Озарбойжон – Ўзбекистон адабий алоқалари хусусида
Тили, маданияти, урф-одат ва анъаналари бир-бирига яқин бўлган ўзбек ва озарбойжон халқлари ўртасидаги адабий алоқалар тарихи узоқ йилларга бориб тақалади. Бу адабий алоқалар давр ва бошқа омиллар нуқтаи назардан катта бир саҳифани ташкил этишини инобатга олган ҳолда баъзи муҳим фактларга таяниш мақсадга мувофиқ деб ўйлаймиз.
Мумтоз адабиётимиз тарихига назар ташласак, Озарбойжон адабиётининг буюк сиймоларидан бири шоир Низомий Ганжавий ижодининг ўзбек адабиётига катта таъсир кўрсатганига гувоҳ бўламиз. Жумладан, Қутб Хоразмий Низомий таъсирида “Хусрав ва Ширин” достонини ёзгани маълум. Шунингдек, ўзбек адабиётининг мумтоз намояндалари бўлмиш Лутфий, Хоразмий, Дурбек, Гадойи, Атойи, Саккокий кабилар ижодида Озарбойжон адабиётининг таъсири сезилади. Ҳайдар Хоразмий илк бор Низомий Ганжавийнинг “Махзан ул-асрор” (“Сирлар хазинаси”) асари таъсирида ўзининг “Махзан ул-асрор” асарини ёзган.
Нафақат ўзбек, балки бутун туркий халқлар адабиётининг буюк намояндаси, мутафаккир шоир, олим, давлат ва жамоат арбоби, илм ва адабиёт ҳомийси бўлмиш Алишер Навоий Низомий Ганжавий анъаналарини давом эттириб, илк бор туркий тилда “Хамса” достонини яратди. Навоий Низомийдан фарқли равишда “Хамса”ни туркий тилда битиб, бу тилнинг қудратини намойиш этди. Албатта, Навоий “Хамса” достонларини яратар экан Низомий даҳоси қаршисида – улкан бир синов олдида турганини ҳис этди. Достонларнинг ҳар муқаддимасида Низомийни фахр билан тилга олди, унга бўлган чексиз ҳурматини, ихлосини баён этди. У Низомийни ўзига устоз деб билди. Навоий битган
Эмас осон бу майдон ичра турмоқ,
Низомий панжасига панжа урмоқ
сатрларини бугун ҳар бир озарбойжон ва ўзбек кишиси ёддан билади десак янглишмаган бўламиз.
Кейинчалик ҳам адабий таъсир, алоқалар тўхтаб қолмади. Озарбойжон адабиётининг атоқли вакилларидан бири Муҳаммад Фузулий Навоийни ўзига устоз билиб, унга эргашиб ғазалларига назиралар битди. Шунинг баробарида ўзбек адабиёти намояндалари ҳам Фузулийни ўзига устоз деб билди. Муҳаммад Ризо Огаҳий, Амирий, Андалиб, Муқимий, Увайсий, Роқим, Султон Саййид Носирхон, Табиб Хоразмий, Садир Эркин каби мумтоз ўзбек шоирларининг Фузулий ғазалларига назиралар битгани маълумдир. Фузулий номи бутун туркий халқлар адабиётининг буюк сиймоси сифатида эътироф этилади. ХХ аср ўзбек адабиётининг йирик вакилларидан бири Эркин Воҳидов ҳам Фузулий ижодига айрича меҳр билан қараганини биламиз. Мана бу сатрлар шоирнинг ҳайрати ва муҳаббат натижасида дунёга келган десак тўғри бўлади.
Еллар, бир дақиқа тўхтанг эсишдан,
Сернаво булбуллар, сайраманг бир оз.
Карбало даштида яёв кезишдан
Чарчаб тин олмоқда Фузулий устоз.
Денгиз, тўлқинларинг урма қирғоққа,
Шоир ўйларига бермагил халал.
Устоз юрагида шеър туғилмоқда,
Дунёга келмоқда бир мунис ғазал…
…Ғазал ҳам бўлурми мунча дилрабо,
Бунчалар серишва, бунчалар серноз.
Менинг шоирлигим ёлғондир, аммо
Фузулий шеърига ошиқлигим рост…
…Мажнундек беором бўлиб қолганим
Сарсари югурган тўлқинлар айтсин,
Кечалар уйқусиз шеър ёд олганим
Тонгги уфқдаги ёлқинлар айтсин.
“Фузулий ҳайкали қошида” шеъридан
ХХ асрнинг бошларида ўзаро адабий алоқалар янада жонланди. Жадид адабиёти намояндалари Озарбайжонда бўлаётган сиёсий, ижтимоий, иқтисодий, маданий ва адабий ўзгаришлардан у ерда чиқадиган газета ва журналлар орқали хабардор бўлиб борганини фактлар тасдиқлайди. Ўзбек ва озарбойжон халқларининг фарзандлари чор Русияси ҳукмронлигига қарши кураш олиб бордилар. Аммо Қўқонда ташкил этилган Туркистон мухторияти (1917–1918) ва Озарбойжон демократик жумҳурияти (1918-1920) чор империяси томонидан қонли тарзда бостирилди, миллатнинг буюк фарзандлари эса қатағон қилинди. Кейинчалик Сталиннинг қатағон сиёсати туфайли ҳам икки миллатнинг ватанпарвар, зиёли, мард фарзандлари қатл этилди, совуқ ўлкаларга сургун қилинди. Улар орасида улуғ шоир ва ёзувчилар, олимлар бор эди.
Совет Иттифоқи даврида ҳам ўзбек-озарбойжон халқлари ўртасидаги алоқалар тўхтаб қолмади. Икки ўлкада мунтазам равишда ўтказилиб турган “Адабиёт ва санъат ” ўнкунликлари доирасидаги адабий учрашувлар, китоблар тақдимоти ва тадбирлар муҳим аҳамият касб этди. Ўзбек ва озар ёзувчилари, олимлари бир-бирлари билан доимо дўстона муносабатларини олиб боришди. Ҳар икки миллат учун оғир, қийин, таҳликали даврда улар бир-бирига дарддош, елкадош бўлди.
Бу йилларда ижод қилган ижодкорлар орасида бир сиймо борки, у икки миллат дўстлигининг рамзий тимсоли бўлиб тарих саҳифаларида қолди. Бу сиймо буюк шоир, олим ва таржимон Мақсуд Шайхзодадир. Гарчи у Озарбойжонда туғилиб ўсган бўлса-да, тақдир тақозоси билан Ўзбекистонга келиб, шу ерда муқим яшади.
Мақсуд Шайхзода ХХ асрнинг энг таҳликали даврида яшаб ижод этди. Боя таъкидлаганимиздек, бу давр тарихда мустабид тузумнинг қаттол сиёсати билан қолди. Сталиннинг “қатағон машинаси” кўплаб инсонлар бошига кулфат солди.
Қатағон шамоли Мақсуд Шайхзодани ҳам четлаб ўтмади. 1928 йилда шоир ва унинг маслакдош дўстлари “ижтимоий хавфли унсурлар” деб топилди ва уларга нисбатан жазо ҳукми ўқилди (Наим Каримов. Мақсуд Шайхзода. Маънавий-биографик роман.Тошкент, “Sharq”, 2010, 34-бет). Ҳукмга кўра, Шайхзода Москва, Тбилиси ва Бокудан бошқа шаҳарларда сургун муддатини ўташи лозим эди. Шу тариқа шоир сургун ўташ учун Тошкентни танлайди ва 1928 йил февраль ойининг сўнгги кунларида 3 йиллик сургун муддатини ўташ учун Тошкентга келади. Дарвоқе, Шайхзода бу диёрда 3 йил эмас, балки бир умрга қолиб кетди. У ўзбек шоири сифатида танилди. Мақсуд Шайхзода Ойбек, Ҳамид Олимжон, Чўлпон, Абдулла Қаҳҳор, Ғафур Ғулом, Усмон Носир сингари даврнинг машҳур ижодкорлари билан елкама-елка туриб ижод қилди. Уларни ўзига устоз, яқин дўст деб билди. Бирин-кетин чоп этилган гўзал ва латиф шеърлари матбуотимиз саҳифаларини безади. Қатор шеърий китоблари чоп этилди. Шу тариқа адабиётимизда яна бир ёрқин сиймо пайдо бўлди.
1937 йил рус шоири А.С.Пушкин вафотига 100 йил тўлиши муносабати билан унинг асарларини таржима қилиш борасида ҳукумат қарори чиқади. Бир гуруҳ ижодкорлар Чимён тоғ бағрида таржима билан машғул бўлишади. Ойбек, Ҳамид Олимжон, Элбек, Абдулла Қаҳҳор, Усмон Носир сингари шоир ва ёзувчилар орасида Мақсуд Шайхзода ҳам бор эди. Унга Пушкиннинг “Мис чавандоз” ва “Моцарт ва Сальери” шеърий асарларини таржима қилиш юкланган эди. Шайхзода бу асарларни ўзбек тилига маҳорат билан ўгирди. Шоир бу билан яна бир қиррасини намоён этди. Кейинчалик Шайхзода таржимачилик ишини давом эттириб, ўзбек китобхонларини жаҳон адабиёти дурдоналари билан баҳраманд этишга муносиб ҳиссасини қўшди. Унинг, айниқса, Шекспирдан қилган таржималари ўзбек таржимашунослигининг алоҳида бир саҳифасини ташкил қилади. Унинг таржимасидаги “Ҳамлет”, “Ромео ва Жульетта” драмалари ҳануз миллионлаб кишилар қалбини ларзага солиб келмоқда. Умуман, Шайхзоданинг таржимашунослик фаолиятини, унинг маҳоратини ўрганиш бугунги ёш таржимонлар учун катта маҳорат мактаби бўлади десак айни ҳақиқатдир.
Иккинчи жаҳон уруши йиллари шоирнинг “Кураш нечун?”, “Берлинда суд бўлғуси” каби урушни қораловчи, юрт ўғлонларини курашга чорловчи, ватанпарварликни тарғиб қилувчи шеърлари чоп этилди. Аммо бу даврдаги Шайхзода ижодининг энг ёрқин саҳифасини ташкил қиладиган асар “Жалолиддин Мангуберди” драмасидир. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, мўғул истилочиларига қарши мардонавор курашган Жалолиддин Мангуберди ҳақида бунга қадар ҳали бирон бадиий асар яратилмаган эди. Шайхзода бу асарни яратиш учун тарихий манбаларни, ўша давр муаррихлари асарларини синчиклаб ўрганди. Ва ниҳоят, 1944 йил “Жалолиддин Мангуберди” драмаси дунё юзини кўрди. Бу драма тез орада саҳналаштирилиб, томошабинлар олқишига сазовор бўлди. Айни уруш пайтида, халқнинг мард, жасур қаҳрамонлари ҳақида бундай асарнинг яратилиши қонли жанггоҳларда жон олиб, жон бераётган ўғлонлар учун катта руҳий мадад, ғалаба учун катта даъват бўлди.
1950-йилларда Сталиннинг “қатағон машинаси” яна ишга тушди. Мақсуд Шайхзода боши узра яна қора булутлар айлана бошлади. 1952 йил 20 сентябрда Мақсуд Шайхзодани ҳибсга олиш тўғрисидаги қарорга имзо чекилди. Асоссиз айблар билан қамоққа олинган шоир Иркутскдаги лагерга жазо муддатини ўташ учун юборилди. Сталин вафот этгач, шоир оқланди ва 1954 йил июнъ ойида ўз юртига қайтарилди. Лекин мана шу йилларда Шайхзода руҳий азоб, жисмоний оғриқлар исканжасида қолди. Лекин шоир ҳеч қачон тушкунликка тушмади. Яна қизғин ижодга киришди. У дардларига қаламидан малҳам топди. Унинг ижодий режалари ҳали бисёр эди. Шайхзода халқимизнинг яна бир улуғ фарзанди Мирзо Улуғбек ҳақидаги фожеасини ёзишга киришди. Дастлаб буюк олим ва саркарда, давлат арбоби Мирзо Улуғбек ҳақидаги тарихий манбаларни синчиклаб ўрганди. 1960 йил тарихий драма ёзиб тугалланди ва 1961 йил саҳна юзини кўрди. Трагедиядаги ролларни даврнинг энг машҳур актёрлари ўйнаган эди. Бу асар Шайхзодага мисли кўрилмаган шуҳрат келтирган эди.
Шоир ижодий биографиясида “Тошкентнома” достони алоҳида ўрин тутади. Бу асарни у энг оғир кунларида бошпана ва паноҳ бўлган шаҳри азимга бўлган муҳаббати ўлароқ яратган.
Мақсуд Шайхзодадан бизга улкан мерос қолди. Унинг шеърияти кўнгилларни хушнуд этишда давом этмоқда, драмалари саҳналарда қўйилмоқда.
Мақсуд Шайхзода ўзбек ва озарбойжон халқларининг мустаҳкам дўстлиги рамзи, икки халқ фарзанди сифатида мангуликка дахлдордир.
ХХ асрнинг адоғида улкан империя барҳам топди. Ҳар икки давлат бирин-кетин мустақилликка эришди. Асрий орзулар ушалди. Буни, айниқса, миллат зиёлилари қувонч билан кутиб олишди. Истиқлол қатағон қилинган шоир ва ёзувчиларнинг, олимларнинг бадиий ва илмий меросини тиклаш, уларни кенг тарғиб қилиш имкониятини берди. Кўплаб ноёб дурдоналар қайта тикланди, халққа қайтарилди.
Наби Хазри, Халил Рза Улутурк, Маммад Ораз, Бахтиёр Ваҳобзода, Қобил, Кабир Наврўз, Юсуф Самадўғли, Ағамали Содиқ, Анор, Элчин, Фикрат Хожа, Залимхон Ёқуб, Ҳидоят, Ҳусейн Курдўғли, Мамад Аслан, Рамиз Равшан, Рустам Беруди ва бошқа озарбойжон шоир ва ёзувчиларининг; Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Рауф Парфи Ўзтурк, Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров, Шукур Холмирзаев, Шукрулло, Ўткир Ҳошимов, Ҳалима Худойбердиева, Ойдин Ҳожиева, Усмон Азим, Шавкат Раҳмон, Хуршид Даврон, Йўлдош Эшбек, Тоҳир Қаҳҳор, Усмон Қўчқор, Акиф Азалп, Яшар Қосим, Рустам Мусурмон ва бошқа ўзбек шоир ва ёзувчилари истиқлол йилларида яратилган асарларида ўтган асарнинг фожиали жиҳатларини бадиий акс эттирди.
Бу йилларда бир қатор озарбойжон ижодкорларининг асарлари ўзбек тилига ўгирилиб, китобхонлар ҳукмига ҳавола этилди. Жумладан, Бахтиёр Ваҳобзода, Халил Рза Улутурк, Маммад Араз, Фикрат Хожа, Воқиф Самадўғли, Рамиз Равшан, Воқиф Баятли шеърларининг, Юсуф Самадўғлининг “Қатл куни”, Анорнинг “Беш қаватли уйнинг олтинчи қавати” романи, “Дантенинг юбилейи” қиссаси, “Гуржи фамилияси” ва бошқа ҳикояларини, Акрам Айлислининг “Қура қирғоғидаги гулханлар” асари, Элчиннинг “Балададашнинг илк муҳаббати”, “Балададашнинг тўй ҳаммоми”, “Челак”, “Ўлим ҳукми” асарлари, Ағаали Содиқнинг “Бошсиз” номли асарларини ўзбек ўқувчилари илиқ кутиб олди. Шунингдек, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Усмон Азим, Усмон Қўчқор, Тоҳир Қаҳҳор, Шавкат Раҳмон, Тилак Жўра шеърлари, Хайриддин Султоннинг “Ё Жамшид!”, Абдулҳамид Исмоилнинг “Икки чол қиссаси” каби асарларининг озарбойжон тилига таржималарини алоҳида таъкидлаш лозим.
Усмон Қўчқорнинг Озарбойжон адабиётидан таржималари ҳам ғоят салмоқлидир. Унинг Мирза Жалил, М.Собир, Муҳамад Ҳоди, Ҳусайн Жовид, Жаъфар Жабборли ва бошқа классиклардан таржималари эътирофга лойиқ. Хусусан, Ҳусайн Жовиднинг “Иблис”, “Амир Темур”, “Шайх Санъон” асарлари таржимаси Ўзбекистон адабий муҳитида илиқ қарши олинди. Усмон Қўчқорнинг замонавий озарбойжон адабиётининг таниқли вакиллари Анор, Ҳусайн Жовид кабиларнинг ижодидан қилган таржималари ҳам адабий алоқаларни янада мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади.
Озарбойжон Ёзувчилар Бирлигининг ташаббуси билан “Дунё адабиёти” журнали, “525-газета”си, Отатурк маркази ва бошқа ташкилотлар кўмаги билан 2005 йилда Бокуда “Таржима масалалари ва глобаллашув” мавзусидаги халқаро конференция бўлиб ўтди.
ЎГОРТ алоқаларига (Ўзбекистон, Гуржистон, Озарбойжон бадиий таржима масалалари) бағишланган бу конференция натижасида Озарбойжон ва ўзбек тилларида “ЎГОРТ – чоғдош ўзбек ва гуржи адабиётидан сочмалар” (Боку, 2005) тўплами нашр этилди. Ўзбекистондаги “Жаҳон адабиёти” журналининг 2005 йил 5-сонида “Адабий алоқалар” рукнида “Умрлардан узун севгимиз” сарлавҳаси остида Озарбойжон адабиётидан айрим намуналар берилди. Мазкур рукн танқидчи Асад Жаҳонгирнинг “Янги шеърият уфқлари” номли мақоласи билан бошланади. Кириш мақоласидан сўнг ўзбек ўқувчиларига Алисамад Кур, Одил Мирсайид, Адолат Асқарўғли, Расим Қарача, Қули Оқсос, Зоҳир Азамат, Оқсин, Нажот Мамадов, Эсмира Серова каби шоирларнинг, Теҳрон Аҳсанўғли, Рафиқ Ҳошимов, Элчин Ҳусайнбейли, Мақсад Нур каби танқидчи ва ёзувчиларнинг асарларидан намуналар тақдим этилган. Шеър, ҳикоя ва мақолаларни ўзбек тилига Файзи Шоҳисмоил, Хосият Рустамова, Усмон Қўчқор, Мирпўлат Мирзо, Иқбол Мирзо, Эшқобил Шукур, Аъзам Обидов, Усмон Азим, Дилдора Алиева, Ҳулкар каби ўзбек шоир ва ёзувчилари таржима этганлар.
Тошкентда нашр этилган “ХХ аср Озарбойжон шеърияти антологияси” (2013) ва ва “Умрдан узун кеча” (Озарбойжон ёзувчиларининг ҳикоялари, 2014) тўпламларида ҳам қардош ўлка шоир ва ёзувчиларининг асарларидан намуналар ўрин олди.
Энди ўзбек ва озарбойжон адабиёти намуналарининг ўрганилишига ҳам тўхталиб ўтсак. Адабий алоқалар борасида ҳар икки ўлкада ҳам бир қатор мақола, рисола, монография, тўплам, антология ва диссертациялар яратилди. Бунда, албатта, заҳматкаш олимларнинг хизмати беқиёс.
“Ўзбек адабиёти тарихи” китобининг муаллифи, атоқли ўзбек олими Натан Маллаев Низомий Ганжавийнинг ижодий мероси, унинг ўзбек адабиётига таъсири масалаларига оид бир қатор тадқиқотларни яратди. Унинг “Низомий Ганжавийнинг адабий мероси ва унинг таълим-тарбиявий аҳамияти” номли монографиясида икки халқнинг адабий алоқалари кенг ёритилган. Умуман, Ўзбекистонда Н.Ганжавийнинг “Етти гўзал”, “Лайли ва Мажнун”, “Сирлар хазинаси”, “Искандарнома” достонларидан парчалар “Гулдаста” китобида (1947) берилган. Қолаверса, улуғ шоирнинг “Танланган шеърлар”и (1983), “Инжулар уммони” (1989), “Лайли ва Мажнун” (2005), “Хусрав ва Ширин” (2005) достонлари ва бошқа асарлари форс тилидан ўзбек тилига таржима қилиниб чоп этилган.
Қуйидаги маълумотлар ҳам бу борада қилинган ишлар ҳақида муайян тасаввур беради.
Алишер Навоийнинг “Танланган шеърлар”ининг 2004 йили Бокуда 25000 нусхада чоп этилишини (шарҳлар, кириш сўз ва луғатлар муаллифи Ҳамид Арасли) шоирга буюк эҳтиром намунаси дейиш мумкин.
“Уч қардош” (Ўзбек эртаклари. Таржимон Паноҳ Халилов. Боку, 1942 ва 1972), “Ўзбек адабиёти антологияси” (Боку, 1958), “Ўзбек эртаклари” (Боку, 1959), “Ўзбек шеърлари” (Боку, 1959), “Нурли диёр: ўзбек насри альманахи” (Боку, 1979), “Ўзбек халқ эртаклари” (таржимон А.Рзаев, Боку, 1987), “Сеҳрли Ўзбекистон: шеър альманахи” (Боку, 1979) ва бошқа китобларда ўзбек адабиётидан намуналар озарбойжон тилига таржима қилиниб нашр этилди.
Озарбойжон фольклорининг Ўзбекистонда, ўзбек фольклорининг Озарбойжонда ўрганилиши, қиёсий-типологик таҳлиллар ва тадқиқотлар адабий алоқаларда алоҳида саҳифани ташкил этади. А.Набиев “Озарбойжон-ўзбек фольклор алоқалари (“Кўрўғли” ва “Гўрўғли” достонлари мисолида)” ва “Озарбайжон-ўзбек фольклорининг типологияси ва ўзаро алоқалари” китобларини истиқлол йилларида қайта ишлади. Шунингдек, олим мустақиллик йилларида “Озарбойжон халқ адабиёти” (Боку, 2006) номли янги китобини нашр эттирди.
Мустақиллик йилларида П.Халиловнинг дарслик сифатида нашр этилган “СССР халқлари адабиёти” китоби, жумладан унинг “Ўзбек адабиёти” бўлими қайта ишланди. Дарслик мустақиллик мафкураси асосида қайта такомиллаштирилиб “Туркий халқлар ва Шарқий славянлар адабиёти” (Боку, 1994) номи билан нашр этилди.
Маълумки, Алишер Навоий ижоди дунёнинг кўплаб тадқиқотчиларининг диққат марказида бўлиб келган. Ғарб ва Шарқнинг атоқли олимлари Навоий ижодий меросини ўрганиб кўплаб китоблар, мақолалар чоп эттирган. Айниқса, Озарбойжон адабиётшунослигида навоийшунослик соҳаси алоҳида ўрин тутади. Жумладан, Фаридунбей Кўчарли, Ҳамид Арасли, Паноҳ Халилов, Жаннат Нағиева, Халил Рза Улутурк, Комил Вали Наримонўғли, Рамиз Асқар, Тарлон Қулиев, Олмос Улви (Биннатова) сингари таниқли олимларнинг Навоий ижоди билан боғлиқ тадқиқотлари нафақат озарбойжон адабиётшунослиги, балки ўзбек адабиётшунослиги учун ҳам жуда муҳимдир. Низомийнинг Навоийга адабий таъсири қанча бўлса, Фузулийга Навоийнинг таъсирини ҳам шу мезон билан баҳолаш лозим. Бу адабий ҳамкорлик асрлар ва йиллар давомида ривожланиб, собиқ шўролар ҳукмронлиги даврида ҳам тўхтаб қолгани йўқ. Таҳликали дамларда ҳам Навоий ижоди икки халқни доимо бирлаштириб, ўзаро дўстлик ва қардошлик ришталарини мустаҳкамлаб борди.
1926 йил Бокуда бўлиб ўтган I Туркологлар қурултойида Алишер Навоий таваллудининг 500 йиллигини кенг нишонлаш учун 10 кишилик комиссия ташкил этилади. 1926 йил 26 февраль, яъни конгресснинг биринчи кунида биринчи музокарадан сўнг қурултой иштирокчилари “Алишер Навоий – 500” юбилей кечасида иштирок этадилар. Бу тадбирга ташкилотчилар пухта тайёрланди.
Бокуда нашр этиладиган “Коммунист” газетасида таниқли адабиётшунос олимлар Исмоил Ҳикмат, Али Назим, Мирза Муҳсинларнинг мақолалари эълон қилинади. Мазкур газетанинг 1926 йил 4 март сонида Б.Чўбонзоданинг “Навоий – тилшунос” мақоласи эълон қилинади. Олимнинг бу мақоласида Навоийнинг туркий тил ривожида қўшган улкан ҳиссаси ҳақида сўз боради. Б.Чўбонзоданинг “шаҳар тили бўлмаган туркий тил адабий тил бўла олмайди деган фикр ҳукмрон бўлган бир даврда Алишер Навоий тили адабий тил эмас, балки халқ тилидир” деган фикрлари сўзимизни исботлайди.
Навоий ижодий меросини ўрганиш ва тарғиб қилишда таниқли навоийшунос олим, филология фанлари доктори, академик Ҳамид Араслининг хизматлари беқиёсдир. Унинг “Низомий ва Навоий”, “Навоий ва Озарбойжон адабиёти”, “Алишер Навоий”, “Алишер Навоий ва унинг адабий мероси”, “Навоий ва Фузулий”, “Буюк шоир” сингари мақолалари Навоий ижодий меросини ўрганишдаги қимматли манбалардан бўлиб келмоқда. Ҳамид Араслини Ўзбекистонда ҳам етук навоийшунос сифатида билишади. Олим Навоий ижодига юксак баҳо беради: “Алишер Навоий асарлари Озарбайжонда ХV асрдан бошлаб меҳр ва муҳаббат билан ўқиб келинмокда. Асрлар давомида халқимиз Навоийни ўз шоирлари қаторида кўриб келади. У билан замондош Кишварий, Хулқий сингари озар шоирлари Навоийнинг таъсири остида камол топганлар. Буюк Фузулий ҳам “Лайли ва Мажнун” асари муқаддимасида унинг номини Низомий ва Абу Нувос сингари Шарқнинг буюк шоирлари қаторида зикр этади. Мирзо Фатали Охундов ҳам мақолаларида Навоийни оқил ва доно давлат арбоби сифатида эътироф этади” (Araslı Həmid. Nəvai və Füzuli // “Ədəbiyyat və incəsənət”, 30 may, 1980).
Халил Рза Улутуркни ўзбек адабиётининг Озарбойжондаги моҳир таржимони сифатида биламиз. Унинг буюк хизматларидан бири Навоий асарларини озарбойжон тилига маҳорат билан ўгирганидир. “Шеърият – энг буюк миллий бойлик” мақоласида унинг қуйидаги фикрларини ўқиймиз: “Озарбойжоннинг Фузулий, Закир, Натаван, Фата хоним Камина, Видади, Сайид Азим, Собир каби улуғ санъаткорлари Навоийга ҳамиша буюк бир санъат маъбуди каби қараганлар. Навоийнинг таъсири бугун ҳам Озарбойжон адабиётида давом этмоқдадир” (A.Ülvi. Xəlil Rza Ulutürk və özbək ədəbiyyatı /Azərbaycan-özbək ədəbi əlaqələri (monoqrafiya). – Bakı, “Qartal”, 2008, 191 sah.).
Озарбойжонда Алишер Навоий ижодий меросини ўрганишда таниқли олима Жаннат Нағиеванинг ўрнини алоҳида таъкидлаш лозимдир. У “Навоий энциклопедияси луғати” (муаллифлардан бири, 1989), “Озарбойжонда Навоий” (2001), “Навоийнинг Боку қўлёзмалари” (1986), “Наваи и Азербайджанская литература. XV-XIX века” (1990) китобларини чоп эттирди. Олиманинг Алишер Навоий ижодига оид озарбойжон, рус ва ўзбек тилларида 60 дан зиёдроқ илмий мақоласи эълон қилинган. Айниқса, унинг Навоий қўлёзмаларига оид тадқиқотлари ҳамон долзарблигини йўқотмаган. Жаннат Нағиева номзодлик ва докторлик диссертациялари ҳам Навоий ижодий меросига бағишланган.
Навоий ижодининг Озарбойжонда ўрганилишида таниқли олима, филология фанлари доктори Олмос Улви (Биннатова)нинг илмий тадқиқотлари муҳим ўрин тутади.
Олима матбуотда илм, адабиёт, тарих, публицистикага оид мақолалари билан мунтазам чиқиш қилиб келади. Газета ва журналларда, китоб, альманах ва илмий тўпламларда, бир қатор халқаро журналларда турк, ўзбек, туркман, рус, инглиз, грузин, араб, форс, олмон, қозоқ, қирғиз, татар ва бошқа тилларда 500 дан ортиқ илмий мақоласи эълон қилинган. Олмос Улви (Биннатова)Ўзбекистон, Туркия, Қирғизистон, Грузия, Россия, Украина, Туркманистон, Австрия ва бошқа мамлакатларда 60дан ортиқ илмий симпозиум ва конференцияларда ўз маърузалари билан иштирок этган. Бу маърузаларнинг аксарияти Навоий ижодига бағишланганини алоҳида қайд этиш лозим.
Олима озарбойжон ва ўзбек адабий алоқалари контекстида ўзбек адабиётига доир 150 дан ортиқ мақола нашр эттирган. 2009 йил Тошкентда “Озарбойжон-ўзбек (чиғатой) адабий алоқалари (даврлар, сиймолар, жанрлар, тамойиллар)” ва “Алишер Навоий Озарбойжон адабиётшунослигида” китобларининг тақдимоти ўтказилган. Ушбу тадқиқотларда туркий халқлар ва ўзбек адабий алоқаларининг узоқ йиллик тарихи қамраб олингани, қолаверса, Алишер Навоийнинг Озарбойжон адабиётшунослигида ўрганилишига оид маълумотлар эътиборга лойиқдир. Унинг бу борадаги тадқиқотлари икки халқ адабий алоқалари тарихида алоҳида саҳифани ташкил этади.
Олмос Улвийнинг академик Исо Ҳабибейли муҳаррирлигида чоп этилган, “Дунё учун аҳамиятли иш” номли кириш сўзи билан бошланувчи “Ўзбек адабиёти (адабий портретга чизгилар, тадқиқотлар, суҳбатлар)” (A.Ülvi.Özbək ədəbiyyatı (ədəbi portret cizgiləri, araşdırmalar, müsahibələr”, Bakı, 2016) китобида ўзбек ва озарбойжон адабиётларига доир тадқиқотлар, адабий алоқа ва адабий таъсир масалалари ўрин олган. Китоб сўнггида муаллифнинг ўзбек адабиёти билан боғлиқ ёзган мақолаларининг библиографияси ҳам жой олган. Ўзбекистондаги “Китоб дунёси” ва “Сурхон ёшлари” газеталарида академик Исо Ҳабибейлининг юқорида тилга олинган “Дунё учун аҳамиятли иш” мақоласи ўзбек тилида Обид Шофиев таржимасида эълон қилинди.
Тошкентда олиманинг китоби ўзбек тилига нашр этилди (О.Улви. Ўзбек адабиёти ва Озарбойжон (тадқиқотлар, адабий портретлар, суҳбатлар). Тошкент, “Камалак”, 2016). Китобда муаллифнинг турли йилларда Ўзбекистонда чоп этилган илмий мақолалари ва суҳбатлари жамланган. Олима ўзбек матбуотида анча фаол. Унинг мақола ва суҳбатлари “Китоб дунёси” ва “Сурхон ёшлари” газеталарида мунтазам эълон қилиб борилади.
Мана олти асрки ўзбек ва озарбойжон адабий алоқалари тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Келгусида ҳам бу алоқалар давом этишига ва янги саҳифалар очилишига ишонамиз.
Обид ШОФИЕВ,
адабиётшунос