Адабиётни, таъбир жоиз бўлса, одил судловга қиёслаш мумкин. Табиийки, одил судлов деганда адолатни фақат шиор қилиб олган-у бошқа бир идоранинг ёки қўли узун мансабдорнинг етовида ҳукм қиладиган эмас, Ҳақ ва ҳақиқатни устун биладиган, чинакам адолатга таянадиган тизим назарда тутиляпти. Бинобарин, одил судлов жиноят ва қабоҳат устидан қонуний ҳукм чиқарса, адабиёт жаҳолат ва ёлғон устидан бадиий-фалсафий ҳукм ўқийди. Одил судлов бир ёки бир гуруҳ жиноятчилар қилмишини тафтиш ва таҳлил қилиб, муносиб жазо тайинласа, адабиёт нафс-у ҳаво қулига айланган алоҳида кимсаларгина эмас, ҳирс-у ҳавас ботқоғига ботган нобоп жамият устидан ҳам бадиий-фалсафий ҳукм қилиш имконига эга. Одил судлов асосан ашёвий далиллар, гувоҳлар кўрсатмалари билан иш кўрса, адабиёт инсоннинг ботин оламидаги қабоҳатни, руҳиятидаги сохталик ва шууридаги ёлғонни ҳам ҳақиқат тарозисига торта билади. Замонамизнинг машҳур адибларидан Ўзбекистон халқ ёзувчиси Эркин Аъзам ижодиёти: роман ва қиссалари, ҳикоя ва бадиий публицистикаси адабиётнинг ана шу юксак мезонларига ҳар жиҳатдан мувофиқ келади. Адиб асарлари тадқиқи юзасидан айрим диссертациялар ҳимоя қилинаётгани-ю таҳлилий мақолалар чоп этилаётганини эътироф этган ҳолда, таъкидлаш керакки, адабиётшунослик Эркин Аъзам ижоди олдида қарздор. Жумладан, ёзувчи асарларидаги образлар тизими, қаҳрамонлар руҳияти, уларнинг ботин оламидаги тўфон-у талотўплар, тафаккуридаги эврилишу зиддиятлар, ички ва ташқи дунёси аро муносабатлар каби масалалар ҳануз тадқиқотчиларини кутаётир. Адибнинг ижод тутуми (концепцияси) адабиётшуносликда ҳануз муносиб баҳосини олган эмас. Бадиий маҳорати сирлари, асарларининг тил ва услуб хусусиятлари, йўл-йўлакай билдирилган айрим фикр-у қарашларни истисно қилганда, чуқур таҳлил этилмаган. Ушбу мақола “Шоирнинг тўйи” қиссаси мисолида адибнинг ижод тутумини ўрганиш йўлидаги дастлабки уринишдир. Теран тадқиқотларни талаб этадиган ушбу илмий муаммони кичик бир мақола доирасида тўлақонли ҳал этиш имконсиз экани аён.
Ҳар қандай таҳлил саволлар қўйилишидан бошланиши маълум. Бизда ҳам шундай саволлар кўп: Эркин Аъзам ижод тутумининг бош хусусияти ёки асосий мезонини белгилаш мумкинми? Мумкин бўлса, нимани ёки нималарни кўрсатмоқ зарур? Бу мезонлар адиб асарларида қандай ижодий натижалар берган? Бизнингча, Эркин Аъзам ижод тутумининг бош хусусияти – ҲАҚИҚАТдир. Ёзувчининг деярли барча асарлари моҳиятан ушбу мезонга таянади. Лекин бунинг нозик бир жиҳати бор: замонамизнинг аксар ёзувчи ёки шоирлари ҳаёт ҳақиқатини ёритиш мақсадини қўяр экан, асар воқеликнинг (жамиятдаги эзгу ва хайрли ишларнинг ёхуд жаҳолат ва қабоҳатнинг, одамзодга хос фазилатлару олижаноб хусусиятларнинг ёки нуқсону иллатларнинг) шунчаки баёни: тасдиғи ёки инкоригина бўлиб қолади. Бадиият бой берилади. Баъзан таниқли адибларнинг асарларида ҳам ифода услуби шунчалик ғализ ва тўмтоқ, тили шу қадар ғариб ва ночор бўладики, охиригача ўқиш учун тоғдек бардош талаб этилади. Ўринсиз ишлатилган, майишиб-қайишиб кетган сўзларнинг ингроғини эшитиб, чидай олмайсиз. Қўлингизга қалам олиб, таҳрир қилишга тушиб кетасиз. Лекин бундан нима фойда: китоб аллақачон нашр этилган, муайян ададда тарқалиб ҳам бўлган. Ижод тутумининг асосий мезони – ҳаёт ҳақиқатини бадиий ҳақиқатга айлантириш экан, ушбу бадиий-фалсафий, ижодий-руҳий жараён натижаси қандай бўлиши охир-оқибатда ёзувчининг маҳоратига боғлиқ.
Эркин Аъзам сўзни чуқур ҳис этади, фасоҳат билан қўллайди. Оз сўзга кўп маъно юклай билади. Сўзга оҳорли бадиият либосини кийдириб, бетакрор зийнат бера олади. Унинг ижод намуналарида ифода услуби шу қадар равон, тасвир шунчалик жонли, образлар шу янглиғ тиниқки, асар қаҳрамонлари билан бирга нафас оласиз, биргаликда яшай бошлайсиз; дард-у ситамни ҳам, қувончу шодликни ҳам улар билан баҳам кўрасиз. Ёзувчи асарларида матн шу қадар пишиқ-пухта тузиладики, бирор сўзнинг ўрнини бошқаси билан алмаштириб бўлмайди. Натижада ёзувчи ҳаёт ҳақиқатини ўқувчига пешонасини артиб, ярқиратиб, гўзал бадиий шаклда ҳавола этади.
Ижодкорнинг тутуми ўлароқ ҳақиқат бадиий асарни нурлантириб туради, сўзнинг таъсир кучини оширади. Ўқувчи қалбу шуурига ёруғлик бағишлайди. Уни қалбан ва руҳан асар сюжетининг ичига олиб киради. Қаҳрамонлар руҳиятини теранроқ ҳис этиши учун имкон яратади. Ҳазрат Алишер Навоийнинг мана бу сўзлари бадиий ижодда ҳақ сўзнинг нечоғлик зарурат экани ҳақидадир:
Нукта сув янглиғ эритур тошни,
Топса ҳақиқат ўтидин чошни.
Бўлса ҳақиқат гуҳаридин йироқ,
Ришта сўзин сўзламаган яхшироқ.
Эркин Аъзам асарлари, ҳазрат Навоий таъбири билан айтганда, айнан ҳақиқат ўтидан чошни – баҳра олгани билан алоҳида ажралиб туради. Ёзувчи сифатида бу олий туйғунинг олдида унинг тили қисиқ эмас. Адиб қаламига мансуб “Шоирнинг тўйи” қиссаси бунинг ёрқин исботидир. Нобоп жамият, одамзодни тубанга қулатувчи ҳирсу ҳавас, нафс-у ҳаво, зулму ситам сингари иллатлар устидан бадиий-фалсафий ҳукм чиқарилгани, айниқса, бу асарнинг қимматини оширган. Қисса унда тасвирланган қаҳрамонлар руҳиятининг теран таҳлили, ҳар бир бадиий детал, образ ва тасвирнинг кучли ҳаётий ва бадиий мантиқ асосида далиллангани, ифода услубининг ўзига хослиги ва мукаммаллиги билан нафақат ўзбек бадиий насрида, ҳатто жаҳон поэтик тафаккурида ўзига хос ўринга эга дейилса, муболаға бўлмас.
Ижодкор тутумини ифодалашда бадиий тилнинг ўрни алоҳида. Ҳақиқат ва адолат олдида юзи қора Оқсоқол шоир образи ўзи сўзлаган нутқ ва залдан ташланган луқмалар орқали ишонарли тасвирлангани Эркин Аъзамнинг бадиий тил имкониятларидан нечоғлиқ маҳорат билан фойдалана билиши исботидир. Жумладан, “Оташқалб ўзидан зўр шоирлиги учун Оқсоқол уни ҳасаддан қаматиб юборган, деган гап юради, айтинг-чи, шу тўғрими?” – деган луқмага билдирилган муносабатда бу образнинг чиркин қиёфаси янада яққол намоён бўлади. Ёзувчи ортиқча тафсилотга берилмайди. Кўпсизликдан сақланади. Оқсоқол шоирнинг тарих олдидаги хиёнатини оз сўз воситасида ўқувчи кўз ўнгида бадиий сувратлантиради: “Оқсоқол батамом довдираб қолди. У ҳаммасини кутган, лекин бу қадар шафқатсиз ҳужумга тайёр эмас эди. Қўлида титраётган кўзойнакни минбар пештахтасига қўйиб, овоз келган тарафга тикилди”. Оқсоқолнинг тубан қиёфасини мушоҳада этмоқ учун ана шу тасвирнинг ўзи кифоя қилган.
Портрет ва характер – ижодкор тутумини намоён этувчи муҳим бадиий унсурлардир. “Шоирнинг тўйи” қиссасидаги Мафкурахоним портрети ва характери бунга далил бўла олади. Унинг портрети “ўзи хушбичим, оқбадан, лекин юпқа лаблари ҳар қанақа одамни чимдишга шайгина аёл” тарзида чизилган. Она тилида ҳатто бир бетлик матнни ҳам минг азобда қийналиб ўқийдиган Мафкурахонимнинг характери ҳам портретига мос: “Қирқ беш ёшлар чамасидаги бу хотин сўзга ниҳоятда чечан, бирпасда дунёни ағдар-тўнтар қилгудек фаол ташкилотчи, оқни қора, қорани оқ деб исботламоққа айниқса моҳир эди. У таги оқсуяк хўжалар авлодидан бўлиб, марксча-ленинча таълимотга азбаройи меҳри зўрлигидан насл-насабини инкор этган…”. Ёзувчи унинг мансаб пиллапояларидан кўтарилишида ана шу сифатлари тирговуч бўлганига ишора қилади. Маиший бузуқ Мафкурахонимнинг ўзи бошқараётган соҳа раҳбари билмаслиги мумкин бўлмаган ҳақиқатлардан ҳам бехабарлиги тасвирланган лавҳаларда ёзувчининг асар воқеалари учун асос бўлган давр сиёсатига аччиқ истеҳзоси акс этган. Адабиёт тарихида ёрқин из қолдирган, бетакрор истеъдоди ва ватанпарварлиги эвазига Оқсоқолга ўхшаганларнинг чақуви боис “Халқ душмани”га айланиб, сургун қилиниб, жувонмарг кетган Оташқалб шоир юбилейига “…шунча одамни сарғайтира-сарғайтира ташриф буюрган бу хоним… дам олиш хонасида узунчоқ биллурдан таманно этиб сув ҳўпларканлар, “Қани, домланинг ўзи келдиларми?” деган сўзи билан савияси нақадар паст эканини кўрсатиб қўяди. Қиссадаги ҳар бир сўз, ҳар бир бадиий детал шу тахлит ёзувчининг ижод тутумини сувратлантиришга хизмат қилган.
Оқсоқол шоир характери тасвири ҳам ёзувчининг катта бадиий-фалсафий хулосалар қилишига асос беради. У аслида Алвасти, “очиқ ётган қозон” экани кейинчалик аён бўлган Мовийкўзни деб дўстига хиёнат қилади. Ёзувчининг талқинига кўра, Оқсоқол: “… шу йўл билан ундан (Оташқалбдан – Н.Ж.) ўч олмоқ бўлди, ҳам шеърият мусобақасидаги ожизлигини ғайирлик билан ниқобламоқчи бўлди. Шу тариқа хиёнат кўчасига кирилди, ҳаёт-мамот хиёнати. Бу кўчага бир маротаба кирган одам қайтиб чиқмоғи душвор, ихтиёрида биргина имкон қолади – ана шу кўча бўйлаб ичкарилаш, ичкарилаш, вассалом!” Умр бир жойга борганда Оқсоқол хатосини англаб етади. Лекин энди кеч эди: дўст бой берилган, иймон лат еган, шеърият замон хизматига солинган эди.
Оқсоқол – умумлашма образ. Адиб аксар қаламкашлар характеридаги ноқис жиҳатларни – ҳирс-у ҳавас, мансаб-мартаба илинжида одамийлик фазилатларини бой бериш, нафс-у ҳаво деб тубанликка қулаш хусусиятларини ана шу образда жамлаган.
“Шоирнинг тўйи”даги бошқа образлар ҳам Эркин Аъзамнинг ижодкор сифатидаги тутумини акс эттиришга хизмат қилган. Ҳукмрон мафкура қурбонига айланган Оташқалб, замон ноғорасининг ўйинчиси Ажойиб домла, ҳақиқатпараст Ёш шоир образлари асар бадииятини таъминлашда ва муаллиф ижодий ниятининг бадиий сувратланишида алоҳида ўрин тутади. Асардаги нисбатан иккинчи даражали ҳисобланган Тепакал, аслида Алвасти бўлган Мовийкўз дилбар, Жиянбека образлари, уларнинг бир-бирини такрорламайдиган характерлари тасвири, ёзувчининг нафс-у ҳавога бой берилган умр, ёлғоннинг қурбонига айланган ҳақиқат ҳақидаги фалсафий умумлашмаларини асослашга хизмат қилган.
Эркин Аъзамнинг биргина қиссаси таҳлили асосидаги бу фикрлар “Шовқин” романи, бошқа қисса ва ҳикоялари тадқиқи мисолида мантиқий давом эттирилмоғи, чуқур илмий кузатувлар билан бойитилмоғи, ёзувчи ижодига доир салмоқли илмий умумлашмалар чиқарилишига замин бўлмоғи зарур. Зеро, адабиётнинг асоси бўлган образ ва поэтик тафаккур, портрет ва характер, ижодий услуб ва бадиий тил – барчаси ижодкор тутумини ифодалайди. Бир ҳақиқатни эътироф этмоқ зарур: аслида, мустаҳкам тутумга эга ижодкорлар кўп эмас. Қўлига қалам тутганларнинг ҳаммасида ҳам бу фазилатни топиш маҳол. Аслида, олам ва одам ҳаёти учун тўрт унсур – сув, ҳаво, тупроқ ва олов қанчалик керак бўлса, адабиётнинг равнақи учун ижодкор тутуми шунчалик муҳим. Эркин Аъзам асарлари мутолааси ижодкорларнинг бугунги ва келажакдаги авлодлари учун ҳам бу борада мезон бўла олиши жиҳатидан аҳамиятлидир.
«Ёшлик» журнали, 2020 йил, 7-8-сон