Балкришна Сама (1903-1981)

Балкришна Сама (बालकृष्ण सम) — Непал шоири. Ҳукмрон Рана қабиласига мансуб оилалардан бирида таваллуд топган. Кейинчалик қабиласининг демократияга қарши сиёсатига ўзининг кескин норозилигини изҳор қилиб, ўзига “Сама” (Ҳаммага баравар) тахаллусини танлайди. Унинг инглиз тилини чуқур билиши Ғарб маданияти ва фалсафаси билан яқиндан танишишга ёрдам бериб, бу борадаги тажрибаларини ўз ижодида қўллашида жуда қўл келди. “Совуқ ўчоқ”, “Одамларни севаман”, “Майли, бўла қолсин”, “Ишонч”, “Келажак” каби поэмалари, “Мукунд ва Индира”, “Прахлад”, “Муҳаббатга бахшидалик” ва бошқа драмалари билан танилган.
Б.Сама 1933 йилдан Непал таржима жамиятини бошқарган. 1957 йилдан Непал академияси аъзоси, 1968–1971 йилларда унинг вице-президенти.

ОЛҚИШЛАЙМАН

Олқишлайман ҳалол меҳнатни,
Ғайрат қилиб, жўшиб ҳар жойда,
Одамларга келтирсам фойда,
Олқишлайман шундай меҳнатни!

Олқишлайман дарду аламни,
Агарда бу оғриқли армон,
Эл дардига бўлса гар дармон,
Олқишлайман шундай аламни!

Олқишлайман жангу жадални,
Агар жангда сермаб қўлимни,
Енгсам разолат ҳамда зулмни,
Олқишлайман жангу жадални!

Олқишлайман жўмард ўлимни,
Агар ёвга жасоратимиз,
Исботласа матонатимиз,
Олқишлайман жўмард ўлимни!

Олқишлайман чин дилдан сизни,
Агарда дўст жангда ғоят мард,
Ҳамиша сиз бўлсангиз ҳамдард,
Олқишлайман астойдил сизни!

ШОИР БИЛАН МУСАВВИР

Орзуларим баён айламоқ учун,
Энг сара сўзларни танламай нечун.
Орзулар акси бор расмларимда,
Пайқайсиз, шубҳасиз, боқиб бир зумда.
Куй ва қўшиғингдан юрагим жўшиб,
Мен шеърлар битаман меҳримни қўшиб.
Мўйқалам тутаман ишлаб расмингни,
Мангу муҳрласам табассумингни.
Гар сени шеърларим этса маҳлиё,
Шоирман, шубҳасиз, булбулигўё.
Агар сен чорласанг, дил фароғатим,
Жўшар рассомликда бор маҳоратим.
Агарда бўлмасам сўз афсунгари,
Нетиб ром этарман сени, эй пари.
Нигоҳинг олдида ожиздир қалам,
Қўлларим тутмаса энди мўйқалам.
Наинки тасвирлар нақш айлагайман,
Тасвирларга ҳаёт бахш айлагайман.
Шоирман мардона қиламан нидо,
Ҳаёт учун садқа, бу жоним фидо.
Рассомлик, шеърият мудом ёнма-ён,
Туғишганлар янглиғ пайваста шоён.
Азал бизга яқин, ҳамнафас ҳилол,
Нуридан баҳраманд башар бемалол.

ҲАЁТ ҲАҚИҚАТИ

Кеча бола бўлган – энди ўспирин,
Ёш бугун қариди – тақдири азал.
Қариялар кетди қувлаб бир-бирин,
Чақалоқлар келар дунёга гўзал.

Янги нарса энди чиқит жўртага,
Ҳаёт қонуни шу – қатъий, бешафқат.
“Бугун” айланади бирдан “эртага”,
Ортдагилар ўтар олдинга албат.

Нимжонгина ниҳол ўрлайди кўкка,
Тик қоматлар камон янглиғ эгилар.
Гўзаллик алмашар танҳомас якка,
Чиройга бурканар ўксик кўнгиллар.

Кунлар ортидан кун, асрлар ўтар,
Бир нафас уларни жамлаши мумкин.
Шундай оний лаҳза инсонга етар,
Асрларга татир арзирли ҳар кун.

Турмуш жумбоғини англатади ким?
Айланаверади азал чархи дун.
Мўъжиза-ку, ахир, тан оламан жим,
Табиатдан, рости, оқила, дуркун.

Заррача ўзгариш яшнар гуркираб,
Шундай бўлган, шундай бўлар эртага.
Шуни ҳам билмаслик тентаклик, ё Раб,
Ўзга бино қўйиш, кибр ўртада.

Биламан деб айтмоқ, кўрлик аслида,
Имконсиз юмушга чиранмоқ азоб.
Чин бўлмас нотўғри – ёлғон наслида,
Ҳақиқатдан йироқ ёлғончи каззоб.

Олдинга боқ ўтли табассум билан,
Нима бўлган бўлса, иқбол мушарраф.
Яйраб яша соғинч дардида қалбан,
Бил: ҳаёт қувончи – бахт топмоқ шараф.

Изла омадингни, муҳаббатингни,
Қайғули дамларинг қувончга дўнсин.
Қўмсасин, соғинсин ким суҳбатингни,
Қалбда ўт-олов бор… юрагинг ёнсин.

Одамларга ином этасан сўзсиз
Ютуқларинг қилиб ошкор тантана.
Вафотингдан кейин кетмасдан изсиз,
Барҳаёт яшайсан ўн йиллаб яна.

Рус тилидан Равшан Исоқов таржимаси