Қудрат Дўстмуҳаммад. “Оғзингга қараб гапир!”

Тилимизда сўзлар ноўрин, нотўғри ишлатиладиган ҳолатлар кўп учрайди. Фақат жонли мулоқотда эмас, балки расмий ёзишмаларда, ҳужжатларда ҳам шундай бўлиб туради. Бундай ҳолатларни тузатиш ва янги, шундай ҳолатлар ҳаётимизга кириб келишига йўл қўймаслик учун ҳар бир онгли инсон ўз тилига эҳтиёт бўлиши, сўзларни ўз ўрнида, билиб-билиб ишлатиши, айниқса, авомнинг тилига эргашмаслиги лозим!

Авомнинг тили ҳақида иккита мисол: баъзи деҳқонлар “жўхори (маккажўхори) экдим”, дейиш ўрнига “макка экдим” дейишади. Буни ўзлари тушунишади, албатта, лекин ёшлар тушунмайди, гап жўхори ҳақида кетаётганини билса ҳам, “макка” сўзининг ишлатилиш сабабини тушунишмайди.

Бизнинг болалик йилларимиз қишлоқда ўтган, колхозда жўхори ҳам экиларди. Ҳосил йиғилган паллада жўхори сўталарини пўстбарг(пўчоқ)лардан тозалашни яхши кўрардик, чунки баъзи сўталарда сиёҳранг донлар жилваланиб турарди. Ана шундай жўхорини – Маккажўхори, дердик. Бу, қанчалик тўғри бўлган, мутахассисларга ҳавола.

Оғзимиздан чиқаётган сўзга эътибор қилиб гапирайлик-да! Халқимизда “Оғзингга қараб гапир!” деган танбеҳ бор. Қолаверса, Маккаи Мукарраманинг ҳурматини жойига қўйишни ҳам ўйлаш керак!

Иккинчи мисол. Тошкентдаги Қорақамич массивининг охирида қўшни бир массив бор, машҳур рассом Ўрол Тансиқбоев номи билан аталган. Руслар тили келишмаганиданми ё бошқа сабабданми, ҳар ҳолда “Таксинбаев” дейишади. Ҳеч ким тўғри талаффуз қилишни талаб қилмайди ҳам, ўргатмайди ҳам! Бу камлик қилгандек, ўзлари ҳам “Тақсинбоев” дейишади!

Мана сизга, транскрипциянинг ёзилмаган “қонун-қоидалари”дан биттаси!

Энди, расмий давраларда сўзлар нотўғри ва ноўрин иштилишига мисоллар келтирамиз.

1. “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси” деб аталган давлат мукофоти бор. Шу атамада “ёшлар” сўзи ортиқча ишлатилгани сабабли маъно бузилган: “хизмат кўрсатган” жумласи мураббийга эмас, ёшларга тегишли бўлиб қолган. Шунинг учун “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий” дейиш тўғрироқ бўлади. “Ёшлар” сўзи керак эмас, чунки мураббий – ёшлар учун-да, қариялар учун эмас-ку!

2. Юридик ҳужжатларда “Муқаддам судланган (судланмаган)” жумласи кўп ишлатилади. Бунинг ўрнига “Илгари судланган (судланмаган)” жумласини ишлатган маъқул. “Муқаддам” ҳам “илгари” деган маънога эга, лекин ҳиссиётли, баландпарвоз, кўтаринки кайфиятли ҳолатлар учун ишлатилади, масалан, шеърларда. Суд жараёни эса ҳиссиётли ёки баландпарвоз иш эмас-ку!

3. Радио ва телевидениеда бериладиган эълонларда “уч-у тўрт (ёки тўрт-у олти) ҳажмдаги расм” деган жумла ишлатилиб туради. Яъни ҳужжат топширадиган одам ўзининг, эни 3 (ёки 4) сантиметр, баландлиги 4 (ёки 6) сантиметр фотосуратини тақдим қилиши керак. Айтилган жумладаги “ҳажм” сўзи нотўғри ишлатилган, чунки у уч ўлчам: эни, баландлиги ва узунлигига эга, фотосурат эса икки ўлчамли. Шунинг учун “ҳажмдаги расм” жумласи ўрнига “ўлчамли фотосурат” дейилса, тўғрироқ бўлади.

4. Рус тилида “бытовое обслуживание” деган атама бор, ўзбечада “маиший ҳизмат” дейилади ва кўп вақтлардан бери ҳужжатларда шундай ёзиб келинади. “Бытовое” сўзи “уй-рўзғорга оид” дегани, лекин асло “маишат” эмас! “Маишат” салбий маънога эга, салбий бўлганда ҳам жуда хунук! Шу сабабларга кўра, “маиший хизмат” атамаси ўрнига “уй-рўзғор (ёки рўзғор) хизмати” дейиш керак.

5. Рус тилида ЗАГС деган қисқартма атама бор, “Запись актов гражданского состояния” сўзларининг бош ҳарфларидан тузилган. Давлат тилини ҳаётга жорий қиламан, деган “билимдонлар” бу атамани “Фуқаролар ҳолати далолатномасини ёзиш”, қисқача айтганда, ФҲДЁ деб хунукдан хунук, кулгили таржима қилишибди ва шу ёзув ҳамма ёқда расмий кучга кирган. Таржима қилганлар муҳим бир нарсани ҳисобга олишмаган: ўзбек тилида сўзларнинг бош ҳарфларини бирлаштириб, янги сўз ясаш одати йўқ, бундай одат тилимиз учун ёт, унақа сўзни ҳеч ким ишлатмайди ҳам, тушунмайди ҳам! Шунга қарамай, баъзи давлат идораларидаги расмий ҳужжатларда 10-15та бош ҳарф қаторасига ёзиб ташланганига гувоҳ бўлиш мумкин. Масалан, Давлат солиқ инспекциясининг бир расмий ҳужжатида “СваБМТТХОТХМБХК” деб ёзилган. Шу ҳужжат қўлига теккан солиқтўловчи келтирилган қисқартмани ўқий оладими? Уни, ўша ҳужжатга ҳар куни неча марталаб имзо қўядиган амалдор ҳам шариллатиб айтиб бериши гумон.

Тилимизда қисқартириш амали йўқ эмас, бор, фақат ҳарф эмас, бўғин олинади. Масалан, “олиб кел” дейиш ўрнига “обкел”дейилади.

Модомики, рус тилидаги ЗАГС сўзининг ўзбекчасини, шунга ўхшатиб қисқартириш зарур бўлса, ФҲД деб ёзиш кифоя қилади, яъни “фуқаролар ҳолати далолатномаси”. “Ёзиш”га келсак, уни тушириб қолдирсак ҳам бўлади, чунки айтсак-айтмасак ёзилади-да!

6. Рус тилидаги “скидка” сўзини “чегирма” деб таржима қилиш одат бўлиб келаяпти ва ҳужжатларда ҳам ишлатилаяпти. Чегирма – чегириб қолиш, ушлаб қолиш, уриб қолиш деган маъноларга эга. Қадимда, одамлар савдо ишларида “сийлов” сўзини ишлатишган, бозор иқтисодиётига ўтилаётган дастлабки йилларда эшитилиб турарди, лекин унутилиб кетди. Мана шу сўз “скидка”нинг асл маъносини беради, ҳатто ундан ортиқроқ маънога эга, яъни ҳарид қилаётган одамнинг ҳурматини ифодалайди.

7. Рус тилида “местами” сўзи бор, оби-ҳаво маълумотларини эълон қилишда кўп ишлатилади. Бизнинг радио ва телевидение ходимларимиз “жойларда” деб таржима қилишади-да, русча “местами дожди” деган жумлани “жойларда ёмғир ёғиши кутилади” дейишади. Ахир, “жойларда” деган сўзнинг ўзидан ҳеч нарсани тушуниб бўлмайди-ку! Шунинг учун “қайси жойларда?” деган савол туғилади. “Местами” сўзининг энг тўғри таржимаси – “баъзи жойлар”, тамом-вассалом!

Юқорида келтирилган мисолларга ўхшаш ҳолатлар кундалик ҳаётимизда кўплаб топилади. Ҳар куни, ҳар бир соҳада қанчадан-қанча беўхшов атамалар расмий мақом олаяпти! Бунақада яна ўн йиллардан кейин ўзбек тили қандай аҳволга тушаркин?!

Кундалик турмушимизда бўлаётган воқеа-ҳодисаларга разм солсак, биз ҳамма нарсани рус тилидан таржима қилиб яшаётганга ўхшаймиз. Тўғри таржима қилсак, майли-я, лекин буни ўхшатолмаган пайтларда, ўзимизнинг фикримиз, дунёқарашимиз, айтар сўзимиз йўқми?!

Қудрат Дўстмуҳаммад