Болалигимизда Жюл Верннинг «Ўн беш ёшли капитан», «Капитан Грант болалари» асарларини севиб ўқиганмиз, Немо билан сув остида 80 минг лёлик сафарларга чиққанмиз. «Сирли ороллар»га бориб қолганмиз, ажойиб саргузаштлар гувоҳи бўлганмиз. Бу ҳақдаги филмларни телевизор орқали қайта-қайта кўриб тўймаймиз. Одамларни жасоратга, адолатга даъват этувчи бу қаҳрамонларнинг ҳаммаси умр бўйи биз билан бирга.
Машҳур француз ёзувчиси Жюл Верннинг кишини ҳайратга солувчи маҳорати фақат шугина эмас. У келажакни, фан-техника тараққиёти истиқболини олдиндан башорат қила олган. Хусусан, «Клодиус Бонбарнак» асарида ёритилган воқеалар адибнинг ноёб тафаккур соҳиби эканидан далолат беради.
Романдаги воқеаларнинг асосий қисми ўлкамизда бўлиб ўтгани диққатга сазовор. Асарда ХИХ асрнинг охирларида Туркистон заминида рўй берган ҳодисалар қаламга олинган. Муаллиф франтсуз журналистининг саёҳатлари воситасида гўёки келажакка ташриф буюради.
Бу воқеалар баёнидан аввал тарихга назар ташласак. Россия империяси Қрим урушида мағлубиятга учрагач, диққатини Шарққа, Марказий Осиёга қаратди. Аввал Оқмачит (ҳозирги Қизил Ўрда), Чимкент, Тароз, Олма-ота шаҳарларини забт этгач, 1865 йилнинг ёзида Тошкент шаҳрини босиб олди.
Россия янги жойларда мустаҳкам ўрнашиб олиш, унинг имкониятларидан тўла фойдаланиш, рус капиталини киритиш учун, аввало, темир йўл қуриш лозимлигини яхши англарди. Шу туфайли Кушка, Термиз, Душанбе ва бошқа қатор жойларда чегара шаҳарчалари – ҳарбий қалъалар барпо этилди.
1880 йили Каспий денгизининг Узун-Ада ярим оролида дастлабки темир йўл релслари ўрнатилди. Пўлат излар Ашхобод, Марв, Чоржўй оша Амударёдан ўтиб, 1888 йили Бухорога, сўнгра Самарқандга етиб келди. 1899 йили Тошкентда, 1916 йили эса Фарғонада дастлабки паравозлар сурони эшитилди.
Чорак аср давом этган қурилиш ҳақида кўплаб асарлар чоп этилган. Бу асарларни Жюл Верннинг ўқиганлиги эҳтимолдан йироқ. Негаки у рус тилини билмаган ва Марказий Осиёда бўлмаган. Аммо темир йўл қурилиши, унинг аҳамияти, келажаги ҳақида маълумотларни тўплаган, кейин эса… хаёлот қанотида ажойиб саргузашт асар яратган. Қолаверса, китоб 1892 йили босмадан чиққан. Бу пайтда темир йўл қурилиши Бухоро ва Самарқанд атрофида олиб борилар эди.
Жюл Верннинг «Клодиус Бомбарнак» романидаги воқеалар, Узун-Ада бекатидан бошланиб Ашхобод, Марв, Чоржўй, Бухоро, Самарқанд, Тошкент, Қўқон, Марғилон, Ўш, Қашқар орқали Пекинга борувчи транс континентал экспресс йўловчи ташувчи поэздда бўлиб ўтади. Асар қаҳрамони – газета мухбири бекатларда тушиб, шаҳарларни айланади, қадимий ёдгорликларни томоша қилади, одамлар, урф-одатлар, ўлка қиёфаси ҳақида маълумотлар тўплайди.
Романда Ўзбекистон ҳақида ҳам кўплаб маълумотлар келтирилган. Жумладан,
«Амударёни илгари Окус деб атаганлар. У Ҳинд ва Ганг дарёлари билан рақобатлаша олади. Қачонлардир бу дарё Каспий денгизига қуйилган. Ҳозир эса Орол денгизига қуйилади. Амударё Помир чўққиларида эриган сувни дашт ва қумликлар орқали икки ярим минг километрга олиб боради.
Поэздимиз сув сатҳидан 11 метр баланд қилиб, минглаб қозиқлар устига ўрнатилган бир ярим километрлик кўприк орқали ўтиб олди. Буюк Транс Осиё йўлида энг катта ҳисобланган бу кўприкни генерал Аннеков 10 ой ичида қуриб битказди».
«Бухоро шаҳри бекатдан анчагина олисда экан, агар тор изли темир йўл бўлмаганда Бухорони кўролмас эканман. Ярим соатдан сўнг Дарбоз дарвозаси орқали кириб, шаҳарнинг чанг кўчаларини пиёда айлана бошладим. Мен турли биноларга кирдим, бозорда бўлдим. Бир дўкончада 16 хил чой сотилишини билиб олдим. Лаби Ҳовуз майдони кираверишида мис замбараклар ўрнатилган. Амир саройи (Арк)ни кўрдим. Унинг ўнг томонида ҳашаматли Колон масжиди жойлашган. Ундаги қуббалар ва минораларга сон-саноқсиз лайлаклар ин қурган.
Шаҳарнинг жануби-шарқий томонида бир гуруҳ дарвешларни учратдим. Ҳассага таянган дарвешларнинг кулоҳи остидан чиққан сочлари шамолда ҳилпирайди. Ҳориб-чарчаб Девонбеги ариғи четидаги қайроғоч соясида «шивином» чойидан тўйиб ичдим. Европада чойнинг бунақа навини ҳеч ким билмайди…»
«Бухоро ва Самарқанд оралиғидаги 200 километрлик масофада 11 бекат хизмат кўрсатаркан. Одатдаги поэздлар бу масофани кун давомида босиб ўтаркан. Бизнинг экспресс поэздимиз эса бу масофани 3 соатда босиб ўтди (!)»
«Самарқанд шаҳри 2 қисмга бўлинади. Янги шаҳар руслар томонидан барпо этилган бўлиб, замонавий меъморчилик услуби билан фарқланади. Шаҳарнинг эски қисми эса муҳташам обидаларга бой бўлиб, уларни жиддий ўрганиш учун бир неча ҳафта вақт сарфлашга тўғри келади».
«Аравада зиёрат қилиб Бибихоним майдонига келдик. Бу ерда шу номли салобатли масжид қад кўтарган. Бу майдон Регистон каби тўғри бурчакли шаклда бўлмаса-да, унга нисбатан нафисроқ кўринади…»
«Арава бизни шаҳарнинг шимоли-шарқий томонида жойлашган Марказий Осиёда энг муҳташам ансамбл – Шоҳи Зинда қабристонига олиб келганда яна-да кучлироқ ҳаяжонга тушдим. Буни қалам билан ифодалаш қийин. Буни тасвирлаш учун рассом бўлиш керак».
«Тошкентнинг эски шаҳар қисми асосан лой девор уйлар ва қинғир-қийшиқ кўчалардан иборат. Бозор ва карвонсаройлари ҳам унчалик эмас».
«Тошкентда бошқа шаҳарларга нисбатан кўпроқ жуҳудлар яшайди. Шаҳар рус маъмурияти ихтиёрига ўтиши билан уларнинг аҳволи анча яхшиланган, улар фуқаролик ҳуқуқини қўлга киритган».
«Тошкентдан йўлга чиқиб, 150 километрлик масофада бўлган Хўжанд шаҳрига кириб бордик. Бу шаҳарнинг Сирдарё бўйларидаги қисмини айландим. Дарёда йирик кемалар сузиб юрибди. Тошкентдан жануб томон чўзилган темир йўл Хўжанд шаҳрида кескин бурилиб, Қўқон томонга қараб кетган. Биз Қўқондан сўнг, Марғилон ва Ўш шаҳарларидан ўтиб, Помир даралари оша Туркистоннинг Хитой билан чегараси томон йўл оламиз».
«Марғилон шаҳрида 60 минг аҳоли истиқомат қилади. Бу шаҳар Фарғона вилоятининг амалдаги пойтахти ҳисобланади. Шаҳарда қадимий обидалар деярли сақланиб қолмаган».
«Марказий Осиёнинг бу қисмини чуқур тектоник кучлар мунтазам ташвишга солиб туради. Бу ерда кучли ер силкинишлари катта вайронагарчиликка сабаб бўлади».
Шундай қилиб, Жюл Верн қаҳрамони – Франтсияда чиқадиган «ХХИ аср» газетасининг мухбири Клодиус Бомбарнак Қашқар шаҳрига, сўнг у пайтларда ҳам амалда бўлмаган Транс Осиё темир йўли бўйлаб Пекин шаҳрига эсон-омон етиб боради.
Китобда қаламга олинган йирик лойиҳалар, шаҳарлар ва табиат тасвирлари даҳо ижодкорнинг башорат қила олиш салоҳиятидан далолат бергандек. Ёзувчи бу китобида 115 йил аввал тахмин қилган Берлин – Истанбул – Теҳрон – Машҳад – Тошкент – Олма-ота – Урумчи – Пекин Транс Евроосиё темир йўл коридори ҳозирги кунда фаолият кўрсатаяпти.
Йўл Жюл Верн башоратидан бир озгина бошқа ҳудуддан ўтган бўлса-да, у чизган чизиқ бўйлаб «Тошкент – Ўш – Қашқар» халқаро автотранспорт йўли қурилди.
Журналист сафари ҳақидаги бу роман муаллифи Жюл Верннинг ақлу заковатига тасанно айтишга арзийди. «Клодиус Бомбарнак» романи рус тилида 1961 йили Тошкентда 150 000 нусхада нашр этилган. Аммо ҳануз ўзбек тилига таржима қилинмаган. Юртимиз ҳаётига оид ушбу қизиқарли асар ўзбек тилида ҳам нашр этилса, айни муддао бўларди.
“Ҳуррият” газетасидан олинди.