Иброҳим Ғафуров. Ғафурона тарона

Ғафур Ғуломнинг таваллудига роппа-роса юз йил тўляпти. Канда қилмай навбатма-навбат етиб келадиган йиллар, асрларнинг силсиласида бу унинг илк асри, ўзининг илк асрини ишғол этиши. Ғафур Ғулом жисман ҳаётни тарк этганига ўттиз етти йил бўляпти. Лекин унинг асри, асрнинг ҳар бир дамида баралла янграган ва акс садо бериб турган мероси бус-бутунлигича кўз ўнгимизда.

Ғафур Ғуломнинг тўрт томлик, беш томлик, ўн томлик, ўн икки томлик сайланмалари, танланган асарлари мажмуалари ХХ асрнинг иккинчи ярмида кўп чиққан.

Бугун унинг ХХI асрни кўраётган, у билан рўбарў келиб юзлашаётган сайланмалари, янги мажмуалари чиқяпти. Уларни Ғафур Ғулом юз йиллигининг маълум даражадаги сарҳисоби — ХХI аср ва унинг ўқувчилари олдидаги ҳисоботи деб айтиш ҳам мумкин.

Абадиятга Ғафур Ғуломдан ўлмас сўз кириб боряпти. Унинг суюкли устозларидан Муҳаммад Фузулий тили билан айтганда:

Вер сўза аҳёки, тутдуқча сани хоби ажал
Эда ҳар соат сани ул уйқудин бедор сўз.

Ғафур Ғуломнинг бадиий сўзи инсон умрининг энг мушкул савдоси — вақтни енгиб, ўзга, нотаниш вақт кенгликлари ва маконларига йўл оляпти. У қанчалар вақтни енгиб ўта олади? Биз биламиз: вақтни енгиш ҳунари ва санъати эса фақат бедор сўзга мансуб ва муяссардир.

Фузулий:

Вер сўза аҳёки…

деяпти. Сўзга ҳаёт берилгандагина у бедорлик касб этади. Асрлар қаърларидан келиб сени безовта қилишга, уйғотишга қодир бўлади. Бу ўлимни, вақтни енгган сўздир.

Ғафур Ғуломнинг сайланмаларини ўқиганда шундай ўлмас, абадиятга дахлдор аллома адиб бор бўй-басти билан кўз ўнгимизда гавдаланади.

* * *

XIX асрда Европадан эсган, Европада туғилган ва унинг бутун маданий маконларини қамраб олган социалистик шамоллар XX асрга ўтиб Россия империяси маконларини эгаллаб, қўшни диёрларга — Осиё мулку мулкатларига кўчди.

Энг ажойиб томони шундаки, Осиёда Европадан келаётган социалистик ғояларни маърифат ғоялари каби қабул қилдилар ва унга эътиқод қўйдилар.

Тенглик ва тараққиётни минг йилларча орзу қилиб келган Осиё ушбу жозибали маърифатга бири ортидан минги қувиб келган адолатсизликлар, тўхтовсиз қон тўкишлар, ўзаро биродаркушлик урушлари, камсонлик қашшоқ халқларнинг ҳақ-ҳуқуқларини чеклаш ва поймол қилишлар, улар елкасига миниб сайр қилишлар ва шу сингари жуда кўп ранг-баранг эзиш воситалари орқали етиб бўлмаслигини, эгаллаб бўлмаслигини ўн йилларча давом этган, оти “социалистик” бўлса ҳам, моҳияти мутлақо социалистик бўлмаган жуда аччиқ, фожиали ижтимоий тажрибаларда англаб етдилар.

Осиё пучмоқларида социализм дастлаб ғоятда жозибали кўринди. Осиёда социализмни, энг муҳими, феодализмдан, унинг ваҳшатларидан, қолоқлиги, қашшоқлиги, ғариблиги, мутаассиблиги, техникадан йироқлигидан қутулишнинг бирдан-бир чораси деб тушундилар. Осиё зиёлилари томонидан феодализмдан қутулиш — бу қандай ижтимоий шаклда бўлмасин, бу ижтимоий шаклнинг остида империячиликнинг қандай найранг, маккорликдан иборат иллатлари қалашиб ётган бўлмасин, ҳақиқий маърифат — оқартувчилик деб тасаввур қилинди. У эътиқод ва қарашларга оқартувчилик каби сингди. Яна буни ҳам қарангки, бундан таажжублансангиз ҳам, таажжубланмасангиз ҳам, феодализмдан қутулиш маърифатини озодлик деб англанди ва ўн йилларча ҳақиқий озодлик деб тушунтириб, уқтириб келинди. Бу озодликда ҳақиқий маънодаги миллий эрк, мустақиллик ва улар билан чамбарчас боғланган инсон ҳақ-ҳуқуқлари гарчи йўқ эди — лекин ҳар қалай эзилиб ётган халқ намояндалари бўлган зиёлилар назарида у ҳар қалай маърифат ва ҳар қалай озодлик эди. Асли ўзи озод бўлмаган зиёлилар ўзларини озод ҳис қилиб, ўз навбатида мазлум элларга озодлик тилар, уларни озодликка чақирардилар.

Феодализмдан қутулиш беҳад катта аҳамиятли ҳодиса бўлгани учун ҳозир зиёлиларнинг бу ҳиссиётлари ва даъваткорликка интилишларини тушуниш мумкин. Қутулиш орқали мазмунан янги ҳаётга кириб бориш ижтимоий ҳодисаси кўплаб зиёлиларни ўзига ром этди. Улар феодализмдан халос бўлиш маърифатига тамомила асир бўлдилар ва мафтунликларини ранг-баранг шаклларда жон-дилдан тўлиқиб-тошиб куйладилар.

Социализм ғояси аслида олижаноб, инсониятга керакли ғоя эди. Лекин уни амалга ошириш учун синфий кураш йўли, аҳолининг бир қисмини қириш, таъқиб, тазйиқ, зўравонликлар йўли танлангани — ва бу жамият тараққиётининг бирдан-бир тўғри йўли деб англашга уринилгани ҳамма нарсаларни остин-устун қилиб юборди. Бунинг устига синфий кураш империячилик мақсадларини амалга ошириш учун ҳам қулай ниқоб ва усул бўлиб чиқди. Классик Европа фалсафаси талқинида социализм моҳият эътибори билан миллий озодлик билан чамбарчас ва унинг даракчиси эди. Лекин синфий кураш ва унга эргашиб келган империячилик мақсадлари миллий озодликни ҳам, уни орзу қилганларни ҳам батамом маҳв этди. Бу ваҳшат миллий ўлкаларда қўрқинч уйғотди.

XX аср бари миллий заминларда қўрқинчлар ичра ўтди.

Қўрқинч кўп зиёлиларнинг ҳаракатлари ва асарларига ўз соясини ташлади…

Ғафур Ғуломнинг жуда бой ижодий-илмий меросига тўғри баҳо бермоқ, унинг замирида — мундарижаси ва ғоялар оқимида нималар ҳукмрон куч бўлиб ётганлигини англамоқ учун албатта XX асрда кечган ижтимоий-сиёсий жараёнларнинг бу хусусиятларини билмоқ ва тушунмоқ зарурдир. Умуман социалистик замонда яшаб ижод қилган барча маданият, санъат, адабиёт намояндаларининг меросига мурожаат қилганда уларга бевосита ва билвосита кўрсатиб келинган тазйиқ ва мафкуравий зўравонликларни бир зум ҳам ёддан қочирмасликка тўғри келади. Лекин ҳар қандай мафкуравий зиддиятлардан қатъи назар, улар аср ўзбек маданиятининг қурувчилари — Ғафур Ғулом таърифи билан айтганда “Замоннинг яратувчилари“ халқ ва мамлакат тақдири учун қайғурган ёрқин пешқадам намояндаларидирлар.

* * *

Ҳақиқий миллий мустақилликка эришилган йилларда халқ маънавиятида янги қарашлар вужудга келиб, бир бутун тизим тусини олди. Ўтмиш меросга миллий маданият ва унинг ривожининг таркибий қисми деб қаралди. XX аср маданият намояндаларининг халқ олдидаги улкан хизматлари янгидан қадрини топди. Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримовнинг қатор-қатор фармонлари чиқиб, яқин ўтмиш маданиятимиз, санъатимиз, адабиётимиз, фанимизнинг улуғ намояндалари юксак даражада эъзозландилар, миллий истиқлолнинг олий нишонлари билан тақдирландилар. Бу ижтимоий адолатнинг ёрқин бир кўриниши эди. Шу билан маданият ўзини буржуа ва ишчи маданияти, сарой ва халқ маданияти деб сохта ажратишлардан тамомила халос бўлди.

* * *

Ғафур Ғулом ижтимоий бўронлар гурлаган XX асрнинг тонгида дунёга келиб, ўз ўрнини ҳам унинг суронли сафларидан топди. У тўхтовсиз рўй бериб турган сиёсий зилзилалар таъсирида ўсди. Оқил, фозил, даврни теран тушунган, адабий истеъдод нури-зиёсидан баҳрамад бўлган илғор қарашли ота-она тарбиясини олди. Аср бошидаги миллий мактабларда таълим кўрди, мадрасада таҳсил олди. Россия, Кавказ, Қрим, Татаристон, Ҳиндистон, Афғонистон, Туркиядан келиб турадиган газета-журналлар, китобларни топиб ўқиб, улардан ёш онги ва қалбининг изланишларини баҳрадор қилди. Шоирнинг отаси Ғулом Мирза Ориф ўғли маъруфнозим кишилардан бўлиб, унинг хонадонида Муқимий, Фурқат, Асирий, Муҳйи, Хислат каби кўзга кўринган халқпарвар шоирлар тез-тез меҳмон бўлганлар. Ғафур Ғулом ўсмирлик кезларида бирин-кетин ота-онадан айрилди. Сабийликда ака-сингиллари билан биргаликда етимликнинг оғир заҳрини тотди. Улар ёш бўлишларига қарамай, ҳеч қандай меҳнатдан ор қилмадилар, болаларни меҳнат қутқарди. Уларнинг ҳаммалари ишга ҳам, ўқишга ҳам ғоятда ўч эдилар. Етимликда забунликни тан олмай илм, билим, таҳсил олиш пайига тушдилар. Ғафур Ғулом жуда серҳаракат, серғайрат, ҳар нарсага қизиқадиган, серзавқ бола — ҳаётнинг не-не дорилфунунларида таҳсил кўрди, бой тажриба орттирди. У маърифат тарқатувчи — муаллим бўлиб етишди. Жон-дилдан мамлакатда бошланган маданий янгилаш ишларига шўнғиди.

* * *

Болаликда кишининг кейинги бутун ҳаётига таъсир кўрсатадиган, онгли ҳаётининг асл моҳиятини белгилайдиган воқеалар, ҳодисалар, башоратлар бўлади. Эрта бошга тушган етимлик Ғафур Ғуломнинг кейинги бутун ҳаётига — унинг доимий кечинмаларига, касб-кор танлашига, ижодининг мағзи-мазмунига жуда кучли таъсир ўтказди.

Унда шаклланган буюк етимпарварликнинг асл манбаи болалик эди. Улкан маърифатпарварлигининг манбаи сабий чоғлар ота-онасидан олган ҳеч унутилмас, олтин ҳарфлар билан битилган таълим-тарбия эди.

Ғафур Ғуломни бутун элга танитган, унга элнинг муҳаббатини уйғотган “Нетай“, “Тирилган мурда“, “Ёдгор“ ва айниқса, “Шум бола“ сингари насрий асарларининг мазмун-моҳиятида етимлик кўргиликлари, етимлик саргузаштлари, етимликдан қутулиш, уни енгиб ўтиш йўлидаги уриниш ва интилишлар туради. Ғафур Ғулом етимлик нималигини ҳаммадан кўра яхшироқ билгани учун ҳам етимлар ва етимлик тақдирини мислсиз бир ҳамдардлик билан ёзади, ўзида туганмас, йўқолмас, битмас инсонпарварликни кашф этади. Унинг энг улуғ асарларидан бирининг “Сен етим эмассан“ деб аталиши бежиз эмас. Бу асар инсон шарафига битилган мадҳиядир. Агар адабиётда мадҳиядан ҳам ортиқроқ тантанали бир нарса бўлса бу шеър ўшандан ҳам ортиқ бир ҳодисадир. Ғафур Ғулом асарларида етимпарварлик оталик ҳиссиётлари билан чамбарчас. Бири иккинчисидан келиб чиқади. Етимликдан хўрланган, ҳақоратланган, камситилган, эзилганларни ҳимоя қилиш, уларни зўравонликлардан муҳофаза этиш, асраш, ҳимояга отланиш Ғафур Ғулом ижодиёти мундарижасининг етакчи қирраларидан бирига айланган. Болаларга, етимларга, эзилганларга ғамхўрлик қилиш, шавқат ва мурувватда бўлишни патернализм деб аташади. Ғафур Ғуломда бу патернализм жуда катта инсонпарварлик даражасига кўтарилганлигини унинг ижодининг бошидан-охирига қадар мунтазам кузатиш мумкин. Ўзини халққа ва, айниқса, ёш бўғинга ота деб билиш ва ҳис қилишдан Ғафур Ғулом ижодиётида яна бир қанча мотивларнинг, ижодий йўналишларнинг мундарижавий хусусиятлари томир отади.

Улардан бири шеърий услубга алоқадор нотиқлик. Ғафур Ғулом барча шеърларини нотиқ бўлиб ёзади. Албатта, бу жуда юксак даражадаги шоирона нотиқлик.

Нотиқликнинг муҳим бир белгиси ва хусусияти бу — мурожаат. Ғафур Ғулом ўз шеърларида ва достонларида ва ҳатто насрида ҳам доим кимгадир мурожаат қилади. Ва доим кимлар биландир — ўз ўқувчилари бўлган кенг омма билан мулоқот юритади. Шоирлик халқ билан бўлади деган ақида унинг қон-қонига сингиган.

Мулоқотлар ва мурожаатлардан бош мурод: ватанпарварлик туйғуларини уйғотиш, жўш урдириш, миллий ғурур ва ифтихорни ғалаёнга келтириш, шарқлик одамнинг шаъни, ори, номусини кўтариш, ёшларга мурожаатларида эса уларни илм-фан чўққиларини эгаллашга чақириш, ранг-баранг техникаларни, саноат ва мутахассисликларни эгаллашга илҳомлантириш, ўз халқи, Ватанига муносиб етук фарзанд бўлишга кучли даъват! Унинг ёшлик жўшқинлиги, маърифати, илмга чанқоқлик билан тўлган “Бари сеники“, “Яша дейман, ўғлим“, “Билим қўйки, сени Ватан кутади“, “Навқирон наслимиз синов олдида“, “Турсунали нега варракдан айниди” ва жаҳон уруши йилларининг шоҳ асарлари: “Сен етим эмассан”, “Кузатиш”, “Соғиниш”, “Вақт”, “Аввал ўқи”, “Ўқи”, “Олтин медал”, “Йигитларга”, “Ўзбек элининг ғурури”, “Қуёшчалар шеъри”, “Сизга”, “Фарзандларга”, “Қизимга”, “Орзу”, “Диплом” (бу каби шеърларининг барини санаб чиқиш қийин) ва бошқа асарларини кузатинг, уларнинг ҳаммасида ёш наслни мамлакат ва миллатнинг таянчи деб қараш, энг улуғ орзу ва умидларни уларнинг камолоти билан боғлаш, жуда камдан-кам топиладиган ишонч ва муҳаббат, фахрланиш акс этади. Ёшларнинг қалбини ифтихор нури билан тўлдириш ва уларни келажакка илҳомлантиришда ҳеч ким Ғафур Ғуломча бадиий юксаклик ва қудратли таъсирчанликка эришолмаган эди.

Ғафур Ғулом шеъриятида ва умуман бутун ижодида оталик меҳру мурувватига тўла тиниқ булоқдан отилиб чиқиб, ортиқ даражада ҳаяжонли бадиий ифодасини топган мотив-йўналишлардан яна бири бу — Шарқ мавзуси билан боғлиқ.

Шарқда ўзини ота деб билиш, ота мақомида туриш, ҳаётга оталардек муносабат азал-азалдан донишмандликнинг белгиси, нишонаси деб қаралади. Шарқ ва Ғафур Ғулом бу — бепоён мавзу. Ғафур Ғулом юрак-юракдан ўзини Шарқ шоири деб аташларини, шарқ шоири каби аташларини севар ва орзу қиларди. “Мен Шарқ шоириман,— деган эди Ғафур Ғулом мақолаларидан бирида. —Шунинг учун Шарқ классикларининг ҳаммаси менинг хеш-ақраболарим, десам ажабланарли бўлмас”. Шарқ мавзусини кўтарган кўплаб асарларида Ғафур Ғулом халқлар ўртасидаги қариндошлик ғояларига алоҳида урғу берди. Бу мавзуларни катта минбарлардан туриб очаркан, башариятнинг бахтиёр, озод келажаги учун курашишни ижодининг бош манбаи деб билди ва ҳақиқатан ҳам бош манбага айлантиролди. Қардошликни куйлаганда шоир асарларида миллий ғурурнинг жўш уришини кўринг! У айниқса, қозоқ, қирғиз, тожик, туркман, озар, рус, украин, белорус адабиётларини ўзига яқин кўради, бу адабиётларнинг улкан намоёндалари билан ҳамоҳангликка, жўровозликка интилади. Лоҳутий, Нозим Ҳикмат, Файз Аҳмад Файз, Самад Вурғун, Собит Муқонов, Иван Ле ва яна бошқа не-не донгдор адибларни дўстим деб атайди, улар билан адабий ҳамкорликларни йўлга қўяди ва мустаҳкамлайди.

Ғафур Ғулом Шарқ шоири бўлиб ёзганда улкан тарихий қамровга интилади. Унинг ижодкор тасаввури беҳад кенг қулоч ёзади. Ўзини кўҳна Шарқнинг фарзандидай тутади ва серилҳом, серзавқ шоирона турфа Шарқ ўлкалари манзаралари, ўзига хосликларини кўз ўнгида тутади ва ўта ҳаяжонли тимсолларда гавдалантиради.

Унинг Шарқ мавзусидаги шеърларида кўзга ташланадиган наъракорлик ҳам балки шу ўзини Шарқ фарзанди ва шоири деб билишдан туғилган бўлса ажабмас. Халқ бошига тушган катта фожиани енгиш учун шундай шеърлар керак бўлган-да…

Не тонгки, ҳозир бундай ёзмайдилар.
Не тонгки, ҳозир бундай сезимлар сезмайдилар.
Ва ҳозир бундай наъралар тортмайдилар.
Ҳар замоннинг ўзига хос саси бор.

Балки шу ғала-ғовур турли ерларда экстремистлар бош кўтараётган вақтда шундай кучли нотиқона қамров билан ёзишни даврнинг ўзи ва масалаларнинг долзарблиги талаб ҳам қилаётгандир.

Ҳозир эндиги шоирлар бутун Шарқ номидан, Шарқ халқларининг нуқтаи назаридан туриб эмас, балки индивидуал бир инсон, бир шахс, бир ижодкор назаридан туриб сўз айтадилар. Замонлар бошқача. Ижодлар бошқача. Ижодларга қарашлар бошқача. Ўзга талқинлар. Ўзга равишлар, ўзга рафторлар.

Ғафур Ғулом эса ўз даврида миллионларнинг қалби ва интилишига доир сўзларни айтишга ўзини бурчли деб билган эди.

Шоирлар энди ўз қалбларини ўзлари тинглайдилар ва ўз қалбларига доир гапларнигина шеър гапи деб биладилар. Шунга кўра баъзан Ғафур Ғуломнинг шеъри ва бу шеърни севган, қалбида олиб юрган ўқувчилари олтмишинчи йилларнинг ўрталарида қолиб кетмадилармикин деган безовта дардли хаёллар ҳам туғилади.

Рост, ўттизинчи-қирқинчи йилларнинг наъра тортиш, ҳайқиришлари бугун ажабланарли туюлиши мумкин. Зотан бугун наъраларга ўрин йўқ. Ҳар замоннинг ўз садоси ўзига ярашадир.Ҳозир бўронлар тингандай, осуда, вазмин, оқил тахминлар, талқинлар замони киргандай.

Ғафур Ғуломнинг ўттизинчи — эллигинчи йиллардаги ўқувчиси наъра тинглайдиган, ҳайқириқларни ёқтирадиган, ҳайқириқларсиз ҳеч ишини битирмайдиган — бир сўз билан айтганда, наърага мойил ўқувчи эди. У ўқувчи маршларни севар, маршлар тинглаб жабҳаларга, меҳнат майдонларига сафланарди. Наъра солиб ижтимоиёт майдонлари ва саҳналарида жунбишга кирарди. У замонлар ўтганидек, у садолар босилганидек, у ўқувчилар ҳам бирлари ўтдилар, бирлари кексардилар. Лекин наъра қолди. Наъра сўзи қолди. Чунки у юракдан ўт олган ҳақиқий бедор сўз эди. Чунки тирик сўз доим абадиятга дахлдор.

Ҳе Осиё, Европа
кўҳна дунёнинг
Африка
у қора танларинг сенинг,
Афғоннинг, Эроннинг,
жумла жаҳоннинг қуллари,
Дамашқнинг, Басранинг етим, туллари,
Марокаш эрлари,
 Сиём шерлари
 раъдвор наъралар
 тортмоқлик галинг…

Ғафур Ғуломнинг мана шундай йигитлик чоғларида ёзган шердил, ғаройиб чарсиллаган, қалдираган қофияларида замоннинг қадами, кураши, аёвсизлиги жам бўлгандек эди. Ғафур Ғулом учун сўз қурол эди. Буни тушунишда ва амалий ифодасида шоир ўз даврининг кам одамлар етиб юраоладиган пешқадами эди.

* * *

ХХ аср эски дунёдан батамом воз кечамиз деб уйғонди. Ғафур Ғулом эса асрнинг шундай мафкуравий уйғониш тонгида туғилди. У вақт ва аср дарёсининг четига чиқиб томошабин бўлиб туролмас эди. Унинг табиатида ҳаётни фаол меҳнат ва кураш билан ўзгартиришга интилиш майли жуда кучли эди. Унинг йигирманчи йиллар аввалида ёзилган илк шеърларидаёқ хўрланиш ва қарамликка исён аланга олди. Ғафур Ғуломнинг инсонпарварлик дунёқараши эрта илгарилаган, шаклланган, у йигирма ёшидаёқ ижодий мақсадини ўзи учун белгилаб олган ўскин йигит бўлиб етилган эди. У замон воқелигига бор бўйича шўнғиди. Юрагидаги жуда катта ижодий куч-қудратни юзага чиқариш учун ҳаётининг бепоён хайрли, кураш, меҳнат билан тўлган майдонлари — соҳаларини топти. Ғафур Ғулом табиатан ғоятда актуал одам эди. У ўзини янги меҳнаткашлар замонининг ташвиқотчиси ва тарғиботчиси деб тушунарди. Кейинчалик бир мақоласида буни аниқ-равшан ифодалаб берган эди: “Ўзим актуаллик ва ҳозиржавобликни, сиёсий ўткирлик ва партиявий юксакликни ижоднинг ўзаги деб тушунганим учун…” Унинг маърифатли хонадонда тарбия топганлиги, бу хонадоннинг зиёли анъаналари ҳам шуни тақозо этар ва ҳатто талаб қиларди. Йигирманчи йилларнинг ўрталариданоқ тарғиботчилик янги шаклланаётган совет адабиётининг бош йўлига айланди. Кўп ёзувчилар ва шоирлар ўзларини “партиянинг дастёрлари” деб эълон қилдилар.

Ёш, ғайратли Ғафур Ғулом каби катта иқтидорли шоирларга ўлкага худди “мангу бахт, толе” келгандай бўлиб туюларди. Янги қурилишлар, янги саноат шаҳарлари, янги техникалар, янги мутахассислар асрий қолоқлик, мудроқлик, феодал шароитлар, урф-одатлар, қашшоқлик, забунликни енгиб ўтувчи, уларга бутунлай барҳам бергувчи мўъжизавий бир қудрат деб қаралади.

Ёшликнинг жўшқинлиги, шижоатига ўзгаришлар мислсиз бир тўлқин бағишлар, 1935 йилнинг бир шиддаткор шеъри “Текстилкомбинат ва Миср эҳроми”да айтилганидай, “дунё томида туриб ғалаба ноғорасини чалишга” чақирарди. Наъралар ва ҳайқириқлар фақат Ғафур Ғуломгагина хос бўлмай, балки бир мафкура ортидан эргашган, унга эътиқод қўйган Нозим Ҳикмат, Маяковский, Лоҳутий, Ҳамза, Бедний, Ойбек, Ҳамид Олимжон, Уйғун ва уларнинг издошларининг овозларида ҳам баралла қулоққа чалинарди. Баъзан паровозлар, болғалар, синфий босқинлар гулдурослари орасида эрта кўклам очилиб, совуқ шамолларда титраб-қалтираб турган жозибали бодом гулларининг ҳам таровати кўзга чалиниб қоларди.

Ҳей, қўшиқ айтгим келаётир
Кўклам қўшиғин
Бодом гулларининг
юмшоқ ҳидлари
йигитлар ўпкаларга
бошлади оқин…

Салтанатлар, синфий курашлар бугун ўтмиш тарих саҳифаларида сарғайиб, инсониятнинг истеъмолидан чиққан каби ётади. Лекин ҳаёт ғолиб: бодомлар ҳамон азал гўзал қўшиғини айтиб гуллайди. Ва Ғафур Ғуломнинг “Боғ”, “Чаман”, “Аввал баҳор эди…”, “Қоғоз”, “Сиёҳдон”, “Икки шеър”, “Алишер Навоий қабри устида”, “Собиқ ой юзлигимга”, “Тун билан тонг” каби ўнлаб гўзал, нафис туйғулар юлдуздай сочилган, боғбонлик, ошиқоналик, энг юксак ватанпарварлик руҳи билан суғорилган шеърлари ҳамон ҳар қандай одамни тўлқинлантиради, севишнинг қудрати нималарга қодир эканлигидан огоҳлантириб туради.

ХХ асрнинг биринчи ярмида Ғафур Ғулом ўз шеърларида шеърнинг жуда таъсирчан замонавий янги шаклларига интилди. Уларнинг ёрқин, буюк намуналари билан адабиёт хазинасини бойитди.

Ғафур Ғулом улуғвор, қудратли истеъдод соҳиби эди. У ҳар қанча жозибали бўлмасин, ҳайқириқлар ичида қолиб кетишни, олқишлар, қутловлар, минбарлар овози билан чекланишни истамади. У эҳтимол олқишларни ҳаммадан кўра ҳам яхшироқ ифодалай оларди. Лекин унинг улуғ иқтидори ва даҳоси ҳамиша бу чекловларни ёриб ўтиб борди.

Ғафур Ғуломнинг кўтаринки пафос ва патетикага мойил истеъдодига “Турксиб йўлларида”, “Яловбардорликка”, “Таклиф қиламан”, “Нон”, “Қалблар можароси”, “Маданий қатра”, “Тугасин такя”, “Олқиш” ва уруш йилларида дунёга келган “Сен етим эмассан”, “Мен яҳудий” сингари жарангдор, жангжў шеърлар қанчалар хос бўлса, “Кузатиш”, “Соғиниш”, “Хотин”, “Вақт”, “Аввал ўқи”, “Куз келди”, “Чин арафа”, умрининг охирги йилларида яратилган “Алишер Навоий қабри устида”, “Ҳамма ердан сен гўзал”, “Тун била тонг”, “Собиқ ой юзлигимга” сингари улуғвор инсоний кечинмалари акс этган дилрабо шеърлар ҳам шунчалар хос эди. Бундай шеърлар улкан шоир ижодий меросида оз эмас. Бу каби асарлар ўз донишманд фалсафаси, ҳаётийлик қудрати билан Ғафур Ғуломни Муҳаммад Иқбол, Назрул Ислом, Рабиндранат Тагор, Нозим Ҳикмат сингари шоиру адиблар қаторида мустаҳкам туришига мангу гувоҳнома беради. Улар бари вақтни енгиб бораётган асарлардир. Қолаверса, “Шум бола” ўзбек насрини Америка адабиётининг фахри “Геклберри Финн” ва “Том Сойер саргузаштлари” (Марк Твен) қатори улуғ ҳаётпарварлик даражасига кўтармадими, бир етимнинг шўх ва аламли саргузаштларини жаҳоний миқёсга олиб чиқмадими? “Ёдгор”, “Нетай”, “Шум бола”, “Менинг ўғригина болам”, Афанди туркум ҳикоялари адабиётнинг энг улуғ ҳунари ва санъати саргузаштда эканлигини исботламадими!

* * *

Ғафур Ғулом ижодининг бошидан-охиригача ҳаётийлик ва инсонийликка интилди.

У ҳаётийликни — инсонийлик, инсонийликни — ҳаётийлик деб тушунарди. Унинг ўзи ҳам, қарашлари ҳам, бутун шоирона кечинмалари, ҳиссиётлари ҳам ўз даврининг, ўз халқининг ҳаёти билан чамбарчас бўлиб кетган эди. Бу жиҳатдан, айтайлик, Пушкин ўз даври жамиятига қанчалар фаол таъсир кўрсатган бўлса, Ғафур Ғуломнинг ХХ аср Ўзбекистон одамларига ва халқига таъсири шунчалар кучли бўлган эди. Бундай ялпи эмоционал таъсир кўрсатиш жуда камдан-кам шоирларгагина насиб этади.

1948 йилнинг апрелида биз ўн ёшни тўлдирган, бешинчи синф дарсликларини иштиёқ билан ўзлаштиришга шўнғиган эдик. Адабиёт муаллимимиз дарсга ёшлар учун чиқариладиган газетани кўтариб кирди. Газета яп-янги, ундан қўрғошин ва керосин ҳиди анқиб турарди. У одатдагича йўқлама ҳам қилмай, ўтилган дарсни сўраб ҳам ўтирмай, газетани шалдиратиб очди-да, “бугун шоиримиз Ғафур Ғуломнинг шеърлари чиқибди. У сиздек ёшлар учун ёзилган. Шуни ўқиб бераман”, — деди-да, “Сизга” деб номланган шеърни ўзининг адабиётчиларга хос ширали ва ўткир овози билан ўқий кетди.

Мажлисда муборак юзингиз кўриб,
Шоирнинг довдираб қолиши мумкин.
Қайсингиз Алишер, қайсингиз Пушкин.
Қайсингиз Нодира, Ломоносов ким?

Биз кутилмаганда шеър тўлқини ичига кириб сел бўлдик-қўйдик. Гарчи оташин бу шеър университет талабаларига қарата айтилган бўлса ҳам, лекин ҳамма сўзлари бизга ҳам тааллуқли эди.

Хато айтмоқдаман, доно авлодлар,
Бу мажлис эгаси сиз ўзингизсиз.
Эндиги оламнинг ҳар бир мушкули
Ҳал бўлмас мўътабар бир сўзингизсиз.

Юрагимизга ҳеч бир тўсиқ билмай оби ҳаёт томчиси каби тўкилди бу сўзлар. Ўзимизни ростданам оламнинг мушкулларини ҳал қилишга куч-қудрати етадиган сўзи, иши мўътабар кишилардек ҳис қилардик. Шоирнинг бизга, мурғак ақлимиз ва тушунчаларимизга виқор ва буюклик билан мададга келаётганлиги туйғуларимизни умидли кўкларга қадар кўтарарди:

Сиз, ахир, осмонни олмоқ бўлсангиз,
Не учун елкамни тутиб бермайин.
Ақлу балоғатнинг шотуларидан
Юксала берингиз секундлар сайин…

Биз бу шеърни ўз сўзимиз ва ўз шоирона ҳаётий дастуримиз каби қабул қилдик. Уни ёдлаб олдик. Ўшандан бери бу шеър умр бўйи бизга ҳамроҳ. У бизнинг фикримизни юксалтирган, дидимизни тарашлаб тарбиялаган. Биз неча замон бу шеър таъсирида юрганмиз. Ўтирсак ҳам, турсак ҳам уни ўқиганмиз. Университет даргоҳига илк қадам қўйганимизда ҳам илк эшитган шеъримиз шу шеър эди. Ёшгина домламиз Лазиз Қаюмов биринчи дарсга кириб дарсини шу шеърни ёд ўқишдан ва унинг бадиий теранликларини изоҳлашдан бошлаган эди.

Биз шу шеър таъсирида камол топдик. Балки Эркин Воҳидов сингари шоирларнинг ҳам шундай бўлгани ушбу шеър файзидандир. Шундан сўнг Ғафур Ғуломнинг китобларини қидириб топиб ўқишга берилдик. Ҳаётимизга “Шум бола”, “Ёдгор”, “Нетай”, “Соғиниш”, “Кузатиш”, “Вақт”, “Яша, дейман ўғлим”, “Сен етим эмассан”, “Ўқи”, “Олтин медал” — эҳ-эҳе, не-не дурдоналар ва шеъриятнинг олтин дамлари кириб келди. Шоирнинг ўша пайтларда чиққан “Тонготар қўшиғи” китоби бизнинг энг севимли китобимизга айланди. Сўнг акамга қарашиб пул топиб, шоирнинг 1953 йилда нашр этилган энг мўътабар китобларидан бири — “Танланган асарлар”ни сотиб олдим. Бу китобнинг чиқиши биз учун чинакам байрам бўлган эди.

Ғафур Ғуломнинг асарларини ўқиб, фикримиз, хаёлимиз фазолар, ойу юлдузлар қадар юксала борарди. Аллақандай дафъатан тушунтириш ҳам қийин бўлган ёрқин фалсафийлик кўксимизни тўлдирар, кўнглимизга яшаш илҳомларини соларди.

Биз ўқирдик:

Азиз асримизнинг азиз онлари
Азиз одамлардан сўрайди қадрин.
Фурсат ғаниматдир, шоҳ сатрлар-ла
Безамоқ чоғидир умр дафтарин…

Бу сатрлар дунёга келганда Ўзбекистон кўкида унинг дурахшон юлдузи балқигандай бўлган эди. Кунда ўқирдик бу сатрларни, ҳар дамда ўқирдик ва дилларимизга олтин сўзлар қуюлгандай туюларди. Ўзбекистонда бу сўзларни ёд ўқимаган ва уларни ўзиники деб билмаган киши, чамаси, йўқ эди.

Бизнинг янтоқлардан ҳалво пишгандай,
Бизнинг қамишлардан шакар тўкилур,
Бизнинг тариқлардан бир тўйган чумчуқ
Жаҳонлар айланиб йироқдан келур…

Жонимиз, қонимизга тенгсиз ифтихор каби оқиб кирарди бу каби оҳанрабо сўзлар. Ифтихор, ғурур туйғулари агар шоирона сўзларда моддийлашса, улар Ғафур Ғуломнинг шеърларида юксак даражада моддийлашган — қуйма жавоҳирларга айланган эди.

Ғафур Ғулом бу каби шеърлари билан бизнинг назаримизда толе яратарди. Бизнинг қалбларимизга кириб толе яратарди. “Ассалом”да “толе синамадик, толе яратдик” деганда шоир минг бора ҳақ эди.

Биз инсон ҳурмати, эъзози, маърифати, унинг Ватанни севиши нималигини Ғафур Ғулом шеърларидан ўқиб англардик ва шу ўқишларда ёшлигимизнинг эътиқодлари туғиларди:

Инсонга ҳурмат бу — ўзин танимак,
Муқаддас атамак яшаган ерни…

Инсонга ҳурмат Ғафур Ғуломнинг шоҳ сатрларида янграб турарди. Ғафур Ғуломча инсонпарварлик қалбларимизга реза-реза сингарди. Бу шеърларни биз ўзимизга мураббий деб билардик. Улар ақлимиз, идрокимизни чархлаб борарди:

Дуруст, виждонлимиз, ақл эгаси,
Геркулес қудратли инсонпарварлар,
Бор бутун бу хислат кибр бўларди
Ақлда ихтиро бўлмаса агар…

Шоирнинг шеърлари шу қадар таъсирга эга эдики, биз Самарқандга бағишланган шеърларини ўқиганда, ўзимизни шу дурахшон шаҳарлик деб ҳис қилардик. Наманган тўғрисидаги гўзал шеърларни тинглаганда, нега Наманганда туғилмаган эканмиз, дердик. Тошкент, Фарғона, Хоразм ҳақидаги порлоқ шеърий дурдоналарни-ку, асти қўяверинг! Шоирнинг назар уфқлари шу қадар кенг эдики, у дам бизни озодлик учун курашаётган Жазоирга, Ливанга, Ҳиндистонга, Афғонистонга, Хитойга, океанлар оша Пабло Неруда ва Тунон яшаётган Лотин Америкаси ўлкаларига бошлаб борарди.

Ўзимиз шу ерлик, меҳмондўст авлод,
Дўстларни чақиринг чаманингизга;
Отам шу ерда денг, мен ҳам бўлай шод,
Бир даста гул бўлинг Ватанингизга!

Ғафур Ғулом дўстларни ўз чиройли Ватанига чақирар, бизни ҳам шунга ундар, дўстларга бағри очиқлик — унинг дунёсида ўта инсоний овозга — ўзбекона яшаш удумига айланган эди. Ғафур Ғуломнинг дўстлик туйғулари юксак чўққиларга кўтарилган “Бизнинг уйга қўниб ўтинг, дўстларим”, “Она қизим Жамилага”, “Юракдан юракка”, “Буюк оламга салом”, “Ливан омон бўлади”, “Анор”, “Улуғ ҳинд халқига”, “Самад Вурғунга” каби улуғ инсоний иқтидор акс этган асарлари жуда кўп мамлакатларда акс садо берган, Ғафур Ғуломни ўз даврининг улкан маданият ва жамоат намояндалари қаторида мустаҳкам сафбастта бораётганидан, адабиётимизни дунё миқёсига олиб чиқаётганидан дарак берган эди.

Биз Ғафур Ғуломнинг ҳаётийлиги, инсонийлиги, жуда катта миқёсларда тафаккур юритиши туб ва асил миллийлик билан туташиб кетганлигини ва уларни унинг ижодиётида бир-биридан ажратиб бўлмаслигини севардик. У беҳад олижаноб ҳиссиётларни куйларди. Сатрларидан тўкин, беғубор, самараси ҳеч қачон тугамайдиган ва балки бутун инсониятга татийдиган миллий боғнинг ифорлари гуркирарди:

Кошкийди халқим учун Ҳофиз ғазалларидек
Тинч-омонлик замоннинг лирикасин ёзолсам,
Кошкийди бир нафас мен бу хуршидий хонамда
Ота-бобом бошлаган дафтарин тўлғазолсам…

Кошкийди Бенавою Халилуллолар билан
Бир дастурхон устида “мўрча миён” чой ичсак.
Кошкийди видо айтиб жаҳоний кулфат билан
Истиқбол субҳидамин бирга-бирга қучишсак…

Улуғворликда — ҳаётийлик, ҳаётийликда — улуғворлик — Ғафур Ғулом сатрларида шунчалар мислсиз қийматга эга.

Қадимда китоб варақлари сочилиб кетмаслиги учун уни ипак билан тикиб қўярдилар ва буни шероза дер эдилар. Ғафур Ғулом шеърларини бир-бирига ҳеч қачон сочилиб кетмайдиган қилиб чамбарчас улаган ва бирлаштирган куч-қудрат унинг ўзбекона миллий ўзига хосликларни энг таранг пардаларда куйлаган эди. Агар таъбир жойиз бўлса, миллий ўзига хослик Ғафур Ғулом ижодиётининг мангу шерозасидир. У энг нозик инсоний туйғуларни қоғозга туширганда, энг долзарб сиёсий мавзуларнинг шоирона талқинларини яратганда ҳамиша боғ ва боғбонлик файзини, руҳини, шоирона кўтаринкилигини улар ичига олиб киради. У ўзининг донишманд, фалсафий, инсонийлик гупуриб турган тафаккурий силсилаларига ҳамиша табиат, коинот, юлдузлар, боғ йўллари орқали киради. Ғафур Ғулом муҳташам боғининг эшиклари ҳамиша коинот сари очилган.

Шеърим дўстларимга келсин деб фором
Дилимнинг боғига анор ўтқазай…

Қанчалар гўзал, қанчалар халқона ва қанчалар чин маънода ғафурона бу каби образлар ва бу каби миллий қарашлар, миллий образли фикрлашлар:

Олтин ерим мақтовини олсам тилимга
Кўксим танбур косасидай лиммо-лим жаранг,
Куйга солинг шу дамларнинг шивир-шивирин,
Илк ўпичнинг илиғидек шифо бундадир.
Койиш топмай, ҳасса тутмай юз ёшнинг сири
Туққан ерни муккай ўпмак — шифо шундадир…

Ғафур Ғулом бутун ижодида — хоҳ насри, хоҳ фельетонлари, кулги ҳикоялари, насриддинона латифалари, мутойибалари, шеърлари, йирик манзумалари, кенг публицистик меросида — ҳамма-ҳаммасида толеи, қисматида чинакам ўзгариш, тикланиш, янгиланиш рўй бераётган одамларни тасвирлади. Уларни кенг миқёсларда акс эттирди. Шоир доим ўзбек халқининг муносиб замонавий маданий турмуши учун курашди десак бунда муболаға йўқ. У катта хаёл эгаси эди, бинобарин, ҳар бир бадиий сўзи катта хаёл меваси каби туғилди. У бир шеърида: “Бир замон яратдик сизга мерос бўлсин деб”, деган сўзни айтади. Замон яратиш осон ҳунар эмас. У ҳар кимга ҳам насиб бўлавермайди. Лекин шоирнинг ёшлар учун том маънода замон яратгани бу бор гап ва бунда муболаға йўқ. Ғафур Ғуломнинг қалби ёшларга, болаларга — истиқболга доим очиқ эди. Унинг ёшларга пешвоз чиқмаган дами йўқ ҳисоб. “Сиз учун шеърлар ёзиб тўймайман”, дейди. Бу унинг чин сўзи. Ғафур Ғулом ён дафтарларидан бирида шундай фикр қайд этилган:“ Ахлоқ билан адабиёт бир-бирининг давоми. Бир халқнинг ахлоқини билмоқ учун адабиёти билан таниш”. Ғафур Ғуломнинг ўзи ўз халқининг асл маънавий-ахлоқий гўзалликларини, унинг яшовчан, ҳаётий қарашларини тўлалигича асарларида ифодалади. “Шум бола”, “Гилос данагидан тасбеҳ” туркумига кирган сўнгги асарларида саргузаштлар, қизиқ воқеалар замирига теран ижтимоийликни сингдирди. Мумтоз ва замонавий адабиёт муаммолари устида оригинал тадқиқотлар ўтказди. Сон-саноқсиз фельетонлари ва кулги асарларида янги ҳаёт муносабатлари шаклланиши учун тинимсиз жанг қилди.

Ғафур Ғуломнинг шоирлик этаги мудом дуру жавоҳирларга тўла эди. Ғазал гуфтию дур суфти, деган Ҳофизнинг фахриёна сўзи гўё Ғафур Ғулом учун айтилгандек эди. Унинг жони жаҳони, дилу дунёси ғазалга тўлган эди. У бекорга айтмаган:

Кўзимдан ойнакни ирғитиб ташлаб,
Келажак қиссасин ёзишим керак.
Йигитлик умрини қайтадан бошлаб,
Минглаб кон бағрини қазишим керак…

Лекин 66-йил баҳорги ер силкинишларида унинг қалби беҳад ларзага келди. Шоир ўзнинг қуёш билан тутинган не-не сатрларини мангу сафарига ола кетди. Бироқ шоирнинг ўзи башорат қилгандай:

Не-не тарихларни бошдан ўтказиб,
Талай жафоларни тортган эски Шарқ —
Не-не даҳоларни тарбият қилиб,
Офтобдай жаҳонни нурга қилди ғарқ…

Ғафур Ғуломнинг шеърият ва бутун ранго-ранг бой мероси ўзбек ери, ўзбек қалбининг нурига ғарқ бўлиб келаётган наслларга пешвоз бораверади.

Ғафур Ғулом кўтаринки ўктам образларга бениҳоя бой ижодиёти билан ҳаётда ҳам, адабиёт дунёсида ҳам қудратли таъсир майдонларини яратди. Бу таъсирнинг баракали оҳангдор кучини Шайхзода, Зулфия, Саида Зуннунова, Саид Аҳмад, Туроб Тўла, Асқад Мухтор, Ҳамид Ғулом, Мирмуҳсин, Шукрулло, Рамз Бобожон, Шуҳратлар авлоди ва ниҳоят Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов сингари мамлакат ҳурматига сазовор бўлган адиблар ижодида ҳам кузатиш мумкин.

Ғафур Ғулом ижодининг уфқлари жуда кенг жўғрофий маконларни қамраб олади. У ўзбек адабиётини Шекспир, Лопе де Вега, Фридрих Шиллер, Ходи Тоқтош, Маяковский, Нозим Ҳикмат, Пушкин, Грибоедов, Рудакий, Руставели, Саъдий каби улуғ алломаларнинг асарларининг жаранги билан бойитди. Унинг бадиий таржима сўзи шоирона кашфиётлари, кутилмаган, тонгриқма ихтиролари билан бизни ўзига тортади.

Ғафур Ғулом инсониятнинг мангу майсазорларини севарди. Унинг севгиси ҳар бир сўзида садо бериб туради.

Ғафур Ғулом ёзувчиликни ўқитувчилик билан баробар қўяр, уларни халқ ўртасида маърифат зиёсини ёювчилар деб биларди. Ўзи эса ўқитувчилар каби олимлик ва тарғиботчиликни бирга қўшиб олиб борарди. Унинг барча тарғиботлари олимнинг тадқиқотига, тадқиқотлари эса тарғиботга ўхшарди. У ўзининг ўтмиш ва замонавий адабиёт ҳамда ижтимоий-маиший ҳаёт масалаларига бағишланган илмий публицистик чиқишларида, тадқиқот мақолаларида адабиёт ва ҳаётнинг шу пайтгача муаммо бўлиб келган томонларига равшанлик киритар, ишончли далолатлар келтирар, адабий жамоатчилик унинг муҳокамаларини эътибор бериб тингларди. У адабиёт ҳодисаларини ҳаётийлик мезонлари асосида баҳолар, ёш ниҳолларни қўллаб-қувватлар, уларни устодларча талабчанлик билан ардоқларди. Ғафур Ғуломнинг илмий-публицистик меросида “Фольклордан ўрганайлик”, “Навоий ва замонамиз”, “Икки Машраб”, “Атоий эмас, Отойи”, “Муқимий” туркум тадқиқотлари, Қори, Ажзий, Васлий, Фурқат, Айний, Аваз, Тўқай, Олтой, Ҳамид Олимжон, Ойбек, Шайхзода, Собир Абдулла, Низомий, Жомий ижодининг бебаҳо қирраларини очишга қаратилган таҳлиллари ва ахборот тариқасидаги илмий маълумотлари ҳали-ҳанузгача ўз қимматини йўқотган эмас.

Ўз даврида Ҳомил Ёқубов, Озод Шарафиддинов, Салоҳиддин Мамажонов, Адҳам Акбаров, Наим Каримов, Ваҳоб Рўзиматов сингари олим ва адиблар қизиқарли ва кенг кузатишлар олиб борганлар. Шубҳа йўқки, шоирнинг кенг мероси янги тадқиқотлар, янги талқинлар, янгича изланишларни кутади. Келажагимиз Ғафур Ғулом каби оташин шоирлари билан ҳам фараҳлидир. Шоир билан бирга биз ҳам комил ишонч билан такрорлаймиз:

Тириклик чоғида айтолганим сўз
Гарчанд умрларга қилур кифоя.
Ўлимни билмаган дўстларим сифат
Мени ҳам минг йиллар қилур ҳикоя…

«Жаҳон адабиёти» журнали, 2003 йил, 4-сон