Муҳаммаджон Холбеков. Таржима назарияси фан сифатида

Ўзбек таржимачилик мактаби ўзининг узоқ йиллик анъаналари ва тажрибаларига эга. Хусусан бу соҳада кейинги йилларда амалга оширилаётган ишлар катта кўлам ва миқёсни ташкил қилмоқда. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, турли олий ўқув юртлари ва адабий нашрларда бу мавзуда турли давра суҳбатлари, баҳс ва мунозаралар уюштирилмоқда. Мазкур чиқишларда ўзбек таржимачилигининг ютуқ ва камчиликлари ва истиқболда қилиниши керак бўлган ишларга эътибор қаратилмоқда.

Шу муносабат билан эълон қилинаётган мақолаларда таржима назарияси ва амалиёти муаммолари, мамлакатимиз ва хорижий таржима мактаблари ҳамда бугунги жараёни ҳақида сўз боради.

Таржима ҳақида илк назарий фикр­лар дастлаб қадим Римда юзага келган эди. Юнон ва лотин тилларини мукаммал билган Аристотель, Цицерон ва Гораций таржима жараёнида сўз кетидан қувиш ярамайди, уларнинг маъно ифодаларини аввал тарозида ўлчаб, кейин таржима қилиш маъқул, деган фикрни билдирганлар. Кейинчалик Италияда Бартоломео ва Манетти, Францияда дю Белле ва Малерб, Анг­лияда Бэкон ва Драйден, Германияда Гёте ва Гумбольдт, Россияда Ломоносов ва Сумароков таржима хусусида ўз назарий тушунчаларини билдириб ўтганлар.

Хуллас, то XX асрга қадар “таржима” сўзи муайян маъно касб этиб, фақат тарихий, фалсафий ва адабий асарлар ўгирмасига нисбатан қўлланилиб келинган, оғзаки таржимонга нисбатан эса туркийда “тилмоч”, славянларда “толмач”, немис тилида “dolmetschen”, инглиз ва француз тилларида “interpret” атамалари ишлатилган. Таржима назарияси хусусида айтилган фикрлар ҳам шу йўсинда умумий маънога эга бўлган. Масалан, таниқли француз тилшуноси Жорж Муненнинг таъкидлашича, Ф.де Соссюр (1857-1918) ва О. Гарри Есперсен (1860-1943) тадқиқотларида таржима назарияси ҳақммммида фикрлар йўқ, ҳатто Ш. Балли (1865-1947) ва ­Ж. В­­­а­н­дриес (1875-1960) асарларида ҳам бу хусусида мулоҳаза билдирилмайди.

Таржима назариясига бағишланган илк тадқиқотлар ўтган асрнинг йигирманчи йилларида юзага кела бошлади. Бу даврда нашр қилинган Ф.Р.Амос, Ж.П.Постгэт, О.М.Финкель, М.П.Алексеев китобларида, Санжар Сиддиқнинг “Адабий таржима санъати” (1936 й.) рисоласида ҳам таржима назариясини фан сифатида эътироф қилувчи аниқ фикрлар билдирилмаган эди. Таржима назариясини фан сифатида таърифловчи ва бунга даъват этувчи тадқиқотлар асрнинг эллигинчи йилларига келиб эълон қилина бошланди. Аниқроғи, 1952 йил “Иностранные языки в школе” журналида таниқли таржимон И.Кашкиннинг “Ишончсиз тамойил ва ноаниқ хулосалар” ва таниқли тилшунос А.А.Реформатскийнинг “Таржиманинг лингвистик масалалари” номли мақолаларининг чоп қилиниши бу соҳада баҳс-мунозараларнинг бошланишига сабаб бўлди. Масалан, профессор А.А.Реформатский ўз мақоласида “таржима амалиёти барча фанлар учун хизмат қилса-да, таржима назарияси мустақил фан бўла олмайди. У тилшуносликнинг бир бўлимигина бўлиши мумкин”, деган даъво билан чиқади. Тез орада олимнинг бу фикрига қарши таржимашунос А.В.Федоров: “Таржима назарияси фан сифатида эътироф қилиниши зарур. Фақат у қурилиши жиҳатидан тилшунослик йўналишига вобаста бўлмоғи керак” деган ғояни илгари суради. Бу йилларда Ўзбекистонда ҳам таржима назарияси хусусида дадил фикрлар айтила бошланди. Асқад Мухтор, Жуманиёз Шарипов, Ғайбулла Саломов, Нинель Владимироваларнинг таржима назариясидан баҳс юритувчи рисола ва мақолалари нашр қилинди.

1953 йили Халқаро таржимонлар уюшмаси – ФИТ (Federation Internationale des Traducteurs) нинг ташкил қилиниши таржимон ва таржимашунослар фаолиятининг янада равнақ топишида муҳим роль ўйнади. 1955 йилдан уюшма органи “Babel” (“Бобил”) журнали нашр этила бошланди. Бу йилларда турли мамлакат олимларининг таржима назарияси муаммоларига бағишланган тадқиқотлари бирин-кетин босилиб чиқди. Улар орасида француз Жорж Муненнинг “Гўзал, аммо бевафо”, инглиз Теодор Саворининг “Таржима санъати” китоблари ўша даврда муҳим аҳамият касб этди. Айниқса, канадалик тилшунослар Ж.П.Винье ва Ж.Дарбельненинг 1958 йилда нашр қилинган “Француз ва инглиз тилларининг қиёсий стилистикаси. Таржима тадоригида” монографиясида таржима назарияси қиёсий тилшунослик йўсинида талқин қилиниб, муаллифлар уни соф тилшунослик измидаги фандир, деган тезисни илгари сурдилар. Улар ўз фикрларини таниқли тилшунос олим Шарль Балли таълимотига яқинлаштириб, таржима ҳам икки тилга мансуб системадир, у аслият ва таржима тилининг ўзаро яқинлашуви жараёнида юзага келади. Бу жараёнда аслият тили ўз ҳолатини ўзгартирмайди, таржима тили эса мавжуд шароитга қараб ўзгаради ва аслият тилининг лисоний ҳолатларини ўзида ифода этишга мажбур бўлади, деган тўхтамга келадилар.

Ўтган асрнинг олтмишинчи йиллари бошида француз олими Э.Карининг “Таржима назарияси сари” ва америкалик тилшунос Ю.Найданинг “Таржима назарияси хусусида” номли мазмунан бир-бирини тўлдирувчи тадқиқотлари босилиб чиқди. Э.Кари ўз китобида таржима назариясини мустақил фан тарзида эътироф этиш билан бирга умумий “таржима назариясини яратмоқ пайти келди”, деган фикрни билдирган бўлса, Ю.Найда таржима амалиёти ва назариясининг вобаста илмий тамойилларини ишлаб чиқмоқ лозимлигини уқтириш билан, таржима назариясига “динамик эквивалент” (сўзларнинг тенг маъноли муқобиллари) тушунчасини олиб кирди.

Бу даврга келиб собиқ Иттифоқда ҳам тилшунос ва адабиётшунос олимларнинг таржима назарияси талқинига бағишланган тадқиқотлари эълон қилинди. Масалан, А.В.Федоров “Таржима назариясига кириш” китобини 1958 йил кайта нашр эттираркан, унга “лингвистик очерк” тагсарлавҳасини илова қилган эди. Кўп ўтмай ушбу нашр мазмуни ва мундарижаси атрофида қизғин баҳс-мунозаралар бошланди. Иттифоқ олимлари ўртасида таржима назариясига икки томонлама: тилшунослик ва адабиётшунослик илми нуқтаи назаридан талқин қилиш муаммоси юзага келди. 1959 йилдан иттифоқ Ёзувчилар уюшмаси ташаббуси билан “Таржима маҳорати” алманахи ва 1963 йилдан тилшунослик илмининг марказларидан бири саналган Москва Давлат чет тиллар педагогика институти олимлари саъй-ҳаракати билан “Таржимон дафтарлари” илмий тўплами нашр этила бошланди. “Таржима маҳорати” алманахида таниқли адабиётшуносларнинг таржима – бу адабий жараён ва бадиий ижод, таржима назарияси эса адабиётшуносликка асосланган фандир, дегувчи мақолалари мунтазам чоп қилиниб келинган бўлса, “Таржимон дафтарлари” тўпламида кўплаб тилшуносларнинг таржима – бу матн билан боғлиқ лингвистик жараён, таржима назарияси ҳам лисоний таҳлилга асосланган фандир, дея эътироф этгувчи тадқиқотлари босилиб келинди.

Ўша йиллари Ўзбекистонда ҳам таржима назарияси фан сифатида эъти­роф этила бошланд­и. Проф. А.А.Реформатский ва А.В.Федоровнинг таржима назария­си хусусида билдирган фикрлари йўналишида баҳс юритувчи ўзбек олимлари Н.В.Владимирова (“Некоторые вопросы художественного перевода с русского на узбекский язык”, 1957), Ж.Шарипов (“Некоторые проб­лемы поэтического перевода”, 1958), Ғ.Саломов (“Мақол ва идиомалар таржимаси”, 1961) ларнинг тадқиқотлари юзага келди. 1961 йил профессор Ғайбулла Саломов асос солган “Таржима санъати” илмий тўпламининг биринчи китоби босилиб чиқди. Муаллифлар ўша давр талабидан келиб чиққан ҳолда ўз тадқиқотларида таржима назариясининг баъзи лингвистик ва поэтик хусусиятларини ёритишга ҳаракат қилгандилар.

Бироқ, ўтган асрнинг олтмишинчи йилларидан бошлаб собиқ Иттифоқ ва хорижий олимлар даврасида таржима назарияси тилшунослик тадоригидаги фандир, дегувчилар сони ортиб, улар таълимоти етакчи ўринга чиқиб олди. Масалан, 1964 йили рус тилшунослари И.Ревзин ва В.Розенцвейгнинг “Умумий ва машина таржимаси асослари” номли монографияси эълон қилинди. Монографияда олимлар таржима назарияси тилшунослик йўналишидаги фан бўлиши лозим, дегувчи таълимотни янада чуқурлаштириб, таржимани структуравий тилшунослик қолипида талқин қилмоқ ва шу тамойилда таҳлил этмоқ даркор, деган фикрни тарғиб қилишди. Ҳатто улар А.В.Федоров “Таржима назариясига кириш” китобининг 1958 йилги нашри мазмуни ва мундарижасига танқидий ёндашиб, олимнинг таржима назариясини яратишда якдил бир тўхтамга келолмаганлигини, таржима назариясининг соф лингвистик фан эканлигини исботлаб беролмаганини танқид қилдилар. Шу билан бирга улар “машина таржимаси” нинг назарий муаммолари хусусида ҳам кенг тўхталиб, бу борада ҳам ўзларининг лингвистик назариясини олға суришди.

Ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида Н.Владимирова, Ж.Шарипов, Ғ.Саломов, Ю.Пўлатов, Ж.Бўронов, А.С.Азнаурова, А.Абдуазизов, Қ.Мусаев, Г.Ғафурова, С.Саломова, Н.Комилов сингари таржимашунос олимлар томонидан яратилган илмий тадқиқотлар Ўзбекистонда ҳам таржима назарияси борасида кенг кўламда изланишлар олиб борилганидан далолатдир. Улар орасида таржима назариясининг лингвистик тамойилларини яратишда профессор А.В.Федоров изланишларини давом эттирган профессор Ғайбулла Саломовнинг хизматларини алоҳида таъкидлаб ўтмоқ ўринлидир. Олимнинг 1966 йил нашр қилинган “Тил ва таржима” монографияси Ўзбекистонда таржима назарияси фанининг кейинги равнақига катта ҳисса қўшди. Қолаверса, бу тадқиқот республикамизда таржима назариясининг лингвистик ва умумфилологик асосларини ишлаб чиққан илк назарий манба бўлиб, у Г.Гачечиладзе (Грузия), Б.Тоҳирбеков (Озарбайжон), Л.Мкртчян (Арманистон), М.Авезов (Қозоғистон), Е.Эткинд (Россия), В.Коптилов (Белоруссия) каби назариячиларнинг тадқиқотлари қаторида алоҳида эътироф қилинди. Дарвоқе, олимнинг ушбу монографиясида таржиманинг асосий “қурилиш материали” бўлган сўз, унинг фонетик либоси, семантик ва услуб хусусиятлари ҳамда таржима жараёнида синонимлардан истифода этиш каби муаммолар муфассал таҳлил қилинган эди. Шунингдек, бу йилларда яратилган Л.Абдуллаеванинг “Рус тилидан ўзбекчага таржиманинг стилистик масалалари” (1964), Қ.Мусаевнинг “Инглиз тилидан ўзбекчага бадиий таржиманинг стилистик муаммолари” (1967) А.М.Нарзиқуловнинг “Француз фразеологияси ва француз-ўзбек бадиий таржимачилиги масалалари” (1969) каби тадқиқотлари ҳам таржима назариясининг лингвистик муаммоларига бағишланган эди.

Олтмишинчи йиллар охири ва етмишинчи йиллар бошида ғарб таржимашунослигида Жорж Мунен (Франция), Иржий Левий (Чехословакия), С.Влахов ва С.Флорин (Болгария) каби олимлар эътиборга молик тадқиқотлар яратдилар. Масалан, Жорж Мунен ўзининг “таржима – доимо тил билан боғлиқ ҳодисадир” мазмунидаги тезисини бадиий таржима жараёнига ҳам тааллуқлидир, дейиш билан қуйидаги фикрни илгари суради: “Ҳар бир асар ўз даврининг ижтимоий-маданий ҳодисаси бўлиб, у фақат ўша халқ тили орқали ифодаланади, тилнинг иштироки ва бевосита такомиллашуви эвазига юзага келади. Шундай экан, ушбу асарни иккинчи бир тилга ўгириш ҳам фақат тил воситасидагина амалга оширилади ва лисоний ҳодисага айланади”. Ж.Муненнинг ушбу концепцияси ва Р.Якобсон (АҚШ)нинг “Таржиманинг лингвистик тамойиллари” мақоласида илгари сурилган таржиманинг семиотик (белгиларга асосланган) тушунчаси ва тиллараро лисоний ҳодиса эканлиги ғоясига асосланган “Лейпциг мактаби” вакиллари ўтган асрнинг етмишинчи йилларида таржиманинг лингвистик назарияси билан жиддий шуғулландилар. Масалан, улар тилшунос Отто Каде (Германия) тарафидан истеъмолга киритилган “транслация” атамасини “таржима” сўзи билан алмаштириш мақсадга мувофиқлигини маъқул топишди. Сабаби, “транслация” (лат. translatio – ўтказиш, кўчириш, алмаштириш) тушунчаси “таржима” тушунчасига нисбатан умумийроқ маънога эга бўлиб, у “ёзма таржима” ва “оғзаки таржима” тушунчаларини ўз ичига қамраб олади. “Лейпциг мактаби” издошларидан бўлган немис тилшуноси Катарина Райс ўзининг “Таржима танқидининг чегараси ва имкониятлари” китобида тилшуносларнинг лингвистик назариясига бир қадар аниқлик киритиб, “Отто Каде, Рудольф Юмпельт, Юджин Найда, Рольф Клёпфер ва Ральф-Райнер Витеноуларнинг охирги ўн беш йил ичида эълон қилган тадқиқотлари таржимашунослик илмида муҳим аҳамият касб этса-да, бироқ то ҳанузга қадар таржима амалиётининг барча соҳаларини ўзида қамраб олган мукаммал тадқиқот яратилмади”, деган фикрни илгари сурди. Масалан, О.Каде тадқиқотларида прагматик матнлар таржимаси, Р.Юмпельт илмий-техникавий матнлар таржимаси, Ю.Найда (АҚШ) “Инжил” таржимаси, Р.Клёпфер бадиий матнлар таржимаси, Р. Р. Витеноу (Исроил) эса классик матнлар таржимаси мисолида ўз назарий концепцияларини яратишга муваффақ бўлдилар.

Тилшунос Катарина Райс таърифича, таржима амалиётида асосий ҳолат матннинг турли-туманлигига боғлиқ бўлиб, олима қуйидаги матн турларини келтириб ўтади: а) парагматик матн; б) бадиий матн; в) оғзаки матн. Биринчисида таржимон аниқлик ва муқаррарликка, иккинчисида образлиликка; учинчисида эса суҳбатдош нутқининг мазмунига асосий эътиборни қаратмоғи лозим бўлади.

1968 йил профессор А.В.Федоров монографиясининг қайта ишланган учинчи нашри босилиб чиқди. Олим ўзининг кўп йиллик изланишларини умумлаштираркан, таржима назарияси лингвистик йўналишдаги фан, деган якуний хулосага келади. Бу йиллар мобайнида рус олимларидан А.Д.Швейцернинг “Таржима ва тилшунослик”, В. Н.Комиссаровнинг “Таржима ҳақида сўз”, Л.С.Бархударовнинг “Тил ва таржима” номли монографиялари ҳам чоп қилинди.

Шу тариқа ўтган асрнинг етмишинчи йиллари бошида собиқ Иттифоқ олий ўқув юртларининг роман-герман тиллари факультетлари ва чет тиллар институтларида таржима назарияси ва амалиёти курси жорий қилиниб, уларда москвалик олимлар томонидан тузилган ўқув дастури асосида машғулотлар олиб борила бошланди. Москва Давлат чет тиллари педагогика институти эса таржиманинг лингвистик назарияси йўналишдаги илмий тадқиқотлар марказига айланди. Бу йиллар Ўзбекистон олий ўқув юртларида ҳам таржима назарияси ва амалиётидан машғулотлар йўлга қўйилди.

Тошкент Давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг филология ва журналистика факультети ҳузурида ташкил этилган Таржима назарияси кафедраси проф. Ғ.Саломов раҳбарлигида бу ишга бош-қош бўлди. Айниқса, олимнинг 1973 йилда нашр қилинган “Таржима тарихи”, “Таржима назариясига кириш”, “Умумий таржима назарияси асослари” ўқув дастурлари республикамиз олий ўқув юртларида таржима назарияси курсини ўқитишда асосий дастуруламал бўлиб хизмат қилди. Шундан сўнг унинг “Таржима асослари” (1976) ва “Таржима назариясига кириш” (1978) дарсликлари эълон қилинди. Олим уларда таржима – лисоний, адабий-эстетик ҳодиса, сўз санъати, таржимон эса ижодкордир, деган тезис асосида таржима жараёнини кенг миқёсда тадқиқ қилиб берган эди.

Хуллас, профессор Ғайбулла Саломовнинг “Таржима назариясига кириш” дарслиги олий ўқув юртларининг филология факультетларида таълим олаётган талабалар ва таржимашунослик илми борасида назарий тадқиқотлар яратишга киришган илмий ходимлар учун ҳам йўриқномага айланди. Шунингдек, Ж.Бўронов, Э.Азнаурова, Қ.Мусаевларнинг дарслик ва монографиялари, А.Абдуазизов, Н.Комилов, М.Сулаймонов, Р.Файзуллаева, Я.Эгамова, И.Мирзаевларнинг диссертация ва мақолаларида таржиманинг лингвистик назарияси хусусидаги баъзи фикрлар давом эттирилди.

Бу йилларда Европа тилшунослари ҳам таржима назариясининг турли лингвистик тамойилларини ишлаб чиқишга ҳаракат қилдилар. Масалан, немис олимлари Р.Юмпельт, А.Людсканов ва К.Райс таржима назариясини “тил ҳақидаги ва тилшуносликка таянувчи фан”, деб уқтириш билан, бадиий асар таржимасида асосан матннинг жанр хусусияти ва “матн формаси” муҳим ўрин тутади, деган тўхтамга келдилар. Сабаби, бадиий асар таржимасида матндаги информацион мазмун эмас, балки ундаги контекстуал (тагмазмун) маъно ифодасини сақлаб қолмоқ зарурдир.

1980-йилларга келиб таржима назариясининг тилшунослик йўналиши тамойиллари янада такомиллашди. Таржиманинг адабиётшунослик йўналишига мансуб И.Кашкин ва Г.Гачечиладзенинг “реалистик таржима назарияси” ўрнини Д.Дюришиннинг “таржима халқаро адабий жараён тараққиётида муҳим ўрин эгалловчи адабиётлараро коммуникатив воситадир” дегувчи назарияси эгаллади. Лингвистик таржима назариётчилари Р.Клёпфер, Р.Р.Витеноу, И.Левий қарашларининг давомчиси словакиялик олим А.Попович таржиманинг коммуникатив асосларини ишлаб чиқди. Бироқ олим Р.Клёпфер, И.Левий ва И.Кашкин, Г. Гачечиладзе фикрларига қарши ўлароқ, тилшуносларни таржиманинг якдил ва аниқ лингвистик талқинга асосланган назариясини яратишга даъват этди. Масалан, А.Попович таржима назариясининг шаклланган лингвистик асослари умумий маъно касб этиб, у бадиий таржима қонуниятларига тамомила мос келмаслигини таъкидларкан, бадиий таржима амалиётини моделлаштиришда фақат асар матнига, унинг таҳлили ва талқинига тааллуқли лингвистик жиҳатларнигина ҳисобга олмоқ зарур, тўлиқ лингвистик моделларни бадиий матн таржимасига мажбуран юкламаслик керак, деган хулосага келади.

Бу йилларда Ўзбекистонда профессор Ғайбулла Саломов (ТошДУ) ва профессор Жуманиёз Шарипов (ЎзФА) раҳбарлигида шаклланган таржимашунослик мактаби олимлари таржима назариясининг умумфилологик муаммоларини тадқиқ қилиш билан машғул бўлдилар. Масалан, Р.Файзуллаева, М.Сулаймонов, И.Мирзаев каби олимлар немис, инглиз, француз тилларидан ўзбек тилига таржиманинг лингвистик масалалари мавзусида тадқиқотлар яратишган бўлсалар, Ш.Рўзиев, Я.Эгамова, Д.Ғуломова, Қ.Жўраев, М.Холбеков, М.Бақоева, Н.Отажонов, У.Сотимов, Ж.Юсупов, Ё.Ҳамроев кабилар бадиий таржиманинг умумфилологик муаммоларини тадқиқ этган номзодлик диссертацияларини ҳимоя қилдилар. Улар изидан таржимашунослик илмига қадам қўйган С.Хаитов, С.Олимов, З.Исомиддинов, Р.Абдуллаева, Ғ.Хўжаев, Қ.Тожиев, Б.Эрматов, С.Азимов ва бошқалар жаҳон адабиётидан ўзбек тилига ўгирилган таржима асарларининг бадиий жиҳатларини ўргандилар. Устоз Ғайбулла Саломов ўзининг таржима назарияси борасидаги изланишлари натижаси ўлароқ 1982 йил “Адабий анъаналар ва бадиий таржима муаммолари” мавзусида докторлик диссертациясини ҳимоя қилди. Тадқиқотда олим асосан таржимада адекватликка эришиш принципларини таҳлил қиларкан, бу борада Шекспир асарлари таржимаси мисолида “таржима-таъсир-таржима” тамойилини кенг маънода асослаб берди (Каранг. А.Абдуазизов, М.Холбеков. Атоқли таржима назариётчиси// Ўзбекистон адабиёти ва санъати, 2012,14 декабр). Олимнинг бу иши унинг таржима назарияси бобида яратган сўнгги йирик тадқиқоти бўлиб қолди.

Таниқли тилшунос Ю.Найда эса таржима назариясига тўрт тарафлама, яъни филологик, лингвистик, коммуникатив ва социосемантик ёндашув лозимлигини таклиф этади. Филологик ёндашув замирида бадиий матн, яъни унинг структуравий ва стилистик хусусиятлари мужассам бўлиб, уларнинг ечими лингвистик назарияга таянади. Лингвистик ёндашув замирида эса икки тилнинг лексик ва синтактик ҳолатларига эътиборни қаратмоқ лозим бўлади. Бу ҳолатда тилларнинг коммуникатив функциясига таянилади. Таржимага учинчи ёндашув – соф коммуникатив жараён ҳисобланиб, унда асосан ижтимоий шароит ва коммуникаторлар орасидаги ўзаро мулоқот ҳисобга олинади. Тўртинчиси, таржимага нисбатан социосемиотик ёндашув ҳисобланиб, унда таржима қилинаётган матн учта асосий факторга: белги, референт (матн) ва интерпретант (талқин қилувчи)га асосланади. Бу жараёнда асосан синонимик белгилар (элементлар) ҳал этувчи вазифани бажаради.

Хулоса қилиб айтганда, кейинги жараёнда ҳар икки олимнинг фикри ғарб тилшуносларининг диққат-эътиборида бўлди. Юқоридаги барча талқинлар соф лингвистик характерга эга бўлиб, таржима назариясини ҳозирги замон тилшунослик фани қонуниятлари билан вобасталиги ва коммуникатив алоқа воситаси функциясини бажариши исботланди. Ва ниҳоят ФИТнинг собиқ президенти, болгариялик таржимашунос Анна Лилова аслият ва таржиманинг типологик таҳлилини лингвистик назария ва тарихий жараён билан боғлаб олиб бориш зарурлигини уқтираркан, у ёки бу матнни ўгиришда таржимон шу жиҳатларни эътиборга олмоғи зарур, дея таъкидлайди. Олиманинг таърифлашича, таржиманинг қуйидаги уч тури: а) оғзаки таржима; б) ёзма таржима; в) машина таржимаси ва уч асосий жанри: а) ижтимоий-сиёсий адабиётлар; б) бадиий адабиёт; в) илмий-техникавий матнлар таржимаси мавжуддир. Анна Лилованинг асл нусха матнининг жанр ва шакл хусусиятлари таржима мезонини белгиловчи асосий омил ҳамдир, деган фикри то ҳозирга қадар ўз қимматини сақлаб келмоқда.

Бу даврда Ўзбекистонда ҳам таржима назарияси ва адабий алоқалар йўналишида бир қатор илмий тадқиқотлар яратилди. Масалан, Наж­миддин Комилов (“Хоразм таржима мактаби”, 1987), Қудрат Мусаев (“Таржиманинг лингвостилистик муаммолари”, 1988), Муҳаммаджон Холбеков (“Ўзбек-француз адабий алоқалари: таржима, танқид ва идрок тадоригида”, 1991), Қ.Жўраев (“Шеърий таржималарни халқаро адабий ва фольклор контекстида қиёсий ўрганиш”, 1991) нинг докторлик тадқиқотлари юзага келди. Шунингдек, таржима муаммоларига бағишланган ўнлаб номзодлик диссертациялари ҳимоя қилинди. Аммо ўзбек таржимашунослари ғарб олимларининг таржима назарияси хусусидаги баҳс-мунозараларида иштирок этолмадилар. Таъбир жоиз бўлса, бу даврга килиб ўзбек таржимашунослик илми бир қадар орқада қола бошлади.

1993 йил Москва шаҳрида бўлиб ўтган таржимон ва таржимашуносларнинг халқаро симпозиумида сўзга чиққан инглиз тилшуноси Г.Тури таржиманинг жанр хусусиятларига тўхталаркан, ҳар қандай вазиятда “адабий таржима” атамасини қўллаш маъқуллигини таъкидлаган эди. Унинг фикрича, таржима “бадиий” ва “нобадиий” асар матнини ўзга тилда қайта тиклашдан иборат бўлиб, уларнинг ҳар иккаласи ҳам аслиятда адабий тил нормаларини ўзида мужассам этажагини унутмаслик керак. Шундай экан, иккала тил (аслият ва таржима)нинг адабий нормаларидан баб-баробар фойдаланмоқ ва уларни ҳисобга олмоқ талаб этилади. Демак, таржима А.Лилова таъбирича, адабий тил ҳосиласидир. Ёки, тилшунос Р.Р.Витеноу таъбири билан айтганда, вақт ўтиши билан таржима асари ҳам “ватан адабиёти” хазинасидан ўрин олиб, аслиятда яратилган илмий ва бадиий китоблар (жанр хусусиятидан қатъи назар – М.Х.) қаторида ўқувчига ўз “герменевтик” таъсирини ўтказиши мумкин.

Хулоса қилиб айтганда, таржима ва таржимашунослик илми ўтган XX асрда кенг тараққий этди, умумфилологик фан тарзида эътироф қилинди. Узоқ давом этган баҳс-мунозаралардан кейи­н таржима назариясининг лингвистик тамойиллари пешқадамликни қўлга олган бўлса-да, XXI аср бўсағасида назария бирмунча таназзулга юз тутиб, амалиётдан ортда қола бошлади. Бу фикрни бевосита ўзбек таржимашунослиги хусусида ҳам айтиш мумкин. Сабаби, сўнгги ўн-ўн беш йил ичида таржима назарияси муаммоларига бағишланган йирик илмий тадқиқотлар яратилмади ҳисоб. Ёш олимлар томонидан ҳимоя қилинаётган номзодлик диссертациялари жаҳон таржимашунослиги илми андозалари даражасида эмас. Бир сўз билан айтганда, мустақиллик йиллари “таржима амалиёти бир қадар жонланди-ю, таржиманинг назарий асослари, йўналишлари, истиқболларини ўрганиш, тадқиқ этиш бирмунча сусайди” (Х.Дўстмуҳам­мад)­. Қувонарли томони шундаки, олий ўқув юртларида таржима назарияси ва амалиётини ўқитиш бирмунча жонланди. И.Ғафуров, А.Абдуазизов, Қ.Мусаев, О.Мўминов, Н.Қамбаров, Ш.Сирожиддинов каби таниқли таржимон ва таржимашунос олимларимизнинг саъй-ҳаракати туфайли таржима назарияси ва амалиётига оид дарслик ҳамда ўқув қўлланмалари чоп этилди. “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, “Жаҳон адабиёти”, “Шарқ юлдузи”, “Звезда Востока”, “Ўзбек тили ва адабиёти”, “Тафаккур”, “Филология масалалари” журналларида таржима назарияси ва амалиётига оид мақолалар, баҳс-мунозаралар босилмоқда. Ваҳоланки, ўтган “XX аср – таржима асри” (П.Ф. Кайе) тарзида тарихда муҳрланган бўлса, XXI асрда таржима жаҳон халқлари ва цивилизацияси ўртасидаги “коммуникатив восита” (П.М. Топер) сифатида янада ҳам муҳим аҳамият касб этиши турган гап. Бу фикр ФИТнинг сўнгги йилларда Лондон, Москва, Мельбурн ва Шанхай симпозиумларида ҳам олимлар тарафидан такрор-такрор айтилиб ўтилди. Эндиликда, “ўзбек адабиёти аста-секинлик билан жаҳон адабиёти жараёнлари билан туташиб бораётган” (И.Ғафуров) экан, таржима амалиёти ва унинг назарий жиҳатларига ҳам жиддий эътибор қаратмоғимиз лозим бўлади.

Муҳаммаджон Холбеков,

филология фанлари доктори, профессор

“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 4-сон