Тараққиётимизга тўғаноқ бўлаётган камчиликларга қарши кураш қатъий тус олган ҳозирги пайтда адабиёт ва унинг илмига бўлган талаб янада кучайди. Шоир ва адибларимиз эндиликда ҳаёт ҳақида янгича фикр, теранроқ мушоҳада юритмоқдалар. Инсоннинг ички дунёси, руҳий олами таҳлили улар яратган асарларда янада чуқурлашди, айниқса, замондошларимизнинг жамият олдидаги ижтимоий бурчи ҳамда вазифалари роман ва қиссаларимизнинг асосий мавзусига айланди. Қуйида биз Ғаффор Ҳотамов, Мурод Муҳаммад Дўст каби ёш адибларнинг қиссаларида ҳаётий ҳодисаларни бадиий умумлаштириш маҳоратини, уларнинг ўзига хос усулий изланишларини конфликт ва характер йўналишида таҳлил этишга ҳаракат қиламиз.
Бадиий асар билан чинакам воқелик ўртасидаги муносабатни, уларнинг ўзаро боғлиқ томонларини тўғри тушуниш ва тўғри талқин этиш ҳаётий зиддиятлар билан бадиий зиддият ўртасидаги муносабатни, уларнинг муштарак жиҳатларини тўғри тушуниш ва тўғри илмий талқин этиш демакдир. Улардан биринчиси, фалсафа «тили» билан айтганда, объектив ҳодиса бўлса, иккинчиси субъектив ҳодисадир. Шу боис, бадиий адабиётнинг ижтимоий-эстетик моҳиятини ўрганиш айни чоқда фуқаролик жамиятининг ижтимоий қиёфасини ўрганиш ҳамдир.
Даврнинг кун тартибида турган муаммоларини англаш, идрок этиш ва уни ўрганишга ўз фаолиятини йўналтириш, бу — санъаткор талантининг янгиликни ҳис қилиш, ижтимоий сезувчилигининг бир белгиси холос. Лекин бу ҳодиса асло бадиий тафаккурнинг сўнгги имкони эмас, ёзувчи муайян давр қиёфасини бадиий акс эттиришга киришар экан, унинг бошқаларга мавҳум хусусиятларини, иллатлари томирини қидиришда образлар воситасида, демак, инсон билан иш кўради. Аммо маълум бир ижтимоий шароит таъсирида шаклланган инсон характери сабаб эмас, балки натижадир. Муайян ижтимоий шароит аввал характерни шакллантиради, кейин унинг таъсирида ўзи ўзгара бошлайди. Демак, инсон характерининг хусусиятига қараб жамият ҳақида фикр юритишда ўша жамиятнинг ҳақиқий аҳволини тадқик этиш ижодкор учун, шубҳасиз, ғоят муҳимдир.
Ғаффор Ҳотамовнинг биринчи ҳикояси — «Тонг ва шом» 1976 йилда эълон қилинган эди. Шундан кейин у «Хат ташувчи бола» ҳикоялар тўплами (1978), «Қайтиш» (1981) қиссаси нашр этилди. Бу асарларида ёзувчи замондошларимизнинг жонли, ўзига хос образларини ёрқин бўёқларда ҳаққоний гавдалантиришга интилди. Ойша, Салим («Ҳаёт шами»), Қизман, Усмон («Момо»), Хосият, Акрам («Қайтиш») ва бошқа қаҳрамонларнинг маънавий қиёфасида, интилиш ва изланишларида замондошларимизга хос фазилатларни акс эттиришга ҳаракат қилди. Лекин бу характерлар ёш авлоднинг тўлақонли, ҳар томонлама етук образлари даражасига кўтарила олмади. Бунинг боиси шуки, илк даврда ўз қаҳрамонлари билан бирга ёзувчи ҳам мураккаб ижодий изланиш жараёнини бошидан кечирмоқда эди. Натижада, қаҳрамонлар оламидаги ички кураш, маънавий зиддиятлар бадиий-эстетик жиҳатдан етарли даражада асосланмай қолди, ҳаёт ҳодисалари чуқур очилмади. Бунинг яна бир сабаби, ёзувчида ҳаётий ҳодисаларни бадиий умумлаштириш маҳоратининг етишмаслигида эди. «Қайтиш» қиссасида ижтимоий шароит қарама-қаршиликларини ўзида тўла мужассам этган яхлит бадиий зиддият яратилмади. Персонажларни ижтимоий ҳаёт ҳодисалари билан доимий ва узвий ҳаракатда, диалектик боғлиқликда, бевосита тўқнашувларда кўрсатиш учун асардаги тарқоқ, бир-бирига боғланмаган зиддиятлар йўл бермади.
Жумҳуриятимизда ҳозирги вақтда кечаётган ижтимоий-маънавий тозариш, қайта қуриш даври зиддиятларини бадиий умумлаштирувчи «Азал ва абад» қиссаси Ғ. Ҳотамов ижодида янгилик ҳисобланади. Ҳаётимизга таназзул даври келтирган ижтимоий-иқтисодий зарар-мунофиқлик, давлат ва халқни алдаш орқали арзонбаҳо шуҳрат ва бойликка интилувчи нопок кимсалар билан ижтимоий адолат ва шахсий ҳаётда ҳалоллик тарафдори Султон Мирзо ўртасидаги кураш «Азал ва абад» қиссасининг бош конфликтидир. Асар шартли рамзий услубий йўналишга хос бўлиб, ҳаётий воқеалар тасвирланган ўринлар фожиавий-комик саҳналар билан тез-тез алмашиб туради. Ёзувчи характер яратишда ички-психологик таҳлил услубидан самарали фойдаланган. Умуман, қаҳрамонларнинг маънавий дунёсини очишда руҳий таҳлил принципини қўллаш Ғ. Ҳотамов ижодий услубига хос бош хусусиятдир.
Қиссада асосан бир-биридан мустақил иккита конфликт йўналиши амал қилади. Улардан бири барча ёвуз кучлар — инсон қиёфасидаги мефистофель-шотирлар гуруҳининг раҳнамоси Пири Мафия билан диёнатли Султон Мирзо муносабатларига алоқадор бўлса, иккинчи йўналишни альпинист Лорелия Султонова билан унинг умр йўлдоши — шахмат бўйича жаҳон чемпионига даъвогар Георгий Расулов орасидаги конфликт ташкил этади. Мазкур конфликт чизиқлари мустақил равишда ривожлантирилсада, Пири Мафиянинг қурбони Султон Мирзо фожиаси билан унинг куёви Георгий фожиаси орасидаги синтетик боғлиқлик уларни яхлит бир ғоявий йўналишга туташтиради. Натижада, ғоят мураккаб тақдирли кишиларнинг даврнинг зиддиятли ўзгаришлари билан тўқнашуви юз беради. Ёзувчининг ғоявий нияти мазкур қарама-қарши кучлар кураши жараёнини шу жараённинг ўз тараққиётида, характер ва шароит диалектикасида, жамият ва шахс муносабатларини ижтимоий тараққиётнинг зиддият қонунларига мувофиқ бадиий акс эттиришидадир.
Лорелия Султонова билан Георгий Расулов конфликтининг асосини шуҳратпарастлик ва худбинлик психологияси ташкил этади. Иккаласи ҳам жаҳонга танилган машҳур спортчилар. Бири шахмат бўйича шуҳрат топган бўлса, иккинчиси машҳур альпинист. Улар орасидаги оддий оилавий муносабатларнинг кутилмаган руҳий портлашлар натижасида ўзгариш жараёни теран психологик ҳолатларнинг ишонарли тасвири орқали очиб берилади. Лорелиянинг қисса бошланишидаги чуқур руҳий изтироблари, руҳидаги «мутлақ безовталик» (Гегель) Георгийнинг шахмат мухлисларини тонг қолдирган ўйинига боглиқ ифодаланади: «Беихтиёр ўрнидан туриб кетди у. Нохуш таҳлика юрагини сиқар, гарчи табиатан лоқайд ва совуққон бўлса-да, шу топда ҳаяжондан бармоқларининг учига довур титраётган эди. Оққушники мисол бўйинлари хиёл чўзилди, у саҳнага — доналар сийраклашган шахмат тахтасига одатий кибр аралаш синчков назар солди: зоҳиран, оқларнинг ҳоли танг эди…» (Ғ. Ҳотамов. «Азал ва абад». «Ёшлик», 1988 йил, 9-сон, 3-бет).
Лорелиянинг асабларини кемираётган шуҳратпарастлик ва худбинлик майллари Георгийнинг шахмат доналарини ғалаба сари ҳар бир суришида авж ола боради. Эри «ўзига нисбатан ими-жимида ҳамиша ёмонлик қилиб келгандек, руҳини синдириб, шунинг баробарида ўзи юзага чиқишга интилгандек» бўлиб туюлаверади. Альпинистлар экспедицияси билан Непалдаги энг баланд чўққи — Канченжангини забт этишга кетмай, эри билан қолганидан афсусланади. Агар борганимда албатта чўққини забт этардим, деб ўйлайди. Буни Георгий истамаган, шу сабабли ёш боладай мени лақиллатиб, экспедициядан олиб қолган, деб хаёл қилади. «Мунинг обрўйи менга соя солмасин, дебди-да. Вой шайтон-эй, билмас эканман уни», деб эридан шубҳаланади. Шу тариқа, Лорелия қалбини турли хил шубҳаю гумонлар чулғай бошлайди. Георгийнинг ҳар бир эришган ютуғи ундаги худбинлик майлларини баттар аланга олдиради. Тизгинсиз ўй-хаёллардан ҳориган, дунёдаги барча саховату эзгу-тилаклар менга аталсин, деган худбин Лорелия кўнглида баъзан эрига нисбатан нафрат, гоҳида эса меҳр ва шафқат ҳислари уйғонади. Баъзида хаёлини аёлларга хос ўч олиш, гоҳида алам билан қасдма-қасдига севиш каби зиддиятли ўй-мушоҳадалар банд этади. Характерли жиҳати шундаки, ёзувчи бу образ таҳлилида инсоннинг ички имкониятлари нақадар кўламдор эканини, уни беҳудага сарфлаш, ўз-ўзига ва истеъдоди кучига беписанд муносабатда бўлиш талантни охир-оқибат ҳалокатга элтишини реалистик бўёқларда ғоят таъсирчан ифодалайди. Лорелиянинг ички монологлари, руҳий изтироблари, шунингдек, у шуҳрат алангасида ёнган саҳналар тасвири ички-психологик таҳлил услубининг имкониятларини ёрқин намоён этган, деса бўлади. Бу қаҳрамон юксакликка қанча куч билан интилса, характеридаги худбинлик уни шунча куч билан пастга тортади. У ўзи сезмаган ҳолда бу ҳаракатини ғайрат билан давом эттираверади, ҳақиқатда эса, муайян вазиятга боғлиқ воқеалар ҳам ўз оқимида, фақат қарама-қарши тарафга қараб, ўз ички тараққиёт нуқтаи назаридан ҳаракатланишда давом этади.
Рус адабиётшунослигида «поток сознания» (онг оқими) деган ибора тез-тез қўлланилади. Бу — бадиий тасвир усулининг янги ва замонавий воситаси бўлиб, ички монолог шаклларидан биридир. Лекин у одатдаги монологга нисбатан қаҳрамон ички оламидаги руҳий реакция, психологик ҳолатларнинг энг теран қатламларида рўй берадиган оний ўзгаришлар, руҳий пўртаналарни чуқуррок бадиий акс эттиришга ёрдам беради. Бу маънавиятнинг ҳайратангиз мунавварлиги, оний портлашлар чоғида одамзот шуурида чуқур из қолдирган кечаги, ҳозирги ва эртанги кун воқеаларининг тартибсиз тафсилотлари, жиловсиз фикрлар ва туйғулар оқими билан ифодаланади.
Ўзбек совет адабиётида, хусусанёш ижодкорлардан М. М. Дўстнинг «Мустафо», Ғ. Ҳотамовнинг «Азал ва абад» қиссаларини шу йўналишда ёзилган илк асарлар, тўғрироғи, дастлабки адабий тажрибалардандир, дейиш мумкин. Бу асарлардаги баъзи қаҳрамонлар характерида инсон қалби, руҳий оламининг ғоят чигал, қарама-қарши, қоронғи томонлари ҳақида тўкисроқ тасаввур уйғотишга бўлган ижодий интилишлар мужассам этилган.
М. Дўст қиссасининг бош қаҳрамони Мустафо — етмишни қоралаб қолган мўйсафид. Кексалигига қарамай уззу-кун қирт қирт ишлайди, «қовун-тарвуз, макка экади», етмиш йил кечирган умрини сарҳисоб қилади, инсоф ва адолат ҳақида ўйлайди. Унинг характерига хос хусусият мулоҳазакорлик, беозорлик. У ўзини ҳаётда омади юришмаган, бахтсиз одам деб ҳисоблайди. Ўз бахтсизлигининг сабабларини ахтаришга ҳаракат қилади. Тенгқур чоллар унинг устидан кулади. Болта қассоб уни масхара қилади. «Нима бало, ғирт хотинга ўхшайсиз! Хотинчалиш одамсиз, бобой!» — дейди Болта қассоб.
Болта қассоб чолнинг новвосчасини саранжомлаб, ҳовлидан дарғазаб чиқиб кетади. Мустафо, унинг сўзларидан кўнгли ранжиса-да, индамайди, қассобни кузатмайди. У кўздан ғойиб бўлгач, Болта қассобдан ғазабланишга уриниб кўради, энди «уни мол сўйгани чақирмайман», деб ўйлайди. Айниқса, унинг ғирт хотинга ўхшайсиз, деган гапи қаттиқ таъсир қилади, нафсониятига тегади. Ўзининг эркак киши эканига ишониш учун соқолини тутамлаб кўради, ёғоч тароқчасини чўнтагидан олиб, соқолини тарайди.
Шу ўринда ёзувчи қаҳрамон характеридаги оний ҳолатларни, ихтиёрсиз хатти-ҳаракатларни тасвирлашга интилади: «Кейин овоз чиқариб, ўзи билан бир зум гаплашган бўлади… Кейин ўчоқ бошида куймаланиб юрган кампирини гапга солиб, унинг овозига қулоқ тутади. Сўнг яна ўзи гапиради, кампирининг овози билан ўзининг овозини зимдан солиштириб кўради. Овози анча юмшоқроқ, лекин барибир хотинларникига ўхшамайди…» (М. Дўст. «Галатепа қиссалари», Т., «Ёш гвардия», 1985, 11-бет).
Бир қарашда, Мустафо ҳар бир воқеа-ҳодиса ёки эшитган гапини онгли равишда ўйлаб кўраётгандек, ўз мулоҳазаларини мантиқан умумлаштираётгандек туюлади. Аслида ундай эмас. Юқоридаги парчадан англашиладики, у ташқи таъсир (Болта қассобнинг кинояси) туфайли ўз иродасини, хатти-ҳаракатларини бошқара олмай қолади.
Афсуски, бундай лавҳалар қиссада жуда кам учрайди. Бош қаҳрамоннинг онгсиз мушоҳадалари оқимини тасвирлашга имкон туғилган ўринларда эса, муаллиф сунъийликка йўл қўяди, комик тасвирни афзал кўради.
Масалан, Болта қассобнинг новвосчани бошига болта билан уриб карахт қилиши, кейин сўйиб терисини шафқатсиз шилиши эпизодини олиб қарайлик. Ўз табиатига кўра қонли манзарани «ҳазм» қилолмайдиган Мустафо бу пайтда ҳовлидан ташқарига чиқиб кетади. Сал наридаги гўнгтепага кўтарилиб, нохуш ўйлардан ўзини атай чалғитиш мақсадида теварак-атрофни томоша қила бошлайди. Бу атай қилинган ҳаракати аста-секин беихтиёр ҳаракатга айлана боради. У ўз мушоҳадалари ортидан «изма-из» бориб, охири ўзлигини тамом унутади. Хусусан, колхознинг боғига қараб, ҳосили мўл бўлса, пулиям мўл бўлади, деб ўйлайди. Чўнқаймиш тоғига қараб, қорга кўзи тушади. Чўнқаймишда қор кўп бўлса, сел ҳам зўр бўлади, дея хаёл қилади. Лекин қўшниси Қорабойнинг жар лабидаги уйини сел опкетмасайди, деб ташвишга тушади. Бир йили унинг сигирини, бошқа бир йили бузоғини сел оқизиб кетганини ўйлайди. Шундай бўлсаям унинг жар лабидан кўчмаётганини эслаб, Қорабойни тентакка чиқаради, отаси ҳам сал тентакроқ эди, деб ўйлайди. Аммо шу ўринда Мустафо характерини тўла очишда адибнинг руҳий таҳлил маҳорати етишмагани яққол сезилади. Қаҳрамон мушоҳадаларининг табиий-ихтиёрсиз оқими атай сунъийлаштирилади, механик равишда «тартиб»га солинади.
Афсуски, ёзувчи Мустафони атай ҳовлига — мол сўяётган Болта қассобнинг олдига қайтариш учун лалми қовун ва унинг пўчогини ўйлаб чиқаради. Пўчоқ — топилма деталь, аммо сохта, ўз ўрнига тушмаган деталь. Қиссада адиб инсон табиатининг зиддиятли қатламларига чуқур кириб боради. Қаҳрамон юрагидаги турфа туйғулар ғалаёни, мураккаб руҳий-психологик ҳолатлар ва кечинмалар тасвирида оригиналликка интилади. Бироқ баъзи ўринларда персонаж қалб драмасини очишда ички кураш, руҳий таҳлил услуби имкониятларидан етарли даражада фойдаланмайди. Назаримизда, қизиқарли воқеа-ҳодисалар, психологик вазият-ҳолатлар фақат қизиқарли бўлгани учунгина адибни қизиқтираётгандек таассурот қолдиради.
Адабиёт — маърифий изланиш, инсоннинг маънавий юксакликка интилиш йўлидир. Бу йўлнинг ибтидоси бор, интиҳоси эса, чексиздир. Муайян ҳаётий муаммонинг чексизлиги унинг давомийлигидадир. Даврий узлуксизлик мавжуд жойда бирор ҳаётий-одатий ҳодисани чегаралаш, унга сўнгги нуқта қўйишга интилиш беҳуда. Шунингдек, асар бадиий конфликтини тайин этишда қўлланиладиган турли эстетик компонентлар ҳам ҳаётий зиддиятларни бадиий акс эттириш нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятга эгадир. Драматик жиҳатдан кескин, ифодали акс эттирилган руҳий коллизиялар асарда ўзига хос юксак пафос вужудга келтиради.
«Азал ва абад» қиссасида Ғ. Ҳотамов қаҳрамон ички дунёсидаги ўзгаришларни муайян ҳаётий ҳодисаларга боғлаб акс эттиришга интилади. Асарда бугунги кун воқеалари, баъзи салбий ҳодисалар — гуруҳбозлик, худбинлик, ғаразли манфаатлар йўлида бирлашган кимсаларнинг жамият ва шахс фаолиятига етказган ижтимоий зарари, оқибатлари мураккаб характерли қаҳрамонлар тақдири орқали ифодаланади. Реал воқелик, конкрет ҳаётий ҳодисага муносабат нуқтаи назаридам Г. Ҳотамовнинг «Азал ва абад» қиссаси М. Дўстнинг «Мустафо» асаридан кескин фарқ қилади. «Мустафо»да бош қаҳрамоннинг қалб драмаси персонаж шахсий кечинмалари доирасидан чиқиб ке толмаган. Бу ҳодиса асарнинг ижтимоий эстетик таъсирчанлигига путур етказган. «Азал ва абад»да эса, характер ва шароит мутаносиблиги бирмунча изчил бадиий талқин этилади…
Мансур Тенглашев
«Гулистон» журнали, 1990 йил, 1-сон