Насимхон Раҳмонов. Ерда ел бўлиб гувлаган шоир

Ўтган асрнинг 30-йиллари туркий олам тарихида энг шафқатсиз давр­лар, қора кунлар сифатида тарихда муҳрланиб қолди. Ўзбекистонда Абдулла Қодирий, Чўлпон, Усмон Носир, Абдурауф Фитратнинг тақдири… Мана шу улуғ инсонлардан асло айри қарамаган ҳолда қозоқ халқининг улуғ сиймолари Аҳмад Бойтурсунов, Миржақип Давлатов, Жусипбек Аймаутов, Мағжон Жумабоев ва қатор ижодкор, маърифатпарвар туркийзабон миллат фидойиларининг фожиали қисматини кўз олдимизга келтирамиз. Ҳар иккала миллат вакилларининг мақсади, аъмоли, дунёқараши бир нуқтада туташганди.
Мағжон Жумабоевнинг таржимаи ҳолини ўқиганимизда, 30-йиллар нақадар бадбин замон бўлган экан, бир миллатпарвар, эрксевар зиёлининг ўзинигина эмас, балки туғишган ака-укалари, опа-сингилларини жисман йўқ қилиш даражасида тубанлашиб кетган экан деган фикрга келамиз.
Мағжон Бекенули Жумабоев 1893 йил 25 июнда Сариқайғир туманидаги Сассиқкўл қишлоғида туғилган. Унга Муҳаммаджон деб исм қўйдилар. Мағжон бой оиладан бўлиб, отаси туман бошқарувчиси эди. Шоир тўрт ёшидан бошлаб шарқ тиллари ва адабиётини ўргана бошлайди. Унинг илк шеърлари сақланмаган. Қизил Ўрдадаги Бегишев мадрасасида араб, форс ва турк тилларини ўрганишда давом этди ва ўрта маълумотни ўша мадрасада олди. 1910 йили Мағжон Уфа шаҳридаги олий мусулмон мад­расаси – мадрасаи Олияга ўқишга киради. Татар адабиётининг буюк вакили Галимжон Иброҳимов мана шу мадрасада дарс берарди. Мағжон унинг маслаҳатларидан баҳраманд бўлди. Мағжоннинг билим доираси ва дунёқараши кенгайишида, бадиий ижодда ўз ўрнини топишида Галимжон Иброҳимов катта роль ўйнади. 1912 йили Г. Иброҳимовнинг ёрдами билан Мағжоннинг илк шеърлар тўплами босмадан чиқди. Ана шу пайтларда Миржақип Давлатов ва Аҳмад Бойтурсуновнинг маслаҳати ва кўмагида Мағжон рус тилини ўрганди. Рус ва Европа адабиёти билан танишди. “Қозоқ” газетаси билан ҳамкорлик қилди. 1913 йили Мағжон Омск ўқитувчилар семинариясига кирди. Бу ерда ўқиш билан бир қаторда ижтимоий-сиёсий ҳаётда ҳам иштирок эта бошлади.
Мағжон Жумабоев ижодининг биринчи босқичи 1910–1917 йилларни ўз ичига олади. Бу даврда ёзган шеърларида кўпроқ тарихга мурожаат ва миллий озодлик курашилари оҳанглари баландроқ жаранглайди.
Февраль инқилоби арафасида Мағжон Жумабоевнинг номи қозоқ зиёлилари орасида етук шоир сифатида эътироф этиладиган бўлди. У “Алаш” партияси вилоят кенгашига аъзо бўлиб кирди. Аммо Мағжон сиёсий жараёнларга эмас, бадиий ижодга кўпроқ эътибор қаратди. Ижодининг иккинчи босқичи – 1917-1924 йилларда М.Жумабоев тайёр қолиплардан воз кечиб, ижодий индивидуалликка эътибор қаратди. Журналистика билан шуғуллана бошлади, маориф соҳасига қизиқди. 1922 йили “Педагогика” номли китобини эълон қилди. Мағжон маълум вақт дастлаб Омскда, кейин Петропавловскда чиққан “Бўстонлиқ туғи” (“Озодлик байроғи”) газетаси муҳаррири бўлиб ишлади. Шоир 1923–26 йилларда Москвадаги адабиёт институтида таҳсил олди. Бу институтга машҳур рамзиётчи шоир В.Брюсов раҳбарлик қиларди. В.Брюсов ёш қозоқ шоирининг истеъдодига юксак баҳо берди. Айни пайтда Мағжон Москвадаги “Шарқ” нашриётида ҳам фаолият олиб борди. 1927 йил ёзида ватанига қайтиб, ўқитувчилик билан шуғуллана бошлайди, болалар учун адабиётлар, дарсликлар ёзди. 1929 йили Мағжон Жумабоев ёлғон айбловлар оқибатида 10 йилга қамалади. У жазони Шимолда ўтайди. 1935 йили Максим Горькийнинг васийлиги билан муддатидан олдин қамоқдан озод қилинади. Афсуски, озодликдаги ҳаёт узоққа чўзилмади. У ўрта мактабда рус тили ва адабиёти ўқитувчиси бўлиб ишлаб юрганда, С.Сайфуллин таклифи билан Олмаотага келди. 1937 йили 30 декабрь куни Мағжон иғво ва бўҳтонлар билан яна қамоққа олинди, отувга ҳукм қилинади. 1938 йил 19 март куни ҳукм ижро этилди.
Зулму тааддилар халқни қон-қақшатди, миллат гуллари – зиёлиларнинг кушандаси бўлиб келди. Зотан, заифлик, маънавий тубанлик ҳар доим жасоратни, миллатнинг олға интилишини душман деб билган. Тарих бунга кўп гувоҳликлар беради. Мағжон бир шеърида мунг билан шундай дейди:

Олисда оғир азоб чеккан боврим,
Чечакдай хазонрезги теккан боврим,
Қамалиб қалин ёвнинг ўртасинда,
Қул қилиб кўзининг ёшин тўккан боврим.
Олдингни оғир қайғу ёпган боврим,
Умр бўйи жафо чеккан ётдан боврим,
Қонсираб юраги тош ёвуз каслар,
Тириклай теринг шилиб ётган боврим…

Мағжон илк ижодидан бошлаб миллатнинг яхлитлиги, тақдири, келажаги учун безовталанган шоир эди. Миллатнинг яхлитлиги, биринчи навбатда, она тилига боғлиқ. Мағжон ҳам қозоқ миллатининг бирлиги ва келажак тақдирини она тилида кўради. Шоир она тилини шунчаки мадҳ қилиб қолмайди, балки тил миллатни асраб қолади дея ҳайқиради. “Қозоқ тили” шеърида, “ёруғ кўрмай узоқ ётган тоза, теран, кучли тил”га – она тилига кўп умид боғлайди, “тарқаб кетган болаларинг бағрингга оқ қўлинг-ла торта оларсан, сен – тилим” дея миллатнинг жипслашуви учун она тилига кўп вазифа юклайди. Мағжон болалигиданоқ араб, форс, турк ва рус тилларини мукаммал ўргангани боис, бу тиллардан умри давомида кўп манфаат топган бўлса ҳам, она тили аслида миллатнинг борлиғи эканини бир дақиқа бўлса-да унутмайди, миллатпарварлик она тилига самимий муносабатдан пайдо бўлишига ишонади.
Аммо миллатпарварлар ҳаёти силлиқ кечавермаган. Шунинг учун ҳам Мағжоннинг шеърларида миллатпарварлик ва фожеавийлик уйқаш. Мағжон учун миллат тақдири қанчалик муҳим бўлса, она тилининг тақдири ҳам шунчалик муҳим. Она тилидан жудолик – миллатнинг маънан жудоликка юз тутишидир. Мағжон ўша шеърида “Асқар Олой – олтин она эсда йўқ, Ботир, хонлар – не донолар унутилди” дея ўксик кўнгил билан фиғон қилар экан, манқуртлик қозоқ миллатига қанчалар қимматга тушганини баён этади. Абай, Ибрай Олтинсарин, Чўқон Валихонов каби қозоқ халқининг қатор миллатпарвар, буюк сиймоларининг биринчи галдаги мақсади ҳам миллатнинг қудрати ва улуғлигини кўрсатгани, маърифат сари етаклагани эди. Ана шу улуғ инсонларнинг ғояларини Мағжон давом эттирди. Шоир буни илк ижодидаёқ теран англаб, кўрсата олди. Ана шу хизматлари учун ҳам Мухтор Авезов Мағжонни Абайдан кейинги маърифатпарвар, буюк ижодкор сифатида эътироф этган эди. Бу шунчаки Мағжонни улуғлаш учун айтилган гап эмас, балки Мағжоннинг шеър­лари, достонлари, дарсликлари, умуман, барча асарлари, шунингдек, педагогик фаолияти унинг нафақат қозоқ маданияти, балки Ўрта Осиё халқлари маданиятида эгаллаган ўрнини кўрсатадиган ёрқин далилдир.
Мағжон қозоқ адабиётига янги оқимни олиб кирган шоир сифатида ҳам эътиборга молик. Мағжон туркийзабон шоирлар орасида рус ва Европа адабиётидан рамзиётчилик (символизм)ни қозоқ шеъриятига олиб кирган илк пешқадам шоирлардан бири бўлди. Рамзиётчилик рус ва Европа шеъриятига шунчаки тақлид эмас, балки туркона бадиий тафаккурнинг шеъриятда янгиланиши, “дарахт ортидаги ўрмонни кўра олиш” лаёқатининг ифодаси эди. Мағжон ўзининг рамзий образлари орқали, файласуф рамзиётчи рус шоири Вячеслав Ивановнинг ибораси билан айтганда, “айтилмаган сирли хат”га ишора қилади. Ишоралар – Мағжонни рамзиётчи шоирлар қаторида кўришимизга имкон берибгина қолмай, қозоқ адабиётини рус ва Европа адабиёти билан боғлаган етук шоир эканини далиллайди. Шеъриятга фалсафий мазмун олиб кириш учун қилинган ҳаракатлар айнан Европа шеъриятида рамзиётчи шоирлар ижодидан бошланди. Зотан, улар сўзга фалсафий мазмун юклар эканлар, ижоднинг моҳиятини шунда кўрганлар. Шеърдаги фалсафий мазмун сўзга бутун бошли тарихни юклашдан пайдо бўлади. Андрей Белийнинг рамзиётчи шоирлар фалсафий қарашлари бўйича ёзган “Рамзиётчилик – оламни англашдир” номли китобида рамзнинг юзага келиш жараёнини метафоранинг пайдо бўлиши билан бир деб қаради: “Сўз образли рамзни – метафорани пайдо қилди, метафора эса ҳақиқатан бор деб тасаввур қилинган сўз – мифни пайдо қилган; миф – динни, дин – фалсафани, фалсафа эса истилоҳни ҳосил қилган”, дея сўз остидаги фалсафий мазмунгача бўлган тарихий-шуурий жараённи шу тарзда ифодалаган эди. Бир неча босқичдан иборат бу шуурий жараёнда шеърнинг шакли, мазмуни ва қиймати ортади. Шоир фикр хулосасини айтмайди, балки ўқувчига қолдиради. Зотан, шеърнинг қиймати ҳам шоир ўз фикрини “охиригача айтмагани”да, ўқувчини “яширин мазмун”ни англашга ундаганидадир. Мағжоннинг “Ўғлон” шеърига эътибор берайлик. Она ягона суянчиғи бўлган ўғлини ёнидан асло жилдиргиси келмайди. Кўнгли нимагадир алағда бўлаётган ўғлига ёшликнинг энг гўзал, такрорланмас лаҳзаларини кўрсатади.

Дардинг бўлса, дўмбиранг ол,
Қўшиқ айт, черт, янгратиб чал,
Товшинг тинглаб ёш сулувлар,
Ютсин заҳар, ютсин гоҳ бол, –

дея зорланади. Аммо ўғилнинг дарди бошқа – у “ов”га кетишга қасд қилган, “Кетмоқчиман овга! Овга!” дея ўзини безовта қилаётган, унга тинчлик бермаётган дардини айтади. Ўғилнинг аҳди қатъий! Ниҳоят, она, жамики турк оналарига хос охирги илинжини айтади: ўғил – онанинг ягона суянчиғи, қартайганда мададкори, кўзининг оқу қораси. Ўғилнинг қатъий аҳди онанинг илтижоларидан устун келди. Ўғил учун “ов” олдида мол-давлат ҳам, ёр ҳам, қариндош ҳам ҳеч нарса эди. Ҳақиқий туркона жасорат!

Кетиб бораётганида
Дуч бўлди у сонсиз ёвга.
Найзалашди, қиличлашди,
Ўғлон ўлди ботиб қонга.
Ўғлон ўлгач ботиб қонга,
Роҳат етди асов жонга.

Мағжоннинг ушбу шеърдан мақсади “ов” тимсоли орқали душманга қарши курашиш, душман зарбасини қайтариш, ғанимнинг ғаразли мақсадларини даф қилиш эди. Мағжон “ов” рамзий образи заминида катта ижтимоий мақсадни назарда тутган эди. Асосий мақсадга етишув шоирнинг “ов” рамзий образи остидаги фалсафий тушунчасини реаллаштиради.
Мағжон рус ва Европа шеъриятидаги рамзиётчиликни ўз ижодига олиб кириб сингдиргани тасодиф ёки анъанага тақлид эмас, балки эски дунёқарашда мавжуд бўлиб келган қолип (стереотип)лардан воз кечиш натижаси эди. Мағжон В.Брюсов бошчилик қилган Москва адабиёт инс­титутида ўқиган йилларда (1923-1926) унинг ижодида кескин бурилишлар юз берди. У қозоқ адабиётининг янги ўзанга тушиб олишига катта ҳисса қўшгани ўша даврда яратган шеърларида яққол кўриниб туради. Рамзиётчиларнинг тушунчаси бўйича, ижод – яширин мазмунни интуитив тарзда мушоҳада қилишдир. Яширин мазмун фақат ижодкорнинг ўзига, унинг индивидуал ижодига тегишли бўлади. Мағжоннинг “Масжид ва авахта” шеъри бу жиҳатдан алоҳида намунадир. Шоирнинг таъбирича, инсонни авахтага ташлаш, қийноқларга солиш мумкин. Аммо тафаккурни қамаб бўлмайди, уни жисмоний азобларга солиб бўлмайди, у шу қадар қудратли.

Тафаккур қайда, дерсан. Кезади у,
Жаҳон бўйлаб учади, сузади у.
Ердаги тутқин ёрин юпатай деб
Самовий куйлар тўқиб, кезади у.

Мағжоннинг бу сингари рамзиёти нафақат қозоқ адабиётида, балки туркий халқлар адабиётида ўзига хос, такрорланмас ҳодиса эди. Ҳамма даврнинг ўз шеъриятида бўлгани сингари, Мағжон 20-30-йиллар шеъриятига тамал тоши қўйди десак, муболаға бўлмас.
Мағжон 1922 йилнинг ноябрь ойида Туркистон республикаси Халқ комиссари Турор Рисқулов таклифи билан Тошкентга кўчиб келди. Мағжон ёшлигидан араб, форс, турк ва рус тилларини мукаммал ўргангани боис Тошкентдаги икки йиллик ҳаёти анча самарали кечди, Мағжон тинмай изланди.
Мағжон Тошкентда қозоқ-қирғиз маориф институтида дарс берди. Айни пайтда “Оқ йўл” газетаси, “Сана” (“Тафаккур”) ва “Чўлпон” журналлари билан ҳамкорлик қилди. Мағжон Ўрта Осиё, хусусан, Туркистон тарихи билан чуқур танишди. Соҳибқирон Амир Темурнинг шиддатли, айни пайтда жасоратларга тўла ҳаёти, жаҳонгирлиги Мағжонни илҳомлантирди. Амир Темур қиёфасида Мағжон чинакам турк ватанпарварини кўрди. Амир Темурга бағишлаб шеърлар ёзди. Жумладан, “Соҳибқирон сўзи” шеърида Амир Темурни шунчаки мадҳ қилиб қолмади, балки изланувчан шоир сифатида ўтмиш билан алоқани тамомила узмай, ўтмишнинг энг яхши анъаналарини янгича мазмунда тиклади, шарқона руҳдаги шеърига Ғарб ва рус шеъриятидаги символизмни сингдирди, Амир Темур образини янгича талқинда ўқувчига етказди. У бу шеърида ҳам символчи шоирлар сингари “нариги олам”га назар ташлади, чинакам ғояларни ўша оламдан излади. “Кафтдай ернинг Тангриси кўп бўлмоғи – кўп қайғу” келтиришини афсус билан айтади шоир. Тангри рамзий образи мисолида ер юзини бўлишиб олишга интилаётган жаҳон ҳукмдорларини гавдалантиради. Қадим туркларнинг Тангрига эътиқод қилганларини, жамики мавжудотнинг яратувчиси ва ҳукмдори Тангри эканини Мағжон ўқувчига уқтира олади. Аслида Мағжоннинг бошқа катта мақсади бор эди: Мағжон шу ўринда жуда гўзал ўхшатиши орқали мақсадини аён қилади: кўкда – Тангри ҳукмрон бўлса, ер юзида ҳукмрон зот – Амир Темур. Бошқа ҳеч ким эмас! Мана, Мағжоннинг қиёсидан келиб чиқадиган хулосаси. Шу билан бирга, Мағжон назарида Амир Темурнинг бошқа ҳукмдорлардан афзал томони бор. Афзаллик шундаки,

Кўк тангриси – Тангрининг
Уруғи йўқ, зоти йўқ.
Жаҳон шоҳи – Темурнинг
Уруғи – турк, зоти – ўт!

Мағжон бу мисралари орқали буюк Соҳибқироннинг улуғворлигига ишора қилади. Мағжоннинг бу қиёси – фақат Амир Темурни кўкларга кўтариш учунгина айтилмаган, балки туркий ҳукмдорларнинг тарихда ўйнаган буюк ролига берилган ҳаққоний баҳо эди.
Мағжон Жумабой ижодидаги алоҳида ўзига хосликлардан яна бири – Шарқ ва Ғарб халқлари маънавий тараққиётидаги икки оқимни ўзида бирлаштирганидир. Дарвоқе, Мағжонга тенгдош Ўрта Осиё ва Қозоғистон шоирлари ижодида Ғарбнинг таъсирини яққол кузатиш мумкин. Мағжон ижодидаги ғарбона мавзу, ғоя, образлар тизими аниқ кўриниб туради. Рус ва Европа шеъриятидан кириб келган рамзий образлардан бошқа тимсоллар ҳақида Мағжон ижоди мисолида қозоқ адабиётшунослари маълум ишларни амалга оширганлар. Бизнинг кузатувларимиз бўйича, Мағжон Жумабой ижодини фақат қозоқ адабиёти доирасида эмас, Ўрта Осиё шеърияти контекстида ўрганиш лозимлигини унинг ижодидаги мавзу ва ғоялар, образлар тизимининг ўзбек шеъриятига ҳамоҳанглиги ҳам кўрсатиб турибди.
Мағжон – турколог олим. У Тошкентдаги икки йиллик ҳаёти давомида туркология соҳасида талай мақолалар ёзди. Унинг “Туркистон”, “Олисдаги бовримга”, “Соҳибқирон сўзи”, “Ўрол тоғи”, “Тезда бораман” каби қатор шеърларию бир туркум мақолаларини ўқиб, Ўрта Осиёда туркологиянинг тамал тошини қўйганлардан бири Мағжондир, дея баҳолаш мумкин. Фузулийнинг “шеър илм асосига қурилади”, деган ҳикматини айнан Мағжоннинг юқоридаги шеърлари мисолида кўрамиз. Фақат кечинманинг ўзи шоирни катта шоирлар қаторида кўришга имкон бермайди. Мағжон қадимги туркийлар давлати тарихини, бу халқларнинг кечмишию босиб ўтган йўлини яхши билади. У нафақат улкан шоир, балки билимдон тарихчи олим эканини ҳам ўз шеърларида намойиш қила олган. Мағжоннинг ҳар бир шеъри, албатта, бирон детал, бирон тарихий воқеа ёки тарихий шахсга таянади. Унинг даъваткор мисраларида икки қутб – Кунчиқиш ва Кунботишнинг қиёфаси айнан туркий қавмлар ва туркий элларнинг ўтмишию келажагидан башорат бўлиб жаранглайди. Шоир ачинишу нолаларга бурканиб қолмайди! Фарёд – мутеликни синдиради. Буни Мағжон яхши билади. Айни пайтда тарихда Кунботишнинг ўтказган зулмидан Кунчиқишни ўч олишга эмас, аксинча, Кунботишга маърифатни, эзгуликни ёйишга даъват қилади. Кунчиқиш гарчи Кунботишнинг кўп азобларига дучор бўлган эса-да, Кунботишга юриш қилиб, уларнинг қалъаларини кул эмас, гул, фарзандларини қул эмас, ул (ўғил) қилишга, туркона бағрикенглик билан якдилликка чақиради. Бу – Мағжоннинг узоққа мўлжалланган дастури, амалга оширишга қатъий бел боғлаган шиори эди. Худди бугунги кунда кечаётган Европа билан яқинлашиш жараёнини, Шарқнинг маънавиятидан, бағри кенглигидан Европани баҳраманд қилишни Мағжон ҳам юз йиллар олдин сезган, ҳис қилган эди.
Қадим Туронзамин тарихи кўп ижодкорларни ҳайратга солиб келган. Шу жиҳатдан Мағжон ижодида “Туркистон” шеъри алоҳида аҳамият касб этади. Бу шеърни, таъбир жоиз бўлса, туркий халқлар шон-шуҳратини абадийлаштиришга хизмат қиладиган қасида деб айтишни истар эдим. Шеър­ни ўқиганимизда, ўзбекнинг улуғ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони Эркин Воҳидовнинг “Ўзбегим” қасидаси ёдимизга тушади. Икки халқнинг ҳар икки буюк шоирининг мақсади бир, дунёқараши муштарак, она юрт тарихига, миллатига бўлган муҳаббати чексиз. Мағжоннинг бу шеъри 1922 йили Тошкентда ёзилган. Мағжон тарихни мазкур қасидага кўчириб қўя қолмайди, аксинча, қасида жанрининг талабларига риоя қилган ҳолда, Туркистон образининг гўзал манзарасини китобхон кўз ўнгида чизиб беради.
Мағжоннинг “Туркистон” шеъри бизнинг олдимизда турган кўп масалаларга ойдинлик киритади. Қадим туркий халқлар мифологияси ҳали биз ўрганишимиз зарурат бўлиб турган ана шундай соҳалардан бири. Қарангки, Мағжон тахминан юз йиллар илгари бугунги кунда туркологияда долзарб бўлиб турган муаммолардан яхши хабардор бўлган, бу борада изланган ҳам экан. Қадим туркийларнинг ибтидосини бошлаб берган кўк бўри, Хонтангри, Тарбағатай каби мифологик образлардан Мағжон туркийлар тарихининг ўлмас бадиий саҳифаларини яратди, мифологик образларни туркийларнинг ижтимоий ва этник тарихига пойдевор қилиб, китобхонни ўйлашга, фикрлашга ундади. Зотан, бу хизматлари билан ўзбек ва қозоқ тарихчи олимларимиз бугунги кунда ўрганиши изчил заруратга айланган Турон тарихини яратишга Мағжон ўз ҳиссасини қўшди. Ҳа, Мағжон дунёқараши кенг, билими теран, ғайрати оламга сиғмас катта олим ҳам бўлган экан. Мағжоннинг “Ўткир ақл, ўтли ғайрат, югрук хаёл, Туроннинг эрларидай эр бормикан?” деган мисраларида айнан ўзининг ҳам қиёфасини гавдалантириб берган, деб айта оламиз. Мағжон ўз замондошларидан ўткир ақли, ўтли ғайрати, югрук хаёли билан анча илгарилаб кетган эди.
Ўтган асрнинг 20-йилларидан бошлаб яқин-яқинларгача – ўн-ўн беш йиллар наригача “турк”, “Турон” каби сўзларни ишлатишда ижодкор аҳли ниҳоятда эҳтиёт бўлар эди. Зотан, “ҳушёр” сиёсатдонларнинг, бу сўзлар ишлатилаверса, ҳамма турклашиб, Туркияга эътиқод қиладиган бўлиб қолади, деган ғариб қарашлари ҳукмрон эди. Аслида, ХХ асрнинг бошларигача “турк” “ўзбек” сўзи ўрнида қўлланганини улар билмас эдилар. Мағжоннинг жасорати шунда эдики, у “Туркистон” шеърида Турон тимсолидан туркий халқларни бирлаштиришга ундовчи даъваткор бир куч сифатида фойдаланди.

Хуморлаб ким изламас туққан элин?
Тулпор ҳам қўмсамасми туққан ерин?
Шимолнинг шоввозлари – қалин Алаш,
Турон ҳам била билсанг – сенинг еринг!

Ўзлигини унутаёзган турк элларига бундай даъват жуда керак эди. Аммо барча халқлардан “ягона совет халқи” ясаш сиёсати анча йиллар ҳукмрон бўлгани боис, Мағжоннинг бу шеърида кўтарилган ғоя ҳам сукут сақлашга мажбур бўлди. Ҳа, ғоя сукут сақлади. Ўтган асрнинг охирларида – Совет давлати парчаланиб, туркий тилли давлатлар ўзлигини англаб ета бошлаган даврлардагина Мағжон бу шеърида келажакдан башорат қилаётгани ойдинлашади.
Мағжон – ёниқ шоир. Унинг қаҳрамони ишқдан, ёр ҳажридан изтироб чекканда, шунчаки оҳу нолаларини ошкор қилиш билан чекланиб қолмайди. Ёр ошиқнинг фиғонига бефарқ, доим ўзини олиб қочади. Охири, ошиқ севиклисини ташлаб кетишга қарор қилади. Шеъриятда суюкли ёрдан воз кечиб бошқа ёрга кўнгил боғлаш ошиқ томонидан бевафолик деб қораланади. Шундай, Мағжоннинг қаҳрамони маъшуқасининг ноз-фироқларига бардош бера олмай, ундан воз кечади, энди бошқа ёрга кўнгил боғлайди. Шеърхон шу ўринда ошиқни садоқатсизликда, енгилтабиатликда айблай бошлайди.

Севмасанг мен ҳам топдим ўзимга ёр,
Керагинг йўқ, меҳрсиз, йўлингга бор! –

деб севганидан юз ўгирди-кетди. Ажабо, энди ошиқ янги ёрига осонликча етишса, унда ишқнинг қадри қолмайди-ку! Мана, ошиқнинг аввалгисидан воз кечиб, кўнгил боғлаган янги ёри:

Алвидо, менга қара, о, мени кўр!
Видолаш, мен кетайин, қўлингни бер!
Олдимда қучоқ очиб қарши олар –
Севган ёр, вафодор ёр – ул қора ер!

Ёрнинг янгича бу тимсолини фақат Мағжон ўйлаб топди, ошиқликнинг бу ўтли мисраларини фақат Мағжон ярата олди. Биз Мағжоннинг “Севик­лимга” шеърини таҳлил қилиш орқали шундай фикрларимизни ўртага ташладик. У бу шеърида чинакам ошиқ тимсолини яратди. У “Сев, севик­лим”, “Сулув, сулув”, “Ёш сулувга” каби қатор шеърларида муҳаббатнинг рангин, кутилмаган қирраларини намойиш қила олди.
Мағжоннинг табиатан миллатпарвар шоир экани унинг илк ижодиданоқ анг­лашилади. Шоирнинг 1911 йили ёзган “Шу куннинг қўшиғи” номли шеъри бор. Шеърни ўқир эканмиз, барча Ўрта Осиё халқлари сингари, қозоқ халқининг жаҳолат ботқоғига ботиб қолиш сабабларини кўрсатади. Нодонлик, билимсизлик – қозоқ халқининг бошига келган кулфат эканини Мағжон ёниб сўзлайди. “Борасан қора тунда чироқ-шамсиз, Енгдими билимсизлик, ит нодонлик?” дея халқига таъна қилиб, куйиниб сўзлайди. Мағжон шу шеъридан кейин бир йил ўтгач ёзган “Шўрлик қозоқ” шеърида маърифатга етишиш – миллатни асоратлардан олиб чиқадиган ягона йўл эканини янада кескинроқ баён қилади. Миллатни уйғотишга бел боғлаган шоир ўз халқини жамики илғор халқлар қаторида кўришни истайди, бунга миллат фақат билим эгаллаш орқалигина етишажагини кўрсатиб беради. Ўзбек халқининг ўша йиллардаги тақдири ҳам айни шундай эди. Зотан, маърифатпарварларнинг тақдирлари бир, мақсадлари ягона…
Мағжон – изланувчан шоир. У қайси мавзуда ижод қилмасин, ўз олдига ягона мақсадни – миллатни уйғотишни асосий вазифа қилиб қўяди. Бу – Мағжоннинг манифести эди. Ҳатто ҳибсда, ўзининг тақдири қил устида турган пайтда ёзган шеърларида ҳам ана шу манифестдан қайтмади. Мағжон бу аянчли қисматни “Қамоқхонада туш” шеърида шундай ифодалаб беради:

Ёруғлик йўқ, Ойни, Кунни кўрмайман,
Чала ўлим, умрни тўла сурмайман.
Озодликда юрган эркин бир халқнинг
Не қилганин, не деганин билмайман.

Хор бўлди-ку шунча ғайрат, асл куч,
Авахтада қўлдан келсин қандай иш?
Уйқу тилаб, кўзни зўрлаб юмаман,
Нима қилай? Юпанчим шу – фақат туш…

Шоир ўзининг шахсий ҳаётини – қамоқхонада кечирган йилларини халқнинг “чала ўлим”ига ўхшатиш орқали миллатнинг дардини юзага олиб чиққан. Шеърнинг ижтимоий мазмуни, моҳияти ҳам аслида шу тушда ўз ифодасини топган. Шахсиятнинг кечинмаси – миллатнинг кечинмасига айланган.
Шоирнинг фалсафий қарашларига туртки берган Ой, Кун тимсоллари бу туркумдаги шеърларида алоҳида аҳамият касб этади. Бу тимсоллар образлилик ҳосил қилиш билан бир қаторда, катта ижтимоий маънони ҳам ифода этади. Зотан, азал-азалдан Ой ва Кун образлари қадимги туркийларда зулматга қарши кучларга тимсол ўлароқ юзага келган. Мағжоннинг “Сарғайдим”, “Ел”, “Соғиндим” каби шеърларида бу тимсолларнинг вазифаси янада аниқроқ бўртиб кўринади.
Мағжоннинг шеърларини ўзбек тилига илк бор истеъдодли шоир ва таржимон Музаффар Аҳмад маҳорат билан таржима қилгани жамики ўзбек ва қозоқ халқини мамнун қилади. Қолаверса, 2018 йил Қозоғистонда Ўзбекистон йили деб эълон қилингани ҳам асрлар давомида ёнма-ён яшаб келаётган туғишган, қондош икки элнинг азалий ва абадий дўстлигига мазкур таржималар яна бир гўзал далилдир.
Қардош қозоқ тилидан ўзбекчага таржима қилиш осондай бўлиб кўринади. Қардош тиллардан таржиманинг мураккабликлари ҳам бор. Аслида ўзбек ва қозоқ тилларининг асл манбаи бир – қадимги туркий тил. Шундай бўлишига қарамасдан, асрлар давомида туркий тиллар тизимида келиб чиқиши бир бўлган ўзбек ва қозоқ халқларининг мустақил тиллари шаклланди. Бунда, биринчидан, сўзлар ва грамматик шаклларни таржима тилида етказишда аслият тилидан узоқлашиб кетмаслик шарт. Иккинчидан, лексик қатламда ҳам мувозанатни сақлаш лозим. Музаффар Аҳмад баъзи сўзларни қозоқчадан ўзбекчага таржима қилганда, аслият тилидаги сўзларни ўз ҳолича қолдирди. Масалан, “Соҳибқирон сўзи” шеърида таржимон кунграмоқ, бийламоқ сўзларини қозоқча шаклида қолдирган бу мақсадга мувофиқ бўлганини алоҳида таъкидлаш керак: кунграмоқ қадимги туркийча сўз бўлиб, “сўзланмоқ, ғудранмоқ” маъноларини билдириб, бир оз салбий маъно қўлланилади. Мазкур шеърда “сўзламоқ” маъносида қўлланган; бийламоқ сўзида эса “ҳукм юритмоқ “ маъносидан ташқари, “рўпара келмоқ, яқинига йўламоқ” маънолари ҳам бор.
Мағжон Жумабой “Мен кимман?” шеърида ўзининг суратини ҳам, сийратини ҳам кўрсата олган. У ер юзида Арслону Йўлбарс, айни пайтда Эркатой; кўкда – нуридан ҳаммани баҳраманд қиладиган Кун, ўжарлиги тутса, тошқин Денгиз, ёндириб йўқ қиладиган Олов, бошқаларни чанг­ларида қолдириб кетадиган Тулпор… Мағжон шу шеърида “Мен ўлмайман, менинг жоним ўлмайди… Сўзим қутлуғ, топинаман сўзимга” дея қатъият билан аҳд қилган. Ҳа, ҳақиқатан Мағжон Жумабой ўлмаган! Унинг қутлуғ сўзлари қозоқ ва ўзбек, жамики туркий халқлар орасида тоабад яшайверади!

«Жаҳон адабиёти» журнали, 2018 йил, 5-сон