Жеймс Августин Алоузис Жойс 1882 йили Ирландиянинг Дублин шаҳрида таваллуд топган. ХХ аср Ғарб адабиётининг йирик вакили, дунё адабиётида энг кўп шов-шувга, энг кўп баҳсу мунозарага сабаб бўлган адиб. У жаҳон адабиётининг бетакрор намунаси бўлмиш «Улисс» романи муаллифи.
Почта хизматчиси Жон Жойс билан Мэри Марри келажакда «ХХ асрнинг энг улуғ ёзувчиси» деган мақомга эришадиган фарзандлари туғилмасдан бурун иши юришмай қашшоқлик ботқоғига ботиб бўлишганди. Жеймс дунёга келганда оила тирикчилик умидида ўз даврининг йирик мегаполиси бўлган Дублиннинг у четидан бу четига худди дарбадарлар каби кўчиб юришар, қаерда отага иш таклиф этилса, ўйлаб ўтирмай қабул қилишга, ҳар қандай қора ишларни кун ўтказиш учун бажаришга мажбур эди. Беқўнимлик Жеймснинг ўқишига ёмон таъсир қилса-да, истеъдодли ва тиришқоқ бола фанларни тезда ўзлаштириб олди. Айниқса, унинг адабиётга қизиқиши ва салоҳияти айрича эди. Эртаклар ва қадим юнон мифлари таъсирида ўсаётган Жойсга она шаҳри ўша асотирлардаги дунёнинг одамзод тақдири ҳал қилинадиган сирли масканидек туюларди. Яшаш учун оиланинг Дублин бўйлаб санғиб юришлари кейинчалик ёзувчига айланган Жеймсга инсониятнинг бир пайтлар она заминда ҳаёт-мамот учун улуғ кўчишларини эслатувчи тимсол – Блумнинг уйига қайтиш саҳналарини яратишига туртки берган бўлса ажаб эмас. Адиб асарларида Дублин ер юзига, шаҳар аҳолиси бани башар тимсолига, ёшликнинг қашшоқлик ва саргардонликка маҳкум ҳаёти эса Одиссейнинг уйга қайтиш учун бошидан кечирган саргузаштларини рамзлаштирган Блумнинг уйга қайтиш вақтидаги онгости тасвирларига айланди. Умуман олганда, ёш Жойснинг қашшоқлик, саргардонликда кечган болалик таассуротлари кейинчалик бутун бошли учта романига етарли хомашё бера олди ва Дублин барча асарларда кўҳна чархи дуннинг тимсоли сифатида бўй кўрсатди. Жойс адабий фаолият билан шуғуллана бошлагач болалигида қўрқинчли ва ваҳимали туюлган она шаҳрини бутун инсониятнинг ботиний тарихини акс эттириш мумкин бўлган маконга айлантиришни мақсад қилди.
Аввал Дублиндаги иезуит, кейин ўсмирлар коллежида, 1897 – 1902 йилларда университетда таълим олди. 1900 йили Ибсеннинг пьесасига бағишланган дастлабки эссеси босилиб чиқди. Шундан сўнг Жойснинг ҳақиқий адабий фаолияти бошланди. 1914 йилгача эссе, кичик новелла, шеърлари билан тилга туша бошлади. Бу асарларда ёзувчининг услубидаги илк ўзига хосликлар, онгости оқимини акс эттириш, баёндан қочиб, қаҳрамон психологиясини ички монолог билан очишга уриниш кўзга ташланади. Жойснинг ҳақиқий ёзувчи сифатидаги қиёфаси ва услуби дастлабки романи – «Мусаввирнинг ёшликдаги шамойили» асарида юз кўрсатди. Романда Жойс қаҳрамон руҳий кечинмаларини тасвирлашнинг хилма-хил усулларини синаб кўрди. Бу асар кейинги улуғ асар – «Улисс» романи учун бош репетиция эди. Ҳатто бош қаҳрамони Стивен Дедал ҳам «Улисс»нинг асосий қаҳрамонларидан бирига айланди.
1922 йил февраль ойида «Улисс» романи Францияда босилиб чиқди. Асар ҳали нашр этилмасданоқ таъқибга дучор қилинганди. У журнал вариантидаёқ тақиқланган асарлар сирасига киритилди, китоб чоп этилгач, унинг 500 нусхаси АҚШ, 400 нусхаси Англия божхонаси томонидан ёқиб юборилди. Асар дунёни иккига – ўзига тарафдорлар ва қаршилар лагерига бўлиб ташлади.
Ўша пайти бу асар оламга, одамга муносабатни, мавжуд қарашлар ва тушунчаларни, ҳатто дунёнинг ўзини ҳам ўзгартириб юборишини, жаҳон адабиётида эса инқилобий ўзгариш ясашини ҳеч ким хаёлига келтирмасди.
Жойс ХХ асрнинг оддий мешчани ҳам худди Одиссей каби асарга қаҳрамон бўла олишини, ўзида инсониятнинг барча нуқсону фазилатларини, мағлубиятию ютуқларини мужассам эта олишини исботлади. Блум замонавий Одиссейдир. Унинг уйга қайтиш истагида бошдан кечирганларининг маънавий сабоғи Одиссейнинг Троядан қайтишдаги қаҳрамонлик сабоғидан ҳеч кам эмас. Фақат Блумнинг қаҳрамонлигида истеҳзо уфуриб туради. Ёзувчи Блумнинг хатти-ҳаракатлари орқали инсониятга аччиқ киноя қилади. Блумнинг бор-йўқ қаҳрамонлиги уйга қайтиш учун шаҳар кўчаларида, қаҳвахона, майхоналарда, кўнгилочар жойларда санқиб юришида, ҳеч кимга керак бўлмаган баҳсу мунозараларга берилишда кўринади. Одиссей уйга қайтиш учун қанчалик саргузаштларни бошдан кечирган бўлса, Блум ҳам шунчалик саргузаштларни, фақат ХХ асрнинг тафаккур ва яшаш тарзига, қаҳрамонлик тушунчасига хос саргузаштларни бошдан кечиради.
«Улисс» – кўлами жиҳатидан «Завол топган вақт изидан» эпопеясидан кейинги, аммо кенглиги, таҳлил ва талқин чуқурлиги, бадиий стихияси, услубнинг ранг-баранглиги, воқеликнинг қамрови жиҳатидан, жанрнинг беадад имкониятларини очганлиги билан дунё адабиётида ягона, бошқа аналоги йўқ, инсон онгу шуурини худди микроскоп орқали кўраётгандек энг яширин қатламларигача тасвирлаб, акс эттириб бера олган ўзига хос асар. Гарчи психоаналитик услубни Пруст «Завол топган вақт изидан» асарида асослаб, шакллантириб берган бўлса-да, «Улисс» «ички монолог»ни энг юқори мақомга олиб чиққани, адабиёт тарихида мавжуд бўлган барча услублар билан уйғунлаштириб, синтезлаштира олгани, воқеани тасвирлашда энг катта тўсиқ бўладиган олмош-шахсларнинг моҳиятини йўқотиб юборганлиги, бир романда барча бадиий жанрни уйғунлаштира билгани билан адабиётнинг фавқулодда ҳодисаси сифатида эътироф этилиши керак.
1904 йил 16 июнь эрталаб соат саккиздан то кечаси икки-икки яримгача бўлган муддатнинг 800 бетлик тафсилотидан иборат роман Блум, унинг хотини Молли ва Стивен Дедалнинг бир кунлик ҳаёти тасвирига қурилган. Бу бир кун дунё санъатида «Блум куни» номи билан тарихга кирди. Ёзувчи ана шу бир кунлик воқеа тимсолида жами инсоният ўтмишини, воқеа содир бўлган макон – Дублин манзараларида эса она замин қиёфасини рамзлаштирмоқчи, асарда инсониятнинг яралгандан буён жами маънавий тарихини бир кунлик психологик тасвирларда қамраб олмоқчи бўлди. Бошқача айтганда, Жойс асарда хронологик вақтни 1904 йил 16 июнда тўхтатиб қўйди, замон тушунчасининг чегарасини бузди ва уни асар охиригача, токи ўз бадиий ғоялари ҳамда мақсадини амалга оширмагунча ўзига бўйсундириб турди. Вақт ёзувчининг фойдасига хизмат қила бошлади.
Жойсшунослар бу санани инсониятнинг энг оғир куни деб аташади.
«Нега айнан 1904 йил 16 июнь танланган?» деган савол ҳалигача барча тадқиқотчиларни қизиқтириб келади. Аммо биронта тузук-қуруқ жавоб топилмаган. Фақат шу нарса аниқки, Жойс 1904 йил 16 июнь куни бўлажак рафиқаси Нора билан танишади ва шу куни биргаликда Ирландияни ташлаб кетишга қарор қилишади. Эҳтимол, Жойс ватанини ташлаб кетишга қарор қилган кунни ҳаётининг энг машъум куни деб билгандир? Айнан шу қарори туфайли она шаҳрини дунёнинг адабий мушоҳадалар марказига айлантиргандир? Бу шунчаки фараз. Ҳақиқий сабаб ҳеч кимга маълум эмас.
Роман Гомернинг «Одиссей» достони билан тузилиши ва сюжет йўналишига кўра ўхшаш. Аслида, Жойс бу асарида ХХ асрнинг ўзига хос «Одиссея»сини – мифини яратишни мақсад қилган ва асар ичидаги воқеалар антик мифнинг сюжети йўналишига тўлиқ бўйсундирилганди. Учта қисм, 18 бобдан иборат асарнинг ҳар бир воқеасига қадим «Одиссей» достонининг қайсидир боби асос қилиб олинади. Блум – Одиссей, Стивен – Телемах, Молли Блум – Пенелопа ва ҳоказо тарзда антик достон бобларига қолиплаштирилди. Шу сабабли асар тўла маънода миф-роман деб аталади. Жойс ХХ аср Ғарб маънавий дунёсини тадқиқ қилиш учун атайлаб ана шу қадим қолипни танлайди. Бунда иккита урғу бор: антик одамнинг орзу, умиди ва яшаш тарзи, ҳаётдан мақсади Жойс замондошлари ҳаёт тарзи, маънавий дунёси ва орзулари билан солиштирилади. Асарни ўқиганингиз сайин бунга гувоҳ бўла борасиз ва Гомер қаҳрамонлари нимани улуғлаб яшаган, бугунги дунё одамлари нимани улуғлаяпти, нимага эътиқод қиляпти, инсоният ўтган минг йилликларда нимани топди, нимани бой берди, муҳаббат, эътиқод, садоқат, ватанпарварлик қандай тушуниляпти, умуман, мифлар давридан буён инсоннинг онгу шуури ўсдими, мифлар даврида одамзодни қийнаган муаммолар ХХ асрда ҳал бўлдими каби саволларнинг барчасига деярли тўлиқ жавоб оласиз.
Ёзувчи нигоҳи ҳаётнинг икир-чикирларигача, ҳатто одам товуш чиқариб айтишга уяладиган кечинмаларгача қамраб олади. Жойснинг усули ана шунга имкон беради. Бу усулда «сен», «мен», «у» ўртасида ифода қилиш, баён чегараси бузилиб кетади, гўё асарда қайси шахс ҳикоя қилаётганини, қайси шахс ровий, қайси шахс қаҳрамон, англаб олиш анча мушкул. Набоков мазкур асарни қалб ё ҳиссиёт билан эмас, мия билан ўқиш керак деб айтганда ҳақ эди. Асар кутилмаган бадиий услублар, приёмлар ва тимсолларга, ғоя ва ҳикматларга, ташбеҳу истилоҳларга шунчалик бойки, жаҳон адабиёти тажрибасида бошқа бундай романни топиб бўлмайди. Блум ҳақида ҳикоя қилаётиб бирдан «мен»га, кейин «сен», «у» шахсига осонгина ўтиб кетилади, сизни асар жозибаси ва шуури қамраб олади. Аста-секин асар ичига кирганингиз сайин миф билан воқелик, ҳаёт билан хаёл, ровий билан қаҳрамон орасидаги чегара йўқолади. Адибнинг инсон туйғулари ва майлларини худди кўзгудагидек аниқ акс эттириш усули барибир ўқувчини ҳайратга солади. Бу усул биринчи марта Жойснинг ушбу романида ўзини тўла оқлади. Илгари насрчиликда воқеа шахснинг фақат биттаси тилидан ёки нуқтаи назаридан ҳикоя қилинарди. Бу асарда бир қаҳрамоннинг ўзида учта шахс ифодаси ёнма-ён кетаверади. Мазкур усул шунчаки зўраки тарзда сингдирилмаган. Асарни ўқиётганингизда бу нотабиий туюлмайди. Бу ифода усули Ғарб адабиётидаги «онгости кечинмалари»ни кенг ва чуқур акс эттириш имконини беради. Жойсда тушунарсиз, маъноси йўқ жумлалар жуда кўп. Газетадаги хабар каби расмий ва қуруқ тилдаги лавҳалар ҳам тез-тез учрайди. Баъзида шеърга ўхшаш сажлар келиб қолади, баъзида тиниш белгиларига бўйсунмаган гаплар тузилади. Буларнинг ҳаммаси маълум мақсад билан асарга киритилган. Бу инсон ҳаётининг бизга маълум бўлмаган ички дунёси ифодаларидир. Жойс асарда ўзи ифодалаётган қаҳрамонларнинг ички дунёси шундай тушунарсиз ҳиссиётлар қоришиғидан иборат, мазкур кечинмаларнинг кўпини ўша кишининг ўзи ҳам билмайди, нималигини сезмайди, аммо бу кечинмалар – онгости оқими инсонни таҳлил қилиш учун энг муҳим майллар бўлиб қолаверади деб таъкидлайди. Аслида ҳам шундай. Асарда вақт, замон, давр ўз моҳиятини йўқотади. Воқеа инсониятнинг ўтмишида ҳам, ҳозирида ҳам, келажагида ҳам содир бўладигандек туюлади. Буюк Одиссейнинг Троя жангидан уйга қайтиши билан Блумнинг фоҳишахонадан уйга қайтиши саргузаштида инсониятга аччиқ истеҳзо уфуриб туради. «Тарих такрорланаверади, фақат исмлар ўзгаради», – дейди ёзувчининг номидан асар бош қаҳрамони Лео Блум.
Бу асар ўз бошидан кўпгина можароларни кечирди. Асар ҳали тўлиқ босилиб чиқмасдан судга тортилди. Бутун Европада асардан ҳайратланган мақолалар билан бирга уни ер билан битта қилган, ҳатто санъат ва адабиётга хиёнат сифатида талқин этилган мақолалар босилди. Асар демократик тамойиллари билан мақтанадиган АҚШда 1933 йилгача тақиқланди ва судга тортилди. Суд хулосасидан сўнггина чоп этила бошланди. Ўз она юрти Ирландияда эса 30-йиллар охиригача қора рўйхатга тушиб, нашр этиш тақиқланди.
Жеймс Жойс ушбу романи билан минглаб тадқиқотчиларни ўзига жалб қилди, унга ўхшаб ёзмоқчи бўлган минглаб тақлидчиларнинг истеъдодларини беҳуда совуришларига сабабчи бўлди.
Тадқиқотчилар Жойс бу асарида 30 мингдан ошиқ сўзни ишлатганини аниқлашган. Шулардан тенг ярми фақат бир марта ишлатилган, холос.
«Улисс»дан қаттиқ мутаассир бўлган Бернард Шоу: «Бу асар бугунги инсоният цивилизациясининг бор қиёфасини акс эттирган аянчли ҳужжат, аммо ҳақиқий ҳужжат», – деганди.
Асарнинг фазилатлари билан бирга унинг адабиётга ёт экани ҳақидаги тадқиқотлар ҳам талайгина.
Ричард Олдингтон «Улисс»ни: «Бу асар инсониятга туҳмат!» – дея баҳолади.
Гарчи дунё адабиётининг реалистик оқимига мансуб кўплаб адиблар асарни қоралаган бўлса-да, 1999 йили Англияда ўтказилган «Юз йилликнинг энг зўр 100 романи» сўровномасида «Улисс» биринчи ўринни олди. Сўровнома 2009 йили яна ўтказилди, биринчи ўрин тағин «Улисс»га насиб этди.
«Улисс» санъат ва дидга бир аччиқ киноя, ақл бовар қилмас адабий жасорат, такрорланмас адабий экспериментдир. «Бу услубни Жойсдан кейин тараққий эттириб бўлмайди», – дейди Арнолд Беннетт.
Беккет Жойс асарларини «ўқиш» эмас, «томоша қилиш ва эшитиш керак» деганда ҳақ эди. «Улисс»ни шунчаки ўқувчи сифатида ўқиб бўлмайди. Бу асар шу асарнинг бир иштирокчиси, унинг ҳаммуаллифларидан бири сифатида ўқилса, ёзувчи мақсадини, асарнинг кўлами ва қамровини, улуғворлигини ҳис этиш мумкин.
«Улисс» романининг «Одессей» билан композицион тузилиши ва воқеалар ривожининг бир хиллигида иккита урғу бор: биринчи урғу антик одамнинг нияти, мақсади, орзу-умиди билан ХХ аср кишисининг орзу-умидини, қалбини ва ҳаётини қиёслаш. Асарни ўқиган сайин кўз олдингизда мешчанларча яшашга ўрганган, юксак мақсаддан мосуво оломон пайдо бўлади. Блумлар, Стивенлар ХХ аср кишилари! Уларда юксак мақсаднинг ўзи йўқ, кураш ва қаҳрамонликдан асар ҳам йўқ. Улар қурт каби ўрмалаб умр кечирувчи бир тўда ҳашаротлардир. Қадим қаҳрамон Одиссейдаги муҳаббат, эзгулик учун курашиш сўниб бўлган. Энди булар ақл ва жинсий шаҳватнинг бир гуруҳ қурбонларига айланган. Шу сабабли романдаги мураккаб тил, тушунарсиз жумлалар, бемақсад ишлатилган боблар жуда кўп. Бу одамлар на қалб, на ахлоқ, на эзгулик қоидаларига бўйсунадилар. Жойс қаҳрамонларини шафқатсиз фош этиб, онгининг энг чуқурига жойлашган ҳиссиёт ва кечинмаларни, туйғу ва майлларни кўрсатиб беради. Ўзининг ифода усули ва фавқулодда қамровининг янгилиги билан асар анъанавий роман жанрининг услубий эскирганини, бу жанр анъанавий тарзда инсон ботинини тўла қамраб олишга қодир эмаслигини, ҳар бир асар янги бир ифода воситаси топиши, асарнинг маълум бир воқеага – сюжетга асосланиши ҳам жанрнинг имкониятларини торайтириб қўйганини исботлашга уринди. Асар инсоннинг ички дунёси унинг ташқи фаолиятидан ва ташқи воқеликдан жуда катталигини, бу ботин дунёсида инсонни тадқиқ қилиш учун адабиётга улкан имкониятлар эшиги очиқлигини кўрсатди. Романни том маънода янги роман, том маънода адабий дунёни ғалаёнга солган роман, ХХ асрнинг ноёб адабий ҳодисаси деб аташга ҳақлимиз.
Ҳар бир ёзувчи воқеликни ва қаҳрамон дунёсини табиий усулда чуқур акс эттиришни истайди. Жойс усули ана шунга кенг имконият беради. Бу асардан ёзувчилар, бўлажак ёзувчилар ижодий усулларини шакллантириш учун ўрганадиган нарсалар кўп. Жойс тили, хусусан, таржимада ҳам бу яхши акс этган, шоирона, стихияли тил. Гарчи унда атайин қилинган чўзилган, ғализлашган, маъносини йўқотган, минғир-минғирга ёки шунчаки бирон товушнинг акс садосига ўхшаш жумлалар жуда кўп бўлса-да, адиб асарда чинакам поэзиянинг куч-қудратини тўлиб-тошиб, жўшқин бир эҳтирос билан намойиш қилолган. Асардан, баъзи адибларимиз айтганидек, ҳаётнинг қора томонини акс эттиришнимас, балки адиб усул имкониятларини ва ички кечинмаларни акс эттириш усулини, сўз ишлатиш ва воқеликка ёндашув, қаҳрамонлар дунёсига кириб бориш, унинг ички дунёсини тадқиқ қилиш, асарга мифологик қолиплар ясаш, мифологик талқинларни сингдириш каби кўплаб адабий ютуқларини ўрганиш мумкин.
Асарда Дублин шаҳри Фолкнер Йокнопатияси каби хаёлий эмас, ўз қиёфасида намоён бўлади. Жойс қаҳрамонларини шаҳарнинг реал харитасига, мавжуд номларга асосланиб ҳаракатлантирган ва унда биронта кўча ёки хиёбон четда қолмаган. Жойснинг ўзи бу ҳақда: «Агар фалокат юз бериб, Дублин вайрон бўлиб кетса, уни менинг асаримга қараб қайта тиклаш мумкин», – деганди.
Жойснинг бу асари Ғарб оламини ларзага солди. Жойсгача ҳеч ким инсон ботинини бунчалик фош қилган эмас, у ҳақда бунчалик чуқур ва аянчли хулоса чиқарган эмас. Шу сабабли Г.Уэллес: «Жойс адабиётни хаёлпарастликдан бир туртиб уйғотди ва ҳаётнинг шафқатсиз ҳақиқатига дучор қилди, бу асар адабиётнинг боши берк кўчаси», – деб атади.
Виржиния Вулф эса: «Бу асар адабиётнинг энг охирги чегарасидир, энди уни давом эттириб бўлмайди», – деди.
«Улисс» бу – ёзма академия. Уни изоҳлари, шарҳлари, тимсоллари билан ўқиб чиққан одам бутун бошли институтда таълим олгандай бўлади. Ундаги рамзларни шарҳлаш учун ҳалигача кўплаб илмий текшириш институтлари тадқиқот олиб боришади.
«Улисс» бу – ёзувли театр, унда инсоннинг бор қиёфаси, ҳиссиётлари, майллари, истаклари, кўнгли, нафси, тубанлик ва эзгулиги, фазилат, нуқсонлари, кечинма ва жунбиши – барчаси очиқ саҳнадагидай намоён бўлади.
«Улисс» романидан сўнг Жойс анча йиллар деярли арзийдиган асар эълон қилмади. 1939 йили учинчи ва охирги романи – «Финнеган маъракаси» асари босилиб чиқди. Бу роман ёзувчининг 15 йиллик меҳнати маҳсули эди. «Улисс» қанчалик мураккаб бўлмасин, унда сюжет линияси, мантиқ чизиғи бор. «Финнеган маъракаси» эса мутлақо мантиқдан холи, адабиёт ва тилни боши берк кўчага олиб кириб қўйган ўта мураккаб асардир. Шу сабабли нашр этилганидан буён 74 йил ўтган бўлса-да, Жойснинг бу романи фақат тадқиқотчилар ва ёзувчиларнигина ўзига жалб қилиб келади. Бу асарнинг оммавий ўқувчилар ўртасида ҳеч қандай эътибори ҳам, аҳамияти ҳам йўқ. Асар мазмуни, структураси, тили, услуби, ифода воситаси, мазмун-мантиғига кўра адабиёт қайси поғонагача ривожлана олиши, адабиётнинг ҳиссиёт ва кўнгилдан узилган, фақат ақлга бўйсунган намунаси қандай бўлиши, айни пайтда, қай шаклда таназзулга юз тутиши мумкинлигини ўзида намоён қилиб тургани билан ҳам қимматлидир.
«Улисс» бир кунлик воқеа тафсилотига қурилган бўлса, бу асар бир кечалик, тўғрироғи, ухлаб ётган одамнинг азал ва абад, ибтидо ва интиҳо оралиғида ҳуш ва беҳуш кезиб юрган онгости кечинмаларига, тушларига, хулё оламига қурилган, ёзувчининг ўзи ўйлаб топган ясама тил ва стилистика асосида яратилгани учун ҳам дунё адабиётидаги энг мураккаб асарлардан биридир. Гарчи ўта мураккаб ҳамда оддий ўқувчилар учун эшиги ёпиқ бўлса-да, у дунё адабиётида ўзига хос янги адабий тил яратишга уринилган ягона асарлиги билан ҳам маданий ҳодиса сифатида ўз ўрнига эга.
Жеймс Жойс ўзини битта мамлакатга эмас, бутун инсониятга дахлдор шахс деб ҳисобларди. Ҳали туғилмасдан отаси ва онаси орқали пешонасига битилган саргардонлик адибни бир умр тарк этмади. Гўё тақдир унга олам аро бир умр саргардон бўлиб юришни раво кўргандай эди. Болалигини ҳисобламаганда ҳам 20 ёшдан сўнг яшаш жойини 200 марта ўзгартирди. Парижда, Лондонда, Римда, Цюрихда, яна қанча шаҳарларда яшади, аммо болалик хаёлларини шакллантирган Дублин ҳақида ёзди.
Дунёни ларзага солган «Улисс» босилиб чиққач ҳам Жойснинг молиявий ҳаёти ўнгланмади. Ўз даврининг энг машҳур ёзувчиси бўлгач ҳам топганлари касалманд қизининг ва ўзининг муолажасидан ортмасди. У умрининг охиригача моддий томондан сиқилиб яшади. Асарларига тўланаётган ҳақ унчалик баланд эмасди. У яшаш ва оилавий таъминотини ушлаб туриш учун Цюрихда турли мавзуда маърузалар қилишга мажбур эди.
Қизиқ факт: орадан 70 йил ўтгач, яъни 2009 йили Лондонда романнинг илк нашрига муаллиф дастхати туширилган бир нусхаси 442 минг долларга сотилди. Ўз даврида Жойснинг барча асарлари учун шу пулнинг ўндан бирини беришганда, адиб ҳаёти бошқачароқ кечиши мумкин эди.
Жеймс Жойс 1941 йили ватанидан узоқда, кейинги 20 йиллик умри ўтган Цюрихда, ошқозон ярасидан қон кетиши оқибатида вафот этди.
Уни ҳайвонот боғи ёнидаги камтаргина қабристонга янаям камтарона маросим билан кўмишди. Бир умр эрининг нима учун ва ким учун асар ёзишини тушунмаган рафиқаси Нора Барнакл беихтиёр шундай деганди: «У ҳайвонлар ичида шерларни яхши кўрарди. Мана энди қабрида ҳам шерлар ўкиригини эшитиб ётади».
Орадан вақт ўтиб эрининг қабрини зиёрат қилиш учун келаётганларни ҳамда асарларидан узлуксиз оқиб келаётган қалам ҳақини кўриб, бутун дунё матбуотининг ХХ асрнинг улуғ адиби вафот этгани ҳақидаги шов-шувларига гувоҳ бўлиб, ниҳоят, Жойс билан танишган, бир умр боғланиб қолган ва кейинчалик «Улисс» романидаги воқеалар содир бўлган, санъат тарихига «Блум куни» деб муҳрланган кундан, яъни 1904 йил 16 июндан буён кечган 37 йил мобайнида ўзи билмаган ҳолда даҳо бир инсон билан бирга яшаб ўтганини тан олди.
Томас Стернз Элиот (Нобел мукофоти соҳиби) шундай деган: «Жеймс Жойсни, хусусан, «Улисс» асарини танқид қилиш, асар услуби, ғояси билан келишмаслик, унга эътирозлар билдириш ёхуд, умуман, адабий қимматини тан олмаслик, асарни адабиётга ёт, бегона деб ҳисоблаш, ашаддий танқидий фикрлар билдириш мумкин, бунга ҳамманиниг ҳаққи бор, аммо ўзини ёзувчи, ижодкор деб ҳисоблаган ва ўзини ҳурмат қилган ҳар бир одам бу асарни ўқимасдан туриб адабий жараён ва ХХ аср адабиёти ҳақида фикр айтишга ҳақли эмас».
Модерн адабиётининг бош китоби бўлмиш «Улисс» дунё юзини кўргандан 86 йилдан кейин, яъни 2008 йили «Жаҳон адабиёти» журналининг 4 – 9-сонларида, 2012 йили эса китоб ҳолида «Улиснинг саргузаштлари» номи билан чоп этилди. Кўлами ва салмоғи жиҳатидан ХХ асрнинг энг йирик ва энг шов-шувли асари ҳисобланган, бутун Ғарб маданиятини ларзага келтирган «Улисс» дунёнинг қайси тилига таржима қилинмасин, ўзига хос миллий ҳодиса сифатида эътироф этиладиган асарлар сирасига киради. Бу асар таржимаси ҳар қандай тилни синовдан ўтказади, унинг қудратини кўрсатади, имкониятларини кенгайтиради. Асар таржимаси учун таниқли таржимон Иброҳим Ғафуровнинг жасоратига алоҳида тасанно айтиш керак. Чунки «Улисс» ҳар ким ҳам таржима қиладиган ёки таржима қилишга жазм этадиган асар эмас. Бу асарни машҳур Виржиния Вулф «роман-энциклопедия» деган бўлса, бошқа бир тадқиқотчи ундаги мавзулар ва шарҳлар қамровини бутун бошли илмий текшириш институтига тенглаштирганди. Асар изоҳларининг ўзи таржимондан адабиёт, тарих, мусиқа, санъат ҳақида чуқур билимни талаб қиларди. Бошқа адиблар ва таржимонларнинг бу асар таржимасига қўл ургани ҳақида ҳар хил гаплар юрарди. Аммо ўша пайтдаёқ бу ишни фақат И.Ғафуров эплаши ҳақидаги эътирофлар ўзини оқлади. Шунинг учун асар таржимаси билан ўзбек адабиётини қутлаш керак. Бугун мазкур таржиманинг хусусиятлари ҳақида гапирмоқчи эмасман. Ҳали бу ҳақда кўп ва хўп гапирилади. Йигирма йил олдин асарни русчадан ҳижжалаб ўқиган авлод вакили сифатида уни ўз тилида ўқиётган авлодга ҳавас қилдим. Аввало, Иброҳим ака асарнинг услубини ва тилини билганини, Жойснинг стихиясини тўғри англаганини, асарнинг моҳиятини тушунганини алоҳида таъкидлаш керак. «Улисс» ҳамма ҳам ўқийверадиган, ҳамма ҳам ҳафсала қилаверадиган асар эмас. Ўқилиши, ҳазм қилиниши жуда оғир. Шу сабабли ўз адабиётимизда ҳам, бошқа адабиётларда ҳам унга етарлича тошлар отилган, мағзавага беланган. Аммо барибир ҳали-ҳануз бу асар сўнгги юз йилликнинг энг яхши ва энг забардаст романи сифатида эътироф этиб келиняпти.
Шу сабабли Иброҳим Ғафуров адабиётимизда сезилаётган мудроқликни ушбу ва бошқа асарлар таржималари билан бойитишга уринаётгани таҳсинга сазовордир.
Назар Эшонқул