўйишди. Бир куни машинанинг гуриллаган овози эшитилди. Югуриб, машинанинг йўлини тўсдик. Қозоғистон Фанлар академиясининг этнографик экспедицияси экан. Машинамизга мой қуйиб беришди. Биз юрадиган бўлдик. Отамга меҳри тушиб қолган қора киши:

– Собит, йўлингга бирор нима керакми? – деб сўраб қолди.

– Ҳеч нима керакмас, бир ҳафта қўноқ бўлиб ётдик, раҳмат.

– Нима зарур бўлса, тортинмасдан айтавер.

– Э, Ботир оға, нимага тортинаман. Очиғини айтсам, ханжардай йигит экансан, манов пичоғингни берсанг, уни ҳар кўрганимда сени эслаб юрардим.

– Мана шу ёмон пичоқни айтаяпсанми?

Биз Тўрғай томон юриб кетдик. Ўша йили бобом Муқон билан бувим Балсари қабрларининг бошига бордик. Отам менга:

– Манов сенинг бобонг билан бувинг ётган ер. Замону шароит қандай бўлмасин, унутмасдан эслаб юргайсан, – деди. Отамнинг ўша йилги сафари, ҳаракатлари ҳаммаси менга қандайдир сирли туюлди. У сафарга ота-онаси билан хўшлашгани чиққандай туюлди. Биз ёш эдик. Тушунмаганмиз-да.

Лекин, ўша сафар пайтидаги кўп воқеалар, отамнинг ўйчан қиёфаси, гаплари хотирамга ўша ҳолатда муҳрланиб қолган. Айниқса, бир манзара кўз ўнгимдан кетмайди. Бобом қабри устидан бир туп қамиш, бувимнинг ҳам қабри устидан бир туп қамиш ўсиб чиққан экан. Иккала туп қамишни отам авайлаб қирқиб олди. Ўрнига йилқининг илик суягини топиб, белги қилиб қўйди. Олмаотага келгач, ҳалиги қамишлардан икки най ясатиб, чалиб юрди. Онамга: “Ота-онам қабридан ўсган қамишнинг бири – мен; бири – сен. Бизга ҳозир ўлим йўқ. Най бўлиб, куй чалиб яшайверамиз” – дерди. Ҳалиги пичоқни отам қорачадан келган кишидан эсдалик, деб кўп вақтгача эҳтиётлаб юрди.

…Кейин билдик. Ўшанда отам ўзига тобора яқинлашаётган хатардан чўчиб, бирмунча вақт яширинишни ўйлаган экан. Ҳали бошимга қандай кунлар тушаркин, деб ота-онасининг руҳи билан хўшлашиш, уларнинг қабрлари зиёрати учун борган экан. Энди билдим, ўшанда бизга тасодифан дуч келиб, сафаримизда бирга бўлган, машинамиз қумга ботганда ном-нишонсиз йўқолган йигитнинг исми – Ғайса бўлиб, НКВД ходими экан. Отам ўзи ишга жойлаштирган туғишгани Муса уни айғоқчи қилиб бизнинг изимиздан жўнатган…

…Тун ярмидан ошди. Арслон амаки ҳикоясини якунлади. Болалик хотирасига ўрнашиб қолган бир кўриниш, бир манзара. Ҳикояга фарзанднинг отага бўлган меҳри ва соғинч ҳислари ҳамоҳанг эди. Ҳикояни унсиз тинглар эканман, кўнглимдан “ҳаёт бунчалар бешафқат бўлмаса?” – деган фикр ўтди. Адибнинг бировга қилган яхшилиги, ўзига ёмонлик бўлиб қайтди. Қўрқинчли замон. Сарсонликда халак бўлган буюк ёзувчи. Бунчалар бешафқатсан, замона?!…

Қозоқ тилидан Меҳмонқул Исломқул таржимаси

“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 10-сон