Хайриддин Султонов. Раъно гулининг суви (ҳикоя)

Хуршид Давронга бағишлайман

Қадрли китобхон!
Бу бадиий лавҳани «ҳужжатли ҳикоя» деб атамоқчиман. Лекин ундаги барча воқеа-ҳодисаларнинг юз фоиз ҳақиқат эканига кафолат беролмайман. Бироқ, айни пайтда, ҳар қандай бадиий тўқиманинг ёки қўполроқ айтганда, ҳар қандай уйдирманинг ҳам юз фоиз ёлғон эканига тўла кафолат бермоқ мушкул. Бадиий ижодда эса — боз устига… Бас, шундай экан, гап яна ўша эски муаммога — ишонтира билиш санъатига келиб тўхтайди.
Демак, бу лавҳанинг рост нуқталари — яъни илмий-бадиий адабиётда бор гаплар: ўлмас адибимиз Қодирийнинг нондек табаррук сўзлари;
Манн деган рассомнинг Қодирий портретини яратгани; бу ҳужжатли ҳикояда содир бўлажак воқеаларга муаллифнинг сўнмас ишончи.
Бу лавҳанинг тўқима нуқталари — яъни ўша давр ва ўша шароитда содир бўлганини ҳеч ким тасдиқламаган ва шунингдек, содир бўлмаганини ҳам ҳеч ким инкор этмаган нуқталар:
рассомнинг асло ёзилмаган хотиралари;
бу борада муаллифни кутажак танбеҳ-эътирозлар.
Бу ҳикоя Абдулла Қодирийдек буюк сўз санъаткорига бўлган чексиз ҳайрат ва эҳтиромимнинг камтарин ифодаси сифатида вужудга келди. Мумтоз адибимизнинг ўз сўзлари билан айтганда, «мана шунинг далдасида ҳавасимда жасорат этдим, ҳаваскорлик орқасида кечадиган қусур ва хатолардан чўчиб ўтирмадим». Ва шунинг баробарида, мен бир оддий қаламкаш бўлиб, бу лавҳадаги турфа инсоний кечинмаларга, гоҳи ҳазин, гоҳи некбин янграган оҳангларга, ўталмаган бурч изтиробига сидқидилдан ишонгим келди.
Бу ишончга сизнинг ҳам шерик бўлмоғингиздан умидворман, азиз китобхон.

Муаллиф

* * *

Рассом кундалигидан

12 сентябрь, 198… й.
Чордоқдаги эски китобларим орасидан сарғайган бир дафтар топиб олдим. Тасодифан. Ўттизинчи йилларда Москвада «Наркомпрос» муҳри билан чиқарилган картон муқовали қалин дафтар. Гард-ғуборларини аста артиб, илк саҳифасини очишим биланоқ олис ўтмиш нафаси гуп этиб димоғимга урилди. Аслида, бу у қадар олис тарих эмас, балки «яқин ўтмиш» дейиш тўғрироқ бўлар. Бироқ, умри поёнига етиб, кузги япроқдек ҳилвираб қолган етмиш икки яшар чол учун ўттиз яшар навқирон йигитлик даври олис ўтмиш бўлмай нима? Бошқа таъриф йўқ.
Мана, уч кундирки, олис ўтмишимнинг ягона едгори бўлмиш бу сарғайган дафтардаги бир жумла руҳимни тинмай безовта этмоқда. Туси ўчиб кетган бинафшаранг сиёҳ билан битилган жумла: «Раъно гулининг суви…» Тагида эса: «Абд. Қодирий, 1934 йил, Тошкент».
О, худойим! Бу хотираларнинг барчаси нақадар олис! Ва лекин, нақадар кўнгилга яқин! Ҳатто изтироби ҳам ёрқин уларнинг…
Ҳамма-ҳаммаси ёдимда: қайноқ тупроғи ундек билқиллаб ётган хилват боғкўчалар, чанг босган аймоқи ток япроқлари, кўҳна Тошкентнинг «Самарқанд дарвоза» деб аталган эртакдек узун, тангу тор маҳаллалари, раъно гуллар қийғос очилган боғ ўртасидаги мўъжаз шийпон…
Буларнинг барчаси ортидан эса ўша беором кунларда янги Шарқдаги улкан адабиётлардан бирига асос солаётган ва буни ўзи ҳам билмаган донишманд ва беозор, дилкаш ва беҳаловат, қудратли бир инсоннинг таниш, нуроний сиймоси аста қалқиб чиқади. Шунда атрофдаги манзаралар хира тортиб рангини йўқотади, оҳанглар тинади…
Ўталмаган бурч ҳисси вужудимни тағин эза бошлайди.
Хотиранинг ипак қанотлари оҳиста силкина-силкина мени ўтган кунларга элтиб ташлайди.
Ўтган кунларнинг ўтли таассуротлари, жонбаста тафсилотлари қалбимга умид бағишлайди: ажаб эмаски…
Барча-барчасини муфассал эслашга уринаман.
Айниқса, бир оқшом…
Бугунгидек сокин куз кечаси эди…

— Энди, айбга буюрмайсиз, биродар. Мен хизматингизга бажонидил тайёр эдим, лекин, таассуфки, ҳозир вазиятим бунга имкон бермайдир, — деди Қодирий ўйланиб ва бир оз жимликдан сўнг илова қилди: — Қўлимда баъзи ошиғич юмушларим бор, шуларни битирмасам бўлмас, Қолаверса, менинг суратим учун бундай ташвиш-тараддуд ўринсиз, деб санайман.
Улар очиқ шийпонда, ботиб бораётган қуёшнинг қирмиз ёғдуси оҳиста сўнаётган шип-шийдам кузги боғда ўтиришарди. Рассом бир умр офтоб тегмагандек рангсиз, чўзинчоқ, қушбурун юзини тез-тез сийпаб, оқ жужун камзули чўнтагига қўл солди, излаган нарсаси топилмади шекилли, дўнг пешанаси яна тиришди:
— Тугабди, сабил. — У бўш сигарета қутисини ғижимлаб, асабий бош чайқади. — Эҳ, лаънати!
Қодирий ҳамдардона кулимсираб ўрнидан турди, шийпоннинг нариги бурчидаги ғиштин токчадан бир қути «Эпоха» сигаретасини олиб, кулдон ва гугурт билан рассомнинг олдига қўйди:
— Марҳамат,
Биргалашиб чека бошладилар. Рассом вазмин товушда яна муддаога ўтди:
— Ўртоқ Қодирий, мени Ташкилот комитетидан махсус топшириқ билан ҳузурингизга юборишган. Портретингиз узоғи билан бир ой ичида — Ўзбекистон Рассомлар союзи ташкил этилишига бағишланган кўргазма очилгунга қадар битиши керак. Бу ҳисобот кўргазмаси бўлади, унда республикадаги атоқли меҳнат ва санъат арбобларининг портретлари ҳам намойиш этилиши шарт. Афсуски, мен бетоб бўлиб… Муддат ниҳоятда оз қолди. Кеча Уста Мўминни кўрган эдим, у ҳам шошилтиряпти.
— Уста Мўмин… Николаевми?
— Ҳа, ҳа. Бизнинг бошлиғимиз у. Танир экансиз?
— Таниганда қандоқ! — Қодирий жилмайиб қўйди. — Бир муддат «Муштум» журналида бирга ишлаганмиз. У ҳажвий суратлар чизар, мен уларга сўз битар эдим. Николаев деган бир номусулмонни Уста Мўминдек мусулмон қилган «Муштум» бўлади. Нечук у сизга бошлиқ бўлсин?
— Биз — Москвадан келган ўн иккита рассом ҳозир Уста Мўмин бошчилигида ишлаяпмиз. У Ташкилот комитетининг раиси-ку! Ҳам маҳаллий шароитни яхши билади. Менга ҳам сизни у тавсия қилган эди. Хабарингиз бўлса керак, бу махсус топшириқ…
— Биламан, қай бир куни Раҳматжон* ҳам айтаётган эди, — деди Қодирий.
— Шунинг учун, ўртоқ Қодирий, сиздан илтимос, менинг ҳолатимни тўғри тушунсангиз. Лаънати касаллик панд бермаганда…
— Нима касаллик у?
— Э, арзимаган гап. Москвада бинойидек эдим, йўлда шамоллаб…
— Энди тузукмисиз?
— Раҳмат. Фақат шу масала…
— Сиз Москвадан келдингизми?— деб сўради Қодирий сигарета қолдиғини кулдонга босиб ўчираркан.
— Москвадан. Сиз у ерда бўлган экансиз-а?
— Ҳа.
— Қачон?
— Биринчи марта — йигирма иккинчи йили. Икки йилдан кейин яна борган эдим.
— Ўқишга-да? Брюсовга?*
— Ҳа. Сиз буларни қайдан билдиз?
— Биз ҳаммасини биламиз, — деди рассом кулимсираб. — Сиз ҳақингизда Уста Мўмин билан суҳбатлашган эдик. Москвада қаерда яшагансиз?
— Ново-Лесная кўчаси, 2-уйда.
— Ново-Лесная? У ерда Туркистон Республикасининг Маориф уйи жойлашган эди шекилли?
— Шундай.
Боққа муздек оқшом нафаси қуюлди. Шийпон ортидаги кекса ёнғоқ тепасида чарх урган қушлар чуғури аста-секин пасая бошлади.
— Уста Мўминнинг сизга ихлоси зўр экаи. «Ўртоқ Қодирий ҳали ёш, лекин учта катта роман ёзган», дейди.
— Ҳе-е, — дея Қодирий беэътибор кулиб қўя қолди. — Гап саноқдами, биродар? Мен бир ёзувчини биламан. Ҳар куни ўттиз-қирқ қоғозлаб «асар» қоралайди. Лекин ёзганлари шу чоққа қадар ҳали бирор юракдан жой олган эмас, фақат қоғоз бетидан жой олади, холос. Ҳа-а, бу, Москвада нима гаплар? Қандай янги асарлар чиқди?
— Ҳозир ҳаммаёқда Шолоховнинг янги романи овоза. «Очилган қўриқ».
— Ўқидим, — деди Қодирий. — Ғоят улуғвор китоб бўлибди. Алексей Толстой нима ёзяпти?
— Толстой ҳали ҳам ўша катта китоби — «Сарсон-саргардонликда»ни ёзиб ётибди. Бу китоб чолни анча сарсон-саргардон қилади шекилли.
— Нега ундай дейсиз?— деди Қодирий. — Толстой забардаст адиб, бу ишнинг албатта уддасидан чиқар. Дарвоқе, бултур бир суҳбатимизда у Пётр шоҳ ҳақида роман ёзмак орзусини айтгандек эди, шу китоб ҳали чиқмадими?
— Йўқ, чиқмади шекилли. Толстой билан қаерда учрашган эдингиз?
— Шу ерда.
— У сизнинг уйингизга келганмиди?
— Ҳа, — деди Қодирий ва гўё алланарса эсига тушган каби: — Ўзбекистонда илгари ҳам бўлганмисиз? — деб сўради.
— Бундан тўрт йил бурун бўлганман. Самарқандда салкам беш ой яшаганман ҳам.
— Тошкентга кўпга келдингизми?
Рассом кифт учирди:
— Очиғи, билмайман. Агар ёқиб қолса, қайтиб кетмаслигим ҳам мумкин. Мен, умуман, юртингизга мафтун бўлиб қолдим. Худди Мажнун Лайлига ошиқ бўлгани каби.
— Лекин Мажнун Лайли висолига етган эмас, — деб кулди Қодирий. — Маъзур тутинг, сиз русми?
— Фамилиямга қараб айтяпсизми? Тўғри, Манн — немисча фамилия. Боболаримнинг боболари Пётр Биринчи замонида Германиядан шоҳ саройига хизматга таклиф этилган экан. Шу тариқа мен — Маннлар авлодининг сўнгги вакили, руслашган немис ёки немислашган рус бўлиб бу дунёда тентираб юрибман.
— Немис тилида сўзлашни билсангиз керак?
— Оз-моз. Лекин мен уни оилада эмас, хусусий тарзда, ўзимча ўрганмоқдаман. Биласизми, отам биринчи жаҳон урушида рус армиясининг полковниги сифатида кайзерга қарши жанг қилган. Онам эса царицинлик рус аёли эди. Шундай бўлгач…
— Ҳа, албатта, — Қодирий маъноли бош ирғади.
Манн пойгакдаги чарм сумкасига назар ташлади.
— Ўртоқ Қодирий, қандай қарорга келганингизни билмоқчи эдим.
— Энди… хўш… — Қодирий бир зум ўйланиб қолди, — Бўлмаса, бундай қилсак, биродар: сиз ҳам, мен ҳам юмушдан қолмайлик. Сиз шу ерга келиб ишлай оласизми?
— О, албатта!
— Демак, фурсатингнз бўлганда, шу ерга келиб турарсиз. Лекин мен сизга ҳар куни ккки соатдан ортиқ вақт беролмайман. Нима дейсиз?
— Маъқул, ўртоқ Қодирий. Унда, эртадан иш бошлашим мумкинми?
— Эртагами? Эртага қай кун экан?
— Эртага — ўн еттинчи октябрь, — деди Манн ва хиёл туриб таъкидлади. —Ўн еттинчи октябрь, сешанба.
— Ҳа-а… Йўқ, эртага бошлолмас эканмиз. Сабабки, мени кундузи бир картинанинг кўригига таклиф этишган, ваъда берганман, бормасам уят бўлар.
— Қандай картина? «Равот қашқирлари»* эмасми?
— Ҳа.
— Бу фильмнинг рассоми москвалик бир йигит, менинг танишим. Боя мени ҳам кўрикка таклиф этган эди.
— Борасизми?
— Албатта. Бунинг устига, сиз ҳам бўлар экансиз, Демак, эртага «Қолизей»да* кўришар эканмиз-да?
— Насиб этса. Сиз қаерга қўнгансиз?
— Биз бутун бригада «Шарқ» меҳмонхонасида турибмиз.
— Э, у «Колизей»га бир қадам-ку.
— Ҳа, яқин экан. Бўпти, ўртоқ Қодирий, бўлмаса, мен қайта қолай.
— Шошманг, биродар. Шунча жойдан овора бўлиб келиб, қуруқ кетасизми? Агар… агар хоҳласангиз, ишингиз»ни бугун бошласангиз ҳам майли эди.
— Ростданми, ўртоқ Қодирий?
— Ростдан, ростдан, — деди Қодирий кулиб.

* * *

Ўртоқ Қодирий, ижозат этсангиз, сизни бир оз кузатиб қўйсам.
«Колизей»нинг нимқоронғи, дим залидан сўнг салқин шабада уфуриб турган сокин кўчада соф ҳаводан кўкракни тўлдириб нафас олиш ғоят ёқимли эди.
Қодирий сигарета учини бармоқлари билан эзғилар экан:
— Исмимни тутиб чақираверинг, биродар, — деди. — Мени Абдулла десангиз кифоя. Назаримда, ёшимизда у қадар катта тафовут йўққа ўхшайди.
— Сизга шу маъқул бўлса…
— Кузатиб қўйишингизга монелигим йўқ, лекин мен трамвайга чиқмоқчи эмасман, озроқ пиёда юрсам, деган едим.
— Айни муддао, — деди рассом жонланиб, — Куз оқшомида пиёда кезганга нима етсин. Кетдикми?
— Ихтиёрингиз, — деди Қодирий ва йўл бошлади.
Улар Пиёнбозорга чиқиб, рўпарада ям-яшил бўлиб шовиллаб ётган Романов боғи ёнидаги тош йўлдан ўтгач, Анҳор ёқалаб оҳиста Ўрда томон кетдилар.
Кўчаларда одам сийрак. Аксар кечки сайрга чиққан кўзойнакли, озода мўйсафидлар, бола етаклаган кампирлар. Аҳён-аҳён олисдан ўтиб бораётган зиёлинамо ўткинчилар атоқли адибни таниб, бош ирғаб салом берадилар, айримлари эса яқин келиб, қўлларини кўкракка қўйган кўйи эҳтиром билан кўришадилар, бир муддат тўхтаб, сўнг узр айтганча йўлларида давом этадилар.
Қодирий ҳавасманд йигит кезлари «Колизей»га — театр труппасига қатнаганида рўй берган ғаройиб бир ҳангомани кўзлари шўх чақнаганча сўзлаб борарди: труппада бирорта ҳам аёл йўқ. Аллақайси пьесада эса бузуқ хотин роли бор. Бу ролни ўйнагани ҳеч қайси «артист» рози бўлмайди. Ниҳоят, минг таъзим-таваллолардан сўнг кўнгилчанроқ бир йигитни алдаб-авраб кўндиришади. Йигит ролни бир амаллаб ўйнайди-ю, эл-юрт ичида кулги бўлиб, мазах-маломатга қолади, охир-оқибат туғилган маҳалласидан кўчиб кетиб қутулади…
— Чўпчакка ўхшайди, лекин яқин кунлар ҳақиқати бу, — деди Қодирий. — Аммо бизда ҳозир театр ишида чинакам инқилоб содир бўлаётир. Сиз Уйғурни танийсизми? Аброрни-чи? Афсус! Сиз аввало шуларнинг суратларини чизсангиз ярашар эди. Ёнаётган йигитлар! Аброр шу кунлар Ҳамлетнинг изидан тушган. Тасаввур қилинг-а, Ҳамлет Хадрада, ўзбек тилида изтироб билан бўзласа: «Дониё — зиндон! Бутун дунё — зиндон!»
Рассом Қодирийнинг сўзларини жимгина тинглаб бораркан, уни зимдан синчиклаб кузатар, ўтли нигоҳидан, чеҳрасидаги сокин шиддатдан, товушининг товланишларидан, хатти-ҳаракатлари замиридаги пинҳон туйғулар тўқнашувидан ўзига хос ботиний маъно излар эди.
«Қийин, — дея эътироф этди у, — осудалик остида яшириниб ётган руҳий қудратни, бу қудратнинг рангин ифодасини, куйлаётган кўзларини, манглайдаги тафаккур сеҳрини… Эҳ, муддати бунчалар тиғиз бўлмаса!»
— Мана, Ўрданинг кўпригидан ҳам ўтдик, — деди Қодирий ва негадир кулиб қўйди, сўнг рассом бирор янглиш хаёлга бормасин, деган андиша билан изоҳ берди: — Бизда «Ўрданинг кўпригидан ўтган», деган бир гап бор, шу эсимга тушиб кетди. Келинг, шу ерда хиёл нафас ростлайлик. Сувни қаранг, бу табиатнинг қандоғ улуғ неъматики, тикилган сайин баҳри дилингиз очилади. Чекамизми?
Кўприк панжарасига суянган кўйи сигарета тутатдилар. Анҳорнинг муздек эпкини танларии андак жунжиктирар эди.
— Айтмадингиз, у қандай гап? — деб сўради рассом.
— «Ўрданинг кўприги»ми? Қизиқ гап. Илгари шаҳар икки қисмга бўлинган: Ўрданинг кўпригидан юқорида европаликлар истиқомат қилган, барча маҳкамалар, чор идоралари ҳам янги шаҳарда иш кўрган. Кўприкнинг бу томони эса Эски шаҳар аталиб, асосан мусулмонлар тирикчилик қилганлар. Ўрданинг кўприги шаҳарнинг мазкур икки қисми ўртасида гўё норасмий бир чегара вазифасини ўтаган. Янги шаҳарда кўпгина кўнгилочар даргоҳлар кундан-кун шуҳрат топиб, аста-секин айрим эски шаҳарликлар дилига ҳам қутқу сола бошлаган. Пулдор мусулмон бойваччалар шаҳарнинг макруҳ саналган бу қисмидаги ресторану томошабоғларга авваллари ўғринча, қоронғилатиб келадиган бўлсалар, кейин-кейин, куппа-кундузи, ошкора равишда Ўрда кўпригидан извошда керилиб ўтадиган, исловатхоналарга танда қўйиб, май ва қусуққа ёнбошлаб ётадиган бўлганлар. Шу боис, Эски шаҳарда бирор суюқоёқ кимса ҳақида сўз боргудек бўлса, «Э, уми. Ўрданинг кўпригидан ўтган!» деб эслар эканлар.
Рассом ҳайратланиб кулди.
— Ўрданинг кўприги… Ажойиб! — деди у. — Биз, демак, ҳозир ахлоқ чегарасида турган эканмиз-да…
Қодирий индамай бош тебратиб қўйди. Кўприкни титратиб ларзага солганча трамвай ўтди.
— Чиқмайсизми? — деди Манн.
— Йўқ, пиёда кетаман, оёқнинг чигилини ёзиб.
— Ҳа-а… Хўш, фильм ёқдими, индамадингиз?
— Фильм… — Қодирий сукут сақлаб, узоқ жим қолди. — Чакки эмас.
— Бугун «Правда Востока» ҳам «Кўрик олдидан» деб мақола берибди, Жўрабоев деган ўртоқники.
— Ўқидим, — деди Қодирий ва тўсатдан рассомга ўгирилиб қаради. — Хўш, айтинг-чи, мақола сизга маъқул бўлдими?
Рассом елка қисди.
— Нима десам экан… Умуман, ёмон ёзилмаган.
— Ёмон ёзилган, саводсизлик, илмсизлик билан ёзилган! — деди Қодирий тўсатдан унинг сўзини кесиб. — Картинада янги куёв — Абдунабибойга хотинлар исириқ солган лавҳа эсингиздами? Жўрабоев, «Жўрабоев» бўлса ҳам, буни «Тўғри эмас» деб ўтади. Ҳолбуки, бу одатни ўзбекнинг етти ёшлик боласи ҳам билади. Жўрабоевнинг инкорини ўқиб: «Жўрабоев онаси билан тўйга бормаган экан ёки отасидан етим қолиб, ўзбекдан ғайри бир оилада тарбияланган экан», деб ўйладим.
Рассом шамолда тўзғиган сочларини тузатиб, кулимсиради:
— Энди… Бундай майда нарсага эътибор бермаган бўлиши ҳам мумкин.
— Э, йўқ, биродар, — дея Қодирий қизишиб бош чайқади. — Санъатда майда ёки катта нарса бўлиши мумкин эмас. Санъатда фақат рост ёки ёлғон нарса бўлиши мумкин. Жўрабоев ўзбек бўла туриб, тўйда келин ва куёвга солинадиган исириқни инкор қилиб ўтириши уятдир. Билмаган нарсасини биламан даъвосида бўлиб, кўпчиликни адаштириши… билмадим, тағин нимадир?
Андак сўзсиз қолдилар. Оқшом қоронғилиги қуюқлашиб келар, кунботар уфқида қора булут уюрлари тўпланмоқда эди. Манн лабидаги чўпни тишлаб, тағин хаёлга чўмди.
— Сизларда кино буткул янги санъат, — деди у. — Биз русларда: «Москвани дарров қуриб бўлмайди», деган гап бор. Маҳоратга ҳам аста-секин эришилади. Унгача эса Москва, Одесса, ҳатто Франциядан тажрибали кино санъаткорларни жалб этиб, фильмлар яратиш лозим.
— Қайдам… — Қодирий панжарага кафтини босди, — Менга қолса, ўзбек давлат киносини чин муваффақиятга олиб борадиган нарса мумкин қадар сценарий ёзувчиларни ўзбеклардан етиштириш ва ҳозирча бўлса, европалик сценаристлар ёнига ўзбекларни тиркаб қўйиш, артист ва артисткаларни ўзбеклардан тарбиялашдир. Чунки ўзбек турмушининг майда-чуйдасигача ўзбек боласи билади. Ўзбек бўлмагач, ҳар қандай мутахассиснинг ҳам афсона кўчасига кириши аниқ ва бу ҳолда «Ўзбек киноси»нинг маъноси ҳам бўлмас…
Рассом бу гапни ўзига оғир олди. Адибнинг гаплари у бошлаган ишга нисбатан ишончсиз маломат, истеҳзоли замзама билан тўладек туюлди…
Шаҳар узра буткул қоронғилик чўкканда совуққина хайрлашиб, Ўрданинг кўпригидан икки томонга қараб кетдилар.

Рассом кундалигидан

Шу тариқа ҳар куни Қодирий ҳузурига катнай бошладим.
Кўнглимда ўжар бир қатъият пайдо бўлган, ижодкорлик нафсониятим хийлагина лат еган эди.
Рассомлик шаънимни адибдан эмас, аввало ўзимдан, ўз шубҳа-гумонларимдан ҳимоя қилмоғим лозим эди.
Ҳафта ўтди. Бу кун ҳам ишимиз унмади. Куз эмасми, осмон саҳардан қовоқ-тумшуқ қилиб хўмрайиб олди. Бу Қодирийнинг ҳам иши кўп экан шекилли, эрталаб салом-аликдан сўнг хонасига кириб кетганича кун бўйи чиқмади. Бекорчиликдан зерикиб, бир-икки эскизнамо расмлар чиздим. Айнийнинг журналда чиққан фотосуратига қараб, мойбўёқда суратини ишлашга уриниб кетдим.
Мен кайфият бандаси эдим. Негадир бирдан ғаш тортиб, дилгирлик юрагимни кемира бошлади. Ижозат сўраб, Қодирийнииг ҳузурига кирдим. У одатдагидек, сандал узра мук тушиб ишламоқда эди. Кулимсираб: «Келинг», деди-да, имо билан ўтиришга жой кўрсатиб, қоғоздан кўз узмай ёзишда давом этди. Унинг айни пайтдаги ҳолатини кузатиб ўтириш ғоят мароқли эди. Қуюқ, пайваста қошлари мардона чимирилган, маҳкам қимтилган лаблари бурчида ботиний шиддат… Эҳтимол, адибнинг худди мана шу вазиятини тасвирга олмоқ керакдир? Лаҳзанинг умри… Буюк лаҳза абадияти… Зиммангдаги мушкулот кўп оғир, биродар!
Қодирий хаёлидаги фикрни қоғозга тушириб бўлди чамаси, қаламни қўйиб, деворга ҳорғин суянди. Узун бармоқлари билан чеҳрасидаги чарчоқни сидириб олмоқчидек, бодом қовоқларинн оҳиста силади, қизиқ бир гап эсига тушган каби жилмайиб қўйди.
— Касбингизга ҳавасим келади, биродар. Ҳар қандай таърифу тавсифни ҳам тўртта чизиқ билан яққол суратини тортиб қўя қоласиз, — деб кулимсиради у.
— Бу гапингиз менга: «Бировнинг хотини бировга қиз кўринармиш», деган мақолингларни эслатди, — дея мен ҳам жилмайдим.
Қодирий яйраб кулди. Чамаси, европалик тилидан айтилган бу гап ўзгача бир жозиба касб этиб, унга нашъа қилган эди.
— Йўқ, нима десангиз ҳам» рассомлик — мисли йўқ санъат, — деди у жиддий. — Баъзан ўзим яққол сезиб, ҳис этиб турган турфа ҳолатлар, кечинмалар тасвирида шу қадар қийналаман! Ўзимга ўзим дунёдаги энг ожиз, ношуд кимса каби кўриниб кетган бундай кезлар қаламни синдириб ўрнимдан туриб кетгим келади. Сўнг: «Қани энди, менда рассомлик иқтидори бўлсаю…» деб орзу қиламан…
Қодирийнинг бу иқрорини кейинчалик «Меҳробдан чаён» саҳифаларида қайта-қайта ўқидим. Ўқиган сайин ҳайратим ошар зди.
«Мен рассом эмасман, — деб ёзади Қодирий ўша ўтли таассуф билан. — Агар менда шу санъат бўлганда эди, сўз билан билдираб ўтирмас, шу ўринда сизга Раънонинг расмини тортиб кўрсатиб қўярдим, фақат менга раъно гулининг сувигина кўпроқ керак бўлар эди…»
Раъно гулининг суви… Бу ибора ёрқин, нозик маъноси, ажойиб оҳанги билан мени ўйга толдирган эди.
Энди ўйлаб қарасам, Қодирий бу гўзал образ орқали асл санъатнинг том моҳияти — ҳақиқий истеъдод самараси бўлиб туғилажак асарга ўлмас шукуҳ ато этгувчи сирли, сеҳрли жозибани — санъаткор инсон умр бўйи ўртаниб излайдиган ўша мислсиз, илоҳий мўъжизани назарда тутган экан.
Лекин буларнинг барчасини раъно гулининг мастонавор бўйларидан ҳушини йўқотгудек сархуш бўлган одамгина англаши мумкин, холос.
Раъно гули… Унинг ўхшаши йўқ таровати, ранги, туси, сўнмас жозибасини қандай тасвирламоқ мумкин? Билмадим. Ҳар ҳолда, шуни аниқ биламанки, жон риштасидек нозик бу гулни тасвир этишга мен ҳеч қачон журъат қилолган эмасман; бўёқлар — хира, мўйқалам — дағал, имкон — имконсиз…
Руҳимни тинимсиз безовта қилаётган бу жумла ўша кунларда ана шу ҳаяжон таъсирида битилган эди. Қизиғи шундаки, орадан уч кун ўтиб, Қодирийни ҳам бениҳоя гангиган, қаттиқ ҳаяжон оғушида кўрган эди…
Рассом асабийлашмоқда эди.
Икки ҳафтадирки, у мольберт олдида бесамар жонҳалак. Илҳомнинг оний шиддатидан ўнлаб эскизлар, қоралама нусхалар бунёдга келди, эртасиёқ ички бир норизолик ҳисси исён кўтариб, уларни ўша оний шиддат билан рад этди.
Ҳолбуки, тасвир ғоят бекаму кўстга ўхшарди: ҳорғин хаёл соя ташлаган буғдойранг юз, кенг, порлоқ манглай, беозор дард акс этган ўйчан кўзлар, ажиб ёруғлик таносиби…
Аммо рассом, унинг ишидан ҳам зарурроқ, қадрлироқ машғулотидан воз кечиб, қаршисида соатлаб сабр-тоқат билан жимгина ўтирадиган дилкаш, закий бу одамнинг сийрати ҳамон ўз нигоҳидан пинҳон қолаётганини дилдан англар, англаган сари тутқич бермас руҳнинг эркин улуғворлиги юрагида аламли армон уйғотар эди.
Бу сафар Қодирий ҳам алланечук безовта эди.
Ибратомуз бардоши, сокин саботи билан рассомга доимо руҳий мадад бергувчи адибни бундай фаромуш ҳолатда кўриб, у хиёл таажжубланди.
— Паришон кўринасиз?— деб сўради холстдан кўз узмай. — Бирор гап бўлдими?
— Йўқ, ҳеч гап… — Қодирий вазиятини бузмаган кўйи аста қўзғалиб қўйди. — Фақат… бир туш кўрдим. Бетоқатлигим боиси шундан бўлса ажаб эмас.
— Туш?
Ўн тўрт-ўн беш ёшлардаги қорача бола — адибнинг ўғли Ҳабибулло чой олиб чиқди, бир бурчакка бориб шарпасиз чўкди-да, рассомнинг ишини қизиқиш билан кузата бошлади.
— Ажабтовур бир туш. Биласизми, тушимда кимни кўрибман?
Рассом бир зум ҳаракатдан тўхтади:
— Хўш?
— Лев Толстойни, — деди Қодирий оҳиста. — Адоғи йўқ бир ялангликда ёлғиз ўзи ўтирган эмиш. Ям-яшил яланглик, худди Кўктеракнинг даласига ўхшайди. Эгнида — оқ бўз кўйлак, қовоқлари уйилган. Тўсатдан менга қараб: «Сен иккита сигир боқ, соғиб сутини ич, ҳар ой бир жуъз асар ёз», деди. Ўнгимдагидек аниқ-таниқ эшитдим… Уйғониб кетдим, хаёлим чалкашди. Ўй суриб ётиб тонгга яқин кўзим илинибди. Яна ҳалиги туш. Узоқ суҳбатлашиб ўтирибмиз. Мен муттасил «Ҳожимурод» ҳақида сўрар эмишман…
Манн адибнинг илҳом ёғдуси билан дафъатан ёришган ҳаяжонли чеҳрасидан нигоҳини узолмай қолган эди.
— Ғаройиб туш, — деди у. — Мен таъбирчи эмасман, бу хил нарсаларга андак шубҳа билан қарайман, лекин, негадир, бунинг сиз учун хайрли бўлишига ишонгим келаётир.
— Қайдам, — дея Қодирий хаёлга толди.
— Сиз тузук экансиз. Агар менинг тушимга Леонардо да Винчи кирганида эди, ҳозир ердаги бирорта банда билан гаплашиб ўтирмаган бўлардим, — деди Манн илжайиб.
Қодирий мийиғида кулди, хаёлчан, толғин жиддият яна дарҳол чеҳрасига қайтди.
— Ғарибларнинг ғарибликларини кўп адиблар етишиб бўлмас маҳорат билан тасвир этиб берганлар, — деди у, ўзига ўзи сўзлагандек. — Аммо, барчанинг назарида буткул фароғат ва бахтга ботган каби кўринувчи, жамиятнинг порлоқ гуллари саналмиш кимсаларнинг ғарибликларини ҳеч ким Толстойчалик қудратли куч, ўтли эҳтирос билан очиб берган эмас. «Уруш ва тинчлик»да бир саҳна бор, қачонки ўқиб қолсам, бениҳоя мутаассир бўламан, юракларим эзилиб кетади. Ёдингиздадир, қари граф Безухов жон беролмай талвасада. Борис исмли йигит эса сипоҳий қисмга хизматга кирмоқчи-ю, бироқ от билан ҳарбий анжом сотиб олгани маблағи йўқ. Шунда кекса, қашшоқ онаси ўғлини аллақайси гулгун базмдан чақириб олиб, ўлим тўшагида ажал ғарғараси тутиб ётган қария Граф ҳузурига — садақа ундиргани жўнайди. Йўл бўйи кампир аравада ўксиб-ўксиб йиғлаб боради, навқирон, баҳодир йигитга эса муштипар онасини юпатгани икки оғиз сўз қаҳат, ўзининг ҳам кўнгли бузилиб ич-ичидан қаро қисматини қарғаб йиғлайди… Кейин, ҳаяжонлари тиниб, бирдан қўрқувга тушадилар. Графнинг қабул этмаслигидан, мурувват қилмаслигидан, оқибат, Бориснинг хизматга киролмай қолишидан ҳам эмас, йўқ, йўқ, бу мулоҳазалар уларнинг хаёл кўчасига ҳам келмайди, аксинча, ҳалиги йиғи товушларимизни аравакаш эшитмадимикан, деган ҳадикдан қўрқадилар. Улар тиланчилик қилгани бормоқдалар, ҳолбуки, ўзлари тиланчиларга саховат билан хайр-эҳсон улашадилар, ахир, насл-насабли, таг-тахтли одамлар эканликларини ҳар лаҳза ўзгаларга англатиб турмоқлари керак, боз устига, «князь» деган оҳанжама унвонлари ҳам бор! Уларнинг бу қадар забун ва хор эканликлари ва лекин, буни ҳаммадан, ҳатто ўзларидан ҳам яширмоққа маҳкум эканликлари, одамизод фарзандининг қисмати баъзан шунчалар оғир, шунчалар аянч кечиши ҳар қандай юракда ҳам таассуф уйғотмайдими?
«Топдим! — дея хитоб қилди рассом хаёлан. — Топдим! Излаганим худди шу ҳолат эмасми? Айнан ўзи! Фақат шошилмоқ керак, фақат улгурсам бас!»
Мўйқалам холст узра шитоб билан ҳаракатлана бошлади.
— «Ҳожимурод» каби мардона, холис китобни мен ҳали ҳеч қайда ўқиганим йўқ, — дея давом этди Қодирий. — Ўлмасам, бир кун шунга ўхшаган бирор нарса ёзаман. Бу ўлкада жасорат бобида Ҳожимуроддан ҳаргиз қолишмайдиган не-не шери мардлар ўтган ахир! Ажалга омон бериб, лоақал Намоз ўғри тарихини ёзишга улгурсам эди!
— Намоз ўғри? — Рассом таажжубланиб бошини кўтарди.
— Йўқ, у ўғри эмас эди — эрк ўғрилари унга «ўғри» деб тавқи лаънат осдилар. Оҳ, ҳали бу эл, бу халқнинг не буюк фарзандлари тарих тўзонларига кўмилиб ётибди! Намоз ўтюрак исёнчи эди, неки мазлумга ёт бўлса, неки йўқсулнинг кўзини ёшга тўлдирса, барига аланга қўйган эди. У ҳақда тўқилган қайғули қўшақлар ҳали-ҳануз юрт орасида тилдан дилга ўтиб юрадир: «Намоздайин бир зўр ўтди жаҳонда!» Эҳ-ҳ!..
Адиб хўрсинди, кўзларини хиёл юмиб, бошини орқага ташлади, оламни унутгандек сукутга кетди.
Бир пайт қайдандир — олис-олислардан келаётгандек элас-элас товушлар қулоғига чалинди, кўзларини оҳиста очиб, рўпарасида ҳорғин жилмайиб турган рассомни кўрди.
— Чарчадингиз шекилли, бугунча бас, — деди рассом.
Адиб бирдан қизариб, хижолатга тушди:
— Узр, биродар, аслида мен сизни толиқтириб қўйдим…
Манн бир сўз демай бош чайқади, мовий кўзлари миннатдор боқар эди.

Рассом кундалигидан

Янгилик: мен Қодирий хонадонида яшаяпман. Икки кун бурун у қайта-қайта узр айтиб, агар муносиб кўрсам, унинг уйига кўчиб келиб, ишни шу ерда давом эттиришимни сўради. Чамаси, менинг ҳар куни шаҳарнинг у бошидан бу бошига ўнлаб чақирим босиб, пиёда келиб-кетишимга ачинган. Бу гапнинг шунчаки такаллуф эмас, балки ўзбеклар диёрига хос оддий одамгарчилик тақозоси эканини англаганимдан сўнг, рад этишга ботинолмай, миннатдорчилик билдириб, рози бўлдим. Эҳтимол, адибнинг сийрати оилавий муҳитда янада бўртиброқ намоён бўлар?
Менга кунгай томондаги ёруғ хоналардан бирини ажратиб бердилар. Иш, қийинчилик билан бўлса-да, аста-секин олға силжияпти. Лекин бари бир ҳали ҳам кўнгил тўлгудек даражада эмас.
Хонадон аъзоларининг ўзаро суҳбатларида менинг фамилиям негадир жуда кўп зикр этилади. Деярли ҳар икки гапнинг бирида. Дастлабки куни ниҳоятда ҳайрон қолдим: наҳотки бетўхтов мен ҳақимда сўзлашаётган бўлсалар? Ҳайратимни сезган Қодирий кулиб изоҳ берди: менинг фамилиям Тошкент шевасида биринчи шахс эгалик олмошини билдирар экан…
— …ёзганинг ўзингни йиғлатиб-кулдирмаса, ўзгани йиғлатмас-кулдирмас…
Кузнинг сўнгги кунлари бўлса-да, чошгоҳ чоғи қуёш аёвсиз қиздирар, бироқ нақшинкор айвоннинг пастки қавати хийлагина салқин эди.
Тўгарак стол атрофида уч киши руҳсиз ўтирарди. Нафис чинни пиёлалардаги чой аллақачон совиб қолган. Дастурхон устида икки букланган газета, Гоголнинг аллақайси томи, бир шингил қора райҳон…
Қодирий фавқулодда ташвишманд эди, чеҳрасида бетоқат асабият зуҳур этарди.
— Мен бу гапни ижодимнинг имони деб билдим. Неки ёзган бўлсам, барчасини шу имон билан ёздим. Мен Шарқ озодлигини, унинг мазлум пролетариат саодатини фақат ленинизм туфайли вужудга чиқишига ишонган бир кишиман. Бу гапни қўрқиб эмас, балки виждоним, имоним тазйиқи остида сўзлайман.
Тўрда ҳануз чурқ этмай ўтирган рангпар, кўзлари осуда чақнаган қотма киши — Қодирий уни «Дўстим, шоир», деб таништирган эди — оҳиста тилга кирди:
— Мен сизга ўзимга ишонган каби ишонаман. Кошки эди сизни билмасам! Лекин, мана бу… — У газетага ишора қилди.
— Менинг ҳақимда ким нима деса десин — деди Қодирий титраб, — Лекин мен Маркс ва Лениннинг ҳароратли шогирдиман! Чунки мен Лениндан руҳ олиб, Марксдан илҳомландим.
Файзсиз боғлар узра қорни соғинган қарғалар қағиллай бошлади. Этак томонда хазон шитирлади. Рассом дастурхон попугини ҳимарганча Гоголнинг томидан кўз узмай ўтирарди.
Даврадан аллақачон файз кетган эди. Шоир пиёладаги чойни бир ҳўплаб бўшатди-да, хайрлашиб ўрнидан қўзғалди. Кузатиб қўйишга чиққан Қодирий ҳаял ўтмай қайтиб кирди. У ҳарчанд ўзини тутишга уринса-да, вужудидаги паришон безовталик ҳануз аримагани сезилиб турарди.
Буни пайқаган Манн кафтини унинг билагига қўйиб, оҳиста деди:
— Кўп ташвиш қилаверманг, ҳаммаси жойида бўлади,
— А?.. Э, йўқ, — деди Қодирий, кейин, бир лаҳзадан сўнг ўртаниб шивирлади: — Лекин… алам қилади, биродар! Бойлар, уламолар, чўнтакчи хоин ва ўғрилар, умуман, Ўзбекистон тескаричиларига қарши матбуот майдонида ҳаёт-мамот жанги эълон қилиб, ўзига қарши ҳар бир бурчакдан тескаричи душманлар қаторлаштирган бир киши, шўролар ҳукуматининг айни гуллаган кезида зиёнли, деб топилса!..
— Бу бир англашилмовчилик бўлса керак, — деди рассом.
— Ким билсин… — Қодирий кўксини тўлдириб, оғир сўлиш олди, сигарета ёндирди. — Майли… Хўш, давом эттирамизми ёки?
— Менимча, бугунга кифоя қилар. Кейин, мен шаҳарга тушмоқчи эдим.
— Ҳозирми?
— Ҳа. Ташкилот бюросида озроқ ишим бор.
— Уста Мўминни кўрсангиз, салом денг. Лекин оқшом албатта қайтиб келинг, уч-тўртта меҳмон айтганман.
— Нима, бирор муносабат?
— Йўқ, шунчаки ҳангома, — деди Қодирий. — Бир-икки шоир, ёзувчи ўртоқлар йўқлаб келишмоқчи эди. Машшоқлар ҳам бўлади. Тунов куни Шарқ мусиқаси ҳақида сўзлашганимизда, бир мақом тингласам, деган эдингиз.
— Ҳа, ҳа, ёдимда. Албатта келаман! — деди Манн.
Рассом, вақт ярим кечага яқинлашганда хийлагина сархуш, бироқ қаттиқ хижил кайфиятда қайтди. Дарвозахона йўлагидан кирган замони шоша-пиша Қодирийдан қайта-қайта узр сўрамоққа тушди:
— Жуда-а хунук иш бўлди, иқрорман… Лекин, тушунасизми, ҳеч қўйишмади. Витька Елизаровнинг туғилган куни экан, бригадамиздаги…
— Ҳеч бокиси йўқ, — деди Қодирий кулимсираб ва уни ҳовли ўртасидаги шийпонга бошлади.
— Базў-ўр сирғалиб чиқдим. «Ваъда бериб қўйганман», десам ҳамки…
Гир атрофида раъногуллар лов-лов ёнган шийпон устунларида катта-катта фонуслар ёрқин порлаб турар, шафтолилар тагига жилдираб сув оқаётган ҳовуз бетида юлдузларнинг титроқ акси оҳиста мавж урар эди.
— Меҳмонлар ҳам кетиб бўлишгандир? — деди рассом энгашиб, қўлини чаяркан. — Эҳ, аттанг! — У орқасига ўгирилиб, шийпон ўртасидаги узун хонтахтага қарадию «Ие!» деб юборди ва ялт этиб Қодирийга боқди, бир лаҳза ўтгач, яна ҳовузга энгашди, сувга чўккан юлдузлар безовта қалқиб бораётган мавжларга тикилиб, жим қолди.
Дастурхон устида — сўлқилдоқ ширмой нонлар, тиллодек товланган ҳусайни узумлар, астойдил ҳафсала билан каржланган обиноввот қовунлар, мўъжаз пиёлаларда турли-туман қиёмлар мунтазир, уларнинг бирортасига қўл теккизилмаган эди!..
Орада кечган беш-ўн дақиқа рассомга абадиятдек узун туюлди. Тунги боғлар маъюс хўрсинарди.
— Туринг, биродар, — деди Қодирий унинг тирсагидан тутиб. — Қани, юқорига марҳамат қилинг. Мана, чой ичиб туринг, мен ҳозир…
Маннинг кайфидан асар ҳам қолмади.
Кўп ўтмай, Қодирий ичкаридан чинни лаган кўтариб чиқди.
— Таомга марҳамат қилсинлар, — деди у лаганни хонтахтага қўяр экан. — Жигар кабоб қилдирган эдим…
Сўнг синиққина жилмайиб қўйди.

Рассом кундалигидан

Индинга кўргазма очилади. Мен эса ҳамон устахонада, мольбертдаги тугалланмаган портрет қаршисида асабий ва тунд ўтирибман.
Бўлмади.
Ҳа, афсус ва надомат билан тан олмоқ керакки, газеталарда таърифланган «моҳир мўйқалам устаси Манн» бу сафар буюртмани эплай олмади…
Қодирийнинг уйидан кўчиб келганимга уч кун бўлди. Хайрлашар чоғимиз у портретга узоқ разм солди-да, беозор табассум билан: «Ўзингизга маъқул бўлса, менинг эътирозим йўқ», деди.
Ҳамма гап ана шу «ўзим»да-да!
Ахир, унинг сиймоси бу тасвирдан қанчалар баланд, қанчалар ёрқин!
Нега бундай бўлди? Бор имконимни сарфлаган эдим-ку?
Биламанки, Қодирийнинг назокати, шарқона андишаси менга кўнглидаги баҳони рўйи рост айтишига ҳеч қачон йўл қўймайди.
Бироқ… «ҳар қандай мутахассиснинг ҳам афсона кўчасига кириши аниқ».
Фақат мана шунга чидаб бўлмайди.
Наҳотки, афсона кўчасидан чиқишнинг иложи йўқ?
Иқрор бўлмоғим керакки, кечган шу муддат мобайнида мен бу одамга кутилмаган бир меҳр билан қаттиқ боғланиб қолган эканман. Ундаги ботиний қудрат менинг журъатимни чеклаб қўйган экан.
Индинга кўргазма очилади, мен эса йўқ ердаги сабаб-баҳоналар билан ўзимни алдамоқчи бўлиб ўтирибман…
Мен, худога шукрки, ёмон рассом эмасман, лекин образ тасвирга сиғмаса, нима қилай, ахир?!
…Ўшанда бари бир ихтиёримга қўйишмади: кўргазма ғоят масъулиятли руҳда ўтказилмоқда эди — Қодирийнинг мен чизган портрети ҳам намойиш этиладиган бўлди.
Жавобимни эшитган Уста Мўмин буюртмани олиб кетгани устахонага ўзи келди. «Сурат бор, сийрат йўқ», деди у портретга қараб, лекин ночор, аянчли эътирозларимга қулоқ ҳам солиб ўтирмай портретни олиб кетди.
Мен кўргазмага бормадим.
Икки ҳафтадан сўнг Москвага отландим. Жўнар эканман, кўнглимдаги ният қатъий қарорга айланиб улгурган эди: мен «афсона кўчаси»дан албатта чиқиб оламан! Қодирийнинг мукаммал портретини қачондир албатта яратаман! Оғринган нафсониятим ҳаққи, иззатталаблик ҳаққи эмас, азбаройи бу ажойиб инсонга бўлган ҳурматим, ҳайратим туфайли!
Бу суратдаги ҳар бир бўёқ, ҳар бир чизги тупроқдек хоксор, қуёшдек мулойим бу инсон руҳида тинимсиз гувлаган ғалаёнларни куйлаб тургусидир!
Кетар чоғи уни йўқлаб бориб, раъногуллар атрига чўмган ҳовлисидан топа олмадим — адиб сафарда экан. Кичик ўғилчасига рангли қаламлар совға қилиб қайтдим.
У пайтлар мен ёш эдим, ғўр эдим, Москвага, уйга қайтар эканман, ўйлаган нарсаларимнинг барчаси рўёбга чиқади, деб ўйлар эдим.
Бироқ, афсуски, олижаноб ниятларимнинг ниятлигича қолишини ўшанда хаёлимга ҳам келтирмаган эканман.
Дастлаб менга журъат етишмади. Журъат етишганда эса, ўша ўтли иштиёқдан негадир ном-нишон қолмаган эди.
Лекин нега энди сарғайган дафтардаги шу биргина жумла қалбимни бу қадар безовта қилаётир? Эҳ-ҳе, озмўнча вақт ўтиб кетдими, ахир!
Аммо беозор ва сўнмас бир нигоҳ «афсона кўчаси»да адашиб-улоққан чоғларимда мени ҳамиша таъқиб этиб келди, то ҳануз у мени таъқиб этади, ўша, ўталмаган бурч изтироби баъзан эсимга тушганда ўзимни ўзимга номуносиб сезаман. Ўша закий зотнинг овозини, қуёшдек жозибасини, дилкаш суҳбатларини соғинаман, лоақал хаёлан ўтган кунларга қайтгим келади.
Бироқ, энди умрнинг ниҳоясида турибман: бармоқларим титрайди, манзараларнинг барчаси якранг… Юракда эса — фақат иштиёқ, имконсиз иштиёқ…
Балки, ҳар қалай, уриниб кўрарман?

1981
_____________
* Раҳмат Мажидий — Ўзбекистон Ёзувчилари союзининг ташкилотчиларидан бири.
** Ўша йилларда мавжуд бўлган Валерий Брюсов номидаги СССР Давлат Журналистлар институти.
* «Равот қашқирлари» — дастлабки ўзбек фильмларидан.
* «Колизей» — ҳозирги Свердлов номидаги концерт зали.