Мўмин Ҳошимхонов. Машраб ғазалиётида тасаввуфий ғоялар

Машраб ғазалларида бу оташин шоир ўзидан олдин яшаган мутасаввиф ижодкорларнинг асарларини ўрганиб, уларнинг таълимот ва тасаввуфий қарашларини ривожлантирганини кўрамиз. У “Ал-фақру-фахр” – фақирлик фахримдир” ғояси моҳиятидаги мазмунни идрок ва мушоҳада этгани ҳолда тасаввуфнинг қаландария тариқати асосида эл-юртга маърифат тарқатди. Дунёни кезди, фақиру гадоларга “дили ситамдан яро бўлган халқ” – мазлумлар жароҳатига малҳам қўйди. Подшоларнинг туҳфа-ю инъомларини халққа берди, қаландарлик орқали эл-юрт дардидан огоҳ бўлди, ҳукмдору бекларга адлу инсоф, адолату шафқат тилаб халқ ҳолидан хабар олишга чақирди, дардлилар ҳолидан хабар олишни бурчи деб билди. “Маърифатдан бехабарсан, мижмаримни кавлама”, дейди у маърифатсизларга. Унинг тасаввуфий ғоялари ундан кейин ижод этган қалам аҳлига, шоиру олим, адибу санъаткор руҳониятини ёруғ, равшан этиб келаётганлиги мутафаккир шоир шеъриятининг боқийлигидан далолатдир.

Машраб Хожа Аҳмад Яссавий томонидан майдонга ташланган халқчил ғояларни қабул этар экан, зулмга қарши чеккан ўтли оҳим билан истибдод аҳли ва уларнинг афсоналарини куйдириб ташлашга қодирман деб, мус­табидларга нисбатан нафратини журъат билан ифодалади:

Нолаю оҳим билан дўзахни куйдурсам керак,
Ҳам беҳишту жаннатул маъвони куйдурсам керак.

Хўжа, охунду акобир муллою шоҳу гадо,
Бегу хону, жоҳилу донони куйдирсам керак.

Машраб ижоди мутлақ сўфиёна ғояларни ташвиқ қилиш анъанасидан илғор ва демократик адабий ҳаракатчилик поэзиясига яқинлашиш ва ўтишда муҳим  кўприк ролини ўйнади, деб айтиш мумкин. Зотан, шоирнинг “Сўфи Машраб”, “Эшони Машраб”, “Шайхи Машраб” эмас, балки, “Девона Машраб”, “Қаландар Машраб” сифатида машҳур бўлиб, катта шуҳрат ва обрў қозонганлиги юқорида келтирилган фикрларнинг қалб тўридан отилиб чиққанини қувватлайди.

Бу жиҳатдан қараганда Машраб шеърияти чин ва муайян фуқаролик руҳи ва характери касб этиб, шоир ижодида замона учун муҳим бўлган ижтимоий ахлоқий муаммоларни майдонга ташлашга интилиш майллари очиқ-равшан сезила бошлайди.

Машраб бир мухаммасида дейди:

Шариат шарбатин ичган, тариқат ҳалқасин тутган,
Балолар шоҳини суйган, адолат кўзини ўйган,
Залолат кўйида юрган, ки давлат шавқини сурган,
Жаҳон майдонида турган, тазаллум йўлига кирган,
Забункаш хайлини чўблаб (кетиға) тепганим беҳроқ.

Бу мисраларда шоир ҳажвларига хос бўлган характерли белгилар яққол бўртиб туради, бу ва шунга ўхшаш ўтли ҳажвий мисралар рус мунаққиди В.Г.Белинский тили билан айтганда: “… камчиликларни, кишиларнинг заиф томонларини, қабоҳатларни масхаралаш бўлмай, балки аччиқланган ҳиснинг ҳаммаси, энергияси, олижаноб ғазабнинг момақалдироғи ва чақмоғи” бўлиб жаранглайди.

Адабиётшунос Ҳ.Болтабоев Фитратнинг “Машраб” илмий-тадқиқий мақоласига чуқур муносабат билдириб, уни таҳлил этган, айни ҳолда “Икки Машраб” ихтирочиларининг фикри асоссиз эканлигини исбот этиб ёзади: Фитрат 1930 йилдаёқ бу хавфни сезган бўлса керакки, “Икки Машрабчилик” ғояси кенг ёйилишига йўл қўймаслик учун дастлаб, манқаба қаҳрамони билан бизга яхши таниш бўлган шоирнинг бир шахс эканини исбот этган, сўнгра эса, “Мабдаи нур”нинг муаллифи масаласига аниқлик киритиб, унинг Бобораҳим Машраб асари эканини исботлаб берган. Бу билан ҳам қониқиш ҳисси туймаган олим Машрабга нисбатан динсиз, даҳрий, материалист каби баҳо беришлар ўринсиз бир ҳаракат эканига ўз ўқувчиларини ишонтирган эди: “Машраб мутасаввифдир ва мутасаввиф бўлғани учун материалист ва динсиз бўла олмайдир. Унинг шеърларининг ҳар қатида муни кўриб бориш мумкин. Манқабадаги баъзи ҳикоя ва шеърларға алданиб, унга бошқа қиммат бериш ярамайдир. Бутун илоҳиёт фалсафасиға мансуб оқимларда бўлғани каби тасаввуф оқими ҳам ақл ва мантиқ даражасида ўз мақсадини изоҳ қилишдан ожиздир”.

Устоз Нажмиддин Комилов Машраб ботинидаги дардни таҳлил этиб шундай ёзади: “У маърифат аҳлининг кушандаси, солиҳ, ҳалол одамларни хор этган нотанти, кажрафтор фалакнинг “устига ўтлар қўйиб”, барбод этмоққа чоғланади. Шеърларини “дарднома”, ўз юрагини эса “жароҳатхона”, “ҳасратхона”, “мотамкада” деб атайди. У шариат, тариқат, маърифат йўлидан бориб, Ҳақ ва ҳақиқатга эришишни орзу этган, Яратганнинг нурли жамолини кўришга иштиёқманд, “муҳаббат ўтида куйган”:

Шариат шарбатин тотган, тариқат ҳалқасин тутган,
Ҳақиқат ёрини суйган, разолат кўзини ўйган,
Малоҳат куйида юрган, шарофат шавқини сурган,
Жаҳон майдонини кезган, муҳаббат ўтида куйган,
Суяр қуллар изини кўзларимга сурганим беҳроқ.

Адабиётшунос Иброҳим Ғафуров Машрабни “фақирлар шоҳи” деб атаган: “Баъзилар Машрабни авлиё деб биладилар, бошқа бировлар Бобораҳим Машраб – улуғ шоир, деб айтадилар. Кимларгадир Машраб – сўфий, дунёни саргашта кезган, қўнимсиз, тинимсиз қаландар. Оддий қаландар эмас, қаландарлар шоҳи. Барча фақирларнинг шоҳи, яъни шоҳ Машраб. Тириклик чоғида ва ундан сўнг бир қанча замон Машраб оддий халойиқ орасида “девона Машраб” деган ном билан шуҳрат қозонган. Унга Машрабнинг ўзи асос берган. У онгли суратда девоналик йўлини танлаган. Бир қанча ғазалларида ўзини девона деб атайди. Девона эканлигини тўхтовсиз таъкидлаб боради… Машраб замонасида – ўн еттинчи асрда девона деганда дунёни – моддий дунёни тан олмаган, мол-давлат йиғмаган ва ҳатто бола-чақа орттирмаган дарвишваш, қаландарваш кишиларни девона дер эдилар. Девоналик асли бу ўзини ва дунёни бениҳоя теран англаш ва билиш бўлса керак. Шу асосда девоналик ўзликдан ва дунё меҳридан кечиш, яъни ўзини бутунлай унутиш бўлса керак. “Соқийи азалдан майи антаҳур ичибман, Бас онинг учундир манга бу нашъаи даврон”, дейди Машраб.

Машраб шу хусусда айтади:

Май ичиб азалдин, маст кетти оқибат,
Жонни бермасдин бурун, жононға етған бормукин?

Сайдо ал-Жазарий ёзади: “Авлиёуллоҳлар гуноҳдан маъсум эмас, бироқ маҳфуздирлар, яъни ҳимоялангандир. Аллоҳ таоло инсонларни фарқли фитратларда яратган. Баъзи мўминлар борки, қалбда зикр қилишдан қалблари таскин топади. Баъзилар жаҳрий зикрни; жамоат ичида овоз чиқарган ҳолда зикр қилишни ёқтиради. Аллоҳ инсонларни ана шундай яратган, демак, иккисига ҳам эҳтиёж бор”.

Машраб зулм ва зулмкорларга бефарқ яшай олмасди. Бундай кишилар ҳар қандай вазиятда ҳам золимлар олдида тиз чўкмайдилар. Балх ҳокими Маҳмуд Машрабдан уламолар қошида бир мартагина узр сўрашни сўраганда, у “тупирган тупигимни қайтиб олмасман”, деб жавоб берган.

Оҳи сардинг бўлса, Машраб, оҳ уруб Маҳшарни буз,
Моҳийи баҳри ҳақиқатга ўшал дарё керак.

У ҳар қачон кўз ўнгида Мансур қисматини жонлантиради. Ўзини жуда эрта Мансур қисматини такрорлашга, Мансур ичган азоб шаробини ичишга чоғлайди: “Неча Мансур ўлди иршодманд муҳаббат йўлида, Менга дори қурулғонда етар бу қисматим…” Машраб умри сўнгида эришган дорни умрининг ибтидосиданоқ орзу қилган, ўзи учун Мансур Ҳаллож йўлини йўл деб танлаган эди. Мансур унинг назарида ўзининг буюк ҳаёти ва руҳи билан Худонинг васлига етишган зот эди. Сўзи, нияти, иши бениҳоя тоза сиймо эди Машраб. У: “Суратим гарчи башар келди, малакдур сийратим” деганда, бу чиройли сўзларгина эмас, бу унинг шоир, инсон ва улуғ мутафаккирнинг чин маънодаги борлиғи эди.

Машраб амалдорларнинг инсоф-диёнатли, улуспарвар бўлишини орзу қилар эди.

Шуҳрат айлабким, алардек худнамоларни кўрунг,
Зоҳири суратпараст, ноошноларни кўрунг.

Йўлни билмас олийларни кўзига ориф бўлиб,
Ўзи манзилга етолмай, нобиноларни кўрунг.

Барчага айлар насиҳат, ўзини доно этиб,
Йўлда қолғон бекасу бераҳнамоларни кўрунг…

Лоф урарлар орифи якдилман деб халқ аро,
Халқни гумроҳ қилиб, юзи қароларни кўрунг.

Машрабнинг бундай ҳурфикрлилик руҳидаги шеърлари жоҳил амалдорлар ва риёкор ғоявий раҳбарларга қамчидек таъсир қилар эди. Бу ҳукмдорларга ёқмас, дағал муносабат деб ҳисоблаб Маҳмуд қатағон уни дорга осишга ҳукм қилгани, Маҳмуд ўз номини абадулабад лаънат муҳри билан тамғалагани эди.

Абдурауф Фитрат “Машраб” илмий тадқиқотида бу улуғ сиймо на­фақат Ўзбекистонда, балки хорижда ҳам кўп ўқилгани ва ўрганилгани ҳақида маълумот бериб, қуйидаги фикрларни келтирган: “XVII–XVIII асрларда ўзбек шоирлари орасида (зиёлилар томонидан эмас, омма томонидан) ўқилғон муҳим сиймо Машрабдир. Машрабнинг ғазаллари ва Машраб ҳақида ёзилғон машҳур манқаба ўзбек оммаси орасида жуда теран ўрунлашган. Хитой Туркистонида, айниқса, қашқарлилар орасида унинг нуфузи жуда каттадир”.

Тадқиқотчи Дилором Ҳамроева талқинича, Машраб ижодига қизиқиш шоир ҳаётлик даврида бошланган. Машраб ҳақидаги “Қиссаи Машраб” китобларининг турли вариантлари омма орасига ёйилиши натижасида машрабхонлик йиғинлари кенг авж олган. Халқ қиссалари ва шоир шеър­ларининг шуҳрат қозониши Европа олимларининг ҳам эътиборини ўзига тортган. Улар эътиборини кўпроқ Машраб номи билан боғлиқ саргузаштларга бой халқ китобларига қаратган. Бироқ улар Машраб яшаган ижтимоий муҳит, унинг таржимаи ҳоли ва маслагини деярли эътиборга олмаган. 1900 йили Парижда шарқшуносларнинг биринчи халқаро конгресида И.Гольдциер “Форсларда ислом” номли маърузаси билан қатнашган. Бунга жавобан немис олими Мартин Хартман “Девони Машраб” ва “Шоҳ Машраб” асарлари асосида “Доно дарвиш ва авлиё даҳрий” (1902), “Қадамжо” (1903) мақолаларини ёзган.

1992 йил Машраб юбилейи муносабати билан Францияда “Қиссаи Машраб” нашр қилинган. Рус шарқшунослари тадқиқотларида Машраб номи билан боғлиқ қайдлар XIX асрнинг иккинчи ярмидан кейин учрайди. А.П.Хорошхин, В.П.Наливкин, Н.И.Веселовский, Н.Н.Пантусов, Н.С.Ликошин, В.Л.Вяткин, А.Карьцев, Л.В.Дмитриева, Г.П.Снесаров каби олимлар шоир ҳаёти ва ижодини ўрганишга муносиб ҳисса қўшганлар.

Наманганлик Мусо Тожихўжаев “Бобораҳим Машраб шахсининг Оврўпача эътирофи” деган илмий мақоласида қайд этилишича, Машраб ҳаёти ва ижоди нафақат Шарқда, балки Ғарбда ҳам катта қизиқиш уйғотган. Машраб ҳаётини ўрганиш Европада XIX асрдан бошланган. Машҳур рус шарқшунослари Н.С.Веселовский, В.Л.Вяткин, У.Е.Остроумов, Н.С.Ликошинлардан ҳам олдин можор олими Ҳерман Вамбери “Чиғатой тили сабоқлари” асарида Машраб ғазалларидан намуналар берган.

Ф.Гренар ва Дитрел де Рен каби француз адабиётшунос ва этнографлари 1895 йили Марказий Осиёга сафар уюштириб, “Буюк Осиёга илмий сафар” номли китоб ёзганлар. Бу китобда Машраб шахси, яшаган даври ва ғазалларига эътибор берилган. 1900 йилда бу икки француз тадқиқотчиси Парижда ўтказилган шарқшуносларнинг халқаро конгрессида шу мавзуда маъруза қилганлар.

М.Тожихўжаев германиялик шарқшунос Хартман Марказий Осиё тадқиқига бағишлаб кўплаб асарлар ёзганини, Машраб ижоди билан ҳам шуғулланганини,  1902 йили “Девонаи Машраб” ва “Шоҳ Машраб” асосида “Машраб – доно телба ва авлиё даҳрий” асарини ёзганлигини келтиради.

М.Хартман Машраб асарларининг Қашқар ва Марказий Осиёдаги аҳамияти ҳақида маълумот сўраб, олмон шарқшуноси Йоханнес Аветаранянга мурожаат қилган. Йоханнес Аветаранян 5 йил давомида Шарқ адабиёти ва тарихига оид кўплаб материаллар тўплаган ва шулар асосида бир қатор асарлар яратган. Жавоб хатида жаноб Аветараниан М.Хартман қўлидаги “Шоҳ Машраб” маноқибида кўплаб хатоликлар ва ғализликлар борлигини билдирган. У Қашқардаги уйида “Шоҳ Машраб” ва “Девони Машраб”нинг бехато ва чиройли ёзилган нусхалари қолганини билдирган ва таржимонга ўзининг маслаҳатларини берган.

М.Тожихўжаевнинг фикрича, М.Хартман маноқибда келтирилган тарихий шахсларнинг фаолияти ва ривоятлардаги воқеаларни ойдинлаштириш учун инглиз, немис, француз, турк ва форс тилларидаги ўнлаб китоб­ларни ўрганиб, уларни қиёслаб, ўзининг хулосаларини баён қилган. ­“… Бошқача қилиб айтганда, – деб ёзади у, – Машраб тахаллусли шоирнинг яшаб ўтганига шубҳам йўқ. Унинг ўзига хос ғоявий йўналиши эса бу шахснинг буюклиги белгисидир. Бу ғоялар шоирнинг шеърларида ифодаланган. Сўнгра улар турли ҳикоятлар билан ўралган”.

Шундай қилиб, мутафаккир шоир Бобораҳим Машраб ижодиётининг илмий адабиётлардаги тадқиқига хулоса қиладиган бўлсак, жуда кўп файласуф, социолог, тарихчи ва адабиётшунос олимлар унинг ижодига мурожаат қилганликларига гувоҳ бўламиз. Машраб мероси ўзининг халқчиллиги ва оммабоплиги, ўйноқи ва жўшқинлиги, фикр­лар қуймалиги ва тез ёдда қолиши, мусиқий ва оҳангдорлиги билан ўз ўқувчиси диққатини ўзига тортади. Унинг ўлмас ва боқий шеърияти жуда кўп истеъдодларни ўзига маҳлиё этган. Улар Машрабдан завқ ва илҳом олганлар, унга мухаммаслар боғлаганлар. Шоир ҳақида жуда кўплаб драматик, поэтик ва илмий асарлар ёзилган. Улуғ бобомизнинг ҳаёти ва ижоди хусусида ҳали кўп ишлар қилиниши керак.

Мўмин Ҳошимхонов, фалсафа фанлари доктори

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2020 йил, 12-сон