Инглиз адабиётининг йирик намояндаси Даниел Дефонинг (1660–1731) “Робинзон Крузо” ва “Молл Фландерс” романлари дунё адабиётида янги йўналишни бошлаган мумтоз асарлардан ҳисобланади. Муаллиф айниқса “Робинзон Крузо” асари билан абадиятга дахлдор бўлиб қолди. Ёзувчи маърифатпарварлик руҳи билан суғорилган мазкур асари орқали XIX асрнинг ижтимоий реалистик романчилигига пойдевор қўйишдек улкан вазифани бажарди. Дефонинг романнавислик анъаналарини Генри Фильдинг, Жорж Смоллет, Чарльз Диккенс каби машҳур ёзувчилар ривожлантирдилар.
Бугунги китобхон машҳур «Робинзон Крузо» романини яратган адиб бутун умрини шону шуҳрат ичида яшаб ўтган, деб тасаввур қилиши мумкин. Аслида шундай бўлганми? Бу савол ҳаммани қизиқтиради.
Ҳаммамиз биламизки, “Робинзон Крузо” фақат болалар эмас, балки катталар ҳам севиб ўқийдиган бадиият дурдоналари сирасига киради. Шуниси эътиборлики, Англия маърифатпарварлари ғоялари Германия маърифатчилиги билан муштарак ҳолда ривожланган. Буни буюк немис шоири Гёте ижодида ҳам кўрамиз. Даниел Дефо ўз замонаси, ўз синфининг вакили сифатида давр ғояларини бадиий ифодалаб берди. Ёзувчи ўз замондошлари илғор дунёқарашларининг жарчиси сифатида майдонга чиқди.
Робинзоннинг кимсасиз оролдаги ҳаёти, яратувчи инсонга хос топқирлиги, мардлиги, иродаси, машаққатларни енгиш азоблари романда катта бадиий маҳорат билан тасвирланган. Асар меҳнат мадҳиясидек жаранглайди. Айнан мана шу истеъдоди боис Робинзон Крузо ўз инсонлигини сақлаб қолади. Бу адабий қаҳрамоннинг жозибадорлиги, ибратли фазилатлари ва тарбиявий аҳамияти айнан мана шунда. Романда аниқ воқеаларнинг бадииятга моҳирона йўғрилганлиги ёзувчининг ижодий ютуғидир. Меҳнат – Робинзоннинг танг аҳволга тушиб қолганида, ўта қийин шароитларда кимсасиз оролда йиллар давомида одамийлик қиёфасини сақлаб қола билишдаги бош омил сифатида кўрсатилади.
Даниел Дефо, тадқиқотчиларнинг ҳисоблашларича, 400 га яқин публицистик мақолалар, памфлетлар ёзган қалам соҳибидир. Бу асарлар кўплаб жаҳон тилларига таржима қилинган. Дефонинг ижодий фантазия қуввати билан яратилган бу асарлар юртдошлари учун фавқулодда ҳодиса ва тенгсиз жасорат намунаси ҳисобланади.
Муаллифнинг ўзи ҳам ҳаётда ҳисобсиз машаққатларни бошидан кечирди. Шунга қарамай, у матонат ва чидам билан қийинчиликларни енгиб, ўз мақсадларига эриша борди. Дефо Англиянинг биринчи профессионал журналисти, сиёсий қарашлари билан ўзгаларга таъсир ўтказа оладиган газета муҳаррири ва ҳукуматнинг энг масъул шахсларига доир сирлардан яхши хабардор адиб эди. Бироқ мураккаб шароит, шафқатсиз ижтимоий ва сиёсий жангу жадаллар туфайли у ўзи кўзлаган мақсадларини тўла-тўкис амалга ошира олмади. Сиёсий тартибсизликлар ва носозликлар, низо ва нифоқлар, саройнинг фитнаю фасодларига аралашиб қолди, бироқ замондошларини қизиқтирадиган ҳаётий воқеалар ҳақидаги китобларини чоп эттираверади.
Дефо бутун умри давомида гоҳ очиқчасига, гоҳ яширин, турли тахаллуслар остида замонасининг ўткир сиёсий ва халқаро масалаларига ўз муносабатини билдириб борди, памфлетлар эълон қилишдан тўхтамади. У фалсафа ва ҳуқуқ, савдо-сотиққа оид илмий асарлар, рисолалар битди, иқтисодий мавзуда мақолалар, йўриқномалар, қўлланмалар, маълумотномалар, дастурлар, омма ва жамоа орасида ўзини қандай тутиш ҳақида китоблар ёзди, санъат ҳақида шеърлар битди, қўл ҳунармандчилиги тарихи ва яна шунга ўхшаш турфа соҳалар борасидаги фикрларини чоп эттирди.
Дефо ўз номини қўймай эълон қилган асарлар ҳам ажабтовур кутубхонани ташкил этади. Дефо уларда воқеалар баёнини асар қаҳрамонлари номидан ҳикоя қилиш воситасидан фойдаланади. Шунга кўра унинг китоблари гўё денгизчилар, савдогарлар, ўғрию каззоблар, сарой фитначилари, барча турдаги саргузаштталаблар томонидан ёзилгандек таассурот уйғотади.
Дефо памфлетлари ва сиёсий фаолияти учун ҳибсга олинади ва 1703 йил 31 июл куни “сазойи қилинадиганлар устуни”га боғланади. Уни шарманда қилишга қаратилган фуқаролик ҳукми амалга оширилишидан олдин у ёзган “Иснод устуни мадҳияси” номли шеър халқ орасида кенг тарқалиб кетади. Унда Дефо диндан қайтган муртадларни йўқотиш, фош қилиш зарурлиги борасида дадил фикр юритган. Шармисор этилиши кўзда тутилган Дефога халқ гуллар сочади, унинг соғлиғи учун қадаҳ кўтаришади.
1704 йилда Дефо “Франция ишлари шарҳи” номли даврий нашрда фаол қатнаша бошлайди. Бу оммавий газета 1713 йилгача чиқиб турди. У Англиядаги жиддий сиёсий ва иқтисодий мавзуларни ёритадиган илк нашрлардан бири эди. Кейинчалик ёзувчи бошқа газеталарга ҳам муҳаррирлик қилди. Қиролича Анна вафотидан сўнг,Торилар партияси ҳокимиятни қўлдан бой бергач, Дефо Виглар ҳокимияти тарафдорлари қаторига ўтади.
Даниел Дефо мураккаб тарихий асрда яшаб ўтди. У ёзувчи бўлгунга қадар газлама моллари билан савдо қилди, шароб олди-сотдиси билан шуғулланди, лекин сира иши юришмади; фабрика эгаси, ишбилармон, жосус, аскар, памфлетчи, маҳбус, журналист, муҳаррир, адабий “мардикор” бўлди. Санаб ўтилган ҳар бир касбнинг адиб ҳаётий фаолиятидаги ўрнини, аҳамиятини бир ўйлаб кўринг-а?! Эҳ-ҳе! Даниел Дефони қизиқтирмаган, у “бурнини тиқмаган” соҳа қолмаган экан, дейсиз.
Ҳаётининг сўнгги йилларида Дефо сиёсий журналист сифатида ўз қобилиятини сиёсий ҳожатбарорлик йўлида сарфлаб, бадиий адабиётдан четлашгандек таассурот қолдирди
Дефошунослар ва танқидчилар таъкидлаганидек, у “замонавий одам”, “замонавий дунёнинг фуқароси”, “афсонавий одам” эди. Мана кўрдикки, адибнинг ҳаёти ўта машаққатли кечган. У бутун ижоди давомида ўта оғир умр сўқмоқларидан ўтган. Ижодкор чеккан мана шу қийинчиликлар ва азоблар эвазига қисмат унга ажойиб мукофот туҳфа этди. Бу – “Робинзон Крузо”нинг жаҳон халқлари олдидаги сўнмас шуҳратидир. Афсуски, бу ҳайрат ва олқишлар унга вафотидан кейин насиб этди. Ижод аҳли ҳаёти ана шундай турфа қисматлари билан ўзига хос сирли оламдир.
Х. Тожиев, Ф. Мирзаева,
Гулистон давлат университети
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2009 йил, 1-сон.