Вақт ҳам турлича бўларкан, бири – қисқа муддатли, “кичик” вақт бўлса, яна бири “тарихий”, “катта” вақт. Замонавийлик деб аталувчи бизнинг “кичик” вақтимизда кўплаб шахслар поймол этилди ёки қадр топмади. Катта тарихий вақтда Николай (Микола) Платонович Бажан оғир тарихий вазиятларда, гарчи у қадар аниқ бўлмаса-да, ошкор этилган украин маданий уйғонишининг ҳар доим ёрқин мисолларидан бири бўлиб қолажак.
Унинг дўстлари ва ҳамкасблари – XX асрдаги етук украин ёзувчилари каби Николай Бажаннинг катта таржимачилик иши шахсий ижодий таъсирлар доирасидан чиқиб, миллий маданият фаолиятининг тўлақонлилигига эришиш талаби ва зарурияти билан шартланган чуқур анъана аслида Михаил Драгоманов, Иван Франко, Леся Украинская, Павел Грабовскийдан бошланган… Уни XX асрнинг 20-йиллари украин маданий уйғониш арбоблари қўллаб-қувватладилар ва бу хайрли ҳаракатни ғайрат билан давом эттирдилар. “Украинлаштириш”нинг фожиаси ниҳоясига қадар фаолият кўрсатган барча йўналишларда – ғарб, шарқ, шимол, жанубда таржималар ва маданий алмашинувларнинг кенг дастурларини амалга ошириш аллақачон бошлаб юборилган эди. Украин адиблари шўро ҳокимияти миллий маданиятларни қўллаб-қувватлашни, жумладан, “халқлар дўстлиги” шиорини илгари сурган ўша вақтдаги вазиятдан кўпроқ фойдаланган, “экзотик”, яъни илгари яхши таниш бўлмаган маданиятлар билан, мустамлакачиликдан халос бўлиш жараёнига кирган собиқ мустамлака халқлар ҳаёти билан танишишга зўр бера бошлади. Шўро Украинаси илк большевистик ҳокимият маъносида алоҳида ўрин тутган эди, Осиё, Яқин ва Узоқ Шарқнинг мустамлака халқлар орасида ўз иттифоқдошларини қидирарди: яқингача мустамлака бўлган социалистик Украинанинг ҳам хаёл қилинган муваффақиятлари намунаси улар учун, айниқса, жозибадор ва ишончли бўлиши керак эди. Шўролар Ўрта Осиё халқлари ҳақида гап кетганда “украинлаштириш” ва ундан ҳам кўпроқ маънода “чуқур илдиз отдириш” сиёсатини ўтказар экан, большевиклар ҳокимияти амал қилган дастурлардан бири шу эди. Шунинг шарофати билан Украина адабиёти ўзи учун Шарқ ва Жанубга “дарча” очиб олган эди. Украинада, айниқса, шарқшунослик тадқиқотлари кенг кўлам касб этди. Агафанел Кримскийнинг йирик илмий ишлари бунинг учун замин яратди. 1916 йилда Украинанинг ўша вақтдаги пойтахти Харьковда шарқшуносларнинг Бутунукраина илмий ассоциацияси – БИА (Киев ва Одессада шўъбалари бор эди) амал қила бошлади. 1927 йилда “Шарқ олами” журнали чиқа бошлади, унинг биринчи сонида шундай гаплар бор эди: “Шўро ва хориж Шарқини билмоқ, Иттифоқ халқларини бутун Шарқ халқлари билан таништирмоқ – ҳаёт олға сурган ишлардир”. Расман БИАга партия арбоби А.Г.Шлихтер раҳбарлик қилди, аслида эса А.Е.Кримский, А.П.Ковалевский, П.Г.Тичина унинг асосчилари ва фаол аъзолари эди. Ассоциация СССРнинг (шу жумладан, Грузия, Арманистон, Озарбайжон) ва хорижий Шарқнинг кўплаб илмий муассасалари билан алоқа қилар эди. БИАнинг матбуот нашрлари – “Шарқ олами” (кейин “Қизил Шарқ”) ва “БИА бюллетени”да бу республикалар ҳақидаги ашёлар ва Шарқ адабиётларидан таржималар ҳам олам юзини кўрди (олдинги ўринлардан бирини турк адабиёти эгаллар эди: зеро “Шарқ” геосиёсий тушунчаси ўзида Туркияни ҳам, Ўрта Ер денгизининг Осиё қирғоқларини ҳам мужассам этар эди)…
Шундай қилиб, “юқоридан” қилинган сиёсий ва тарғиботчилик насиҳатларига қарамай, БИА ва унинг матбуот нашрлари Шарқ халқлари меросини илмий ва маданий жиҳатдан ўрганиш учун талай ишлар қилишга муваффақ бўлган эди.
Украина илмий ва маданий муассасалари, миллий зиёли мутахассислари ялпи “тозалаш”га маҳкум этилган 30-йиллардаги қирғиндан кейин маданиятлараро алоқалар сифатига сезиларли путур етди. Аммо “халқлар дўстлиги” яқинлашуви ва уларнинг мафкурасини шиор қилиб олган шўро ҳокимияти бўғиб қўйиш маъносида зўр бериб қардошлик сафсатасини сотиш ва СССР халқлари маданиятининг машъалаларига бағишланган кенг миқёсли юбилей тадбирларини ташкил этиш билан жавоб қайтарди. Яна ўша гап: бу тадбирларнинг сиёсий йўналишига қарамай, улар турли миллат одамларининг ўзаро ҳамжиҳатлигини оширишга имкон берди, жамиятнинг маънавий ҳаётини бойитди, адибларга таржима режаларини рўёбга чиқариш имконини туғдирди. Матбуотда арман халқининг “Довуд Сосунли” халқ достонининг 1000 йиллигини, Шота Руставелининг “Йўлбарс терисини ёпинган паҳлавон”ининг 700 йиллиги, қалмиқ халқ достони “Жангар”нинг 500 йиллиги, Илья Чавчавадзе ва Акакий Церетелининг 100 йилликлари, Коста Хетагуровнинг 90 йиллиги ва ҳ.к. юбилейлар ўтказилди. Шота Руставелининг “Йўлбарс терисини ёпинган паҳлавон” достонининг Бажан амалга оширган машҳур таржимаси айни ўша вақтларда икки марта (1937 ва 1940) чоп этилди; П.Тичина таҳрири остида “Довуд Сосунли” (1939) ва “Жангар” (1940)нинг жамоавий таржимаси китоб бўлиб чиқди. Уруш ва урушдан кейинги йилларда Украинада адабий таржималар миқёси анча ошади; СССРнинг, ўз ёзувига эга бўлмаган халқлар, хусусан, қадимги маданиятли халқларнинг кўплаб маданий ёдгорликлари таржимонларда ижодий қизиқиш уйғотади. Қофқозорти халқлари, Яқин Шарқ ва Ўрта Осиё адабиёти дурдоналарининг украин тилида нашр этилиши беқиёс аҳамият касб этди. Улар орасида Василий Мисик таржимасидаги Умар Хайём ва Ҳофиз шеърлари, Леонид Первомайский таржимасидаги Низомийнинг “Лайли ва Мажнун” достони, Бажан таржимасидаги Давид Гурамишвилининг “Давитиана” ва Алишер Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин” достонларини кўриш мумкин.
Украин адабиёти ўз халқи учун башарият тарихининг энг қадимги ўчоқларидан ва башарият маданиятининг энг қадимий манбаларидан бири – Олд Осиё ва Ўрта Осиё маданиятларининг катта бойликларига йўл очди.
Бу ерда жуда қадим замонлардаёқ ўзига хос тамаддунлар, шаҳар-давлатлар пайдо бўлган, гуллаб-яшнаган ва йўқ бўлиб кетган; бу ердан дунёнинг турли чеккаларидан савдогарлар карвонлари, келгинди босқинчиларнинг ўрдалари ўтган; бу ерда тиллар ва эл-элатлар аралаш-қуралаш бўлиб кетган ва кўринишлари ўзгарган. Бу ерда қадим замонларда араблар, форслар, турклар, арманлар тинч-тотувликда яшаганлар, ўзаро ҳамжиҳат бўлганлар ёки уришганлар; бу ерга римликлар, ҳиндлар, хитойлар келганлар; бу ерда ҳозирги тожиклар, ўзбеклар, туркманлар, қирғизлар, қозоқлар, қорақалпоқларнинг аждодлари умргузаронлик қилган она диёрлари бўлган – асрлар давомида улар фақат истиқомат қилиб қолмаганлар, балки тарихий қисматни бирга баҳам кўрганлар, иқтисодий ва маданий алоқалар ўрнатганлар, ижтимоий фаровонликка эришганлар, ижтимоий зулм ва чет эл босқинчиларига қарши жон олиб-жон бериб курашганлар.
Бу халқларнинг аждодлари Ўрта Осиёнинг энг қадимги давлатлари – Бақтрия, Сўғдиёна, Хоразмнинг аҳолиси бўлган, улар эрамизгача VII–VI асрлардан буён гуллаб-яшнаган мамлакатлар бўлган. Булар қудратли ва равнақ топган тамаддунлар бўлган. Уларнинг моддий ва бадиий маданияти (бизгача етиб келган осори-атиқаларга кўра) ҳақли равишда башарият тарихида энг қимматли мерослардан бири ҳисобланади. Юнон-Бақтрия маданияти тўғрисида ҳам шуни айтиш мумкин. У Александр Македонский Ўрта Осиёнинг бир қисмини босиб олганидан кейин вужудга келган эди. Кушон салтанати маданияти ҳам шундай – у эрамизнинг дастлабки йилларида мавжуд эди. Аввал эфталитлар, кейин эса турклар томонидан қаттиқ зарбаларга учрагач, бу маданият Турк хоқонлиги чоғида яна гуллаб-яшнади.
VII–VIII асрларда Ўрта Осиёни араблар босиб олади. Кўплаб маданий қадриятлар талон-тарож этилади, аммо туб аҳоли ўз анъаналари, тили, маънавий меросини сақлаб қолди. IX–X асрларда Мовароуннаҳрда ҳукмронлик қилган Сомонийлар сулоласи араблар таъсирига барҳам бера олди ва маҳаллий-маданий анъаналарни сақлаб қолди. Гарчи араб тили яна анчагача илм-фан тили бўлиб қолган бўлса-да, Абу Абдулло Рўдакий (860–941)дан бошланган мумтоз форс-тожик адабиёти қадимги форс (авесто) ва ўрта форс (паҳлавий) тилларида ўз ёзма анъанасига эга эди. Рўдакий ислом ақидапарастлигини инкор этган, исломгача бўлган маънавий меросдан баҳраманд эди – инсонпарварлик ва ҳаётни бевосита идрок этиш унинг шиорига айланган. Унинг шеърияти тасаввур ва тафаккурга бой, инсон қалбининг бепоёнлиги манаман деб туради, ўша пайтдаги ўзига хос “ҳур фикрлилик” руҳи баланд эди. Рўдакий назокатли ишқий лирикага, табиатни идрок этиш лирикасига, ҳаётни севиш лирикасига, ҳаётнинг фонийлиги ва дунёнинг бир пулга қимматлиги ҳақидаги хаёлотга тўла фалсафий шеърият анъанасига ҳам асос солди.
Самарқанд, Бухоро, Хоразмдан ташқари ўша вақтда Марв, Балх, Нишопур ва Ҳирот шаҳарлари ҳам хўжалик, маданий ва илмий ҳаёт марказлари бўлган эди. Бу ерда туркийзабон кўчманчилар тобора ўтроқлаша бошлади, умумий ижтимоий манфаатлар замирида меҳнаткашлар қатлами бир-бирига яқинлашаётгани каби турк олий ҳукмдорининг тожик ер эгалари, зодагонлар билан яқинлашув жараёни кучайди.
X асрдан бошлаб Ўрта Осиёга қарматийлик (бошқача айтганда – исмоилийчилик) ва сўфийларнинг таъсири кучли бўлади. Бу диний-фалсафий таълимотлар, схизмалар (ажралиб чиқишлар) бутун мусулмон оламида кенг қулоч ёйганди. Пантеизмга яқинлиги ва Худони ақл эмас, юрак ила ҳис этишга даъвати билан, айниқса, ўрта асрларда мутаассиб, ақидапараст исломга қарши мухолиф сифатида майдонга чиқди. Етук украин шарқшуноси Агафангел Кримский уни чуқур демократик ҳодиса ва диндан кўра дунёвий роҳиблик деб атаганида жон бор эди. Бунинг оқибатида сўфийлик адабиёти вужудга келди, у кўп асрлар давомида бой самаралар берди.
Гарчи диний-тасаввуфий ва жазава ниқоби остида бўлса-да, у инсонни кўкларга кўтариб мақтади, унинг маънавий қадриятини эътироф этди, унинг ботиний ҳаёт манзарасини ишлаб чиқди ва яхшилади, нафақат диний-тасаввуфий туйғулар, балки умуман руҳий оламнинг мураккаб мажозийлигини ривожлантирди, айниқса, ишқ моҳиятини чуқурроқ сингдирди, гўзал ерга мурожаат – Олий Парвардигорга мурожаат деб баҳоланди. Абдуллоҳ Ансорий, ал-Ғаззолий, Ибн ал-Қуззот Ҳамадон, Ибн ал-Арабийлар XIII асрнинг буюк сўфий мутафаккирлари, Бобо Кўҳий, Абулмажид Саноий, Фаридиддин Аттор, Жалолиддин Румий (маснавий жанрига асос солган), кейинчалик Ҳофиз (XIV аср), Жомий (XV аср) сўфий шоирлар бўлган эди.
Аввалига араблар, кейин эса Чингизхон истилоси вақтларида Ўрта Осиёнинг хўжалик ва маданий ҳаёти жиддий зарар кўрди, бироқ ҳар гал ўзини тиклаб ола билди. Айниқса, Амир Темурнинг невараси, буюк олим, илм-фан, санъат ва шеърият ҳомийси, жаҳолатпарастлик ва риёкорлик душмани Мирзо Улуғбек (1394–1449; 1409 йилдан Мовароуннаҳр ҳукмдори) замонида у, айниқса, равнақ топди. Қадимий маданий марказлар Бухоро ва Самарқанд яна гуллаб-яшнади. Улуғбек қотиллар қўлида ҳалок бўлганидан кейинги сиёсий ва маданий ҳаёт маркази Ҳиротга кўчди, бу ерда XV асрнинг иккинчи ярмида султон Ҳусайн Бойқаро ҳукмронлик қилди. Мана шу паллаларда ўзбек ва тожик халқларининг илм-фани, маданияти, адабиёти ва санъати янада гуллаб-яшнади.
Бу янги кўтарилишнинг янги сиймолари тожик шоири Абдураҳмон Жомий (1414–1492) ҳамда унинг ёш маслакдоши ва дўсти Навоий эди (уларнинг дўстлиги Ойбекнинг “Навоий” романида ифода этилган; тожик шўро адабиётининг асосчиси Садриддин Айний бу дўстликка бағишлаб “Навоий ва Жомий” мақоласини ёзган): Жомий олим, адабиётшунос, файласуф, тилшунос, нотиқ, мантиқшунос, риёзиюн (математик), табиатшунос, фалакиётшунос, мусиқашунос ҳам бўлган; ўша вақтда маълум барча шеърият йўлларини энг юқори даражага олиб чиққан, дарий тилида ижод қилганлардан энг кўп адабий мерос қолдирган эди. Унинг энг йирик асари “Ҳафт авранг” (“Етти тахт”) етти достонни ўз ичига олган ва уларни буюк озарбайжон шоири Низомий Ганжавий “Хамса”сидан илҳомланиб ёзган эди. Саъдийнинг “Гулистон” ва “Бўстон” достонларига татаббу қилиб ёзган “Баҳористон” достони ҳам Жомий қаламига мансуб бўлиб, у XV аср форс-тожик насрининг ажойиб намунаси саналади.
Жомий ижоди ўрта аср форс-тожик адабиётининг чўққиси ва якуни бўлди. Ундан кейин яна ёрқин сиймолар етишиб чиқди, аммо уларни буюк Рўдакий, Фирдавсий, Хайём, Ҳофиз, Саъдийга тенглаштириб бўлмас эди.
Айни вақтда шу пайтгача форс-тожик адабиёти соясида қолиб келган ўзбек адабиётида ҳам юксалиш содир бўлди, ҳолбуки, етук шоирлар Юсуф Болосоғуний (XI аср), Лутфий (1367–1465) бу адабиётнинг буюк сиймолари саналса-да, энди Алишер Навоий туфайли у олдинги сафдан ўрин олди.
Алишер Навоий Ўрта Осиёда шаклланган шундай бир маданий муҳитнинг қонуний меросхўри бўлдики (кенгроқ маънода, Озарбайжон ва Арманистондан то Шимолий Ҳиндистонгача), унда Низомийдан Жомий ва Навоийгача бўлган антик маданият ўз ўрнини топган эди, Қофқозорти ҳамда Ўрта Осиё шоирлари, мутафаккирларига Суқрот, Афлотун, Пифагор, Арасту, Фалес ва бошқа йирик антик файласуфлар “ҳамроҳлик” қилган, фалсафий мубоҳасаларда “иштирок” этганлар. Қофқозорти ҳамда Ўрта Осиё халқлари ва маданиятлари тарихининг етук тадқиқотчилари Н.Я.Марр, И.А.Орбели, Н.И.Конрад шу давр бўйича Европа Ренессансига ҳамоҳанг (Н.И.Конрадда – “Ўрта Шарқ Ренессанси”: бу сарҳадни у Эски дунёнинг “Марказий сарҳад”и деб атаган) “Шарқ Ренессанси” концепциясини асослаб бердилар.
Алишер Навоий маданий универсализмнинг шу муҳитида шаклланди, унинг ижоди буюк салафлари – Низомийдан Жомийгача эътироф этган қонунларга мос келади. Зеро, мана шу маданиятда анъаналар юзага келган ва ҳар бир шоир олий ижодиёт намуналарини эъзозлаши, уларга мурожаат қилиши керак, уларнинг ижодкори билан суҳбатлашиш ҳуқуқини олишга интилганлар. Назира услуби, аслида эса салафлар билан шеърий мусобақа (мушоира) қилиш ана шу тариқа юзага келган эди. Жомий, Навоий, Фузулий, Амир Хусрав Деҳлавийнинг кўплаб дурдона асарлари шу усулда ёзилган эди…
Бироқ қомусий оламнинг вакили ўлароқ Алишер Навоий ўз заминининг одами, ўз халқининг фарзанди ҳам эди. Ўша замон учун унинг қомусий билимлари нафақат китобий таълимга, балки кўплаб одамлар билан муомала қилишга, кўрганлари ва эшитганлари ҳақидаги мулоҳазаю мушоҳадаларга таянар эди. Унинг диний қарашлари мурувватпешалик ғоялари билан йўғрилганди. Ҳукмдор доираларнинг ғазабига дучор бўлишдан қўрқмай ва дучор бўлган ҳолда давлат хизматида адолатли бўлишга ҳаракат қилди. Таълим, кутубхона ва қўлёзмалар, маданий осори-атиқалар, шоир ва олимларга беқиёс хизмати сингди. Аммо ичи қораларнинг босқинчиликларига қарши ўлароқ, у энг кўп кучини унга чексиз шону шараф келтирган нарса – ўз шеърий ва илмий ижодига бағишлади.
Бу ижоднинг салмоғи жуда катта, унинг қиммати замондошлари учун ҳеч бир эътирозга ўрин қолдирмайди ва айнан Алишер Навоий ўз халқининг тилини унинг адабий тили сифатида узил-кесил белгилаб берди.
Тарихий нуқтаи назардан барча мутараққий миллий адабий тиллар халқ оғзаки ижоди асосида вужудга келган ва, асосан, буюк шоирлар ижоди туфайли қарор топган. Буюк миллий шоир пайдо бўлгунга қадар кўпинча бошқа адабий тил ҳукмронлик ҳолатида она тилини ана шу ҳукмрон тил воситасида ҳимоя қилишга тўғри келган. Шундайин, турк тилшунос олими Маҳмуд Кошғарий араб тилида “Девону луғотит-турк”ни ёзди (1072–1074). Унда сўзлардан ташқари ўзбекча таржималар, халқ қўшиқлари, мақолалар ва ҳоказолардан намуналар берилган, бу – халқ тили асосида адабий тил яратишга ўзига хос илмий тайёргарлик бўлган эди. Кейинчалик бундай ҳол Европада ҳам кузатилди. Илгари назар-писанд қилинмаган итальян тилининг ёзилишида Данте ва Петрарка қандай роль ўйнагани маълум. Шуниси диққатга сазоворки, халқаро лотин тилида эмас, уни итальян тилида ёзиш ҳуқуқини Данте яна ўша лотин тилида ёзилган назарий рисоласида ҳимоя қилиши керак эди! Тахминан ўша тарихий даврда, бошқа, мутлақо олис диёрда, ўшалардай буюк шоир Алишер Навоий ҳам “Муҳокаматул-луғатайн” назарий рисоласини иншо қилади (1499), унда туркий тилни форс тили ҳукмронлигидан халос қилар экан, она тилига бўлган муносабатини баён этади. У она тилини “гуллаган боғ” деб атайди, у ҳамма учун очиқ бўлмоғи керак дейди: “Бу хазина шу вақтгача одамлар нигоҳидан панада қолиб келар эди, ундаги жавоҳиротларга инсон ҳали қўл урмаган”. Шу тариқа Сервантес испан тили, Де Бюлле француз тили (“Француз тилини ҳимоя қилайлик ва кўкларга кўтарайлик”, 1549), кейинроқ эса украин шоирлари ва назариётчилари украин тили қимматини ҳимоя қилишига тўғри келганди…
Алишер Навоий ўз рисоласида ўзининг воқифлигига ҳам, туркий (эски ўзбек) тилининг ютуқларига ҳам таянган эди; инсоният тиллари тўғрисида (72 рақами тилга олинган) Навоий ҳам олим, ҳам шоир сифатида гапиради. Зеро, тил бу – уммон, унда бешумор дур-гавҳарлар – сўзлар бор, ҳар бир дур, дейди Навоий, тилга ўзининг бетакрор гўзаллиги билан жило беради. Шу боисдан тилларнинг хилма-хиллиги, бу – инсоният хазинаси. Тиллар орасида энг мукаммали араб тили бўлиб, Оллоҳнинг каломлари шу тилда бандаларга етиб келган. Яна кам тарқалган тиллардан учтаси бу – форс, туркий, ҳиндий тиллари. Давлат араб халифалари ва султонлар ҳокимияти остида бўлар экан, араб тилида ёзганлар учун осмон чарақлаб турган, буюк араб шоирлари зумраси пайдо бўлиши сабаби – шунда. Бир қанча мамлакатларда мустақил султонлар – сартлар бўлган вақтда форс тилида ижод қилган шоирларнинг бутун бир зумраси пайдо бўлган, улар орасида – “фанлар муаллими Фирдавсий”, “замоннинг сара шоири Шайх Низомий”, “ҳинд сеҳргари Амир Хусрав”, “башоратчи Шайх Муслиҳиддин Саъдий”лар кўзга яққол ташланиб туради. (Улар ҳақида Навоий кўп марталаб ҳурмат ила муфассал ёзган). Ҳокимият араблар ва сарт султонларидан турк хонларига ўтгач, “туркий тилда ёзадиган шоирлар пайдо бўла бошлади”. Тўғри, деб эътироф этади Навоий, улар орасида фақат Лутфийнигина катта араблар ва форслар билан тенглаштириш мумкин, аммо бу ҳозирча шундай, туркий тилининг келажаги порлоқ. Навоий жуда кўп мисолларда туркий тилининг оҳангдорлиги, туркий сўзларнинг бойлиги, сўз ўзгартириш ва сўз ясаш усулларининг қулайлиги, унинг сарфу наҳви, ифода қудрати ва рамзийлигини кўрсатиб беради; шеърий нафосатидан намуналар келтиради, шу жумладан, мутолаа ва иншода ўз тажрибасига, асарларига таянади…
Афсуски, Навоийнинг бу рисоласини украин китобхонлари билмайди, – улар бу рисолада кўп тажрибага ва ҳиссиётимизга яқин бўлган тилшунослик билимига эга бўлар эди. Жилла қурмаса икки тиллилик – зуллисонайнликни олайлик. Туркий ва сарт (форс-тожик) тиллари бир-бирини тўлдиради. Бироқ Алишер Навоийни бу зуллисонайнликдаги нотенглик ташвишга солади. “Барча турклар – болалар ва кексалар, бек ва мулозимлар сарт тилини билганлар. Улар шунчалик яхши биладиларки, айримлари қийин ҳолларда бу тилда бемалол гаплашадилар. Ўта нафосатли ва муҳташам ибораларни қўллайдилар. Туркийгўй шоирлар форс тилида чиройли шеърлар ёзадилар ва чиройли гапирадилар. Аммо сарт эли орасида на ўқимишли ва олижаноб кишилар ҳам, на оддий ва саводсиз одамлар ҳам туркий тилни тушунмайдилар ва унда гапира олмайдилар”.
Албатта, Алишер Навоийнинг ўзи сарт тилини мукаммал билиб, унда ажойиб асарлар ёзар эди. Умуман, XI асрдан бошлаб асрлар мобайнида бу ерда эл-элатлар, тиллар ва маданиятлар баҳамжиҳат яшади ва аралашиб кетди. (Шимолий Ҳиндистонда Шайх Акбар саройида бадиий адабиёт форс, араб, ҳиндий, санскрит, кейинроқ урду тилларида ривожланган эди). XII–XIII аср мобайнида форсийдан ўзбек тилига ва ўзбекчадан форс тилига таржима қилиш оддий ҳолга айланганди. Гарчи тожиклар ва ўзбеклар икки мутлақо турли этник гуруҳ – эрон ва турк гуруҳига мансуб бўлса-да, уларнинг маданияти барча даражаларда муттасил ўзаро ҳамкорликда бўлиб келган. Масалан, ўзбек оғзаки ижодига тожик баҳодири Рустам ҳақидаги ҳикоялар, тожик оғзаки ижодига ўзбек баҳодири Гўрўғли ҳақидаги ҳикоялар кириб келган. Тожик ва ўзбек адиблари, мисол учун, Махмур, Гулханий ва бошқалар икки тилда ёзганлар (XVIII–XIX асрларда бу оддий ҳол ҳисобланарди), асосий адабий оқимлар – бедилчилик, XIX асрдаги маориф, жадидчилик ҳар иккала адабиётни қамраб олган эди, унинг ижоди ҳар иккала адабиётга кирган. Ўзбек шўро адабиётининг асосчиси Ҳамза асли тожик бўлган (гоҳ-гоҳ у тожик тилида ҳам ёзарди), тожик шўро адабиётининг асосчиси Садриддин Айний ҳам ўзбек, ҳам тожик ёзувчиси эди.
Албатта, ҳар доим ҳам ишлар силлиқ кечмаган, номутаносибликлар, баланд-пастликлар ҳам учраб турганки, бу ҳақда Алишер Навоий ҳам вақти-вақти билан эслатиб ўтган.
Одатда, биз инсон шахсининг ҳар тарафлама ёйилиши санъатда Европа Ренессансида содир бўлган деб ҳисоблаймиз. Аммо бу ёйилишнинг айрим аломатларини ҳам Европа, ҳам Ўрта Осиёнинг илк ўрта аср санъатида кўриш мумкин. Жумладан, бу нарса дунёвий муҳаббатни илоҳийлаштиришда намоён бўлади. Ғарбда трубадурлар ижодида ва жавонмардлик романларида гўзал ер ва илоҳий муҳаббат ҳукм суради, унда қаҳрамон ўз севгилисига вафодорлиги учун қасамёд қилган. Ўрта Осиё халқлари достонларида эса – йигитнинг қизга оташин ишқи муқаддас саналган, бироқ ҳиссий эмас, балки бокира, диний-тасаввуфий тиллар билан бирга келади: гўзалликни тараннум этиш – Парвардигорга муножот қилиш, уни юракка жо этиш шаклини олган.
Ушбу анъананинг бошларида бадавий чўпон Мажнун (Қайс)нинг шу қабила шайхининг қизи Лайлига бўлган телбаларча муҳаббати ҳақидаги араб афсонасини кўриш мумкин.
Лайлининг ота-онаси бой жойга турмушга бериб, қизларининг бахтига тўғаноқ бўлади, аммо Мажнун фақат ўзининг севгиси билан яшайди, у саҳрога кетиб қолади, одамлардан юз ўгириб, ёввойи оҳулар билан бирга яшайди, улар Мажнунга Лайлини эслатар, жониворларни ҳимоя қилиб, касалларини даволар эди… “Мажнун” сўзи телбани билдиради, бу ерда муҳаббатдан адойи тамом бўлган савдойи одам тасвирланган. “Мажнун” лақаби аслида VII асрдаги араб шоири Қайс ибн ал-Муллавоҳ номига мансуб. Лайли ҳақидаги бошқа шоирларнинг шеърлари ҳам шунга бағишланган дейилади. Мажнуннинг Лайлига бўлган афсуннамо муҳаббати бадавийлар ичида кенг ёйилган ва араб дунёсидан ташқарига чиқиб кетган. (Шунчаки тасодиф эмас – Тристан ва Изольда қисмати асрлар давомида Европа адабиётида кезиб юрганига нима дейсиз!). Бу мавзунинг энг чуқур шеърий ишланмаларидан бири буюк озарбайжон шоири Низомий Ганжавий қаламига мансуб бўлиб, у инсондаги бидъатчилик ва чекловларга қарши ўлароқ муҳаббат туйғусининг гўзаллиги ва қудратини тараннум этди. Қофқозорти ва Ўрта Осиё шоирлари Низомийнинг “Лайли ва Мажнун” достонига 40 назира (ўхшатма) ижод қилганлар. Лайли ва Мажнун образлари асрлар оша яшаб келмоқда, турли халқларнинг етук шоирларида акс садо берди. XVIII асрга келибоқ уларга (Фарҳод ва Ширин севгиси ҳақидаги достонда бўлгани каби) арман, грузин ва озарбайжон тилларида ёзган катта Саят-Нова ҳам мурожаат қилади.
Ўрта асрда Қофқозорти, Яқин ва Марказий Шарқ ишқий лирикаси, жумладан, ашугларда кўп ҳолларда “жонлантирилган” – шу маънодаки, шоир доимий (ҳақиқий ёки рамзий) маъшуқага (Европада трубадурлар, кейинроқ Данте ёки Петрарка) мурожаат қилади, бу мавҳум орзу, илоҳийлик рамзига айланади. Аммо ҳиссиёт кучи унга далда беради. Ёрга вафодорлик ғояси ботиний яккахудолик билан боғлиқ, сўфийлик эса гўзалликни илоҳийлик тажаллийси деб билган. Достонда эса маъшуқа шоирнинг тасаввурида яшайдиган “монологик” лирикадан фарқли ўлароқ маъшуқага муайян йўналган бу мурожаат севишганларнинг воқеабанд кўришувларига айланиб кетади. (Лайли ва Мажнун, Фарҳод ва Ширин, Юсуф ва Зулайхо, Гул ва Наврўз, Наль ва Дамаянти): қиз ва йигит ишқий ҳангомаларда бевосита иштирок этади, уларнинг қиёфаларини бўрттирадилар, воқеага жўшқинлик киритадилар, ҳаётнинг кенгроқ манзараларига ошно қиладилар, янада тарихийроқ ва ижтимоий жиҳатдан аниқроқ тус олади. (Дарвоқе, Низомийдаёқ гўзаллик шеърияти ижтимоий инсонпарварлик билан йўғрилган: у уйланган турк чўриси Офоқ ёки Оппоқни тараннум этади).
Ушбу сюжет Ўрта асрдаги араб, форс, турк шеърий достонларида турлича талқин этилиб, ижтимоий, ахлоқ-одоб, фалсафий ўлчамлар касб этади, вақти-вақти билан эллин адабиёти ёки ҳиндларнинг “Маҳобҳорат”и мавзулари билан чатишиб кетади.
Низомийга ўхшаб, машҳур форсийзабон ҳинд шоири Амир Хусрав Деҳлавий (1253–1335) ўзининг “Хамса”сини ёзади.
XVI асрдаги форсийзабон ҳинд шоири (шайх Акбар даврида малик-уш-шуаро бўлган) Абул Файзий Файзийнинг достони ҳам Низомий “Лайли ва Мажнун”ига мослаштириб ёзилган. “Наль ва Дамаянти” достони адабиётлар алоқасининг ёрқин намунаси бўла олади. Мумтоз қоидаларга кўра, Алишер Навоийнинг шу номдаги достони ҳам Низомий ва Деҳлавийга жавобан ёзилган назира эди. Аммо ҳар икки ҳолда ҳам Навоий таниқли воқеаларни ҳиссий ва ашёвий жиҳатдан тўлдирган, қаҳрамонлар тимсолларини ўзича талқин қилган эди. Ҳар иккала достон инсонпарварлик нафаси билан йўғрилган, инсоний муносабатларга путур етказадиган ижтимоий ва таомилдаги шартлиликлар инкор этилган; айниқса, “Фарҳод ва Ширин” достонида шоҳ Хусравни қаттиқ қоралайди ва унинг рақиби, ижодий инсоний негиз тимсоли бўлган Фарҳодни улуғлайди.
Алишер Навоийнинг таржимони сифатида Николай Бажаннинг илмий тажрибалари ҳақида маълумотлар йўқ. “Фарҳод ва Ширин” достонининг украин нашрига ёзган сўзбошиси (1968) бизга ҳеч нарсани айтмайди: у бутунлай “сиёсий руҳ”да, шўро Ўзбекистонининг гуллаб-яшнаётганини шарафлайди, унинг халқи Навоий замонида мустабидлик зулми остида фарёд чеккан (Навоий шеърлари оҳангларига деярли мос келмайдиган гаплар).
“Достонга изоҳлар” бўлган катта “Сўзбоши” нега тушириб қолдирилгани аниқ эмас (унда Навоий, Низомий, Хусрав Деҳлавий ва Жомий сабоқларига мурожаат қилинган, шунингдек, анъанадан бироз чекиниш бўлгани эътироф этилган: унинг достонида Ширинга эмас, кўпроқ Фарҳодга эътибор қаратилган).
Бусиз бундай катта ва мураккаб лойиҳаларни амалга ошириб бўлмайдиган таглама таржималар муаллифи ким бўлган эди? Бу тагламаларга мутахассисларча таҳлилни ким бажарган? Нима учун таржимон айнан беш ҳижоли шеърий ўлчамни танлаган? Бу борада бир оғиз ҳам гап айтилмаган. Модомики шундай экан, буни ўзимизча бир мулоҳаза қилиб кўрайлик.
Афтидан, Николай Бажан Агафанел Кримскийдан бошлаб украин таржимонларининг форсий ва туркийдан таржималари тажрибасидан ва шарқ достонининг россияликлар талқинларидан фойдаланган (“Фарҳод ва Ширин” достонининг биринчи русча таржимаси 1943 йилда пайдо бўлди, унинг муаллифи – таниқли рус таржимони Л.Пеньковский машҳур шарқшунос Е.Е.Бертельс маслаҳатларидан фойдаланган; достон ёзилган ва рус шеър тузилишида бўлмаган казаж вазнини лоақал озгина гавдалантириш учун у беш ҳижоли ямбга мурожаат қилган). Николай Бажан Шарқ шеърияти, жумладан, Шарқ эпик мероси таржимаси соҳасида рус ҳамкасбларининг ютуқлари билан яхши таниш бўлганига шубҳа йўқ. Аммо унинг ўзи машҳур грузин достони “Йўлбарс терисини ёпинган паҳлавон”нинг таржимони бўлиб (1937), мазкур таржима мутахассисларнинг энг юқори баҳосини олган эди. Бу, эҳтимол, жозибадор воқеликни гавдалантиришга ёрдам берган тасвирий услублар ва тил воситаларига ишонч ва далда берган бўлса, ажаб эмас.
Фараз қилиш мумкинки, узун таржима иши учун айнан Алишер Навоийнинг достонини танлар экан, Николай Бажан нафақат ўткинчи мавзулар (йирик кўламли юбилейни нишонлаш) ва ҳаттоки, қардош халқ меросини ўзлаштиришнинг муҳимлигини жиддий тушунишга, балки, эҳтимол, бадиий маҳобатга нисбатан ўз “диди” ва олис давр даҳоси, унинг ички дунёси ва унинг қисматига шахсан қандайдир қондошликни ҳис этишга таяниб иш кўрган.
Энди гап бундай: ислом илоҳиётшунослиги доирасидан ташқарига расман чиқмай туриб, Алишер Навоий билимга ва инсон тафаккурига, ўзининг шахсга ҳурмати билан тўла инсонпарварлик дунёқарашини ифода этди. “Марксча-ленинча” мафкура доирасидан чиқмай туриб, ўшандай йўл тутишга ҳаракат қилган Николай Платонович Бажанга бу нарса жуда ҳам “таниш” эмасмиди? Ҳолбуки, биз унисининг ҳам, бунисининг ҳам шубҳа меъёрини тасаввур қилолмаймиз, таққослай ҳам олмаймиз, албатта.
Ҳар иккаласини ҳам давлатнинг чин мардлари деб аташдек гуноҳни бўйнимга оламан. Азалий “шоир ва шоҳ” муаммосини улар бир-бирига анча ўхшаш тарзда ҳар ким ўзи учун ҳал қилди: эгалик қилиш хизматини ўз халқига хизмат деб қарар эдилар. Шу боисдан ҳам ўз ҳукмдорларини танимайман деб туриб олдилар. Тўғри, Николай Бажан ошкора зулмга дучор бўлмади, ҳолбуки, Навоийдан фарқли равишда унинг рутбаси ва ваколатлари у қадар баланд бўлмаган эди.
Энди мана бу ўхшашликни кўринг, буни, менимча, эътироф этиш осонроқ кўринади. Алишер Навоий таржимаи ҳоли ва асарлари билан танишар экан, Николай Платонович, эҳтимол, унинг “маданийлашган” қиёфасини, маърифий ва бадиий васийлиги миқёсини тадқиқ қилгандир. Бизнинг ўзимиз эса Бажаннинг адабиётимиз ва санъатимиздаги замонавий шахснинг шаклланиши томон йўналтирилган саъй-ҳаракатларини, Украина Совет энциклопедияларининг бош муҳаррири сифатидаги унинг жуда катта меҳнатини эслай оламиз. Унинг нуфузисиз кўп нарсага эришиб бўлмасди.
Ниҳоят, шоир Николай Бажан қалбида тафаккурнинг эпик кўлами ва ифода қуввати, шоир Алишер Навоийнинг ифодалари ҳукмдорлиги, одимларидаги дадиллик, унинг фавқулодда топқирлиги ва ҳусндорлиги ботиндан акс садо бермаганмикан? Пировард-оқибатда – маҳобатга ташналик, тафаккурдаги мунтазамлик ва ҳиссий зўриқиш-чи?
Қуйидагиларни ҳам тусмол қилса бўлади: украин шоирларини ўзбек шоири ўз жамиятига ва унинг эгаларига атаган ўткир ахлоқий сабоқлар ҳам, ўлим ва ҳаёт, фоний ва боқий, биргаликда адабиётга боришга тўғри келадиган маънавий мерос ҳақидаги доимий мушоҳадалар ҳам – социалистик давр шоирини-да хижолатга солган ҳамма нарса ташвишлантирган эди, аммо булар ҳақида у бор овози билан гапира олмас, замонавийликка боғланиб қолиб, кўпроқ ўтмишдан нолир эди, холос.
Яна бир гап: Николай Бажаннинг бой таржима меросида грузин ва ўзбек достонларидан таржималарининг ютуқ дейилишига бир шарт бор: шоир украин тилида номаълум экзотик тушунчалар ва сўз шаклларининг ифодалаш усулларини қидирар экан, сўзнинг “кўпинча” мушкулотларини бартараф этгандек бўлади – бу ерда илҳомбахш шеърий матн гўё ўзи чиройли ва ихчам бирикмалар ҳамда янги сўзлар пайдо қилаётгандек.
Дарвоқе, нима бўлганда ҳам жаҳон адабиётининг энг қиммат дурдоналаридан биттаси украин адабиётининг ёмбисига айланган. Украин тилининг тарихий ва жуғрофий жиҳатдан олис, аммо ўзининг адабий умумбашарий қадриятлари билан бизга яқин маданиятларнинг бутун маънавий ўзига хослиги, назокату нафосати, бадиий ва саноий салмоғини қайта гавдалантиришга қодирлиги нечоғли аёнлигига ажойиб исбот мавжуд.
Николай Бажаннинг ижодий жасорати ҳақида эслар эканмиз, бу таржимонларимиз ва шарқшуносларимиз ёш авлодини Алишер Навоийнинг улкан мероси устида олиб бораётган ишларини давом эттиришга илҳомлантиражак.
Рус тилидан Амир Файзулла таржимаси
“Жаҳон адабиёти”, 2015 йил, 8-сон