«Хос»лар кимлар?
«Оммавий маданият»нинг миллат онгини қамраб олишига қарши курашарканмиз, кўпинча, уни компьютер ўйинлари, нобоп кинолар ва кўрсатувлар орқали кириб келади деб ўйлаймиз. У фақат ўқимаган, илмсиз кишиларнигина комига тортмоқда, деган фикр ҳам ўринсиз.
Эътибор берганмисиз, А.Камью, Ж.П.Сартрнинг асарларида баён этилаётган ҳаёт тарзи, ғоя ва фикр асосида нима ётади? Умуман, адабиёт ўз атрофини ўраб турган муҳит ва дунёқарашдан четга чиқиб кетиши мумкинми?
«Модерн» деб номланадиган услубларнинг адабиётимизга кириб келиши ва уларни халқ қабул қилмаса-да, ўзини зиёли санайдиганлар томонидан кўкларга кўтарилиши ғалати ҳолат.
Албатта, шаклан жаҳоний, мазмунан миллий, дейишлари мумкин. Лекин адабиёт шакл билан ҳал қилинадиган ҳолат эмас. Адабиёт шакл, фикр, туйғу ва ғоя уйғунлигидан иборат яхлитлик. Шундай экан, шаклни ўзгартириб, «модерн» услубда ижод қилаётган киши ўзини алдамоқда холос. Чунки ўзгаришлар фикрга, туйғуга ва ғояга ҳам тегишли. «Ғарб модерн адабиёти» деганда биз аввало шаклни эмас, ғоя ва фикрни тушунмоғимиз керак. Айнан биз учун ёт бўлган фикр ва ғояни!
Ҳатто архитектурада ҳам ғарб модерн санъати кўр-кўрона қабул қилинмайди, балки атроф-муҳитга, табиатга, об-ҳавога мослаштирилган ҳолда қайта ишланади. Чунки биламиз, табиат, муҳит эркаликни, ўзи билан келишмасликни кечирмайди. Бироқ нима учун адабиётда ғарб санъатига тўлиқ эргашиш, уни тўлиғича кўчириб олиш лозим? Не сабабдан айнан ушбу оқимга мослаб, айтиш лозим, ундан кўчириб асар битмаган ёзувчиларни «анъанавийлар» деб, уларга ўгай кўз билан қараш керак?
Ҳар қандай шароитда, ҳар қандай даврда турли ғоялар ва мавзуларда яхши ва гўзал асарлар битилади. Бугун жаҳон адабиётига баҳо беришда кўпинча ғоявий жиҳатларга урғу берилади. Биз буни тушунишимиз ва тан олинган асарларни олқишлаб, унсурларини адабиётимизга олиб киришда ҳушёр бўлмоғимиз лозим.
Албатта, халқ аста-секин ҳаммасини ўрнига қўяди ва нимани ўқиш, нимани ўқимасликни танлаб олаверади. Лекин айрим зиёлилар «хос адабиёт» деб, ўзини оммадан бир поғона юқори қўйиб, ўша санъатни тарғиб қилишини тушуниш қийин.
Ёзмайдиган ёзувчилар, ўқимайдиган ўқувчилар
Ғарб адабиётига таассуб уриб ёзилган, ўқилмайдиган адабиётни олқишлаб, мутолаа қилинаётганларини менсимаслигимиз адабиёт ҳақидаги тушунчамиз таҳрирталаб этишини англатади. Нима учун ўқувчини менсимаслигимиз, уларнинг дидидан кулишимиз керак? Ҳар ҳолда, ўша ўқиётганларни ҳурмат қилишни ўргансак бўларди. Ахир, адабиёт ўқилмаса ҳеч нима!
Тушунмайдиган қилиб, мураккаб ёзиш ўтган асрнинг саксон-тўқсонинчи йилларида қолди. Бугун жаҳон адабиётда соддалик томон юз бурмоқда. Постмодернизмнинг ўзига хос жиҳати ҳам шу аслида – барча услуб ва қарашларга ўрин бериш, бағрикенглик билан ёндашиш. У модернизм каби кескин эмас, хилма-хилликни маъқуллайди, барча янги ва эски услублар билан ҳамкорлик қилади.
Хўш, ҳаётнинг маънисизлигини очиб бериш адабиётнинг бош вазифасими? Ўзи, адабиётнинг вазифаси нима аслида?
Шу пайтга қадар шусиз ҳам маъни ва мантиғи бўлмаган яшашга санъат, хусусан, адабиёт маъни индириб келган. Инсоният тарихининг бошланғич пиллапояларидан шундай бўлган. Бугунга келиб, ҳаммаси тескари айланиб кетди – биз «модерн» деб атайдиган адабиёт гўё янгилик топгандай, ҳаётнинг бемаънилигини уқтиришга берилди. У, «кўриб, билиб қўйинглар, ҳаёт маънисиз, яшаш бефойда, уриниш самарасиз», демоқчи бўлади.
Инсон умрининг ҳечлиги, атрофимизни ўраган кўп одатлар, нарсалар, воқеа-ҳодисалар беҳудалигини, тагзаминига боқсанг, ёш боланинг ўйинига ўхшаб кетишини ҳаммаям билади, тушунади. Лекин инсоният ҳали ўз тириклиги, ҳаётини нимага сарфласа буткул маънили бўлишини тўлиқ англаб, идрок этолгани йўқ. Бунинг йўлини ҳам билмайди. Лекин шу йўлдаги уринишлар бор, бунга адабиёт ҳам баҳоли қудрат ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда… эди. Энди эса янги оқимлар ҳаммасини ўша, бошланган жойига олиб бориб қўйиш пайида.
Бизда, айниқса, ёш, ҳаваскор ёзувчиларимиз ушбу йўналишга муккасидан кетган. Улар, албатта, маънисизликка илк бор дуч келиб ўзларича катта ҳақиқатни очгандай бўлади ва буни бошқалар билан «ўртоқлашиш»га ҳаракат қилади.
Барча гап айтиб бўлингандай, ҳамма фикрлар ифодалангандай туюладиган давримизда, янги гап, янги фикр ва янги ғоя жуда-жуда улуғланади. Унга ростми, ёлғонми, ижобийми, салбийми, канадай ёпишиб олинади. Бироқ инсоният ўзининг минглаб йиллик тарихи давомида нима яхши, нима ёмонлигини илғаган ва ўзига зарар келтирувчи ҳар қандай иллатларни чеккага суриб ташлаган.
Аммо глобаллашув замонимизда, ахборот эркинлиги даврида ахборотга ўчлик, янгиликка ташналик кундан-кунга авж олиб бормоқда. Унга янги гап-сўз, томоша, туйғу ва эҳтирослар керак. Ахборот ҳам шўр сувга ўхшаб қолди, қанча кўп ичсанг, ташналик шунча ортаверади. Халқимизнинг оддий ва содда бир мақоли бор – ойда еган тўқ, кунда еган оч бўлади. Бу ахборотга ҳам тегишли.
Шу сабабли бугун адабиётдан янгилик кутамиз ва ҳар қандай биз учун янгича кўринган ҳолатни «кўтар-кўтар» қилишга тайёрмиз.
Аслида биз янгилик деб қабул қилаётган фикр, ғоя, воқеалар ғарб адабиётининг 20 аср бошларидаги сийқа мавзуси. Негадир улардан ғоядан тортиб, воқеа-ю услубгача кўчириб, янгилик яратганимизни уқтирмоқчи бўламиз.
Иккинчидан, бу ғоялар мағзи ва унинг оқибати нималарга олиб келишини ғарб тимсолида аллақачон кўриб турибмиз.
Ғарбни ҳам бу иши учун ҳуда-беҳуда койийвериш шарт эмас. Европа айнан миллий маҳдудликка берилиб кетгани сабабли ўтган асрнинг ўзида икки марта жаҳон уришини бошдан кечирди. Бу эса оқил кишиларни тегишли чоралар кўришга ундади. Бугунги замонавий Ғарб психологияси ҳам, адабиёти ҳам айнан шу иллатнинг олдини олиш ва бартараф этиш учун хизмат қилган ва ўйлаб топилгани шу бўлган – индивидуализм. Психология одамларда шуни тарбиялай бошлаган, адабиёт эса шундай ҳаёт тарзини тарғиб этган. Миллий руҳ кейинги ўринга туширилиб, алоҳида инсон ва унинг орзу-истаклари, хоҳиши асосий қилиб белгиланиши натижасида катта урушларнинг олди олингандир, миллий маҳдудлик чекингандир, лекин оқибатда инсоннинг беадоқ истаклари билан боғлиқ бошқа муаммолар юзага келди.
Аслида адабиётнинг вазифаси нима?
Инсоният умри беҳудалигини, маъни-мақсадсиз яшаб юрганини яхши билади. Адабиётнинг вазифаси эса шу ҳаётга маъни бағишлаш. Асло унинг беъманилигини янада чуқурроқ ифодалаш эмас! Буни янгилик, илғор ғоя сифатида баҳолаш ва қабул қилиш шарт ҳам эмас. Бу мақсадсиз, маънисиз, фақат ўзи учун яшашга бел боғланган одамлар минглаб йиллардан буён ҳис этиб келаётган оддий ҳақиқат.
Тез-тез қулоғимизга чалинадики: авваламбор ўқувчи яратилаётган асарларни ўқишга тайёр бўлиши лозим! (Балки, авваламбор, ўқишли асарлар ёзиш керакдир?!)
Бу билан айрим ёзувчилар ўзининг халқдан илгарилаб кетганини уқтирмоқчи бўлади. Шунда «илгарилаб, қаёққа кетяпсиз, ошна?!» – дегинг келади. Дейлик, кимдир ғарбнинг ёки бошқа бир томоннинг этагига ёпишиб, халқдан ажралиб кетаётган бўлса, ўзи нима деб ўйлашидан қатъи назар, бу ҳали унинг илгарилаб бораётганини англатмайди, бу шунчаки ажралиш, холос. Балки ортга кетаётгандир? Ўзи ва пирларининг ортида бормагани учун халқни тушунмасликда айблаш шарт эмасдир, балки.
Айрим ҳолларда «SMS»боп микроасарлар битилаётганини қандай изоҳлаш мумкин? Адабиёт – авваламбор катта асарлар эмасми? Бу – русумга эргашиб, ўқимайдиган қатлам дидига мослашишга уриниш, холос.
Маънининг маънисизлиги
Ҳайратланарлиси, гоҳида етук олимларимиз ҳам Ғарб адабиётини берилиб мақтайди ва, ҳатто, «улар адабиётда биздан илгарилаб кетган экан», деганга ўхшаш гаплар ҳам қулоққа чалинади. Аксарият ёзувчиларимиз, ўзини зиёли санайдиган ўқувчиларимиз ҳам шундай фикрда.
Шунда кўнгилда савол туғилади: қайга илгарилаб кетган? Нимада илгарилаган – фикр беришдами, сюжетдами, тилдами, инсон руҳиятини ифодалашдами?
Шу саволларга жавоб топгинг келади.
Ғалати жиҳати, уларга жавоб олган билан юқоридаги фикрни исботлаб бўлмайди.
Хўш, Ғарб адабиёти фикр беришда, ғояларни ифодалашда илгарилаган, дейлик. Бу нимада кўринади? Биламиз, ўқиймиз, тушунамизки, бугун ғарб адабиётида абсурд, маънисизлик, ёлғизлик бош ғоя! Булар миллий менталитетимизга ёт-ку! Демак, бу борада илгарилаб кетишлари мумкин эмас… Ҳар кимнинг ўз ғояси ўзига азиз! Қолаверса, бу йўлнинг нариги учи йўқ! Жуда илдамлаган бўлсалар ўз йўлидан кетаверишсин. Бу борада уларга эргашмаймиз. Эсини таниган миллатнинг адабиёти ғояда бировга эргашмайди! Қолаверса, ён-атрофни билмай, илдамлик билан ботқоққа томон кетаётган кишининг ортидан чопгандан кўра, секин-аста ўз йўлингдан борганинг маъқул.
Назаримда, Ғарб адабиётини руҳиятни ифодалашда илгари кетган, деб тушунамиз. Лекин ҳар бир миллатнинг руҳияти ўзига хос. Нима учун биз ғарбнинг индивидуализмга, эгоистликка асосланган, ҳаётдан маъни-мақсад тополмай қийналаётган қаҳрамон руҳиятини ифодалаётган адабиётини илғор санашимиз керак? Тўғри, бу биз учун янгиликдир, ахир адабиётимиз ҳеч қачон ҳаётни вақтнинг мантиқсиз, маънисиз бўлаги сифатида тарғиб этмаган. Бу ҳақда ўйлашга имкон ҳам, рағбат ҳам бўлмаган. Демак, янгилик. Лекин янгиликнинг барчаси ҳам ижобий деган тушунчанинг ўзи мақбул эмас!
Биласиз, ҳар қандай янги таниш, уни ҳали тўлиқ билмасангиз, жозибали, ақлли ва доно кўринади. Кейинчалик, яхши ўргангач биласизки, у ҳам барча эски танишлардай, гоҳида улардан номақбулроқ.
Инсонга доим бегоналар жозибали кўринади.
Тарихга назар солинг: миллатлар ўзига йўлбошчини кўпинча ўз сафидан эмас, ўзга миллат вакилларидан танлаган. Филипп ва ўғли Искандар македониялик бўла туриб Грецияда ва у орқали ярим оламда тождорлик қилди. Чингизхон ва авлоди Мўғулистон қолиб, Осиёнинг ярмига эгалик қилди, Бобур Ҳиндистонда, мамлуклар Мисрда, араблар Испания ва Марказий Осиёда бир муддат хўжайинлик қилди. Ўша заминларнинг ўз йигитлари, оқсуяклари йўқмиди? Бор эди, албатта. Лекин миллат ўзидан чиққан йўлбошчини тан олмайди, жозибали, сирли-сеҳрли туюлмайди-да. Бу инсониятнинг энг катта хатоси. «Ўз юртингда пайғамбар йўқ», – дейди руслар.
Ёки бошқа мисол. Йигит-қизлар турмуш қурмоқчи бўлса, ота-она келин, куёв қидириб қолишади. Учрашувлар ташкиллаштирилади. Нега? Ахир қиз ҳам, йигит ҳам банкада ўсмаган, шу ёшга етгунча ким биландир танишган, севишган, лекин турмуш қуриш вақтида ўзгани қидиришади. Ўйлашадики, бошқа бир жойда сирли, жозибали, ҳар қандай иллат, камчиликдан холи турмуш ўртоғи бор. Шуни излашади…
Адабиёт ҳам шундай. Тўлиқ билмаганимиз, ўрганмаганимиз учун Ғарб адабиёти биз учун жозибали туюлади. Қолаверса, бунда реклама ва тарғиботнинг ўрни ҳам беқиёс. Ахир рекламанинг реклама эканлигини тушунмай, анча маҳал «Алкимёгар»ни жаҳоннинг энг илғор асари санамадик-ми? Энди билсак, ўртамиёна экан.
Биз ҳанузгача катта ёқали тор кўйлак, почаси кенг шимда – ўтган аср 70-йилларининг русумидаги кийимларда юрган кишидай, эски, муаммоли адабиёт комидамиз.
Ҳар бир инсон кўнглидаги ўзи тегишли бўлган миллат билан ғурурланиш ҳисси қўшилиб, қўшилиб халқ даражасида миллий ғурурга айланади. Айнан шу ғурур бизда «модерн адабиёт» дейилаётган, ўзгача қарашлар ифодаланаётган адабиётни тан олмаётгандир. Шу сабабли уни ўқимаётгандир. Биз эса зўр бериб, «хос адабиёт»ни ўқиёлмайди булар, деб беҳуда зорланаётгандирмиз?!
«Сўз санъати» сўздаги санъат эмас
Бугун одат тусига кирган – ҳар бир ёзувчи, танқидчи негадир ўзини миллатдан илгарилаб кетган, деб ҳисоблайди. Шу сабабли ҳам ўқилмайдиган китобларни улар «илғор адабиёт» санайди. Шу ўринда бир кичик савол – шу миллат фарзанди сифатида биз ундан илгарилаб кета оламизми? Биз миллатни адабиёт ва санъатда қайгадир бошлаб бориш қудратига эгамизми? Албатта, ҳаммамиз ўзимизни шунга муносиб деб ўйлаймиз, лекин субъектив фикр ҳар доим хато бўлган. Халқнинг дидини тан олмаётган бизларни балки халқнинг ўзи тан олмаётгани тўғридир.
Янги адабиётни тушуниш, ўқиш учун маълум тайёргарлик керак, деймиз. Умуман, бу дунёда ниманидир тушуниш учун албатта тайёргарлик зарур. Дейлик, мен Ғарб дунёқарашида шаклланган ва тарбияланган бўлсам, албатта уларга мос адабиётни тушунаман. Лекин Шарқ руҳида тарбия топган, ғарб дунёқарашини тушунмайдиган инсонларни «тушунмайдиган»лар дейишга ва уларни бир поғона пастда кўришига ҳаққимиз борми?
Ғарб санъатининг инқирози, айнан модернизмдан бошланганини айтишади. Биз эса негадир ғарб аллақачон ўтиб кетган йўлдан, унинг вайроналаридан боришни афзал кўрмоқдамиз.
Мутахассислар таъкидлашича, импрессионизмнинг, умуман, Ғарб модернизмининг асосида тижорат ётади. Санъат билан савдо қилувчи савдогар ҳали ҳеч кимга номаълум бўлган, ҳеч ким тан олмаган француз рассоми Сюзанннинг барча суратларини арзон баҳода сотиб олади. Орадан бир йил ўтиб эса Сюзанн машҳур рассомга айланади, унинг суратлари мисли кўрилмаган баҳоларда сотила бошлайди. Буларнинг барчаси ўша савдогарнинг тарғиботи ҳосиласи эди. Оқибатда Сюзаннга тақлид қилувчи, унинг изидан борувчилар кўпаяди. Шу тариқа импрессионизм юзага келади.
Масалан, мен учун Жойснинг битта жумлани 70-80 бетгача чўзиши ва бу орқали рекорд ўрнатганининг қизиғи йўқ. Шунга урғу бериш орқали «Улисс»ни ўқишни тарғиб қилиш китобнинг қадрини ерга уради, холос. Биламиз-ку, айтадиган бўлса, китобнинг ўзига хосликлари, ижобий томонлари кўп.
Демак, хулоса шуки, ўша китобни бошқалар тушунмайди, деб тарғиб қилаётганларнинг ўзиям тушунмайди. Умуман, уни тушуниш керакми? Бизнинг ўқувчи шунга мажбурми?
Ёки, дейлик, Жойснинг битта романни турли услубларда битиши, бу билан Жойс ҳар хил услубларда ёза олади, дейишлари қизиқ. Мен ёки сиз, қадрли ўқувчи, ҳеч бир асарни унинг муаллифи қанчалар ақлли ёки зўрлигини билиш учун мутолаа қилмайсиз. Мутолаадан мақсад – кўнгил эҳтирослари, юрак тўлқинлари ва ниманидир ўрганиш. Агар китоб фақат муаллифнинг ақллилиги, донолигини билиш учун ўқиладиган бўлса, унинг сариқ чақалик қиммати бўлмайди.
Умуман, «сўз санъати» дейилганда сўзни ҳар усулга солиб, унинг ўзидан нимадир ясаш ёки кўрсатишни тушуниш керак эмас, чамамда. Сўз санъати – авваламбор, сўз орқали руҳият, кайфият, ҳолат ва воқеани аниқ ва тушунарли ифодалаш.
Балки бугун жаҳонга чиқолмаётганимизнинг ҳам сабаби тилни асосий мезон қилиб олаётганимизда-дир… Биз «сўз санъати» деб асосий урғуни сўз жозибасига бериб, бошқа жиҳатларни унутиб қўяяпмиз, чамамда. Шу сабабли «зўр адабиёт» деб чет элларга тақдим этаётганларимиз оламшумул натижаларга эришмаётгандир. Ахир таржима жараёнида тил жозибаси биринчи ўринга қўйилган адабиёт буткул ўзлигини йўқотади. Таржима ҳеч қачон буни тўлиқ ўгириб беролмайди. Шунинг учун адабиётга, ҳеч бўлмаганда чет элларга тақдим этилаётганларига, қўйилаётган талабни ўзгартириш, гўзал ғоя, долзарб фикр ва жозибали воқеалар баён этилган асарларимизга урғу бериш лозимдир… Билмадим…
Умуман олганда, биз жаҳонга чиқишга уринишимиз керак эмас. Аксинча, жаҳон бизга келсин. Адабиётда тартиб аслида шундай!
Адабиёт миллий ўзига хослик, миллий ғоя ва миллий фикрлаш доирасида қолиши керак. Ахир жаҳонга яна битта Жойс, яна битта Кафка ёки Толстой керак эмас. Ахир биз «жаҳонга чиқиш» деганда жаҳон тан олган адибларга тақлид қилишни тушунамиз, негадир…
Дангасалик – бош мезон!
Замонавий адабиётимиздаги яна бир ҳолат ҳақида сўз юритмай ўтолмайман. Бу – сермаҳсуллик масаласи. Назаримда, адабий жараёнимизда ғалати бир қараш шаклланиб қолган: қанча кам ёзсанг, шунчалар «зўр» ёзувчисан, қанча кўп ёзсанг, демак, умуман ёзувчи эмассан! Адабиёт ҳақида умумийроқ қилиб сўз айтган киши борки, бир карра кўп ёзаётган ёзувчилардан шикоят қилиб ўтади. Шусиз бугунги адабиёт тўғрисидаги мулоҳазалар тўлиқ бўлмайди.
Унутамизки, ҳақиқий ёзувчи фақат кўп ёзиши керак. Умуман, ўз касбининг устаси кўп ва хўп ишлаши лозим. Агар, бизнинг ҳозирги мезонимиз билан баҳоласак, жаҳон ва миллий адабиётнинг ўлмас вакилларидан катта қисми йўққа чиқиб кетарди. Чунки улар тинимсиз ижод қилган. Навоий «Хамса»ни икки йилда яратмаганми? Бугунги кунимизда бўлса, Ҳазратни роса маломат қилармидик… Адабиёт тарихига назар солсак кўрамизки, ҳеч бир таниқли ёзувчи, агар эрта қазо қилиб кетмаган бўлса, кам ёзмаган.
Ва, агар, ёзувчи қийналиб, азобланиб, ўн-ўн беш йилда битта асар битаётган бўлса, билингки, у шунчаки ҳаваскор, холос, ёзувчи эмас. Ҳақиқий ёзувчи тинимсиз, муттасил ижод қилиши лозим, ва, асосийси, ўз ишидан ҳузурланиши керак, қийналиши эмас! Нафақат адабиётда, балки ҳар қандай соҳада буюк ишларни, гўзал маҳсулотларни ўз ишидан роҳатланадиган, буни севадиган инсонлар амалга оширадилар, яратадилар.
Албатта, ёмон асарларни танқид қилиш керак, аёвсиз «дўппослаш» лозим. Лекин ҳар қандай сермаҳсуллик натижасини, ҳали ўқимаёқ ёмонлаш, асоссиз, далилларсиз танқид кишини ҳайратга солади. Аллақачон «кўп ёзишнинг ўзи салбий ҳолат», деган ақидадан воз кечадиган вақт келган. Бунақа муносабат билан адабиётни ривожлантириб бўлмайди.
Кам ёзишни тарғиб этиш, иккитадан ортиқ роман ёзганни мазах қилиш, «Қодирийдан кўпроқ роман ёзиш мумкин эмас», деган ақидага амал қилиб, уларни турткилаш бизни миллат сифатида таҳқирлайди. Адибларимиз француз, инглиз, рус ёзувчилари каби ўнлаб романлар ёзишга ҳақли эмасми? Ёки бизнинг ақлимиз ноқисми? Ё биз ўзимизни улардан паст олиб юришга маҳкуммизми? Ёки халқ кўп роман ўқишга, кўплаб асарлари бўлишга номуносибми?
Бунинг сабаби нимада – тушунмайман.
Кўплаб асарлар, романлар битаётган ёзувчиларимизни майли, қўлламаётган эканмиз, ҳеч бўлмаса уларнинг бошига уриб, Қодирий бобонинг авторитети билан мажақлаб ташлашга ҳаракат қилмайлик!
Наҳотки бугунги «адабий жараён» иштирокчилари биз аллақачон катта ва ҳеч кимдан кам бўлмаган миллатга айланганимизни, бундай халқнинг адабиёти ҳам улкан, ранг-баранг ва ўзига хос бўлишини тушунмасалар? Биз, шундай миллатнинг ёзувчилари, ўзимизни катта ва кўплаб асарлар битишга муносибу ҳақли санаймиз!
Буюк адабий меросдан сув ичар эканмиз, бизнинг ҳам боболарга муносиб асарлар битишга ҳаракат қилишга маънавий ҳаққимиз бор. Ҳаракатга халақит берилмаса, албатта буюк асарлар ҳам битилади.
“Ёшлик” журнали, 2014 йил, 6-сон