Ўзбек халқининг буюк шоири ва мутафаккири Алишер Навоий ижоди жаҳон адабиёти намояндалари Ҳомер ва Данте, Фирдавсий ва Ҳофиз, Шекспир ва Руставели, Пушкин ва Толстой, Гёте ва Бальзак мероси каби мўътабардир. Шу боис ҳам ҳазрат Навоийнинг шоҳ асарлари фақат Шарқда машҳур бўлиб қолмасдан, балки Европа илм аҳлининг ҳам диққат-эътиборида бўлиб келди.
Дарҳақиқат, Алишер Навоий ўз ижоди билан туркигўй халқлар маданиятининг юксалишига катта ҳисса қўшган, туркий тилнинг назм ва насрда шуҳрат қозониб, халқ тилидан юксак адабий тил даражасига кўтарилишида фидойилик кўрсатган экан, у ўзининг “Фарҳод ва Ширин” достонида бундан фахрланиб ёзади:
Турк назмида чу мен тортиб алам,
Айладим ул мамлакатни як қалам…
Ҳазрат Алишер Навоий меросининг жаҳон цивилизацияси тарихида тутган ўрнини ҳаққоний баҳоламоқ учун эса, авваламбор, у яратган асарларнинг бошқа тилларга таржима қилиниши ва тарғиб этилиши тарихини пухта ўрганмоғимиз лозим бўлади. Дарвоқе, ўтган асрда таниқли олимлардан В.В.Бартольд, Я.Э.Бертельс, В.М.Жирмунский, А.К.Боровков, В.Зоҳидов, Ҳ.Сулаймонов, Ғ.Каримов, Н.Маллаев, А.Ҳайитметов тадқиқотларида Алишер Навоий меросининг жаҳоний шуҳрати ва Ғарб шарқшунослигида ўрганилиш тарихи хусусида айрим маълумотлар берилган бўлса-да, адиб асарларининг жаҳон тилларига қилинган таржималари ва талқинини кенг ёритувчи монографик тадқиқотлар яратилмади.
Тарихдан маълумки, XI–XIII асрлар давомида Ғарбий Европа насроний қироллари Рим папаси ҳомийлигида Шарқ мамлакатларига, ислом дунёсига тинимсиз салиб юришлари уюштирганлар. Бу юришлар натижа бермагач, XIII–XIV асрлардаги мўғул босқинидан фойдаланган европалик насроний сайёҳлар, монах ва миссионерлар Марказий Осиё бўйлаб то Пекинга қадар катта ҳудудда эмин-эркин юришиб, христиан динини тарғиб қилганлар ва буюк аждодларимиз қаламига мансуб нодир китоб ва қўлёзмаларни ўзлари билан олиб кетганлар. Ниҳоят, XIV асрнинг сўнгги чорагида жаҳон майдонига чиққан соҳибқирон Амир Темур шижоати ва зафарли юришлари туфайли Шарқ ва Ғарб ўртасида тотувлик ўрнатилди, насроний ва мусулмон дунёси ўзаро сулҳ тузди. Натижада, ислом цивилизацияси намояндалари Ибн Сино, Ибн Рушд, ал-Фарғоний, ал-Беруний, ал-Хоразмий ва антик дунё олимлари Платон, Гиппократ, Аристотель, Птолемей асарлари араб ва лотин тилларида ғарб оламига кириб борди. Европанинг Болонья, Сорбонна, Кембриж, Оксфорд, Лейден каби йирик университетларида юқоридаги олимлар асарлари асосий дарслик сифатида кенг ўрганила бошланди.
Мухтасар қилиб айтганда, қадим юнон ва Рим ҳамда ислом цивилизацияси таъсирида дастлаб XIV асрда Италияда, XV–XVII асрларда Испания, Франция, Англия ва Германия каби мамлакатларда Ренессанс (Уйғониш) даври юзага келди ва равнақ топди. Қолаверса, буюк Дантенинг “Илоҳий комедия”, Макиавеллининг “Ҳукмдор”, Боккаччонинг “Декамерон”, Рабленинг “Гаргантюа ва Пантагрюэл”, Сервантеснинг “Дон Кихот”, Марлонинг “Буюк Темур” каби шоҳ асарларида шарқона мавзу ва фалсафа эътироф этилгани фикримизга асосдир. Энг муҳими, бу даврда Франция ва Англияда шарқшунослик мактаблари ҳам иш бошлади.
Францияда қирол Людовик XIV (Қуёш қирол – М.Х. ) ва унинг бош вазири Колбер замонида илм-фан, адабиёт ва санъат жуда тараққий этади. Шахсан бош вазир Колбер ташаббуси билан Византия, Константинопол, Толедо, Севилия шаҳарларидаги бой кутубхоналар сотиб олиниб, Парижга келтирилади. Дастлаб Қироллик кутубхонаси, кейинчалик Миллий кутубхона номини олган улкан маърифат масканида XVII асрнинг ўрталарида йирик шарқшунослик мактаби барпо этилади. Шу мактабнинг биринчи қалдирғочлари Бартоломе д’Ербело де Моленвиль (1625–1695) ва Франсуа де Бернье (1620–1688) бош вазир Колбер томонидан икки тарафга, биринчиси то Византияга қадар, иккинчиси то Ҳиндистонга қадар бўлган Шарқ мамлакатларига сафарбар этилади. Бу сафар таассуротлари натижаси ўлароқ, Бартоломе д’Ербелонинг “Шарқ кутубхонаси” ва Берньенинг “Буюк мўғуллар сўнгги давлат тўнтарилиши тарихи” китоблари юзага келди.
Шарқ халқлари ҳаёти, тарихи ва маданияти кенг ёритилган “Шарқ кутубхонаси” қомусий китоби тез орада нафақат Францияда, балки бутун Европада шуҳрат қозонди. Мазкур қомусда Марказий Осиё халқлари, соҳибқирон Амир Темур ва унинг буюк империяси, Улуғбек ва Абулқосим Бобур давлати ҳақидаги мақолалар билан бир қаторда Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, ал-Хоразмий, Ибн Рушд каби буюк алломалар ҳаёти ва илмий фаолиятига бағишланган саҳифалар ўқувчини ўзига жалб этади. Асарда, шунингдек, ўзбек мумтоз адабиётининг йирик сиймолари Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти ва ижоди хусусида ҳам илк маълумотлар бериб ўтилган эди. Масалан, китобнинг 99-саҳифасидаги “Алишер” мақоласида ҳазрат Навоий қуйидагича таърифланади: “Алишер ёки Мир Алишер Навоий деб аташади. Бу ном “Али” ва “Шер” сўзларидан таркиб топгандир… Алишер Хуросонда вазир бўлиб, жуда катта обрў-эътибор қозонган. У йирик олим ва ширинсухан шахс бўлган. Ҳирот шаҳрида ўзининг бой кутубхонасини яратган ва унга шогирди тарихчи Хондамирни мутасадди этиб тайинлаган”.
Ёки қомуснинг 661-саҳифасидаги “Навоий” сўзи остида берилган мақолада ушбу жумлаларни ўқиймиз: “Навоий, бу Низомиддин Мир Алишернинг тахаллуси бўлиб, Амир Темур авлодидан бўлган шаҳзода Мирзо Султон Ҳусайннинг вазири эди. Навоий ҳам туркийда, ҳам форсийда ажойиб шеърлар ёзган. Унинг “Фарҳод ва Ширин”, “Лайли ва Мажнун”, “Садди Искандарий” ва “Сабъаи сайёр” достонлари бор. Бундан ташқари, у тўртта девон ёзиб қолдирган. Улар “Ғаройиб ус-сиғар”, “Наводир уш-шабоб”, “Бадоеъ ул-васат”, “Фавойид ул-кибар” деб номланиб, болаларга, ўсмирларга, ўрта ёшдаги кишиларга ва кексаларга аталгандир. Навоий 906 ёки 912 ҳижрий йилида вафот этган”.
Тўғри, мақолада Бартоломе д’Ербело “Хамса”нинг биринчи достони “Ҳайрат ул-аброр” ҳамда “Хазойин ул-маоний” девонининг номларини тушириб қолдирган. Шунингдек, шоир вафотини кўрсатувчи иккинчи сана ҳам нотўғри келтирилган. Юқоридаги камчиликларни ҳисобга олмаганда, мазкур мақолалар Алишер Навоий ижоди билан француз жамоатчилигини XVII асрда таништирган илк манба сифатида қимматлидир.
XVIII асрга келиб Ғарбий Европа, жумладан Францияда филоориентализм (Шарқни севиш ва ўрганиш – М.Х.) анъанаси фан ва маданиятни феодализм тажовузи ва диний жаҳолатдан ҳимоя қилишда муҳим роль ўйнади. Француз маърифатпарвар адиблари Монтескьё “Форс номалари”, Вольтер “Фалсафий қиссалари” , Дидро “Бевафо жавоҳирлар” каби асарларида шарқона сюжетларни асосий мавзу қилиб оладилар. Шарқона сюжетларни ўз қиссалари мазмунига сингдириш анъанаси, айниқса, Вольтернинг фалсафий қиссаларида яққол кўзга ташланади. Шарқ фольклори, мифологияси ва адабиётини яхши билган ёзувчи “Задиг ёки тақдир” қиссасидаги “Ит ва от” боби мазмунини табризлик Христофор Арманийнинг Ғарбда машҳур бўлган “Сарандип подшоси уч ўғлининг саргузаштлари” (1557) асаридан олгани ўша даврда илмий жамоатчиликка маълум бўлган. Қисса нашр қилингандан сўнг, ҳатто Вольтернинг замондоши, танқидчи Фрерон адибни кўчирмачиликда айблаган ҳам эди. Шарқшунос Е.Э.Бертельснинг ёзишича, Христофор Арманий ҳам ўз китобига бу сюжетни Алишер Навоийнинг “Хамса”сига кирувчи “Сабъаи сайёр” достонидаги ҳикоятдан эркин таржима қилиб олган экан[1].
XVIII аср давомида тарихий манбаларни тўплаш ва Шарқ мамлакатларидан олиб келинган ноёб қўлёзмаларнинг ортиб бориши Францияда шарқшунослик илмининг кейинги ривожига катта замин ҳозирлади. Аср охирига келиб Париж Ғарб шарқшунослигининг марказларидан бирига айланади. 1795 йилда бу ерда “Шарқ жонли тиллари мактаби” очилади. 1821 йил “Осиё жамияти” ташкил топади. 1823 йилда эса шу жамиятнинг органи – “Осиё журнали” чоп этила бошлайди. Бу даврда С.де Саси, А.Ж.Клопрот, Э.Катремер, А.Ремюзо, Ф.А. Белен каби шарқшунос олимлар туркий адабиёт намуналарини ўрганиш ва таржима қилиш билан машғул бўлдилар. Айниқса, улар ҳазрат Навоий ва шоҳ Бобур ижодини ўрганишга алоҳида эътибор бердилар. Масалан, таниқли шарқшунос олим Силвестр де Саси (1758–1838) тадқиқотларида Алишер Навоий меросини ўрганишга кенг ўрин берилган. Рус олими М.Никитский ўз магистрлик диссертациясида қайд қилишича, С.де Саси Давлатшоҳ Самарқандий ва Сом Мирзо асарларидаги маълумотларга асосланиб туркий халқлар адабиётини яратаркан, Навоий асарларидан ҳам кенг фойдаланган. Айни пайтда ҳазратнинг туркий адабиёт ривожига қўшган ҳиссасини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтган[2].
Алишер Навоий ижодини Францияда тарғиб қилиш ва ўрганишга Француз коллежи профессори Этйен Катремер (1782–1857) катта ҳисса қўшди. Э.Катремер 1841 йил “Шарқий турк адабиёти хрестоматияси” номли китобини нашр эттиради. Мазкур хрестоматиянинг жилдида қуйидаги ёзувларни ўқиймиз: “Шарқий турк адабиёти хрестоматияси. Амир Алишер Навоий асарлари, султон Бобур эсдаликларидан парчалар, “Меърожнома”, “Тазкират ул-авлиё” ва “Бахтиёрнома” китобларидан олинган бобларни ўз ичига олади. Ундаги Алишер Навоий ҳаётига доир мақола, шунингдек, китобдаги грамматик, фалсафий ва бошқа изоҳлар Э.Катремер тарафидан ёзилган”.
XIX асрнинг ўрталарига келиб Алишер Навоий ижодини кенг қамровда ўрганиш, таржима ва таҳлил этиш француз шарқшунослигида янгича услубга эга бўлди. Бу йилларда француз шарқшуноси Франсуа-Альфонс Белен (1817–1877) ҳазрат Навоий ижодини чуқур ўрганиб, йирик тадқиқотлар яратди. Белен ёшлигида Француз коллежи ва Шарқ жонли тиллар мактабида С.де Саси, Ж.-Ж.Марсел, Э.Катремер каби олимлардан сабоқ олиб, форс, араб ва туркий тилларини ўрганади.
Франсуа Белен ўзининг Мисрга қилган саёҳати пайтида Навоий “Куллиёт”ини қўлга киритади. Мазкур “Куллиёт” 1649 йилда Машҳадда кўчирилган бўлиб, Беленнинг таъкидлашича, у Париждаги Миллий кутубхонада сақланаётган ва 1526 йил Ҳиротда кўчирилган нусхадек мукаммал бўлмаган. Белен Навоийнинг бу икки “Куллиёт”и, Хондамир, Шарафиддин Али Яздий, Давлатшоҳ Самарқандий ва Сом Мирзоларнинг Париждаги Миллий кутубхонада сақланаётган асарлари, шунингдек, С.де Саси, Э.Катремер, Ш.Шефер, Б.де Мейнар каби француз шарқшуносларининг Шарқ халқлари тарихи, маданияти ва адабиётига бағишланган илмий тадқиқотларига таяниб, адиб ижодини ўрганиш ва тадқиқ қилишга киришади.
1861 йил “Осиё журнали”нинг февраль–март ва апрель–май сонларида Беленнинг “Мир Алишер Навоийнинг ҳаёти ва ижодидан лавҳалар” номли биринчи тадқиқоти босилиб чиқади. Мазкур тадқиқот икки қисмдан иборат бўлиб, биринчи қисмида Навоийнинг ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида атрофлича фикр юритилган. Иккинчи қисмида эса, мунаққид Навоий “Куллиёт”идаги “Мажолис ун-нафоис” ва “Хамсат ул-мутахаййирин” асарларидан парчалар келтириб, уларни француз тилига таржима қилади ва изоҳлар ёзади. Масалан, журналнинг 300–357- саҳифаларидан ўрин олган “Хамсат ул-мутахаййирин”нинг французча таржимасига 150 дан ортиқ изоҳ берилган. Муаллифнинг таъкидлашича, у таржимани асарнинг Миллий кутубхонада сақланаётган қўлёзмасидан француз тилига ўгирган. Французча таржима матни кўпроқ илмий услубда баён этилади. Таржимон асардаги образли иборалар, мақол, матал ва ҳикматларни аслият мазмунига монанд ўгиришга ҳаракат қилган.
Масалан:
Эркакларнинг ўзини кўз-кўз қилиш учун ясаниши –
Хотинларнинг оройиш учун безанишлари кабидир.
Французча таржимаси:
Savoir et sagesse sont la parure des homme;
Celle des femmes se trouve dans la grace de leur toilette.
1868 йил “Осиё журнали”нинг XVII–XVIII жилдида Беленнинг “Шарқ донолари” туркумида ёзилган “Мир Алишер Навоийнинг фазилатлари, эстетик ва фалсафий қарашлари” номли иккинчи тадқиқоти эълон қилинади. Тадқиқотнинг дастлабки саккиз саҳифаси “Маҳбуб ул-қулуб” асарининг таҳлилига бағишланган. Қолган эллик саҳифа мазкур китобнинг французча таржимаси ва унга ёзилган изоҳлардан иборат. Белен асарни тўлиқ таржима қилмаган, балки ўзига маъқул бобларнигина француз тилига ўгирган. Масалан, асарнинг биринчи қисмидаги кишиларнинг феъл-атвори ва гап-сўзларининг аҳамияти ҳақидаги фаслларни санаб ўтаркан, мутаржим улардан фақат “Қозилар тўғрисида”ги бобни таржима қилади. Асарнинг иккинчи ва учинчи қисмларидан ҳам шу қабилда танлаб таржима этган. Мазкур таржималарнинг асосий фазилати уларга ёзилган 90 дан ортиқ изоҳда кўринади. Бу ерда ҳам таржима матни илмий услубга яқиндир.
Ф.-А.Белен “Маҳбуб ул-қулуб” асари устида олиб борган тадқиқотини яна давом эттиради ва 1872 йил турк олими Аҳмад Воқиф афанди билан ҳамкорликда “Маҳбуб ул-қулуб” матнини нашр қилдиради. Мазкур нашр ҳақида “Осиё” журналининг 1874 йилда нашр этилган учинчи жилдида профессор Паве де Куртейлнинг ижобий тақризи босилиб чиқади.
Хуллас, француз олими ўзининг юқоридаги тадқиқотларида Алишер Навоийнинг ўз замонасида тутган мавқеини, унинг шоирлик маҳоратини тўғри баҳолаб, “Навоий туркий тилдан устомонлик билан фойдаланиб, унинг бойлигини фавқулодда кенг кўламда намойиш этди ва чинакамига ватанпарварлик намунасини кўрсатди”, дея ёзади. Шунга қарамай, олим Навоий ижодини, унинг шоҳ асари “Хамса”ни реал баҳолай олмади. Профессор Е.Э.Бертельс таъкидлаганидек, “икки нотўғри фикр Белен томонидан енгил-елпи баён қилинган эди: биринчиси, султон Ҳусайн ва Навоий ўртасидаги дўстликнинг ҳаддан ортиқ идеаллаштириб кўрсатилиши, иккинчиси шоир ижодининг бутунлигича тақлидчилик тариқасида баҳоланишидир”[3].
Дарвоқе, Беленнинг ёзишича, Навоий ўз даврининг етук олими ва Хусрав Деҳлавий, Низомий ҳамда Жомийларнинг таржимони эди. Уларга тақлид қилишдан, уларни бадиий ижодда раҳнамо деб билишдан фахрланарди. Белен тарафидан айтилган бу хато фикр таниқли шарқшунос, профессор А.К.Боровков томонидан ҳам танқид қилинди[4]. Бу камчиликлардан қатъи назар, Белен тадқиқотлари Европа шарқшунослик илмида то XX асрнинг ўрталарига қадар етакчи ўринни эгаллаб келди.
Ҳазрат Навоий меросини ўрганиш ХХ асрда ҳам француз шарқшуносларининг диққат-эътиборида бўлди. Масалан, 1900 йилда нашр этилган Ш.Шефернинг “Араб, форс ва туркий тиллардаги қўлёзмалар мажмуаси каталоги”да Алишер Навоий қаламига мансуб асарларнинг 16 та қўлёзма нусхаси келтириб ўтилган бўлса[5], Э.Блошенинг “Миллий кутубхонада сақланаётган туркий қўлёзмалар каталоги”да эса адиб асарларининг 35 та қўлёзма нусхаси тавсиф этилади. Бироқ Э.Блоше ҳам Навоий ижодини баҳолашда Белен фикрига таяниб, адибни форс-тожик адабиётининг тақлидчиси, деган тўхтамга келади. Бу даврда ҳазрат Навоий ҳаёти ва ижодини ўрганиш билан шарқшунос Люсен Бува (1872–1942) ҳам жиддий шуғулланди. У 1902 йил Парижда бўлиб ўтган шарқшунослар анжуманида Навоийнинг “Муҳокамат ул-луғатайн” асарининг янги топилган қўлёзмаси хусусида маъруза қилади. 1926 йил “Осиё журнали”да унинг “Темурийлар даври маданияти ҳақида рисола” номли тадқиқоти босилиб чиқади. Ушбу тадқиқотда темурийлар даври фани, маданияти, санъати ва адабиётига тўхталиниб, бу даврда яшаб ижод қилган форс-тожик ва туркийгўй шоирлар ижодини ёритишга ҳам ҳаракат қилинган. Масалан, ҳазрат Навоий Бува таърифида ҳам олий унвонлару мансабга интилмаган камтарин ҳамда ватанпарвар шахс қиёфасида талқин этилади. Шунингдек, шоир ўз устозлари Хусрав Деҳлавий, Низомий Ганжавий ва Абдураҳмон Жомийлар салоҳиятини ҳурмат қилгани, ўзининг “Мажолис ун-нафоис” асарида улар ижодига юксак баҳо бериб ўтганлиги француз шарқшуносининг назаридан четда қолмаган. Афсус, Бува ҳам ҳазрат Навоий ижодига, асарларининг ғоявий-бадиий қимматига тўғри баҳо беролмади. У Навоийнинг “Маҳбуб ул-қулуб” асарини Носир Хусравнинг “Саодатнома”си, “Лисон ут-тайр”ни Фаридиддин Атторнинг “Мантиқ ут-тайр”и тақлиди ва таржимаси, “Ҳайрат ул-аброр”ни эса турли форсий манбалардан олинган мажмуадир, дея исботлашга уринди. Люсен Бува ушбу рисоласини ҳеч ўзгаришсиз 1927 йил нашр эттирган “Мўғул империяси” номли монографиясига ҳам киритади. Академик В.В.Бартольд бу китобга ёзган тақризида, Буванинг Темур ва темурийлар сулоласи тарихини ёритишда илмий ёндашмаганини, фақат Мирхонд, Хондамир, Давлатшоҳ Самарқандий, Навоий ва Бобур асарларигагина таяниб қолганини, оқибатда Султон Ҳусайн ҳукмронлиги ҳақида ҳам, Мир Алишер Навоий мероси хусусида ҳам тўлақонли тасаввур бера олмаганини танқид қилиб ўтади[6].
Француз адабиётшунослигида Алишер Навоий ижодига ҳаққоний баҳони машҳур адиб Луи Арагон (1897–1982) бериб ўтди. У ўзининг 1955 йил нашр қилинган монографиясида собиқ Иттифоқ халқлари адабиёти хусусида фикр юритаркан, ҳар бир ёзувчи фаолиятини ўз халқи тарихи ва маданияти билан бевосита боғлаб талқин қилишга уринади. Таниқли француз адабиётшуноси Жан Фревиль сўзи билан айтганда, Арагон “бу китоби билан французларга ҳали маълум бўлмаган бир қатор миллат ва элатлар маданиятига эшик очиб берган эди”. Масалан, китобнинг 95–97-бетларидан ўрин олган “Навоий” номли боб қуйидаги сатрлар билан бошланади: “Ўзбекистон ҳақида сўз юритганда, бу ўлканинг Алишер Навоий ватани экани беихтиёр ёдимизга тушади. Бугун бу республика пахта макони, пойтахти Тошкент боғ-роғларга бурканган шаҳардир”[7].
Луи Арагон Навоий яшаган даврда Марказий Осиё ҳудудида ҳали темурийлар сулоласи ҳукмронлик қилгани, Самарқанд ва Ҳирот каби шаҳарларда илму фан тараққий этиб, шоир улардан баҳраманд бўлганини таъкидлаб ўтади. Арагон ҳазрат Навоий ҳаёти ва ижоди ҳақида аниқ маълумотларни келтираркан, рисоласини ёзишда профессор Е.Э.Бертельс, М.Ойбек ва Ғафур Ғуломнинг шоир ҳақидаги мақолаларидан фойдаланганини ҳам қайд этиб ўтган. “Навоий, – ёзади Л.Арагон, – Саъдий ва Аттор шеърияти, айниқса, ХII асрда яшаб ижод қилган озарбайжон шоири Низомий Ганжавий изидан бориб, унинг “Хамса”си анъаналарини давом эттиради. Айнан шу ҳодиса француз ўрта аср адабиёти (Kpumйен де Труа)дан то Ренессанс даври (Пйер Ронсар)гача бўлган адиблар ижодида ҳам кечган эди”. Арагон китобида Навоий ижоди ҳақидаги фикрини давом эттираркан, яна ёзади: “Навоий ўзининг “Фарҳод ва Ширин” достонидаги мазмунни Низомийнинг “Хусрав ва Ширин” достони сюжетидан олади. Бироқ адиб уни ўз она тилида, яъни туркийда битади. Туркий тилнинг нозик хислатларини унда намоён этади”. Рисола давомида муаллиф Навоийнинг соф туркий тилда оригинал асарлар яратганини яна бир карра тасдиқлаш ва ўз ўқувчисига етказиш мақсадида “Фарҳод ва Ширин” достонидаги ушбу сатрлар билан бошланувчи шеърий парчани французча таржимада келтириб ҳам ўтади.
Деёлмасманки Хусрав ёки Низомий,
Ва ё назм аҳлининг сархайли Жомий…
Французча таржимаси:
Moi je ne şuis ni Khosrov,ni Nizami le sâge,
Ni le cheikn des poetes d’aujour d’hui, Djami…
Луи Арагон Навоий ҳазратларининг давлат арбоби, маданият ҳомийси сифатидаги муҳим тарихий хизматларини ҳам алоҳида таъкидлаган. Масалан, унинг вазирлик лавозимида эл-юрт фаровонлиги, халқ осойишталиги йўлидаги фаолиятига қуйидагича таъриф беради: “Навоий вазир лавозимида халқпарвар, фуқаронинг истаги ва талабини қондиришга интилган шахс эди. У замонасининг прогрессив кишиси бўлган ва илмни, шеъриятни, санъатни жуда қадрлаган. Шу хислатлари билан, у Ренессанс зиёлиларига жуда яқин турган эди”. Арагоннинг бу фикрини академик В.М.Жирмунский ҳам тасдиқлайди, унинг фикрича, айниқса, “Фарҳод ва Ширин” достони шоир дунёқарашининг асосий интилишлари бўйича Ренессансга яқинлигини тўлароқ акс эттиради. Унда Навоий Ренессанс давридаги одамнинг гуманистик идеалларини гавдалантирган эди[8].
Француз адиби Луи Арагон таъкидлаганидек, ҳазрат Навоий адабий мероси асрлар оша халқлар қалбида яшаб келди ва яшамоқда. “Бугунги кунда, – деб ёзади адиб рисоласи давомида, – Чирчиқдан тортиб то Самарқанд ва Бухорогача, Хоразм ва Аму бўйларида, пахтазору боғ-роғларга бурканган Фарғона водийсида ҳам Алишер Навоий номи ҳурмат ила тилга олинади. Навоий Пушкин ва Шевченко, Низомий ва Руставели каби буюк классиклар қаторида туради, унинг асарлари “Калевала” ва “Игорь жангномаси” достонларидек севиб ўқилади. Замонамизнинг машҳур шоирлари, чилилик Неруда, прагалик Незвал, испаниялик Альберти, кубалик Гильен, филадельфиялик Лоуэнфеллс ва турк Нозим Ҳикмат бугун Навоий ижодига таъзим қиладилар”.
Луи Арагон кейинчалик ҳам ўз ижодида Шарқ халқлари адабиётига, жумладан, Низомий, Деҳлавий, Ҳофиз, Жомий ва Навоий ижодига ҳурмат билан қаради, айниқса, шеърларида улар асарларидаги шарқона анъаналардан фойдаланишга ҳаракат қилди. Масалан, шоирнинг “Мажнун Эльза” (“Le Fou d’Elsa. Poemes”. –Pariş, 1963) мажмуасига кирган шеърларида шарқона поэтик тасвирнинг французча матн мазмунига нақадар уйғунлашиб кетганини кузатамиз. Арагон ушбу китобидаги лирик қаҳрамон Эльзани (рафиқаси шоира Эльза Триоле; 1896–1970) Шарқда кўп куйланган “Лайли ва Мажнун” достонларидаги Лайлига ўхшатаркан, уни ўз ишқига муносиб соҳибжамол париваш қиёфасида тасвирлашга ҳаракат қилади.
Ҳазрат Навоий мероси билан фарангизабон ўқувчиларни яқиндан таништиришда ХХ аср француз қомусларининг ҳам ўрни бор. Масалан, 1960–1964 йилларда чоп қилинган ўн жилдли “Катта Ларусс қомуси”нинг еттинчи китобидаги “Навоий” (Мир-Али-Шер) мақоласида ушбу жумлаларни ўқиймиз: “Навоий, турк ва форс шоиридир. У 1441 йилда Ҳиротда туғилган ва 1501 йилда ўша ерда вафот этган. Билим олиб, камолотга етгандан сўнг, 1468 йил Ҳирот (ўша даврда илм-фан ва адабиёт маскани) султони вазири, сўнгра Астробод ҳокими лавозимларида хизмат қилган. 1488 йилда амалдорликни тарк этиб, қолган умрини бадиий ижодга бағишлади, туркий тилдаги адабиётнинг юксалишига раҳномалик қилди, халқ ободончилигини кўзлаб иншоотлар қурдирди ва эл-юртнинг ҳурмат-эътиборини қозонди”. Мазкур мақола қуйидагича якунланади: “У туркийда Навоий, форсийда Фоний тахаллуслари билан ижод қилди ва ўттизга яқин шеърий ҳамда насрий асарлар ёзиб қолдирди”. Бироқ қомусда берилган юқоридаги маълумотлар ўқувчига Навоий ижоди ҳақида тўлиқ тушунча беради, деб айтолмаймиз. Бунга сабаб, қомусдаги мақолада адиб меросининг асосини ташкил қилувчи “Хамса”га кирган достонлар ва “Хазойин ул-маоний” девони сингари йирик асарлар умуман тилга олинмаган.
Ўтган аср француз адабиётшунослигида яратилган нуфузли манбалардан бири ҳисобланган уч жилдли “Адабиёт қомуси”нинг иккинчи жилдидаги “Навоий (Али-Шер. 1540–1600)” мақоласи ҳам диққатга молик. Мақолада қуйидагиларни ўқиймиз: “Навоий чиғатой (туркий) тилида “Фарҳод ва Ширин”, “Лайли ва Мажнун” достонларини, туркийгўй шоирлар таржимаи ҳолини ёритувчи “Мажолис ун-нафоис” асарини ёзди. “Мезон ул-авзон” асарида туркий тилда шеър битишнинг қонун-қоидалари хусусида баҳс юритади. Машҳур “Муҳокамат ул-луғатайн”да эса туркий тилнинг бебаҳо бойлиги ва ширинзабонлигини исботлаб берди”. Ушбу маълумотлардан кўринадики, “Адабиёт қомуси”даги бу мақола “Катта Ларусс луғати”да берилган мақолага қараганда, Алишер Навоий мероси ҳақида бирмунча кенг тасаввур беради. Бироқ мақолада адиб таваллуди ва вафотини билдирувчи саналар нотўғри берилган, шунингдек, шоир қаламига мансуб “Хамса”даги “Ҳайрат ул-аброр”, “Сабъаи сайёр”, “Садди Искандарий” достонлари, “Хазойин ул-маоний” девони хусусида ҳеч нарса дейилмаган.
Яна бир эътиборли манба, бу таниқли француз олими Ремон Кено муҳаррирлигида 1956 йилда нашр қилинган икки жилдли “Плеяда қомуси” бўлиб, унинг биринчи жилдидаги таниқли адабиётшунос М.Тальбо қаламига мансуб “Туркий халқлар адабиёти” бобида Алишер Навоий ижодига анча кенг ўрин берилган. М.Тальбо мақолани ёзишда ватандошлари Ф.-А.Белен ва Л.Бува тадқиқотларидан фойдалангани сезилиб туради. Чунки у келтирган маълумотлар юқоридаги муаллифлар айтиб ўтган фикрларга жуда яқин.
Шоҳиди бўлганимиз, юқоридаги қомусларда Алишер Навоий ижодига доир мақолаларнинг берилиши адиб номини француз китобхонига танитса-да, бироқ улардаги маълумотларнинг ўта қисқалиги ва баъзан мавҳумлиги буюк мутафаккир мероси хусусида ўқувчида тўлиқ тасаввур уйғотишга ожизлик қилади.
Ўтган асрнинг сўнгги йилларида франциялик ижодкорларнинг ҳазрат Навоий меросига, умуман, ўзбек шеъриятига бўлган қизиқиши янада ортди. Шу ўринда Парижда чиқадиган эътиборли журналлардан бири “Action poètique” (“Шеърий ҳаракат”)нинг бу борадаги фаолиятини алоҳида таъкидлаб ўтмоқ жоиздир. 1989–1990 йиллар давомида ушбу журналнинг иккита сони ўзбек шеъриятига бағишланди. 1990 йил журналнинг “Ўзбек ғазали” (Action poétique: Ghazale ouzbeks. –Paris, 1990, n. 121) сарлавҳаси остида махсус сони босилиб чиқди. Ушбу мажмуада ўзбек мумтоз шеъриятининг ғазалнавис шоирлари Хожа Аҳмад Яссавий, Лутфий, Алишер Навоий, Ҳусайний, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Бобораҳим Машраб, Нодирабегим, Огаҳий, Увайсий, Фазлий ва Маҳзуна ижодидан намуналар берилганди. Ғазалларни француз тилига қилинган тагламадан талантли шоир Жан-Пер Балп юксак маҳорат билан ўгирган. Масалан, ҳазрат Навоийнинг “Қаро кўзим” ғазалининг биринчи байтини таржима билан солиштирганимизда ҳам шунга амин бўламиз.
Қаро кўзим, келу мардумлуғ эмди фан қилғил,
Кўзум қаросида мардум киби ватан қилғил.
Французча таржимаси:
Régard noir, pénètre moi, deviens prunelle et dans
Le noir de mes yeux, comme les hommes, installe-toi.
Француз шоири Жан-Пер Балп ҳазрат Навоий шеъриятидан ўгирган таржималари мундарижасини яна кенгайтириб, шоир таваллудининг 550 йиллик юбилейига катта совға тайёрлади. Париждаги нуфузли нашриётлардан саналган “Ла Диферанс” китоб уйи 1991 йил Навоий шеърияти мажмуасини “Ғазаллар ва бошқа поэмалар” номи остида чоп этди. Энг муҳими, тўплам матни икки тилда, яъни аслият (араб имлосида) ва французча таржима ёнма-ён берилган.
Истиқлолимизнинг дастлабки йилларидан ҳозирги кунларигача Ўзбекистоннинг Франция билан барча жабҳалардаги ҳамкорлиги адабиёт ва санъат соҳасида ҳам янги поғоналарга кўтарилди. Франциялик олимлар ва ноширлар йирик қомусларда Алишер Навоий мероси талқинига кенг ўрин бермоқдалар. Шу ўринда франциялик таниқли тилшунос олим, бир неча йил Тошкентдаги Марказий Осиёни ўрганиш француз институтининг директори вазифасида фаолият юритган доктор Реми Дор жанобларининг хизматини алоҳида таъкидлаб ўтмоқ лозим. Доктор Реми Дор нафақат Францияда, балки Ғарб ва Шарқ мамлакатларида ҳам Луи Базен, Жан-Поль Ру, Бакье-Граммон қаторида танилган, туркий тиллар бўйича йирик тадқиқотлар яратган олимдир. Унинг Ватанимизда яшаб, ўзбек тили ва маданияти тарихига бағишланган қатор тадқиқотлар яратгани мақтовга лойиқ. Бевосита олим раҳбарлигида “Французча-ўзбекча” ва “Ўзбекча-французча” луғатлар нашр қилинди. У ҳазрат Навоий меросини, жумладан, шоирнинг “Муфрадот” рисоласини чуқур таҳлил ва таржима қилиб, муаммо жанрининг ечимига бағишланган “Алишер Навоий муаммолари” номли тадқиқотини нашр эттирди. Олимнинг бу монографияси француз шарқшунослик илмининг навбатдаги ютуқларидан биридир[9].
Шундай қилиб, француз шарқшунослиги ва адабиётшунослиги ҳазрат Навоий меросини ўрганиш соҳасида ўз тарихий ва илмий анъаналарига эга бўлган йирик мактаб ҳисобланади, десак хато бўлмайди. Бу мактаб тарихи ва яратган тадқиқотларини атрофлича ўрганиб, тадқиқ қилмоқ йирик монографик мавзуни талаб этади.
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2016 йил, 2-сон
––––––––––––––––
[1] Бертельс Е.Э. Навои. Опыт творческой биографии. –М.-Л., 1948. С. 79.
[2] Бу ҳақда қаранг: Никитский М. Эмир Низамиддин Алишер в государственном и литературном его значении. СПб, 1856. С. 3.
[3] Бертельс Е.Э. Навои. Опыт творческой биографии. –М., 1948. С. 48.
[4] Қаранг: Боровков А.К. Изучение жизни и творчества Алишера Навои. / Родоначальник узбекской литературы. –Ташкент, 1940. С. 19–20.
[5] Қаранг: Холбеков М. Парижнинг Миллий кутубхонасида сақланаётган Шарқ қўлёзмалари каталоги. // Ўзбек тили ва адабиёти, 1985. 5-сон.
[6] Қаранг: Бартольд В.В. Сочинение. Том 9. Изд. «Восточный литературы» 1965. С. 557–560.
[7] Қаранг: Арагон Л. Навоий. М.Холбеков тарж. // Шарқ юлдузи, 1987. 4-сон.
[8] Қаранг: Жирмунский В.М. Сравнительное литературоведение. Запад и Восток. –Л.: Наука, 1979. С. 179.
[9] Қаранг.: Lenigme du Nom Propres. Muammo: Logogriphes de Mir Alisher Navoiy traduit par Rémy Dor. IFEAC, 2006. 150 p.