Ҳамиджон Ҳомидий. Атоқли навоийшуноc (2011)

Илм-адаб аҳли орасида шундай зотлар бўладики, улар бир умрга нина билан қудуқ қазигандек кўҳна сарчашмаларни варақлаб, маънавият инжуларини ўрганиб, сайлаб-териб таҳлил этиб, билганларини ўзгаларга, шогирдларга ўргатиб юрадилару, аммо ҳирс, ҳою ҳавас, бойлик-сарватга, амал-мартабага бефарқ қарайдилар, барча юмушларни хокисорлик ва фидойилик билан бетамаъ бажарадилар. Машҳур олим, Шарқ адабиётининг нуктасанж донишманди филология фанлари доктори, профессор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, ушбу сатрлар муаллифининг устози Натан Муродович Маллаев ана шундай донишмандлардан эди.

Ўтган асрнинг 50-йилларида адабиётшунослик майдонига кириб келган Маллаев умр бўйи(1922 — 1996) ўзбек классик адабиётининг энг долзарб масалаларини тадқиқ этиш, қардош халқлар адабиётларининг муҳим жиҳатларини ўрганиш, таржима қилиш, ўрта ва олий мактаблар учун дарслик, қўлланмалар, дастурлар ёзиш, мажмуалар тузиш, илмий ва илмий-оммабоп китоблар битиш, фан номзоди ҳамда докторларини тарбиялаб етиштириш билан муттасил шуғулланган. Профессор Н. Маллаев ижодий бисотида Навоийнинг ҳаёт йўли ва мероси таҳлили алоҳида саҳифаларни ташкил қилади.

Устоз 1963 йили олий ўқув юртлари учун республикамизда биринчи бўлиб «Ўзбек адабиёти тарихи» дарслигини яратди. Ўша кезлари Навоий «Хамса»сининг устод Порсо Шамсиев томонидан танқидий матни яратилган бўлса ҳам шоирнинг кўпгина асарлари ҳали жиддий ўрганилмаган ва нашр этилмаган эди. Натижада муаллиф дарсликни ёзишда шоирнинг ҳаёти, фаолияти, ижодий меросини батафсил ёритишга киришар экан, биринчи — қўлёзма сарчашмаларга — асл нусхаларга мурожаат қилишга мажбур бўлган. Навоийнинг насрий, илмий асарлари, «Хазойин ул-маоний» куллиётидан олинган мисоллар, намуналар илк бор илмий истеъмолга жалб этилган, кенг илм-адаб аҳли эътиборига биринчи дафъа изчил, теран илмий поэтик таҳлиллар асосида ҳавола қилинган эди.

Дарслик доирасида Навоийнинг лирик мероси жанр, мавзу, ғоявий йўналиши, образлар силсиласи, энг муҳими, поэтик жиҳатдан жиддий таҳлил этилгани боис у дарслик муайян даржада илмий қимматга ҳам молик эди.

Маълумки, 1965 йили юртимизда Навоий таваллудининг 525 йиллиги муносабати билан катта илмий ва амалий ишлар амалга оширилди. Профессор Ҳамид Сулаймон томонидан «Хазойин ул-маоний» куллиёти, «Девони Фоний» нашр эттирилди; ўзбек тилида 15 жилдлик танланган асарлари, рус тилида 10 жилдлик сайланмаси чоп қилина бошланди; айрим асарларининг, шу жумладан, «Хамса» достонларининг илмий-талқидий матнларини тузишга киришилди. Навоийшунос Олим Шарафиддиновнинг «Алишер Навоий»(1948) китобидан сўнг шу йиллари Н. Маллаевнинг «Гениал шоир ва мутафаккир» номли илмий-оммабоп рисоласи уч тилда — ўзбек, рус ҳамда қорақалпоқ тилларида нашр этилди. Китобда муаллиф Навоийнинг ҳаёт йўли ҳамда давлат арбоби сифатидаги фаолиятини, бадиий, илмий меросини оммабоп бир тарзда мукаммал баён қилган; уларнинг балоғат ва нафосатини, шоирнинг ижодий нияти — асарларида нафис бадиий пардаларда ифодаланган юксак ғояларни лўнда шаклда теран таҳлил этиб кўрсатишга муваффақ бўлган. Бундан ташқари, профессор Н. Маллаев Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейини ташкил этишда устоз Ҳамид Сулаймонга яқиндан кўмаклашган. У кишининг бевосита саъй-ҳаракатлари билан ўзлари ишлаётган Низомий номидаги педагогика институтида(ҳозирги университет) адабиёт музейи ташкил қилинди.

Ўтган асрнинг 70-йилларида Н. Маллаев “Ўзбек адабиётида ғазал ва унинг тараққиётида Навоийнинг ўрни»(1972), «Хамса» муқаддимоти ва наътларининг моҳияти ҳақида»(1974), «Навоий ижодининг халқчил негизи»(1977), «Навоий ва халқ оғзаки ижоди»(1976), «Асрлар эътирофи ва таъзими»(1976) сингари бир силсила тадқиқотлар яратди, шоир асарларининг кўпжилдлик нашрларини чоп этишда қатнашиб, айримларига сўзбоши ёзди, адиб ижодининг энг муҳим жиҳатлари хусусида кўплаб илмий мақолалар битди. Коммунистик мафкура зуғуми авж олган, исломий аҳкомлар ҳақида гапириш мумкин бўлмаган бир пайтда Маллаев «Хамса» ҳамд ва наътларини таҳлил қилиб, уларнинг ижтимоий-фалсафий, илмий, тарбиявий-маърифий қимматини дадил айта олган эди.

«Асрлар эътирофи ва таъзими» рисоласида забардаст шарқшунос Навоий асарларининг форс, араб, француз, немис, лотин, рус тилларига таржималарининг аннотацион библиографиясини яратган; дунё ­шарқшуносларининг ана шу таржималар асосида шоир ижоди ҳақида ёзган ­илмий асарларининг оммафаҳм, яхлит таҳлилларини берган, маърифий, амалий аҳамиятга молик хулосалар чиқарган. Бу рисола дунё навоийшунослиги тарихини ёритишга бағишланган дастлабки илмий-оммабоп китобдир. Зеро, ўша йиллари бирон олим бундай юмушни ўз зиммасига олмаган эди.

Олимнинг Навоий ижоди таҳлилига бағишланган асарлари орасида ­“Навоий ва халқ оғзаки ижоди» деб номланган фундаментал монографияси алоҳида залворга эга. Зероки, тўрт боб ва бир неча ички фаслдан ташкил топган бу асарда Натан Маллаев Шарқ қўлёзма манбалари, оғзаки ижод неъматларига суянган, асосланган, ҳамкасбларининг бу йўналишдаги тадқиқотларини эътибордан соқит қилмаган ҳолда, Алишер Навоийнинг «Хамса»ни яратишда араб, форс, туркий халқлар асотирлари, илоҳий адабиётидан нечоғли баҳраманд бўлганини, ижодий файз топганлигини атрофлича таҳлил этган; фолклор ва классик адабиёт муаммосининг назарий масалаларини ҳал қилган. Масалан, шоирнинг Баҳром, Фарҳод, Искандар образларини яратишда ўнлаб энг қадимий ёдномалар, хроникалар, ҳатто, «Овиcто»дек камёб сарчашмалардан қай даражада баҳраманд бўлганлиги аниқ далиллар билан таъкидланган. Буни «Хамса»нинг бир неча ўрнида Зардушт тилга олингани ҳам тасдиқлаб турибди. Шу билан бирга, «Хазойин ул-маоний»даги шеърларда оғзаки ижод анъанаси, хусусан, ғазаллар поэтикасида мақол, матал, ҳикматли сўз, халқ иборалари, удумлари, фразеологик бирикмаларнинг, этнография, этнологияга оид деталларнинг ўрни юзлаб байтларни нуктасанжлик билан ­таҳлил қилиш орқали кўрсатилган, муҳим илмий-назарий хулосалар чиқарилган. Учинчидан эса, олим бир томондан, турк­ман, тожик, ўзбек халқлари ноқиллари ҳамда ровийлари яратган ­Навоий ҳақидаги омиёна ҳикоятлар, латифалар ҳамда эртакларнинг ғоятда тадрижий такомилдаги илмий анализини берган; фанда уларни илк бор аниқ илмий тасниф этган; айрим ҳикоятларнинг сюжетини тарихий ҳақиқатга, Навоий асарларидаги мазмунга қанчалик мос келиши ёки келмаслигини қиёсий-типологик усулда текширган.

Шундан сўнг Навоий ижодининг ўзбек халқ оғзаки адабиётига таъсири масаласини таҳлил этган олим дастлаб ўзбек ва тожик халқлари томонидан «Хамса» достонлари мазмуни, тимсоллари, ғоялари асосида яратилган эртаклар, достонларни Ўзбекистон Фанлар академияси Тил ва адабиёт институти фолклор бўлимида cақланаётган қўлёзма манбалар асосида ўрганган. Кейин эса, муаллиф Навоий ва ўзбек халқ китоблари муаммосини қўзғаб, илмда ғоятда янги, долзарб масалани кенг илм-адаб аҳли эътиборига ҳавола этган; «Нусхаи «Хамса»и беназир» сингари манба ҳақида илк бор маълумот берган. Монографияда XIX асрда яшаган ўзбек ёзувчиси Умар Боқийнинг ҳаёти ва ижодий мероси адабиётшуносликда дафъатан таҳлилга тортилган. Зероки, Умар Боқий Навоийнинг «Фарҳод ва Ширин», «Лайли ва Мажнун» достонларининг шу номдаги халқ вариантини яратган бўлса-да, у ҳали илм-фанда махсус ўрганилмаган, ўз баҳосини олмаган эди. Устоз наср ва назм аралаш битилган ҳар икки китобнинг мазмуни, тузилиши, образлар силсиласи, Навоий асарларига қай жиҳатдан яқинлиги-ю тафовутларини илмий нуқтаи назардан қиёслаб, текшириб умумлаштирган. Энг муҳими, Умар Боқий маҳорати, бу асарларнинг ўзига хос жозибаси муҳим лавҳаларнинг поэтик нуқтаи назардан жиддий таҳлили жараёнида асосли равишда уқтирилган; халқ китобларининг тили ва услуби хусусида мутлақо янги илмий-назарий фикрлар изҳор этилган.

Маллаевнинг ушбу тадқиқоти ўзбек адабиётшунослигида тоза йўналиш — ўзбек классик адабиёти ва фолклор муаммосини бошлаб берди. Ҳозир у кишининг ворислари, шогирдлари бу йўналишнинг турли қирраларини ўз тадқиқотларида кашф этмоқдалар. Устоз томонидан тайёрланган «Алишер Навоий. Лирика» деб номланган қўлланма неча бор қайта нашр қилинди. Чунки унда олим Навоийнинг шоҳ ғазалларидан бир туркумини тўплаб, уларни қандай ўқиш ва шарҳлаб таҳлил этиш йўлини кўрсатиб берган эди. Ўша кезлари бундай қўлланма классик адабиёт ихлосмандлари учун жуда зарур эди. У ҳозир ҳам ўз таълимий ва маърифий қимматини йўқотган эмас.

Профессор Н. Маллаевнинг буюк шоир ижоди ҳақидаги сўнгги китоби «Сўз санъатининг гултожи»(1992) деб аталади. Навоий «Хамса»сига бағишланган бошқа бир қанча тадқиқотлардан бу асарнинг фарқи шундаки, уни мутолаа қилган илм-адаб аҳли Навоийнинг Шарқ хамсанавислигидаги ўзига хос ўрни, бу борада туркий адабиётда мактаб яратганлиги, ҳар бир достоннинг мундарижаси, образлар cилcилаcи, уларда ифодаланган юксак ғоялар, шоирнинг cанъаткорлик маҳорати хуcуcида бир-бирига узвий боғланган йўcинда яхлит таcаввурга эга бўлади, маърифат олади, илм ўрганади…

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2011 йил 34-сонидан олинди.