Чинакам санъат асари — бетакрорлиги билан қимматли. Энг юксак мақомдаги қайтариқ ҳам бадиий аҳамиятга эга бўлмайди. Шунинг учун чин адабиётни қайтарилмас эстетик тажрибаларнинг узлуксиз занжири, дейиш мумкин. Омон Мухтор — ижоди тажрибалар оғушида кечаётган санъаткор. У 1956 йилдан бери шеър ёзади. Наср ва драмага қўл урганига ҳам қирқ йилдан ошди.
Ёш шоир илкинчи шеърларидаёқ ўзгаларникига ўхшамаган туйғуларни оҳорли йўсинда ифодалашга уринганди: “Олам бор. Сершовқин, сертуйғу олам – Менинг шодликларим, менинг ўксимда. Кўксида жойлади мени бу олам, Оламни жойладим мен ҳам кўксимда”. Бу тўртликда “қайғуларим” маъносида “ўксим” сўзининг берилиши, жўналиш келишиги ўрнига бухороликларга хос ўрин-пайт келишиги қўшимчаси қўлланиши шоирнинг ўзига хосликка интилишини кўрсатади. Бундай интилиш ёзувчини тарк этмади. Унинг роман, ҳикоя, драма ва эсдаликлари ифодавий ўзига хосликка уриниш маҳсулларидир.
Тилимизда “кўкармоқ” сўзи ўсимлик ва одамларга нисбатан “ўсиш”, “яшаш”, “яшариш”, “тириклик” маъноларида қўлланилади. Омон Мухтор бу сўзни: “Эрта саҳар маҳали Кун ҳам кўкаргани йўқ” тарзида бир йўла қуёшнинг ёйилиши ва кундузнинг бошланиши маъноларида ишлатади. Шеър учун ифоданинг фақат оригиналлиги эмас, балки ўринли экани муҳимроқдир. Жойида қўлланган кўкариш сўзи “кун” сўзининг маъно доирасини кенгайтириб, тасвир таъсирчанлигини оширишга хизмат қилган.
Ҳадисларда ниятнинг амалдан устун экани айтилади. Шу маънода шоирнинг: “Баланд бир парвозни истайман, аммо Менга ҳеч ёқмаган баландпарвозлик” сатрлари унинг шахс ва ижодкор сифатидаги қиёфасини англатади. Бошқа бир шеърида ярим ҳазил билан айтилган: “Ёқтириш – бу менинг гуноҳим, Менинг кўп бўйнимда гуноҳлар” мисралари шоирнинг ижоди эзгулик ва муҳаббатга таянганини билдиради.
Омон Мухтор олам ва одамни яхлит идрок этиб, яхлит тасвирлашга уринади. Шу боис, унинг яратиқларида синкретлик кучли. Гарчи ХХ аср адабиётида умумийликдан қочиб, хусусийликка интилиш тамойили устувор бўлса-да, ёзувчи ҳамиша адабий тур ва жанрлар ўртасида ўтиб бўлмайдиган девор йўқлигини кўрсатишга интилиб келди. Унинг шеърларида наср ва драма унсурлари, наср ва драматургиясида эса шеъриятга тегишли белгилар учраши оддий ҳол.
Омон Мухторнинг илк романи “Йиллар шамоли” 1976 йили дунё юзини кўрди, иккинчиси “Эгилган бош” 1989 йили битилди. Аммо адибнинг романчилик борасидаги ижодий имкониятлари асосан мустақиллик йилларида юзага чиқди. Бу даврда у “Минг бир қиёфа” (1994), “Ўлмаган жон” (1995), “Кўзгу олдидаги одам” (1996), “Ффу” (1996), “Аёллар мамлакати ва салтанати” (1997), “Афлотун” (1998), “Бухоролик бир йигит” (1998), “Майдон” (1999), “Тепаликдаги хароба” (2000), “Ишқ аҳли” (2000), “Буюк фаррош” (2004), “Одамлар кулишлари керак” (2008), “Хотин подшоҳ” (2010), “Муҳаббат ўлимдан кучли” (2010) каби ўн тўртта роман яратиб, романлари сонини ўн олтитага етказдики, бошқа бирорта ўзбек адиби бундай кўрсаткичга эга эмас. Албатта, адабиётнинг тараққиёт даражасини миқдор белгиламайди. Мазмун теранлиги, ифода йўсинидаги бетакрорлик, шаклий-услубий изланишларнинг самарадорлиги, тасвир қамровининг кенглиги бадиий яратиқларнинг қимматини белгилайдиган омиллардир. Лекин миқдор ўзгаришлари сифат ўзгаришларига олиб келиши ҳам бор гап.
Адиб истиқлол даври ўзбек романчилигига қатор янгиликлар олиб кирди. У даврнинг шиддаткорлигини, ахборотлар ҳаддан ташқари кўплигини, қолаверса, ўқувчининг вақти тақчиллигини ҳисобга олиб, роман ҳажмини қисқартиришга уринади. Айни вақтда, роман “алоҳида индивиднинг эпоси” эканидан келиб чиқиб, тасвирда психологизмни кучайтиришга интилади. Унинг романларида ортиқча тафсилот йўқ, бадиий маъно эса тасвирга сиғмас даражада тиғиз.
“Ишқ аҳли” ва “Буюк фаррош” романларидан таркиб топган “Навоий ва рассом Абулхайр” дилогияси ёзувчи ижодида алоҳида босқич бўлди. Асарда воқеалар тасвиридан кўра шахс тадқиқи устувор. Шунинг учун ҳам бу асарлардаги тимсоллар тарихдан маълум воқеаларни амалга оширган ижрочилар эмас, балки бугунги одамлар сингари тинимсиз ўзгариб турадиган туйғулар эгалари сифатида тасвирланади.
Бу дилогия Навоий ҳақида илгари яратилган бирорта асарни такрорламайди. Ёзувчи буюк мутафаккир табиатининг кўздан яширин қирраларини ўзига хос бадиий мантиқ асосида тасвирлайди. У ўқувчига ақл ўргатмайди, тасвирларни сўнгги ҳақиқат тарзида тиқиштирмайди, аксинча, китобхонга ишонади, унга кўнглини ёриб, ўзини безовта қилган ўю туйғулар юзасидан дардлашади. Бу борада романнинг буюк Навоий тимсолини яратмоқчи бўлган рассом Абулхайрнинг кундалиги шаклида битилгани муаллифга қўл келган.
Ёзувчи асарда Абулхайрнинг изланишлари, интилишлари, иштибоҳлари, енгишу ютқизиқларини акс эттириш асносида ўқувчини суҳбатдошга айлантиради. Адиб буюк Навоий сиймосини деворга илиб қўйиладиган бенуқсон суратдан ўқувчининг кўнглига кўчиради. Буюк шоирни ҳар қандай камчиликдан холи фаришта, ҳеч хато қилмайдиган авлиё эмас, балки улуғлик қисмати билан тақдирланган бўлса-да, оддий бир инсон сифатида кўрсатади.
Асарнинг эътиборга лойиқ яна бир жиҳати шундаки, тасвирда воқеалар билан психологик таҳлил мутаносиблигига эришилган, талқинда бадиийлик билан илмийлик уйғунлашган. Маълумки, кейинги вақтда бадиий тасвир билан илмий изланиш муайян даражада қўшилиб келадиган асарлар яратилиб, улар “роман-эссе”, “маърифий роман”, “илмий-маърифий қисса”, “илмий роман”, деб аталмоқда. Аммо О. Мухторнинг роман дилогияси улардан тубдан фарқ қилади. Гарчи асарда илмий тадқиқот унсурлари яққол кўринса-да, уларга синчков рассомнинг сезимлари, туйғулари кўчгани боис бу тасвирлар тугал бадиийлик касб этади.
Адиб ўз олдига Навоийнинг шахс сифатидаги феъл-атвори ва ҳаёт йўсинини белгилаган омилларни кўрсатиб беришни мақсад қилиб қўяди. Асар сюжетининг ассоциативликка асослангани, композициясининг қолиплаш усулида қурилгани бу мақсадга эришишда қўл келади. Воқеа ва руҳий ҳолатлар тасвирида динамизмга эришилгани эса ифода шиддатини ошириб, Навоийнинг қалб титроқларини яққолроқ кўрсатиш имконини беради. Эпик воқеалар ифодаси ичкин ҳиссий кечинмалар тасвири ҳисобига бойитилган.
Навоий ҳақидаги романнинг услубий йўналишини белгилашда адибнинг воқеликни идрок қилиш тарзи, бадиий ифода усуллари, тасвир манераси алоҳида аҳамият касб этади. У тарихий шахсга ўтмишнинг дахлсиз ёдгорлиги тарзида ёндашмайди. Романда замондошимизнинг тарихий шахсларга интиқлик ва соғинч билан талпиниши, уларга мустаҳкам генетик боғлиқлик туйиши, дардига улардан малҳам излаши ва куч олиши сабаблари кўрсатилади. Асарда ўтмиш билан бугун ўртасида узилиш бўлиши мумкин эмаслиги, замоннинг бир ўлчовли ҳодиса экани ифодасини топган.
Роман ўзига хос ифода, оҳанг, туйғу ва ранглар товланиши, баён тарзи, характерлар ёрқинлиги билан ажралиб туради. Муаллиф қисмати даҳолик бўлган Навоийнинг адоқсиз тўсиқлардан ўтиш жараёнига хос улуғлик ва фожиавийликни унинг асарларида акс этган умр ва кўнгил манзаралари орасидан топишга уринган. Ҳис-туйғулар ифодаси оламидан тасаввурлар чизгиси томон бориш асносида адиб бетакрор шахсият эгасининг бошқалардан мутлақо фарқ қиладиган, айни вақтда, ҳамманикига ўхшаш тийнатини очишга уринган.
Романда характер ҳақиқатига эришиш учун Навоий асарларидан мисоллар келтирилган ва улар бош қаҳрамоннинг моҳиятини очишга мувофиқлик даражасига кўра жойлаштирилган. Адиб Навоийнинг ўй-мулоҳазалари, юрак туғёнлари ифодаси орқали даҳо инсоннинг олам ва одамлар билан муносабатлари асоси нимадан иборатлигини тайин этишга интилади. Роман-дилогиянинг фалсафий-эстетик меҳварини инсон руҳи ва тафаккурида кечган жараёнлар тасвири ташкил этади. Ёзувчи нафақат Навоий, балки Ҳусайн Бойқаро, маликалар, шаҳзодалар тимсолларини тасвирлашда ҳам ҳеч ким юрмаган йўлдан боради.
Даҳо ҳатто ўзи жуда истаган тақдирда ҳам ҳеч қачон бир кишига тегишли бўлолмайди. Шу боис даҳонинг шахсий ҳаёти ҳеч қачон тўкис бўлмайди. “Ишқ аҳли”да Навоий ҳазратларининг бор-йўғи дарвешликни истагани, унга интилгани, аммо ўзи хоҳламаган ҳолда бир умр ижтимоий ҳаёт марказида туришга мажбур бўлгани ишонарли тасвирланган. Адиб Навоийни фарзанд, оға, вазир, мутафаккир, шоир ва сўфий сифатида тадқиқ этишга уринади.
Миллат аҳлининг барча қатламларига ҳар жиҳатдан маълум шахснинг ҳеч кимникига ўхшамаган бадиий тасвири акс этган романдилогия Давлат мукофоти билан тақдирланди.
Омон Мухтор “Муҳаббат ўлимдан кучли” романида эзгулик билан ёвузлик кучлари ўртасидаги адоқсиз ва муросасиз курашни муайян шахслар тақдири мисолида мистика билан реалликнинг аралаш тасвири асносида акс эттирган. У сабаб билан оқибатни уйғунликда тасвирлаб, баъзан оқибатда сабабни, сабабда оқибатни намоён этади. Шу боис унинг битганларида мантиқий изчиллик йўқдай, тасвирда қоришиқлик етакчидай туюлади.
Ёзувчи романларида баъзан бир сўзни бир нечта бўғинларга ажратиб, алоҳида йўлга чиқараверади. Ҳатто ҳазрат Навоий ғазаллари ҳам синдириб-синдириб берилаверади. Бундай шакл асарларга муайян ритм бағишлаб, уларнинг ички оҳанг билан ўқилишини таъминлайди. Бу хил асарларни ўқиш ўқувчидан руҳий мувозанатдан чиқиб, асар қаҳрамонлари ҳиссиёти оламига кўчишни талаб қилади. Ўзгача зарб асарларга ўзига хос руҳ бахш этиб, қаҳрамонлар туйғуларининг тез ва тўла илғаб олинишига имкон беради. Омон Мухтор услубига хос — тасвирни тўлиғича синиқ мозаика асосига қуриш “Муҳаббат ўлимдан кучли” асарида ҳам етакчилик қилади. Романдаги сўзлар қаторининг аксарияти синиқ, бу синиқ қаторлар орқали тасвирланган тимсолларнинг тақдирлари ҳам синиқ. Муаллиф услубига хос яна бир жиҳат асарларидаги воқеалар ривожи, тимсоллараро муносабатлар ифодасида драмага ўхшашлик борлигидир. Баён ўрнини диалог эгаллаши асарларга драматик руҳ бағишлайди.
Ижодкорнинг насрий асарларида замон ва макон чегараларига қатъий риоя қилинмайди. Унинг қаҳрамонлари кечадан бугунга келишлари мумкин бўлгани каби, шаҳардан чўл ёки кимсасиз майдонга тушиб қолишлари ҳам ажабланарли эмас. Услубдаги эркинлик тасвирда хронотоп, яъни макон ва замон мутаносиблиги талабига амал қилинмаганида ҳам кўринади. Унинг асарларида одам ўтмишдан келиб қолиши ёки неча асрлар олдин бўлиб ўтган воқеалар ичига ўтиб кетиши, бугунда ўтмиш ва ўтмишда ҳозир ёки келажак намоён бўлавериши мумкин. Адиб шу йўл билан инсоний туйғуларнинг азалийлиги, эзгулик ва ёвузлик курашининг доимийлигини акс эттиради.
“Хотин подшоҳ” романида исломнинг кириб келиш вақтида Бухоро салтанатини бошқарган подшоҳ Ойнур тимсоли меҳр билан тасвирланган. Гарчи романда кўпроқ холис тасвир усули танланган бўлса-да, муаллиф гўё бир йўлбошловчи каби ўқирманни ҳам кўҳна тарих, ҳам қадимий Бухоро бўйлаб етаклаб ўтгандай бўлади. Адиб озодлик, эътиқоду имон учун борган ботиний ва зоҳирий жанглар тасвирланган бу романида севгининг сеҳрли қудратини бир-бирига қарама-қарши турган кучлар: туркийлар подшоҳи Ойнур ва араблар лашкарбошиси Саййид ибн Усмон сиймоларида акс эттиради. Бир-бирига ёв бўлган икки ёш ўртасида беихтиёр пайдо бўлган азобли севги тасвири асарга айрича жозиба бахш этган.
Омон Мухтор — бир неча драматик асарларнинг ҳам муаллифи. Унинг “Минг йилдан сўнг”, “Бош масала”, “Иккинчи ҳаёт”, “Амир Алишернинг дарди” каби асарларида драма борасидаги мавжуд тушунчаларга янгича ёндашишга уринилган. Уларда муаллиф кўпроқ воқеани эмас, одамни тасвирлашга, унинг атрофдагилар билан эмас, балки ўзи билан курашини кўрсатишга эътибор қаратади. Илк драмасида одам минг йил олдин қилган гуноҳи учун ҳам жавобгар экани, ёвузлик каби эзгулик ҳам минг йиллар давомида унутилмаслиги ўзига хос туркона маскарад шаклида акс эттирилади.
Умуман, Омон Мухтор драмаларига хос умумий жиҳат шундаки, улар воқеалар драмаси эмас, балки кечинмалар драмасидир.
Ҳар қандай ижод намунаси – ижодкор шахсиятининг маҳсули. Демакки, ижоднинг даражаси шахсиятнинг даражасидан келиб чиқади. Шу жиҳатдан Омон Мухторнинг:
Хаёлга берилиб ёшлик пайтидан Кўнглимда туғилиб юксалиш дарди. Ҳаётда ҳеч кимга ўхшамайдиган Буюк бир ишларни қилгим келарди —тарзидаги иқрори ҳам ўзига хосдир. Адиб ижодининг яшовчанлиги ҳамда жозибасини таъминлаган омиллар ҳеч кимга ўхшамайдиган буюк ишларни қилишга бўлган иштиёқ ва юксалиш дардининг мунтазамлигидир.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2011 йил 34-сонидан олинди.