Фаррух Жабборов. Олам бус-бутун… (ҳикоя)

Осмоннинг таги тешилди: ёмғир ёғди, шовва ёғ­ди. Челаклаб қуйди, деганлари ҳам бунча бўлмас-ов. Жузумкўз момо айвонга чиқиб, устунга суянганча кунботарга кўз тикди. Оқ рўмоли сирғалиб бошидан тушди, кўк рўмолининг четидан оппоқ сочлари кўриниб қолди. Кўзлари мўлт-мўлт этди, икки томчи ёш думалади. Ҳал­вираган узун енги билан юзини артиб, хўрсинди:
– Ў-ў, болам-а! Бошидан сув ўтиб кетди улимнинг…
Ичкаридан аёлнинг жон аччиғида чинқиргани эшитилди. Кампир рўмолини ердан олишни ҳам унутиб, уйга қараб югургилади:
– Ойимхол!.. Нима, илон чақдими?! Қизим…
Эшикка етаёзган эди, уйдан кўк кўйлакли жувон чиқди: боши танғиб боғланган, бир қўли ёқасида, кесакига суянганча “туф-туф”ларди.
– Ҳа, болам? Ёмон туш кўрдингми?
Ойимхол бош ирғади. Тунд осмонга тикилганча карахт туриб қолди. Кейин онасининг оёғи яланглигини кўриб, бўсағадаги ковушлардан бирини келтириб, ташлади.
– Оёғингизга киймайсизми? Ёш боладайсиз-а, эна… Ётган рўмолни қоқиб-суқиб, кампирнинг елкасига ёпди. – Ёмон туш кўрибман.
– Оқар сувга айт… – деди Жузумкўз момо беихтиёр тағин устун томон юриб. Ҳозир ариққа бориб бў­лармиди, деган ўй ўтди хаёлидан.
Ойимхол онаси суяниб турган устун тагига чўк­калади-да, тарновдан шариллаб тушиб, ҳовли этагига қараб эгри-бугри йўл солиб оқаётган лойқага юзланди:
– Акам чиққан уйда аждаҳо бор эмиш, бадани лахта-лахта қон эмиш, чинқириб кўчага отилган эмиш…
Кампир “шилқ” этиб ўзини ташлаб юборди. Қизи шошиб қолди:
– Эна! Эна! Сизга нима бўлди? Ҳуй, ким бор-эй, ёрдам беринглар…

* * *
Момо ҳушига келганида қалин кўрпа ичида ётарди. Ёнбошида дастурхон ёзиғлиқ: устма-уст учта нон – яна бири синдириб ташланган, қизил тарам-тарам парварда сочилган, тўрт-бешта қизил олма – биттаси яримта. Кампир кўзи билан меванинг иккинчи палласини қидирди… Оёқ бетида қизи билан Мастон кайвони ўтирибди.
– Эна, қўрқитвордингиз-эй! – зўраки оҳангда кў­таринки гап бошлади Ойимхол, онаси кўзини очганидан қувониб.
– Ҳа, совуқ ўтган-да… – деди кайвони ҳамдард оҳангда. – Ичига иссиқ кирса, отдай бўлиб кетади.
Кампир индамади, шифтга тикилиб ётаверди, оёқ­лари музлаб борарди. Қизидан машъум туши ҳа­қи­да яна сўрайин деди, сўролмади.
– Акамдан ажраганимиз етмасмиди, – гинахонлик қилди Ойимхол. – Бошимизда дуогўй бўлиб юринг энди. Бирин-бирин икки акамдан айрилдик. Отам ўтиб кетган бўлса…
– Кўргилик, айланай, кўргилик! – кайвони одамларнинг қора кунида ғам-ташвишига кўп шерик бўлган, бунақа пайтда айтиладиган гаплар осонгина тилидан учаверади. – Ким ўйлабди дейсиз, Арслонбойнинг тўп­па-тўсатдан… Ҳар қадамидан ер гурсилларди-я. Эгам­нинг иродаси-да…
Сочлари жамалак қиз лаълида уч коса шўрва келтирди. Эшитилар-эшитилмас салом берди-да, ов­қатларни узатиб, чойнакни олиб чиқиб кетди. Ойимхол онасининг бошини баландроқ кўтариб, суюқ ичира бошлади. Икки-уч қошиқдан кейин кампир қалтироқ қўллари билан қизининг этагидан тортди: “Бўлди”. Тескари ўгирилиб ётди, меҳмон борми ҳам демади. Иссиқ кўз ёшлари ажинлари бўйлаб югурди, оғзида шўртанг таъм ҳис қилди.

* * *
– Вой, ўлди-и-им! Ухлаб қолибман-а! – Жузумкўз ўрнидан ирғиб турди, куёви ҳам аллақачон уйғонган чоғи. Мундай туртиб ўтса бўларди-ку! Пардани кў­тариб, деразани очди, ташқари қаради: офтобнинг илк нурлари теракнинг уч япроқларида ялтирарди. Шошиб ҳовлига чиқди-да, сўриток тагидаги офтобадан юз-қўлини ювиб, сут пақирни излади. У ён-бу ён кўз ташлади – йўқ. Қайнонаси сигирлар атрофида куймаланарди: қўлида пақир…
– Эна, ўзим соғаман! – дея шу томонга юрди, рўмоли олма шохига илиниб, яна бесаранжом қилди: “Ҳаҳ, ўл-а… Шошганда…” Ҳали яқинлашиб улгурмай тушунтира кетди: – Боя уйғонувдим, яна кўзим илинибди-да…
– Ёшсиз, бўлиб туради, – деди қайнона пақирни унга тутаркан.
Бу гапдан келинчакнинг хижолати яна ортди. Қи­заринқираб, дуч келган қорамолни соғмоққа чоғ­лан­ди. Энди энкайган ҳам эдики, қайнонаси кулиб юборди:
– Бу ҳўкиз-ку, қизим?!
– Ҳа-а, ўлсин-а… – келинчак яна ўзини йўқотиб қўйди. Қишлоқда ўсган қиз бўлса, ҳўкизни сигирдан ажрата олмай қолганини қаранг.
Қайнона қўл қоқишиб турди. Ҳар тугул, қайнота бомдодни ўқиб, фотиҳали жойларга кириб қайтгунича, нонуштани тайёрлаб улгуришганди… Келин косаларни йиғиштириб, ошхонага кетгандан сўнг қайнота ўрнидан тураркан, ўғлига деди:
– Янги куёвсан, бугун ҳам далага чиқмай қўя қол. Ҳовлида у-бу ишларни қил…
Ўғил дастурхондан кўз узмади:
– Уйда нимаям иш бор? Бедани бўлса, эрта-матан ўриб ташладим.
– Унда ўзинг биласан…
Тўйдан кейин учинчи кун ҳам далага чиқмаса, ошналарига росаям гап топилади-да…

* * *
Келинчак кўчадан пода ҳайдаб ўтаётган болакайларга “Бизнинг сигирларни ҳам қўшиб кетинглар”, дея илтимос қилди-ю, икки пақир билан булоққа қараб юрди. Хўрозқанд шимадиган ёшдан ўтган, у-бу нарсанинг фаҳмига бориб қолган бўз болалар ялтир-юлтир кўйлакли келинчакларнинг гапига дарров кўнади. Шумроқлари “Акам яхшими…” деб қўяди қитмирлик билан. Сўнг тенгқурлари пиқ-пиқ кулади…
Муздеккина булоқ сувидан қуйиб, куви пиша бошлади. Сув қанча совуқ бўлса, саримойнинг тушиши шунча осон. Пишкакни гув-гув уради, ҳовлида яна нима иш бор экан деб кўзи билан чамалайди. Оғилга бақамти босилган ғарамдан бир илонча чиқиб, яланг ҳовлидан кўча бетдаги ариқ томон судралди. Келинчак атрофга аланглаб қаради, белкуракка кўзи тушиб, ола солиб борди-да, арғамчидай илон боласини белидан иккига айириб ташлади. Қайтиб келиб, ишини давом эттираверди: гув-гув-гув… Бир кўзи ўша ёқда: илонча қимир-қимир этиб, охири тинчиди. Лекин шу пайт иккинчиси пайдо бўлди. Келинчак қўлига яна белкурак ушлади. Оғзини каппа-каппа очиб жони узилди илончанинг… Тўртинчисини ҳам ўлдиришга чоғланганди, “Ҳай, келин! Ҳаргиз, ҳаргиз…” деган овоздан чўчиб кетди. Кўчадан оқ эшакли мўйсафид ўтаётган экан. Белкуракни кўтарганча нима қилишини билмай қолди, бу орада илонча йўл ёқалаб оқаётган жилғага етиб олди.
Бегона эркак овозини эшитиб, қайнона ҳам таш­қарилади. Нима бўлганини кўриб, ошиғич кўча томон юрди. Шох-шаббали тўсиқ оша овоз берди:
– Ҳуй, мулла бобо! Энди келинимга нима бўлади?!
Адоғи адирга туташган тупроқ йўлга икки бетдаги тол-тераклар ола-чалпоқ соя солади. Оқ эшакнинг туёғи ерга тегиб-тегмай боради, чанг кўтарилмайди.
Чол секинлади, лекин ортга қарамади:
– Ҳеч нима бўлмайди… – бироз юргач, тағин алланима дея ғудранди. “Олам…” дедими, “Болам…” дедими…
Кампир ҳалиям белкуракни қўлдан қўймай анг­райиб турган келинига мўлтиради: “У эшитдимикан?” Жузумкўзнинг юзи бўзарган эди.
– Кўнглингга олма… Ишингни қилавер…

* * *
Тананг қоқсуяк бўлиб қолгандан кейин қават-қават кўрпачада ётсанг ҳам ботиб кетавераркан. Кампир ўнг ёнбошига ўнгарилиб, тўрдаги тахмон тепасига, чолининг суратига қаради. Кўз ҳам кўрмайди ўлгур. Ўғилларининг кўйида йиғлайвериб қуриб қолган-да… Тўнғичининг тобути ҳарбийдан келмаси бурун раҳматли чоли “Ёмон туш кўрдим, кампир. Бир илон бўлак-бўлак бўлиб, қонга беланиб ётган эмиш”, деганди. Ўшанда ҳам каллага урмабди-да. Арғамчини йўлга йўйиб, ўғлининг ҳадемай эшик қоқишига ишонибди… Ўртанчасига нима бало дориди, поезднинг йўлига чиқиб кетибди. Ҳали еттисини бермасдан, қиз невараси дирдираб келди: “Тушимга илонлар кирибди, момо…”. Қачонлардир қулоғига чалинган гап билан овутди уни: “Ҳар одамнинг юлдузи бўлганидек, ўз илони ҳам бўлар эмиш. Сен кўрган илон – отангнинг руҳи…”. “Ҳа, – деди эсини таниб қолган невара, – нима учун майдаланиб ётганини энди тушундим…”.
…Кампирнинг хира кўзларига елкама-елка ошиб, лопиллаб бораётган учинчи тобут кўринди. Аъзойи бадани музлаб, тер чиқиб кетди. Совуқ ўлкаларда улоқиб юрган кенжасини, иссиқ бағрида ўтирган қизини ўйлади. Танлаш ҳаддин оғир эди. Икки чаккаси лўқиллаб, кўз олди туманлашиб бора берди…
– Эна, фотиҳага келишибди… – қизининг хирқироқ товуши хаёлларини тўзғитиб юборди. Рўмолини тўғ­рилаган кўйи “Ким экан?” дегандек қаради.
– Махсум бўланинг Россиядан мулла бўлиб келган ўғли… – Ойимхол онасини сал кўтариб ўтқазиб, ортига ёстиқ қўйди ва ташқарига қарата деди: – Кираверсин…
Тиззага довур қора кўйлак, қора дўппи кийган соқолли йигит қироат билан салом берди. Кўрпачага ўтириб, қисқагина тиловат қилди. Дуога очилган қўл­лари билан қоп-қора соқолини силаб, икки ёнга кенг ёзганча тиззаларига қўйди. Телевизордаги “я-ю”чиларга ўхшайди-я…
– Бир кам дунё, онахон… – йигитнинг бегонасираб айтган гапи Жузумкўз момога ёқмади. “Хола” деса, қайтарди?! Кўзларини юмиб олди, ўзига-ўзи пичирлади. “Олам” дедими, “болам” дедими…

“Ёшлик” журнали, 2013 йил, 12-сон.