Отабек Жўрабоев. Тарихда Навоий сиймоси

Алишер Навоий

Улуғ инсонларнинг қиёфаси, феъл-атвори ва ҳаётига қизиқиш ҳар доим ҳам кучли бўлган. Жумладан, Алишер Навоий сиймосига. У зотнинг сурати акс этган бир неча миниатюра маълум. Бири XV аср охирроқларига мансуб, Маҳмуд Музаҳҳиб ишлаган машҳур расм. Яна бирини бироз кейинроқ номаълум рассом чизган, Навоий ва ёш шаҳзода сурати. Маҳмуд миниатюрасида шоир бор бўйи билан, бироз эгилиброқ, узун ҳассага таянган ҳолда акс этган бўлиб, Беҳзод мактабига хос нозик чизгилар ва тасвир маҳорати билан ажралиб туради. Навоийнинг донишмандлик барқ уриб турган чеҳраси, чуқур маъноли нигоҳи бир қарагандаёқ кишини ўзига жалб этади.
Унда зоҳирий улуғворлик билан уйғун ботиний сокинлик, юксак ахлоқий интизом, оқиллик, мукаммал ҳаётий тажриба ва даҳо ижодкорга хос салоҳият нури ажиб бир нимтабассум орқали намоён бўлган. Ушбу суратнинг ҳақиқатга яқинлигини ёзма манбалар тўла тасдиқлайди.
ХХ асргача Навоий ҳақида ёзилган ана шундай асарлар борасида тўхталсак. Булар: 1) махсус Навоийга бағишланган асарлар; 2) достон ва тарихий асарларда Навоийга бағишланган боб ёки ўринлар; 3) тазкира ва илмий асарлар.
Биринчи тоифадаги асарларга мисол қилиб Ғиёсиддин Ҳумомиддин Хондамир (1475–1535) қаламига мансуб “Макорим ул-ахлоқ” (Олижаноб сифатлар) асарини келтириш ўринлидир. Асар Навоий ҳаёти, ижодий мероси, ижтимоий-сиёсий ва ҳомийлик фаолияти ҳақида бирмунча батафсил маълумот берувчи манбадир. Муаллиф уни ёзишни ҳали Навоий ҳаётлик чоғда (1500 йил) бошлаган. Бироқ улуғ шоирнинг бевақт вафоти туфайли ўзига тақдим этолмаган. Навоий кутубхонасида ишлаган Хондамир шоир умрининг охирги йилларида у билан кўп бирга бўлган, ҳатто, жон таслим этаётган чоғда ҳам ҳозир эди. Бетак­рор даҳо инсоннинг вафоти эса ёш тарихчини чуқур қайғуга солади ва бир қанча вақт қўли ишга бормай юради. Фақат Султон Ҳусайн Бойқаронинг талаби билангина ушбу асарни тугатиб, унга тақдим этади.
Асар муқаддима, ўн мақсад (боб) ва хотимадан иборат. Уларда Навоий таваллудидан вафотига қадар бўлган воқеалар лўнда ва гўзал тарзда баён этилган. Шоирнинг юксак ахлоқий фазилатларига аниқ мисоллар келтирилган. Бу ҳақда тўхталиш ортиқча. Чунки асарнинг ўзбекча таржимаси бир неча бор чоп этилган (1940, 1949, 1967, 2015). Академик Иззат Султон таърифи билан айтганда: “Макоримул-ахлоқ”да Навоийнинг биографияси эмас, балки унинг тарихи, феъл-атвори масаласи биринчи ўринда туради.
Султон Ҳусайн мирзонинг ҳам Навоийга махсус бағишланган “Рисола”си мавжуд. Ҳажман қисқа, аммо Навоий ижодиёти ҳақида жуда муҳим маълумотлар келтирилган бу асарда Ҳусайн Бойқаро баланд оҳанг ва услубда шоир асарларига юксак баҳо беради. Тахминларга кўра, “Рисола” Навоий “Хамса”ни ёзиб тугатган вақтда – 1485 йили яратилган. Ҳусайн Бойқаро шу асарида: “…Мир Алишер… турк тилининг ўлган жасадиға Масиҳ анфоси била руҳ кийурди…” дея шоир ижодига юксак баҳо беради.
Навоийга бағишланган асарлар қаторига алоҳида шеърларни ҳам киритиш мумкин. Мисол учун, Давлатшоҳ Самарқандийнинг муламмаъ (ўзбекча-форсча) қасидаси маълум. Навоийнинг яқин дўстларидан бўлган Мавлоно Фасиҳиддин Соҳибдоронинг катта ҳажмли таркиббанди ҳам бор. Ушбу шеърнинг ҳар байти биринчи мисрасидан шоир таваллуд тарихи (ҳижрий 844) ва иккинчи сатридан эса вафот йили (ҳижрий 906) абжад ҳисобида келиб чиқади. Ушбу таркиббанд-таърихда Навоийдек зотнинг дунёга келиши қанчалик хайрли ва қувонч­­ли бўлган эса, унинг вафоти замондошларини шунчалик чуқур ғам-ғуссага кўмиб кетгани таъкид­ланади. Яна Хондамир, Султон Иброҳим Амоний, Фасиҳиддин Муҳаммад Низомий Охунд, Камолиддин Султон Ҳусайн, Мавлоно Дарвиш Али кабиларнинг ҳам шундай таърихлари маълум. “Тарихи том” асарида муаллифи номаълум бир таърих келади, унда ҳазрат Навоий қуёшга ўхшатилади. Бир сўз билан айтганда, тарих аҳли Навоийни улуғвор ва нурли сиймо сифатида тасвирлайди.

Мири хуршидсифат Мир Алишери шаҳир,
Рахт ба баст чу зи-и зовияи пурмеҳнат.
Соли таърихи вай аз манзили ў пўрсидам:
Омад овоз зи Фирдавс, ки: “Жаннат, жаннат!”

Яъни: –
Қуёш сифатли машҳур (зот) Мир Алишер,
Бу азоб тўла дунёдан бутунлай кўчди.
Таърих йили ва манзилини сўрасам,
Фирдавс боғидан овоз келдики: “жаннат, жаннат”.

Бу ўринда “жаннат” сўзининг икки марта келиши абжад ҳисобида 906 ни – Навоий вафот этган ҳижрий йилни кўрсатади.
Навоийнинг мансабга тайинланиши, Ҳирот ва унинг атрофида қурдирган кўплаб иншоотлари санаси ҳақидаги таърихлар ҳам маълум. Мавлоно Атоуллоҳ Розий ва Амир Бурҳониддин Навоийнинг амирлик мансабига тайин этилиши муносабати билан, Мир Ҳусайн Муаммоий, Дарвиш Али табиб, Қози Ихтиёриддин, Мир Бурҳониддин Атоуллоҳ кабилар Навоий қурдирган мадрасалар битиши ва у ерда дарс берилиши муносабати билан таърихлар айтганлар. Мир Атоуллоҳ 1486 йили қурилган бир мадрасага бағишланган таърихида: “Чун мадраса сохт Мир бо илму адаб…” дея таърифлайди. Ҳақиқатан, Навоий нафақат қурдирган мадрасаю бошқа бинолари туфайли, балки катта илм ва юксак адабга соҳиблиги билан ҳам ҳурмат қозонган эди.
Иккинчи хил асарлар ҳам бирмунча бўлиб, улар қуйидагилардир:
Абдураҳмон Жомийнинг “Фотиҳат уш-шабоб” девони, “Лайли ва Мажнун” ва “Ҳафт пайкар” достонларида Навоийга мақтовли таърифлар берилиб, ижодий даҳоси юксак баҳоланган.
XV-XVI асрлар тарихини акс эттирувчи муҳим тарихий асарларда ҳам Алишер Навоий ҳаёти, айниқса, сиёсий арбоб сифатидаги фаолиятига доир жуда кўплаб муҳим маълумотлар акс этган. Жумладан, Муҳаммад ибн Ховандшоҳ Мирхонд (1433–1498) ўзининг “Равзат ус-сафо фи сияр ил-анбиё вал-мулук вал-хулафо” (Набийлар, маликлар ва халифалар таржимаи ҳолида софлик боғи) асарида. Навоийга хос фазилатлар қайд этилган. Аслида, Мирхонд ушбу машҳур асарини Навоийнинг маслаҳати ва кўрсатмалари билан яратган. Айнан унда Навоийнинг “соҳиб тадбирлиги”, Ёдгор мирзога қарши “муҳорабалардаги иштироки”, амирлик мансаби, Астрободга бориши, укаси Дарвиш Алининг исёни, Бадиуззамон ва Музаффар мирзо ўртасидаги келишмовчиликларни бартараф этиши, Мўмин мирзонинг ўлдирилиши, ҳажга жўнаши, аммо Машҳаддан Султон Ҳусайн чақиртириб келиши ҳақидаги тарихий ҳодисалар зикр этилган.
Мирхонднинг набираси Хондамир “Макорим ул-ахлоқ”дан ташқари яна учта тарихий асарида Навоийни бирқанча ўринларда ёдга олади. Хусусан, олти ой (1499 йил) ичида ёзиб тугаллаган илк асари “Хулосат ул-ахбор фи аҳвол ил-ахёр” (Хайрли кишилар аҳволида жаҳон хабарларининг хулосаси)да Навоий ҳақида жуда муҳим тарихий ҳужжат ва маълумотларни келтиради. Масалан, Ҳиротда Навоий қурдирган бинолар, обод қилган зиёратгоҳлар, Навоийга дўст ва унинг ҳимматидан баҳраманд бўлган олим, шоир, хаттот, санъаткор ва бошқалар тўғрисида.
Хондамир вазирлар ҳақидаги “Дастур ул-вузаро” асарининг бир неча саҳифасида Навоийнинг вазирлик мақомидаги яхши ишлари ва сиёсий фаолиятига таърифлар берса, ўз замонасининг энг муҳим асарларидан ҳисобланадиган “Ҳабиб ус-сияр”да Султон Ҳусайн даври тарихининг жуда кўп ўринларида Навоийни тилга олади ёки у билан боғлиқ тарихий воқеаларни ҳикоя қилади. Бу асарнинг яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, Хондамир олдинги асарларда ёритишни унутган ёки кам тўхталган Навоий билан боғлиқ воқеа-ҳодисаларни батафсил келтиради, унинг тарихий сиймосига аниқроқ чизгилар тортади. Бу асар ёрдамида Алишер Навоий барча амалу мансабларга ўз ихтиёри билан келмаганини, лекин улардан истеъфо беришда ўз ихтиёри билан йўл тутганини билиб оламиз. “Ҳабиб ус-сияр”да келтирилишича, Навоий муҳрдорлик лавозимидан “истеъфога чиқди ва амир Низомиддин Шайх Аҳмад Сухайлийни муҳрдор этиб тайинлашни подшоҳдан илтимос қилди”. Султон Ҳусайн унинг бу илтимосини қабул қилади ва ҳижрий 876 йилнинг шаъбон ойида (1472 йил январи) Навоийни юқорироқ мансабга “девони олий амирлиги”га тайинламоқчи бўлади. Навоий бу мансабни ҳам рад этиб, важ ва сабаб келтирса-да, “ҳоқоннинг муносиб хоҳишига биноан девони олий амирлиги мансабини эгаллади”.
Бу ўринда эътиборга молик муҳим жиҳат – Навоий табиатидаги камтарлик бўлиб, у мансаблар сари интилишни эмас, эзгуликка хизмат қилишни мақсад қилганига урғу берилмоқда. Муаллифнинг холислигига шубҳа қилмаса ҳам бўлади. Негаки, Хондамир ушбу асарини 1515–1523 йилларда ёзган. Бу даврда Султон Ҳусайн салтанати тугаган эди. У тарихий ҳақиқатни, улуғ шоиримизнинг тарихдаги бор бўйини кўрсатишга интилган.
Навоийнинг яна икки кичик замондоши тарихий асарларида у ҳақида жуда нодир ва қизиқарли далилларни келтирганлар. Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг (1483–1530) “Бобурнома”си ва Зайниддин Восифийнинг (1486–1566) “Бадое ул-вақое” асарида Навоий характери ва шахсиятини очувчи, бир неча воқеа ва мулоҳазалар келтирилган. Шуниси қизиқки, ҳар икки муаллиф ҳам Навоийнинг нозиктаъблиги ва олий хулқи ҳақидаги ўринларга диққат қилади. Гарчанд “Бадое ул-вақое”даги ҳикоялар кўпроқ бадиийлик касб этса-да, ҳужжатлилик ва тарихийлик ҳам акс этиб туради. Восифий “Амир Алишер мизожи назокати ва латофати”, атроф­дагиларга лутфу ҳазиллари, Биноий билан муносабати ва яна бошқалар ҳақида ҳикоя қилади.
“Бобурнома”да эса ҳижрий 911 (милодий 1505–1506) йил воқеалари баён этилар экан, Султон Ҳусайн мирзо умароси қаторида Навоий ҳам тилга олинади ва муҳим маълумотлар келтирилади. Саҳифалар оша Алишер Навоий турли воқеалар муносабати билан эсланади. Бобур ёзади: “…Яна Алишербек Навоий эди, беги эмас эди, балки мусоҳиби эди, кичиклигида ҳаммактаб экандурлар…”.
Бу ўринда Навоий Ҳусайн Бойқарога яқинлиги нуқтаи назаридан эсланяпти ва Бобур эътиборни жуда муҳим жиҳатга қаратяпти. Яъни, подшоҳнинг ҳар қандай умароси ёки беги унинг “мусоҳиби” (суҳбатдоши) бўлолмаслиги ва Навоий унга шундай яқин эканлиги, бу яқинлиги болаликдан бошланганини уқтирмоқда. Шундан сўнг Бобур яна бир асосли мулоҳазани беради: “Хусусият бисёр экандур.” Эътибор қилинг, Навоий ва Султон Ҳусайн кўп хусусда фикри бир жойдан чиқадиган, ўхшашлик­лари бисёр дўст экан. Айнан шундай тўхтамни ҳеч бир тарихчи бермаган эди. Тарихий асарларнинг аксарида Навоий жуда мақталади ва ундаги икки хусусият – нозикмизожлик ва тез ранжишга махсус урғу бериларди. Бобур эса ана шу жиҳатларга ҳам нуктадонлик билан таъриф топади. Унинг таъкидлашича: “Алишербекнинг мизожи нозуклук билан машҳурдир. Эл назокатини давлатининг ғуруридин тасаввур қилур эдилар. Андоқ эмас экандур, бу сифат анга жибиллий экандур. Самарқандта эканда ҳам ушмундоқ нозук мизож экандур…”.
Талқинга кўра, халқ Навоий табиатидаги нозикмизожлик (нозик ҳис-туйғулар, суҳбатдош ва дўстни чертиб-чертиб танлаш, нафис ва гўзал нарсаларни суйиш, тавозе, озода ва саришталик каби) хусусиятини ўта давлатманд ва юқори мансабга эга бўлгани сабабидан деб биларди. Аммо ундай эмас экан. Бу сифат у зотда туғма. Чунки Самарқандда моддий қийинчилик билан кечган тўрт йил давомида ҳам худди шундай “нозук мизож экандур”.
Навоий шахсиятидаги ўзига хос жиҳатларни ҳеч ким Бобурчалик бу тарзда кашф этиб, баён қилмаган эди. Умуман, Бобурнинг Навоийга муносабати, қарашлари ва талқини бошқаларникидан реаллиги ва кенг қамровлилиги билан ажралиб туради.
Бобурнинг жияни Муҳаммад Ҳайдар мирзонинг (1503–1551) “Тарихи Рашидий” асарида “Мир Алишер зикрида” номли парча мавжуд. Бироқ ундаги маълумотлар бошқа асарларни деярли қайтаради. Умуман олганда, кейинги тарихий асарларда бирмунча такрорлар сезилади. Аммо унчалик машҳур бўлмаган яна бир китоб борки, ундаги айрим далиллар янгилиги ва қизиқарлилиги билан ажралиб туради. Бу асар Абдулмўминхон ибн Абдуллахон (1598 йили вафот этган) қаламига мансуб “Том ут-таворих”дир. Профессор А.Ҳайитметовнинг аниқлашича, бу асарнинг уч саҳифасида Навоий ҳаёти билан боғлиқ баъзи муҳим маълумотлар, жумладан, унинг отаси, Самарқанддалик даври, Ҳиротга қайтиши, сўнгги ёзган шеъри ва вафоти ҳақида маълумотлар бор. Мисол учун, унда таъкидланишича, шоирнинг отаси Ғиёсиддин Кичкина “бисёр саодатманд ва нек (яхши) ниятлик”, олижаноб киши бўлиб, қўлга тушган банди(асир)ларни, хун пулини ўз ёнидан тўлаб, озод қилиб юборар экан. Яна Навоий вафот этишидан бироз олдин ёзган ғазалидан уч байт келтириладики, бу шеър бошқа манбаларда учрамайди. Унинг мақтаъси:

Эй Навоий, қил фидо жононгаким жон, лоф эрур –
Ошиқ ўзни ишқ даъвосида машҳур айламак.

Учинчи хил асарлар, яъни тазкира ва илмий асарлар ҳам бирмунча. Тазкиралар – Давлатшоҳ Самарқандийнинг (1435–1495) “Тазкират уш-шуаро”, Фахрий Ҳиравийнинг (1497–1559) “Равзат ус-салотин”, Ҳасанхожа Нисорийнинг (1516–1597) “Музаккири аҳбоб”, Содиқбек Содиқийнинг (1533–1610) “Мажма ул-хавоис”, Шарафиддин Роқимийнинг (XVII аср) “Тарихи том” асари кабилардир. Бобурнинг “Аруз рисоласи”да ҳам Навоийнинг бир қанча шеърларидан келтирилади, айрим фикрлар билдирилади. Аммо у соф илмий асар бўлгани учун Навоий ҳаёти ва шахсиятига оид маълумотлар берилмаган. Тазкираларда эса аксинча, Алишер Навоий асосан шоир сифатида ёд этилади, асарларидан айрим намуналар келтирилади. Шу билан бирга, шоир билан боғлиқ баъзи тарихий воқеа ва ҳодисаларга ҳам ишоралар берилади, таҳлил қилинади.
Масалан, Давлатшоҳ ўз тазкирасида Навоийни шундай таърифлайди: “Офтобни таърифлаш ақл қисқалигидан нишона, тоза мушк фазилати хусусида қиссани чўзиш жоҳиллик аломатидир. Бу улуғ амирнинг мақбул ишлари ва қутлуғ зикри рубъи маскуннинг барча мамлакатларида маълум, фазилатининг дабдабаси ва олий ҳимматининг камолоти бутун оламга ёйилгандир. Бу хусусда нима дейилса ҳам ибрат бўлғусидур…”.
Тазкираларнинг муаллифлари Навоий даҳоси ва шахсига бўлган юксак эҳтиромларини турлича изҳор этган. Ҳасанхожа Нисорий шоирни тушда кўргани, Навоий ундан шеърларидан ёд билиш-билмаслигини сўрагани, илтифот қилганини айтади. Фахрий Ҳиравий эса: “Амир Алишер – мағфиратпаноҳий. Унинг аҳволининг шарҳи шу қадар кўплигидан баён чегарасига сиғмайди…” дейди.
Таъкидлаш зарур, барча тазкираларда Навоий туркий ва форсий шеъриятда мукаммал асарлар яратгани, табиатининг қуввати ва қобилиятининг кенглигини васф этиб тугатиб бўлмаслиги таъкидланади.
Демак, Навоий сиймоси нафақат назм қуёши, балки инсонийлик, олижаноблик, саховатпешалик ва илму адаб офтоби ўлароқ тарих давомида ҳам тасаввурларда шаклланиб келган. Бу қуёш бизга, келажак авлодларга ҳам ўз нурларини сахийлик билан сочаверади.

“Ёшлик” журнали, 2016 йил, 2-сон

Отабек Жўрабоев,  филология фанлари номзоди, доцент. 1973 йили туғилган. Қўқон давлат педагогика институтини тамомлаган. Абдулқодир Гийлоний, Алишер Навоий, Бобур, Файзий, Хон, Фано, Қорий, Ҳазиний, А.Қаҳҳор асарларини нашрга тайёрлаган. Монография, рисола ва юздан зиёд мақоласи чоп этилган.