Носир Муҳаммад. Навоий ва шатранж

Алишер Навоий серқирра истеъдод соҳиби сифатида шатранж(шахмат)ни ҳам маҳорат билан ўйнаган, бу қадимий ўйиннинг назарий жиҳатларидан яхши хабардор бўлган. Замондошларининг хотиралари, шоирнинг турли мавзудаги асарларида келтирилган шатранжга оид мисоллар, шатранж муҳралари билан боғлиқ тимсоллар ана шундан далолат беради.
Шуни таъкидлаш жоизки, шатранжбозлик анъаналари юртимизда узоқ тарихга эга. Айниқса, Амир Темур даврида саройда ва юксак доираларда бу ўйин кенг урф бўлган. Соҳибқироннинг ўзи шатранжни маҳорат билан ўйнаган, унинг билимдонларини саройга таклиф этган. Бу ҳақда тарихчи Ибн Арабшоҳ шундай ёзади: “(Амир Темур) ўз фикрини пешлаш мақсадида муттасил шатранж ўйнарди. Унинг ҳиммати кичик шатранж (ўйнаш)дан олий бўлиб, катта шатранж ўйнарди. Бу шатранж тахтасининг эни ўн бир, бўйи ўн (хона)дан иборат эди… (Амир Темур) Самарқандга фақиҳ олимлардан мавлоно Абдумаликни олиб келган эди. У “Ҳидоя” соҳиби(Бурҳониддин Марғиноний)нинг авлодидан бўлиб, мударрислик қилар, шатранж ва нард(ўйинлари)дан таълим берар эди, шеър ҳам ёзар эди… Шатранжчилардан яна Муҳаммад ибн Ақийл ал-Хайми ва Зайн ал-Яздий ва бошқалар бор эди. Шатранжчиларнинг алломаси – фиқҳчи, ҳадисшунос олим Алоуддин ат-Табризий эди. У Зайн ал-Яздийга ортиқча бир пиёда, Ибн Ақийлга эса ортиқча бир от қўяр эди ва улардан ғолиб чиқарди. Соҳибқирон Алоуддинга: “Мен жаҳондорлик бобида ягона бўлганим каби сен ҳам шатранж оламида тенги йўқсан”, дерди… Унинг ўйин пайтидаги сифатларидан бири шу эдики, ўйин вақтида у ҳеч ўйлаб ўтирмас, рақиби узоқ фикрлаб юриш қилганидан кейин шу заҳоти юриб қўярди. Бир вақтнинг ўзида у икки рақиб билан ғойибона ўйнар, тахтага қарамасдан ўз томонида қандай доналар ва рақиблари томонида қандай доналар борлигини биларди. У Амир Темур билан катта шатранжда ўйнар эди”.
Мазкур анъаналар Алишер Навоий ва темурий ҳукмдор – Ҳусайн Бойқаро даврида ҳам давом эттирилди. Хуросонда, айниқса, Ҳиротда санъат ва маданиятнинг кўпгина соҳалари қатори бир қанча спорт турлари, хусусан, кураш ва шатранж катта равнақ топган эди. “Мажолис ун-нафоис” ва “Бобурнома”да бу ҳақда кўплаб гувоҳликлар бор. Масалан, Мир Муртоз деган шатранжбоз ақлни пешловчи бу ўйинга шу даражада ўч эканки, бир рақиби билан ўйнаётганида, иккинчиси кетиб қолмасин деб, унинг этагидан тутиб ўтирар экан. “… шатранжға андоғ мағлубдурким, бир ҳариф илгига тушса, халос бўла олмас. Бу жиҳатдин ҳарифлар андин қочарлар”, деб таърифлайди Навоий бу шахсни.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур Зуннун Арғун деган шахс ҳақида маълумот беради. Навоийга замондош бўлган бу шахс ҳам шатранж усталаридан бўлган. “Шатранжга кўп машъуф эди. Эл бир илик ила ўйнаса, ул икки илик била ўйнар эди. Ҳар неча кўнгли тилар, ўйнар эди”, деб ёзади буюк бобомиз “Бобурнома”да.
Яна бир ашаддий шатранжбоз Камолиддин Биноий бўлган. Истеъдодли шоир, таржимон, мусиқашунос сифатида танилган бу шахс Навоий ҳомийлигида камол топган. Айни пайтда, Навоийнинг шатранждаги рақибларидан бири бўлган. “Мажолис ун-нафоис”да Навоий уни таърифлар экан, қобилиятли, ҳозиржавоб бўлиш билан бирга, қайсар, баҳс ва тортишувни яхши кўрадиган, гап келса, отасини ҳам аямайдиган шахс эканини таъкидлайди. Замондошлари шундай бир воқеани ёзиб қолдирганлар: Навоий ва Биноий шатранж ўйнаётган экан. Навоий оёғини ёзиш учун узатганида ногаҳон Биноийнинг орқасига тегиб кетади. Шўхлиги тутган Навоий шундай дейди:
– Ҳиротда қаёққа оёқ узатсанг, албатта бир шоирнинг кетига тегади-да!
– Тўғри айтдингиз, ҳазрати олийлари, оёқни йиғиб олсангиз ҳам шундай бўлади, – дейди ҳозиржавоблик билан Биноий.
Бу ҳикоят Ҳиротдаги ўша давр адабий муҳити ва Навоий давраси ҳақида бизга ёрқин тасаввур беради.
Шоир асарларида шатранж ва унинг муҳралари билан боғлиқ воқеалар ҳамда тимсоллар анчагина учрайди. “Ғаройиб ус-сиғар”да шундай байт мавжуд:

Шаҳ ёнин фарзин киби кажлар мақом этмиш, не тонг,
Ростравлар арсадин гар тутсалар рухдек қироқ.

Яъни: шоҳнинг ёнида фарзин каби эгри йўлга юрувчилар тураркан, Рухдек тўғри юрувчилар ҳамиша тахтанинг четида қолса ажаб эмас.
Шатранж қоидасига кўра фарзин шоҳ ёнида (ўша даврда у фақат эгри чизиқ бўйлаб юра олган), фақат тўғрига юра оладиган рух эса тахтанинг энг чеккасига жойлаштирилади. Муҳраларнинг бундай жойлашувини ҳаётга қиёслаган шоир эгриларни юксакликка кўтарган ва оқилларни, тўғриларни четга сурган жамиятни фош этади.
Яна ана шу девонда қуйидаги қитъани ўқиймиз:

Бу юрушда ики улоғим бор,
Лек бормен сипоҳилиқда яёқ.

Ики шатранж отидек бириси
Кўтара олмай ўз еридан аёқ.

Чопса шатранж хонаси хатидин,
Секримаклик аларға беҳад шоқ.

Бири ранги қародурур, бири бўз,
Қаро ердур доғию бўз туфроқ.

Бу воқеабанд қитъадан кўринишича, шоир юришлардан бирида шоҳга ҳамроҳлик қилган. Аммо унга берилган бири бўз ва бири қора от кўнгилдагидек бўлмаган. Навоий бадиҳа тарзида бу воқеани мутойиба қилган, отларни шатранж муҳраларига қиёслаган. “Иккита отим бўлса ҳам, яёв аскарман, чунки отлардан бириси шатранж отидек ердан оёқ узолмайди, иккаласи ҳам шатранж тахтасидан четга чиққанда сакролмайдиган муҳра – отларга ўхшайди, бири қора ер-у, иккинчиси бўз тупроқ”, дейди муболаға билан шоир.
Навоийнинг кўпгина асарларида шатранж билан боғлиқ парчалар, ҳикоятлар, тимсоллар бор. “Садди Искандарий” достонидаги бир парча кўз ўнгингизда ўзингизга таниш манзарани яратади. Тасаввур қилинг: кичик фарзандингиз шахмат муҳралари билан ўйнаяпти. У сизга тақлид қилади. Лекин муҳраларни тўғри теролмайди. Пиёдани шоҳ ўрнига қўяди, филни эса рух “айвон”ига теради. Тўғри юриш ва муҳраларни олишни ҳам билмайди. Аммо эрмак учун турли шўхликлар қилади. Мана, ана шу манзара:

Анингдекки, тифл истабон инбисот,
Чу шатранж ўйнарға ёйса бисот.

Не ўйнарини билса, не термагин,
Не олмоғин билса, не бермагин.

Олиб қўйса байдақни шаҳ ёнида,
Яна пил қўйса рух айвонида…

“Лисон ут-тайр” достонида ҳам шатранжнинг фалсафий моҳиятини очадиган ажойиб бир ҳикоят бор. У шундай бошланади:

Икки шатранж ўйноғучи устод,
Арсаи шатранжға айлаб кушод,

Икки жонибдин бўлуб оромгир,
Туттилар ўртада шатранжи кабир.

Ҳар тарафдин бир шаҳ ўлди ошкор,
Борча ойину сипоҳи шоҳвор…

Ҳикоят давомида шоир шатранж ўйинини ҳақиқий жангга қиёслайди: икки рақиб шоҳ ўзининг сипоҳу пиёдаларини ҳаёт-мамот жангига ташлайди. Сафларда фил, жирафа, рух ва айиқлар бор. Уларнинг олдида эса пиёдалар жой олган. Бу уруш анча давом этади. Жангнинг барча тартиб-қоидасига риоя қилинади. Бири ўз сипоҳини қалъага беркитса, бошқаси уни бузишга интилади. Бу ерда ҳам ҳақиқий жангдагидек лашкар қисмлари – “буронғор”, “жувонғор”, “ғул” ва “ҳировул” бор. Лашкарбошининг ўғли(пиёда) ундан олдин жангга киради, уруш майдонининг четига етгач, отасининг ўринбосарига айланади (сипоҳ бўлади). Аммо шу пайт ўйинчи ўйинни тўхтатишга қарор қилади. Тахтанинг бир четини кўтариши билан жангу жадалдан асар ҳам қолмайди. Ўйинчи муҳраларни халтага солиб, оғзини бойлайди. Шоҳ қуйига, пиёда эса юқорига чиқиб қолади. Энди бу халтани ўйинчи истаса сувга, истаса ўтга ташлай олади.
Навоий фикрича, шатранж ҳаётнинг тимсолий кўринишидир. Бу ердаги жангу жадаллар, ўзаро душманлик, табақаланиш ҳам Холиқнинг бир амри билан барҳам топади. Ҳаётдан кўз юмгандан кейин шоҳ ҳам, оддий одам ҳам баробар. Шоир бундан хулоса чиқаришга, ўткинчи ҳаётда фақат эзгулик қилишга ундайди:

Чун харита ичра боғланди бори,
Шаҳ қуйидур ё пиёда юқори.

Ул ҳам истиғнодин осоридурур,
Балки ондин бир намудоридурур.

Бас бу тамсиле сари наззора қил,
Асли истиғнони юз минг мунча бил.

Чун бу маъни сори бўлдунг руҳшунос,
Барча ишни айлагил мундин қиёс.

Юқоридаги мисоллар шатранж Навоий ҳаётида алоҳида ўрин тутганини, у шоирнинг дам олиш вақтларини мароқли ўтказиш воситасигина бўлиб қолмай, балки унинг фалсафий мушоҳадаларини чуқурлаштиришга хизмат қилганидан ҳам далолат беради.

“Ёшлик” журнали, 2016 йил, 1-сон