Нима учун гейзернинг суви иссиқ?

Мабодо, гейзердан ташқарига катта сув оқими отилиб чиқмаганида ҳам, у табиатнинг энг қизиқарли мўъжизаларидан бири бўлиб қолаверар эди. Гейзер ҳақиқатан ҳам ҳайратланарли қайноқ сув булоғидир. Бундай сув булоғи қайдан пайдо бўлади? Нега унинг суви иссиқ? Уни фаввора бўлиб отилиб чиқишга нима мажбур қилади?

Барча гейзерларнинг қувурча деб аталадиган тешиги бор, у ер юзасини унинг остидаги сув омборлари билан туташтиради. Ер остидаги сувларнинг асосий манбаи ҳам ёмғир ва қор каби ёғингарчиликлардир.

Ер остидаги тоғ жинслари жуда иссиқ ҳолатдадир. Уни совимаган лава дейиш тўғрироқ бўлади. Бундай лава магма деб аталади. Қизиб кетган жинслардан чиқаётган газлар тоғ жинслари ёриқлари орқали юқорига кўтарилиб, ер ости сув ҳавзаларига етиб келади. Бу ерда улар сувни қайнатади ва ундан ҳам юқори даражагача қиздиради.

Шу тариқа қайноқ булоқ ҳосил бўлади. Хўш, гейзер қандай пайдо бўлади? Қуйи қатламлардаги иссиқ жинсларгача (иссиқлик ўша ердан чиқади) етиб борадиган қувурча ёки сув йўлаги эгри-бугри, нотўғри кўринишга эга. Бу ўз навбатида буғнинг тепага кўтарилишига имкон бермайди. Агар сув ва буғларнинг юзага бемалол кўтарилиш имкони бўлганида эди, булоқ ҳамиша қайнаб турган бўларди.

Гейзер отилишининг сабаби шундаки, ер ости тошлари домига тушиб қолган сув қайнаш даражасигача қизийди ва шу заҳоти буғга айланади.

Буғга ўзи ҳосил бўлган сувга нисбатан кўпроқ фазо керак, шунинг учун ҳам у устидаги сув устунини баландга ҳайдайди. Буғ тепага кўтарилиши билан, қуйи қисмда босим камаяди ва яна кўпроқ миқдордаги сув буғга айланиши учун имконият туғилади. Юзага эркин, аста-секин оқиб чиқиш ўрнига, қуйидаги буғнинг итариши натижасида отилиб чиқади ва гейзер ҳосил бўлади.