Шариф Юсупов. Муҳйи Хўқандий (1836-1911)

Ўз замондошлари орасида «тожуш-шуаро», «шоҳи шоирон» дея эътироф этилган бу улкан санъаткорнинг номи Ҳожи Муҳйиддин Муҳаммад Ризо охунд ўғли бўлиб, «Муҳйи» адабий тахаллусидир. Муҳйи, айрим тадқиқотларда, Афғонистоннинг Кандаҳор, баъзиларида Ҳирот шаҳрида туғилган, деб келинар эди. «Тарихи Муҳйи Хўқандий» асарининг муаллиф дастхати билан кўчирилган нусхасида унинг Ғазна шаҳрида 1836 йили туғилганлиги таъкидланади.

Бўлажак шоирнинг отаси Ғазнадаги йирик мадрасалардан бирининг бош мударриси бўлиб, ёш Муҳйиддин дастлаб падари бузруквори қўлида хат-савод чиқарган. Кейинчалик оила пойтахт Ҳиротга кўчиб келади ва Муҳйиддин Ҳирот мадрасаларидан бирида озроқ таҳсил кўриб, шундан сўнг илмини камолга етказиш мақсадида Бухоро сафарига отланади. Бу ерда мадраса таълимини давом эттиради. XIX асрнинг эллигинчи йиллари охирида мадрасани тугатиб, ўзи илгари яшаган Ҳиротга эмас, балки Хўқандга келиб яшай бошлайди. Ҳам шеърият, ҳам илм соҳасида комил устодлар изидан боришни орзу қилган Муҳйининг бу шаҳарни танлашига қадимий Хўқанднинг бой адабий ва илмий анъаналарга эга эканлиги, XIX аср эллигинчи йилларида бу ерда Тамкин сингари йирик шоирлар, Шайх Сулаймон Афғоний каби улкан тилшунос ва муаррихлар яшаётганлиги сабаб бўлган, деб ҳисоблаш мумкин. Муҳйи кейинчалик ўз устози бўлиб қолган олим ва шоир хусусида «Фарғона фозилларидан марҳум Муҳаммад Раҳим охунд, жамъи илмларда нақл ва маъқул, шеър айтишда олий табъ эгаси бўлган Тамкин тахаллусли ул жаноб фақир Муҳйининг устози эдилар. 1292 санада (бу 1875 милодийга тўғри келади) вафот топдилар» деб ёзади. Шайх Сулаймон Афғоний ва Муҳйининг дўстона муносабатлари ҳақида ўша даврнинг бир неча манбаларида маълумотлар мавжуд. Муҳйи вафот этган даврда ҳам ҳали қизғин фаолият кўрсатиб турган Шайх Сулаймон Афғоний орадан бир неча ой ўтиши биланоқ асли тошкентлик бўлган шеърият ихлосманди Абдурауфбой ҳамкорлигида шоирнинг ўзбекча ва форсча девонини Тошкентда Пордев босмахонасида тердириб, Ғулом Ҳасан Орифжонов матбаасида муқовалатганлиги «Девони Муҳйи»нинг 1912 йилги нашрида махсус қайд этилган.

50-йиллар охирида Қўқон маданий муҳитига келиб қўшилган Муҳйи тез орада шоир ва олим сифатида шуҳрат қозонди. Ўша вақтларда хонлиқда ҳукмфармо бўлган Маллахон саройига хизматга олинган Муҳйи у ерда ҳам эътибор топиб, дипломатик ишга жалб этилди. 1859—1861 йиллар орасида хоннинг махсус элчиси сифатида бир неча марта Афғонистон ва Ҳиндистонга борди. Сафар асносида Туркия, Эрон сингари мамлакатларда ҳам бўлди. Муҳйи чет элларда яшаган чоғида Қўқон хонининг махсус элчиси сифатида баланд мавқега эга эканига қарамай, қаерда атоқли олим ёки қалам соҳиби борлигини эшитса, дарҳол унинг хизматига бориб, билмаганини билишга, билганини такомиллаштиришга интилган. Масалан, «Тарихи Муҳйи Хўқандий»да муаллиф Ҳиндистоннинг Пешовар шаҳрида 92 ёшли ҳазрат Эҳсон Соҳиб муфтийнинг дарагини эшитиб, унинг хизматида қойим туриб, муфтийнинг ўғли билан бирга фиқҳ илмидан таҳсил олганлигини, бу табаррук зот 1281 ҳижрий (1864-1865 милодий)да вафот топганини қайд этади.

Маллахондан кейин Худоёрхон ҳукмронлигининг уч даврида ҳам Муҳйи саройнинг эътиборли кишиларидан бири эди. Хоннинг валиаҳд фарзанди Насриддинбек Андижон вилояти ҳокими этиб тайинлангач, ёшликдан шеъриятга ишқибоз бўлган шаҳзоданинг машқ шеърларини дастлаб Мир Худоёр исмли исфаралик шоир кўриб, унга маслаҳатлар бериб турган. Бироқ турли «миш-миш»лар боис бўлиб, Мир Худоёр Насриддинбек даргоҳидан қувилади. Хон ўз ўғлига назм ва насрдан таълим беришни замонасининг машҳур шоири Муҳйига топширади. Бу иш самарали натижалар беради: Насриддинбек Муҳйи устозлигида нозиктабъ шоир ва носир бўлиб етишади. Насриддинбекнинг бизгача етиб келган эҳтиросли шеърларидан бири «Тазкираи Кайюмий»га киритилган бўлиб, бу тазкира 1998 йили уч жилддан иборат китоб ҳолида чоп этилди.

Маълумки, Қўқон хонлигида XIX аср 70-йилларидан бошлаб қўзғолонлар кўтарилиб, бесаранжомлик, бош-бошдоқлик авжга чиққан эди. Шундай бир вазиятда, 1874 йил ўрталарида Муҳйи ҳаж зиёратига жўнайди. Маккаи мукаррама ҳам Мадинаи мунавварада 1875 йил январь ойида ҳаж маросимини адо этиб, бир неча Шарқ мамлакатларини, жумладан, Афғонистонни ҳам кўриб, йил охирида Қўқонга қайтиб келади. Бу вақтда Қўқон хонлиги тақдири қил устида эди. Чунки 1875 йил ёзида Худоёрхон тахтни ташлаб чиқишга, аввал Хўжандга, сўнгра тез орада Тошкентга келишга мажбур этилган, бу ердан эса Туркистон генерал губернатори фон Кауфманнинг ҳийласи билан Петербургга борасан, деб алдаб жўнатилиб, бошқа бир махфий буйруққа кўра Оренбургда ушлаб қолиниб, хонабанд ҳолда сақланмоқда эди. Хондан сўнг тахтни эгаллаган валиаҳд шаҳзода Насриддинхон эса сохта Пўлатхондан енгилиб, Маҳрам қалъасида жон сақлашга мажбур бўлган фурсат эди. Ўз шогирди ғоят танг аҳволда эканидан воқиф бўлган Муҳйи дарҳол Насриддинхон ҳузурига Маҳрамга отланади. Тахтнинг қонуний соҳибига ҳар тарафлама далда бериб, унинг саройдаги эътиборли кишилар билан алоқа ўрнатишига, сал ўтгач, 1876 йил январь ойида эса Қўқонга таклиф этилиб, яна тахтга ўтқазилишига кўмаклашади. Маҳрамда оғир шароитда қолган ёш хонга Муҳйи махсус қасида ҳам битган бўлиб, унда ҳақиқий ҳукмдор энг танг вазиятда ҳам тадбир билан йўл топиши, душманга шижо-ат билан зарба бериши лозимлиги уқтирилган. Насриддинхон шунга даъват этилган эди. Ўз қасидасида Муҳйи шоҳсиз мамлакатни бошсиз танага ўхшатиб, Насриддинхонга юртга бош бўлишни доноларча маслаҳат беради. Бу маснавий яратилган вазият хусусида Муҳйи ўз дастхат баёзида қуйидагича маълумот беради: «Бу маснавийни қўзғолон вақти жаннатмакон Сайид Муҳаммад Насриддинбек Хўқанддин бирмунча муддат кетиб, Хўжанд қалъасида яшириниб турганда ёзилди ва Фўлод исмли қирғин келтирувчи Марғинон шаҳрида ўтқа ёндирилди. Фақир Муҳйи бул вақтда саодат сафаридин Байтуллоҳни зиёрат қилиб қайтган эдим. Қайтганимда хонни қалъада махфий кўрдим».

Лекин тез орада фон Кауфман бошлиқ чор қўшинлари Қўқонни ҳам, хонликнинг бошқа ҳудудларини ҳам забт этадилар; Русия императори Александр II нинг фармонига кўра 1876 йил 19 февралда Қўқон хонлиги тугатилиб, унинг ҳудудида, Туркистон генерал губернаторлиги таркибида янги Фарғона вилояти тузилади.

Хонлик тугатилгандан сўнг ҳам Муҳйи Қўқонда истиқомат қила бошлайди, лекин умрининг охиригача ҳеч қандай расмий лавозимда бўлмайди. Шундан сўнг 35 йил давомида Муҳйи Қўқондаги Соҳиб Ҳазрат мадрасасининг ҳужраларидан бирида яшайди. Мунтазам ижод билан шуғулланади, Қўқон адабий муҳитининг забардаст вакилларидан бирига айланади. Фурқатнинг «Аҳволот»да ёзган қуйидаги сўзлари ҳам буни тасдиқлайди: «…аср шуаролариким, чунончи мавлоно Муҳйи ва мавлоно Муқимий ва мавлоно Завқий ва мавлоно Нисбатдурлар, ҳамиша мажлис бунёд айлаб, зодаи табъларимиздин мушоира қилур эрдик ва бир ғазалда татаббуъ кўргузуб, бир мазмун ҳар навъ ифода топар эрди». Юқоридаги парчада «аср шуаролари» номини санар экан, Фурқат биринчи бўлиб мавлоно Муҳйи номини қайд этиши тасодифий эмасди. Зотан Фурқат Муҳйининг беназир истеъдодини ҳар доим эътироф этган, ғазалларига татаббулар битган. Хориждан унга кўп мактублар йўллаган, ўз асарларини юборган.

Хонлик тугатилгандан сўнг Қўқонда истиқомат қилган Муҳйи умрининг энг яхши дамлари ўтган, қанчадан-қанча дўстлар орттирган Андижонга ўзининг иккинчи она шаҳридек қарар, у ерга ҳар йили бориб ҳафталаб, ойлаб туриб келар эди. 1902 йилги Андижон зилзиласини худди шахсий фожиасидек қабул қилган шоир дарҳол у ерга етиб борган. Зилзила ҳақида 19 банддан иборат дилсўз мухаммас битиб, бир оз ўтгач, шаҳарда зилзила вақтида ярамас феъл-атвори туфайли том тагида қолиб ўлган бир ўғри хусусида шеърий ҳикоя ёзиб, ҳар икки асарни ҳам «Туркистон вилоятининг газети»да чоп эттирган эди. Бугина эмас, шоирнинг умри ҳам ўзи алоҳида севган шу шаҳарда поёнига етди. Бошқа йиллардагидек 1911 йил баҳорида Андижонга, дўстлар суҳбатини қўмсаб борган шоир ўша ерда бетоб бўлиб, 4 май куни оламдан ўтади. Муҳйи вафоти ўша вақтдаги ижод аҳллари қалбига қаттиқ ларза солади. Камий, Шавкат Искандарий, Абдуллажон Насимий, Мавлавий Йўлдош каби шоирлар устоз Муҳйи вафотига марсия-таърихлар битганлар. «Туркистон вилоятининг газети» ўзининг бир неча сонида бу марсия-таърихларни чоп этиб, Муҳйи ҳақидаги ижод аҳлининг юксак фикрларини ўз ўқувчиларига маълум қилган.

Жумладан, газетада эълон қилинган Камий марсия-таърихида қуйидаги мисралар бор:

Асру ҳам даҳрда фариду воҳид,
Бешаку бегумон Муҳйи.

Дар миёни муборизи шуаро,
Будеки марди қаҳрамон Муҳйи.

Назм мулкин тамом тасхирин
Тиғи тил бирла айлагон Муҳйи.

Даҳрда йўқ эди назири анинг,
Гар десам, бор эрур ҳамон Муҳйи.

 

Муҳйи ва Муқимий

Маълумки, «қизил империя» даврида халқнинг ноҳақ бадном қилинган кўплаб етук зиёлилари орасида шоир Муҳйи ҳам бор эди. Бунга Муҳйи билан Муқимий ўртасида маълум даврларда бўлиб ўтган совуқчилик дастак қилиниб, шу баҳонада шўро мафкураси тамойилларидан келиб чиққан ҳолда бу икки йирик ижодкорни синфий манфаатлар жиҳатидан бир-бирига муросасиз мухолиф қилиб кўрсатилган, гўё бутун ижоди мобайнида Муҳйи халқ манфаатига хиёнат қилган, бойлар ва амалдорлар шоири, Муқимий эса камбағал, оддий халқ шоири эди, деган ўта сохта даъво илгари сурилган эди. Ваҳоланки, аслида Муҳйи билан Муқимий Қўқонда бир мадрасанинг икки ҳужрасида, бир вақтнинг ўзида умргузаронлик қилганлар. Муқимий уй-жойлик, маълум муддат оилалик бўлиб, хотинидан Акбархўжа исмлик ўғил кўрган бўлса, Муҳйи Ҳиротдан чиқиб кетган ўспирин ёшидан бошлаб, умрининг охиригача уй-жойи ҳам, оила-фарзанди ҳам бўлмаган, мол-дунёдан ҳазар қилган. Шу муносабат билан Қўқон тарихи ва адабиётининг билимдони Пўлатжон Қайюмий тазкирасида Муҳйи ва Муқимийнинг ҳаёт тарзи хусусида айтилган баъзи фикрларни эслашга эҳтиёж туғилади. «Бир мадрасада яшадилар, бир даврнинг кўзга кўринган шоирларидир. Ҳар иккилари ҳам фақирдурлар… Фақирликда Муҳйи Муқимийга нисбатан жуда фақир эди. Ҳовли-жойи, рўзғор, хотун, бола ва қариндоши бутунлай бўлмагандур. Мол, пул тўғрисида сўзлашга ҳам ҳожат йўқ». Шундай бўлгач, Муҳйининг гўё бой-бадавлат ва амалдор кишиларнинг эркатойи, Муқимийни эса, аксинча, уларнинг муросасиз душмани қилиб кўрсатишнинг ўзи оддий мантиққа зиддир. Аслида улар узоқ муддат мобайнида ижодда ҳамфикр бўлганини, бир-бирининг билим ва истеъдодини эъзозлаб яшаганини, бир-бирига татаббулар, тахмислар қилганини, ўз ижод маҳсули ху-сусида бир-бирларининг фикрларини мўътабар билганликларини кўрсатувчи далиллар кўплаб сақланиб қолган. Масалан, Аб-дураҳмон Жомийнинг шарқ хамсачилигида ғоят муҳим ўрин эгаллаган «Ҳафт авранг»ини Муҳйи ўқиб ўрганиш билан чекланмай, моҳир хаттот сифатида янгидан китобат қилар экан, ўзининг кўб ва хўб меҳнати маҳсули бўлмиш бу янги китобатни ҳаммадраса дўсти Муқимийга ҳавола этиб, унинг фикрларини эшитишни лозим деб ҳисоблайди. Даврнинг йирик хаттоти ҳам бўлмиш Муқимий эса Муҳйининг бу катта меҳнат маҳсулидан завқ-шавққа тўлиб, дўсти китобат қилган «Ҳафт авранг»нинг ҳошияларини бир неча янги ғазаллари билан безашни ҳам лозим биладики, шунинг ўзиёқ бу икки улкан истеъдод соҳибларининг бир-бирига ихлосидан далолатдир.

Бугина эмас. Муҳйи Фазлий Намангонийнинг машҳур ғазалига татаббу тарзида битган сеҳрли ғазали бор. Ўз ҳамкасб дўсти татаббусидаги эҳтиросли бадиий кашфиётлардан зўр ҳаяжонга келган Муқимий унга камоли эҳтиромини намойиш этиб:

Хирадимни ғоратин айлаган юзи ою сочлари ҳоладур,
Бу чаман аро на санавбару на суман била гули лоладур, —

матлаъли ғазал битади. Муқимий янги ғазал битиб, шеъриятимиз хазинасини бойитишдан ташқари мақтаъга дўстининг исмини ҳам киритиб, Муҳйи билан ҳамқисмат эканини таъкидлайди:

Ёзиб эрса хун қадару қазо, нетар ичмайин киши, Муҳйиё,
Манга ҳам Муқийм, шул эрур ғизо, на ўзунгга якка ҳаволадур.

Муҳйи ҳам ўзи ҳурмат қилган ижодкор дўстидан қарздор бўлиб қолмади. Бунга «сиздан угина, биздан бугина» қабилида иш тутиш зарурати эмас, балки Муҳйи ҳам Муқимийнинг шеърий кашфиётларидан завққа тўлганлиги, ўзи ҳам дўстининг истеъдодига тан берганлиги сабаб эди. Муқимий «Танланган асарлар»ининг «Лирика» қисмида «Куйдурур» радифли ғазал, «Мураббаълар» қисмида эса шу радифли мураббаълар берилган. Мураббаъга синчиклаб назар солинса, Муқимий ғазалини Муҳйи мураббаъга айлантириб, асар таъсирчанлигини янада ошириб юборганлиги маълум бўлади.

Ҳар банддаги Муқимий ғазали байти олдига қўйилган Муҳйининг янги байти маҳбуба жабридан қон ютган ошиқнинг сўнгсиз дардларини ўқувчи тасаввурида яна ҳам аниқ, яна ҳам яққол гавдалантириб, тўртлик мисраларини гўё ялакат мағиздек бир-бирининг бағрига жо қилиб юборади. Масалан:

Ҳар нафас бир доғ ила ул меҳри рахшон куйдурур,
Гаҳ жамоли шўъласидан, гоҳи пинҳон куйдурур.
Гоҳи васлидин ёнурмен, гоҳи ҳижрон куйдурур,
Бўйла куйдурмоқни қайдоғ номусулмон куйдурур.

Кўрмадим гулдек юзини бир замоне хорсиз,
Васл чоғи чиқмадим мен базмидин озорсиз,
Термулолмай оразига биргина ағёрсиз,
Бу сабаб бир умр ҳасрат бирла армон куйдурур, —

сингари бандларда Муқимий қаламига мансуб кейинги байтлар олдига Муҳйи томонидан қўшилган байтлар олиб ташланса, асарнинг қаеридир кемтиқдек туюлиши турган гап.

Мураббаънинг сўнгги банди эса асарга Муҳйи муносиб ҳисса қўшганига ўқувчини яна бир бор ишонтирадиган қуйидаги байтлардан иборат :

Муҳйини ҳам арздодиға етинглар, дўстлар,
Яъни ушшоқи қаториға битинглар, дўстлар,
Ошиқи кўпдир вале инсоф этинглар, дўстлар,
Ким ҳамиша ман Муқимийдек анга жон куйдурур.

Муқимий ғазалининг мураббаъга айлантирилганлиги адаби-ётшуносликда кўп йиллар ҳукмрон бўлган бир хато фикрни, яъни Муҳйи ишқи мажозийни ифодаловчи шеърлар ёзмаган, у фақат диний-мистик шоиргина эди, деган фикрни рад этувчи ёрқин далилдир.

Муҳйи ва Муқимий меросига чуқурроқ назар ташласак, бундай ижодий ҳамкорлик, чинакам ижодий мусобақа намуналарини кўплаб учратиш мумкин. Чунончи, Муҳйи вафотидан кейин тез орада Тошкентда чоп этилган «Девони Муҳйи»даги:

Мунча ҳам, эй гулузорим, қопқародур кўзларинг,
Эл гумон айлар муқаррар сурмасодур кўзларинг, —

матлаъли, ёки:

Қайси гулшанни санингдек бир гули раъноси бор?
Қайси бир гулни манингдек булбули шайдоси бор? —

матлаъли ғазаллари билан Муқимийнинг:

Сурма қўймай мунча ҳам, жоно, қародур кўзларинг,
Ҳар бири жон қасдиға боққан балодур қўзларинг, —

матлаъли, ёки:

Нозпарвар ёр агарчи табъи зулм асоси бор,
Ошиқ ўлдурмоқда қон тўкмакка истиғноси бор, —

матлаъли ғазаллари муқояса қилинса, улардан бирининг татаббу тарзида ижод қилинганини пайқаш қийин эмас. Бироқ ғазалларининг қай бири татаббу учун асос бўлганини аниқлаш эса ўқувчилардан анча тер тўкишни талаб этади. Муҳйи ва Муқимий муносабатлари кўнгилдагидек бўлган вақтларда бу икки улкан санъаткорнинг ўзаро эҳтиромини, ўрнак бўларли ижодий ҳамкорлигини кўрсатувчи бундай мисолларни кўплаб учратиш мумкин.

Аммо, начора, ҳаёт ҳаётлигини, инсон эса хом сут эмган банда эканини кўрсатиб қўядиган нохуш ҳолатлар ҳам рўй бериб туради. Кўнгиллари ўта нозик, бунинг устига фақат ёлғиз ўзигина ҳақ эканига астойдил ишонган бу икки улкан истеъдод соҳиби бир-бирларининг гуноҳларини кечиришга ожиз қолганликлари оқибатида асаб торлари таранглашиб, номатлуб ҳолатларга олиб келган пайтлар ҳам бўлган. Шоир қалбини биргина сўз билан жароҳатлаш, ёки, аксинча, бошини кўкка етказиш ҳеч гап эмас. Олам бахтсизликларидан кўнгли чилпарчин бу икки азамат, айни вақтда, ўта асабий шоирлар ўртасида нималардир ўтади-ю, Муқимийга Муҳйи ортиқча кибр-ҳаволи, Муҳйига эса Муқимий бўлар-бўлмас нарсаларни шеър қилиб битадиган енгил табиатли одам бўлиб кўрина бошлайди.

Буни қарангки, Муқимий ўзининг андижонлик дўстларига ёзган бир шеърий мактубида ўша вақтда Бўтақарода турган Муҳйига ҳам салом йўллайди-ю, салом байтини:

Ҳожи Муҳйиддин тўрам ҳам олсалар шояд алик
Ким, қилурман ёд этиб Бўтақароларга салом, —

тарзида битиб, унинг гўё ортиқча кибр-ҳавосига ҳам ишора қилади. Шу тариқа, икки шоир муносабатлари янада кескинлашиб кетади ва Муқимий Муҳйини йиғилишларда тингловчига малол келадиган даражада кўп шеър ўқийди, дея асабий байтлар битади:

Шеърингизга, халқ толиб бўлсалар, сўнгра ўқунг,
Ё келиб аҳбоб кар бўлмоққа меҳмон бўлдиму?

Муҳйи ҳам Муқимий томонидан анча йиллар илгари битилган шеърларини, у дўстларига йўллаган шеърий мактубларни кавлаштириб, уларда ўзига номатлуб кўринган ўринларга тўхталиб, ҳамкасб дўсти зарбасига зарба билан жавоб қилади. Чунончи, 1886 йилда Муҳйи форс тилида «Қасида аст дар шикояти ҳамоқати аҳли замон» («Замон аҳли аҳмоқликларидан шикоят қасидаси») номли каттагина дидактик асар ёзиб, Муқимийнинг бир вақтлар битган:

Эй яхшилар, келайлук, бир жойга йиғилайлук,
Ўйнайлук, куйлайлук, омон бўлайлук, —

матлаъли машқ ғазалини қаттиқ танқид остига олади. Ҳар байтда тақрорланиб, ғашга тегадиган «ўйнайлук, куйлайлук» иборасини масхаралашдан ташқари муаллифни Оллоҳ ҳукмини, пайғамбар ҳадисларини халққа етказиш ўрнига, уни нуқул ўйин-кулгига даъват этишда айблайди, ҳамкасб дўсти шаънига каттиқ тегадиган бошқа гаплар ҳам айтади. Масалан у:

Манга гарданкашлик айлаб муддаи лоф урмасун,
Этмасун беҳуда айлаб тиғи буррон ила баҳс, —

деб ёзганлиги ҳам маълум.

Аммо шуниси ҳам борки, Муҳйи ўзи эъзозлаган, истеъдодига тан берган кўплаб қалам соҳиблари қаршисида ниҳоятда хокисорлик билан таъзим бажо этади, улар хусусида ғоят мақтовли фикрлар айтади. Биргина мисол: шоир Тажаллий ҳақида «Тарихи Муҳйи Хўқандий»да қуйидагиларни ўқиймиз:

«Жаноби саййид авлод Ҳусайнхон Дехлавий тахаллуси Тажал-лий… ҳозирда Худонинг паноҳида саломатдур. Ҳозир бул зотға баробар келадиган шоир бутун оламда кўринмайдур ва эшитилмайдур, бундай шоир аввалда ҳам бўлмаган, кейин ҳам бўлмайдур. Катта куллиёти бор ва ул жаноб тўрт тилда (яъни арабий, форсий, туркий ва ҳиндий тилларда) шеър ёзадур ва насрда ҳам адмул масал (тенгсиз демоқчи — муаллифлар)дур».

Муҳйи Муқимий ёзганидек, ўзини ҳамиша баланд тутадиган, ўзга қалам соҳибларини менсимайдиган шахс бўлмаганини юқоридаги биргина мисолнинг ўзи ҳам кўрсатади. Аслида бундай мисоллар анчагина.

Муқимий шеърларининг кўпроқ ашула учун мўлжалланганлиги, улар тўй-базмларда, халқ кўп йиғиладиган давраларда айтилиши ҳам гўё Муҳйига ёқмаган, деган фикрга келсак, аввало, ижодкор яратган асарларнинг оммабоплиги далили бўлмиш бу жиҳатни шоирга айб сифатида қўйиш ўринли бўлмас эди. Қолаверса, бу иш айб ҳисоблангудек бўлса, Муҳйининг ўзи ҳам бу «айб»дан холи эмасди. Чунки Муқимийники сингари Муҳйининг кўплаб ғазал, мухаммас, мураббаълари улар барҳаётлик вақтида ҳам, улар вафотидан сўнг ҳозирга қадар ҳам халқнинг севимли хонандалари томонидан мунтазам равишда ижро этилиб келинмоқда, уларнинг миллионлаб тинг-ловчилари бор. Биргина мисол. Амирийнинг машҳур ғазалига Муҳйи томонидан боғланган тенгсиз тахмис хонандаларимиз томонидан бир асрдан ортиқ муддат ичида эҳтирос билан ижро этилиб келмоқда. Унинг:

Кўрдим юзини қолдим балоға,
Ҳажрида юз минг жабру жафоға,
Қайда борурман энди давоға,
Арзимни айтай боди сабоға,
Биздин дуо денг ул бевафоға.
Кўрдум юзини кеттим ўзумдин,
Дарёлар оқти қонлиғ қўзумдин,
Ҳижрони маълум заъфар юзумдин,
Бир пари янглиғ учти қўзумдин,
Ташлади-кетти минг хил балоға, —

сингари бандларини қалбда титроқсиз тинглаб бўлмайди.

Шуниси ҳам борки, эл-юртга таниқли ижодкорлар ҳақидаги ҳар бир янгиликни қулоқларни динг қилиб кутадиган ихлосмандлар орасида Муҳйи ва Муқимий муносабатларидаги маълум нохушликлар ҳам тезда ёйилиб кетди, бу гаплар йирик қаламкашлар эътиборини ҳам тортмай қўймади. Улар бу ҳодисага муносабат билдиришда икки қарама-қарши гуруҳга бўлиндилар. Чунончи, Тажаллий, Мавлавий Йўлдош, Камий, Шавкат Искандарий, Фансуруллобек Хисрав, Абдуллажон Насимий кўпроқ Муҳйини, Рожий Марғиноний, Анбар отин, Писандий эса кўпроқ Муқимийни ёқлаганлар, эъзозлаганлар. Бу муносабат турли шаклларда намоён бўлган. Шеърий асарларда баъзилар ўз муносабатларини ошкора билдирган бўлса, баъзилар у икки шоирдан бирига кўпроқ эҳтиром, иккинчисига камроқ эътибор кўрсатиш билан чекланганлар. «Туркистон вилоятининг газети» муҳарририяти эса Муқимий қаламига мансуб асарларни эълон қилиш чоғида унга оддий ижодкордек муносабатда бўлгани ҳолда навбат Муҳйи асарларини чоп этишга келганида муаллифни «жаноби тожуш-шуаро», «афсаҳул-фу-саҳо», «адиби комил», «фозили айн» сингари юксак унвонлар билан сийлаганлиги маълум.

Бухоройи шарифда мадрасани тугатган, Қўқонда бир мадрасанинг ҳужраларида истиқомат қилган, ягона адабий муҳитда қалам тебратган Муҳйи ва Муқимийнинг шахсий муносабатлари маълум муддат яхши бўлмай қолганлигининг баъзи сабаблари ва кўринишлари ана шундай.

 

Муҳйи мероси

Муҳйи зуллисонайн ижодкор бўлиб, ўзининг шеърий, насрий ва тарихга оид асарларини ҳам ўзбек, ҳам форс тилларида битган. Унинг форсий асарлари кўпроқ эканини қайд этмоқлозим. Айни вақтда: шоирнинг ўзбекча ғазал, мураббаъ, мухаммас, мусаддас, мусаббаълари ўқувчилар орасида алоҳида шуҳрат қозонган, юксак қадр топган.

Муҳйи шеъриятининг мавзулар доираси ғоят кенг бўлиб, унда инсон ички оламининг анвои жилоларини акс эттирувчи лирик шеърлар ҳам, жамият ҳаётининг турли жиҳатлари тасвирига бағишланган ижтимоий шеърлар ҳам, тасаввуфона оҳангларда битилган намуналар ҳам, давр ва шахслар табиатидаги номатлуб ҳодисаларни танқид остига олувчи ҳажвлар ҳам учрайди.

Кўп асрлик бой мумтоз шеъриятимизда етакчи ўрин тутган ишқий мавзу Муҳйи лирикаси учун ҳам хосдир. Шоир бу мавзуда қалам тебратар экан, Насимий, Ҳофиз, Жомий, Навоий, Фузулий, Амирий сингари азамат ижодкорлардан кўп нарса ўрганганлиги, улар яратган хилма-хил тимсоллардан намуна олиб, ўша тимсолларнинг ҳали очилмаган янги-янги қирраларини оча билганлиги, балоғат чўққисини эгаллагач эса, ўша тимсолларни рад этадиган, ниҳоятда оригинал, бетакрор тимсоллар яратганлиги маълум бўлади. Масалан, Амирийга пайрав тарзида битилгани қайд этилган бир ғазалида Муҳйи:

Зулфи мушкин мойил ўлмиш хатгинг узра, ўйлаким,
Гулшан ичра содди сунбул соя райҳон устина, —

дея маҳбубанинг жингалак зулфи лаби атрофидаги майин туклари устида тебраниб ғоят кўркам манзара касб этганлигини гулшанда райҳон устига сунбул соя солиб турганига ўхшатиб, тенгсиз ташбиҳ ишлатса,

Кеча сенсиз сели ашким бузди бунёди жаҳон,
Кетмагилким, бўлмасун оламни тўфон устина, —

дея бирйўла икки шеърий санъатни, яъни ташбиҳ ва муболағани юксак маҳорат билан қўллаб, таъсирчанликда янги чўққига кўтарилади.

Муҳйи ўзига замондош шоирлар орасида бадиий кашфиётларининг мўл-кўллиги, шеърий парвозининг юксаклиги, ўқувчини лол қолдирадиган тимсоллари билан ажралиб турар эди. Шоир анъанавий тимсолларни инкор этиш, моҳият-эътибори билан уларга зид тимсоллар яратишда алоҳида қудрат касб этади. Чунончи, мумтоз шоирлар ғунчани маҳбубанинг оғзига, гул қизиллигини маҳбуба чеҳраси рангига ўхшатиш орқали таъсирчан анъанавий тимсоллар яратганлар. Муҳйини эса бундай ташбиҳлар сирасира қаноатлантирмайди. У:

Ғунча оғзин қилма нисбат ногаҳон ёр олдида,
Эй сабо, ёрим учун оғзини ур-ёр олдида.

Айла авроқин паришон гулни ҳам гулшан аро,
Айласа ҳамранглиғ лофини дилдор олдида, —

деб ёзаркан, шоирнинг улкан кашфиётига тан бермай иложингиз йўқ.

Муҳйининг муҳаббат мавзуидаги шеърларида ҳам ишқи мажозий, ҳам ишқи илоҳий куйланади. Бу бутун мумтоз шеъриятимизга, жумладан, Муҳйи ижод этган XIX асрнинг иккинчи ярми — XX аср бошларидаги Қўқон адабий муҳити вакилларига хос муҳим жиҳатлардандир. Масалан, Муҳйи билан деярли бир даврда қалам тебратган ва ўз ижодий тамойиллари билан унга ҳамфикр бўлган Зиёвуддин Ҳазиний меросида худди шундай ҳолни кўрамиз. Ҳазиний ўз шеърларида ишқи мажоз мактабини ўтмаган одам ишқи илоҳийга эриша олмайди, деган тасаввуфона қарашни ифодалаб, бундай ёзган эди:

То мажозий ўтиға куймай, ҳақиқат топмағай,
Эй, Ҳазиний, кўз ёшингни айла тўфонинг керак.

«Ишқи мажоз» радифли ғазалида эса у ишқи илоҳий топган афсонавий қаҳрамонларнинг номлари ва ишларини ўқувчи та-саввурида янгидан гавдалантиради. Ҳазиний ишқи мажозни ин-сон табиатида ҳавас қиларли фазилат деб ҳисоблайди. Муҳйи дунё лаззатларидан кўб ва хўб баҳра топганини, ишқи мажоз жомидан қониб май ичганини қайта-қайта таъкидлагани ҳолда, чамаси, умр қуёши заволга юз тутган вақтларга келиб ўзини ишқи мажоздан халос этишини Тангри таолодан илтижо этади:

Мани ишқи мажозийға гирифтор айлама, ё раб,
Алар ишқи билан бағримни афгор айлама, ё раб.

Менга фазлинг насиб айлаб, хатодин сақла бандангни,
Бу бадхулқу жафожўлар била ёр айлама, ё раб.

Кечиб дунёи фонийнинг муродин истамас Муҳйи,
Ани жуз лойиқи фирдавс дийдор айлама, ё раб.

Муҳйи меросида юқоридаги сингари мисралар мавжудлигига қарамай, ишқи мажозни ҳам, ишқи илоҳийни ҳам тараннум этувчи шеърлар бир-биридан кам эмас. Масалан:

Келди наврўз, эй ёронлар, очди бағрин лолазор,
Гул чаманда очилиб, булбулни айлар беқарор.

Кўп ғаниматдур баҳору ёз ила гулшан аро —
Жам бўлиб, аҳбоблар, суҳбат этинглар ихтиёр, —

ёки:

Баҳор айёми хушдур гулшану боғ,
Чиқиб саҳроға бўлди табъимиз чоғ.

Паривашлар билан айлаб тамошо –
Баланду паст, бўлди кўнглимиз тоғ, —

сингари тўртликлар битиб, ҳаёт гўзалликларидан бир олам шавқзавқ олганини эҳтирос билан ифодалаган шоир «Ошно», «Мубтало», «Ғараз», «Яхшироғ», «Эмасму» радифли ва бошқа ғазал ҳамда мухаммасларида ишқи мажоз туйғуларини қаламга олар-кан, ўқувчи қалбига титроқ соладиган, уни нажиб хаёллар оламига етаклайдиган анвои мисралар тизади.

Донаи холингмудур ул лаъл нобинг ёнида,
Ё магар кавсар лабида ўлтуран ҳиндумидур? —

ёки:

Чиқти ул маҳрух мени йўлимға истиқбол учун,
Ой юзила гўйиё чиқмуш олуб меҳмона шамъ,

ёки:

Топмадим гулшанда ҳаргиз бир тикон,
Хаста булбул кўксиға санчилмағон, —

ёки:

Менга лутфу карамлар қилмаса ёр, йўқ айбким,
Бул ҳаваслиқдин бўлубмен подшоға мубтало, —

ёки:

Муҳйи, кам-кам қилғусидур ошнолиғ, ғам ема,
Зарраға боқмасму охир меҳри рахшон оқибат, —

сингари чинакам шоирона кашфиёт мақомидага кўб ва хўб бетакрор мисралар шулар жумласидандир.

Шуни ҳам айтиш керакки, Муҳйи ишқи мажозийни акс эттирган ўзбекча ва форсча ғазалларнинг катта бир қисмини мувашшаҳ шаклида яратган. Шоирнинг бир бутун ҳолда 1911 йилда Тошкентда чоп этилган форсий ва туркий девонига назар ташлар эканмиз, унда Султонмуродхон, Юсуфхон, Қорихон, Маҳмудхон, Мирзоҳамдам, Шерқўзихон, Ортиқхон, Шоҳюнусхон, Олимжонхон, Мирфайзхон, Соатхон каби замондошлари номига битилган мувашшаҳларни кўрамиз. Шу муносабат билан улкан шоир ва тадқиқотчи Мақсуд Шайхзоданинг мувашшаҳ ҳақидаги қизиқарли мулоҳазасини эслаб ўтишга эҳтиёж сезилади. «Лирикада мувашшаҳ жанри … ўзбек адабиётида, айниқса, XIX асрнинг иккинчи ярмида кўп авж олиб кетиб, адабиёт аҳли ўртасида кенг расм бўлиб қолган эди. Ҳатто шу даражадаки, шоирлик ва назмчилик ҳунари мувашшаҳчиликдаги маҳорат билан ҳам ўлчанадиган бўлиб қолди. Аниқлик учун шуни ҳам айтиш керакки, — дея таъкидлаган эди муаллиф, — мувашшаҳ кимнинг исмига боғланган бўлса, ўша ғазалда таъриф этилган образ ҳам айни мазкур кишининг ўзидир, деб ўйлаш хатодир. Мувашшаҳдаги бу ғазалнинг кимга бағишланганига далолат қилади, холос. Асарда тасвирланган ёр эса бус-бутун бошқа бир киши бўлиши ҳам мумкин». Устоз Шайхзоданинг кейинги фикри ғоят тўғри эканини кўрсатиш учун биз Зокиржон Фурқатнинг машҳур ҳофиз дўсти Мулла Тўйчи исмига мувашшаҳ қилинган «Устида» радифли ғазалидан икки байтни келтирмоқчимиз:

Ўсмалик қошларму ё шамшир қондин занглиғ,
Ёки пистоқи тўкулмиш ранги аҳзар устида?

Юз уза кокулмудир ҳар сори печу тоб ила?
Ганжи ҳуснунгму ётур ё икки аждар устида?

Бу ўринда тасвирланган ўсмалик қошларни, ҳар сори силкинувчи кокилларни Тўйчи ҳофизга нима алоқаси бор? Маълум бўладики, ғазалда бутун бошқа бир маҳбуба тасвирланган бўлиб, у Тўйчи Ҳофиз исми билан безалган ва, чамаси, ашула қилиб айтиш учун Ҳофизга тақдим этилган. Шайхзода мувашшаҳ ҳақидаги мулоҳазаларини якунлар экан: «… исмига мувашшаҳ боғланган кишиларни аниқлаш ва шу орқали шоирнинг ёру дўстлари, муҳити ва доираси ҳақида конкрет материални қўлга киритиш, шоирнинг илмий биографиясини яратиш учун муҳимдир», — деб ёзган эди.

Шайхзода домланинг бу фикрлари шоир Муҳйи мувашшаҳларига ҳам тўла алоқадор бўлиб, улкан шоир яшаб ижод этган ижтимоий-маданий муҳитни аниқлашга, унинг таржимаи ҳоли, кўрган-кечирган воқеаларини яққол тасаввур этишга кўмаклашуви турган гап.

Ишқи илоҳий борасида қалам тебратар экан, Муҳйи ўқувчиларни дунё ҳою-ҳавасларидан кечишга, хилватнишинликка, ҳамиша ёди Ҳақ билан яшашга даъват этади, ўзининг умри ҳақиқий тоат-ибодатдан четда, охират тадорикини қилмай ўтганидан фарёд чекади. Шоир шу йўл билан бошқаларнинг ҳам имон-эътиқодли, инсоф-тавфиқли, сабрчидамли, айни вақтда, Ҳақ шафоатидан ҳамиша умидвор бўлиб яшашларини истайди. Унинг:

Эй соҳиби кошонау қасру айвон,
Айлар сани қасрингни ҳаводис яксон.
Кўб қилма бино қасру иморатингға-
Ким, марг қилур вужудинг вайрон, —

тўртлиги, шунингдек, ғазалларидаги:

Гар айласанг, биродар, сан ихтиёри хилват,
Албатта бўлғусидур Ҳақ санга ёри хилват.

Хилватни кунжи, билсанг, ишқ аҳлини биҳишти,
Боғи Эрамдин ортуқ, албатта, ғори хилват, —

ёки:

На тил бирла баён айлай, гуноҳим ҳаддин афзундур,
Бўлуб мусриф авқотим найи нафсу ҳаво, ё раб.

Агарчанди гуноҳ бирла ўтар Муҳнини айёми,
На ғам, маҳшар куни қилсанг шафъиим Мустафо, ё раб, —

сингари мисралар ишқи илоҳийга шоир қалбининг садоларидир.

Лирик шеърларида Муҳйи ўз ўтмишдошлари ва замондошлари бўлмиш забардаст ижодкорлар сингари фалак кажравлигидан, поқдомон аҳли илм, аҳли хирад қадр топмаганидан қайта-қайта зорланади, кези келганда дарғазаб бўлади. «Бўлди ул қолу балода қисматим», «Топмадим ҳаргиз бир тикон», «Эй чархи сифлапарвар, ман сандин айлайин дод», «Бўлди барҳам, эй дариғо, яхши давронлар абас» мисралари билан бошланадиган ва бошқа кўпгана ғазалларда шу ҳолатни кўриш мумкин.

Муҳйи ўзи яшаб турган даврда эл-юрт ҳаётида рўй берган катта-кичик воқеаларга, турли масжид-мадрасалар, бозор расталари қурилишига, мамлакат деҳқончилигини ривожлантириш учун йирик каналлар қазилишига, ўзидан илгари ўтган ва ўзи билан бирга яшаган тарихий шахслар вафотига бағишлаб ҳам шеърлар битган. Шундай воқеаларнинг энг шов-шувлиси, халқ бошига катта мусибат келтирган 1902 йилги Андижон зилзиласи эди. Ана шу фожиага атаб Муҳйи томонидан битилган ўн тўққиз банддан иборат мухаммас-таърихни «Туркистон вилоятининг газети» ўз саҳифаларида «Хўқандлик шоири номдор, соҳиби иқтидор мавлоно Ҳожи Муҳйи афандининг Андижон шаҳри хусусида дилсўзона абётлари» сарлавҳаси остида чоп этганлиги маълум.

Умрининг энг яхши дамлари шаҳзода Насриддинбек саройида, кейин эса ўзига дўст-қадрдон аҳли фозиллар орасида Андижонда ўтган шоирдан бу зилзила чиндан ҳам «дилсўзона абётлар» тақозо этганди. Муҳйи ўзи учун алоҳида севимли, қадрдон бўлган, кейинчалик унинг умри ришталари узилган бу шаҳар фожиасини худди ўз шахсий фожиасидек қабул этган ҳолда кўз қаросидан довот, киприкларидан килк ясаб, тенгсиз бир марсия битган эдики, унинг ҳар бир сўзи, ҳар бир ҳарфидан Андижон аҳлига буюк ҳамдардлиги шундоққина кўриниб туради. Зотан:

Таън айламанг, азизлар, зинҳор Андижонга,
Ҳақ амри бирла бўлғон ҳамвор Андижонга,
Қилган экан муқаддар Жаббор Андижонга,
Доим дуойи хайрот даркор Андижонга,
Сан айлама маломат бекор Андижонга, —

банди билан бошланадиган мухаммаснинг илк мисраларидан бошлабоқ қалб изтиробисиз ўқиб бўлмайди. Туркистонда умрининг аксар қисми ўтган, уни она-Ватан сифатида жону дилдан қабул этган, юрт ҳукмфармолари хоҳиши билан пойтахт Қўқонда ҳам, Андижонда ҳам сарой аъёнларидан бирига айланган Муҳйи хонлик ҳудудлари чор Русияси томонидан аввал қонга ботирилиб, кейин империянинг вилоятларидан бирига айлантирилганидан бениҳоя дарғазаб эдики, кези келиши биланоқ ўша чексиз ғазабини тўкиб солади. У Андижон аҳли аслида қандай ҳалол, имон-эътиқодли, мусофирга меҳр-оқибатли бўлганлиги ҳақида сўзлаб келиб, барча ёмон ишлар бу шаҳарга ажнабийлар келганидан сўнг авжга чиққанини ғоят усталик билан қистириб ўтади:

Бечора эрди халқи, билмас эди шарорат,
Муллою хўжасининг афъоли зуҳду тоат,
Келса мусофир аҳли, айлар эди зиёфат,
Касб этти ажнабийдин шўри шари хиёнат,
Юзланди ҳар тарафдин ишрор Андижонга.

«Ажнабий» иборасини Муҳйи «рус мустамлакачиси» маъносида олганлиги, цензурани чалғитиш учун шундай айланма йўл тутганлиги ўз-ўзидан аён. Шундан сўнг шоир жону дили бўлган шаҳар халқи шаънига номатлуб гаплар айтиб, «ажаб бўлди — хўб бўлди» дея маломатга зўр берганларнинг танобини тортиб, жойини кўрсатиб қўяди:

Қилманг аларға туҳмат, нисбат бериб шарорат,
Беҳуда айламанглар ўлганлари ҳақорат,
Эй ғафлат аҳли, бўлманг бир лаҳза бетаҳорат,
Шайтон магар қилибдур сиздин ҳаёни ғорат,
Беҳуда таън этарсиз абгор Андижонга.

Бўлма ўзунгга мағрур, эй бетамиз, нодон,
Элни мусибатиға бир лаҳза шод-хандон,
Найларсан ўлса зоҳир санга азоби тўфон,
Ё зилзила балоси юртингни қилса вайрон,
Ибрат қўзи била боқ якбор Андижонга.

Муҳйи имон-эътиқоди мустаҳкам мўмин сифатида андижонликларни сабр-тоқатга, доимо Ҳақ ёди билан яшашга чақиради, Оллоҳ ўзи лутф айласа, шаҳар аввалгидан ҳам яхшироқ, гўзалроқ бўлиб қад кўтаришига ҳар кимнинг дилида умид уйғотадиган ноёб мисралар битади: шоирнинг «Қодир эрур Худованд гар қилса боз обод» деган сўзлари Ҳақ даргоҳида ижобат бўлиб, тез орада Андижон яна асл қиёфасига эга бўлди. Орадан 8-9 йил чамаси вақт ўтгач, шаҳарга, қадрдон дўстлари суҳбатига келган андижонпараст шоир шу ерда ҳаёт билан видолашди ва шаҳардаги Хожа Саъдилдин Фарғоний қабристонига дафн этилиб, ўз севган шаҳрида мангу қолди.

Муҳйи яшаган даврда Фарғона водийсида рўй берган ва узоқ муддат зўр шов-шувларга сабаб воқеа фирибгар Виктор Ахматов фаолияти билан боғлиқ эди. Қўқондаги рус савдогарлари конторасида бошқарувчи бўлиб ишлаган устаси фаранг Виктор Европа ва Русиянинг катта шаҳарларидан арзон баҳода ноёб моллар келтириб беришни ваъда қилиб, Фарғона водийсидан ташқари Бухоро амирлигидаги ўнларча маҳаллий савдогарларни алдаб, минг-минглаб пул тўплаган, қилар ишини қилиб бўлгач, Русия ичкарисига қочиб, дом-дараксиз йўқолган эди. Бирни ўн қилиш пайидаги ғирром, айни маҳалда лақмароқ бойлар арзон, ноёб мол тамаида бор-йўқларини Викторга икки қўллаб топширишдан ташқари бир нечалари рус банкирларидан ҳам қарз-ҳавола кўтариб синган, эл-юрт орасида шармандаи шармисор бўлган эдилар. Туркистон тарихида кўз кўриб, қулоқ эшитмаган «Виктор воқеаси» 1891 йилда рўй берган бўлиб, ўша даврнинг кўплаб ижодкорлари эътиборини жалб этган, бу хусусда кенг кўламли шеърий туркум яратилган эди. Муқимий, Завқий, Нодим ва бошқа бир неча йирик ижодкорлар қатори Муҳйи ҳам бу воқеа хусусида «Дар мазаммати Бектур» номли ажойиб ҳажв битган бўлиб, мухаммас шаклидаги бу асар 19 бандни ташкил этади.

Муҳйи ҳажвининг найзаси асосан Викторга эмас, балки мол-дунё ҳирсига берилиб, кечани-кеча, кундузни-кундуз демай, оро-му роҳат нималигини билмаган, бойлиги ҳеч ерга сиғмаса ҳам шариат буюрган закотга ғирромлик қилган, бева-бечораларга ёрдамни асло хаёлига келтирмаган зиқна бойларга қаратилган. Муҳйи бу мол-дунё бандаларининг чиркин қиёфасини баралла гавдалантирувчи қуйма мисралар, унутилмас тимсоллар яратади. Шоир тасвирича, улар тасбеҳ ўгириш чоғида Оллоҳнинг номини эмас, Виктор номини вирд қиладилар, Викторни шоҳ, ўзларини эса мулозим деб биладилар. Уларнинг хасислиқдан ҳам бадтар бир қилмишлари шуки, мустамлакачи руслардан бошқаларни тан олмайдилар. Бу хусусда шоир:

Бермай закоти шаръий, ҳаж қилмаган гуруҳа,
Дунё деб охиратни ёд этмаган гуруҳа,
Арбоби фазл қадрин ҳеч билмаган гуруҳа,
Русийдин ўзга элга бош инмаган гуруҳа,
Жавр айла — берма пулни имкони бор, Бектур, —

деб ёзаркан, фирибгарнинг бу иши ўша гуруҳларга нисбатан оди-лона қасосдир, деган хулосага келгандай бўлади.

Мухаммаснинг сўнгги бандида Муҳйи ўзининг ҳаёт фалсафасини, мол-дунёга муносабатини ифодаловчи мисралар битади:

Шукр этки, Муҳйи, бўлдинг сен мўмину муаҳҳид,
Дунёи дун учун ҳеч умр ичра қилмадинг жидд,
Дунёю охират-чун ҳар иккиси эрур зид,
Дунё матое, бешак, уқбо элига косид,
Дунё деган муқаррар маъноси нор, Бектур.

Гап шундаки, аввало, Муҳйининг ўзи юқорида айтилганидек, мол-дунёга эътибор қилмаган, фақирона турмуш тарзини афзал кўрган киши бўлса, иккинчидан, ўқувчиларни ҳам асарда ҳикоя қилинган ибратли воқеадан тўғри хулоса чиқариб, тўғри яшашга даъват этади. «Дар мазаммати Бектур»нинг энг аҳамиятли жиҳати ҳам шундадир.

Муҳйи ўзбек ва форс тилларида кўб ва хўб асарлар яратган, нодир девон соҳиби эканидан ташқари ўз даврининг йирик та-рихнавис олими ҳам эди. Унинг Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номли Шарқшунослик институти Қўлёзмалар бўлимида 604 -инвентар рақам остида сақланаётган «Тарихи Муҳйи Хўқандий» асари фикримизнинг далилидир.

Асарнинг асосий қисми Қўқон хонлиги тарихи сарчашмаларида турган афсонавий Олтинбешикхон ва унинг авлодлари, айниқса, хонликни таркиб топтиришда жасорат кўрсатган Шоҳруххон, ниҳоят Муҳйига замондош бўлган Шералихон, Маллахон, Худоёрхон, Шоҳмуродхон, Султон Саидхон, Насриддинхонлар ҳақида қизиқарли маълумотлар берилади. Қўқон хонлигининг чор мустамлакачилари томонидан босиб олиниши, бу ишда тож-тахтга ўчлиги, манфаатпарастлиги, худбинлиги билан душман томон мақсадларининг нисбатан енгил амалга ошишига, хонлик тугатилиб, унинг ўрнида Туркистон генерал губернаторлиги таркибида Фарғона вилояти тузилишига сабабчи бўлган сохта Пўлатхон, Абдураҳмон офтобачи ва бошқалар ҳақидаги муаллиф маълумотлари бошқа муаррихларнинг асарларида деярли учрамайди.

Хонлик тугатилиб, юрт Русия тасарруфига ўтгач, бу ишнинг бош айбдорларидан бўлмиш Абдураҳмон офтобачи ўша вақтларда Оренбург сургунида яшаётган Худоёрхон ҳузурига тавба-тазарру қилиб бориши, собиқ хон ўзи ғоят оғир аҳволда эканига қарамай, хиёнаткор қайнисига анчагина моддий ва маънавий ёрдам берганлиги, ҳатто бир татар аёлига уйлантириб қўйиб, катта ҳиммат кўрсатганлиги ҳақидаги муаллифнинг қизиқарли маълу-мотлари ғоят муҳимдир.

Китобнинг иккинчи қисмида, асосан, Муҳйининг хорижий мамлакатларга Қўқон хонлигининг элчиси ва сайёҳ сифатида борганида туғилган таассуротлар, Ҳиндистон, Афғонистон, Эрон ва Туркия тарихига оид материаллар, муаллиф ўзи кўрган, ундан олдин ўша мамлакатларда бўлган туркистонлик сайёҳлар борасида бой маълумотлар берилган. Унда Муҳйининг устозлари бўлмиш қўқонлик шоир Тамкин, пешоварлик олим ва адиб Муфти Эсон Соҳиб, Ёркентда истиқомат қилган йирик шоир Тажаллий хусусидаги мулоҳазалар ҳам, айниқса, қимматлидир. Муаллифнинг форс тилидаги бу китоби бой маънавий меросимиз дурдоналаридан ҳисобланади.

Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида 415 варақдан иборат «Риёзул-фирдавс кашкули Муҳйи» номли йиғма асарлардан иборат катта дастнавис китоби ҳам 11324-инвентар рақамда сақланади. Унда Ҳофиз, Жомий, Навоий, Сайидо, Амирий ва бошқа шоирларнинг ғазал ва мухаммасларидан ташқари Муҳйининг форсий ва туркий тиллардаги насрий ҳамда шеърий асарлари ҳам ўрин олган. Бундан ташқари 1303-инвентар рақам остида сақланаётган «Девони Муҳйийи туркий»нинг шоир дастхат нусхаси ҳам мавжуд бўлиб, анъанавий ҳамд ва наътлар билан бошланган бу девонда муаллифнинг ғазал, маснавий, мураббаъ, мухаммас, мусаддас, мусаббаъ, рубоий ва бошқа жанрлардаги кўплаб асарлари жой олган.

* * *

Муҳйи бадиий маҳоратининг юксаклиги жиҳатидан ўзига замондош қалам соҳибларидан ажралиб туриши даврнинг кўплаб ижодкорлари томонидан зътироф этилган. Масалан, улкан шоир Тажаллий ўз қасидаларидан бирида уни барҳаёт Навоий деб атаган бўлса, Аҳмадхон тўра Даҳбедий:

Муҳйики ба фазл ёфт меърож,
Бар маснади фазл соҳиби тож.
Гардида лақаб бо фазл Муҳйи,
Тожуш-шуарои ашрафул ҳож, —

яъни, Муҳйи фазли билан меърожга етиб, фазл тахтида тож соҳиби бўлди. Фазл шарофатидан Муҳйи лақабини олиб, шоирлар тожи, ҳожилар шарафлиси бўлди, дейди.

Муҳйининг истеъдодли шогирдларидан Фансуруллобек Хисрав эса уни:

Батарзи маснавий монандии Фирдавсийи Тусий,
Ғазал бобида гўё Саъдийи ушбу замон Муҳйи, —

дея кўкларга кўтарган эди.

Муҳйи шаънига бундай мақтовлар зинҳор-базинҳор бекорга айтилмаган. Халқ унинг шеърларини интизорлик билан кутиб, зўр мамнуният билан ўқиганлиги сабабли 1900-йиллар бошида Русиянинг узоқ шаҳарларида ясалган энг кўркам чинни идишларга унинг байтлари билан жило берган. Москвада ўша йилларда чиқарилган мўъжаз чинни пиёла ҳошиясига Муҳйининг:

Ваҳ на хуш мунаққашу зебо пиёладур,
Чой ичгали муносибу раъно пиёладур.
Муҳйи бу навъ зуҳру ҳунар қўрса аҳли Чин,
Билгил хитой халқи муқаррар уёладур, —

мисралари зарҳал билан битилганлиги, бундай пиёлалар юз минглаб ясалиб, севимли шоир шеърларини юртлардан юртларга олиб ўтганлиги ҳам алоҳида эътиборга сазовордир.

Муҳйи номи ва асарлари кўп асрлар яшаб, халқ ардоғида бўладиган улкан истеъдод соҳибидир.