Абай Қўнонбоевнинг Абай даражасига кўтарилиб, қозоқ поэзиясининг машъали, ёруғ юлдузига айланишида, айниқса, Шарқ шоирлари, жумладан, Алишер Навоий ижод дурдоналарининг таъсири беқиёс бўлган. Бу ҳақда Қозоғистон Республикаси Фанлар академиясининг академиги, ёзувчи Ғабит Мусрепов: “Қозоқнинг инқилобдан аввалги адабиётига Ўрта Осиё классиклари асарларининг таъсири катта бўлган. Ўзбек халқининг донишманд шоири Алишер Навоийнинг асарларини ўқиб, ундан ўрнак олмаган шоир кам. Классик адабиётимизнинг буюк чўққиси – Абай ҳам Навоийни ўзига устоз деб билган, истеъдодига таъзим қилган”, дейди.
Шарқ шеъриятидан таъсирланган ҳолда шеърлар битиш фақат Абайдагина эмас, балки ХIХ асарда яшаб ижод этган Шангерей, Шуртонбой, Оқон Сери, Шаади тўра Жангиров, Базор жиров, Қорасоқол Эримбет, Қулинчоқ, Мали хўжа, Кенже хўжа каби қозоқ шоирларида ҳам кузатилган. Бироқ Абай Қўнонбоев улардан анча илгари кетади, Низомий, Навоий, Фузулий, Бобур асарларини чуқур ўрганиб, бадиий бақувват асарлар, ажойиб достонлар яратади. Шоирнинг 1858 йили, 14 ёшида ёзган “Фузулий, Шамсий, Сайқалий” номли шеърий асари илҳом ва илмнинг дастлабки ҳосиласи эди.
Алишер Навоий билан Абай Қўнонбоев икки даврда, икки хил тарихий-ижтимоий шароитда – бири Ўрта аср маданиятининг равнақ топган даври (ХV аср)да темурий шаҳзодалар саройида умргузаронлик қилган бўлса, иккинчиси ХIХ асрнинг иккинчи ярмида саҳро халқи орасида – яшаган эса-да, уларнинг ҳаёти ва ижодий фаолиятларида, аҳлоқий-дидактик қарашларида бир-бирига яқинлик, ўхшашликларни пайқаш қийин эмас. Алишер Навоий муайян маънода ҳукмдор (вазир ва Астробод ҳокими) бўлгани сингари Абай Қўнонбоев ҳам ҳукмдор (овул бўлиси) эди. Шу боис ҳар иккиси ҳам умрининг сўнгги дамларигача халқ манфаатини кўзлаган. Адолат, ҳаққонийлик, инсоний бурч, илм-маърифатни улуғлаб, ўз асарларида мазкур тушунча-туйғуларга кенг ўрин берганлар. Жумладан, Алишер Навоий давлат арбоби сифатида Астрободни обод қилиш, халқнинг турмуш даражасини яхшилаш борасида қатор адолатли фармонлар чиқарган бўлса, Абай Қўнонбоев 1885 йили Семипалатинск ўлкасида яшовчи қозоқлар учун 60 моддадан иборат қонун лойиҳасини тузиб, халқ орасида жорий қилади. Ҳатто Абай ўз отаси Қўнонбойнинг олиб борган айрим зўравонлик ишларига ҳам ҳақли эътироз билдиради.
Икки улуғ шоирнинг ижодий тамойиллари ҳам ўхшашдир. Алишер Навоий шеърият, санъат ва илм-фанга беписанд муносабатда бўлганларни, баъзи чаламулла ижодкорларни ёқтирмаганидек, Абай ҳам ўз давридаги қозоқ шоирларининг бемаза битикларини танқид остига олади. Ҳазрат Навоий замондоши Осафийга қарата: “Демак, сиз ёзган ҳар юз мисра шеърнинг баҳоси бир пул экан-да”, дея киноя қилган бўлса, А.Қўнонбоев шеърият бўстонини хашакка тўлдирган қозоқ оқинлари Чўртонбой Қаной ўғли, Дулат Бабатоев ва Бухор жировга атаб қуйидаги мисраларни битади:
Чўртонбой, Дулат билан Бухор жиров,
Шеърлари бошдан-оёқ алғов-далғов.
Мағзини чақадиган одам бўлса,
Ҳар мисрада камчилик сезар дарров.
Ҳар икки шоир ҳам халққа ҳалол хизмат қилиш, инсоний фазилатлар, адолат, пок муҳаббатни ҳар қандай мансаб-амалдан юқори қўяди. Навоий:
Мансабдан мансабсизликка бургин юз,
Ҳар мансабдан мансабсизлик дуруст, –
деган хулосага келса, Абай: “Буюк мансаб баланд қоядир. Унга эринмай ўрмаласа илон ҳам чиқа олур”, – дейди. Ҳатто бири вазирликдан, бири бўлисликдан воз кечишлари ҳам ҳаётдаги маслакларининг бир-бирига монанд эканини кўрсатади.
Одамий эрсанг демагил одами,
Ониким йўқ халқ ғамидин ғами –
ҳамда “Отанг фарзанди бўлма, одам фарзанди бўл” – ўзбек ва қозоқ миллатининг шиорига айланиб улгурган ушбу мисраларда комил инсон ғояси икки инсонпарвар ижодкорни ўйлантирган абадий мавзу эканини англаймиз.
Улар ижодидаги яна бир ҳамоҳанглик – меҳнатни улуғлаш, меҳнат аҳлини қадрлаш асарларида яққол кўзга ташланади. Масалан Навоий:
Умрни зое этма, меҳнат қил,
Меҳнатни саодатнинг калити бил, –
деса, Абай шундай ёзади: “Меҳнат қилсанг эринмай, қорнинг тўяр тиланмай”.
Кези келганда айтиш лозимки, иккисининг асарларида бадиий образларни тасвирлашдагина эмас, балки табиат ҳодисаларини ифодалашда ҳам мавжуд ўхшашликлар яққол кўзга ташланади. Масалан, Алишер Навоий қиш фаслини тасвирлар экан, шундай ёзади:
Совурди чуп шажар баргини сарсар,
Су(в)нинг сийобдини дай қилди мармар,
Ҳаво доғи булутдин кийди синжоб,
Булут доғи ҳавога сочди сиймоб,
Дай устоди нечунким заргари Чин,
Залол атфоли лавҳин қилди сиймин,
Булутдин ким томиб ҳар қатраи су(в),
Бурудатдин ёғиб оламга инжу…[1]
Яъни шоир, “қаттиқ шамол дарахт баргларини совурди, қиш симобдек ҳаракатдаги сувни музлатди, ҳаво булутдан синжоб (ҳайвон терсидан тикилган пўстин) кийди, булут ҳавога қор (симоб) сочди. Қиш устози, Чин заргари кумушдан тахт ясагандек, сув (муз)дан тахт ясади. Булутдан томган ҳар томчи сув, совуқдан инжу бўлиб оламга ёғилди”, – деса, Абай Қўнонбоевнинг машҳур “Қиш” шеъри шундай бошланади:
Оқ либосли, гавдали, оқ соқолли,
Кўзсиз соқов, танимайди тирик жонни.
Ҳамма ёғи оқ қиров, туси совуқ,
Босган изи ғарчиллаб келиб қолди.
Нафаси – изғиринли, аёзли қор,
Қари ошнанг – қиш келиб ташвиш солди[2].
(Таржима бизники – Қ.С).
Абай Қўнонбоев ўзининг “Искандар” достонини яратар экан, у Алишер Навоий қаламига мансуб “Садди Искандарий” ҳамда Низомийнинг “Искандар” достонига, шунингдек, тарихий ва афсонавий “Искандар”га ҳам ижодий, шу билан бирга танқидий ёндашганини кўрамиз. Абай бошқаларникидан фарқли ўлароқ Искандарни эл-юртни талон-тарож этувчи золим шоҳ, босқинчи сифатида гавдалантириб, ўқувчиларни ундан нафратлантиради. Шу орқали адолатсизлик, шафқатсизлик ва зулмни кескин қоралаб, қаттиқ танқид остига олади. Алишер Навоий яратган “Садди Искандарий” достони билан Абай Қўнонбоевнинг “Искандар” асари ўртасида сюжетдаги тафовут, ўзига хос ифода, индивидуал услуб, ўзгача тасвир китобхон назаридан четда қолмайди. Абай Шарқ халқлари афсоналари асосида ўз достонини яратар экан, асарни қозоқ халқининг турмушига мослаштириб, қозоқча вариантини яратади. Ижодкор маҳорати ва истеъдодидан дарак берувчи бу достон қозоқ халқи орасида кенг шуҳрат қозонган.
Таъкидлаш жоизки, Абай Қўнонбоевнинг ижодий камолотида она юртининг халқ оғзаки дурдоналари, рус классикларининг нодир асарлари билан бир қаторда, Шарқ адабиётининг жавоҳиротлари ҳам ижобий роль ўйнаган. Академик Мухтор Авезовнинг қайд этишича, Абай Қўнонбоев ўғли Оқилбойга ҳазрат Алишер Навоийнинг “Сабъаи сайёр” достони сюжети асосида “Жарроқ” номли асар ёзишни топширгани, набираларидан бирининг исмини Бобур қўйгани шоирнинг ўзбек халқига ва унинг буюк фарзандларига бўлган меҳр-муҳаббатининг ёрқин далили десак, муболаға бўлмас. Ҳатто Абай Қўнонбоев ўзининг “Қозоқнинг келиб чиқиши ҳақида бирмунча сўз” номли мақоласида Бобур шахсига батафсил тўхталиб: “Бобур шоҳнинг онаси билан туғишган икки қариндоши бўлган. Каттаси Тошкентда хон бўлса, кичиги қозоқларга ҳукмронлик қилган. Булар Чиғатой наслидан бўлган Юнусхоннинг болалари эди. Ўша қозоқларга ҳукмронлик қилганининг номи Аҳмад эди”[3], – дейди ва унинг қозоқлар орасидан уч юз аскар тўплаб, қалмоқлар билан курашганини қайд этади. Бу курашда Аҳмад хон қалмоқларга қақшатқич зарба берганидан уни қалмоқ хони: “Бу бир ёнолғиш бўлди”, – дейиш ўрнига: “Мана бу бир Алаш бўлди-ку”, – деб юборади. Шундан унинг номи “Алаш” деб номланибди”, – деган фикрни илгари суради ҳамда: “Бобурнома”да ана шундай ёзилган”, – деб, алоҳида уқтириб ўтади.
Буларнинг бари қозоқ шеърияти намояндаси, қозоқ халқининг фахри Абай Қўнонбоевнинг Фирдавсий, Низомий, Навоий, Бобур каби буюк алломалар асарларидан доимо баҳраманд бўлиб, уларни ўзига устоз билиб, алоҳида ҳурмат кўрсатганидан далолат. У ўзининг “Қозоқнинг келиб чиқиши ҳақида бирмунча сўз” номли мақоласида ўзбек халқи ҳақида алоҳида тўхталиб: “…ўзбеклар экмаган экин, улар олмаган ҳосил, савдогарларининг бормаган жойи йўқ… Хуллас, уларнинг қўлидан келмаган иш йўқ. Руслардан фарқли улар қозоқларнинг тиригига ҳам, ўлигига ҳам ярайди, – дейди. – Ўруслар келгандан кейин ҳам ўзбеклар уларнинг илми, урф-одатларини биздан кўра олдинроқ ўрганиб олишди. Зийраклик, моҳирлик, эпчиллик, уддабуронлик ҳам шуларда, сиполик, одоб ҳам шуларда”, – деб, қардош ва ёндош ўзбек халқига юксак баҳо беради.
Буюк мутафаккир шоир Абай Қўнонбоевнинг ўз ватани ҳамда ўзбек халқига туйган муҳаббати унинг ота ўғли эмас, одам ўғли, чинакам инсонпарвар, бағри кенг ижодкор эканидан далолатдир.
Рус тилидан Амир Файзулла таржимаси
“Жаҳон адабиёти”, 2015 йил, 8-сон
[1] Маллаев Н. Ўзбек адабиёти тарихи. –Тошкент: “Ўқитувчи”, 1976. 455-бет.
[2] Құнанбаев А. Шығармаларының екі томдық толық жинағы. –Алматы, ҚМКӘБ, 1977. 95-бет.
[3] Кўрсатилган асар. 158-бет.