Зокиржон Холмуҳаммад ўғли Фурқат – миллий уйғониш даври ўзбек адабиётининг забардаст вакилларидан бири. У шоир ва адиб, адабиётшунос ва муаррих, элшунос ва мутаржим сифатида ўзидан бой маънавий мерос қолдирди. Фақат бугина эмас. У биринчи ўзбек журналисти ҳам эди. «Туркистон вилоятининг газети» саҳифаларида чоп этилган адабий ва сиёсий-публицистик мақолалари кўп жиҳатдан бугун ҳам ўз долзарблигини йўқотган эмас. Шунингдек, Фурқат замонасининг машҳур хаттотларидан эди. Унинг бу борада кўплаб шогирдлар етиштирганлиги манбаларда қайд этилган. Табиб сифатида шуҳрати янада юксак бўлганлиги маълум. «Зубдатул-ҳукамо» унвонининг соҳиби бўлганлигиёқ унинг бу борадаги камолоти нечоғлик эканлигига далил. У сайёҳ сифатида Туркия, Булғория, Юнонистон, араб мамлакатлари, шунингдек, Ҳиндистон ва Хитойда бўлди. Сафар таассуротлари, ўша давр кишиларининг маънавий олами, турли давлатларнинг ижтимоий-иқтисодий тарақкиёт даражаси тўғрисида қимматли маълумотларни ёзиб қолдирди.
Бир сўз билан айтганда, Фурқат қомусий олим ва ижодкор сифатида миллий маънавиятимиз ривожига улкан ҳисса қўшди.
Фурқат ижодини ўрганиш тарихидан
Дастлаб шоир асарларининг нашрлари тўғрисида. Уларнинг чоп этилиши ва оммалаштирилишида филология фанлари доктори Холид Расулнинг хизматлари катта бўлди. У Фурқат «Танланган асарлари»ни жами етти марта (1940, 1951, 1958, 1959, 1975, 1980, 1990 йилларда) нашр эттирди. Булар ичида, Фурқат «Асарлар мажмуаси»нинг турли манбалар асосида тайёрланиб, араб ёзувида чоп этилган икки жилдлик факсимиле нашри, айниқса, алоҳида аҳамиятга эга. Мазкур нашр шоирнинг шу пайтгача эълон қилинган «Танланган асарлар»ига нисбатан анча мукаммал эканлиги билан ажралиб туради. Шунга қарамай, шоир асарларини қўлёзма манбалари билан қиёслаш натижалари бу тўпламнинг ҳам айрим камчиликлардан холи эмаслигини кўрсатмоқда. Жумладан, тўпламга шоирнинг баъзи эътиборли асарлари кирмай қолганлиги, кирганларининг ҳам айримлари матн жиҳатидан нуқсонли эканлиги ушбу фикрни қувватлайди.
Профессор Ғ. Каримов ва адабиётшунос Н. Ҳотамовлар ҳам шоир асарларини бир неча марта (1959, 1973 йилларда) чоп эттирдилар. Бундан ташқари, Фурқат «Танланган асарлар»и рус (1958, 1962, 1972 йилларда), хитой (1989) ва уйғур (1989) тилларида ҳам қайта-қайта нашр қилинган.
Шоир асарларини ўрганиш унинг ҳаёт пайтиданоқ бошланган. «Туркистон вилоятининг газети» ўзининг ўн уч сонида шоир таржимаи ҳолини эълон қилганлиги ҳам буни тасдиқлайди. Фурқат хорижда экан, 1896 йили рус миссионери Н. П. Остроумовнинг «Сарты» асарида унинг «Тошкент шаҳрида бўлгон нағма базми хусусида», «Бал хусусида» манзумалари хамда «Аҳволот» асари рус тилига сўзма-сўз таржимаси билан босилиб чиқади.
1894 йили Санкт-Петербургда Русия Археология жамияти Шарқ бўлими Ахбороти VIII жилдида Фурқатнинг «Мухаммас Муҳаммад Худоёрхон тилидан» асари тўла ҳолда русча таржимаси ва изоҳлар билан эълон қилинади. Мазкур «Ахборот»нинг 1909 йилги 12-сонида шоирнинг «Сабоға хитоб» асарининг дастхат нусхаси ҳақида А.Н. Самойлович ахбороти, шеърий мактубнинг бошланиши ва охири, унга муаллиф томонидан ёзилган кириш сўз ва сўнгсўз чоп этилади.
Жадидлар шоир ҳаёти ва ижодига алоҳида қизиқиш билан қараганлар. Исмоилбек Гаспрали томонидан нашр этилган «Таржимон» газетасининг 1896 йил 18 август 32-сонида бу пайтда хорижда яшаётган шоир Фурқат ва унинг журналистик фаолияти тўғрисида хабар-мақола эълон қилинган. Хабар-мақола Фурқат ва жадидчилик масалаларини ўрганишда муҳим аҳамиятга эга.
XX аср бошида Оренбургда нашр этилган «Шўро» журнали ва унинг Туркистон жадидчилик ҳаракатида тутган мавқеи мутахассисларга аён. Мазкур журналнинг 1909 йил 1-сонидаёқ Фурқатнинг «Мухаммас Муҳаммад Худоёрхон тилидан» асари тўла ҳолда эълон қилиниши шоир ижодиётига жадидларнинг катта қизиқиш билан қараганлигини кўрсатувчи яна бир муҳим далилдир.
Лекин Фурқат ижодиётига муносабат ҳар доим ҳам бир хил кечди, ҳамиша у яхши сўзлар билан эътироф этилди, дейиш қийин. Зиё Саид «Ўзбек вақтли матбуоти тарихига материаллар» номли тадқиқотида «қора давр» ҳақида тўхталади, ««Туркистон вилоятининг газети»… ёзишувчилари бошда губернатур идорасида хиз-мат қилғувчи эски мирзалар» бўлганлигини таъкидлаб, «кейинроқ шоир Фурқатнинг узундан-узун шеърлари кўрина бошлаган»идан ёзғирадики, бу шўро сиёсатининг талаби эди.
Миён Бузрук Солиҳовнинг 1935 йили нашр этилган «Ўзбек театр тарихи учун материаллар» асарида ҳам шоир меросига нисбатан худди шундай муносабат кузатилади. У ушбу китобида «… рус театрусининг ерлилар орасида ҳавас ва қизиқиш туғдиргани» тўғрисида ёзиб, Тошкентда «Суворов» номли пьеса томошага қўйилгани ва «… тамошочилар орасида машҳур шоир Фурқат ҳам бўлган»лигини таъкидлайди. Суворов ҳақидаги манзуманинг 44 байтини келтириб, «Фурқатда театру ҳаётига ҳавас ва берилиш очиқ сезилиб туриши»ни қайд этади. Унинг «юрт катталари» — буржуазия элементларининг завқларига кўра шеърлар ёзиш билан танилган ва уларнинг ёрдамлари билан кун кўриб юрган шоир» бўлганлигидан шўро ўқувчиларини «огоҳлантиради».
Шунга қарамай мазкур тадқиқотда баъзи муҳим фикрлар ҳам мавжуд. Жумладан, унда Фурқатнинг ўз шеърларини йиғиб, девон тузганлиги ҳақида маълумот берилган.
1954 йили Холид Расулнинг «Зокиржон Фурқат ижоди», «Фурқат — маърифатпарвар, демократ шоир» номли китоблари нашр этилди. Улар шоир ижодини монографик ўрганишнинг дастлабки намуналари эди. Олим 1959 йили бу мавзуга яна қўл урди. Унинг «Фурқат» танқидийбиографик очерки эълон қилинди. Шу йили Ҳ.Воҳидовнинг «Фурқат – маърифатпарвар шоир» рисоласи босилиб чиқди.
Фурқатнинг 100 йиллиги муносабати билан нашр этилган «Фурқат ва Муқимий ҳақида мақолалар» (1958) ҳамда «Зокиржон Фурқат» (1959) номли икки мақолалар тўплами шоир ҳаёти ва ижодини ўрганишда алоҳида ўрин тутади. Ҳар икки тўпламдаги материаллар Фурқат ижодининг ҳали тадқиқотчилар эътибори етарли қаратилмаган жиҳатларига бағишланганлиги, кўп ҳолларда муҳим масалалар ўртага қўйилиб, пухта ҳал этилганлиги, муҳим илмий-назарий хулосалар чиқарилганлиги билан эътиборга молик. Ғ. Каримовнинг 1960 йили «Шарқюлдузи» журналида эълон қилинган «Фурқат ҳаёти ва ижодига доир баъзи материаллар» мақоласида ўша пайтда Қозоғистон Марказий Давлат архивида сақланган, кейинчалик Тошкентга, Ўзбекистон Марказий Давлат архивига кўчирилган муҳим манба — Н. П. Остроумов шахсий фондидан аниқланган Фурқатнинг хориждан йўллаган 18 дастхат мактуби, 4 илмий-этнографик асари ҳақида маълумот берилади. Уларни ўрганишнинг шоир ҳаёти ва ижодини тадқиқ этишдаги аҳамияти тўғрисида илмий хулосалар чиқарилади. Ғ. Каримовнинг мазкур тадқиқоти, айниқса, шоирнинг чет эллардаги ҳаёти ҳамда қизган ижодий фаолиятини ўрганишда янги саҳифа очди.
Э. Каримовнинг рус тилидаги «Ўзбек адабиётида реализмнинг ривожланиши» (1975), «Ўзбек демократик адабиёти реализми» (1986) номли тадқиқотларида ҳам Фурқат ижодига оид эътиборли мулоҳазалар баён қилинди. Тадқиқотда айрим мунозарали жиҳатлар ҳам мавжуд эдики, улар ўз вақтида мутахассислар томонидан қўрсатиб ўтилган.
А. Абдуғафуровнинг «Зокиржон Фурқат» (1977) китоби шоир ҳаёти ва ижоди тадқиқига бағишланган биринчи йирик монография. Унда шоир ҳаёти ва ижоди фурқатшуносликнинг ўша даврдаги мавжуд ютуқларини мужассамлаштирган ҳодда анча муфассал тадқиқ этилди.
А. Қаюмовнинг «Шоир Фурқат» («Шарқ юлдузи», 1986, 4-5, 1989, 5-6-сонлар) асари шоир меросини оммалаштириш жиҳатидан алоҳида аҳамиятга эга бўлди, дейиш мумкин. Асарда шоирнинг бир қанча асарлари биринчи марта илмий истифодага олиб кирилди. Айримлари янгича талқин этилди.
1984 йили Ш. Юсуповнинг «Фурқат йўлларида» монографияси эълон қилинди. Монографияда Фурқатнинг чет элга кетиш ва қолиб кетиш сабаблари, шоирнинг ватанжудолиқда кечган оғир ҳаёти тўғрисида архив ҳужжатлари ҳамда ишончли манбалар асосида эътиборли мулоҳазалар баён қилинди. Тадқиқотнинг яна бир диққатга сазовор жиҳати шундаки, олим мазкур масалалар юзасидан илгариги илмий ишларда билдирилган фикрлар билан мунозарага киришади ва ўз қарашларига ишонарли далиллар келтиради. Шоирга нисбат бериб келинган бир қанча шеърларнинг, жумладан, Шарифхўжа қози ва Сайидазимбойни танқид қилган деб келинган ҳажвияларнинг унга мутлақо алоқасиз эканлигини рад этиб бўлмайдиган далиллар билан исбот этади. Шоирнинг чор ҳукумати юқори доираларини мадҳ этган деб қаралган асарларини янгича талқин қилиб, уларнинг зоҳирига эмас, тагматнига эътибор қаратиш зарурлиги ҳақидаги муҳим илмий хулосани ўртага ташлайди.
Олим 1990 йили «Фурқат ва ўзбек маърифатпарварлик адабиётининг янги босқичи» мавзуида докторлик диссертациясини ҳимоя қилди. Диссертацияда мазкур мулоҳазаларини янада янги далиллар, умумлашма илмий хулосалар билан бойитди. Архив ҳужжатлари ва ишончли манбаларга таяниш, илмий хулосаларнинг тамомила янги эканлиги, янгича талқин ва таҳлиллар – Ш. Юсупов тадқиқотларининг ютуғини таъминлаган муҳим омиллар шулардан иборат.
Шўро даврида яратилган бир қанча ижтимоий-фалсафий йўналишдаги тадқиқотларда ҳам Фурқат ҳаёти ва фаолияти, фалсафий қарашлари ҳақида қимматли илмий мулоҳазалар билдирилди. И.Мўминовнинг «Ўзбекистон ижтимоий-фалсафий тафаккури тарихидан» (1960), Ҳ. Воҳидовнинг рус тилида чоп этилган «Туркистонда маърифатпарварлик ғояси» (1979) асарлари, В.Зоҳидов, М.Хайруллаевларнинг тадқиқий мақолалари шулар жумласидандир.
Шунингдек, университетлар ва педагогика институтлари филология факультетлари учун «Ўзбек адабиёти тарихи» дарслиги ва Ўзбекистон ФА Тил ва адабиёт институти олимлари томонидан тайёрланган «Ўзбек адабиёти тарихи» (1980) кўп жилдлигининг V жилдида шоир ҳаёти ва ижоди фурқатшуносликнинг ўша пайтдаги энг сўнгги ютуқлари асосида тадқиқ этилди.
Истиқлолгача бўлган даврда мазкур докторлик диссертациясидан ташқари, Фурқат ҳаёти ва ижодий фаолиятига бағишланган уч номзодлик диссертацияси ҳимоя қилинди.
Кўриниб турибдики, ижтимоий тузум қандай бўлишидан қатьи назар, Фурқат ҳаёти ва ижодини илмий ўрганиш, оммалаштириш борасида муайян ютуқлар қўлга киритилди. Лекин шўро давридаги тадқиқотларнинг қарийб барчаси учун умумий бўлган, яққол кўзга ташланиб турадиган ва асл моҳиятга кўпда мувофиқ келавермайдиган бир хусусият: деярли ҳар бир шеър, ҳар бир асар талқинида коммунистик мафкура талаблари асосидаги ёндашувнинг, шоирни ўзи яшаб турган тузумдан норози, жабрдийда қилиб қўрсатишга, уни сунъий равишда динга, диндорларга қарши қўйишга ури-нишнинг очиқ сезилиб туришидир.
Миллий истиқлол туфайли миллий адабиётшунослигимизнинг таркибий қисми бўлган фурқатшунослик ҳам мафкуравий тазйиқлар таъсиридан халос бўлди. Натижада, шоир ҳаёти ва ижодий фаолиятини ўрганишда салмоқли ютуқлар қўлга киритилди. Бу ютуқларнинг асосий қисмини шўролар замонида ба-жарилиши мумкин бўлмаган ишлар ташкил этиши, коммунистик мафкура томонидан ман этилган мавзуларнинг тадқиқ қилинганлиги ҳисобга олинса, уларнинг аҳамияти янада яққолроқ намоён бўлади.
Мустақиллик даври фурқатшунослигида ҳаққоний ёритилган мавзулардан бири Фурқатнинг Русия истибдодига муносабати масаласи бўлди. Ушбу йўналишдаги тадқиқотлар шоирнинг мустамлака сиёсатига муросасиз муносабатда бўлганлигини, бу сиёсатнинг асл мақсад-муддаосини, фожеий оқибатларини ўз асарлари воситасида аёвсиз фош этганлигини исботлади.
Миллий истиқлол даври фурқатшунослигида шоир ижодининг мутлақо ўрганилмай келган янги қирраси – диний-маърифий ва сўфиёна мавзудаги асарларини эълон қилиш, оммалаштириш ва тадқиқ этиш борасида ҳам эътиборга молик илмий изланишлар (А. Мадаминов, Н. Жабборов, И. Ҳаққулов ишлари) амалга оширилди. Натижада, Фурқат ижодида диний-тасаввуфий мавзу шўро замонидаги айрим тадқиқотларда таъкидланганидек ўткинчи, «… унинг учун типик бўлмаган кайфиятларни акс эттирувчи» эмас, аксинча, асосий йўналишлардан эканлиги илмий жиҳатдан асосланди.
Шўролар замонида бошка шоирлар каби Фурқат асарларини нашр этишда ҳам коммунистик мафкура талабларидан келиб чиқилди. Унинт аксарият асарлари ножоиз кисқартиришлар билан узуқ-юлуқ ҳодда чоп этилди. Мавжуд нашрларни қўлёзма манбалар билан қиёслаш натижалари уларнинг бугунги талаблар даражасида эмаслигини кўрсатмоқда. Фақат миллий истиқлол шарофати билангина бу ҳақда очиқча фикр юритиш, бу асарларни тўла эълон қилиш, оммалаштириш имкониятлари пайдо бўлди. Натижада шоирнинг шу пайтгача маълум бўлмаган жуда кўп асарлари, уларнинг дастхат нусхалари аниқланди ва бу ҳақда тадқиқотлар эълон қилинди.
Хорижлик тадқиқотчилар ҳам Фурқат шахси ва адабий меросига қизиқиш билан қараган. Шарқ ва Ғарбда, яқин ва олис хорижий мамлакатларда Фурқат ҳаёти ва ижодига оид тадқиқотлар яратилган. Америкада Колумбия университети профессори Э. Оллворт, Туркияда бошқирд олими, жадидчилик ҳаракати етакчиларидан Аҳмад Заки Валидий, Мажористонда Я. Эккман, Шарқий Туркистонда Неъматулло Убайдулло ҳожи, Қодир Акбар, Аршилдин Тотлиқ каби олимлар шоир ҳаёти ва ижодини тадқиқ этиш борасида диққатга сазовор ишларни амалга оширдилар.
Миллий истиқлолга эришилганидан кейин ўтган давр давомида зикр этилган тадқиқотлардан ташқари, Ш.Юсуповнинг «Ўзбек маърифатпарварлик адабиёти ва Фурқат» номли услубий қўлланмаси нашр этилди. Н.Жабборовнинг «Фурқат асарларининг қўлёзма манбалари» мавзуидаги номзодлик диссертацияси ҳимоя қилинди. Шоирнинг вақтли матбуотда иштироки масалаларига бағишланган тадқиқот юзага келди. Ш.Ризаевнинг «Жадид драмаси» асарида Фурқат биринчи ўзбек театр танқидчиси – санъатшунос сифатида талқин этилди.
Ушбу далилларнинг ўзиёқ Фурқат ҳаёти ва ижодини тадқиқ этиш миллий истиқлолдан кейин тамомила янги босқичга кўтарилганлигини, уни янада ривожлантириш учун катта имкониятлар пайдо бўлганлигини кўрсатади.
Таржимаи ҳоли
Зокиржон Холмуҳаммад ўғли Фурқат 1859 йили Қўқон шаҳрида туғилди. Унинг ўзи «Аҳволот»да бу ҳақда «Хўқанди латифким, бандаға мавлид ва маншаъдур» дея таъкидлайди. Фурқатнинг отаси – Холмуҳаммад замонасининг ўқимишли, зиёли кишиларидан бўлган. Ота-онаси маслаҳатлашиб, 7 ёшида Зокиржонни Муҳаммад Олим исмли мактабдорга шогирдликка берадилар. Шоир бу ҳақда «Аҳволот»да шундай ёзади: «Нухустин ўн беш-йигирма адад майда сурани сабақ олиб ҳифз қилиб, андин тахтага туштум… тахта ҳижосидин чиқиб «Ҳафтияки шариф» сурасиға туштум. Олти ой муддати ичида «Ҳафтияк»ни ўқиб тамом қилдим. Баъдаз Қуръони шариф ўқумоққа мутарассид ўлдум».
Фурқат Қуръони карим хатмидан сўнг «Чор китоб» мутолааси билан машғул бўлганлиги, «… эртадин қиёмғача китоб ўқуб, андин намози асрға тегру машқихат» қилганлигини ёзади. 8 ёшида у «Мантиқут-тайр»ни ўқийди. Ўз таъбири билан айтганда «… олти ой болупар уруб, қушлар ҳикоятини хотима ошёнасиға қўндуради». Ҳофиз ва Бедил девонлари мутолаасидан кўп баҳра топади.
Фурқат 9 ёшида Навоий «Чор девон»ини ўқишга киришади. «Чун умрим шоҳиди тўққуз парда орқасидин чеҳра кўргузди, Амир Алишернинг туркий девонлариким, Навоий лақабдур, забоним қуши ул хирмандин доначин ўлди» – деб ёзади у. Худди шу пайтда Навоийни туш кўради. Ундан шеър машқига оқ фотиҳа олади. Навоийга увайсий шогирд бўлади.
Кўп ўтмай, мазкур туш таъбири ҳақиқатга мувофиқ чиқади. У шеър ёза бошлайди. Бу пайтда 9 ёшда бўлган Зокиржон шундай ёзади: «Бир кун ул дабистонда танҳо қолиб китобат қилур эрдим. Нохостдин кўнглум сижжилиға бир мазмун жилвагустар ўлуб, фикрим бикридин бир байт зода ўлунди. Филфавр таҳрир низомиға чектим, бу эрдиким, байт:
Менинг мактаб аро булдур муродим,
Хатимдек чиқса имло-у саводим.
Чун бу фардбайтни устодим назариға еткурдум, кўб истиҳ-сонлар айлаб, ҳаққимда дуои хайрлар қилди».
Фурқат болалигиданоқ Шарқ шеърияти дарғаларининг шоҳ асарларини аслиятда мутолаа қилди. Дунёқараши ва эътиқоди шу асосда шаклланди. Жумладан, у 10 ёшида Фузулий ғазалиёти ва Сўфи Оллоёрнинг «Маслакул-муттақийн»и мутолаасидан баҳраманд бўлади.
Шундан кейин «саводи такмили учун» бир йилга яқин «халифалик мақомида» дарс беради. Мулла Қамбарали исмли хушнавис кишидан хаттотлик сирларини ўрганади. Ашурмуҳаммад қоридан қироат илми бўйича таълим олади. «Каломуллоҳ»ни «хат юзидин қироат айлаб, хатм қилади». Ўн икки ёшида Подшоҳхўжа исмли мударрисга шогирд тушиб, «Аввали ҳол — аввали илм» рисоласини ўқийди. Араб тили сарф ва наҳвига оид «Бидон», «Авомил», «Ҳаракот», «Кофия» китобларидан таҳсил олади. «Мавъизи Вазанжоний» рисоласини ўқийди. Ўн тўрт ёшида «Шарҳи Муллои Жомий» ва «Рисолаи шамсия» асарлари бўйича илмини янада мукаммаллаштиради. Мунтазам ижодий фаолият билан шуғулланади.
Лекин замон носозликлари боис шоир тирикчилик билан машғул бўлиш мажбуриятини сезади. 1878 йили тоғасининг даъвати билан унинг ёнига, Янги Марғилонга бориб, бир қанча муддат савдо ишлари билан банд бўлади. Қўқон хонлигидаги тўс-тўполонлар, тож-тахт талашлари туфайли узилиб қолган мадраса таҳсилини давом эттиришга ҳаракат қилади. Ижод билан шуғулланади. Олимлар, шоирлар шаҳри бўлган Марғилонда Фурқат Ҳожи домла, Қарший домла каби маърифатпарварлар билан танишади, илмий суҳбатларда, шеърият анжуманларида фаол қатнашади. Бу ерда рус маданияти, «Туркистон вилоятининг газети» билан илк бор танишади.
У Янги Марғилонда оддий инсонларга ёрдамда бўлади. Шикоят билан келган кишиларга ариза ёзиб беради, йўл-йўриқ кўрсатади. Ҳатто хизмати учун ҳақ олмайди.
Шундан кейин отасининг даъвати билан Кўқонга келади. Муқимий, Муҳйи, Завқий, Нисбат, Муҳаййир каби шоирлар муҳитида қизғин ижодий фаолият билан машғул бўлади. Айни мана шу даврда «Чор дарвеш»ни форс тилидан таржима қилади. «Ҳаммоми хаёл», «Нуҳ манзар» асарларини яратади. Лирик шеърлар ижод этади.
1886—87 йилларда Қўқондан яна Марғилонга боради ва бу ерда Масжиди жомеъдан ҳужра олиб яшай бошлайди. Кўп ўгмай Муҳаммад Шариф деган савдогар дўстининг ёрдами билан дўкон очади. Хўжажон Рожий (1834-1918), Умидий-Ҳавоий (1835/36-1905/06), Мулла Тошболту Роиқ, Исҳоқхон Ибрат (1862—1937) каби шоирлар билан дўстлашади.
1889—91 йилларда Тошкентда бўлиши унинг тақдирида ҳал қилувчи роль ўйнади. Ушбу воқеанинг тарихи қуйидагича эди:
Фурқат 1889 йилнинг бошларида саёҳат орзуси билан Марғилондан йўлга чиқади. Қўқонда бир кун туриб, Хўжандга келади. Мирза Насриддин деган дўстиникида бир неча кун меҳмон бўлади, шоир Тошхўжа Асирий билан узоқ суҳбатлар қуради. Улар ўзаро жуда аҳил эдилар, бир-бирларига ёзган шеърий мактублари турли баёз ва тўпламларда сакданиб қолган.
Шоир Хўжандда бир оз туриб қолади. Дўстлар орттиради, шаҳар атрофларини айланади. Бир муддат тоби ҳам қочиб қолади. Ўзи табибликдан хабардор бўлгани учун у ердаги табибларнинг муолажасидан кўнгли тўлмайди. Сафарни давом эттириб, Тошкентга йўл олади.
Фурқат 1889 йил июннинг ўрталарида Тошкентга келган. Ҳожи Аъзам деган кишининг ёрдамида Кўкалдош мадрасасига жойлашган. «Аҳволот»да ёзилишича, Ҳожи Аъзам касалланиб қолган шоирга меҳрибонликлар кўрсатади, 9 ой давомида унинг ҳолидан хабар олиб, тузалиб кетишига ёрдам беради. Фурқат унинг ёрдамида Сатторхон Абдуғаффоров, Саидрасул Саидазизов, Инъомхўжа Умрёхўжаев, Жўрабек Қаландарқори ўғли, Шарифхўжа Пошшохўжа ўғли, Муҳиддинхўжа Ҳакимхўжа ўғли, Мирза Абдулла Исомуҳаммад ўғли каби Тошкентдаги зиёлилар билан танишади.
Шарифхўжа шоир билан бўлган суҳбатларидан бирида тахаллуси «жудолиғ» маъносини билдиришига ишора қилиб, уни «Фарҳат» (шодлик, хурсандлик) билан алмаштиришни таклиф этади. Бу унга манзур бўлиб, шу тахаллус билан бир муддат шеърлар ёзган. Лекин кўп ўтмай, аввалгисига қайтади: тақдир унга «Фурқат» тахаллуси билан тарихга киришни насиб этди.
1890 йилнинг кўкламида Фурқат Тошкентнинг Шайхантоҳуридаги шеър ва соз мухлиси Маҳмудхўжа деган кишининг уйига кўчиб ўтади, «ошино»гина эмас, «оға»дек унга кўнгил боғлайди. Худди шу йил мартнинг бошларида «Туркистон вилоятининг газети» муҳаррири, Тошкент Эрлар гимназиясининг директори Н.П.Остроумов Фурқат билан қаттиқ қизиқиб қолади ва унинг обрў-эътиборидан, шеърий салоҳиятидан унумли фойдаланиш режасини тузади. Чунончи, уни 1890 йил 23 мартида Тошкентнинг янги шаҳар қисмига томошага олиб боради, гимназияни кўрсатади. Рус зиёлилари, амалдорлар, ҳатто «жаноб генерал губернатор» билан, рус маъмурияти хизматига кирган саводхон юртдошлари билан таништиради. «Тошкент шаҳрига келиб, бир неча вақт туруб, Русия халқининг одамлари билан танишиб, ошно бўлуб, аларнинг кўб расмларини кўрдум ва кўрмаганимни сўрдум,-ёзади шоир. — Икки мартаба жаноб генерал губернатор уйига меҳмон бўлуб бориб, анда ҳар хил тамошаларни кўрдум».
Н.Остроумов шоир таассуротларини газетада босиб чиқаради. Масалан, Фурқатнинг гимназия ҳақидаги манзумаси икки ҳафта ўтар-ўтмас «Туркистон вилоятининг газети»да нашр этилади. Бир ҳафтадан сўнг, кейинги сонида «Гимназия» шеъри чоп этилади. Бирин-кетин унинг «Илм хосияти», «Акт мажлиси хусусида», «Нағма базми хусусида», «Виставка хусусида», «Суворов» маснавийлари эълон қилинади.
Табиийки, Н.Остроумов Фурқатнинг шеърларини ўзи муҳаррир бўлган газетада эълон қилишдан рус давлатининг қудратини тарғиб этиш мақсадини кўзлаган. Фурқат эса тамомила бошқа ниятда бўлган: шоирнинг «Ўз нафъимиз учун Русия умуриға мулоҳаза қилсоқ лозимдур» деган фикри бунга далил. Демак, у Европа ва рус маданиятини ўз фойдамизга хизмат қилдиришимиз зарур, деган хулосага келди. Мазкур асарларни шу мақсадда ёзди.
Фурқат Муқимийга ёзган шеърий мактубларининг бирида Шайхантоҳурда тураётганини, дўстлари қуршовида эканлигини, ҳар куни, гоҳо эса кунора пешинда «газетхона ишига» боришини маълум килган эди. Муқимийнинг жавоб мактубларидан Фурқатнинг газетада «таржимонлик» қилгани англашилади. Ҳар ҳолда шоир Тошкентда рус тили билан жиддий шуғулланган. Унинг асарларида рус адибларининг номлари тез-тез учраши бежиз эмас.
Шоир 1891 йил майида Самарқандга борди. Унинг сафар таассуротлари «Туркистон вилоятининг газети»да батафсил ёритилиб турди. Лекин шоир ўз Ватанидан бир умрга чиқиб кетаётганини, қайтмас бўлиб кетаётганини ҳали билмасди.
Фурқат Самарқандда хат орқали ғойибона дўстлашган Мирза Бухорий билан учрашди. Мирза Бухорий атлас савдоси билан бориб, Москва, Петербург, Харьков, Париж шаҳарларини кўрган, кўргазмаларда совринлар олган, айни пайтда, археология илмидан ҳам хабардор киши эди. 1888 йили «Туркистон вилоятининг газети»да унинг Москва ва Петербургга саёҳати хотиралари босилган эди. Фурқат Самарқандда июннинг охиригача турди. «Туркистон вилоятининг газети»га икки мақола ёзди, газетхонларни М. Бухорий ва унинг археологик ишлари билан таништирди. Июлнинг ўрталарида Бухорога йўл олди. Когонда поездга ўтириб, Марв, Ашхобод, Боку, Ботум орқали салкам икки ой йўл босиб, сентябрнинг охирларида Истанбулга етиб келади. Куз ва қишни шу шаҳарда ўтказади.
Истанбул XIX асрда туркистонликларнинг ҳаж йўлидаги асосий шаҳарлардан эди. Шаҳарда ўзбеклар қўнадиган икки такя бўлиб, бири Ускудорда — Султонтепада, иккинчиси Султон Аҳмад майдонида эди. Фурқат, тахмин қилиш мумкинки, шаҳарнинг бу пайтларда анча обод бўлган ва Осиё қисмида жойлашган Султонтепадаги боғчалик такяда қолган. Унинг Истанбулда ёзган асарларидан бири «Сабоға хитоб»дир. Шеър — шоирнинг тошкентлик қадрдонларига йўллаган мактуби. У маснавий шаклида бўлиб, ҳажми 280 сатрни ташкил этади. Номи — шартли, сўнгроқ мутахассислар томонидан қўйилган. Шеърдан маълум бўлишича, шоир Тошкентдаги дўстларидан Абдулазизхон деганнинг уйида бўлган бир йиғинда Мирзо Қосим номли кишининг илтимосига кўра, унга мухаммас ёзиб беришни ваъда қилган, лекин буни ўз вақтида бажара олмаган. Шуни Истанбулда ёзиб, Тошкентга жўнатмоқда. Ушбу шеърий мактуб шунинг хабарчиси ҳамдир.
Шеър Истанбулдаги «Миллат боғи»нинг таъриф-тавсифи билан бошланади. Шоир бу машҳур боғни кезар экан, ундаги «мардум» (кишилар)ни «хуррам» (хурсанд) кўриб, олис Тошкентдаги «ёру ошнолар»ини эсга олади. Чақмоқ («барқ»)дай «тез-рав», «боди сабо» (тонг шамоли)дан юракдаги салом ва ўтинчларини Тошкентга етказишни илтижо қилади. Хусусан, олисда қолган ёри дилбандини тилга олар экан, аччиқ кўз ёш тўкади. Йўқ, унинг ҳеч нарсадан камчилиги, ҳеч бир нарсага муҳтожлиги йўқ. Маишати жойида, ишлари ёмон эмас. Фақат биргина ғами бор. У ҳам бўлса ёри, дўстлари дийдори. Шунинг учун ҳам у, «кеча тонг отқунча», «тонг отқоч дағи кун ботқунча» йиғлайди. Шунинг учун ҳам унинг «оҳу фиғони», «фалоний оҳ, фалоний» деган ноласи «фалак узра» таралади. Нега? Ватандан чиқиб кетганига ҳали бир йил ҳам бўлгани йўқ. Қолаверса, тили, дини, урф-удуми бир келган халқ орасида яшаб турибди. Шунга қарамасдан сўнгсиз бир иштиёқ билан Ватанини, маъшуқасини қўмсайди. Ўзини ғариб, нотавон сезади. Рум (Кичик Осиё, Истанбул) аро «мусофир» бўлишни «қазоро» (тақдир тақозоси) деб билади. Маишатдан, емоқ-ичмоқдан камчилиги йўқ (маишат бобида «бил кулли масрур»), ғами шулки, ёрининг жамолидан айрилган («маҳжур»), кеча-ю кундуз шунинг ғамида йиғлайди. Фалак узра оҳ-фиғон чекиб, исмини тилдан қўймайди. Нега? Шоир қайтиб келмас бўлиб кетаётганини, она юрти, қадрдонлари билан минбаъд кўриша билмаслигини ҳис қилдими экан? Ахир у «саёҳат орзуси» билан йўлга чиққан эди-ку! Ҳамиша қайтиш умиди билан яшаган эди-ку! Лекин унинг Ватанга садоқатига ҳам, муҳаббатига ҳам заррача шубҳа бўлиши мумкин эмас.
Қолаверса, бу ердаги ёрнинг маъноси кенг. У Бобурдаги каби Ватан ҳамдир.
Ниҳоят, шоир ўзининг соғинч туйғуларини ифодалашда буюк Навоийдаги кўнглимизга ўрганиб қолган дилсўз сатрлардан — «Недур аҳволинг, эй зори ғарибим, висолим давлатидин бенасибим?» тазмин-иқтибос олади.
Шоир сабодан ёри бўсағасини ўпиб, соғинчини етказишни ўтингач, ошнолари манзилидан дарак беради ва 28 кишини номма-ном келтиради. Булар: Эшонхўжа, Хўжажон муфти, Убайдулло махдум, Жамолхон махдум, Хонхўжа эшон, Маҳмудхўжа эшон… улар орасида қадрдони Ҳожи Аъзамдан санъаткор дўсти Фарзинхонгача, гап ейишган улфатлари-ю «Мирзо ака»си сингари ораларида ноҳақ гап қочиб, узрини айтолмай кетган «муҳаббатпеша яхши ошно»ларигача бор.
Фурқатнинг соғинчлари ниҳоятда самимий. Чунончи, унинг шайхантоҳурлик Маҳмудхўжа эшонга орзиқишлари, шоирга шунчаки бир «ошно» эмас, «ағо»дек қадрдон бўлиб қолган, «кўп меҳр-шафқатлар, эҳсону мурувват»лар қилган бир кишига бўлган сўнгсиз соғинч иштиёқлари таъсирчан, ёрқин берилган.
Шеър Ватан ҳақидаги туганмас шавқ ва ниҳоясиз интизорлик билан якунланади.
Фурқат Истанбулда экан, Юнонистон (Гредия) ва Булғорияга саёҳатга бориб келади. Таассуротларини шеърга кўчириб, «Туркистон вилоятининг газети»га юборади. Улар орасида Юнонистон сафари пайтида бир қиздан эшитган ҳикояси бор. Бу асар китобхонлар орасида «Юнон мулкида бир афсона» номи билан машҳур. Ўша йилнинг апрелида у Жиддада бўлади. Май – июнь ойларида ҳаж зиёратини ўтказиб, яна Жиддага қайтиб келади.
1892 йилнинг 25 августида Ҳиндистонга йўл олиб, 10 сентябрда Бомбейга етиб келади, яқин олти ой Ҳожи Аҳмад деган ҳамшаҳрининг уйида яшайди, ватандошлари билан танишади. 1893 йилнинг 20 мартида Кашмирга қараб сафарга чиқади, ундан Тибет ва Хўтан орқали Ёркентга ўтади. Шу тариқа, 1891 йилнинг баҳорида Тошкентдан чиққан шоир икки ярим йиллик сафардан кейин 1893 йилнинг октябрида Ёркентга келиб, умрининг охиригача шу ерда яшаб қолади.
Шоир Қашқардаги Русия Мусулмон идорасида котиб бўлиб ишлайди. Илми нужум (астрономия), табобат билан шуғулланади. Тошболтуга ёзилган шеърий мактубида Худо унга Нозимжон ва Ҳокимжон исмли фарзандлар берганини, улардан кўнгул узуб Ватанга қайтиш қийинлигини тилга оладики, бу унинг умри охиригача Туркистон билан алоқасини узмаганлигини кўрсатади. Шу жумладан, «Туркистон вилоятининг газети»га ҳам мунтазам мақода ва шеърлар ёзиб турган. Бироқ нима сабабдир, 1906 йилдан кейин газета билан алоқаси узилади. Унинг мазкур газетадаги сўнгти мақоласи 1906 йил февралда босилган. Гарчи мақола сўнгида «бақияси (давоми) бор» деб қўйилган бўлса-да, давоми босилмаган. Шунингдек, у вафот этганида ҳам газета 20 йил ҳамкорлик қилган муаллиф ҳақида лом-мим демади. Бу ҳол Фурқат билан уни бу томонларга жўнатиб юборган чор маъмурияти орасида кескин бир гап ўтмаганмикан, деган мулоҳаза уйғотади.
У 1909 йили 50 ёшида вафот этди.
Фурқат лирикаси
Шоир лирик меросининг салмоқли қисми ғазаллар бўлиб, уларнинг сони 200 атрофида. Мавзуи, қисқа қилиб айтганда, Одам ва Олам, уларнинг ўзаро муносабати ҳақида.
Фурқат лирик жанрнинг деярли барча – ғазал, мусамман, таржиъбанд, маснавий, қасида, қитъа, фард каби турларида муваффақият билан қалам тебратди.
Фурқат шеъриятда: биринчи навбатда Навоий ва Фузулийни ўзига устоз билди. Кўпроқ шулардан илҳом олди. Гоҳо бу илҳом мавзу ва оҳанг уйғунлиги даражасига кўтарилади. Масалан, Навоийнинг машҳур бир таржиъбанди бор: сўнгги банди «Нечук май била бўлмасин улфатим» сатри билан бошланади. Шоир бу сирли дунё қаршисида ҳайратдан лол қолганлигини, қуёш у ёқда турсин, ҳатто бир зарранинг дам моҳиятини англаб етолмаганини, шу жумладан, инсоннинг дунёга келмаги ва кетмаги ҳам унинг учун мутлақо қоронғу қолганини, бу ишда на у умид қилган илм, на тақвою тоат, на жамоа билан суҳбатлар, на шайхи муршид, на табиби ҳозиқ ёрдам бера олганини, ҳеч бири унинг мушкулини ҳал қила олмаганини изтироб билан айтар ва банд «Харобат аро кирдим ошуфта ҳол, Май истарга илгимда синғон сафол»,—байти билан якунланар эди. Фурқатнинг хонандалар томонидан севиб айтиладиган «Кўнгул дардига топмай бораман ҳаргиз даво истаб» мисраси билан бошланадиган ғазали руҳан шу таржиъбандга ғоят яқин. Бу ерда шоир «кўнгил дардига даво» истайди. У ҳам «шайхлар остониға» бош уради, «зоҳид аёғига» ўзини ташлайди, «яхшилар» этагидан тутади, «бегоналар»ни ошино қилади, лекин ҳеч биридан нажот топа олмайди.
Сурмадин кўзлар қаро, қўллар хинодин лоларанг,
Ғозадин юзларда тобу ўсмадин қошлар таранг,-
матлаъли машҳур ғазалининг биринчи сатри Фузулийдан тазмин сифатида олинган. Умуман, Фурқат мумтоз адабиётимизнинг сирсиноати билан яхши таниш. У ёр тасвирини чизар экан ёхуд ошиқнинг қувончу изтиробларини ифода қилар экан, шеъриятимизнинг бой образ ва тимсолларидан унумли фойдаланади, уларни давом эттиради. Мана қош тасвири:
Ўсмалик қошларму ё шамшир қондин занглиқ?
(Фузулийда: Муқаввас қошларингки, вўсма бирла ранг дут-мишлар. Киличлардурки қонлар тўкмак ила занг дутмишлар.)
Юз ва соч:
Юз уза кокилмидур ҳар сори печу тоб ила?
Ганжи ҳуснунгму ётур икки аждар устида.
Юз-ҳусн хазинаси, юз узра тушган икки кокул-икки аждар. Афсоналарга кўра, хазиналарни илонлар, аждаҳолар қўриқлаган. Кўп ишлатилган образлардан. Шоир ташбиҳ, таносуб, талмеҳ каби бир қатор шеър санъатларидан фойдаланмоқда.
Худди шу «Устида» радифли ғазалидаги кўзнинг таърифини кўрайлик:
Икки жоду наргисинг солғай жаҳонға фитналар,
Бўлмаса урён қошингдин икки ханжар устида.
Кўз — наргис. Бу ўхшатиш илгаридан бор эди. Шоир «наргис» га жоду (сеҳргар) сифатини беряпти. Бу ҳам янгилик эмас. Агар у икки сеҳргар наргиснинг тепасида ялангочланган икки ханжар (қош) бўлмаганида эди, улар оламга фитна сола олар эдилар. Бетакрор ҳусни таълил келтирилган.
Шоир қошу кўзларни ғоят нозик психологик ҳолатлар билан боғлайди.
«Кеткил ул ён!» – деб ишорат қилса ҳар гал қошларинг,
«Кел бери!» – деб айлашур оҳиста иймо кўзларинг.
Лирик ғазалларида Фурқат буюк салафлари анъаналарини му-носиб давом эттирди, ҳатто улардаги айрим образларни инжа маъ-нолар билан бойитди, янги поғонага кўтарди. Масалан, Навоийнинг:
Нуқтаи холинг недин ширин лабинг устидадур,
Нуқта чун остин бўлур ҳар қайдаким ёзилса «лаб», –
байтидаги образли тасвирни Фурқат қуйидагича давом эттиради:
«Нуқта лаб устида бежодур?» дедим. Айди кулуб:
«Саҳв қилмиш котиби қудрат магар таҳрирда?»
Маълумки, араб имлосида «лаб» сўзи ёзилганида «б»нинг нуқтаси ҳарфнинг пастки қисмига қўйилади. Маъшуқанинг холи эса лабининг тепасида жойлашган. Ҳазрат Навоийда ушбу образга оид сўз ўйини монолог тарзида берилган бўлса, Фурқатда бу диалог кўринишини олган. У «Нуқга лаб устида бежодур?» деганидаёқ ҳазрат Навоий байтидаги маънони тўла ифодалай олган. Бу саволга маъшуқа жавобининг берилиши эса образни янги бир босқичга юксалтирган. Ёхуд Навоий бадииятининг юксак намуналаридан бўлган:
Қуёшдек чеҳра бирла тийра кулбам айлагач равшан,
Менга титратма тушди зарра янглиғ изтироб айлаб, –
байтидаги қуёш ва зарра образлари воситасида яралган бетак-рор бадиий тасвирни Фурқат тамомила янгича, ўзига хос йўсинда тасвирлайдики, бу унинг беназир салоҳияти далилидир:
Жомаи заркаш кийиб от ўйнатиб чиқсанг, нигор,
Бўлмағайму заррадек хуршиди ховар беқарор.
Яъни, Фурқат тасвирида маҳбубанинг ақл бовар қилмайдиган ҳусн-жозибаси қаршисида энди ошиққина эмас, Навоий ғазалида унга тенг қилинган қуёшнинг ўзи ҳам заррадек титроққа тушади.
Фурқатнинг навбаҳор, баҳор айёми ҳақидаги жўшқин ғазаллари аллақачон халқ мулкига айланган. Лекин бир қатор шеърлари сингари табиат ҳақидаги бу хил ғазаллари ҳам дононинг хорлиги-ю, нодоннинг азизлиги ҳақидаги жамият қурилишига оид гапларга уланиб кетади. Умуман олганда, унда инсоний қадр, миллатнинг юксак шаъни ҳақида ҳам яхшигина шеърлар бор. Шулардан бири «Бормасмиз» радифли ғазалидир.
Биз, истиғно эли, қичқирмағон маъвоға бормасмиз,
Агар чандики хирман айласа дунёға бормасмиз, –
матлаъи билан бошланади шеър. Матлаънинг маъноси, содда қилиб айтганда, чақирилмаган жойга бормаймиз, дегани. Лекин бу нақадар баланд оҳангда, жилдий ва тантанавор айтилмоқда. Биз «истиғно эли» — иззатини билувчи, дийдаси тўқ одамлармиз, чақирилмаган жойга бормаймиз. Мол-дунёгина эмас, тасаввур қилинг: олам саҳросида сувсиз ташна қолдик. Оддимиздан мавж уриб ётган дарё чиқиб қолди. Агар шу дарёга заррача малол келса ва буни билсак, бормаймиз:
Агар лаб ташна қолсак, филмасал саҳройи оламда,
Малолат зоҳир этса, мавж уран дарёға бормасмиз.
Ўзбек миллий психологиясини белгилашда ғоят характерли шеър. Миллий руҳни ғоят ва бениҳоя халқона берувчи бундай шеър Фурқатдан олдин ҳам, кейин ҳам адабиётимизда учрамайди.
Умуман, Фурқат лирикасида бошқа ҳеч бир шоир меросида учрамайдиган, кутилмаган лавҳалар кўп. Масалан, шоирнинг бир ғазалида лирик қаҳрамон ўзининг ёр ишқига нечоғли содиқ эканлигини қуйидагича далиллайди:
Ошиқи содиқлиғимга бовар айларсанму, ёр,
Қози муҳрин бостириб, хат бирла иқрор айласам.
Мақсуд Шайхзода таъбири билан айттанда: «Севги мактубига қози муҳрини бостириш! Кутилмаган ва ғайриоддий детал!»
Шоир лирикасида ҳам мажозий, ҳам ҳақиқий ишқ билан боғлиқ беқиёс намуналар мавжуд. Бошқа мумтоз шоирларимиз каби Фурқат ҳам мажозий ишққа ҳақиқий ишқ йўлидаги бир босқич сифатида қараган. Қуйидаги байт бунга далил бўла олади:
Ҳақиқий ошиқ эрсанг, гулга нечук нола айларсан,
Худоға йиғлағилким, гул эмас фарёдрас, булбул.
Яъни: «Эй булбул, ўзингни ҳақиқий ошиқ деб ҳисобласанг, гулга эмас, Худога нола қил. Чунки фарёдрас (фарёдни тингловчи, раҳм қилувчи) гул эмас – Худо». Демак, шоирнинг фикрича, модомики ҳақиқий ишқ даражасига кўтарилмас экан, мажозий ишқ инсон камолоти учун ҳеч қандай наф келтирмайди. Мазкур фикр байтда рамзлар воситасида, гўзал бадиий шакдда ифодаланган.
Ёхуд мана бу байт мазмунига эътибор беринг:
Жаҳон аҳли ҳама бегонадур роҳи ҳақиқатда,
Ўзунгдин ўзга йўқдур қўл тутарға ошно, ё раб.
Фурқат яна бир шеърида шундай ёзади:
Эй муҳаббат аҳли, рамзи ишқ фаҳм айлай десанг,
Ёзилан хуни жигардин, Фурқат, ашъоримға боқ.
Эътибор берилса, шоир ишқ рамзини фаҳм этиш хусусида баҳс юритмоқда. Худди шу жиҳатдан унинг:
Лоладек жамолингни бир йўли қўруб зоҳид,
Неча йилғи зуҳдидин доғ ўлуб пушаймондур, –
каби мисраларини шарҳлаганда рамзлар, тимсоллар моҳиятини англаш, шундан кейингина бир хулосага келиш мақсадга мувофиқдир.
Шоир одамларни икки тоифага бўлади: аҳли Ҳақ ва аҳли дунё. Унинг фикрича, «сориғ олтин касрати», яъни дунё матоҳини кўпайтиришга бўлган интилиш кўнгилни қорайтиради:
Сориғ олтин касрати кўнгулни айлайдур қаро,
Чунки сафро бўлса ғолиб ўзга савдо тортадур.
Аҳли дунё – дунё матоҳига кўнгил қўйганлар ўз манфаатлари йўлида ҳар қандай муқаддас туйғуни қурбон қилишлари мумкин. Чунки дунё сарватига эришмоқ — уларнинг бош муддаолари. Шу боис бундайлардан йироқ бўлмоқ керак:
Аҳли дунё суҳбати ичра шароби нобдин
Ит ялоқи ичра ичган қип-қизил қон яхшироқ.
Ит – вафо тимсоли. Аҳли дунёдан кўра ит ҳам афзалроқ. Чун-ки у вафо аҳлидан. Дунёпарастларни шунчалик маломат қилган шоир муҳаббат аҳлини улуғлайди. Уларга ёр бўлиш саодат калити эканлигини алоҳида таъкидлайди:
Бир нафас ҳам бўлмағил бедардларға ҳамнишин,
Қайда бир аҳли муҳаббат бўлса анга ёр бўл.
Ижтимоий-сиёсий лирика
Чор Русиясининг мустабид сиёсати Туркистон халқлари ҳаётининг барча – сиёсий, иқтисодий ва маънавий жабҳаларини бирдай занжирбанд қилганлиги маълум. Табиийки, миллатпарвар зиёлилар, жумладан, Фурқат ҳам бунга бефарқ бўлган эмас. Фурқат «Муножоти мусаддас» асарида бу ҳолни «Куффор банди ичра сонсиз тугунда қолдук» дея оғир изтироб билан таърифлайди. Шоирнинг мазкур асаридаги қуйидаги мисралар ҳам истибдод исканжасида қолган юрт тақдирига куйиниш ҳисси билан йўғрилган:
Қозию муфти, аълам доим ҳазину маъюс,
Дин посини тутай деб зиндони ғамда маҳбус,
Бечоралар на қилсун бўлса сиёсати Рус,
Қўймайди бир тарафдин халқ ичра нангу номус,
Раҳм айлагил, Худоё, бечора, хасталарга,
Ранжуру зору маҳзун кўнгли шикасталарга.
Ушбу мисралар орқали мустамлака сиёсатининг ҳақсизликка, зулмга асосланганлигини очиқ-ойдин тасвирлаган шоир мусаддаснинг бошқа бир бандида истибдод исканжасида юрт иқтисодиёти инқирозга юз тутганлигини, аҳли бозор накбатга қолганлигини, тижоратнинг касодга учраганлигини чуқур дард билан ифодалайди:
Уч йил бўлурки қолмиш накбатга аҳли бозор,
Кўрмас тижоратидин кўп нафъ хайли тужжор,
Аҳли ҳунарда ҳам йўқ чандоне равнақи кор,
Йўқдур ўзунгдин ўзга бир меҳрибону ғамхор,
Раҳм айлагил, Худоё, бечора, хасталарга,
Ранжуру зору маҳзун, кўнгли шикасталарга.
«Уч йил бўлурки қолмиш накбатга аҳли бозор» мисраси асарнинг Қўқон хонлиги рус қўшинлари томонидан босиб олинганига уч йил бўлган пайтда ёзилганлигини кўрсатади.
Фурқатнинг шоир Абдулҳақ махзум Роиқ архивидан аниқланган «Бегим» радифли дастхат шеърида ҳам шунга монанд фикрлар ифодаланган:
Шуъбада изҳор этиб ногоҳ чархи ҳийласоз,
Бошлади афсун ила макру дағосидин, бегим.
Ғунчаи давлатни гул янглиғ паришон айлади,
Тундбоди ҳодисоти можаросидин, бегим.
Охируламр ҳукумат гулшани бўлди хазон,
Келди зоғу қолди булбуллар навосидин, бегим.
Ушбу байтларда юртнинг тараққиёт қуёши сўниб, таназзул шоми бошланганлиги сўнгсиз ҳасрат билан ифода этилган. Чархи ҳийласознинг афсун ила макру дағоси — ўша пайтда мамлакатда кечган фитна-фасодлар, инқироз жараёни тимсоли. Натижада «…ғунчаи давлат гул янглиғ паришон бўлган. Ҳукумат гул-шани хазонга айланган». Зоғлар келиши билан булбуллар навоси тинган.
Булбул боғда сайрайди. Зоғнинг макони эса – вайрона. Таъкидлаш жоизки, мустамлака Туркистонининг аянчли аҳволини Фурқатгача ҳеч қайси шоир бунчалик таъсирли ифодалай олган эмас. Ўша тарихий вазиятда, ўша ижтимоий муҳитда бу сўзларни битиш чинакам жасорат эди.
Фурқатнинг истибдодга, жабру зулмга, адолатсизликка бўлган нафрати бошқа асарларида ҳам акс этган. Жумладан, «Бўлди» радифли мухаммасида шоир шундай ёзади:
Баҳор айёми ўтти, на гулу сарву суман қолди,
Ки булбул бирла қумри ўрнига зоғу заған қолди,
На жоми марг ичмай лолаи хунинг, кафан қолди,
Чаманлардин нишон ҳеч қолмади, илло тикан қолди,
Зимистони ажални бодидин бори хазон бўлди.
Баҳор — тараққиёт рамзи. Шоирнинг ёзишича, у ўтиб бўлган. Шунинг учун ҳам булбул бирла қумри ўрнини зоғу заған эгаллаган. Бу – миллий давлатчилик ўрнини Русия мустамлакаси забт этганига ишора. Ажал зимистони — истибдод тимсоли. У бор мав-жудликни хазонга айлантирган. Бинобарин, истибдод туфайли миллий анъаналар топталди. Миллатнинг бошига қора кунлар тушди, ҳуқуқи, эрки поймол этилди.
Юмуб кўзни, қадамни мардлар сори адам қўйди, Вафосиз даҳр аларни жониға токи алам қўйди, Ажал фарзанди одамни жаҳон мулкида кам қўйди, Мингу уч юз биринчиға сана токим қадам қўйди, Ҳамани эмди кўз тутгони бир соҳибқирон бўлди.
Мухаммаснинг дастлабки уч мисрасида мустамлаканинг илк кунлариданоқ бошланган оммавий қатагонга ишора қилинмоқда. Дарҳақиқат, чор ҳукумати Туркистонда ўз ҳокимиятини мустаҳкамлаш, истибдод сиёсатининг давомийлигини таъминлаш мақсадида халқни иложи борича жаҳолатда асраш, миллатнинг онгли, маърифатли қатламини аёвсиз қатагон гирдобига ташлаш сиёсатини олиб борди.
«Юмуб кўзни, қадамни мардлар сори адам қўйди». Адам -йўқлик, демакдир. Бу мисра орқали қатағон машинаси мардларни, яъни миллат зиёлиларини шафқатсиз равишда ўз комига тортганлигига ишора қилинмоқда. Натижа шундай бўлдики, «Ажал фарзанди одамни жаҳон мулкида кам қўйди». Яъни, бу ҳол оммавий тус олди.
Кейинги мисрада шоир бу фожиалар рўй берган санани ҳам очиқ ёзади: «Мингу уч юз биринчиға сана токим қадам қўйди». Ҳижрий 1301 йил милодий 1883—1884 йилларга тўғри келади. Демак, рус босқинининг айни авжига минган даври ҳақида гап кетяпти.
Бешинчи мисрада янада аҳамиятли фикр ифода этилган: «Ҳамани эмди кўз тутгони бир соҳибқирон бўлди». Дарҳақнқат, миллат бу пайтда Соҳибқиронга, йўлбошчига муҳтож эди. Юртни мўғуллар зулмидан озод қилган Соҳибқирон – миллий озодлик тимсоли. Шунинг учун ҳам шоир миллатга унингдек бир раҳнамони орзу қилади.
Кўриниб турибдики, Фуркдт шеъриятида озодликка, миллий истиқлолга интилиш туйғуси чуқур дард билан, бетакрор бадиий шакдда ифодаланган. Бу туйғу баъзан очиқча, айрим ҳолларда эса мисралар тагматнида акс этганлиги кузатилади. Шоир асарларидаги бундай қарашлар Туркистондаги миллатпарвар кучлар, хусусан, жадидлар ҳаракатида узвий давом этганлигини кузатиш мумкин. Бу эса, ўз навбатида, Фурқат ва мустамлака маъмурлари ўртасидаги муносабатнинг зимдан ёмонлашувига, алалоқибат, шоирнинг гўёки «ўз ихтиёри билан, саёҳат орзусида» хорижга кетишига, амалда эса сургун қилинишига сабаб бўлди.
Фурқат лирикасида инсон эрки мавзуи ва ғурбат оҳанглари
Шоир чет элларда кезар экан, бир лаҳза ҳам Ватанидан кўнгил уза олмайди. Юртидан айри тушганини дилдилидан сезиб туради. Изтироб чекади. Унинг хорижда ёзган «Адашганман» радифли ғазали ва мухаммаси бунинг ёрқин мисоли.
Шеърга «адашганман» сўзининг радиф қилиниб, урғу берилишининг ўзида катта маъно бор. Қаерга бормасин, шоир ўзини ғариб, ошиёнидан айрилган қуш, бўстонидан адашган булбул сингари ҳис қилади:
Ғариби бу вилоят – хонумонидин адашганман,
Басони мурғи ваҳший – ошиёнидин адашганман.
Йўқ, йўқ, у шунчаки Ватанидан эмас, тандаги жонидан ай-рилган. Фалак бир айланди-ю, у бошидаги соябонидан айрилди. Бошига ғурбат офтоби тушди. Бу оламга нур, ҳаёт бергувчи одатдаги офтоб эмас, аксинча, ҳаётни сўндирувчи, борлиқни йўқ этувчи «оламтоб» (оламни куидирувчи)дир. Шоир офтобга бутунлай янги маъно беради, ғурбат мазмунини англашга хизмат эттиради.
«Кўрдим» радифли ғазалида дунё кезган шоирнинг фалсафий ўйлари берилган. У дунё одамлари («аҳли жаҳон»)да вафодан асар кўрмайди. Ўз ҳолидан бировга шикоят қилишга ҳожат сезмайди, чунки уларнинг аҳволи буникидан «баттар». Унингча, умуман, биров билан гаплашиш имкони йўқ. Чунки «Ҳамани кўзини кўру қулоғи кар кўрдум», — деб ёзади шоир. У Ватанга қайта олмаслигини юракдан сезади. Шоирнинг «Мурод нахлини тогшиму беса-мар кўрдим» (Мурод дарахтини топдиму мевасиз кўрдум), «Фироғ кечасини оҳ, бесаҳар кўрдум» дейишидан шу маъно англашилиб туради. Шоир Ватанидан келган ҳар бир хат-хабарни кўзига тўтиё қилади. Завқийнинг 1898 йили ёзган сатрларидаги эҳтиросли со-ғинчдан ҳаяжонга тушади:
Жонимга тоб солди сўзи фироқ, Фурқат,
Келким, хароб қилди бу иштиёқ, Фурқат!
Қосид, етур паёмим, ҳар ерда топсанг они,
Завқийни тоқатини қўп қилма тоқ, Фурқат.
Шоир Фуркат дарҳол:
Кездим жаҳонни қолмай, Шому Ироқ,
Завқий! Бир топмадим сенингдек аҳли вифоқ,
Завқий! Шавқи висолинг ила ҳаргиз қарор йўқтур!
Жонимни ёқти ҳажру кўнглум – фироқ, Завқий! –
деган сатрлар билан бошланувчи шеърий жавоб битиб юборади. «Иқболи норасо»лигидан, «маъюс толеъи»дан қадрдонига шикоят қилади. Шарқу Ғарб омухта бўлган муаззам Бомбай кўчаларини кезар экан, мусофирлиги ҳар дақиқада эсига тушади. Тошкентдаги улфатлари билан бўлиб турган душанба кун суҳбатларини, «ғижжагу сеторлар»ни, қадрдони — санъаткор Фарзинхонни ёдга олади. Кашмирдаги гўзал билан учрашув ва у билан бўлган суҳбат («Бир қамар сиймони кўрдум балдаи Кашмирда» ғазали) беихтиёр Ватан мавзуига келиб тақалади. «Қамар сиймо» шоирдан «Тарки Ватан» сабабини сўрайди. Шоир тақдирга йўяди.
Ҳатто марғилонлик шоир ва олим, донишманд қадрдони Умидий-Ҳавоий(1835—1905)га йўлланган шеърий мактубида ўз «Қори ака»сидан мўътабар китобларга қараб, тақдирини кўриб, юртига қайтиш-қайтмаслигини билиб беришни илтижо қилади. Тақдир шоирни бўйсунишга мажбур этади. 1903 йили Тошболтуга ёзган шеърий мактубида Ёркентда «муқим қолмоқ»ни «Худо тақдири» деб билгани, «чунучаро» (нега, нима учун) дебон сабаб излаш бандаликка мос келмаслигини қайд этади.
Шоир ватанжудолиги тақдир тақозоси эканлигига шубҳа йўқ. Лекин бунинг объектив сабаблари ҳам бор эди. Шоирнинг бир қанча асарларида ҳам бунга ишоралар мавжуд. Хусусан, Завқийга ёзган мазкур шеърий мактубидаги қуйидаги сатрлар бу жиҳатдан эътиборга молик:
Саргашта ҳолатимдин воқифлик истар эрсанг,
Ибрат кўзини очиб гардуна боқ, Завқий.
Эътибор беринг: шоир саргашта ҳолати сабабини гардунда кечаётган ҳодисалар замиридан қидиришни тавсия этмоқда. Унинг бошқа асарларида бу ҳодисалар моҳияти – юртнинг истибдод ис-канжасида қолганлиги, «ғунчаи давлат гул янглиғ паришон, ҳукумат гулшани хазон» бўлганлиги, булбуллар ўрнини зоғлар эгаллаганлиги очиқ ёзилган. Демак, мазкур шеърий мактуб ёзилган пайтда бу ҳақда очиқча ёзиш имкони бўлмаган. Фикрни образлар воситасида, мисралар тагматнида беришдан ўзга чора қолмаган-лиги маълум бўлади. Шоир бошқа бир назмий мактубида шундай ёзади:
Борурман гар қутулсам бу тилисми ҳайратафзодин,
Етиб имдод ҳолимға жамиъи муддаолардин.
Фурқатнинг «Бу тилисми ҳайратафзодин қутулсам борурман» деган фикри чуқурроқ ўйлаб кўришни тақозо этади. Демак, шоирнинг юртга қайтиш йўлларида тўсиқлар кўп бўлган. У буларни очиқ айтмайди. Шеърий мактубларида ўз қадрдонларига бу ҳақда айрим ишоралар қилади, холос.
Фурқатнинг «Сайдинг қўябер, сайёд, сайёра экан мазндек» сатри билан бошланувчи мусаддаси унинг ижодида муҳим ўрин эгаллайди. Сайд (ов), сайёд (овчи), дом (тузоқ) образлари Шарқ адабиётида қадимдан бор. XVIII асрда туркман шоири Андалиб ушбу образлардан унумли фойдаланиб, овчи тузоғига тушган оҳута ҳамдардлик туйғуси билан тўлиб-тошган махсус мухаммас ҳам ёзган эди. Фурқатнинг асари мусаддас бўлиб, бу ҳам шу анъ-анада битилган. Лекин шоир яшаган замон, Туркистондай юртнинг эгаси қўлидан кетиб, истило асрининг сайёди қўлига тушиши унга, табиийки, янги маъно, янги мазмун беради. Қолаверса, фурқатшунослар ушбу мусаддаснинг майдонга келишида шеърда номи зикр этиладиган Саъдулла Ҳофизнинг ёмонлар то-монидан фожиали ўлдирилишини ҳам бир сабаб қилиб кўрсатадилар.
Мусаддас 7 банддан иборат. Дастлабки банд шундай бошланади:
Сайдинг қўя бер, сайёд, сайёра экан мандек,
Ол домини бўйнидин, бечора экан мандек,
Ўз ёрини топмасдан, овора экан мандек,
Иқболи нигун, бахти ҳам қора экан мандек,
Ҳижрон ўқидин жисми кўп ёра экан мандек,
Куйган жигари-бағри садпора экан мандек.
Шоир тузоққа тушган оҳунинг ҳолини хилма-хил ташбиҳ ва муқоясалар билан тасвир этгач, овчига хитоб қилиб, уни банддан озод этишини сўрайди.
Яшамоқ, дунёга шунчаки бир келиб кетмоқ эмас, шиллиқурт мисоли фақат қорин ғамида ғовакда ғимирлаб ўтиб кетиш хдм эмас. Яшамоқ, биринчи навбатда, ҳур, эркин яшамоқдир. Бас, «риштани (тузоқ ипларини) кес!..» ҳайқиради шоир, тоғларга чиқиб, ёри билан қовушсин. Кел, беш кунлик сенинг даврингда бечора ўйнаб-қувонсин. Тенгдошлари билан дунё неъматларидан баҳраманд бўлсин. Умр бўйи сенинг дуойи жонингни қилсин. Ахир ҳижрон ўқларидан жисми бутун жароҳат экан. Жигар-бағри эзилиб, пора-пора бўлган экан-ку!
Ҳар бир жонивор ўз жинси билан бўлмоғи лозим. Ҳар бир ҳайвоннинг ўз яйлоғи (яйлов жойи) ва қишлоғи (қишлоқ жойи)га тенг келадиган саодати йўқ. Фақат уни озод қилиш ва ўз ҳолига қўйиш керак. Шеърда илгари сурилган ғоялардан бири – шу, мазмуни — шу. Лекин бу фикрлар беихтиёр ҳар бир миллатнинг турмуш ва тараққиёти мутлақо унинг мустақиллиги ва миллий замин ҳамда ўз анъаналари асосида бормоғи лозим деган ва сўнгроқ жадидчиликнинг бош масалаларидан бирига айланган ғояни эсга туширади. Бу ҳол Фурқат ижодини янги давр адабиёти билан боғлайдиган муҳим нуқталардандир.
Таржиъбанд шаклида ёзилган мусаддаснинг ҳар бир банди ниҳоясида такрорланиб келган:
Ҳижрон ўқидин жисми кўп ёра экан мандек,
Куйган жигари-бағри садпора экан мандек, —
мисралари асардаги лирик руҳнинг янада жўшқин, таъсирли бўлишини таъминлаган. Профессор Ғ.Каримов таъбири билан айтганда «…мусаддас мазмун жиҳатидан ниҳоятда кучли ва чу-қур бўлиб, композиния жиҳатидан беқиёс тугалланган, бадиий форма ва услуб жиҳатидан эса мислсиз юксак асардир».
Табиийки, чор ҳукумати Фурқатдек беназир истеъдоднинг, миллатпарвар шоирнинг, ортидан кўплаб кишиларни эргашти-ра оладиган салоҳиятли тафаккур соҳибининг Туркистонда яшашидан манфаатдор эмас эди. Шунинг учун ҳам унинг юртга қайтиш йўллари беркитиб қўйилди. Халқ шоири Абдулла Ориповнинг «Фурқат нидоси» шеърида шундай мисралар бор:
Юрт у ёнда, мен бу ёнда, ўртада ҳижрон сели –
Анга қўприк ташламакка байтларим бўлди асос.
Дарҳақиқат, шоирнинг муборак вужуди узоқларда қолиб кетган бўлса-да, унинг ўлмас руҳи асарлари орқали авлодлар қалбида яшаб келмоқда.
Фурқат ижодида ислом маърифати ва тасаввуф ахлоқи мавзуи
Фурқат шеъриятида ислом маърифати мавзуи етакчи ўринни ташкил этади. Зеро, у ёшлик чоғлариданоқ диний ва дунёвий илмларни мукаммал эгаллади. Мадраса таълимини олди. Араб ва форс тилларини пухта ўрганди. Шариат ва тариқат илмида камолга эришди.
Фурқат шеъриятини ислом маърифати ва маънавиятидан айри тасаввур этиб бўлмайди. Шоирнинг аксар байтлари Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифларга битилган шеърий шарҳлар эканлиги ҳам ушбу фикрни қувватлайди.
Шоир назмида оят ва ҳадисларга мурожаат икки хил усулда бўлганлиги кузатилади. Биринчиси – оят ва ҳадислардан тўғридан-тўғри иқгибос келтириш. Иккинчиси – оят ва ҳадисларнинг шеърий шарҳи.
«Қулунгман» радифли ғазалда шундай байт келади:
Дединг: «Ла тақнату мин раҳматиллаҳ»,
Умид айлаб анго боқғон қулунгман.
«Ла тақнату мин раҳматиллаҳ» («Зумар» сураси, 53-оят) ояти каримаси Қуръони карим изоҳли таржимасида: «Оллоҳнинг раҳмат-марҳаматидан ноумид бўлмангиз!» дея шарҳланган. Муфассир ватандошимиз Саййид Маҳмуд Тарозий — Олтинхон тўра мазкур ва унга ёндош оятларни қуйидагича тафсир қилган: «Бу бир неча ояти шарифа инсонларни тавба ва иноятға даъват берур. Хоҳ алар кофирлар бўлсунлар ё гуноҳкорлар бўлсунлар, Оллоҳ таоло аларнинг тамоми куфр ва гуноҳларин мағфират қилур ва ўз раҳматиға дохил этур».
Кўриниб турибдики, ояти карима мазмуни теран. Фурқатнинг хизмати эса уни гўзал бадиий шаклда бетакрор ифода этганлигидир.
Шоир асарларида ҳадислардан ҳам худди шундай иктибос олиш ҳоллари мавжуд. Жумладан, у «Ҳажнома»да шундай ёзади:
Рисолат тождори шоҳи «Лав лак»,
Нубувват баҳрида бир гавҳари пок.
Таъкидланганидек, Фурқат шеъриятида оят ва ҳадисларга мурожаатнинг иккинчи – уларни шеърий шарҳлаш усули ҳам мавжуд. Мисолларга мурожаат этамиз:
Қодиреким, ерга қўйди етти кўкни бесутун,
Моҳу хуршиду кавокибдин бериб зийнат анго.
«Худойи таоло шундай қодир зотдурки, осмонларни устунсиз кўтариб қўйгандур». Биринчи мисрада худди шу ояти кариманинг шеърий шарҳи берилган. Иккинчи мисра мазмуни эса «Мулк» сураси 5-оятига мувофиқ келади: «Ва, албатта, дунё осмонини чироқлар билан зийнатладик».
Таъкидлаш жоизки, Фурқат мазкур байтда, айниқса, иккинчи оят мазмунини янада аниқроқ шарҳлайди. Ояти каримадаги «чироқлар»дан мурод — моҳ (ой), хуршид (қуёш), кавокиб (юл-дузлар) эканлигини гўзал бадиий шаклда ифодалайди.
Қуйидаги шоҳбайт мазмуни янада таъсирчан:
Кулли ашё жунбуш айлаб зикриға машғулдур,
Ваҳшиёни дашт, хайлул-баҳру мургони ҳаво.
«Етти осмон, Ер ва улардаги бор жонзот — мавжуд бўлган барча нарса ҳамду сано айтиш билан Оллоҳни поклар, ёд қилур. Лекин, сизлар (эй инсонлар) уларнинг тасбеҳ айтишларини -поклашларини англамассизлар» («Исро» сураси, 44-оят).
Мазкур ояти каримани Олтинхон тўра қуйидагича тафсир қилади: «Яъни, ҳар бир махлуқ, яралмишларнинг ҳар бири забони ила ё ҳоли ила Парвардигор поклигин баён қилур ва анинг ҳамдин айтур. Лекин, сизлар билмассизлар. Чунки сизлар билмаган луғатда тасбеҳ айтурлар».
Ояти каримадаги теран мазмунни биргина байтда шунчалик бетакрор бадиий шаклда ифода этиш шоирдан нечоғлик чуқур илм, нақадар юксак маҳорат талаб қилишини англаш қийин эмас. Шоир ушбу оят мазмунини янада ойдинлаштириб шарҳлайди. «Кулли ашё»нинг Оллоҳни зикр этишини таъкидлаган шоир ўқувчига таъсири кучлироқ бўлсин учун улардан айримларини номма-ном санайди. Улар — даштдаги ваҳший ҳайвонлар (ваҳшиёни дашт), денгизлардаги жониворлар (хайлул-баҳр), ҳаводаги қушлар (мурғони ҳаво). Бунда байт тагматнида ифодаланган маъно янада эътиборга лойиқдир. Яъни, мазкур жониворларки Яратганнинг зикрини бир нафас бўлсин унутмас экан, яралмишлар афзали – Инсоннинг бундан ғофил бўлишга ҳаққи йўқ.
Шоирнинг «Ё раб» радифли ғазали матлаъи қуйидагича:
Қаройғон дилга бергил нури покингдин зиё, ё раб,
Кетиб занги гунаҳ ойинадек топсун жило, ё раб.
Савол туғилади: Дил ҳам қорайиши мумкинми? Шоир «занги гунаҳ» деганда нимани назарда тутмоқда? Байтдаги образли тасвир фақат шоирона маҳорат маҳсули холосми?
«Мўмин киши гуноҳ иш қилса, қалбида бир қора нуқта пайдо бўлади. Агар тавба қилиб, у гуноҳдан бутунлай қайтса, истиғфор айтса, қалби покланади. Мабодо гуноҳни зиёда қилса, қалбидаги қора яна ҳам зиёда бўлади» — дейилади ҳадиси шарифлардан бирида. Маълум бўладики, шоир мазкур ҳадисдан илҳомланган ва ундаги чуқур мазмунни шеърий байтлар замирига сингдирган. Шунинг учун ҳам бу ғазалга Муқимий, Муҳйи, Муҳаййир каби забардаст шоирлар назиралар битганлар.
Маълумки, мумтоз шоирларимизнинг аксарияти тасаввуф ҳаётини амалда яшаганлар. Кейинги изланишлар натижасида Фурқатнинг ҳам тасаввуф аҳлидан бўлганлигини тасдиқловчи бир қанча далиллар аниқланди. Хусусан, «Кулунгман» радифли шеърида шоирнинг ўзи шундай ёзади:
Илоҳо, ташлама Фурқатни ўтга,
Муриди ҳазрати Жийлон, қулунгман.
Мазкур байт Фурқатнинг қодирия тариқати асосчиси, тасаввуф илмида улкан мактаб яратган Шайх Абдулқодир Жийлонийни ўзига пир деб билганлигини кўрсатади. Шоирнинг бошқа шеърларида ҳам бунга ишоралар мавжуд. «Айланг мадад» радифли ғазал мақтаъи ҳам бунинг далили:
Фурқатий йўлларда қолди, Ғавси Аъзам дастгир,
Қўл тутарға йўқ эрур бир раҳнамо, айланг мадад.
Маълумки, «Ғавсул-Аъзам» — Абдулқодир Жийлонийнинг нисбаси. Мазкур байтда ҳам Фурқатнинг улуғ шайхга бўлган ихлос ва муҳаббати ифода этилган.
Фурқатнинг тасаввуф ҳаётини амалда яшаганлигига кўплаб шеърларида ишоралар мавжуд. Афсуски, унинг айнан қайси пири комил тарбиясини олганлиги ҳозирча маълум эмас.
Шу пайтгача шоир ҳаёти ва ижоди бўйича яратилган тадқиқотларда унинг араб мамлакатларида бўлганлиги қайд этилган бўлса-да, ҳаж арконларини адо этганлиги тўғрисида сўз юритилмаган эди. Кейинги изланишлар Фурқатнинг наинки ҳаж ибодатини адо этганлиги, ҳатто шахсий муҳрида ҳам ҳожи унвони акс этганлигини исботлади. Жумладан, шоирнинг Ўзбекистон Марказий Давлат архивида сақланаётган Ёркентдан 1896 йил август ойида юборган ва сана қўймасдан йўллаган мактубларида «Зокиржон ҳожи» унвони билан, шунингдек, 1905 йил 10 июлда юборган мактубида «Ҳаким Зокиржон ҳожи» деган битик билан муҳр босилган.
Шоир ҳаж ибодати таассуротлари ҳақида бир қанча асарлар, жумладан, «Ҳажнома» ҳам ёзган. Ўз даврининг эътиборли ман-баларидан ўрин олганлиги шоир «Ҳажнома»сининг нечотлик маш-ҳур бўлганлиги далилидир. «Ҳажнома» таржиъбанд Йўлида ёзилган бўлиб, 12 банд, 216 мисрадан иборат. Биринчи банд пайғамбар алайҳиссалом равзасини зиёрат этиш шарафига ноил этганлиги учун Яратганга шукрона, набийлар сарварига саловати дуруд руҳи билан суғорилган. Иккинчи ва учинчи банд Мадинаи мунавварадаги Ҳарами шариф — Ал-масжид ан-набавий васфига бағишланган. Шоир Ҳарамни жўшқин бир муҳаббат билан тавсиф этади:
Бино чоғида меъмори — малоик,
Суви — кавсар ани, туфроғи — анбар.
Суви туфроғини лой айлаганда
Сомон ўрниға солғон мушки заъфар…
Тўртинчи банд пайғамбар алайҳиссалом меърожи таърифига бағишланган. Шоир набийлар сарварининг умматларга нечоғлик меҳрибон эканлиги, меърожда — Ҳақ таоло ҳузурида ҳам гуноҳкор умматлари ғамини чекишини қуйидагича тасвирлайди:
Ҳилол эрди буроқи суммиға наъл,
Ўшал оқшомки, қилди сайри афлок.
Буроқу Жаброилу қолди раф-раф,
Етушти ўзи Ҳақ қурбиға чолок.
Деди Тангри: «Ҳабибим, ё Муҳаммад,
Тила мандин бу дам, «Инна аътойнак».
Дедиким: «Умматимни мағфират қил,
Эрурлар осийу саффоки бебок».
Бешинчи банд «Одам фарзандларининг афзали, олам яралишининг, бани Одам мукаррамлигининг боиси» Муҳаммад алайҳиссалом васфига, олтинчиси равзаи муборак тавсифига бағишланган. Еттинчи бандда Уҳуд тоғи, саккизинчисида Масжидул-Қубо зиёрати таассуротлари жўшқин мисраларда ифодаланади. Тўққизинчи бандда Қиблатайн масжиди тарихи гўзал бадиий лавҳаларда акс этган. Ўнинчи банд шоирнинг инсон ва унинг моҳияти хусусидаги фалсафий хулосалари ифодалангани билан алоҳида ажралиб туради. Жумладан, у шундай ёзади:
Кел, эй жон, бўлса уммиди нажотинг,
Худо тоатиға сарф эт ҳаётинг.
Бу янглиғ журму исён бирла кечсанг,
Субҳи Маҳшарда келмасму уётинг…
Қутулмассан қочиб ҳаргиз ўлумдин,
Агарчи учгали бўлса қанотинг.
Тирикликда Худоға бандалик қил,
Ўлуб борсанг берур хатти баротинг…
Ҳалол ўлса ҳисобин сан берурсан,
Қолур молинг олиб бинну банотинг.
Фаромуш айлама ҳаргиз мамотинг,
Ажалдин олмадинг хатти омони.
Ўн биринчи банд Мадинаи мунаввара мадҳига бағишланган. Қуйидаги мисралар пайғамбар алайҳиссаломнинг муборак вужудлари абадий қўним топган бу шаҳарга шоирнинг қанчалик эҳтиром билан қараганлигини кўрсатади:
Чин уммат наздида қиммат эмасму
Гуҳардин санги хорои Мадина.
На ман танҳо, кимики умматидур,
Қилур доим таманнои Мадина.
Ўн иккинчи бандда Мадина зиёрати шоирга нечоғлик кучли таъсир этганлиги янада ёрқинроқ кўринади:
Бу ерда эрди, Фурқат, кош ўлсам,
Жиноносо бақиъиға кўмулсам.
Тиларманким: бериб барҳам ўзумни
Жаҳон ташвишидин бир йўл қутулсам…
Ҳаром ўлсун манга гулдек очилмоқ,
Сазодур ғунча янглиғ қонға тўлсам…
Оғир тоғдин гуноҳим, йиғламасдин
Ўзум ҳолимға, айб эрмасму, кулсам.
Агарчандики Хўқандда туғулсам,
Мадина ичра, ё раб, айла фоний.
Орифона тазарру акс этган бу мисралар шоир туйғуларининг нақадар самимий эканлигини кўрсатади. Умуман, Фурқатнинг барча асарлари каби «Ҳажнома»сида ҳам инсон ва унинг моҳияти билан боғлиқ фалсафий фикрлар бетакрор бадиият ила ифода этилган.
Таъкидланганидек, диний-маърифий ва тасаввуф ахлоқи йўналишидаги асарлар Фурқат ижодида етакчи ўрин тутади. Бу асарларни янгича тафаккур асосида тадқиқ этиш ва уларнинг жамият маънавиятини юксалтиришдаги ўрнини белгилаш фурқатшуносликнинг долзарб вазифаларидандир.
Манзумалари
Фурқатнинг рус ва Европа маданияти тарғибига бағишланган манзумалари шўролар замонида ҳукмрон мафкура манфаатларига мослаштириб тарғиб этилди. Шу боис истиқлолнинг дастлабки йилларида улар акс таъсир берди: ҳатто айрим «мутахассислар» ушбу манзумаларга «таяниб», Фурқатни чор «охранка»си хизматини қилганликда айблашга уриндилар. Аслида моҳият қандай эди?
Сир эмаски, биз буюк ўтмишга эгамиз. Лекин яна бир аччиқ ҳақиқатни ҳам тан олмасликнинг иложи йўқ. Айнан XIX асрга келиб миллатимиз таназзул жараёнини бошдан кечирди. Фурқат Тошкентдаяшар экан, рус мактаб-маориф тизимини кўриб ҳайратланди. Ўзимизники билан таққослаб, тараққиётдан нечоғлик ортда қолганлигимизни англади. Тараққий этган миллатлар даражасига кўтарилиш учун таълим тизимини ислоҳ қилиш лозимлигини тушуниб етди. Телефон, телеграф, газета, виставка каби ўша пайт учун янгилик ҳисобланган ҳодисаларнинг миллат ҳаётига кириб келишини хоҳлади. «Жаҳон басти кушоди» – жаҳондаги барча мушкулотларни ечиш йўли илм-маърифатда деб билди. Миллат фарзандларини шунга даъват қилди:
Жаҳон басти кушоди илм бирла,
Надур дилни муроди илм бирла.
Кўнгулларни сурури илмдандур,
Кўрар кўзларни нури илмдандур.
Бу сўзлар ҳамма даврлар учун ҳам бирдай аҳамиятли. Ҳеч бир замонда эскирмайди. Қолаверса, илм-маърифат қайси мамлакатда, қай бир миллатда бўлмасин, уни ўрганиш зарур. Бу – исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат. Фурқат Русиянинг мустамлака сиёсатини мақтаган эмас, у рус халқининг маданиятини тарғиб этди. Шундай маданий даража, шундай юксалиш бизда хам бўлишини орзу қилди.
Шоир «Суворов ҳақида» манзумасини ёзар экан, ҳеч шубҳасиз, миллат фарзандлари орасидан у каби саркардалар етишиб чиқишини, миллатнинг ҳарбий салоҳияти юксалишини истади. Маълумки, Фурқат мазкур асарни 1890 йил 5 октябрда Тошкентдаги рус театрида кўрган томошаси – рус драматурги Н.Куликовнинг «Суворов қишлоқда, Миланда ва яхши аёллар орасида» номли драматик асари таъсирида ёзган. Манзума шоирнинг миллат учун янги ҳодиса ҳисобланган театр санъати ҳақидаги кузатишлари акс этганлиги билан ҳам диққатга сазовордир.
Фурқатнинг «Масарратнома», «Қасида» каби асарлари ҳам му-тахассислар ўртасида айрим мунозараларга сабаб бўлган. Шоир «Қасида» асари сўзбошисида шундай ёзади: «Арбоби назардин умид улким, ушбу жаридаға мунсифона кўнгул бирла мутолаа ва мулоҳаза айлагайлар. Мабодо хотирлариға хутур қилмағойким, ушбу сўзлар хушомадгўйлиғ юзидин адо топқон бўлғай деб. Чунки мақсудимиз асли бошқа ерга реша чекмаклиги кўнглу-мйз ганжинасида мактум ва музмардур. Вассалом».
Шоирнинг бу асарларга инсоф юзасидан баҳо беришни сўраб ёзган ушбу сўзларидан кейин ҳам улар хусусида юзаки мулоҳаза юритиш арбоби назар — олимлар учун муносиб бўлмаган ҳолдир. Қолаверса, шоир хориждан юборган мактубларидан бирида «Масарратнома»ни «Ёрканд шаҳрида Комилжонбой оқсоқолнинг ишорати билан ёзилди» деса, яна бошқа бир манзумасини «Жаноб Остроумов тўра фармойишлариға мувофиқ 31-номра газет мазмунида бир манзума таҳрир айлаб, хизматлариға юбордим» деб ёзадики, шуларнинг ўзиёқ шоир асарларини баҳолашда қайси мезонлар асосида ёндашиш лозимлиги тўғрисида муайян хулосаларга келиш имконини беради.
Насрий асарлари. «Ҳажвиёт»
Фурқат Тошкентда яшаган даврида ўзининг таржимаи ҳолини ёзди. Таъкидланганидек, шоирнинг ушбу таржимаи ҳоли «Туркистон вилоятининг газети»да (1891 йилги ўн уч сонида) эълон қилинган.
Асар шу пайтгача мутахассислар томонидан «Саргузаштнома», «Фурқатнома», «Ахволот» каби турлича номланиб келди. Шоирнинг ўзи «Туркистон вилоятининг газети»да эълон қилиш чоғида уни «Хўқандлик шоир Зокиржон Фурқатнинг аҳволоти – ўзи ёзгони» дея номлайди. Шунинг учун мазкур сарлавҳадаги «Аҳволот» сўзини асар номи сифатида қолдириш мақсадга мувофиқ кўринади. Қолаверса, ушбу сўз асар моҳиятига ҳам мос тушади.
«Аҳволот» — мемуар асар. Унда Фурқатнинг болалик давридан 1891 йилгача, яъни Тошкентдан чиқиб кетгунга қадар бошидан кечирган воқеалар қизиқарли тарзда, бадиий шакдда ҳикоя қилинади. Асарда Фурқатнинг болалик даври, илк бор мактабга бориши, буюк салафлар асарлари мутолаасидан баҳраманд бўлиши, мадраса таълими, Қўқон хонлигидаги тартибсизликлар, тирикчилик ташвишлари билан Янги Марғилонга бориши, у ерда дўстлар орттириши, Қўқонга қайтиши, Муҳйи, Муқимий, Завқий, Нисбатий ва бошқа шоирлар адабий даврасидаги фаолияти, Марғилон ва Хўжанд орқали Тошкентга келиши, янгича маърифатпарварлик фаолияти, умуман, шоирнинг она-Ватандаги ибратли ҳаёти хусусида қимматли маълумотлар берилган.
«Аҳволот»да, шунингдек, ўша даврдаги тарихий вазият, рус босқини муносабати билан миллат ҳаётига кириб кела бошлаган Европа турмуш тарзи, маданияти, шоирнинг машҳур замондошлари тўғрисида ҳам муҳим фикрлар баён қилинган. Маълум бўладики, асар фақат Фурқат ҳаёти ва ижодини ўрганиш нуқтаи назаридангина эмас, миллатимизнинг XIX аср иккинчи ярмидаги тарихи ва маданий ҳаёти билан якиндан танишиш жиҳатидан ҳам алоҳида аҳамиятга эга.
Шунинг учун ҳам «Ахволот» ҳар доим мутахассислар эътиборини тортиб келган. Фурқат ижоди бўйича шу пайтгача мамлакатимизда ва хорижда яратилган тадқиқотларда мазкур мемуар асардан муҳим манба сифатида фойдаланилган.
«Қавоиди Чин ва умуроти сиёсий»
Фурқат ҳаёти ва ижодига оид манбалардан маълумки, у араб, форс, рус тилларини мукаммал билган. Шоирнинг ҳинд тилидаги «Песаи ахбор», «Ҳаблул-матин» газеталаридаги маълумотларга муносабат билдириб мақолалар ёзганлиги унинг бу тилни ҳам яхши билганлигини кўрсатади. «Қавоиди Чин ва умуроти сиёсий» асари унинг хитой тилини ҳам анча пухта эгаллаганлиги далилидир. Профессор Ш. Юсуповнинг таъкидлашича: «Фурқат ўз асарини яратишда биринчи манба сифатида фойдаланган китоб хитой муаллифи Гуанг Шуйнинг қаламига мансуб бўлиб, у эндигина ёзиб тугалланган ва ҳали у вақтларда Фурқат билган бошқа тилларнинг бирортасига ҳам таржима қилинмаган эди»ки, бу ҳам ушбу фикрни қувватлайди.
Фурқат Ёркентдан «Туркистон вилоятининг газети» бош муҳаррири Н.П. Остроумовга йўллаган, ёзилган санаси кўрсатилмаган бир мактубида «Ушбу дафъа хат бирлан бир китобким, шул вақтдаги Чин давлати хонининг вафот топқон отаси Чўнгхон ўз табъидин тасниф қилғон экан, яхши зарурлик сўзлари бор учун хизматингизға юбордим», – деб ёзган эди.
«Қавоиди Чин ва умуроти сиёсий» мазкур газетанинг 1905 йил 22 декабрь сонидан босила бошлаганлиги эътиборга олинса, Фурқатнинг мактуби 1905 йилнинг ўрталарида ёзилган бўлиб чиқади. Орадан бир йилча вақт ўтгандан кейин, демак, 1906 йили йўлланган яна бир мактубида (бу мактубнинг ҳам ёзилган санаси кўрсатилмаган) шоир «Ўтган йилда Хитой хони тасниф қилғон бир китоб бирлан бир мактуб хизматингизга юборуб эрдим. Ани(нг) бориб теккан ва тегмаган сабабидин ҳеч хат ёзмадингиз. Лозимдурки, илтифот қилиб, бир мактуб ёзгайсиз», – деб ёзади.
«Қавоиди Чин ва умуроти сиёсий» газетанинг 1905 йил 22 де-кабрь №50, 1906 йил 1 январь №1, шунингдек, 15, 22 февраль 7-8-сонларида эълон қилинган. Маълум бўладики, асар «Туркистон вилоятининг газети»да босилгандан кейин ҳам, орадан бир йил ўтса-да, Остроумов Фурқатга газетанинг мазкур сонларини юбориш тугул унга бу ҳақда бир оғиз хабар беришнида лозим кўрмайди. Шунинг ўзиёқ чор ҳукуматининг Туркистондаги эътиборли вакилларидан бири, миссионер Н. П. Остроумовнинг шоир Фурқатга бўлган «ҳурмати» нечоғлик эканлигини ҳис этиш имконини беради.
Бугина эмас. Газетанинг 1906 йил 22 февраль 8-сонида «Бақияси бор» деган қайд бўлишига қарамай, кейинги сонларида асарнинг давоми босилмайди. Унинг бизга маълум қисмида Хитой қоидалари («Қавоиди Чин») ҳақида анча муфассал маълумот берилган. Номланишидаги «умуроти сиёсий» («сиёсий ишлар») атамасига кўра, унинг Хитой сиёсий ҳаётига оид муҳим қисми газетада босилмаган ва бизгача етиб келмаган.
«Қавоиди Чин ва умуроти сиёсий» мазмун-моҳияти жиҳатидан ҳам, бадиияти билан ҳам кимматли асардир. Фурқатнинг таъкидлашича, Хитой подшоҳи Гуанг Шуй одамларни беш қисмга бўлади. Биринчи қисм — подшоҳлар ва катта-кичик мансабдорлар. Иккинчи қисм — ота ва болалар. Учинчи қисм — эру хотинлар. Тўртинчи қисм — оға ва инилар. Бешинчи қисм — ёру дўстлар. Асарда мамлакат тинч, эл-юрт фаровон бўлиши, одамлар ўртасидаги муносабатлар юксак маънавиятга асосланиши учун мазкур беш тоифа инсонлар амал қилиши зарур бўлган қоидалар баён қилинади. Фикр таъсирчанлигини ошириш учун ҳикоятлар келтирилади. Жумладан, биринчи қисм ҳақида муаллиф шундай ёзади: «…Катта-кичик мансабдорлар чин кўнгул ва яхши эътиқод бирла подшоҳнинг фармонини тутуб, жонларини фидо қилиб, хизматда устувор бўлмоғлиқдур. Ва умум раоё ва фуқаролар ҳамма вақт чин ихлослари бирла подшоҳнинг давоми давлати ва бақои салтанатини Худованди карим даргоҳидин талаб ва истидъо қилмоғлиқдурким, фуқароларнинг осойиши подшоҳнинг давлати барқарорлиғиға манут ва марбутдур».
Дарҳақиқат, ҳамма замонларда ҳам мамлакат тараққийси подшоҳ — мансабдорлар – фуқаро муносабатларига боғлиқ бўлган. Катта-кичик мансабдорлар мамлакат раҳбари фармонларининг ҳаётга татбиқ этилиши учун «жонларини фидо қилиб, хизматда устувор бўлсалар», шубҳасиз, бу юрт ободлигига олиб келади. Иккинчи қисм — ота ва болалар муносабатлари ҳақида ёзар экан, муаллиф ота-онанинг «ўғул ва қиз фарзандини яхши тарбиятлар бирла боқиб, илму ҳунар таълим бериб, молу пулини нисор қилиши, охир умрида мулку ашёларини мерос қўйиб кетиши»ни алоҳида таъкидлайди. Фарзандларнинг ҳам «… ота-онасиға ўрунлуқ вафо қилиши» зарурлиги, уларга «… либос ва хўрок воситаси бирла хизмат еткуруб, дуо олмоғлиқ ва аларнинг фармонини подшоҳнинг фармонини тутқондек тутуб, эҳтиёт қилмоғлиқлари» шарт эканлигини қайд этади.
Айниқса, қуйида келтирилган фикрларнинг тарбиявий аҳамияти бениҳоя катта: «Ва яна ўғул бола хотун олса, ота-онасиға вафо қилмоқни ул хотунға таълим бермоғлиқдур. Ва агар келин қайнота ва қайнонасиға вафодорлиқ қилмаса, гуноҳ ўғулға бўлғай. Ва агар ўғулни(нг) ўз онаси вафот бўлуб, отаси бошқа хотун олса, анго ҳам ўз онасиға вафо қилгондек вафо қилмоқлиғи лозимдур».
Ушбу сўзларга қатьий амал қилиш оилавий муносабатлардаги жуда кўп муаммоларни ҳал қилган бўлар эди.
Асарнинг қоидалар баён қилинган қисмида Хитой қоидаларининг ўзига хос жиҳатлари яққол намоён бўлади. Жумладан, «Ўғул ва набира ўз ота-онасини ва бобо-момосини дашном берса ва хотун киши ҳам қайнота ва қайнонасини ва қайнбобо ва қайинмомосини дашном берса, андоқ кишини(нг) жазоси — Хитой қавоидида бўғуб ўлдурадур». Кейинги қоида бўйича ота-она ва бобо-момосини урган ўғил, набира ёхуд келин қилич билан чопиб ўлди-рилиши таъкидланади. Бу бизнинг ўлчов-мезонларимиз жиҳатидан каралганда, бениҳоя шафқатсиз қоидалар бўлиб туюлиши аниқ. Лекин улар замирида ота-она ва бобо-момони ҳурмат қилиш фарзанд ва набиранинг ҳам, келиннинг ҳам бурчи эканлиги, уларга дашном бериш ёхуд қўл кўтариш осийлик билан баробарлиги каби юксак инсоний фазилатлар мужассам.
Учинчи қисм — эру хотинлар ҳақида ёзар экан, муаллиф улардан ҳар бирининг оила бахт-саодатини таъминлашдаги ҳуқуқ ва бурчлари хусусида сўз юритади. Эр ҳар доим хотинга мардона бўлиши лозимлиги, хотини хоҳ соҳибжамол, хоҳ баднамо бўлсин, бир кўнгидда бўлиши зарурлиги, агар баднамо хотин олиб қолса, Худонинг иродасига бўйсуниши кераклиги, хотин эрнинг ота-онасига густоҳлик қилса, унга аввал насиҳат қилиб, шундан ке-йингина танбеҳ бериши мақсадга мувофиқлиги алоҳида таъкидланади.
Ўз навбатида хотин ҳам эри хоҳ бой, хоҳ камбағал бўлсин, ношукрлик қилмай, Худо берса яхши кун кўрамиз деб яхши ният қилиши, қайнота ва қайнонасини ўз ота-онасидай кўриб, уларнинг хизматини бажонидил адо этиши зарурлиги уқгирилади.
Асарда тўртинчи қисм — ака-укалар тўғрисида ҳам ибратли мулоҳазалар баён қилинган. Жумладан, Фурқат бу ҳақда шундай ёзади: «… бир ота, бир онадин туғулғон оға-инилар бир-бири бирла иттифоқ бўлуб, иззат ва ҳурмат бирла бўлмоғлиқ ва ҳар икки ўғул бир-бириға шафқат қилмоғлиқдур. Мундоғ бўлса, ота-она фарзандидин хушнуд бўлур».
Бешинчи қисм — ёру дўстлар ҳақида билдирилган мулоҳазалар ҳам барча замонлар учун бирдай аҳамиятли: «… бир киши яна бир кишини дўст тутарда рост сўзларни ароға солиб, аҳду пай-мон боғламоғлиқ. Аввал керакким, бадасл ва нодон кишини дўст тутмағай. Боядки, вологуҳар ва содиқул-қавл, вафодор кишини дўст тутғай. Агар дўсти номурод ва фақир бўлиб қолса, аввалғидек муомала қилиб, балки зиёдароқ лутфу шафқат ва меҳру садоқат кўргузмоғлиқдур… Ота-онасиға ва оға-инисиға вафо қилмағон одамни дўст тутмағойким, бегона кишиға албатта вафо қилмайдур».
Асарда ёзилишича, мазкур беш тоифа одамлар муносабати хусусида Хитой хони махсус фармонлар чиқарган. Шунингдек, асар ёзилган пайтда ушбу қоидаларга амал қилинмаётганлиги, уларга сал аввалроқ риоя этилганлиги маълум бўлади. Фурқат бу ҳақда: «Ҳоло хоқон — мансабдор бу қоидаларни мужро қилмайдур» — дея таъкидлайди.
Асарда баён этилган қўни-қўшничилик одоблари, ўзаро олди-берди муносабатларини тартибга солиш борасидаги қоидалар ҳам ибратли.
Бундан ташқари, асарда аносири арбаъа (ўт, ҳаво, сув ва тупроқ)нинг физик хусусиятлари ва тиббиётнинг улар билан боғлиқ жиҳатларига оид қимматли мулоҳазалар баён қилинган.
Умуман, ушбу асар XX аср ўзбек насри намунаси сифатида Фурқат ижодий меросини тўлақонли тасаввур этишда муҳим аҳамиятга эга.
Фурқат илмий фаолият билан, хусусан, адабиётшунослик, элшунослик, тарих, табобат, ҳайъат (астрономия) каби илмлар билан жилдий шуғулланган. Унинг табобат борасидаги шуҳрати бир қанча манбаларда қайд этилган. Таъкидланганидек, «Зубдатул-ҳукамо» («Ҳакимларнинг сараси») унвони соҳиби бўлганлигиёқ унинг тиб илми борасидаги салоҳиятини ҳис этиш им-конини беради. «Аҳволот»да Фурқат ўзининг Қўқон хонлиги тарихига оид асар ёзганлигига ишора қилади. Афсуски, бу асар ҳанузгача аниқланган эмас.
Ҳозирча Фурқатнинг тўрт илмий асари хусусида фикр юритиш имконига эгамиз. Улардан учтаси элшунослик (этнография) йўналишидаги асарлар бўлиб, «Тўй хусусида», «Аза хусусида», «Гап хусусида» деб аталади. Уларда шоир халқимизнинг тўйлари, аза маросими, гапгаштаклар, уларнинг ўзига хос тартиб-қоидалари ҳақида қимматли маълумотлар беради. Тўйда айтиладиган ёр-ёрлар, азада ўқиладиган марсиялар, гапгаштаклардаги шеър-қўшиқлар матнидан айрим лавҳалар беради.
Ушбу асарлар миллий урф-одатларимиз, қадриятларимизни ўрганишда муҳим аҳамиятга эга.
Фурқатнинг тўртинчи илмий асари – адабиётшунослик йўналишида. «Илми шеърнинг қоидаи авзонини баёни» деб номланган ушбу асарни ёзишда Фурқат Навоийнинг «Мезонул-авзон» асарига таянади. Асарда аруз вазнининг энг муҳим қонун-қоидалари баён қилинган.
Мазкур тўрт асар ҳажман унча катта бўлмаса-да, бизгача уларнинг Фурқат ўз қўли билан кўчирган матнлар асосида етиб келганлиги муҳимдир. Ушбу асарлар мукаммал настаълиқ хатида кўчирилган бўлиб, Фурқатнинг хаттотлик маҳорати тўғрисида ҳам муайян тасаввур бера олади.
Журналистлик фаолияти
Фурқат биринчи ўзбек журналистларидан. Унинг журналистлик фаолияти дастлаб Тошкентда, «Туркистон вилоятининг газети» таҳририятидан бошланган бўлса, кейинчалик хорижда янада юқори босқичга кўтарилгани маълум. Чет эллардан ёзган халқаро аҳвол, турли мамлакатлардаги ижтимоий-сиёсий вазият, турли миллатларнинг урф-одатлари, маънавий даражаси тўғрисидаги хабар ва мақолалари унинг журналист, публицист сифатидаги юксак салоҳияти далилидир.
Бу жиҳатдан шоирнинг «Хўқандлик Зокиржон Фурқатнинг «Пейсаи ахбор» ном Ҳиндистон газетидин нақл қилиб ёзган хабари» сарлавҳали мақоласи диққатга сазовордир. Мақолада афғон халқининг инглиз мустамлака сиёсатига қарши олиб борган аёвсиз кураши хусусида сўз боради. Жумладан, шоир ёзади: «Ушбу вактларда ҳар ўн беш кунда бизга келиб турган «Пейсаи ахбор» ном Ҳиндистон газетида ёзибдурки, шул кунларда англис бирлан кўҳистоний афғонларнинг ароларинда бўлуб турган муҳораба ниҳоятда қаттиғдур. Хусусан, Савот мавзеида қизиқ муҳорабалар воқеъ бўлуб туродур. Андин бошқа Навшаҳр деган мавзеъда ҳам муҳораба бўлуб туродур. Қарийбки, афғон халқи Навшаҳрни мусаххар қилсалар. Ва яна бир жамоа афгон лашкари Фешовар қалъасиға яқин бориб туруб, ҳар кун муҳораба қиладурлар. Яна андин бошқа икки-уч ерда хейли қаттиқ муҳорабалар бўлубдур. Афғон халқининг ҳадду ҳисоби йўқдур. Кўп англислар вужуд шаҳристонидин адам саҳросиға юз қўйубдур. Бовужуди англис лашкари пайдар-пай келиб туродур…».
Мақола мазмунидан кўриниб турибдики, Фурқат мустамлакачилар тарафида эмас. Аксинча, мазлум афғон халқининг озодлик кураши тарафдори. Мақолада яна шундай ёзилади: «Маланкан деган мавзеъда ўн минг чоғлиғ афғон халқи билан англис лашкари орасида муҳораба бўлуб, афғон халқи шикаст топгон вактда афғон хотунлари эрлари қўлидин уруш асбобларини олуб, якбора ўзларини англис лашкариға уруб, бир ярим соатда анг-лисларга шикаст берибдурлар».
Озодлик – муқаддас туйғу. Инсон ҳар қандай қийинчиликка, мусибатга бардош бериши мумкин. Лекин она юртини бегоналар эгалламоқчи бўлса, ҳақ-ҳуқуқлари поймол этилса, эътиқодига, муқаддас туйғуларига дахл қилинса, унинг кўзига ўлим ҳам кўринмайди. Ўз эрки, оназамин озодлиги учун курашга отланади. Фурқат мазкур мақолани ёзган вақтида унинг жондан севган Ватани ҳам мустамлака гирдобида, ватандошлари эса истибдод жабрини тортаётган эди. Аслида Фурқат Афгонистондаги инглиз мустамлака сиёсатини фош этиш орқали юртдошларини Туркистондаги чор Русияси истибдодининг ғайриинсоний моҳиятидан огоҳ қилади. Миллатни ўз ҳақ-ҳуқуқини англашга, зарур бўлса, афғонлар каби ўз эрки, озодлиги учун курашишга даъват этади.
Кўриниб турибдики, Фурқатнинг халқаро журналист сифатидаги фаолияти бениҳоя аҳамиятли. Бугина эмас. Фурқат газетчи (журналист) қандай бўлиши керак, қайси бир мезонларга риоя этиши, нималардан сақланиши лозим, деган масалаларга ҳам алоҳида эътибор беради: «Газет муаллифига керакким, — деб ёзади у бир мақоласида, — инсофпеша ва ростандеша бўлғай. Нолойиқ ва номуносиб сўзларни газетға солмағай ва ёзғон каломидин газет ўқиғувчиларға нафъ ва фойда ҳосил бўлғай. Агар бирор ҳикоят ёзса ҳам анинг заминида бир фойдалик мазмуни бўлғай. Хорижия ва дохилия аҳволотидин ёзса, адл ва инсоф юзидин ростлиқ бирла ёзғайким, эътибор ва истиҳсонға боис бўлсун».
Ёзилганидан буён қарийб бир аср муддат ўтган бўлса-да, ушбу мулоҳазалар бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини заррача йўқотган эмас. Умуман, Фурқатнинг журналистик фаолияти, публицистик мақолалари ҳам янгича тафаккур асосида қайта баҳоланмоғи керак.
Хулоса
Фурқат – миллий маънавиятимизнинг энг забардаст сиймоларидан бири. Унинг серқирра ижодий фаолияти миллат ёшларининг баркамол шахслар бўлиб вояга етишида, шубҳасиз, муҳим аҳамиятга эга. Бинобарин, фурқатшуносликнинг бугунги кунгача қўлга киритган ютуқлари шоир меросининг ҳамма замонлар ва даврлар учун бирдай аҳамиятли, қадрли эканлиги тўғрисидаги муҳим ва ҳаққоний хулосага олиб келади.