Исроил Мирзаев. Эркин сўз масъулияти (1989)

Ошкоралик даври ижодкорларга ҳақиқатни баралла айтиш ҳуқуқини берди. Бу ҳуқуқнинг икки буюк аҳамияти бор. Бирннчидан, у ҳақиқий талант эгаларини «ўртамиёна»лардан фарқлашга ёрдам беради. Иккинчидан, ҳақиқатни баралла айтиш ҳуқуқи ҳақиқий талант эгаларини ҳушёр торттириб қўяди: ҳақиқатни баралла айтиш керак, лекин бу «айтиш» бадиий шаклда бўлсин-у минбардаги нотиқнинг «баралла айтиши»дан фарқ қилсин. Демак, бу жиҳатдан ошкоралик бадиий сўз қадрини оширишга ёрдам беради.

Шоир Эркин Воҳидов — шеъриятдаги анъанавий лирик-фалсафий йўналишнинг давомчиларидан бири. Поэтик фикрни турли моделларга солишга уриниш, экстремал психик ҳолатларда ифодалаш, уларга руҳий-интеллектуал заряд бериш каби янги шеъриятга хос унсурлар унинг лирикасида ҳам учрайди. Лекин шоирнинг кейинги шеърларида ички портлашдан ҳосил бўлган ўзгача бир оҳанг юзага келганини кўрамиз. Шоирнинг «Девонаи ҳақгўй», «Қарсак» шеърлари фикримизнинг далилидир. Бу шеърларда руҳий тўлғоқларнинг баёни эмас, бу тўлғоқларнинг рамзийлашган шакли кўринади. Ички драматизмнинг сокин ва ғамгин аламлардан қурилган рамзлар орқали ўқувчи қалбига етиб бориши, портлаши Абдулла Ориповнинг «Хатоларинг керак уларга…», «Ёш шоирларга», «Эл қўлласа…», «Ўйламай нетайин» сингари шеърларида ҳам ёрқин намоён бўлади. Заҳматкаш эл дардини доимо жўровоз бўлиб куйлаб келган бу икки ижодкорнинг дардлари нақадар бир-бирига ҳамоҳанг эканлигини сезамиз. Чунки бу дардлар аввало халқ дардидир.

Токи бошлиқ зоти экан ҳақ,
Гапи гапу, сўзи сўз экан,
Тўрдагилар ҳокиму мутлақ,
Пастдагилар юмуқ кўз экан,
Пешонангга битилган аттанг,
Енгилмоқ бор доимо жангда.
Мудом сенинг қўлннгда паттанг,
Мудом сенинг тўнинг елкангда.

(Эркин Воҳидов, «Девонаи ҳақгўй»)

Ахтарурлар ҳамиша иллат,
Етти пуштинг гўрин титарлар.
Фақат унма, улғайма фақат
Хато қилишингни кутарлар.
Улар сенга бир умр йўлдош,
Содиҳ ҳамроҳ каби ўтарлар,
Қабринг узра эгсалар ҳам бош
Хато қилишингни кутарлар
.
(Абдулла Орипов. «Хатоларинг керак уларга…»)

Бир талай ҳикоя ва ҳикоялар ғоявий мазмунини ахлоқий-маиший мавзулар ташкил этмоқда. Одамларнинг ижтимоий ҳаётга муносабати, дунёқараши жамиятда ахлоқий муҳитни белгилайди. Гап ижодкорларимизнинг ана шу маънавий-ахлоқий муаммолардан қай даражада маҳорат билан реалистик хулосалар чиқаришларида.

Афсуски, эълон қилинаётган роман, қисса, ҳикоя, драмаларни синчиклаб кўздан кечирсак, ошкоралик баъзи ижодкорларимизни дафъатан шошириб қўйгандек таассурот қолдиради. Уларнинг аксарияти мавзу ва ғояси жиҳатдан актуал, давр талабига мос келса-да, бадиий томондан анча бўшлиги сезилиб туради. Хайриддин Султонов ўзининг «Ёзнинг ёлғиз ёдгори» қиссаси, «Бир оқшом эртаги» китобига кирган бир қанча ҳикоялари билан ўқувчилар эътиборига тушган эди. Лекин ёзувчининг «Ажойиб кунларнинг бирида» қиссаси ва «Умр эса ўтмоқда» китобига кирган кўпгина ҳикоялари бадиий кашфиёт даражасига етган эмас. Шундай мулоҳазаларни ёш адибларгина эмас, Мақсуд Қориев, Фарҳод Мусажонов, Омон Мухторов, Учқун Назаров каби тажрибали ижодкорларнинг асарлари хусусида ҳам айтиш мумкин.

Бугун яқин кечмишдаги воқеаларни кенг эпик планда таҳлил этишга интилиш ҳам сезилмоқда. Нурали Қобулнинг «Унутилган соҳиллар» роман-монологи ва Мурод Муҳаммад Дўстнинг «Лолазор» романлари ана шундай интилиш самаралари ўлароқ вужудга келди. Гарчи бу романлар бош ғояси, пафоси жиҳатидан бир-бирига яқин турса-да, улар бадиий характерларига кўра фарқ қиладилар. «Унутилган соҳиллар»да кўтаринки оҳанг, публицистик руҳ кучли. Ана шу руҳ, менингча, айрим ўринларда сунъийлик, схематизм каби қусурларга йўл очиб беради. Бундан ташқари, муаллиф ўз персонажини салкам идеал қаҳрамонга айлантириб қўяди. Ҳамма адашади, ҳамма гуноҳ қилади. У эса йўқ! Ҳақгўй ва ҳалоллигича қолаверади. Бу даъвомизга роман мантиқидан келиб чиқадиган жавоб ҳам тайёр: бош қаҳрамон Нурзоджон қайсар ва ўжар, шунинг учун ёлғон ва алдовларга учмай ҳалол яшайверади. Лекин бу «жавоб» ҳам, жавобга асос бўладиган бадиий мантиқ ҳам анча сунъий назаримда. Нурзоджоннинг ўзига хос характер сифатидаги зиддиятлари тўла очилмай қолади. Асарнинг бадиий қурилишида ҳам мувозанат бузилгандек туюлади. Адиб турғунлик даври даҳшатларини инсоният тарихи кенгликларига олиб чиқиб тасвирламасдан, турғунлик даври косаси ичига тарихнинг азалий зиддиятларини сиғдиришга уринади.

«Лолазор» муаллифининг асосий мақсади эса турғунлик даври иллатларини очиб ташлаш эмас. У инсоннинг ўз иллатларини очиб ташлашни кўзлайди. Шунинг учун романнинг эпик қаҳрамони биз кутгандан ҳам кенгроқ, чуқурроқ бўлиб туюлади.

Албатта, қисқача тўхталиш билан юқорида қайд этилган ҳар иккала асарнинг ҳам бадиий жиҳатларини тўла қамровга олиш мумкин эмас. Бу асарлар хусусида фикрлар билдирилмоқда, ҳали кенг кўламдаги баҳс-мунозаралар авж олиб кетса ажабмас.

Дарҳақиқат, ўткир драматизм ва ҳаёт ҳақиқатини ёритиб берувчи роман ва қиссалар, шеър ва ҳикоялар, драма ва достонлар эълон қилинаётир. Бундай янги асарларнинг ғоявий мундарижасини ҳалоллик ва социал адолат, одам бахти ва қадри учун кураш, бу йўлда ғов бўлган барча нохушликлар, социалистик жамиятимизга ёт, демократик тузумимизга тўғри келмайдиган, яхшилик, тўғрилик ва эзгуликни оёқости қилувчи иллатлар қаттиқ қораланмоқда. Айниқса, яқин ўтмишда ҳаётимизда рўй берган ижтимоий, маънавий-ахлоқий чекинишлар, бузилишларга ошкора муносабат билдириш алоҳида бўртиб кўринмоқда.

Китобхон сўнгги икки-уч йил ичида Шукур Холмирзаевнинг давр туйғусини ифодаловчи бир неча ҳикоясини ўқишга муяссар бўлди. Бу оригинал ҳикоялар аниқ гражданлик позициясидан туриб ёзилган, уларда ахлоқий мушоҳада, ғоявий-эстетик мақсад анча теран. (Бу фикрни адибнинг «Йўловчи» романи ҳақида айтолмаймиз). Ўзбек ҳикоячилигида Шукур Холмирзаев забардаст адиб сифатида ўзининг муносиб ўрнига эга. Ўтган йили «Ёшлик» журналида ёзувчининг «Яшил «Нива»», «Устоз», «Хумор» ҳикоялари эълон қилинди.

«Яшил «Нива»» — кичик ҳажмли асар, унда ижтимоий иллат — мансабдор, имтиёзли кишиларга қуллуқ қилиш, таъзимда бўлиш, зўравонликнинг фожиалари ҳақида баҳс юритилади, ўқувчининг диққати сўнгги ўн йилликлар давомида социал адолатсизликлар, одамлар психологиясидаги лоқайдлик, худбинлик авж олгани масаласига жалб қилинади. Ҳикояда тасвирланган воқеа юзаки қаралганда анча жўн: асар қаҳрамони оиласи билан ўз машинасида юртига кетаётганида машҳур «диктатор» директорлик қилаётган совхоз территориясидаги довон орқали ўтиши керак.

Унда ўша «диктатор директор»га дуч келиб қолиш ҳадиги ҳукм суради. Хўш, бундай «диктатор» қандай одамки, ундан бунчалик у қўрқади: «У ким? Ўша райком секретарини алмаштириб юрганлардан. Ўзингиз билган ўшанақа одамни тасаввур қилаверинг. Уларнинг бари бир-бирига ўхшаш…».

Ёзувчи ана шу яшил «Нива»лар таъқибидан ҳамон қутула олмаётганимизнинг фожиасини жуда аниқ, ишонарли бадиий чизган. Ҳақиқатан, мамлакатимизда рўй бераётган улкан янгиланиш, покланиш — қайта қуриш, демократиялаштириш даврида ҳам биз ўз дардларимизни очиқ-ойдин айта олмаётганлигимиз, айтганда ҳам, жуда эҳтиёткорлик, журъатсизлик кўрсатаётганимизни эътироф этиш керак. Бунинг сабабини ёзувчи одамлар юрагига илдиз отган қўрқоқликда кўради: «Ўтиб кетайми? Бе, ўша куни институтдан думимни тутдиради, бунақа воқеалар бўлган-да, айримлар эҳтиётсизлик қилиб ўтиб кетиб, балога йўлиққанлар».

Мана бу асл фожиа. Ўзликни йўқотиш, тирикчилик учун чўчиш. Бундай одамларнинг ҳеч нарса билан иши йўқ, фақат тинчлиги бузилмаса бас. Ҳикояда оддий инсоний ҳуқуқларнинг поймол бўлиш драмаси яхши очиб берилган. Шубҳасиз, ҳикоядаги воқеа яшил «Нива» таъқиби биргина совхоз, район, область миқёсидаги ҳодиса эмас. Унинг чегаралари анча кенг…

«Устоз» ҳикоясида ўша давр яратган бошқа бир тоифадаги одамлар типини кўрамиз. Ўқувчи кўз ўнгида ўта эҳтиёткор, ўз соясидан ҳам ҳадиксирайдиган, таъминланган, бошқанинг дард-ташвишига лоқайд, сиртига сув юқтирмайдиган кишилар намоён бўлади. «Уни ким ўлдирди? Энди ўйлаб кўр, ўғлим: одамлар мана шунақа. Қўрқоқ, ваҳимачи, виждонсиз!.. Бу гапларни сенга айтаяпман. Аммо-лекин нодир талант эди-да». Ёзувчи маккор, мунофиқ кимса образини ёрқин гавдалантиради.

Ёзувчи «Хумор» ҳикоясида она табиат, атроф-муҳитни ифлослантириш айрим кишилар психологияси, яшаш турмуш тарзига ҳам ўрнашиб қолганлигини аёвсиз фош этади. Одамзод арақхўрлик, гиёҳвандлик, кашандалик ёки ит, қўчқор, хўроз уриштириш, қиморбозлик касалликларига мубтало бўлганини билардик. Аммо пахтага сепиладиган заҳарли дориларга хумор бўлиш ақл бовар қилмайдиган фавқулодда ҳодиса — дардманликдир. Шукур Холмирзаев ҳикоя учун яхши услуб топади — муаллиф воқеаларнинг тафсилотига сира аралашмайди. Халқимизда «Бошидан ўтган ҳақиқий табиб», деб бекорга айтилмаган-ку!

Заҳарли химикат ҳидига ўрганиб қолган кимса ўз ҳикоясини айтиб адо қилолмайди. Ўқувчи одам боласининг умри, хаёллари гулдек хазон бўлганидан ларзага келади. Ахир, қуйидаги парчани ғазабланмай ўқиш мумкинми? «У дори менинг таржимаи ҳолимга сингиб кетган, ахир! Тушунаяпсизми? Менинг бутун қувончларим, завқларим, ҳаётимнинг маъноси, Ватан олдидаги бурч, илк муҳаббатим ҳам… ўша билан боғлиқ. Усиз ўтмишим йўқ. Шунақа бўларкан-да, ҳаёт!.. Илтимос тўхтатинг.. Анавинга қаранг! Йўл ёқасига! Ажриқзоргаям сепишипти-ку? Сап-сариқ бўлиб ётипди!»

Бу ҳикоялар ўқувчида мушоҳада, фикр уйғотади. Экологик бузилишларга қарши фаол муносабатни шакллантиради.

Ёзилаётган ўнлаб асарларнинг ҳаммаси ҳам ҳар жиҳатдан мукаммалликка даъвогар эмас. Уларнинг бир қисми ўқувчида кучли эстетик таъсир уйғотишдан ожиз. Айрим асарларда ҳаётийлик билан бадиий мантиқ уйғунлиги, инсон руҳининг диалектик моҳияти таҳлили, концептуаллик етишмаётир.

Давр, китобхон ижодкорлардан янги бадиий кашфиётлар кутмоқда. Эркин сўз масъулияти бугун — қайта қуриш, янгича фикрлаш даврида кучаймоғи лозим.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 1989 йил, 27 январь