Матлуба Улканбоева. Олволи (ҳикоя)

Деразанинг зарбли тарақлашидан уйғондим. Сездимки, опамнинг кайфияти ёмон. Тезроқ туришим, хизматдаги аскардай “командир”нинг буйруғига шай туришим керак. Аксига олиб бошим зилдай оғир, кўтаргудек ҳолим йўқ. Кеча мактаб ҳашарида оқшомгача қолиб кетиб, опам буюрган уй юмушларини бажармаганим учун тузуккина насибамни олгандим. Устига устак, офтоб ўтган шекилли, кечаси кўнглим айниди. Ўрнимдан туришим жуда қийин бўлди. Сезиб турибман, ҳозир “жаҳон уруши” бошланади (Дадам ҳамиша шундай дейди).
– Қачон эди сен зумрашани турғизганим, жон-жонимга тегди сенлани ташвишинг. Отанг бошлиқ дангасасанлар. Билиб-билиб ишингни қил. Асабимни бузма, тери-перингни шилиб оламан!
Бошимнинг оғриғи аллақаёққа йўқолди, пақирни кўтардим-у, кўчага чопдим. Бунақа тўполонлар мен учун янгилик эмас. Аммо бугун опам нима сабабдан бунақа қилаётганини тушунмадим. Менимча, опам дадам билан хафалашиб қолган. Йўқса, бунчалик “тутамасди”. Бундай вақтларда ҳаммадан ҳам менга қийин бўлади, чунки болаларнинг каттасиман, ундан кейин опам бақирди дегунча, миям тугилиб, бамисоли ёнғоқ бўлиб қолади. Ҳар куни қиладиган ишларимдан янглишиб, довдираб қоламан.
– Ирода-а-а? Яна қанча қоласан кўчада? Уйинг куйиб кўчада қолгур, имилдиқ!!!
Уйга кирганимда опам ҳамиша мушук боладай эркалатадиган, айтгани айтган, дегани-деган арзанда укам насибасини олган, шекилли, хиқиллаб ўтирарди. Опамнинг мени кўриб асаби бузилмаслиги учун янги соғилган сутни олдим-у, пилдираб бориб кечаги сутга қўшдим, кейин қозонни ўчоққа осдим. Сўнг молхонага югурдим…
– Ирода-а-а…
Яна нима қилиб қўйдим? Оҳ! Бунақа пайтларда қўлларим учига тупуриб, қулоғимни ушлайман, ирими шунақа, кўп синаганман… Аммо… оғилхонадан чиқишим билан орқамга супурги билан би-и-р калтак тушди-ю… Алам қилиб кетди.
– Нимага урасиз? – дея бақирдим овозим борича.
– Уйинг куйгур, ҳўкизмия, сутни нима қилдинг, кеча пиширмай ачитганинг етмагандай, бугунгисиниям қўшиб қўйдингми? Ман ўзимга дейманми? Шуни қатиқ, сариёқ қилиб ўзларингга едираман-у, жувонмарг! Мен билмайман, бор, сутни топ!
Калтак оғриғига алам қўшилди-ю, қозонни кўтариб, кўчага мақсадсиз югурдим. Палакат босдими, ё пешонами, тошга қоқилдим-у, аввал қозон учиб тушди, кетидан мен гупиллаб йиқилдим. Оҳ, қиёмат энди бошланади…
Опам бошини чангаллаганча, ерга ўтириб олди. Ранглари оппоқ, лаблари учади… Қўрқиб кетдим.
– Опа, мен билмабман…
Кўзлари юмуқ, овози шивирладими, пишилладими, ҳарқалай, жуда заиф чиқди:
– Билмай ўл…
Сутга беланган кўйи булоққа чопдим, кафтимда сув олиб келиб тутдим, рад этди. Укамни йиғидан юпатдим: опамнинг яна қаттиқроқ жаҳли чиқиб қолмасин.
Бу орада опам ўрнидан турди. На менга, на укамга, на сутни мириқиб ялаётган Бароқвойга қаради… Сўзсиз, руҳий хастадай судралиб уйга кириб кетди. Бироз фурсатдан сўнг қўлида кичкина тугун билан чиқди. Опам кўчалик кўйлагини кийганда жуда очилиб кетарди.
Шу пайт кўнглимга умид бериб, қўшнимиз Ҳай-ҳай хола чиқди.
– Саодатхон, қизим, нима гап, тинчликми?
– Келинг, Ойша хола.
Опам пиқиллаб йиғлаб юборди. Нега билмайман, менам қўшилиб йиғлай бошладим.
– Ҳай, ҳай, шайтонни суюнтирманг, болам! Бу турмуш, аччиғи бор, чучуги бор. Жон болам, оғир бўлинг.
Менинг ҳам Ҳай-ҳай холага ўхшаган бувим бўлишини хоҳлардим. Опамгаям, дадамгаям, менгаям насиҳат қилса, пинжиларига кириб эртаклар эшитсам…
– Нимасини айтасиз, хола, бу турмуш ҳар куни мушт деганимикан-а? Ё пешонам онамникидай шўрмикан?
– Ҳай, болам, иқболли аёлсиз! Икки жужуқингиз бор. Бу нима деган гап? Эрталаб Ҳусанбойни кўрувдим. Авзойи бузуқ. Ичим шиғиллади… чиқай дедим-у, саҳарлаб киришга хижолат бўлдим.
– Эркак киши шу: заҳрини сочади-ю, гумдон бўлади. Мени айбим нима? Уй-жойим деб ҳиқ-ҳиқ қиламан, сўмни сўмга, тийинни тийинга уриб, йўқдан бор қиламан. Ё кулидан кириб, косовидан чиққанимми айбим?
– Вой қизим-а! Ўзингизга ўхшамай қолибсиз. Бас, йиғламанг, сиқилманг…
– Сиқилмай бўладими? Кенжамми даволатишим керак, ун тугаяпти, ёғ йўқ! Бу кишим бўлсалар, зўрға етганимизда, улфатларига ойликларидан зиёфат берадилар. Бойвачча! Уйимга бормаганимга тўрт ой бўлди! Мусофир бўлсам, мениям эгачи-сингилларимни кўргим келади. Мавриди бўлар деб, шу кишимни деб, чидаб юрибман-ку, ахир!
– Ҳай, Саодатхон… ўзизни босинг…
– Озгина шакарим бор, балниссада бўлиб, анча ўтиб кетди. Компот қилишимиз керак эди. Шафтоли тугаса, олволи тугаса, ажалли уруғини компот қиламанми?
– Топилар, болам…
– Топувдим, хола, Ҳожимат раиснинг хотини Раҳбархонга озгина ёрдамим тегувди, олволидан обкетинг деб қўймади. Бориб бир пақир териб келинг, келишингизга нонушта тайёрлаб тураман, чойизни ичиб далага жўнайсизлар, дедим. “Унинг эшигига олволи деб бормайман”, – дейди. Нега бормайди? Пақири палон пул турса!
Компот сўзини эшитганимда, олволи компотининг ўзига хос таъмини туйдим. Опамнинг компотларидақа ширини дунёда йўқ эди. Опам ёз бўйи чумолидай йиғиб-теради. Биз қиш бўйи роҳатини кўрамиз. Баъзан опам бир пиёла ичиб улгурмасидан тугатамиз. Бунақа пайтларда жилмайибгина: “Ош бўлсин, болаларим”, деб қўяди.
Ҳай-ҳай холам ўйчан кўзларини бўшлиққа қадади.
– Асли Ҳусанбой ёмон боламас, мавридини топиб айтмабсиз-да, қизим. Каллаи саҳарда бировнинг эшигига бориш ноқулай, кейин…
Ҳай-ҳай хола пичирлагудай давом этди:
– Раисни Ҳусанжон хуш кўрмайди, анча йиллар бўлди, унда сиз ҳали келин бўлиб тушмагандиз, ораларидан анча-мунча гап ўтган. Ҳусанжонни биламан, ор-номусли бола! Оталари, Худо раҳмати Тўра буваям шунақа орли киши эди. Халқнинг нонини еганларни жини суймасди. Қондан ўтган, болам, сиз буни тўғри тушунишингиз керак.
– Номус, дейсиз. Шу номуснинг ортидан боламдан айрилай, дедим. Бирим икки бўлмайди, шу номуснинг ортидан…
– Ҳай, ҳай, балиқ билар, балиқ билмаса, Холиқ билар, болам…
– Орли экан, номусли экан, нега қўл кўтаради? Бу сафар ўтиб кетди. Кетаман. Ана болалари, ана уйи…
– Ҳай, ҳай, биз калтак емабмизми? Шу яхши тоғангизни феъли келса, қочгани жой тополмай қолардик. Тутволса, ўзиникиман-да, мандан бошларди. Оғир бўлинг, болам!
Опам энди йиғламас, юзида қатъий қарор қилгандагина ёйиладиган ифода, шаҳд бор эди. Ҳай-ҳай холам ялинди, биз йиғладик. Аммо опам ҳеч кимга қулоқ солмади. Фақат кетишидан олдин “Укангга қара, оч қолмасин, офтобда қолмасин”, – деди. Қўзлари шу қадар мулойим, меҳрибон эдики, ортидан чопдим:
– Опа, опажон кетманг… кетманг!
– Уйга қайт, ақлинг билан бўлларинг…
Аввал қайтмадим, кейин яна жинларини уйғотиб қўймай деб, ортимга қайтдим. Ҳай-ҳай хола билан уйни бироз йиғиштирдик, нонушта қилдик. Кейин, кеча келишилганидек, мен сигиримни “Орол”га, дадам ўқувчиларни олиб кетган далага олиб борадиган бўлдим. Укам Баҳодирни Ҳай-ҳай хола олиб қолди.

* * *

Тушликдан кейин, катта саданинг тагида дам олганимизда дадамга бўлган ҳамма гапни айтиб бердим. Ҳай-ҳай холадақа бувим бўлса, яхши бўлишини ҳам айтдим. Яна ўзимнинг Норби бувим ҳақида сўрадим. Дадамнинг сеҳрли ҳикояларини эшитиб ухлаб қолибман. Уйғонганимда қуёш уфқдан икки қарич тепада осилиб турарди. Ёнимда бир пақир қип-қизил, оловдай ловуллаб олволи турибди. Дадам ўқувчи-ҳашарчиларни автобусда кузатди. Сўнг дадам иккимиз сигирим Маллавойни етаклаб уйга қайтдик. Кун бўйи ейишимнинг тайини йўқ, жуда оч қолгандим. Опамнинг кетиб қолгани эсимга тушди-ю, хўрсиниб қўйдим.
Кўчамизга Ҳай-ҳай холанинг келини сув сепган бўлса керак, Она заминнинг (Дадам шундай дейдилар: “Она замин ер юзидаги ҳамманинг онаси. Менинг ҳам, опангнинг ҳам, сенинг ҳам. Шунга унинг ҳиди оналарнинг ифоридай ёқимли”) ширин ҳиди таралар, садарайҳон ифори билан омухталашиб кишининг баҳри-дилини очарди. Мен бу ҳидни жудаям яхши кўраман.
Ҳовлимиз остонасида укамни кўтариб олган опам кўринди. Оҳ, сув сепган опам экан-да!
– Опажоним, ўзимнинг опажоним!
Югурдим, бўғзимга нимадир тиқилди, оёғим чалишиб, зўрға опамгача етиб бордим. Опамнинг бағрига кирган пайтим унинг кўйлаги ёқасига тикилган қалампирмунчоқнинг ҳидини туйдим-у, тани-таним яйраб кетди…
– Моможоним, оппоқ қизим!
Опам мени бағридан бўшатганда, дадам етиб келди. Опажоним дадамга қараганда, назаримда, кўзлари учқунлагандек туюлди. Дадам ҳам мулойимлашди…
– Мана, онаси, “закас”ингиз!
– Манам обкелдим шу савилни… Бизни уриштирган шу савил…
–Умрингиз узоқ бўлсин!
Сигиримни етаклаб кириб кетаётсам, қулоқ қурғур эшитиб қолди:
– Кетсам, борармидингиз излаб?
– Кетмасдингиз…
– Қайдан биласиз?
– Биламан-да!
– Мени ҳеч ким сизчалик билмайди, дадаси!

* * *

…Ҳар гал ҳовлимизда шиғил пишиб ётган олволига қараганимда шу воқеа ёдимга тушади. У пайт бола эдим, 5-синфга кўчувдим, шекилли… Шундан бери қанча сувлар оқиб ўтмади, дейсиз. Аммо негадир бу воқеа бошқаларидай хотирамдан “ювилиб” кетмади…
Олволи нордон, татиганда тукингни тикка қилади, у нўхотдан каттароқ, қип-қизил мева. Адабий тилда олча дейилади, биз эса шевада олволи, деймиз. Турмуш ҳам олволимикин, дейман-да, гоҳи ёқимли, кўнгил тусайди, гоҳи эса нордон… Чидасанг –яшайсан… Эрталабки жанжалимиз ёдимга тушди-ю, Сардор акамни кечириб юбордим. Бу турмуш: аччиғи бор, чучуги бор…

“Шарқ юлдузи” журнали, 2014 йил, 6-сон