Нодира Эгамқулова. Миллат фидойиси

Беҳбудий портрети. «Унутилмас сиймолар» (1999) тўпламидан олинди

Буюк одамлар буюк қалб соҳиби ҳам бўлади. Бунга тарихдан кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Шундай сиймолардан бири, шубҳасиз, Маҳмудхўжа Беҳбудийдир. Беҳбудий том маънода тақдир туркийларга туҳфа этган буюк ҳодиса эди.

У 1875 йил 19 январда Самарқанднинг Бахшитепа қишлоғида дунёга келган. Ҳожи Муин ёзиб қолдирган маълумотларга таянадиган бўлсак, Беҳбудий дастлаб тоғалари Муҳаммад Сиддиқ ва Муҳаммад Олимдан сабоқ олган. Отаси вафот этгач (1894 йил), “ўз маишатини ўзи таъмин этишга мажбур бўлди”[1]. Шундан сўнг у тоғаси Муҳаммад Сиддиқ ҳузурида мирзолик хизматига киришди. Шу тариқа кейинчалик қози ва муфти даражаларига эришди. Беҳбудий ўз билимларини ошириш мақсадида дунёда бўлаётган жараёнлар билан мунтазам танишиб борган. Бу борада 1899 йилги ҳаж сафари давомида кўрганлари унинг дунёқарашида, фикрий оламида янги саҳифа очди. Ижодидан келиб чиқиб айтиш мумкинки, Беҳбудийда ўз атрофида содир бўлаётган воқеаларга баҳо бера олиш қобилияти кучли бўлган. Бу нарса уни бутун Россия мусулмонлар ҳаётида кечаётган жараёнлар оқимига олиб кирди ва унинг фаол иштирокчисига айлантирди. Лазиз Азиззода Беҳбудийнинг фавқулодда иқтидорини “Ул ўзи Туркистоннинг эски мадрасасидан чиққан бир киши бўлғон ҳолда, Ғарб дорилфунунларини битириб келган кишиларнинг қилмағон хизматларини адо қилиб кетди”[2] , деган ишора билан келтириб ўтади.

Беҳбудий Самарқанддаги дастлабки маҳаллий газета ва миллий журналнинг ношири, биринчи миллий драма муаллифи, Туркистондаги усули жадид мактабларининг “биринчи назариётчи”[3] ларидан, энг биринчи фанний дарсликлар яратувчиси, кутубхона ва нашриёт ишлари билан ҳам шуғулланган амалиётчи жадиддир. Юқоридагилар билан бир қаторда, қозихона ишларини юритиш, саёҳатлар, турли съезд ва қурултойлардаги иштироки ҳам Беҳбудий фаолияти мундарижасини ташкил этган. Бир умр давомида буларни амалга ошириш учун киши матонатли ва муҳаббати баланд бўлиши керак. “Халқ отаси” (И. Ғафуров) бўлган Беҳбудийда эса бу хислатлар йиллар давомида шаклланган эди. У ўз зиммасидаги ишларнинг барчасини қатъият ва меҳр-муҳаббат билан амалга оширди. Ҳожи Муин таъкидлаганидек, “умрининг охириғача Туркистоннинг янгилик ва юксалишига ҳормай-тинмай, талашиб-тортишиб” хизмат қилди ва “шу маслаги йўлида қурбон бўлди”[4].

Маҳмудхўжа Беҳбудий ижодкорлигининг энг қизғин ва муҳим томонларини очиб беришда, шубҳасиз, “Ойина” журнали катта ўрин тутади. Беҳбудий муҳаррир сифатида журнал минбари атрофида жуда кўпчиликни жипслаштира олган. Журнал саҳифаларида нафақат туркистонликлар, балки турк, татар, афғон, эрон шоирларининг ҳам фаол қатнашганликларининг гувоҳи бўламиз. Масалан, Рижоизода Маҳмуд Акром, Доғистоний, Кафкозий, Жавдат, Шайх Олим Эроний, Маҳмуд Тарзий, Зуҳуриддин Фатҳиддинзода каби шоирлар ижодини мисол қилиб келтириш мумкин. Шу билан бир қаторда, жаҳон мумтоз адабиёти мисолида Гётенинг “Фауст” асаридан, Умар Хайём, Бедил шеъриятидан намуналар келтирилган. Жумладан, журналнинг 1913 йил 3-сонида Айн. Ҳе. нинг “Фауст”дан усмонли туркчага ўгирган таржимаси берилган:

Нобуд ўламазми бу қабо олами ночиз!
Токи эдажакдир бени ворлиқ ила таъжиз?

Бик жаҳд ила бен олами имҳоя чолишдим,
Тоғлардан олув пускуруб ўрмонлари ёқдим.

Уммондаги амвожи бутун жўша гетурдим,
Бен зилзилалар-ла ери зеру забар этдим.

Ҳайф! Ўлмадим охирина мақсудима ноил:
Орома гирифтор ўлур амвож ва савоҳил!

Нафрат бу бани одама, нафрат ҳашарота
Ғолиб ўламамми ажабо бен бу завота.

Беҳаддир отдиқларим оғуш мамоти,
Ҳайфоки ўлумда геламиз қарши ҳаёта!

Доим бу жаҳонда янги бир қон даваронда
Ноқобил таъдод юраклар зарабонда.

Тупроқда, ҳавода бир уфоқ қатраи модда.
Бингларча базирот ҳар он нашъу намода:

Аҳё эдар ажсоми ҳароратла рутубат.
Вер фарда музрат, на ябусат, на бурудат,

Жаннат гатирар чилдирарам бен агар олам.
Доим бени айларса бу ҳолила муаллам!…

Кесмам яна умидими, оташ бенга ёвур,
Оташла паришон эдарам олами яксар! [5] 

Ушбу парчадан ХХ аср бошлари усмонли турк адабиётида ҳам “Фауст”нинг таржима вариантлари бўлганини англаш мумкин.

Беҳбудийнинг ўзи жаҳон адабиётидан таржима билан махсус шуғулланмаган бўлса-да, уни бу жараёндан четда турган, деб бўлмайди. “Туркистон вилояти газети” нинг 1909 йил 10-сонида “Оқ елпоғичли чинли хотун” ҳикояси нашр қилинган. У “Тасодиф” деб номланган дебоча билан бошланган. Муаллифи берилмаган. Асар имзосида: “1909 йил, далви девона, Самарқанд, Маҳмудхўжа ибн Беҳбудхўжа” кўрсатилган. Ҳикоя хитой адабиётига тааллуқли. Профессор Бегали Қосимов изоҳича, Беҳбудий асарни “ўз қалби ва қалами билан ўзбек ўқувчисига тақдим этмоқчи бўлган”[6]. Ҳақиқатда, унда Беҳбудий тили ва ёзма услубини кўриш мумкин. Хусусан, “муқтасиъ қадрга тобеъ бўлди”, “дунё одати узра ҳар шай кечар”, “ғамум”, “барои ҳужум”, “думуъ”, “хумои”, “жадид” сўзларида Беҳбудийга хос бўлган араб-форс ҳамда эски туркий сўзларига “ўчлик” сезилади. Беҳбудий мазкур ҳикояни тўғридан-тўғри ўгирмай, балки ўзи “олдин ҳам кўрган”[7] таржимага миллий руҳ бериб, ўзбек ўқувчисига мослаштирган. Буни эркин таржима ҳам дейиш мумкин.

“Ойина” журналининг 1914 йил 27-сонида яна бир таржима асар учрайди. У кичик монолог тарзида ёзилган “Бир аъмо боланинг ҳасрати” парчаси бўлиб, сўнгида учта муаллиф номи келтирилади:

“Муҳаррири: француз қизи Соррун
Мутаржими: Рижоизода марҳум Маҳмуд Акром
Усмонличадан табдил этгони: Маҳмудхўжа”.

Беҳбудийнинг ўзи “усмонличадан табдил этгони” тарзида берса-да, биз бунга таржима сифатида қарашимиз керак. Сабаби, Рижоизода турк адиби. У ҳикояни французчадан усмонли тилига таржима қилган. Беҳбудий эса уни ўзбек тилига ўгирган ва ўзи бунга табдил деб ном беради. Аслида табдил ҳам (ҳозирги кунда таржима кучини беролмаса-да. – Н.Э) луғавий маъноси жиҳатидан ўша давр муҳити учун таржимага ўринбосар сўз бўлган, деб тахмин қилиш мумкин.

Шу маънода, “Бир аъмо боланинг ҳасрати” ва “Оқ ёлпоғичли чинли хотун” ҳикояси Беҳбудий томонидан амалга оширилган таржима ишларидир.

Маҳмудхўжа Беҳбудий ўзбек ёзма драматургияси асосчиларидан бири сифатида эъзозланади. Бизга Беҳбудийни адиб сифатида биргина “Падаркуш” драмаси танитиб туради. Насрнинг бошқа жанрларида ижод қилгани, хусусан, ҳикоя ёзганлиги ҳақида шу кунгача ҳеч қандай маълумот учрамаганди. Сўнгги изланишлар мобайнида эса унинг ўзи муҳаррирлик қилган “Ойина” журналида “Отингни сот, тўнунгни сот, дўқтур бўл!” ҳамда “Мубоҳаса” номли икки сатирик ҳикоя чоп қилингани маълум бўлди. Ушбу ҳикоялар муаллифи деб Мушмирзо (Сичқон мирзо) кўрсатилган. Адабиётшунос Бойбўта Дўстқораев эса Мушмирзо Беҳбудийнинг адабий тахаллуси эканлигини аниқлаган. Ҳар икки ҳикоя ҳам бир хил услубда – диалог кўринишида битилган. Асарлар бадиияти нотугал, улардаги кинояга йўғрилган тил тўлиқ халқона ифодага эга.

“Отингни сот, тўнунгни сот, дўқтур бўл!” ҳикояси ҳажман кичик. Унда илмни ёйиш, маърифатга суяниш ғояси бош мақсад қилиб олинади. Асосий қаҳрамонлар Мушмирзо ҳамда хизматкор образи. Эпизодик образ сифатида бемор (бухоролик жаноб) ни кўрсатиш мумкин. Ҳикояда етилиб турган вазиятдан муаммо сифатида фойдаланилади; асосий муаммо илмсизликка қарши курашиш, ёрдамчи муаммо беморнинг аҳволи эди. Асардаги барча унсурлар тўлиғича асосий муаммони очишга йўналтирилган. Бунда жадид адабиёти намуналарига хос бўлган усул қўлланган, яъни муаммо ҳал қилинмаган, балки уни ечиш йўли кўрсатилган.

“Мубоҳаса” ҳикоясида Мушмирзо ва Пишак сўфи мулоқотга киришади. Пишак сўфи бадиий тўқима бўлиб, у сичқон образига қарама-қарши тарзда танланган. Аввалги ҳикоядан фарқли ўлароқ, унда кундалик ҳаётда учрайдиган мураккаб вазият ҳақида суҳбат бўлиб ўтади. Ҳикояда “Ойина” журналида “Шиа ва сунний” (1913, №10), “Ислоҳи расм лозим аст” (1914, №18), “Ибрат” (1914, №23), “Суҳбат” (1914, №15) каби мақолалари чоп этилган ҳамда “Мусоҳиба ёки мубоҳаса” (“Ойина”, 1914, №35) ҳикоясида Мушмирзо билан суҳбатдош бўлган мулло Хокиро эпизоди ҳам учрайди.

“Мубоҳаса” ҳикояси “бақияси бўлур” дея тугаллангани ҳолда давом эттирилмаган. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Беҳбудий ҳикояларидаги суҳбатни шакллантириш услуби Гаспринскийнинг “Мезон” туркумидаги суҳбатни ёдга солади. Ягона фарқ – Гаспринский “Мезон”и ҳикоядан ҳам кўра кўпроқ 4-5 кишининг ўзаро гурунгига яқин туради. Икки асар орасидаги шаклий ўхшашлик уларнинг диалог кўринишида эканлигида бўлса, мазмуний муштараклик тажоҳилу орифона тарзида миллат орасида ўрмалаётган иллатлар танқид қилинганида кўринади.

Беҳбудий ҳикояларига улар яратилган давр, юкланган бадиий миссия, амал қилинган эстетик тамойиллар ҳамда муаллифга хос публицистик ифода усулини назарда тутган ҳолда ёндашиш лозим. “Улоқда” ёки “Ойдин кечаларда” каби ҳикоялар билан қиёслаб бўлмайдиган бу асарлар Беҳбудийни нафақат қалами ўткир, назари тийрак публицист, балки ижтимоий муаммони гўзал бадиий шаклда кўрсатиш салоҳиятига эга носир сифатида кашф этиш имконини беради.

Беҳбудий бадиий ижод билан қанчалик шуғулланган бўлмасин, у биринчи галда, Туркистондаги жадидчилик ҳаракатининг йўлбошчисидир. У умр бўйи ёзганларида миллатдошларини истиқболга чорлади, ўз ҳаракатлари билан намуна бўлди.

Нодира Эгамқулова

Жаҳон адабиёти, 2014 йил, 1-сон

 

ОТИНГНИ СОТ, ТЎНУНГНИ СОТ, ДЎҚТУР БЎЛ[8]

– Ассалому алейкум!

– Ваалейкум ассалом.

– Қачон келдингиз?

– Ушбу кун.

– Нима учун?

– Жаноб …мир (Бухоро ҳукуматининг қоймақоми – пристуф ўрнидаги кишиси)ни тишлари оғриб эди-ки, Самарқанддан дўқтур олиб бормоқ учун келдим.

– Дўқтур топдингизми?

– Топдим, аммо Самарқанддан темир йўл илан 150 чақиримлик Бухороға тобе бир шаҳарға бориб икки кун турмоқ учун дўқтур бир юз сўмға рози бўлмайдур. Агар-да борса, балки, Жаноб …мир яна юз сўмлик матоҳ ҳам инъом қиладурлар. Аммо дўқтур бормоққа рози бўлмади.

– Кўр бўлинг, жонингиз чиқсин. Дўқтурни кераклигиға ақлингиз энди етдими? Тезлик илан Русия мактаблариға ва ўрус бўладур десангиз, Фарангистонға бола юбориб, дўқтур қилдиринг.

– Эй, бу сўзларни қўйунг, манга машварат беринг, нима қилай?

– Нима қиларсиз, бир сартарошни олиб боринг, икки сўмға қабул қилар.

– Сартарош нима қиладур?

– Ота-бобонгиздан қолган анбур илан …мир ҳазратларини жағидан тишини “қарс” этиб бир дақиқада тортиб олар!

– Йўқ, бегимиз дўқтурга буюриб эдилар,

– Бўлмаса, отингни сот, тўнунгни сот, дўқтур бўл!

 МУШМИРЗО

 “Ойина”, 1913. №5. – Б.117

 

МУБОҲАСА

 П – Пишак сўфи М – Мушмирзо

М: Кўбдан бери дийдорингни кўрмас эдим. Бугун ношукурлигимни ўтганидан сен шумға йўлуқтум. Оҳ, игнаға ўхшаган бурут[9] ларинг қурусун!

П: Нима учун бу қадар бадгапсан? Чоғи бу куз фаслида анборлардан[10] ғаллани кўброқ ўғурлаб, мани насибам учун яхши семирибсан. Оҳ, қўлумға тушсанг-чи!

М: Баъзи одам ўлгонича ёмонлиғини қўймайдур. Сан ҳам агарчи бурутларинг оқариб, ёшингни олган бўлсанг-да, қотиллигингни қўймайсан, бор бечорачилик қил, касб қил, ҳеч бўлмаса гадойлик ва хирмангирд[11]лик қил.

П: Қариган чоғимда энди гадойликми қилай!

М: Албатта! Гадойлик ўғруликдан, қотилликдан, ҳатто фирубгарликдан яхшидур. Чунки гадойға ҳеч кимни иши йўқ. Аммо ўғри ва қотилға жазо берарлар ва ҳам ўғридан бой бўлган йўқ. Аммо гадойдан бойлар бордур.

П: Ҳеч бойни гадойлигини кўрганим йўқ. Мани алдайсан, бадбахт!

М: Сўзинг тўғри, ҳеч бой гадойлик қилмаса ҳам, кўб гадойлар бойлик қиладулар.

П: Бу сўзинг таноқиз[12] .

М: Ай, сани қозихонадан ҳам хабаринг борга ўхшайдурки, таноқизни билурсан!

П: Йўқ, ёшлигимда мантиқ ўқуб эдим.

М: Мантиқ-сантиқни билмайман. Аммо кўб гадойларни бойлигини биларман. Ва у кўбдан биригинасини санга айтайин, эшит.

П: Сўйла, қулоғим санга.

М: Мани истиқомат қилатурган анборим ёнида – жеворинда (Самарқандни Жомбой қишлоғида) кўб шоли бор эди. Ўтган ҳафта сотилди. Ман деворни ёруғидан тангаға кўзум термулуб турар эдим. Тарозуға тортдилар, 80 ботмон чиқди. Савдоси 78 тангадан экан, бу шолини икки нафар гадой, икки ой муддатда 3 шогирди илан хирмонлардан тилаб олибдур. Яна шоли хирмони икки ойдан кейин тамом бўлурки, Худо берса, икки гадой 160 ботмон шоли сотар. Санки мантиқ ўқуган бўлсанг, эҳтимолки, илми ҳисобни ҳам билсанг, зарб қилиб кўргил. 160 ботмон шоли неча танга бўлур? Ана кўрдунгми? Бонкдан қарзи йўқ икки гадойни қўлиға бу қадар пул тушса “бой” демайсанми?

П: Хўб сўзунга инондим. Гадойларни ҳунари надур?

М: Сабр қил, эрта айтарман. Ва ҳам сўнгра мулло Хокиродан эшитдимки, бу “гадой бой”ларни шаҳрида кўб мулклари бўлуб, тижоратлари сойиллик эмишки, ҳар бир савдоларидан юзда юз фойда кўрадилар.

П: Бунлар нима сотарлар?

М: Дуо сотарлар. Баҳоуддин, Балогардон, Ғавсул аъзам ва …ларни шафеъ келтурарлар. Ва яна кўб ҳунарлари бордур.

Бақияси бор.

 “Ойина”, 1913 №7. – Б.169-170

 

CУҲБАТ

 Муш: Бу рамазони шариф ойидур. Санга инсоф борми? Қўй ман гашт ва гадойлиғимни қилай. Жаллодликға ўн бир ой етмасму? Сан ҳам кўкнорхона эшигинда пойлаб турган (шабкард)ға ўхшарсан.

Пишак: Сан нечун гадойлик ва бечорачилик қилдинг? Санинг ишинг доим ўғурликдур. Сандек ва рўйи рост рўзахўрлардек кишин ҳар замон ва ойда жазо бермоқ дурустдур.

Муш: На учун?

Пишак: Нафъи халқ Аллоҳ учун одоби умумия ва ахлоқи исломияни бузгон учун.

Муш: Хайр! Ўлтурабер. Ман бу кун инимдан чиқмайман. Фақат сандан илтимосим шулки, бир оз нари ўлтур. Кўзунгдан, тирноқларингдан наший мундий саҳар азонидан қўқгонидек қўрқарман.

Пишак: Сан чиқмасанг, ман ҳам кўрмайман, кўрган ва билганингдан сўйла!

Муш: Сўйласам, маним истиқомат қилатурган бозорлик дўконни эгасиға газетчи газет келтурди. Дўкон эгаси бойбача дедиларки: Кет, ман газет ўқумайман. Азбаски, гуноҳ эмишки, боғимизни имоми баён қилди.

Бир ой ўтмасдан (…..) бойбачани одами келди. Бойбача бозордан олмоққа буюрди. 2 тангаға тамакуйи шомий, 2 тангаға папирос, 6 танга кўкнор, 3 танга чекида. Гўшас: нон……. нос (оқшом меҳмон бор). Хидматкор[13] бир оз кетиб эди. Бойбача яна чақирди. Бир дужина пиво ҳам ол. Ман ўйладим, газет пиво ва папиросдан ёмон эмиш. Аммо газет нималигини ўзум билмайман. Сани оёқларинг мана кўра узун. Ҳар ерға хуфиядек юрарсан. Газет қандай нимарсадур.

Пишак: Тўғрисини десам газет ёмон нимарсадур. Чунончи, газет дерки, ўғурлуқ ёмон. Кўчаларға куфр сўйламоқ бир-бировни озор бермоқ, ғадр ва хиёнат қилмоқ ёмон. Ҳар ким ўқусун, ҳар ким яхши йўлға юрсун. Фоҳишахона барғам топсун. Кўкнор, арақ, папиросни ташласунлар дер. Мадраса ва мактабларға яхши ўқусунлар. Волостиной ва қозилар адл қилсунлар. Домуллолар авомға панду насиҳат этсунлар. Рўза кунлари дўконларға фоҳишалар зиёфатда келмасунлар, жувонлар ўйнамасунлар.

Муш: Газет агарда шундай деса яхши нимарса экан. Мундан нима учун одамлар қочар. Мунинг қаери гуноҳ ва бидъат!

Пишак: Эй аблаҳ! Газет санга дерки, одамлар қопини тешма, киши ҳақини уюнгга тошима! Манга дерки, Мушмирзони ема!

Муш: Аҳа, энди билдимки, гап мана!

 МУШМИРЗО

“ Самарқанд”. 1913 №33. – Б.3

________________________

[1] Ҳожи Муин. Танланган асарлар.– Тошкент: Маънавият, 2010. – Б.25-26.

[2] Лазиз. Беҳбудий // Маориф ва ўқитғучи. 1926. №2.

[3] Аҳророва. Беҳбудия кутубхонаси // Ўзбекистон адабиёти ва санъати. 1995, 17 февраль.

[4] Ҳожи Муин. Танланган асарлар.– Тошкент: Маънавият, 2010. –Б.28.

[5] Парча асарнинг 1-бўлим “Фаустнинг ишхонаси” қисмидан олинган бўлиб, жорий ёзувда илк бор эълон қилинмоқда (Н.Э).

[6] Маҳмудхўжа Беҳбудий. Танланган асарлар. – Тошкент: Маънавият, 2006. – Б.53.

[7] Ўша асар, – Б.53.

[8] Ҳикоялар жорий ёзувда илк бор эълон қилинмоқда.

[9] Мўйлов

[10] Омбор

[11] Ғалла ташувчи

[12] Бир сўзнинг иккинчи сўзга зид келиши.

[13] Хизматкор