Маълумки, улуғ шоир Алишер Навоий болалик чоғларида Шайх Фаридиддин Аттор қаламига мансуб “Мантиқ ут-тайр” достонини ёд олган ва сўнгги нафасларигача шу дурдона асар ҳаяжони билан яшаган. Ҳазрат “Лисон ут-тайр” асарини шу достонга жавоб тариқасида битгани тасодифий эмас.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур “Бобурнома” китобида Навоий асарларини санар экан: “Алишербек назири йўқ киши эрди. Туркий тил била то шеър айтибтурлар. Ҳеч ким онча кўп ва хўп айтқон эмас. Олти маснавий китоб қилибтур, беши “Хамса” жавобида яна бир “Мантиқ ут-тайр” вазнида “Лисон ут-тайр” отлиқ…” деб алоҳида урғу беради.
“Лисон ут-тайр”нинг бир боби “Ўзининг Шайх руҳи мададидан анга татаббу қилганга қақнус тимсоли” деб номланган. Дурдона асарда сўзга икки хил маъно юкланади. Биринчиси сўз – калом, иккинчиси сўз – куймоқ маъносида. Зотан, “Сўзона” сўзи форсийда куйиш маъносини билдиради. Мазкур атама ўзаги “сўз” ҳисобланади. Ана шунга ишора сифатида Навоий ёзадики:
Ўртадим олам элини, ўзни ҳам,
Қуш тилидин ўзга қилмай сўзни ҳам.
Будур умидимки, бу сўзи фано,
Борча куйганга бақо бергай яно.
Навоий шу байт воситасида шоирларни – Сўз кишиларини мангуликка дахлдор бўлишига ишора қилади. Ҳақиқатан ҳам сўз кишилари жисмонан бу дунёни тарк этганларидан сўнг ҳам шеърсеварлар қалбида яшаб қолаверадилар. Зотан, Фаридиддин Аттор дунёдан кўз юмганига қарийб саккиз аср бўлди. У ҳамон руҳан яшамоқда. Бу хусусият Навоий шахсияти ва ижодига ҳам тааллуқлидир. Алишер Навоий фано оламини тарк этганига беш юз ўн уч йилдан ошди. Пировардида, Навоий шеърияти олам узра тилло қанотларини қоқаётганига шоҳид бўламиз.
Бу таърифларни қаламга олишдан мақсад шуки, “Қуш тили” халқаро антологияси ( “Тафаккур” нашриёти, Тошкент, 2011 йил. Лойиҳа муаллифи: Баҳром Рўзимуҳаммад. Нашрга тайёрловчи: Аъзам Обидов.) жаҳоннинг кўп мамлакатларида эътироф этилаётганини бир карра ўқувчига эслатиб қўйишдир. Шу антология боис бўлиб, Навоий ғазалларига Польшада ҳам қизиқиш уйғонган. Алишер Навоийнинг асарлари поляк тилида нашр қилинмоқда. Бундан аввал ул зот асарлари Америка Қўшма Штатлари, Франция, Россия каби нуфузли давлатларда эълон қилиниб, юксак эътирофларга сазовор бўлди.
“Қуш тили” халқаро антологияси ўзбек, рус, турк, инглиз, немис, испан, поляк, француз тилларида нашрдан чиқарилган. Антологияга қирқдан ортиқ мамлакатларда яшаб ижод қилаётган етмиш етти нафар шоирнинг қуш мавзусидаги ёки “қуш” сўзи ишлатилган шеърлари жамланган. Антология марказида Алишер Навоий ижоди турганлиги китоб қадрини янада оширади. Зотан, жилла қурса шу антологияга кирган хорижлик муаллифлар мутафаккир бобомиз ижод сарчашмасидан озиқ оладилар.
Мазкур тўпламнинг илк саҳифаларида шоир ижодидан айрим намуналар француз, рус, инглиз, немис, поляк тилларида ҳавола этилган. Бундан кўзланган мақсад ўзбек мумтоз шеърияти миқёси, жилоларини жаҳон бўйлаб тарқалишини таъминлашдир. Бу – биринчи хусусият. Иккинчи хусусият шуки, бугунги кунда шеърият шайдолари Европа, Америка, Африка қитъаларида қалам тебратаётган шоирлар назмидан унчалик ҳам воқиф эмаслар. Бу китоб ана ўша бўшлиқни тўлдириш учун ҳам муайян маънода хизмат қилади.
Учинчи хусусият шуки, бу антология воситасида бу антология боис бундан беш аср аввалги ва ҳамда йигирма биринчи аср бошидаги Шарқу Ғарб шеърияти ўзаро туташтирилади. Олис ўтмиш ва бугунги давр оралиғидаги “девор” олиб қўйилади. Бир муқова остида мозий ва замона шеърияти жамлашуви Сўзнинг яшовчанлигига, замон ва макон танламаслигига гувоҳ бўлади.
Тўртинчи хусусият – жаҳон тилларини пухта биладиган тадқиқотчилар дунёнинг машҳур шоирлари шеъриятини аслиятда ўқишлари, аслият ва ўгирмаларни ўзаро қиёслашлари мумкин.
Бешинчи хусусият тўғрисида тўхталсак… Антологияга кирган шеърларнинг аксариятида воқеликка кўчган шакл ўқувчиларимизга у қадар таниш эмас. Гоҳо ўқувчига постмодерн йўналишига мансуб битиклар эриш туюлиши мумкин. Аммо, ўзбек ўқувчиси мутолаа жараёнида авангард усуллар ҳавосидан нафас олишга киришадилар, деб ўйлаймиз.
Айрим муаллифлар, дейлик, Праяг Сайкиа (Ҳиндистон), Кристофер Меррилл (АҚШ), Вивен Пламб (Янги Зеландия), Зофия Безжинска (Польша), Жене Доти (АҚШ) каби шоирлар синчков мухлисларга таниш. Чунки, бу муаллифларнинг шеърлари даврий нашрларимизда, “Илонбалиқ” халқаро антологиясида эълон этилган. Улар халқаро адабий алоқалар тараққиётига хизмат қилиб келишмоқда. Масалан, доктор Праяг Сайкиа Чўлпон, Усмон Носир, Рауф Парфи, Абдулла Орипов дохил қирқ саккиз шоиримиз шеърларини инглиз тилидан ассам тилига ўгириб, Ҳиндистонда нашр этди. Кристофер Меррил эса жаҳонда довруқ қозонган Айова Халқаро Ёзувчилар Дастури директори сифатида ижодкорларимиз билан яқин алоқалар ўрнатган.
Энди “Қуш тили”га мансуб айрим шеърлар таҳлилига ўтсак. Венесуэла Лотин Америкаси шеърияти тараққий этиб бораётган мамлакат ҳисобланади. Ушбу мамлакат вакили Антония Трухило қаламига мансуб шеърнинг илк сатрлариёқ эътиборимизни ўзига жалб этади:
Бу қуш ўлимидан олдин
Тумшуқчасини очишга ва сайрашга интилади
Баргни эмас
Уни қўллаб турган дарахтни
Кесиб ўтмоқчи
Бармоқ вазни оҳангларига кўниккан, миллий образларимиз, ўта таниш мавзулар “таъмини” обдон тотган ўзбек ўқувчиларимизга бу ритм, бу гап бошламаси, бу иллюзия кутилгани қадар “ботмайди”. Аммо, матн астойдил ҳис қилинса, ўқувчи бошқача шеърий кайфиятга тушади.
Қуш орқали яратилаётган воқелик ўта сирли. Қуш шохга қўниб ўтираркан, ёнидаги япроқни эмас, яхлит дарахтни ўйлайди. У ўляпти, яъни жисмидан руҳи чиқиш арафасида турибди. Унинг фикрлари телбалик ва ҳақиқат оралиғидаги мулоҳазалардир. Бу телбалик учиб, бошқа ҳақиқат келади. Ана ўша чизгилардан сўнг шоир ҳолатлар рўйхатини ўқувчиларга тақдим этади. Ва унинг нигоҳи энди далаларга қадалмайди. Анави дарахтлардан олтин ҳам кутмайди. Бу қуш ўлимидан олдин ўз дунёсида учади, ичида товланаётган, ўша шохчага. Демак, қуш энди кўк сари эмас, ўзининг ичига, яъни руҳий дунёсига қараб учяпти. Гап озодлик хусусида кетмоқда. Ҳар қандай шакл озодликка рахна солиши мумкин, дея уқтиради муаллиф. Ва шеърнинг иккинчи қисмида бу мулоҳазаларини янада “қуюқлаштиради”:
Бошқа қуш
Чинакам қуш
Саҳифага тушишдан
Бош тортмоқда
Шоир энди Қуш ва Озодлик ғояларини ёнма-ён қўяди. Озодликка эришув йўлларини босқичма-босқич таърифлаб боради. Пировардида “у бўшлиқни танлади”, деб ёзади. Аён бўладики, шоир қуш образи, қушнинг ҳаракатлари воситасида Озодликка интилиш ғояларини қўрсатиб беради. Аммо, танланган усул, образлар силсиласини осонгина англамоқ мушкул. Хўш, бу мушкулот нимадан?
Ўн бешинчи асрларда Алишер Навоий форс шеъриятидан таъсирланиб, бир қанча шоҳ асарлар яратди. Форс шеърияти эса араб халқлари назмидан озиқлангани тарихдан маълум. Умуман олганда, тамаддун ўчоғи ҳисобланган Арабистон шеъриятга бошқача оҳанглар, бошқача мотивлар тақдим этган эди. Тадқиқотчиларнинг фикрига кўра, Европада кўп йиллардан буён нашъу намо сураётган сонет жанри ҳам аслида Арабистонда шаклу шамойил касб этган. Бу ўринда, шартли равишда умумий нуқталар мажмуи иборасини қўллаймиз. Бинобарин, араб дунёсида шаклланган усуллар замон тақозоси боис дунё халқлари адабиётига кенг тарқалган. Бу ноодатий, тасодифий ҳодиса десак, бу мантиққа зид ҳолатдир. Зотан, Шарқнинг буюк мутафаккирлари араб, форс, ҳинд тилларини бирваракайига ўзлаштиришгани ҳам чуқур мазмунга эга. Кузатишлар шуни кўрсатадики, ўн бешинчи асрларда яшаган Ғарб шоирлари ижодида ҳам улар услубига хос батафсиллик, сўфиёна ёки ички кечинмалар туғёнини кузатиш мумкин. Бу ҳолат орадан беш-олти асрдан сўнг ҳам такрорланар экан, нега ҳайрон қоламиз?
Америкалик олима Рэйчел Харел “Жаҳон адабиёти” журналида эълон қилдирган “Кўкламдан кўкламгача” (2005 йил) мақоласида умумий нуқталар мажмуи иборасига қуйидагича ёндашади: “… Барча “модернизмлар” ва уларнинг давомчилари бўлган оқимлар ( шу жумладан, америка постмодернизми ҳам) баъзи умумий импульслардан озиқланади – тилнинг “чарчаганлиги”га, ўз ифода имкониятларини “тугатганлиги”га реакцияси, шаклнинг ўзи билан ҳам анъанавийликка исён, замонавий дунёнинг илгари назардан четда қолган жиҳатларига эътибор, руҳ безовталиги ва ҳ.к. Шундай бўлса ҳам, ўзбек модернизми бошқа ўқувчилар доираси, бошқа тил шароити ва шоирларнинг ўз ўтмишдошлари билан бошқача муносабатларига мувофиқ равишда ўзига хос йўналишда ривожланмоқда”
Ушбу мақола ўзбек тилида ёзилгани билан ҳам алоҳида аҳамият касб этади. Зотан, маданиятлар ўзаро яқинлашаётган бугунги кунда турли тилларни ўрганишга иштиёқ кучайиб бормоқда. Аслини олганда “модернизм” атамаси нисбий бўлиб, бошқа ўлчамдаги адабиёт ёрлиғи мазмунини ўзида ифода этади. Эҳтимол, “Илонбалиқ”, “Қуш тили” халқаро антологиялари пайдо бўлишига ҳам замона билан ҳамнафаслик туйғуси сабабчи бўлгандир? Агарда биз бу тўғрида чуқурроқ ўйлаб кўрсак, шу икки антологиянинг қадри янада ошади.
Жаҳон халқларининг бугунги шеърияти рамзийликка асослангани туфайли ҳам ўқувчини зериктирмайди, аксинча, қат-қат “пардалар” ичида нималар борлигига қизиқиш асносида идрокингиз тобланади. Бу ребус ёки кроссворд жумбоқлари эмас, балки, ўша ўн бешинчи асрлардаги сирлиликнинг янгича кўринишларидир. Зотан, Алишер Навоий қаламига мансуб “Лисон ут-тайр”нинг Шайх Фаридиддин Аттор асари – “Мантиқ ут-тайр”га муштарак жиҳатлари ҳам сирли образлар силсиласи билан изоҳланган.
Иккала давр шоирлари ҳам қуш деганда қушни назарда тутишмайди. Бу бир тимсол. Навоийнинг “Сен гумон қилгандин ўзга..” таъкидини ёдимизга келтирсак, масала ойдинлашади. Дейлик, қуш тимсоли орқали инсон тасвирланаётган норвегиялик шоир Истерин Иралу шеъри мисол бўла олади:
Паға-паға тушар экан қор
Шамол ҳилпиратган
Сариқ-яшил палтоли
Жувонининг нақ устида
Сирғалиб сирғалиб учади чорлоқ
Иккисини ҳилпиратар қор
Шеър бор-йўғи олти сатрдан иборат. Қўлланилган усул у қадар мураккаб ҳам эмас. Аммо “сариқ-яшил палтоли жувон” ибораси орқали ажойиб ташбеҳ яратилган. Шеърда қор ва шамол ҳаракати тасвири сўнгги сатрларни “очиб юборади”. “Сирғалиб-сирғалиб учади чорлоқ, иккисини ҳилпиратар қор”. Қор ва шамол образлари қуш ва инсон образлари билан уйғунликда чизилади. Бу чиройли тасвирга айланади. Айнан шу кичик шеър ёдимизга япон хайку ва танкалари руҳини соладики, буям тасодиф эмас. Зотан, ҳозирда Европа ва Америка шоирлари ҳам япон шеъриятидан таъсирланмоқдалар. Жумладан, антологияга киритилган америкалик шоир Жене Доти хайкулари бунга мисол бўла олади. Жене Доти инглиз тилидаги мумтоз замонавий ғазаллар веб-сайтини очган. Бу шоир айни даврда ғазалнависликни дунё бўйича тарғиб қилар экан, ўзи ҳам ғазаллар битади. Хайкулари эса Жене Дотининг Шарқ мумтоз назми, жумладан, узоқ Шарқ мумтоз шеърияти руҳини теран англаганидан дарак беради:
Кунчиқарда турибди йога
Олис зоғлар қағиллар гўё
Кўзойнакли илон бўлгуси
Истеъдодли ёш таржимон Нозима Тошпўлатова таржимасида ҳозирги кунда Испанияниннг Барселона шаҳрида яшаётган шоир Рохелио Сандерснинг “Олтин қуш” сарлавҳали шеъри антологияга кирган бошқа шеърлардан алоҳида ажралиб туради. Бу шеър бир жиҳатдан визуал шеърият намунаси. Чунончи, матнда турли чизмалар мавжуд. Чизмалар ўзаро туташтирилса, қуш сурати пайдо бўлади.
Шеърлари инглиз, ўзбек, мўғул тилларига ўгирилган араб шоири Саид Гоуда (Гонг-конг) қаламига мансуб “Маъюс қушим” сарлавҳали шеърнинг илк сатрлариданоқ Шарқ шеърияти анъаналари бўртиб кўринади. “Олтин қафас” образи ила мумтоз шеъриятимизга ишора қилгандек гўё. Зотан, улуғ Навоий ҳам шу турдаги образларни ғазал, рубоийларида кўп ишлатган. Саид Гоуда оддий тасвирдан мураккаб усулларга ўта бошлайди:
Қушлар дўконидан сотиб олганим
Олтин қафасдаги дон-дунга сероб
Анҳор оқиб турган маъвода ўсган
Қушим хомуш бетоб
Айвонга иламан
Жаннатий овоз-ла
Уйғотишин истайман ҳар тонг…
Аммо, қушнинг боши эгик: “Қушим хомуш-хомуш, Сайрга чиққанда қаддин ғоз тутар, Самога боқади ноумид, соғиндимикин ё муҳаббатини”.
Саид Гоуда қуш образи орқали садоқат, вафо ҳиссиётларини ифодалайди. Пировардида, рамз-тимсолларга мурожаат қилиб, қуйидагича хулоса ясайди:
Уни мағлуб ва хор ташлаб кетарми
Ўлжа қилиб инсон зотига
Жаланинг шарпаси?
Мазкур тўпламни мутолаа қилар экансиз, хаёлан олам бўйлаб саёҳатга чиққандай бўласиз. Гарчанд масофа олислиги сизни ўйга толдирса-да, шоирлар орасидаги фикрий муштаракликлар ҳайратга солади. Алҳол, шоирларнинг ботиний яқинлиги образлар орқали намоён бўлади. Мазкур антологияга Ҳалима Худойбердиева, Баҳром Рўзимуҳаммад, Муҳаммад Ғаффор, Хосият Рустамова, Рифат Гумеров шеърлари ҳам киритилгани қизиқишимизни оширади ва уларнинг битиклари билан бошқа қитъа шоирлари назмий асарларини қиёслашимизга имкон беради. Бу муаллифларнинг шеърлари ҳам тўпламнинг умумий руҳига мос тушган. Хусусан, Ўзбекистон халқ шоираси Ҳалима Худойбердиева қаламига мансуб “Батамом уйғонсам…” сарлавҳали шеър лирик қаҳрамони уйғониш ҳиссиёти билан озодликни ёнма-ён қўяди. Шеър хулосаси тубандагича:
Ўзимча кимнингдир
Ғамини едим,
Кимнингдир кунига
Юрибман яраб.
Батамом уйғониб
Ололсам дейман,
Учиб кетармидим
Кўкларга қараб.
Инглизча таржимада шеър шакли, руҳи сақлаб қолинган. Бадиий таржима муваффақиятли чиққанми-йўқми, бу соҳа мутахассислари ҳукмига ҳавола. Бизга аҳамиятлиси, ўзбек шоираси ижоди хусусида инглиззабон адабиёт шайдолари тасаввур ҳосил қилишидир.
Хосият Рустамова – ҳозирги замон ўзбек шеъриятининг пешқадам вакиласи. Унинг шеърлари кўплаб хорижий тилларга ўгирилиб, чоп этилди. Шоиранинг қуш мавзуидаги шеъри мазкур антологиянинг энг таъсирчан битиклари сирасига мансуб:
Жовдираб қарайсан қафасга отсам
Бир ҳовуч ушоқ дон, сув ва майсани…
Олдингга ташлайман нимаки топсам –
Озодликдан бошқа ҳамма нарсани.
Мақоламиз ниҳоясида таъкидлашни истардикки, “Қуш тили” халқаро антологиясини юзага келишида, қирқдан ошиқ мамлакатларга тарқатилишида шоир, таржимон, лойиҳа ижрочиси Аъзам Обидовнинг хизматлари беқиёс. Нашрга тайёрловчилар антологига янада жозиба бағишлайдиган картиналарни ҳам танлай билган. Жумладан, мусаввиралар – Гулнора Раҳмон ва Нодира Иброҳим мўйқаламига мансуб картиналар шарқона оҳангда кўнгил гўзалликларидан “куйлайдилар”. Бу куйлар шеър мусиқасидан асло кам эмас.
Одинабону Қулмуродова
Ўзбекистон Давлат Жаҳон тиллари университети битирувчиси
“Жаҳон адабиёти”, 2014 йил, 3-сон