Маҳкам Маҳмудов. Ғарб адабиёти билимдони

Филология фанлари доктори, профессор Муҳаммаджон Холбеков жаҳон халқлари адабиётларини чуқур тадқиқ қилган истеъдодли олимларимиздан биридир. Унинг “Марло ва Шекспир”, “XX аср модерн адабиёти манзара­лари”, “Структур адабиётшунослик”, “XX аср ғарб модерн драмаси”, “Бадиий матннинг структур таҳлили” моногра­фияларида адабий жараёнлар ва оқимлар кенг ҳамда чуқур тадқиқ этилади.

Профессор М.Холбеков “XX аср модерн адабиёти манза­ралари” китобида жаҳон адабиётида модерн ва модернизм тушунчаси, Ғарб насрида модернизм, Марсель Пруст, Франц Кафка, Жеймс Жойс, Виржиния Вулф, Уильям Фолкнер, Габриэль Маркес, Луис Борхес ва бошқаларнинг ижодига хос муҳим хусусиятларни ёритган эди.

Олим китобда XX аср модерн адабиётига хос фазилат­лар ва камчилик­лар ҳақида фикр юритар экан, унинг мазмунини, ранглари спектри, диапазони жуда кенгли­гини, турли муаллифларнинг модерн асарларида антик давр мумтоз адабиёти, ўрта асрлар, уйғониш даври, маъ­рифатчилик, романтизм, танқидий реализм, символизм, экспрессионизм, неореализм, сюрреализм оқимларига хос услубларнинг аралашуви мавжудлигини ­эътироф қилади. Парадоксал ҳолат шунда яққол кўринадики, модерн ёзувчилар ўз асарларининг услубини нечоғлик “янги” деб ўйласалар-да, бу услубларда антик даврдан ҳозиргача бўлган барча ижодий услубларнинг гоҳ синтези, кўпроқ эклектикаси кўзга ташланади. Модерн ёзувчилар гоҳ Библиянинг “Таврот” (“Қадимги аҳд”) қисмига тақлид қилиб, гоҳ антик давр юнон ва Рим адабиёти асарларидаги сюжетларни қайта ишлайдилар (масалан, Ж.Жойс “Улисс” романида Гомер “Одиссея”сига мурожаат қилгани каби).

Муаллиф тўғри кузатганидай, модерн адабиёти фақат бадиий асарлардан иборат бўлмай, у бадиа, эртак, тад­қиқот, мактубларни ва турли мумтоз бадиий асарларнинг парчаларини ҳам ўз ичига олади. Масалан, Луис Борхес ижодида теран поэтик, психологик ҳикоялар билан айни вақтда, бадиа, мақола, кичик илмий тадқиқотлар ҳам кўп учрайди (“Бобил кутубхонаси”, “Паскал фазоси”, “Кеведо”, “Кольрижнинг туши”, “Честертон ҳақида”, “Ибн Рушд изла­ниши”, “Дон Кихотда яширинган сеҳр”, “Сотқин ва қаҳра­мон мавзуси”, “Марк Инжили”, “Сюжет”, “Китобга эҳтиром” ва бошқалар). Луис Борхес “Паскал фазоси” асарида машҳур бир жумла фикр­нинг минг йил давомида йўқолмай кели­шини кузатади: “Уйғониш нури билан ёришган 1584 йилда бу сўзлар севиниб айтилганди. Аммо 70 йил ўтгач, бу севинчдан асар ҳам қолмади, инсоният энди замон ва маконда йўқолиб кетгандай бўлди. Замонда йўқолиш – ўтмишнинг чексизлиги ва келажакнинг чексизлигидан, ма­конда йўқолиш – ҳар бир тирик жоннинг чексиз катта­ликдан ва чексиз кичикликдан жуда узоқда эканлигидир. Ҳеч ким маълум бир кунда ва маълум бир жойда яшамайди (оқаётган дарёга фақат бир марта тушиш мумкин, иккинчи тушганда ўша сув бўлмаслиги, оқиб кетгани каби –М.М)[1].

Уйғониш даврида инсоният етукликка эришдим деб ўйлайди ва фик­рини ўз вакиллари Ж.Бруно, Т.Кампанелла ва Ф.Бэкон тили билан ­эълон қилади. XVII асрда инсоният қариб қолдимми, деб қўрқа бошлади ва ўзини оқлаш учун, одам гуноҳ сабабли туғилгани учун аста-секин ва муқаррар майдалашиб бормоқда, аввалги замонларда улкан одамлар узоқ яшар эдилар. Масалан, Мафусоил 969 йил яшаган (“Таврот”, 5-боб) ва одамларнинг жуссалари катта эди (ўша китоб, 6-боб), деб ишонардилар. “Олам тузилиши” асари­нинг “Биринчи йиллар” фаслида одам умри қисқарганидан ва жуссаси кичрайиб бораётганидан шикоят қилинади, охири одамлар пигмейлар ва эльфларга, капалакларга ўхшаб қолишини айтади. Аслида қадимиятга доир бундай фикрларни минг йил аввал Абу Райҳон Беруний айтган эди.

ХIХ аср Америка адабиёти, шу асрдаги рус адабиёти каби романтизм ва реализмни уйғунлаштириб, олтин дав­рини бошдан кечирдилар, бу адабиёт инсониятнинг ҳаёт машаққатларига, ёвузликка, қулдорликка, ирқчиликка қарши (Фенимор Купер, Вашингтон Ирвинг) табиат офат­лари ва фалокатларига қарши курашган (Г.Мелвилл “Моби Дик”, Бичер Стоу “Том тоғанинг кулбаси”) озодлик кура­шини, буюк иродасини, руҳий қудратини эстетик идеал даражасига кўтариб, умуминсоний қадриятларнинг мангу яшашини кўрсата олдилар.

Америка мумтоз адабиёти қад кўтараётган вақтларда бир неча асрлар давомида бу қитъага келган Англия, Голландия, Португалия, Испания мустамлакачилари маҳал­лий халқни ҳам, ўзлари орасидаги соф виждонли, меҳнат­севар, камбағал одамларни ҳам менсимас, уларни одам ўрнида кўрмас, инсоний ҳуқуқларини оёқости қилар эдилар. Худди шу соф виждонли, меҳнатсевар, камбағал одамларнинг кўпчилиги Америка қитъасининг шимолида бўлганидан, жанубдаги қулдорларга қарши шахс озодлиги учун Авраам Линкольн, Жорж Вашингтон, Томас Жефферсон етакчилигида бошланган урушларда ғолиб чиқдилар ва шахс эркинлигини, барча инсонлар тенг ҳу­қуқли эканлигини таъминловчи Инсон ҳуқуқлари деклара­циясини қонун сифатида қабул қилдилар. Бу эса Юнон ва Римда қадимги даврда бошланган демократия учун кураш 1789 йилда Бастилиянинг олиниши билан тугалланган Буюк Француз инқилобининг давоми бўлган халқаро озод­лик кучларининг яна бир ғалабаси эди. Бу кураш мевалари бўлмиш озодлик, инсон қадр-қиммати, гуманизм ғоялари адабиёт, маърифат соҳасида Лонгфелло, Уолт Уитмен, Генри Торо, Г.Мелвилл, Байрон, Эдгар По, Марк Твен каби буюк эрксевар санъаткорларни етиштирди. Бу мумтоз санъат­корлар учун бадиий ижод кейин туғилган модер­низм ва постмодернизм адабиёти вакиллари мақтаган топишмоқ, жумбоқ, сўз ўйини эмас эди. Профессор Муҳаммаджон Холбеков Америка ва Европа модерн ада­биётида кечган шу каби янгиланиш, ўзгаришларни теран тадқиқ этади. Бунда у ғарб олимларининг фикрларига асосланади.

Профессор Муҳаммаджон Холбековнинг китобида Эрнест Хемингуэй ва Уильям Фолкнер ижоди ҳақида жўшқин ва теран фикрларни ўқиймиз. Бу иккала адибда М.Пруст ва Ж.Жойс каби зодагонлик ва шон-шуҳратга маҳлиёликни учратмаймиз. Э.Хемингуэй ҳам, У.Фолкнер ҳам қайноқ ҳаёт воқеалари, одамларнинг ички кечинма­ларини, инсонлардаги энг қимматбаҳо бойлик – инсоний­ликни, жамият ҳаётидаги зиддиятларни бўяб-бежамай, ўз табиатларида бор камтарлик билан, муҳими, ҳаётий, жонли, табиий тасвирлаш фазилати яқинлаштириб туради. Муаллиф бу икки буюк санъаткорнинг қалбидаги сами­мият­ни, ҳаёт муаммоларини, одамларнинг ички дунёсини, мақсад ва қилмишларини ҳаққоний тасвирлашда бир-бирига “рақиб” эканлигини, худди шу ҳақгўйлик, инсо­нийликка бўлган теран ишонч сабабли бир-бирини ҳур­матлашини ҳам тўғри кўрсатади.

Эрнест Хемингуэй ёзувчиликка энди қадам қўйганида Американинг катта адабиётини бунёд этиб, жаҳонга танит­ган Вашингтон Ирвинг, Фенимор Купер, Герман Мелвилл, Натаниэль Готорн, Ральф Эмерсон, Эдгар По, Марк Твен ва бошқаларнинг асарлари жаҳоннинг кўп тилларига тар­жима қилиниб, шон-шуҳрат топган эди. Бу адибларнинг кўп­чилиги ёвузликка, қулдорликка, инсониятнинг ижти­моий тенгсизлигига қарши курашган инсонларни, улар ҳаётидаги гўзаллик ва фожиаларни, яхшилик ва ёмон­ликни, улуғворлик ва тубанликни, мардлик ва садоқатни, айни пайтда фойда кўриш йўлида виждонсизлик қилув­чиларни гоҳ жиддий, гоҳ юмористик ва лирик оҳангда тасвир этдилар. Модернчи санъаткорлар эса инсоният тарихини (масалан, Юлий Цезарь ва Марк Брут ҳаётини) келгуси авлодлар расмий тарихий асарлардан (Эдуард Гиббон ва Теодор Моммзен тадқиқотларидан) эмас, балки инглиз даҳо санъаткори У.Шекспирнинг “Юлий Цезарь” фожиасидан яхшироқ ўрганишади, деб фикрлайдилар.

ХХ аср Ғарбий Европа ва Лотин Америкаси адабиётида аввалроқ Марк Твен, Ч.Диккенс, Г.Андерсен, Жек Лондон, Г.Мелвилл, Г.Лонфелло, У.Уитмен эъзозлаган, мангу ва олий идеаллар, инсоний фазилатлар, мардлик, олийжаноблик, адолат ва ҳақиқат куйланган мумтоз асарлар ўрнини услубий янгиланиш баҳонасида индивидуализм, худбин­лик, маънавий саёзлик мақталган асарлар эгаллади ва бу асарларнинг муаллифлари ўзларини янгилик кашф этувчи – модернчилар деб атадилар. Булар орасида Э.Хемингуэй, У.Фолкнер мумтоз реалистик адабиётга садоқатини асраб қолдилар. Профессор Муҳаммаджон Холбеков китобидаги мақолаларда У.Фолкнер ва Э.Хемингуэй ижоди ҳақида завқ билан ёзади. Шунингдек, олим китобида Маркеснинг ноширлар ва журналистлар билан суҳбатида ўзини тиним­сиз мақташларини, бир-бирига зид, мантиқсиз фикрла­рини, баъзи замондошларининг танқидларини холислик билан ёритади.

Профессор Муҳаммаджон Холбековнинг фикрича, “Ёлғиз­ликнинг юз йили” романини идрок қилиш, “мағзини чақиш” бошқа модернист ёзувчиларининг интеллектуал романларига қараганда, анча осон ва мароқли. Гарсиа Маркес ўз вақтида телесериаллар учун сценарийлар ёзгани шунчалик кўнгилхушлик, вақтичоғлик машғулоти бўлма­ган, балки унинг ижоди учун маҳорат мактаби вазифасини ўтаган. У тўлиқ англаган ҳолда “сара жамият” вакилларига эмас, балки оддий ўқувчиларига мақбул қилиб ёзади. Шу сабаб роман оммабоп китобга айланди. Аслида, сценарий­навислик нуқтаи назаридан қараганда, Маркесни ҳақиқий постмодернист ёзувчи десак бўлади.

Профессор Муҳаммаджон Холбеков ХХ аср Ғарб модерн драмасига бағишланган илмий рисоласида[2] Европада фа­шизмга қарата “Қаршилик кўрсатиш ҳаракати” тарафдор­лари бўлган драматурглар Гарсиа Лорка, Бертольд Брехт, Луиджи Пиранделло, Сэмюэл Беккет, Жан Кокто, Альбер Камю, Жан-Поль Сартр, Жан Ануй, Жан Жироду, Морис Метерлинк, Бернард Шоу, Б.Штраус, Георг Койзер, Юджин О’Нил, Торнтон Уайлдер ижодида драматургияни, театр санъатини янгилаш, антик драмага хос мифологик мавзу­ларни замонага мослаштириб қайта талқин этиш кучли эканини англатади. Экзистенциалистлар ХХ асрда одамларнинг кўпчилиги фақат мавжудлиги, тирикчилиги учун яшаётгани, юксак инсоний идеаллар ва фазилат­лардан воз кечиб, ўзаро душманлашиб, абсурд-маъносиз ҳаёт кечираётганини айтиб, томошабинларга ҳаёт ҳақиқат­ларини инсониятнинг инқирозга юз тутаётганини тасвир­лайди, “Театр санъати ХХ асрда ифодавийликни бойитиш (томошабинга кучлироқ таъсир кўрсатиш, шу орқали жамоатчилик фикрини муҳим ижтимоий глобал масала­ларга қаратиш) йўлида ўзидан (театрдан) фарқли бўлган кинематография ва фотография каби санъат турларининг имкониятларини ҳам ўзига сингдириб борди”, деб ёзади М.Холбеков. Биз бу адолатли фикрга қўшимча қилиб айтамизки, театр санъатига жиддий ва ғолиб рақобатчи бўлиб қолган кино санъатидан орқада қолиб кетмаслик учун режиссёр ва адиблар театр санъатига турли янги­ликлар кирита бошладилар.

Профессор Муҳаммаджон Холбеков тўғри кўрсатгани­дек, ХХ аср ­театри моҳиятига кўра режиссёрлик театридир. Муаллиф амри ўрнига (Арасту фикрича, қаҳ­рамон характерига тақлид ўрнига) театрда пьеса ва то­мошабин ўртасида бош воситачи сифатида режиссёрнинг амри мустаҳкам ўрин эгаллади. Вақт ўтиши билан матн (пьеса, драма матни) ва унинг саҳнадаги тажассуми орасидаги масофа каттариб бораверади. Бертольд Брехт (Германия), Луиджи Пиранделло (Италия), Ф.Гарсиа Лорка (Испания) каби драматурглар режиссёр сифатида ўз театрларини яратдилар.

Истеъдодли Ғарб адиблари ва драматурглари мумтоз театр анъаналарини эскирди деб ҳисоблаб, ўз театрларини янгиликлар билан бойита бошладилар. Аслида мумтоз адабиёт, санъат анъаналари, қонуниятлари ҳеч қачон эс­кирмайди. Шунга қарамай, модернчи адиблар томошабин­ларни ҳайрон қолдириш, баҳс-мунозарага чорлаш, воқеани диалог, гап-сўз билан эмас, сукут билан ифодалаш каби драматик диалогнинг янги имкониятларини кашф этишди.

“Ғарб модерн драматургиясида, – деб ёзади М.Холбеков, – мифологик сюжетларга қизиқиш бутун ХХ аср давомида сўнмайди. Бу ўринда Юджин О’Нилнинг “Мотам Электра­нинг қисмати”, Т.Уильямснинг “Орфей жаҳаннамга туш­моқ­да”, Ж.Ануйнинг “Антигона” каби асарларида, шунинг­дек, тарихий шахс ҳаётидан олинган, драмалар (П.Клодель “Христофор Колумбнинг китоби”, Б.Брехтнинг “Галилей ҳаёти”, Ж.Осборннинг “Лютер”, П.Вайснинг “Маратнинг ўлдирилиши”)да тарихий воқеа-ҳодисалар янгича талқин этилди.

Профессор Муҳаммаджон Холбеков Ғарб театрида вужудга келган экспрессионизм драмасига хос хусусият­ларни бундай ифодалайди: “Экспрессионистик пьесада сўз воқеадан устун туради. Кўп ҳолларда падаркушлик билан якун топадиган оталар ва фарзандлар ўртасидаги зид­диятлар, эркинликка интилиш ва муросасозликни рад этиш – экспрессионистик драматургиянинг бош мавзулари шулардан иборат”. Модернчилар, экспрессионистлар, сюр­реалистлар, абсурдчи драматурглар ўзларини ҳар қанча янгиликлар кашфиётчиси қилиб кўрсатсалар-да, кўп ҳол­ларда антик драма сюжетларидан фойдаланишга эҳтиёж­манд эдилар. Буларнинг мақсади асосан антик давр драмаси қаҳрамонларини янги шароитда пасткаш, оддий, ғаразли одамларга айланиб қолишини билдириш – деге­роизация, қаҳрамонликдан тушириб, ҳозирги бачкана одамларга яқинлаштириб, шу билан томошабинларнинг эътиборини қозонишдан иборат эди. Профессор Муҳаммаджон Холбеков ҳам ушбу тадқиқотида Ғарб театршунослари изидан бориб, модерн драма муаллиф­ларининг асарларини асосан янгиликлар, фалсафийлик­нинг кучайиши деб талқин қилади. Модернчи драматург­лар кўп ҳолларда XIX асрнинг буюк кашфиёти бўлган, узоқ ўтмишда ҳам илдизлари бўлган воқеликни, ҳаётни ҳақ­қоний, реалистик тасвирлашдан чекиниб, субъектив­лик, абсурд, парокандалик, маъносизликни ижодий усулга айлантиришни яхши кўрадилар. Модернчи драматурглар Эсхил, Софокл, Эврипид, Шекспир, Лопе де Вега, Кальдерон, Мольер, Расин, Пьер Корнель, Шиллер ва Байрон драмалари даражасида ёзишга кучи етмагани сабабли ўзларини классик драма бадиийлиги қонуниятларини бузиб, мантиқ­сизликни, парокандаликни, фашизм етакчиларига ҳам маъқул келувчи тошбағирликни, сўз ўйинларини, найранг­бозликни янги кашфиёт деб тақдим қиладилар. Таниқли файласуф Ортега-и-Гассет булар ҳақида “Санъатда де­гуманизация” асарида танқидий фикр билдирган эди.

Таниқли адабиётшунос олим, Ғарб адабиётининг билимдони профессор Муҳаммаджон Холбеков ушбу кито­бига кирган тадқиқотлари, адабий-танқидий мақолалари­да ХХ аср адабиётидаги турли йўналишларни чуқур тадқиқ этади, модернизм, модерн романи ва драмаси фазилатла­рини ҳам, нуқсонларини ҳам ёритишга интилади. Олим­нинг китобидан ўрин олган, “Лотин Америкаси сеҳрли реализми” тадқиқоти ҳам бу қитъа адабиёти ҳақида ўқув­чига тўлиқ маълумот беришига ишончимиз комил.

Хулоса қилиб айтганда, ушбу китобдан адабиётшунос­лар, айниқса олий ўқув юртлари талабалари ва ма­гистрант­лари ўтган аср жаҳон адабиётида кечган манзара ва оқимлар хусусида кенг маълумот олишлари мумкин.

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2020 йил, 12-сон

_________________

[1] Қаранг: Холбеков М. XX аср модерн адабиёти манзаралари. Мақоллар тўплами. – Тошкент:, “Mumtoz so’z”, 2014. – 388-бет.

[2] Холбеков М. ХХ аср Ғарб модерн драмаси. Рисола. – Тошкент: “Mumtoz so’z”, 2017. – 72-бет.