Абдунинг пули йўқ эди. Бу биринчи марта бўлаётган эмас. У умр бўйи ҳар бир чақасини оғир меҳнат, машаққат билан топиб келган. Абду новвойлик қилди. Бу касбни суриялик моҳир новвой Фоид устадан ўрганганди. Улар пиширадиган қатлама кулчалар ҳар қандай уста новвойнинг ҳавасини келтиргудек юмшоқ, қизариб чиқарди. Аммо унинг тақдири айтарли кўнгилдагидек кечмади…
Абду болалигидан устахонада ишлади. Хўжайин уни ҳайдаб юборгач, катта бир ўн қаватлик уйга баввоб бўлиб ишга ёлланди. Кейин то бели майишиб, чурраси тушгунча ҳаммоллик қилиб юрди.
Абдунинг овози чиройли бўлмаса ҳам, недир авжи бор эди. У кўчада мева сотиб юрган вақтларида баланд овозида қичқириб, харидорларни чақирарди.
Абду бир гал даллоллик ҳам қилди. У эртаю кеч шаҳар кўчаларини изғиб, ижарага арзон хоналар қидирар, хоналар топганида хизмат ҳақига 10 қурш оларди. Бора-бора тажрибаси ортиб, “олий” мартабадаги даллол даражасига етишди ва кўчама-кўча дайдиб юрмасдан ўша 10 чақага қаноат қилиб яшай бошлади. Бироқ, кўп ўтмай, бу ишидан ҳам айрилди.
Абду қаҳвахонанинг яхшигина дастёри ҳам эди. Ўша фаровон кезларда у байрам кунлари жуда кўп мижозларга хизмат кўрсатар экан, уларни асло куттириб қўймас, қўли қалтираб идиш синдирмасди.
У катта бир хонадоннинг мўъжазгина ҳужрасида хотини билан турар, қўшнилари ҳам ёмон одамлар эмасди. Бироқ унда-бунда хотини ва қўшни аёллар ўртасида майда-чуйда можаролар бўлиб турарди. Қўшнилар Абдуни тушунишарди. У ишсиз қолганида унга қарз бериб туришар, ишлаб юрган кезлари эса, ўзлари ҳам ундан қарз олиб туришарди. Қисқа қилиб айтганда, бу хонадонда яшовчиларни тақдир у қадар сийламаганди!
Мана Абдунинг чўнтаги қуп-қуруқ.
Бу галги пулсизлик узоққа чўзилди, пул топишга умид ҳам қолмаганди, энди ҳаммаси тамом. Абду иш қидириб, бош уриб бормаган эшиги қолмади, рад жавобини олавериб, чарчаган ва ғамга ботган кўйи қуп-қуруқ қўл билан уйига қайтди. Хотини Нафиса унга қорасини кўрсатмайди ҳам. Абду жимгина бўйрага чўзиларкан, хотинининг доимий минғир-минғирини эшитмаслик учун қулоғини беркитиб олди. Нафиса эса, ҳар куни унга уйнинг эгаси агар ижара ҳаққини тўламасак ҳайдаб юбормоқчилигини, катта байрам яқинлашиб келаётганини, яқинда кўзи ёриши ва унинг шафтолига бош қоронғи эканини, бундан олдинги қизалоғи турмаганини қайта-қайта айтиб, тўхтамай жавранарди.
Баъзан эса Нафисанинг дийдиёси азбаройи ҳаддан ошганидан эрига бор овози билан қичқира бошларди. Абду мана шунисига чидай олмасди. Шусиз ҳам у қўшниларнинг кўзига балодай кўриниб қолганди. Улар Абдунинг ёш бўлишига қарамай, омадсиз эканига ачинишар, аммо бундан ҳеч қандай наф йўқ эди, қашшоқлик унинг гирибонидан маҳкам тутганди.
Бир куни Абду уйига келганида хотини уни қўшниси Талба иш масаласида чақирганини айтиб қолди. Абдуга жон кирди: ишқилиб, маоши дурустгина иш бўлсин-да.
Кўз очиб-юмгунча у касалхонада ёрдамчи бўлиб ишлайдиган қўшниси Талба ҳузурида пайдо бўлди. Талба бу уйда яшовчилар орасида энг ҳурматли қўшни ҳисобланарди. Абду Талбанинг саломига ийманибгина, илжайиб алик олди ва аста ўзининг таржимаи ҳолини гапира бошлади. Абду бир вақтлардаги кунларини эслар экан, кўнглида бир ширин хотиржамлик ҳиссини туя бошлади. Талба унинг серямоқ кийимларига қараб турганини сезгач, худди ўзини оқлашга тиришаётган одамдек бошидан ўтганларини ҳикоя қилишда давом этди. Борган сари унинг овози қатъийлашиб, қалби фахрга тўла бошлади: у қачонлардир одам бўлган! Сўнг овозини бир оз пасайтириб, ўткинчи дунё, замон ва одамлар, зуғумга тўла қалбларга нисбатан ўзининг қаҳрини ёғдира бошлади. Шу билан бирга яхши кунлар келишига умиди борлигини ҳам тилга олиб ўтди. Ниҳоят, деярли пичирлаб, худди айб иш қилиб қўйган одамдек кулимсираб, Талбадан иш-пиш топа олармикинман, деб сўради.
Унинг гапларини охиригача эшитган Талба ишонч билан иш топилишини айтди.
Абду қувончга тўлиб уйига қайтди, ахийри Аллоҳга додим етди, деб кўнглидан ўтказди. Талба уни қандай қарши олганини хотинига тўлиб-тошиб сўзлаб берди ва эртасига талабаларнинг чойшабларини ювиб келгач, Талбанинг хотини олдига бориб, унга рўзғор юмушларида ёрдам бериб юборишини айтди.
Абду кун ёришмасдан уйғониб, Талба билан биргаликда касалхонанинг донорлик бўлинмасига борди. У ерда аллақачон туманот одам навбат кутиб турарди. Донорлик эшиги соат ўнда очилди. Ҳамма жимжит йўлакка кирди. Абду тахтага ўтирди. Атрофда карболка ҳиди бурқсир, кўп ўтмай бундан унинг боши ғовлай бошлади. Кутиб ўтирганларни гуруҳ-гуруҳ ичкарига чақириб, савол-жавоб қила бошладилар. Абдудан ҳам исмини, ота-онасининг исмларини, бувиси ва бобосининг нимадан вафот этганларини сўрашдилар. Ундан фотосуратини сўрашди, бироқ унинг ёнида фақат полиция текширувидан қўрқиб ҳамиша ёнида олиб юрадиган шахсни тасдиқловчи ҳужжатдан бошқа ҳеч вақо йўқ эди.
Кўп ўтмай уни яна чақиришди, ҳамшира унинг қўлини сиқиб, томирига игнасини суқди ва уни қон билан тўлдирди. Сўнг унга: “Бир ҳафта ўтказиб кел” – дейишди.
Ҳафта давомида Абдунинг пули бўлмади. Ўша айтилган куни эрта тонгда у яна донорлик бўлимига борди. Соат ўнда эшиклар очилди. Кирганларнинг кўпчилигига: “Сизнинг қонингиз тўғри келмади” – деб жавоб бериб юборишди. Абдунинг юраги увишди. Бироқ у: “Яроқли” – деган жавобни олди ва қон олгунларича кутиб ўтирди. Абду очиқиб кетган бўлса ҳам кутди, кутаётганлар орасида ўзини қаҳрамондек ҳис қиларди.
Кўп ўтмай Абдуни хонага чақиришди. Унинг қўлини тахта токчага қўйганларида бир оз қўрқди, бироқ атрофидаги одамларга қараб сал ўзига келди. У қўлида муздек совуқни ҳис қилди. Абду жимгина ўз ишлари билан машғул ҳолда қўлларга эм игнаси суқаётган ҳамшираларга қаради. Ҳамширалар унинг вайсақи хотинига ўхшамас эдилар. Абду бу ерда эркаклар ҳам борлигини кўрди. Уларнинг юзлари чойшабдек оқариб кетганидан ялтирар эди.
Абду юзига тутиладиган дока ниқоб ясаётган ҳамшираларга қаради. Сўнг у ўзида бир оз толиқиш сезди. Ўнг тарафдаги қўшниси сўради: “Қанча қон олишади?”. Кимдир жавоб берди: “Билмасам, ярим литр дейишяпти”. Суҳбат шу билан тўхтади. Ниҳоят Абдунинг қўлини бўшатишди, совуқ спирт билан артиб, “Бўлди” дейишди.
Абду ўрнидан туриб, ўйланиб, эшик томон борди-да, пул ҳақида сўради. Унга кутиб туришни тайинлашди. Сўнг Абдуга бир жунайҳу ўттиз қурш тўлашди! Кейин уни сулкат билан овқатлантиришди ва бунинг эвазига берилажак ҳақдан озгина чегириб ҳам қолишди.
Касалхонадан чиқиб, Абду уйига боришдан аввал, қассобдан гўшт, сабзавотчидан картошка сотиб олди. У уйига кулиб, хурсанд қайтди. Нафиса эшикни очиб, унинг қўлидан халталарни олар экан, хотинининг саломига жавобан назокат билан уни севиши, ҳатто унинг учун ўлимга ҳам тайёр эканлигини айтмоқчи бўлди-ю, уялди.
Ўчоққа олов ёқилди, гўштли қайнатманинг димоқни қитиқловчи ёқимли иси бутун хонадонни тутиб кетди. Бу ис қўшнилар димоғига етиб, кимдир хурсанд бўлди, кимдир ҳасад қилди.
Абду яхшилаб таомланиб, кўчага чиқди ва тарвуз сотиб олди.
Бу оқшом аёлининг одатдаги бидирлашларини эшитмади. Уларнинг иноқ шивир-шивирлари нару мода кабутарларнинг ғув-ғув овозига ўхшарди.
Ҳафта охирига бориб пул тугади.
Белгиланган кун ва вақтда Абду донорлик бўлимида ҳозир бўлди. Ундан яна қон олишди, овқатлантиришди ва пул бериб кузатишди. Абду ўзининг янги ишидан кўнгли тўлганди. У на устанинг танбеҳларини ва на ширкат бошлиғининг бақириқларини ва на хўжайиннинг сўкинишини эшитарди. Ҳар ҳафта касалхонанинг озода ва саришта хонасига борар, ярим литр қон топширар ва хотинини боқар эди.
Кўпчиликнинг унга ҳаваси кела бошлади…
Хотини ҳам унга бошқача қарай бошлади. Унинг қўлидан харид тўла халталарни олаётиб, чиройли кулиб қўярди. Ётганларида эса унга уйқу бермай, борган сари ранги гезариб, озиб кетаётганини сўзларди. Нафиса хонадондаги қўшнилар ва унинг орасида бўлиб ўтган гапларни ипидан игнасигача сўзлаб берарди, қўшни Ҳамида билан жанжаллашгани, унинг “эринг сени қонини сотиб боқяпти”, деганигача гапирди. Ора-сира она боласини эркалагандек эрини эркалаб қўяр эди, уни аярди, чунки у кўп қон топшириши керак эди-да. Кечаси уни иссиқроқ ўраб қўяр, кундузлари уринтирмас, барча инжиқликларини кўтарар, ҳамма айтганини муҳайё қиларди.
Абду хотинининг бу қадар қайғуриши сабабини жуда яхши билиб турар ва шундай қилиш шартми, дея дили хижил ҳам бўлар, баъзан эса очиқдан очиқ жаҳли чиқарди.
Тўғри, одамлар у ҳақда кўп ғийбат қилишарди. Тўғри, у ҳар гал қон топширганида боши айланарди, касалхона ҳовлисида кечгача ухлаб қоларди. Лекин, энди уларнинг уйида ҳар куни қозон осиларди, ижара ҳақи ҳам ўз вақтида тўлаб бориларди. Одамлар нима деса деяверсин, унинг нима иши бор улар билан?
…Галдаги донорлик бўлимига ташрифида Абдуни ичкари қўйишмади.
– Нима учун? – ҳайрон бўлиб сўради Абду.
– Анемия.
– Нима у “анемия”?
– Камқонлик.
– Хўш, нима қилибди?
– Сиздан қон олиш мумкин эмас.
– Хўш унда нима қилишим керак?
– Соғлиғингиз тикланганда айтасиз.
– Мен соппа-соғман, тоғни уриб, толқон қиламан керак бўлса.
– Юрак фаолиятингизда заифлашиш бор.
– Ҳеч нима қилмайди, мен ўзим жавоб бераман бунга.
– Бу ўлим билан тугайди, ахир.
– Розиман.
– Мумкин эмас. Аввал соғлиғингизни тикланг. Биз бундай қила олмаймиз. Бу ғайриинсонийлик.
– Бу-чи, инсонийликми? Хўш, сизлар айтинг?
– Доктор тўғри айтаяптилар, оғайни.
– Демак, мендан қон олишмайди-а?
– Ҳа.
Бу кун улар Абдуни овқатлантиришни ҳам унутишди.
Хасталанган Абду яна пулсиз қолди…
Араб тилидан Сарвар Абдуллаев таржимаси
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2017 йил, 9-сон