Ҳар қайси ижодкор ўзича бир олам. Ёзувчи ёки шоир асарларида акс этган ҳаёт ҳақиқатлари, аслида, ана шу оламнинг турфа манзараларидир. Бадиий ижод психологияси билан шуғулланган олимларнинг таъкидлашларича, муайян бир асарнинг теран таҳлилига эришмоқ учун муаллифининг феъл-атвори, таржимаи ҳоли, дунёқараши, болаликда тарбия топган муҳит-шароитни пухта билиш лозим. Ҳатто айрим адабиётшунослар ижодкорнинг шахсий кутубхонаси ёхуд унинг доимий қизиққан машғулоти (хоббиси) тадқиқи билан ҳам махсус шуғулланишади. Чунки роман, қисса ёки шеър қайси пайтда ёзилганидан қатъи назар, уларда ижодкор шахсининг субъектив жиҳатлари ўз изини қолдиради. Шу нуқтаи назардан қараганда, ёзувчи ёки шоирнинг шахси, биографиясига алоқадор айрим маълумот ва тафсилотлар нафақат адабиётшунослар, балки газетхонлар учун ҳам қизиқарли бўлиши табиий.
Олий Адабиёт курсининг битирувчиси ёш қаламкаш Маягўзал Чориева бир гуруҳ ижодкорларга мурожаат этиб, уларнинг болалиги, илк китобхонликларига доир тафсилотларни ўрганиб, қуйидаги интервюларни тайёрлади. Айтиш мумкинки, бу мулоқотлар ўзига хос жажжи тадқиқотлардир. Уларда сиз таниқли ёзувчи, олим ва шоирларимизнинг болалик хотиралари билан танишиб, ижод ва ижодкор психологияси ҳақида муайян тасаввурга эга бўласиз, бу эса ўз навбатида мулоқотга киришган муаллифлар асарларини теранроқ тушунишингизга ёрдам беради, деган умиддамиз.
Ижодкорларга қуйидаги саволлар берилган:
1. Илк болалик хотираларингиздан сўзлаб берсангиз.
2. Болаликда тинглаган эртакларингиз…
3. Китоблар оламига шўнғиб кетишингиз, мутолаага қизиқишингизда кимнинг ёки қайси асарнинг таъсири кучли бўлган?
Эркин АЪЗАМ:
1. Қай бирини айтай… Тўрт-беш яшарлик чоғларим бўлса керак, боғимизда адашиб қолганман. Боғ катта, бир чети колхоз узумзорига туташ эди. Тенгқур амакиваччаларим билан қувалашибми, ўша ёққа ўтиб қолгандирман. Бундай қарасам — бир ўзим, ҳаммаёқ бутазору чангалзор. Ваҳима босган. Бировни чақирай десам, “кап-катта бола”, кулги бўлишдан қўрқаман. Шу аҳволда пиқ-пиқ йиғлаб, кечгача ўтирганман. Ким “қутқаргани” эсимда йўқ.
Кейинроқ билсам, адашган жойимдан уйимизгача бор-йўғи уч юз қадам келар экан.
Эллик йиллар ўтдики, ҳамон гоҳо ўшанақа ҳолатларга тушиб тураман денг.
2. Бизнинг бувимиз китоблардагига ўхшаган эртакчи эмас эдилар. Мен эртак деганларини (биз томонларда негадир матал деб аталарди) илк бор энамиздан эшитганман. Отамиз Тошкентда — ўқишда, энамиз кечалари лампа-чироқ ёруғида (электрстанциялар ўшанда кечки соат 11гача ишларди) дўппи тикар, “Бир ўзим ўтирсам, уйқу босади” деб, укам иккаламизни ёнига ўтқазиб олиб, матал айтиб берар эди. Бенаво бир етим қиз ҳақида “Хуб биби” деган маталлари бўларди. Билмайман, уни кимдан эшитган, жуда таъсирли эди. Бир нуқтасига келганда ҳаммамиз бараварига йиғлаб олардик: мен, укам, маталгўй энамнинг ўзи ҳам.
Ўқиш-ёзишни ўргангач, мен ўқимаган эртагу достон қолмаган дейман.
3. Бунга отам сабабчи, уйимиздаги ҳафсала билан тартиб берилган кутубхона сабаб бўлган. Отам раҳматли ўта китобхон эдилар; кексайганда ҳам тунлари китобни қўлдан қўймадилар. Масалан, ёзги таътилда ўнта бадиий китоб ўқисанг, скрипка ёки велосипед олиб бераман, деб рағбатлантирардилар. Китобхонликка шу қадар берилиб кетганманки, охири мени — “кўр қори”ни китобдан чалғитиш чоралари ҳам кўрилган…
Эртагу достонларни айтдим. Дастлаб қизиқиб ўқиган “жиддий” китобларимдан бири Марк Твен қаламига мансуб “Том Сойернинг бошдан кечирганлари” асари бўлган. Қайта-қайта мутолаа қилганман. Кейинчалик устозимиз Озод Шарафиддиновнинг “Китобларим ҳақида ҳикоялар” деган эсдаликларини ўқиб таажжубландим: у кишининг ҳам болаликда меҳр қўйган илк асари ўша “Том Сойер” экан.
Афсус, кейин — то чинакам бадиий асарларга қадар, кўп вақтим пионер, ёшлик ҳақидаги жўн, чучмал китоблар мутолаасига сарфланган. Уларнинг махсус тавсия рўйхати ҳам бўларди, шекилли…
Абдулла АЪЗАМОВ:
1. Илк болалик хотираларини эслашга уринсам, кўз олдимдан ҳозирги видеоклипларга ўхшаган тасвир ўта бошлайди: онамнинг мунис чеҳраси; аравада чаён чақиб олгани; мендан 7 ёш катта тоғам билан эшакка мингашиб кетаяпмиз: тоғам тиловат қилиб боради, мен мудраб қолганимдан сирғалиб ерга йиқилиб тушаман; пахта ортилган туялар (тасаввур қилинг-а: Фарғона водийсининг қоқ марказида!); керосин чироқ ёруғида сандал атрофида жам бўлиб достонхонлик қилинади — энам Буойша отин қироат билан Ҳазрат Али ҳақида қисса ўқийди, дадам кўпроқ достонларга мойил: Гўрўғли, Кунтуғмиш… Китобларнинг кўпи ё эски ёзувда, ё лотин алифбосида эди. Бизнинг алифбемиз эса бошқа имлода. “Бир вов” деб ҳижжалаб ўқиганимда, “Бир вов эмас, биринчи боб”, деб тузатишгани ёдимда.
2. Бизнинг авлод болалиги эртакларсиз ўтмаган. Кунларнинг бирида қариндошларимиздан бириникида тўй бўлди, тўй тарқагач, кечки пайт ётиш учун болаларга қатор қилиб кўрпа тўшаб беришди. Ёши каттароқлардан бири: “Келинглар, чўпчак айтишамиз”, деб таклиф қилди. Бошқалар қувватлади. “Афанди бозорга бориб, бир хуржун майиз сотиб олибди. Хуржуни тешик экан, йўл-йўлакай майиз тўкилиб борибди. Ўша майизлардан мен уч дона териб едим”, деб бошлади у. “Мен битта едим”, “мен эса иккита”, дея қўшилди бошқалар. “Мен — ўнта”, дейман. “Ҳей, ўнта эртак биласанми, ўзи?” Миқ этмасликка мажбур бўламан: қоидага кўра, ким нечта “майиз еган” бўлса, шунча эртак айтишни зиммасига олар экан. Шундан сўнг чўпчакбозлик бошланди, кимдир Афанди, Алдаркўсадан айтиб кулдирди, кимдир аждарҳо, ялмоғиз билан кичкиналарни қўрқитди, акалардан энг каттаси “Уч оғайни ботирлар”ни айтиб ҳаммани ухлатди… Ўзиям зўр эртак. Крутой (бадиий ё анимацион) филм ишласа бўлади.
3. Ўтган асрнинг 50-йиллари. Китоб кам бўлар эди. Ҳар бир янги китоб байрамдай гап эди. Кутубхонада “Болтиқбўйи халқлари эртаклари” китобини олиб ўқиганимни эслайман. Эртаклардан бирида кунни роҳат билан ўтказишдан бошқа нарсани билмайдиган Бой нолийди: “Кунлар жудаям қисқа, батраклар тузукроқ ишламасидан бир пастда қуёш ботади”. Бир одам кунни узайтирадиган машина ясаб беришни таклиф қилади. Таклиф Бойга жуда маъқул келади. Машина ҳам жўнгина бўлади: учта ғилдирак, биттасининг дастаси буралса, учинчисига бириктирилган паррак айлана бошлайди. “Кунни чўзиш учун дастани айлантирасиз”, дейди ихтирочи. Бой ғилдиракни айлантиришга тушади. Қарангки, доим ботишга шошиладиган қуёш жойидан сира жилмайди. Худди михлангандай. Бой қора терга ботиб чарчагач, ихтирочидан сўрайди: “Бошқа одам айлантирса ҳам кунни узайтирадими?” “Йўқ, — жавоб беради ихтирочи. — Фақат ўзингиз айлантиришингиз керак”. “Ундай бўлса майли, узаймаса узаймай қўя қолсин”.
Айниқса, Буратино, Гулливер, Мюнхаузен, Том Сойер, ўн беш ёшли капитан… саргузаштлари “китоб уммонига чўктириб юборган”.
Китобга меҳр пайдо бўлишида ўқишни қандай китоблардан бошлашга кўп нарса боғлиқ: бир китоб болада ўқишга иштиёқни кучайтирса, бошқаси бор иштиёқни сўндириши мумкин. Болалигимизда китоблар кўп бўлмагани учундир, уларнинг орасида кўнгил айнитадиганлари анча кам бўлган, шекилли…
Сирожиддин САЙЙИД:
Аввалига ҳаммаси кўланка эди. Кўланка ва товушлар. Кўланкалар келарди, кетарди, сўнгра яна келарди, келаверарди, бошим узра эгилиб, яна ғойиб бўларди. Бу кун улар жуда қуюқлашиб кетди, ён-веримда, тепамда кўланкалар саросимаси, бирови кетса, ўрнига яна бирови келади — қорайиб, қаторлашиб. Сўнгра ҳалигилар чекиниб, оқ бир кўланка пайдо бўлади. Буниси манглайимгача эгилибон, яна узоқлашади, лопиллагандай бўлади, сўнгра муздай нарсани кўксимга теккизади. “Аоииуу-у”. Булар товушлар. Ўша аснода мен илғаган товушлар.
Яна бир жуфт оқ, яшил кўланка бўларди. Ҳовлида. Кейин аста-секин бу кўланкалар қиёфа касб этади, шаклга киради. Ҳовлидаги оқ кўланканинг қийғос гуллаган олча, яшили эса тол эканини англайман. Кейин товушлар сўзга айланади.
…Тепа қисми нураган пахса девор узра қуюқ гилослар орасидан қўшни ҳовлига мўралайман. Тупроқ супада Ҳожибиби кампир урчуқ йигириб нола қилади. Унинг ўғли Аҳтамжон равоч тергани борганда тоғда яшин уриб ўлган.
Бошқа ҳовлидан эркак кишининг мискин алласи таралади. Бу — Усто Ҳабиб, ўғлини ухлатаяпти. Кейин йиллар ўтиб, овози ёдимнинг хомуш обидалари узра ҳазин азон янглиғ янграб қолишини у ҳали билмайди. Ўзим ҳам билмайман.
Жазирама. Кўчалар билқ-билқ тупроқ. Бўғотлар гирдида, пахса деворлару дарахтлар теварагида арилар, қўнғизлар ғўнғиллайди. Узумлар ранг олган. Иссиқдан шира чиқариб, товланади.
Оқшом ҳовлимиздаги ёғоч сўрининг устунига осиғлиқ дўмбира тоғдан Сайидумар амаким келганини билдириб, мендан суюнчи сўрайди. Бу кеча, демак, яна гурунг бўлади, яна дўмбирада инграган куйлар мени узоқ-узоқларга — ўзим билмаган, кўрмаган манзилу маконларга элтади, яна Ислом тоға келади — ярим тунгача маталгўйлик, достонхонлик, Гўрўғлию Авазхонлар. Сайидумар амакининг бармоқлари дўмбирани тирнаб қалтирайди, елкалари, соқолларию салласининг печи титрайди, кўзлари юмилган:
Йиғламанг ёру биродар, можароликдур букун,
Умр ўтиб, паймоналар тўлди, адоликдур букун.
Айрилурмиз бир-биримиздан, жудоликдур букун…
Кўзлари очилганида, уларда бир нима йилтиллаётганини илғайман. Сайидумар амаки уруш пайти ишчи баталонига тушгани, поездда Хўжа Ҳофиз, Шайх Саъдий, Машрабдан байтлар айтиб, нон, қанд-қурс йиғиб, қорин тўйдирганидан тортиб, “узоқ Сибирга, Свердловскнинг Липа деган станциясига” бир аҳволда етиб борганигача қайта-қайта айтиб беради. Унинг дўмбирасию муаззиннинг нолишидай мунглуғ товушидаги жудолик менга бегона, лекин қайларгадир кетгим келади, кетгим…
Кейин Ислом тоға бошлайди:
Бир гап кутдим узоғидан,
Баҳра олдим қучоғидан,
Ўполмадим қобоғидан,
Худди Тошкентда чоғидан,
Сафарим бор Тошкангача.
“Буни Абдулваҳоб айтган, — деди у. — Абдулваҳоб. Ваҳоб шоир”.
Шу тундан эътиборан бу ном менинг идроким тимсолида ўзининг нотинч масканига етишади, “шоир”, “Тошкан”, деган сўзлар эса дилимга жо бўлади. Кейин бу ном ва унга тегишли нигорон байтларни деярли ҳар кун эшитаман — гурунгларда, тўйларда. Кейин англайманки, Ваҳоб шоирнинг Абдулқодир исмли ўғли фалакнинг гардиши билан қамалиб, Тошкентга жўнатиладиган кўйга тушади, ота унинг изидан тоғдан то темирйўл вокзалига қадар (салкам етмиш чақирим йўл) пойи- пиёда, бўзлаб, нафас ростламайин, “Сафарим бор Тошкангача” дебон достон айтиб боради:
Кўринглар тоғу тузум,
Туман бўлди манинг юзум,
Ўйилибди икки кўзум
Қўйимдан айрилган қўзум,
Ёлғон эмас айтган сўзум,
Сафарим бор Тошкангача.
…Тунлар шинни сингари қуюқ. Сомон йўлига қараб кимдир осмонга кўндалангига ун сепиб кетган деб ўйлайман. Кечалари чироқ ўчади. Фонус ёқамиз. Ёғоч сўридан ташқари ҳовлимиз саҳнида тупроқ супа ҳам бўларди. Фонус ёруғида отам китоб варақлайди. Алвон муқовадаги ёзув ҳали-ҳануз ёдимда: Зокиржон Холмуҳаммад ўғли Фурқат. Ва отамнинг ҳузнангиз овози:
Фиғонким, гардиши даврон айирди ўз диёримдин,
Ғамим кўп, эй кўнгул, сен бехабарсан оҳу зоримдин…
Мен шу ҳазин товушлар дунёсида тарбия топдим. Кечалар лабларимдан ёстиққа сўлак ўрнига сўз оқиб чиққан бўлса ажабмас.
Алқисса, Ваҳоб шоирнинг сафари амалга ошмади. Достон чала қолди.
Орадан қирқ йиллар ўтиб, у ўғлини жўнатган ўша вокзалда, янги оқ кўйлак кийган озғин ўсмир қўлида чамадон, июл иссиғида поезд кутиб, унинг сатрларини такрорлайди.
Вақт темир йўл шпалларидай тез ўтади. Тошкент дорилфунуни. Журналистика. Китоблар. Илк шеърлар. Яна китоблар. Пул қолмаганда қотган нонларни чойга бўктириб роҳат қиламиз.
Беш йил оққушдай учиб кетади. Қўлимизда уларнинг патларидай бир тутамдан шеър қолади. Қишлоқда эса момом сўраганларга “Неварам шоирликка ўқияпти”, дебон мақтанади. Бир кун озиб-тўзиб кириб бораман. Онамнинг кўзлари нам. Дорилфунунни аллақачон битирган бўлсам-да, момом айтади: “Қўй болам, бу шоирлик ўқишинг бўлмаскан, аҳволингга қара, чўп бўп кетибсан”.
Бу орада Ваҳоб шоирни сал-пал унутгандай ҳам бўлдим. Артюр Рембо, Исикава Такубоку, Гарсиа Лоркаю, Нозим Ҳикмат ва Пабло Неруда, бу ёғи Александр Блок, Маяковскийдан тортиб Ояр Вациетис, Имант Зиедонис, Ўлжас Сулаймонову Андрей Вознесенский шеъриятигача моҳиятини англашга ҳаракат қиламан. Ва англайманки, мутолаа тулпори ҳам айланиб-айланиб ўз қоғозига келаркан. Мана энди, Ваҳоб шоирнинг тугалланмаган достонию унинг “Мен кетарман айта-айта охири” сатри ҳамда ҳазрат Навоийнинг янги чиққан девони узра зору ошуфтаҳолман.
Қишлоққа келаман. Хўжа Ҳофиздан айтиб берадиган амаким йўқ, Фурқатни яхши кўрадиган отам йўқ, “шоирликка ўқиётган болам” деб суюнадиган момом пешвоз чиқмайди, ҳовлидаги ёғоч сўри қандайдир мунғайиб қолган, Ислом тоға ҳам чўкиб қолибди. Хотирот минораларидан азон янглиғ ҳазин овоз келади: “Фиғонким гардиши даврон…”.
…Алқисса, Ваҳоб шоирнинг сафари амалга ошмади. Достони чала қолди. Бу сафарни давом эттириш, достонни сўнгги нуқтасига етказиш менинг бурчим. Эртага яна йўлга.
Хосият РУСТАМОВА:
1. У пайтлар анча кичкина эдим. Чамаси беш ёшларда бўлсам керак. Кўча эшигимиз олдида нимадир қуриш учун келтирилиб, ётқизиб қўйилган бақувват терак бўларди. У теракдан биз болалар ўриндиқ сифатида фойдаланардик. Ҳар хил ўйинлар ўйнардик.
Маҳалламиздан сал нарида яшайдиган бир отахон бўларди. Соч-соқоллари оппоқ. Ҳассага суяниб келиб, биз ўйнайдиган теракнинг бир чеккасига ўтириб, ўйинимизни ўйчан кузатиб ўтирарди. Ҳар куни бўлмаса ҳам, шу ҳолат тез-тез такрорланиб турарди.
Биз болалар эса ўзимиз сезмаган ҳолда ҳар куни отахонни кутадиган, дуо қилганларида хиёл титраб кетадиган қўлларини соғинадиган бўлдик…
Лекин отахон бора-бора келмай қўйдилар. Ва дадам айтдиларки, энди ҳеч қачон келмас эканлар…
Шу воқеа сабаб бўлдими, қарияларни кўрсам раҳмим келадиган бўлди…
2. Болалигимда жуда кўп эртак эшитганман. Лекин эшитганларимдан кўра кўпроқ ўқиганларим ёдимда қолган. Номи ҳозир эсимда йўқ, арабларнинг бир эртаги бўларди…
Ночор бир оиланинг якка-ю ёлғиз ўғли бор экан. Улар кўп йил фарзанд кўрмаганликлари учун ҳам ўғилларини еру кўкка ишонмайди. Фарзандлари 20 ёшга киргунга қадар бирор марта бўлсин йиғлатмайдилар. Бола йиғлаш нима эканлигини билмай вояга етади. Кунлардан бир кун она оғир хасталикдан вафот этади. Фарзанд ич-ичидан тошиб келаётган йиғининг нима эканлигини билмаса-да, уввос солиб, чинқириб юборади. Кўзларидан тирқираб ёш оқади. Бу ҳолатга чидолмаган марҳума она ўрнидан туриб кетади. Йиғилганларнинг бари ҳангу манг бўлиб қолади. Она ўғлининг отасига азобдан кичрайган кўзлари билан ғамгин қарайди. Ота бу қарашдан фарзандининг кўз ёшига ишора қилаётганини дарров фаҳмлайди.
Аёл тез ва енгил ҳаракатлар билан узун кўйлагининг этагидан узиб олиб, ўғлининг кўз ёшларини артади… Она бу ишларни шунчалар тез адо этадики, унинг жойига ётиб қайта кўз юмганини ҳам ҳеч ким сезмай қолади… Анчагача мана шу эртак таъсиридан чиқиб кетолмаганман.
3. Китобга меҳр қўйишимда онамнинг таъсири катта бўлган. Қўллари ишдан бўшади, дегунча китоб мутолаасига киришардилар. Ўқиган китобларини бошқалар ҳам ўқишини жуда-жуда хоҳлардилар. Ва уйимизга келиб-кетувчиларнинг кўпчилиги ҳам китобга меҳр қўйишганди. Уларнинг китоб олиб келишгани ёки китоб олиб кетишаётганига кўп гувоҳ бўлганман. Уйимизга қўшни аёллар йиғилиб қолишганда ҳам китоб тўғрисида баҳс-мунозаралар бошланиб кетарди. Бундай суҳбатлар аёллар ўртасида бўладиган ғийбатлардан анча йироқ эди…
Онам ҳозир ҳам кўп ўқийдилар. Жаҳон адабиётининг ўзбекча нашрларини деярли ўқиб чиққанлар. Чет тилини китоб ўқий оладиган даражада билмаганликлари учун ҳозиргача ўкинадилар.
Болалигимда илк бор Ж.Свифтнинг “Гулливернинг саёҳатлари” китобидан жуда таъсирланганман. У пайтларда нимани ўқиш, нимани ўқимаслик кераклигини билмасдим, аммо жуда кўп ўқирдим. Менга ажратилган хонанинг чироғи деярли ўчмасди. Дадам кўзимнинг хиралашиб қолиши мумкинлигидан ҳамиша қайғуриб юрардилар…
Собир ЎНАР:
1. Негадир ақлимни таниганимдан буён кўп нарсалар хаёлимдан чиқиб кетгану, аксинча, гўдак пайтларим кўпроқ хотирамда ўрнашиб қолган. Мисол: энди тилим чиқа бошлаган кезлар (балки икки ёшдадирман) қоғоз нарсаларнинг барини “батўп”, темирдан ясалган, ҳатто машиналарни ҳам “дунна” дердим. Катталар ҳам анови батўпни олиб бер, ана, қара, дунна келяпти, деб менинг тилимда гапириб завқланишарди. Отам чўпон эди. Оиламиз билан қиш кезлари қишлоқдан беш чақирим даштдаги қўра-қўтон ёнидаги икки уй, бир даҳлизли чим билан кўтарилган чайла-томга кўчиб чиқардик. Кўклам, қўзилатиш мавсуми тугагунча оила аъзоларимиз, соқмончи (ёрдамчи) чўпонлар билан ўша ерда яшаб, деҳқончилик бошлангач, қишлоққа кўчиб тушардик. Энди туғилган қўзиларни опкетиш учун гоҳ Нурқул ака, гоҳ Қулмат ака деган шофёрлар бортли машинада келишарди. Баъзан Мамаш ака деган кишининг “Волга”сида раис келарди. Отам уни “катта” дерди. Эсимда, бир гал қирда бир қўй бошсиз, думсиз қўзи туққан. Қўзи чувидан ажралган заҳоти пастга қараб думалаган. Отам хижолат бўлиб ўша қўзиниям қўшиб терига топшираётганда “катта” ўшқириб берганди. Отам бечора гўё қўйнинг бунақа “ногирон” қўзи туққанига ўзи айбдордай қип-қизариб тураверган.
Кейинчалик баҳор чиққанда боболаримиздан қолган Кўнақишлоқ деган ҳеч ким яшамайдиган жойга чайла қуриб кўчиб чиқадиган бўлдик. Дастлаб кўчиб чиққанимизда отам худди ертўлага ўхшаш ёрматом қазиб, ўша уйга кўчиб кирганмиз. Негадир ўшанда отам товуқларга катак қуришни унутган экан. Кечаси товуқлар қочиб кетмас, деб оёқларини бўшатиб қўйиб юборганмиз. Эрталаб қарасак, товуқларни тулкилар еб, бўғизлаб кетибди. Уч-тўртта тирик қолганларининг ҳам патлари юлинган, қип “яланғоч” эди. Улар ҳам совуқ уриб бир-икки кунда ўлиб қолган. Мен биринчи синфга олти чақирим наридаги мактабга худди шу ердан эшакда қатнай бошлаганман.
Энди-энди ўйлаб қарасам, ибтидоий тусдаги ўша ҳаётимизда ҳаммадан ҳам онамга қийин бўлган экан. Онажонимнинг иродаси темирдан ҳам мустаҳкам экан-ов, деб ўйлайман.
Ушбу саволарга жавоб ёзаётиб, ўша, менинг болалигимни бағрига ютиб кетган ўтган асрнинг 70-йилларини эслаб, кўп нарсалар ёдимга тушиб, юрагим ҳапқириб кетди. Бировнинг ишонгиси келмайди. У одамларнинг ҳам кўпчилиги энди бу дунёда йўқ.
2. Болалигимда кўп эртаклар эшитганман. Туғишган тоғам мактаб кутубхонасида мудир эди. “Олтин олма” деган эртак китобдан “Қурбонбой ботир” деган эртакни ўқиб берганида роса завқ олганман. Ҳали ҳарф танимас эдим, акам “Гулшанбоғ”, “Зулфизар”, “Муродхон”, “Авазхон”, “Рустамхон” деган достонларни қайта-қайта ўқиб берар, негадир онам ва укаларим билан чироқ атрофига тўпланиб олиб, достонларни йиғлаб эшитардик. Бора-бора бу китоблар ёд бўлиб кетди. Ҳатто акам бир хил жойларини адашиб ўқиб юборса, ўзим тўғрилаб айтардим. Акам эрталаб олисдаги мактабга жўнаб кетар, кеч қайтарди. Баъзан ўша қишлоқдаги ётоқда ётиб қоларди. Акам келгунча мен ўша китобларни олиб варақлар, ҳарф танимаганим учун беихтиёр китобни ҳидлаб ўтирардим. Китобдан гўё Авазхон ё Ҳасанхон, ё Рустамхон деган ботир оғаларимнинг ҳиди келарди.
Отамнинг укаси Омон акам Эргаш Жуманбулбулнинг “Қундуз билан Юлдуз”, “Холдорхон”, “Эрали ва Шерали”, “Кунтуғмиш” достонларини баланд овозда қўшиқ қилиб ўқирди. Ўқийтуриб баъзан хўрланган одамдай йиғлаб юборарди. Шартта китобни ёпиб, биздан кўз ёшини беркитиб йиғлаб оларди ва яна қўшиқ қилиб ўқишда давом этарди.
Илк таъсирланган китобим “Зулфизар” достони. Балки ҳозир уни ўқисам, жўн туюлар, аммо болалигимда севгини, париваш қизни бу даражада илоҳийлаштириб тасвирлаган бошқа асарни ўқимаганман.
Маягўзал Чориева ёзиб олди.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2003 йил 13-сонидан олинди.