Ўтган асрнинг ўрталарида Асқад Мухтор ёзувчи ва шоирлар даврасида “Бинафша” шеърини ўқиб, атрофдагилардан шеър муаллифини сўраган экан. Кимдир: “Ойбекнинг 20-йиллардаги шеъри бўлса керак”, – дебди. Кимдир: “Комил Яшин”, – дебди. Асқад ака бу гўзал сўз санъати намунаси Чўлпон қаламига мансуб эканини айтгани заҳоти унинг ёнида биронта адиб қолмабди. Чунки Чўлпон шеърини ўқишгина эмас, эшитишнинг ўзи ҳам кўп ўтмай оғир оқибатларга олиб келиши мумкинлигини ҳамма билган. Ўзбекнинг бокира қизи бинафшага қиёсланган мўъжизавий санъат даражасидаги назм кўп ўтмай, қайсидир ношуд кимса чақувчи билан яна бир нечта хонадонга фожиа олиб келиши тайин экан. Фақат бахтли тасодиф рўй берганми, “ўзинг ҳам шу шеърни эшитдингми?” – деган савол қўрқитганми, ҳар ҳолда биз эсга олган давра иштирокчилари жазога тортилмаганлар. Умарали Норматов ўз хотираларида Абдулла Қодирий, “Ўткан кунлар” ҳақида савол бергани учун беш йил қамалган студент ҳақида ёзган-ку.
Биз ўша пайтларда Тошкент давлат университетининг (ҳозирги ЎзМУ) филология факультетида ўқир эдик. Устозимиз Озод Шарафиддинов биздан мамнун бўлиб эриб кетган кезлари Чўлпоннинг “Бинафша”, “Мен кетай деб”, “Қаландар ишқи”, “Куз ёмғири” каби шеърларини мароқ билан ўқир эдилар. Биз – талабалар мисраларни қаторма-қатор, навбатма-навбат, ўзаро бўлишиб ёзиб олар эдик. Кейин уларни тартиб билан жамлаб, тўлиқ ёдлашга тушар эдик. Замон вазияти, Абдулла Қаҳҳор таъбири билан айтганда, “Оқ пошшо тахтдан тушгани билан, оқ амин аминликдан тушмапти”, деган таърифга мос эди. Чунки Сталин қатағонига учраганлар олдинма-кетин оқлангани билан Чўлпон боши устидаги булут дарз кетса ҳам ҳали тарқалишни ўйламаётган эди. Бу булут шу қадар мустаҳкам эдики, ҳатто ўтган асрнинг 80-йилларида ҳам бир хил – қовоғини солиб турарди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида ўтказилган бир нуфузли мажлисда ўша пайтдаги жуда катта амалдор сўзга чиқиб, Чўлпон ижодини ўрганиш вақтинча тўхтатиб турилишини айтган. Ана шундай нозик бир сонияларда ҳам замон сиёсати қад кўтариб туришига қарамай “қовун тушириш”ни одат қилган Озод Шарафиддиновнинг “Қачонгача?” – деган овози жаранглайди. Бу овоз сув қуйгандек жимжитлик ҳукм сураётган мажлисда момақалдироқдек ларза беради. Бутун зал Озод акага ваҳима билан қарайди. Амалдор эса бу саволни кутгандек: “Қанча лозим бўлса, шунча кутасиз!” деб жавоб қайтаради.
Аслини олганда бундай муносабатга устозимиз кўп йиллардан буён ўрганиб қолган эди. Фикри ожизимча, унинг тасаввурида Чўлпондан гўзал инсон, ундан буюк шоир йўқ эди. Унинг поэзияси, умуман, шеърият осмонида ёрқин юлдуз каби муттасил нур сочиб турарди. Хос суҳбатларимизда мавзу Чўлпонга етиб келгани заҳоти Озод домланинг қиёфасида такрорланмас файз, жило топарди. Айниқса, бу мавзу Миртемир шеърияти ҳақидаги фикрлардан кейин бошланса, домламиз мутлақ ёзилиб гапирарди. Орадан кўп йиллар ўтган бўлса-да, бу чеҳра хотирамизда муҳрланиб қолган.
Менимча, биринчи навбатда Озод Шарафиддиновни Чўлпон поэзиясида ўзига мафтун этган фазилат фавқулодда ақл, нозик қалб, бадиий ифодадаги уйғунлик эди. Чўлпон XX аср ўзбек шеъриятига янги ҳаво олиб кирди. Унинг асарларидаги ҳар бир мисра Озод домла учун маржонлар шодасидек лаззат бағишларди. “Мана буни ҳақиқий поэзия деса бўлади, черт побери” дердилар устоз. Чўлпондек шоир ижодидан баҳраманд бўлиш имконини чеклаган сиёсат билан муросада бўлишни истамасди.
1968 йилда “Тирик сатрлар” китоби нашр этилди. Бу китобда 30 йилдан ортиқ вақт давомида Чўлпон шеърлари биринчи марта ўқувчи эътиборига тақдим этилганди. Аммо яна “оқ амин аминликдан тушмагани” боис фақат Чўлпон эмас, Озод домла тепасидаги булут қуюқлашди. Кўп ўтмай китобни тарқатиш тақиқланди, ортиқча савол-жавоблар, асаб бузишлар бошланди. Ҳақиқат букилади, аммо синмайди, деганларидек юртимизнинг мустақиллиги Чўлпон поэзиясини халққа қайтарди. Бу шеърият сирларини кашф қилувчи олимлар қаторидаги биринчи ўрин эса яна Озод Шарафиддиновга насиб этди.
Ҳаётдаги янги вазиятдан фойдаланган Озод домла зудлик билан Чўлпон асарларини топиш, нашр этиш ва ўрганиш жараёнига раҳбарлик қилди. Натижада буюк адибнинг “Адабиёт надир”, “Баҳорни соғиндим”, “Яна олдим созимни”, каби уч жилдлик асарларининг биринчи жилди интиқ китобхон қўлига етиб келди. Озод Шарафиддиновнинг “Чўлпон” (1991), “Чўлпонни англаш” (1994) китоблари “Чўлпон”, “Ёзувчи” нашриётларида босмадан чиқди. Олим атрофида бир нечта ёш назм мухлислари астойдил ҳаракатда бўлишди. Етук мутахассислардан Наим Каримов, Умарали Норматов, Иброҳим Ғафуров, Абдуғафур Абдурасулов, Асрор Самадлар Озод домлани қўллаб-қувватлашди.
Озод домланинг олдида турган биринчи мақсад “Чўлпон ўзи ким?”, “Нега биз уни шу пайтгача билмаймиз?”, “Нега унинг шеърлари дарсликларга киритилмайди?” – деган кенг китобхонлар оммасидан юборилган мактубларга жавоб бериш эди. Мутахассислар даврасида, ҳатто рус адабиётшуносларининг таъкидлашича, Чўлпон бадиий маҳорати ва шоирлик иқтидори жиҳатдан А.С.Пушкинга тенг шоир даражасида тан олинаётганига қарамай, оддий ўзбек китобхони бу сўз санъаткорини билмас эди. Шунинг учун Озод Шарафиддинов “Чўлпон” китобидаги беш бобдан иборат фаслларда шоирнинг фожиали тақдири, ижодий фаолиятининг бошланиши, ўтган асрнинг 20-йилларида унинг шеърияти юзасидан амалга оширилган жанжалли муҳокамалар тарихи, унга нисбатан уюштирилган ноҳақ ҳужумлар тафсилотлари билан ўқувчини таништирди. Китобда адибнинг шеърияти, насри, драмалари, театршунослик фаолияти, таржималари, мунаққидлиги бобма-боб таҳлил этилади. Матбуот тарихига оид газета ва журналлар саҳифаларидан келтирилган иқтибослар, шоир ижоди юзасидан эълон қилинган мазмунан қарама-қарши мақолалар, назм намуналари, “Кеча ва кундуз” романининг теран таҳлили, драмаларидаги образ яратиш маҳорати, таржимон сифатидаги ноёб иқтидорига берилган баҳолар китобхонни Озод Шарафиддинов бутун илмий умрини Чўлпонни ўрганишга бағишлаган, деган хулосага олиб келади. Буюк санъаткордаги “муте бир оқсоч” бўлиб замон зайлига бўйсуниб ижод қилишдан воз кечиш сонияма-сония очиб берилар экан, давр адабиётига баҳо берилиши билан уйғун олиб борилади: ҳоким сиёсатга “бошига қилич келганда ҳам ҳақиқатни айтадиган ёзувчилар керак эмас эди. Адабиёт “гаҳ” деса қўлига қўнадиган қуш бўлмоғи керак эди… халқнинг қўйнини пуч ёнғоққа тўлдириб турмоғи зарур эди. Сафда юролмайдиган, честь бериб, ғоз қотиб туролмайдиган, ҳа деганда луқма ташлаб безор қиладиган ёзувчиларнинг попугини пасайтириб, шаштини қайтармоқ лозим эди”. Иқтибосга эътибор беринг. Озод домла ўз фикрларини тўлиқ равишда халқона ифодалар билан (бошига қилич келганда ҳам ҳақиқатни айтадиган, “гаҳ” деса қўлга қўнадиган, қўйнини пуч ёнғоққа тўлдириб турмоғи, честь бериб, ғоз қотиб, луқма ташлаб) ўша замонга, ўша давр адабиётига таъриф бермоқда. Чўлпоннинг давр мезонига мос келмагани учун бошида ёнғоқ чақилганини айтилмоқда. Бошига ўткир қилич тушаётган бир пайтда сўзлаган Чўлпон нутқини келтириб шундай дейди: “Умуман, Чўлпон нутқининг оҳангига эътибор беринг – унда ялинчоқлик, ялтоқланиш йўқ, аммо унда мантиқ излаш бор, адолат ва ҳақиқатнинг қарор топишига умидворлик бор”.
Озод домла Чўлпон шеъриятининг мафтуни эди. Назаримда, устозимиз шеърият қадрини белгилаш мезонларини Чўлпондан ўрганганлар. Шоирдаги шеър мазмунига сингдирилган теран фалсафий моҳият, пичоқ тегмаган гапдан фойдаланиши ва шу гапга шахсий фалсафанинг мазмунини сингдириш воситасида ўқувчи маънавиятини бойитиш маҳорати домлани ҳам ўзига жалб этган, мухлис қилган эди.
Домламиз Чўлпон поэзиясига баҳо берар эканлар, шундай дейдилар: “Чўлпон маҳорати шунчалар юксак эдики, у қаламнинг бир енгил ҳаракати билан сўз лашкарларини истаган измига сола биларди. Чўлпон мерос қолдирган шеърият – чиндан-да мўъжиза…” Ана шундан кейин муаллиф “сўз лашкарларини истаган измига” солиши сирларини ўз ўқувчисига эринмасдан тушунтиради.
Аввало айтиш керакки, Чўлпон ўз шеъриятини шунчаки шеър ёзиш учун яратмаган. Унинг поэзиясида ҳар бир сўз, ҳар бир поэтик ифода рамзий моҳият касб этар эди. Она табиат, ўзбекона менталитет ижтимоий муҳит шароити билан боғланган ҳолда ифодасини топарди.
Чўлпон шеъриятини ўқувчига англатиш учун аввало унга қўйилган айбнинг бўҳтон эканини исботлаш лозим бўлди. Замон зайлига бўйсуниб, “гаҳ” деганда қўлга қўнадиган қушга тақлид қилувчи адабиётшунослар шоирни жадид, буржуа ёзувчиси, ашаддий миллатчи, босмачилик кайфиятидаги унсур сифатида қоралайдилар. Озод домла ёзадилар: “Шундай қилиб, шўролар ҳукумати ўзининг илк қадамлариданоқ ижод эркинлигини чеклаш, зиёлилар фаолиятига тўсиқлар қўйиш, меҳнаткаш халқни уларга нисбатан ишончсизлик руҳида тарбиялаш сиёсатига амал қилдилар. Сотти Ҳусайн, Абдураҳмон Саъдий, Миёнбузрук Солиҳов каби адабиётшунослар ўзларини ҳоким сиёсатга яқин кўрсатиш ниятида ёш шоир ижодидан тирноқ остидан кир қидириш қабилида сиёсий нуқсонлар топишга уринадилар. Устозимиз, аввало, “Бузилган ўлкага” шеърига мурожаат қилган. Тахминан Фарғона водийсидаги фожиали воқеалар оқибатида мусибатли ҳаёт кечираётган халқнинг тақдири акс эттирилган бу шеърда “минг-минглаб одамлар очлик ва зўравонлик туфайли ҳалок бўлган”и тасвирланган эди. Шоир шеърда бутун Шарқни, хусусан, Фарғонани ҳам ўша замонда мушкул шароитда қолганини ифодалашга уринган. Бу ҳақиқат, аввало, ўзбек фарзандини, қолаверса, ҳар бир фарғоналикни лоқайд қолдира олмасди. Ваҳоланки, сиёсат хизматчилари бу шеърни ҳатто “босмачилар гимни” деб аташгача боришди”. “Чўлпон” китобининг шеъриятга бағишланган иккинчи бобида қирқдан ортиқ шеърий парчалар келтирилган. “Чўлпонни англаш”да шеърларнинг номлари эсга олинган. Уларда поэтик маҳорат маҳсули бўлиб яралган сатрларда шоир қалбидан отилган вулқон бутун замон адолатсизлигини куйдириб ўтгани бир томондан алам, бир томондан ғурур ила китобхон эътиборига етказилади. Шоир шеъриятининг ҳамма намуналари поэзиянинг олий кўринишида бўлса-да, улар таркибидан энг мўъжизали сатрлар нозик дид ва ақл мезонида ажратиб олинади ва шоҳ сатрлар даражасида тақдим этилади:
Бир қўзғалар, бир кўпирар, бир қайнар,
Бир интилар, бир ҳовлиқар, бир ўйнар,
Йўқликни-да, очликни-да йўқ этар,
Ўз юртини ҳар нарсага тўқ этар.
Адабиётшунос олимларни бадиий адабиётда ёритилган мавзулар қаторида энг эътиборли ҳисобланган инсон шахсини улуғлаш, инсон – Ер куррасининг ҳокими эканини таъкидлаш йўналиши доимо жалб этиб келган. Чунки инсон ўзининг инсоний қадрига етмай туриб, ёруғ дунёга келиш сабабини англамайди. Озодлик, эркинлик неъматини баҳолай олмайди. Яхшилик, эзгулик, иймон фазилатларини тушунмайди. Табиат гўзаллигини ҳис қилмайди. Чўлпоншунос Озод домлани ҳайратга солган фазилат ҳам, бизнингча, шоир поэзияси моҳиятининг заминини ташкил этувчи ИНСОН концепцияси бўлган:
Тириксен, ўлмагансен,
Сен-да одам, сен-да инсонсен.
Кишан кийма, бўйин эгма,
Ки сен ҳам ҳур туғилғонсен.
Фикри ожизимча, Озод домланинг бутун ҳаёти давомида ишонч билан яшаш табиати юқоридаги тўрт сатрда муҳрланган. Домламиз яшаган муддат давомида ижтимоий ҳаётда бир неча марта сиёсат ўзгарди. Шахсга сиғиниш, қайта қуриш, ўзбек пахтаси, мустақиллик довонларидан ўтди ўзбек халқи. Аммо домла ўз фикр-мулоҳазаларини эмин-эркин ифодалайдиган замон бўлмади. Кўп марта домламиз бошида калтак синган вазиятларга гувоҳ бўлдик. Чўлпон бошидаги дашном ёғдирувчи булутлар устозимиз тепаларида ҳам роса чарх урганини кўрдик. Аммо ҳар сафар муайян муддат ўтганидан сўнг бу кўланкалар ҳақиқат, ирода шамоли билан тарқаб кетарди. Ва ҳар сафар устозимиз “кишан киймай, бўйин эгмай” ҳаёт синовларидан эсон-омон ўтар эдилар. Ҳавас қиладиган жиҳатлар шундан иборат бўлар эдики, шахсий ҳаётидаги тазйиқларни биз – шогирдларига деярли билдирмасдилар. Гоҳида бу йўналишда нобопроқ савол берсак, “биринчи мартами, бир гап бўлар, чўрт побери”, деб қўярдилар. Ҳатто умрларининг охирида жуда оғир жарроҳлик муолажаларини бошидан кечирганда ҳам уларда руҳий тетиклик йўқолмади. Ҳазил-мутойибалар эсдан чиқмади. “Нажот – ҳамкорликда” (Салмон Рушдийга очиқ хат) га ўхшаш мақолалар ёзилаверди. Ўйлайманки, ҳаётда энг мушкул вазиятлар вужудга келганда, домламизни Абдулҳамид Чўлпон қўллаб-қувватлаган. Чўлпон ва Озод домла – икки буюк инсоннинг вафот куни айнан бир кунга – 4 октябрга тўғри келишида ҳам илоҳий ўхшашликни кўраман.
Озод Шарафиддиновни шоир Чўлпон поэзиясида жалб қилган мавзулардан бири ўзбек бокира қизига ижтимоий ҳаётда бўлган муносабат муаммоси эди. Мақоламиз бошланишида Асқад Мухторнинг “Бинафша” шеърини ўқиганини эслагандик. Шеърда ўзбек қизи билан бинафшанинг муқояса қилиниши шеърият мухлисини бефарқ қолдирмайди. Ўзингиз тасаввур қилинг:
Бинафша, сенмисан, бинафша, сенми,
Кўчада ақчага сотилган…
Кимлардир, уларким,
Игнани бағрингга санчалар?..
У қандай қўлларким,
Узалар, ҳидлайлар, янчалар.
“Шарқ қизи”, “Мен ва бошқалар” каби шеърлар, ҳикоя ва романидаги ўзбек қизи ифодасида Озод домла Чўлпоннинг бутун вужудига сингиб кетган мусибатнинг руҳий шарҳини кўради. “Мен ва бошқалар” шеъри ҳақида олим ёзади: “Ўзбек қизи бениҳоя ҳазин оҳангда ўз ҳолини изҳор қилади. Унинг сўзларида шикоят йўқ, аммо тизгинсиз мунг бор, у бошқалар каби эрк эртакларини эшитмоқ истайди, бироқ бунинг ўрнига тўрт девор ичида қуллик қўшиғини тинглашга мажбур… Чўлпон шеърларида аёлга теран ҳамдардлик бор: шоирнинг табиий ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилиб бонг уради, қалбларни қалқитишга ҳаракат қилади”.
Чўлпоннинг санъатга, бадиий адабиётга, поэзияга драматургияга бўлган муносабати Озод домланинг табиатига, феълига ҳар жиҳатдан мос эди. Бу яқинлик охир-оқибатда икки гўзал инсоннинг муомаласига таъсир ўтказди, уларнинг дунёқарашида эгизак руҳни, ҳолатни вужудга келтирди.
Озод домла ёшлигидан бошқа тенгдошларидан ростгўйлиги, дангаллиги билан ажралиб турарди. Биринчи ўқитувчиси Қудрат Аҳмедов қуйидаги воқеани эслаган эдилар: Озод Тошкент шаҳридаги 14-мактабнинг бошланғич синфларидан бирида ўқиб юрган кезлари мактабга текширувчилар келади. Қудрат ака синфидаги ўқувчиларнинг билими яхши эканлигини кўрсатиш учун назорат диктантни аввалги ёзилган матндан танлайди. Диктант синфдаги орқа партада ўтирган текширувчи кузатувида ёзиб бўлинганидан сўнг ўқитувчи одатдагидек ўқувчиларидан: “Саволлар борми?” – деб сўрайди. Шунда 8 ёшли Озод ўрнидан туриб: “Бу диктантни аввал ҳам ёзган эдик-ку”, деб сўраган экан. Мана шу ҳақгўйлик умр бўйи уни тарк этмади. Эҳтимол, унинг Чўлпонга бўлган чексиз ҳурмати ва қизиқишининг сабабини ҳам айнан шу фазилатдан ахтариш тўғри бўлар. Олим Чўлпонни шу қадар синчковлик билан мукаммал ўргандики, охир-оқибатда айрим ўринларда ёзувчи услуби билан тадқиқотчи ўртасида уйғунлик намоён бўла бошлади.
Озод Шарафиддинов табиатан поэтик асарларни таҳлил қилишга кўпроқ қизиқарди. Аммо гап Чўлпон ҳақида кетганида, бадиий асарни жанрга нисбатан ажратиш кейинги ўринларга ўтарди. “Чўлпон” рисоласининг учинчи бобида олимимиз адиб ижодидаги ҳикоянавислик фаолиятига алоҳида ўрин ажратди. Бу фаслда “Қоғоздан қайиқчалар”, “Оқ булутлар билан тўлқинлар”, “Кўнгилчанлик” миниатюралари таҳлилидан бошланган тадқиқ мантиқан ривожланиб “Қор қўйнида лола”, “Ойдин кечаларда”, “Нонушта”, “Гавҳарой” каби ҳикоялар йўналишида давом этади. Тадқиқотчи кичик прозаик асарлар ҳақида фикр юритишда ҳам шоирнинг поэзиясидаги асосий мавзулардан ҳисобланган ўзбек қизи тақдири ифодасига диққатини қаратади. Бу ўринда Чўлпоннинг ўзбек қизи ҳаётини тасвирлашдаги икки жиҳат алоҳида эътибор билан ўрганилади. Биринчидан, ёзувчининг ўзбек қизларидаги ҳаётдан асосан ёшлик чоғлари баҳраманд бўлиш фазилати, иккинчидан, айнан шу бокира қизларнинг балоғатга етганидан кейинги фожиали қисмати юзасидан мулоҳазалар юритилади. “…озиб-ёзиб бир эркинлик тегиб қолса, ҳовуз бўйига чиқиб қолишса, ўзларини қўйиб юбориб, болалардек самимият билан ўйнаб қувнайдилар”. Аммо кўп ўтмай “Қор билан лола ўт билан сувдек гап, қор қўйнида бир кун эмас, бир нафас турган лола дарҳол бужмаяди, нобуд бўлади”, – дейилади. Олим даҳосининг кучи шундаки, бу таҳлилда ўзбек қизининг тақдири, қисмати ўзбек миллати тарихи билан узвий муқояса қилинади. Бокира қизларимизнинг фожиаси “тақсирим” деб аталмиш ношуд инсонлар билан боғланади. Аслини олганда, ўзбекнинг XX аср бошларидаги мусибати ҳам ана шу кимсаларнинг мунофиқлиги оқибатида рўй берган эди. Олим кичик проза намуналари ҳақидаги фикрларини якунлаб: “Умуман, Чўлпоннинг ҳикоялари кўпинча оддий ва жўн воқеаларга бағишланган бўлса-да, ҳаётийлиги, ҳаққонийлиги билан эътиборга лойиқ”, – дейди.
Чўлпон кичик ҳикоялар ёзиш фаолиятини бадиий прозанинг юксак маррасини эгаллаш йўлидаги маҳорат мактаби тажрибасини тўплаш билан уйғунлаштирди. Йирик проза намунаси ҳисобланмиш роман поэтик шеърлар, миниатюралар, ҳикоялар даражасидан анчайин кенг кўламли имкониятга эга эди. Адибнинг ҳаётий мақсади ҳам ўзбек китобхонига миллий тарихимизнинг бадиий аксини мерос қилиб қолдириш бўлган. Бу ўринда Озод Шарафиддиновнинг бир фикрини келтириш мақсадга мувофиқ деб ўйлаймиз. Олим Зеби образини яратишдаги ёзувчи маҳоратига баҳо берар экан, шундай дейди: “У (Чўлпон – муал.) Зеби характерини тасвирлашда бирон нуқтада ҳам ҳаётийлик принципидан чекинмайди, ҳамма жойда меъёрни сақлашга интилади”. Иқтибосдаги “меъёр” сўзига эътибор қилайлик. Бизнингча, бу сўз ҳаёт ҳақиқати, реал воқелик, самимий турмуш тарзи маъноларини ифодалайди. Кўп ўтмай олим ёзади: “Романда жуда кўп учрайдиган бундай парчалар (ҳаётий лавҳалар – муаллиф) психологик теранлиги ва ҳаққонийлиги билан Зеби характерига чинакам ҳаётийлик бахш этади, унинг реаллигига китобхонни ишонтиради, образнинг таъсир кучини оширади”. Аслини олганда айни шу ҳукмни романдаги Мирёқуб, Акбарали, Раззоқ сўфи, Зебининг онаси, Салтанатхон, аравакаш бўзўғлон йигит Ўлмасжонлар каби ҳамма образ ва персонажларга тааллуқли деб қабул қилиш мумкин. Чунки, “меъёрни сақлаш” буюк адибнинг ўзбек миллати тарихини бўёқларсиз кейинги авлод китобхонига мерос қилиб қолдиришдек бош мақсад – мезон бўлиб хизмат қилган. Озод Шарафиддинов бадиий адабиётдаги, хусусан, романлардаги характерларнинг яратилишида ёзувчи томонидан йўл қўйиладиган бир ёқламаликни ҳамиша қоралаган. Ижобий образларни уларнинг табиатига мос келмайдиган ёлғон фазилатлар билан тасвирлаш, салбий қаҳрамонларни мутлақо салбий бўёқлар билан чаплаб ташлашга қарши фикр юритганларида, биз – шогирдларга ҳаётда мутлақ ижобий, мутлақ салбий инсон бўлиши мумкин эмаслигини қайта-қайта уқтирганлар. Чўлпон “Кеча ва кундуз” романида олимнинг айнан шу фикрини қўллаб-қувватлагандек бўлган. Шунинг учун бўлса керак, олим асардаги Раззоқ сўфи, Акбарали, Мирёқуб, Ноиб тўраларнинг салбий жиҳатларини далиллар билан кўрсата туриб, ёзувчининг бу қаҳрамонларидаги кам бўлса-да, ҳар ҳолда учрайдиган ижобий хусусиятларни ҳам тасвирлашга эътибор берганини алоҳида таъкидлайди. Салбий образлардаги ижобий хатти-ҳаракатлар белгиларини Чўлпоннинг маҳорати билан боғлайди. Бу ўринда, айниқса, Мирёқуб ҳақидаги фикр-мулоҳазалар алоҳида эътиборга лойиқ. Тадқиқотчи Мирёқубни ўзбек буржуазиясининг илк вакилларидан эканини унинг “империя” сўзи маъносини тафтиш қилиши, темир йўл қуриладиган қаровсиз ерларни арзон-гаровга сотиб олиши билан асослайди. Айни пайтда бу қаҳрамоннинг “аналитик ақл эгаси” эканлигини, айниқса, замон ўзгаришига қараб иш юритишини маъқуллайди. Ҳатто, ҳаёт тақозоси билан бу шахснинг келажакда асосий қаҳрамонга айланиши мумкинлигини тахмин қилади. Ёзувчининг Зебини суд қилиниши лавҳаси воситасида чоризм тизимидаги нуқсонларни Н.В.Гоголь, Л.Н.Толстой даражасида фош эта олганини фахр билан таърифлайди. “Кеча ва кундуз” романи фазилатлари олимимиз томонидан етук адабиётшунос сифатида таҳлил қилинар экан, Чўлпоннинг шоирлиги, ҳақиқий маънодаги сўз санъаткорлиги бир сония ҳам устоз хаёлидан кўтарилмайди. Романда воқеалар баёни давомида адибнинг ўрни келганда лавҳалар тавсифига аралашуви, фаоллашуви; ўрни келганда оддий китобхон қаторида кузатувчига айланиши алоҳида маҳорат намунаси сифатида таҳлил қилинган: “Романнинг айрим саҳифалари фавқулодда таъсир кучига эга. Айниқса, Зеби устидан суд мажлислари тасвирланган саҳифаларда Чўлпоннинг фош қилувчилик санъати юқори чўққига кўтарилган. Уларда ёзувчи овозини баландлатмайди, қора бўёқларни қалаштирмайди. Сиз ҳатто муаллифнинг мавжудлигини сезмай ҳам қоласиз; у бир чеккада, панада туриб, ўта босиқлик билан, фақат ҳаққоний деталларга алоҳида урғу берган ҳолда мажлис иштирокчиларини тасвирлаб беради”.
Ўнлаб йиллар давомида олимнинг Чўлпон прозаси уcтида олиб борган кузатишлари XX аср бошларида Фитрат, Ҳамза, Абдулла Авлоний, Ойбек, Абдулла Қаҳҳор, Ғафур Ғулом ижоди билан янги мазмунга эга бўлиб бораётган адабиётимиздаги ҳикоячилик, роман жанрларининг шаклланиши ва ривожланиши жараёнининг қарор топганини исботлаш имконини берди. Устозимиз адиб прозаси юзасидан айтилган фикр-мулоҳазаларга хулоса ясар экан: “…“Кеча ва кундуз” ҳаётийлиги, миллий рангларга бойлиги, табиийлиги ва самимийлиги билан қаҳрамонлар характерининг бутунлиги ва тўкислиги билан реализм тантанасига катта ҳисса қўшди”. Чўлпоннинг “Кеча ва кундуз” романи ҳақида айтилган бу якуний фикрни унинг шеърияти, ҳикоялари, романи, драматик асарлари, қўйингки, бутун ижодига берилган таъриф сифатида баҳолаш мумкин.
Озод Шарафиддинов буюк Чўлпон ҳаёти, ижоди ҳақида ёзар экан, иккита муҳим масалани қайта-қайта эсимизга солади, таъкидлайди. Биринчиси, Чўлпон асарларини ахтариш жараёни тўхтамаслиги керак. Унинг йўқолган “Кеча ва кундуз” романининг иккинчи – “Кундуз” қисми (бу ҳақда ўзаро суҳбатларимизда кўп айтилган), 30-йилларнинг бошида ёзилган “Ёв” деган қисса, шеърлар, мулоҳазалар ва бошқа ижод намуналари, мактубларини топиш, ўрганиш, нашр қилишни тўхтатмаслигимиз керак. Иккинчиси, Озод Шарафиддинов танқид қилинаётган шахснинг хатти-ҳаракатидаги нуқсонларни исбот-далиллар билан кўрсатганлар, аммо унинг шахсиятини бирон марта ҳақорат қилмаганлар. Аксари ҳолларда хато қилиш банданинг табиатига хос хусусият, беайб Парвардигор йўсинида иш тутганлар. Ана шу фалсафий эътиқодга амал қилган равишда ўзларининг фикр-мулоҳазалари, ҳукм-хулосалари; хоҳ ижобий, хоҳ танқидий мулоҳазаларини ўқувчига мутлақ ҳақиқат сифатида тақдим қилмаганлар. Олим ҳамиша камтарлик, одоб доирасидан чиқмаган ҳолда муомала мезонига амал қилар эди. Бутун умри давомида Чўлпон шеъриятига садоқат билдириб яратган илмий тадқиқотлари ўзбек адабиётшунослигида чўлпоншунослик соҳасига асос солиши ҳам ана шу эътиқод самараси сифатида вужудга келган. Ҳеч иккиланмай айтиш мумкинки, ўзбекнинг кейинги авлод китобхони Чўлпондек буюк миллат фарзанди борлигини Озод Шарафиддиновнинг саъй-ҳаракатлари самарасида билди, англаб етди.
Чўлпон ижоди ўтган асрнинг 20-30-йилларидаги вақтли матбуот саҳифаларида, бадиий адабиёт саҳифаларида олмосдек яширинган ҳолда сақланарди. Чўлпоншунос Озод бу олмосни ажратиб олди. Садоқати, заргарона ақли заковати билан ўзбек адабиёти узугига Чўлпон деб аталган бриллиант кўз қўйиш шарафига эришди.
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2019 йил, 3-сон