Ҳамидулла Болтабоев. Туркий тазкираларда Алишер Навоий сиймоси

Алишер Навоий

Тазкира миллий ва ўзаро яқин адабиётлар тарихини яратишда, муайян давр адабий муҳитини ўрганишда, алоҳида адабий сиймолар ва асарларни тадқиқ этишда адабиётшуносликнинг беназир жанри сифатида хизмат қилади. Ҳазрат Мир Алишер Навоий ҳаётини ва оламшумул ижодини тадқиқ этиш ва улуғ адибнинг илмий биографиясини яратишда ҳам форсий ва туркий тазкираларнинг муайян илмий улуши бор. Форс тилида ёзилган Давлатшоҳ Самарқандийнинг “Тазкират уш-шуаро”, Сом Мирзонинг “Туҳфаи Сомий”, Ризоқулихон Ҳидоятнинг “Мажма ул-фусаҳо” тазкираларида Навоий сиймоси ҳақидаги фикрлар навоийшуносликнинг айрим қирраларини ёритишда қатнашган. Шу билан бирга Ҳазрат Навоийнинг “Мажолис ун-нафоис” тазкираси форс тилига Фахрий Ҳиравий томонидан “Латойифнома” сарлавҳаси билан Ҳиротда, Ҳакимшоҳ Муҳаммад Қазвиний (в.1558) эса уни Онадўлида форсчага ўгирганлар.

Ҳазрат Алишер Навоий томонидан яратилган туркий тазкирачилик мактаби ХХ аср бошларига қадар нафақат Туркистон ёки Марказий Осиёда, балки Эрон, Ҳиндистон, Афғонистон, Озарбайжон ҳамда Туркияда муваффақият билан давом этган[1]. Ўтган 500 йилдан ортиқроқ вақт давомида яратилган тазкираларда “Мажолис ун-нафоис”нинг изларини илғаш қийин эмас. Биргина Онадўлида туркий тилда 36 тазкира яратилган бўлиб, булар, асосан, “Шоир тазкиралари” (яъни валийлар ва дабирлар тазкиралари бу ҳисобдан ташқари)дир[2]. Шундан 12 тазкирада Ҳазрат Навоий шахси тилга олинган, унинг ижодига муносабат билдирилган. Мазкур тазкиралардаги маълумотларга кўра, Усмонли шоирларидан 70 дан ортиғи – Навоийнинг шеърий асарларига назиралар ёзганлар, улардан 30 дан ортиғи ҳам бу анъанани изчил давом эттирган[3]. Айни мана шу ижодий ворисликни хамсанавислик доирасида, улуғ адиб насрий ва тасаввуфий асарларидан таъсирланиш жараёнида ҳам кузатиш мумкин.

Алишер Навоий “Мажолис ун-нафоис”асарининг таъсири ҳақида профессор Мустафо Эсон шундай ёзади: “Ҳазрат Алишер Навоий бошқа кўплаб тазкираларга намуна бўларлик асар яратгани билан аҳамиятлидир… Муҳими, тазкираларнинг Онадўлида пайдо бўлишига таъсири, яъни бу тазкираларга андозалик вазифасини бажаришидир. Янада тўғрироғи, Ҳирот мактаби тазкиралари сифатида ном олган Жомий, Давлатшоҳ ва Навоий ҳазратларининг асарлари кейинроқ Усмонли ўлкасида пайдо бўлган тазкираи шуаро жанрига теран таъсир этиб, адабий биография ривожини тезлаштирди… Бутун XVI аср тазкираларида Навоий анъаналари давом этди, XVII асрдан… мумтоз тазкираларга қайтилди[4] ва энди Навоий яна бир соғинч билан эсланиб, қўмсала бошланди”[5].

Ушбу эътирофдан келиб чиқиб мавзуга ёндошилганда Онадўлида яратилган илк тазкиралар сифатида Сахий Бей (1548)нинг “Ҳашт биҳишт” (“Саккиз жаннат”, 1538) асарига диққат қаратамиз. Муқаддимада муаллиф ўзининг “Ҳирот тазкираларидан “Баҳористон”, “Давлатшоҳ тазкираси” ва “Мажолис…”ни тадқиқ этганини Усмонли ўлкасида етишган шоирларни унутилишдан қутқармоқ учун уларга ўхшатма тарзида бир асар ёзганини айтади”[6]. Сахий Бей Навоийдан андоза олиб, ўз тазкирасини 8 қисмга ажратди, уларни “Ҳашт биҳишт” деб атагани ҳолда агар Ҳазрат Навоий, Султон Ҳусайн Бойқаро ижодига 8-мажлисни лозим кўрса, Сахий Бей ўз подшоҳи Қонуний Султон Сулаймонга 1-мажлисни бағишлайди. Кейин эса 2-табақада яна орқага қайтиб, Султон Сулаймондан аввал ўтган адиблар ижодига мурожаат қилади. Сўнгра эса амалдор шоирлар, олим-шоирлар, ўзидан аввал яшаб, вафот этган шоирлар, муаллифнинг ёшлигида шуҳрат қозонган шоирлар, асар ёзилаётган пайтда ҳаёт бўлган ва ниҳоят, сўнгги табақада номи энди эшитила бошлаган умидли шоирлар таснифланади. Айни ўринда “Мажолис…”нинг мажлислараро таснифи ўқувчиларга маълум бўлгани учун уларни қиёслаш ўрнига яна мутахассисларнинг эътирофларига таянамиз. Тазкирачилик мактаблари ҳақида махсус тадқиқот яратган профессор М.Эсон кузатишига кўра, “Ҳаёт ҳикояларининг тартиб тарзи Сахийда табақот асосида бўлгани каби бу усулни айнан Навоийдан олган: шоирларнинг қисқача туғилган жойи, номи, вазифалари, адабий аҳоли билан боғлиқ бир неча тақлидий қолипли сўз, асарлари, баъзан шоир билан боғлиқ бир воқеа, охирида бир неча байт ёки қитъа кабилар” шулар жумласидан[7].

“Мажолис…”нинг таъсири Онадў-лидаги илк тазкирада кўринганидек, кейинги давр тазкираларида ҳам мана шу ҳолат у ёки бу маъноларда такрорланади, айрим факт ва кузатишлар асосида бойитилади. Орадан саккиз йил ўтиб, Сахий Бейнинг тазкирачилик фаолияти Латифий (1491-1582) томонидан давом эттирилади. Шоир, адиб ва олим Латифийнинг Навоий ижодига боғланиши тазкирадан ташқари унинг назм ва наср қоришиғида ёзган “Фусули арбаа” (“Тўрт фасл”) асарида ҳам кузатилади. Шоирнинг “Назму-л-жавоҳир” номли асари эса Ҳазрат Алининг ҳикматлари асосида тузилгани ҳамда улуғ ўзбек шоири асарининг номини айнан олгани Навоийнинг Латифий ижодига таъсирини алоҳида ўрганишга эҳтиёж борлигини англатади. Муаллиф “Тазкира туш-шуаро ва табсира-тун-нузамо” (”Шоирлар тазкираси ва нозимлар қиёфалари”, 1546) тазкирасини Қонуний Султон Сулаймон (Муҳиббий тахаллуси билан шеърлар ёзган)га бағишлаган бўлса-да, унинг тазкирачиликдаги ўрни мавжуд асарларга ижодий муносабатда кўринади. Латифийнинг ёзишича, Навоий шеърларини илк бор Онадўлига олиб келган шоир Басирий бўлган: “Ажам сарҳадига яқин жойдан. Султон Боязид замонида Ҳазрат Шайх Жомий ва Мавлоно Навоий тарбиятномаси-ла келмиш… аксари авқотин бу диёрда кечурмагин тарзи шеърида туркийзабон назмлари шевасин ва Рум шоирлари ишвасин риоят этмишди.

Матлаъ:

Ошиқларини оҳ ул масиҳодам ўлдурур,
Бу одам ўлдурурки, Масиҳ одам бўлдурур”[8].

Айни фактнинг ўзи ҳали Ҳазрат Навоий ва Султон Ҳусайн Бойқаро усмонли Султон Боязид II билан дипломатик ёзишмаларга киришмай туриб, Навоий асарлари Онадўлига кириб келган бўлиши ёки Навоий шеърлари билан бирга унинг мактубини мана шу Басирий келтирган бўлиши ҳам мумкин. Чунки Навоий ижодининг Онадўлига кириб келиши борасида жуда кўп олимлар қизиқарли кузатишлар олиб борган бўлсалар-да, Навоий асарларини илк бор ким олиб боргани ва нима учун у туркистонлик шоир Басирий вазифани адо этгач, ўз юртига қайтмасдан Румда қолиб кетгани ва “шеърида таркийзабон назмлари шеваси”ни давом эттиргани номаълум эди. Юқорида Латифий келтирган байтнинг ўзиёқ Басирийнинг шеърий истеъдодидан дарак беради. Бироқ Латифий Басирий ҳақида муфассал маълумот бермайди.

Навоий анъанасини ўзича бойитган Латифий шоирлар таснифотида алифбо усулини маъқул кўрдики, бу усул ҳам кейинги тазкираларда анъанавийлик тусини олди. Бундан ташқари Латифий “Фасли аввал”да яна ҳам ўзига хосроқ йўлни танлаб, XIII асрдан ўз замонига қадар бошқа ўлкалардан (жумладан, Туркистондан ҳам) Онадўлига келиб ўрнашиб қолган 13 шоир ҳақида маълумот беради. Гарчи Латифий ўз тазкирасини Султон Сулаймонга бағишлаган бўлса ҳам у ўз ҳукмдори Муҳиббийга махсус бўлим ажратмайди, аксинча, султон ва шаҳзодалар бўлимининг энг сўнгида бир неча саҳифада унинг шеърлари таҳлили муносабати билан ҳукмдорга мурожаат қилади. Тазкирада бир ёки бир неча байт ўрнига тўлиқ ҳолда ғазал ва қитъанинг келтирилишига эътибор қаратсак, Латифий тазкираси антологияга яқинлашганини ҳам кузатиш мумкин.

Учинчи тазкира Ошиқ Чалабий (1520-1571)нинг “Машойир уш-шуаро” (“Шоирлар машоираси”, 1568) номли тазкира эса 425 шоир ижоди ҳақида маълумот берувчи тазкирадир. Муқаддимада тазкиранавис:

“Забони туркийнинг достонсаройи,
Фасоҳат булбули, яъни Навоий

дея Навоийдан сўз очади. Ва давомида “Охир умринда Султон Боязид (бу ўринда Елдирим Боязид эмас, Султон Боязид II (1447-1512) назарда тутилган, у 1481 йилда тахтга чиққан – Ҳ.Б.)га Навоий ўттиз уч ғазал юбормиш, бириси ушбу ғазалдур, матлаъси қуйидагичадир:

Матлаъи Навоий:

Ул пари пайкарки ҳайрон бўлмиш инсу жон анга,
Жумла олам манга ҳайрону мен ҳайрон анга.

Султон Боязид бу ғазални Аҳмат Пошога юбориб, унга назира битишни буюрди”. Ушбу фактга асосланиб, дастлаб шоир Номиқ Камол, кейин Ф.Кўпрулу, Огоҳ Сирри Лаванд, Камол Эраслон каби турк; Гибб, Броун, З.Клейнмихел, Горбузова каби ғарб олимлари; Н.Каримов, З.Нагиева, Олмос Улвий, Р.Рўзмонова каби ўзбек ва озар олимлари мақола ва тадқиқотларида бу фикрлар дунё бўйлаб илмий “саёҳат” қилган, бу самарали таъсир натижалари атрофлича ўрганилган. Лекин Ошиқ Чалабий тазкирада ўрни билан Навоий ғазалининг “яхшилиги”, унга назира ёзган шоир мақтаъси (Мақтаъ: Сўзда ушшоқи муҳаййир айладирсун Аҳмадо, Бўйла гўё ўлмаға куйин керак бўстон анга)” маҳорат бобида Навоийдан анча қуйироқ эканини ҳам қайд этган (290-б.).

Айни фикр хинолизода Ҳасан Чалабийнинг “Тазкирату-ш-шуаро” (1585-1586) тазкирасида такрорланиш баробарида “Ҳазрати Жомий ва Навоий ғазаллари сипоришнома (махсус расмий давлат мактуби – Ҳ.Б.) билан Султон Боязидга келган” деб умумлаштиради[9]. Ва “Аҳмад Пошо Навоий услубини ўргангач, унинг шеъри хуб ва тарзи гуфтори марғуб бўлди” деб Аҳмад Пошо Навоий ғазаллари йўлига киргандан кейин шеърларининг услубан гўзаллашгани ва ҳамма томонидан рағбат кўргани қайд этилган”[10].

Шунингдек, бунга уйғун фикрлар Ғалибўлулу Олийнинг “Кўнҳ-ул-ахбор” асари тазкира қисми”да “Султон Ҳусайн Бойқаронинг вазири мушири ва ул асри боҳирун-насрин малози фуҳулу фузало бўлган Мир Алишер ул шаҳриёри олийҳиммат (Боязид II га – Ҳ.Б.) бир неча ғазал жўнатди. Улар тақи назоир жиҳатдан татаббусини марҳум Аҳмад Пошога асир айлади” каби тазкиралардан тазкираларга кўчиб, юқорида тилга олинган олимларнинг тадқиқот ва мақолаларига мавзу бўлди. Алининг тазкирасида Котибий тахаллусли Саидий Али Раис муносабати билан яна бир муҳим фикр ўртага ташланади. Бу шоир вазифа юзасидан Ҳиндистонда Навоий издоши сифатида танилган ва Навоийи Соний лақабини олган шоир “уч ярим йил саёҳатдан сўнг Ҳинду Синд ва Хуросон ва Гужарот ва Шерозу Озарбойжон саломини келтирди”[11].

Кўрсатилган тазкиралар ичида Ошиқ Чалабийнинг “Машойир-уш-шуаро” асари Навоий ижодига кенг ва атрофлича муносабат билдиргани билан ажралиб туради. Ошиқ Чалабий Навоий ғазалларини Румга Басирий келтирганига урғу беради: “Навоийи марҳумнинг “Мажолис ун-нафоис”инда мазкур бўлган шуародан ва пойтахти мулки Хуросон бўлган Ҳиротда Мирзо Султон Ҳусайну Навоийу Жомию Биноий ва ул каснинг акобири хизматига эришган зуфаролардан эди. Румга Султон Боязиди марҳумга Навоий ва Жомийнинг китобу ғазаллари ва сипоришларий-ла келмишдир” (420-421 б.). Ҳиротда юқоридаги улуғлар хизматида бўлган ҳиротли шоир Басирийнинг келиши аниқлашди, бироқ у нимагадир вазифани адо этгач, қайтиб кетмасдан бир умрга Рум элида қолиб кетди ва асосан, Ҳазрат асарлари тарғиботи билан машғул бўлиб, унинг ижодини бошқа ўлкаларга ёйилишига сабаб бўлди.

Тазкирада шу билан бирга Навоийнинг Адний тахаллусли Валий Маҳмуд Пошо (вафоти 1474) билан мактуб ёзишгани тўғрисида фикр билдирилган. Кўринадики, Навоийнинг Рум эли билан боғланиши биргина юқоридаги 33 ғазал билан чекланмайди, айрим шоирлар, хусусан, Адний тахаллусли Маҳмуд Пошо билан ёзишмалари мавжуд. Агар мазкур шоирнинг 1474 йилда вафот этгани эътиборга олинса, 1481 йилда тахтга чиққан Боязид II га Навоийнинг 33 ғазали етиб бормай туриб, бундан тахминан ўн йиллар чамаси аввал, яъни улуғ шоир 22-25 ёшларида румлик шоирлар билан мактублар ёзишган.

Тазкирада “Ажам васфинда бир байт

Рўйаш чу мусҳафест у аз у ҳусни оятий,
Ҳусни хатеш чу нуқта надорад ниҳояти

(Таржимаси: Юзи мусҳаф каби экани оятининг гўзаллигидандир. Хати гўзаллигининг нуқта каби сўнгги йўқдир) каби байт келтирилиб, асридан сўнги асрга келгунча шуарога ҳикматомуз” таъсир этганини кўрсатиб ўтади” (243-б.). Шунингдек, мазкур тазкирада олти тилни яхши билган Шукрий муносабати билан “туркий тилда равон Навоий каби, форсийда ҳамон Биноий каби…” дея оширилган мақтовлар ҳам учрайди, айрим шоирларни “Навоийнинг котиби”, “Навоийга раққос” деб атайди, “Навоий давоти (сиёҳдони)нинг соҳиблари”, “Навоий гулшанининг худ булбули” деб атайди.

Тазкираларда қайд этилган маълумотларга кўра, Юсуф Четинтоғ Навоий услубини ўзида ёрқин акс эттирган йигирмага яқин шоирнинг номини келтиради, маснавийларда Ҳазрат анъанасини давом эттирган шоирлар ижодидан баҳс юритади[12].

Келтирилган маълумотларнинг ҳаммаси турк манбаларида зикр этилган, замонининг улуғ адиб ва олимлари томонидан эътироф этилган фикрлардир. Бундан ташқари қанчадан қанча тазкирага кирмай қолган шоирлар, нафақат шоирлар тазкиралари, балки валийлар тазкиралари, рисолалар, маснавий ва насрий асарларнинг муқаддималарида, тарихий ва ахлоқий-фалсафий асарлар зайл (илова)ларининг қатларида Ҳазрат Навоий ҳаёти ва ижоди билан боғлиқ манбалар борки, уларни ўрганиш, юқорида зикр этилган Навоийнинг турк султони Боязид II га ёзган 10 дан ортиқ мактубларини, бошқа шоирлар билан ёзишмаларини топиб, нашр қилиш орқали Ҳазратнинг маънавият хазинасини бойитиш бугунги навоийшунослик зиммасидаги илмий юмушлардан ҳисобланади.

Демак, Навоий шуҳрати 25 ёшларда экан, Рум эли эътиборини тортади ва Ошиқ Чалабий Навоий Адний тахаллусли шоир билан мактублар ёзишган.

Навоий ва Жомий асарларини Рум эли ва унинг султони Баязид II га Басирий тахаллусли шоир етказган ва умрининг охирига қадар Онадўлида яшаб қолиб, Навоий асарлари тарғиботи билан машғул бўлган. Навоийнинг мактуботлари орасида Басирий тахаллусли шоирга муаммо битгани манбаларда қайд этилган. Мутрибийнинг хабар беришига қараганда, унинг она томонидан бобоси Басирий тахаллусли шоир бўлган. Бу икки Басирий бир киши бўлиб чиқиши эҳтимоли бор, бироқ буни тасдиқловчи ҳужжат қўлимизда йўқ.

Алишер Навоийнинг Онадўлига юборилган девони “Наводир ун-ниҳоя” бўлиб, ундан 33 ғазални Султон Боязид маъқул кўриб, замонасининг шоири аълоси Аҳмад Пошога назира ёзишни буюрган. Аҳмад Пошо ва бошқа ўнлаб шоирлар Навоий ижодининг таъсирида бўлганлар.

Амир Навоий давлат идораларида экан, Султон Боязид II га бир неча мактублар ёзган (турк тазкираларига кўра, улар 10 дан ортиқ). Бироқ у мактубларнинг матни ҳали аниқланмаган, уларни топиб, илмий муомалага киритиш навоийшунослар зиммасида.

Ҳамидулла Болтабоев, Ўзбекистон Миллий университети профессори

“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 2-сон

_____________________

[1] Klasik Turk Edebiyatinda Biografi / Mustafa Isen Adina Uluslararasi Sempozyum. Bildiriler. – Ankara, Ataturk Kultur Merkezi, 2010. 709 s.

[2] Sair Tezkireleri. Haz. Dr. Haluk Ipekten. – Ankara, 2002. S.17-28.

[3] Cetindag Y. Ali Sir Nevai. – Istanbul: Kaynak yayinlari, 2010. S.249.

[4] Содиқ Китобдор назарда тутилган. Қаранг: Əfsar, Sadiq bəy. MƏcmƏul-xƏvas. – Baki, 2008.

[5] Isen M. Tezkireden Biyografiye. – Istanbul: Kapi Yayinlari, 2010. S.51-52.

[6] Hast-Behist. Haz. Gunay Kut. – Harvard, 1978. S. 77.

[7] Isen M. Tezkireden Biyografiye. – Istanbul: Kapi Yayinlari, 2010. S.84.

[8] Latifi. Tezkiretu’s-suara ve Tabsitatu’n-nuzama. Haz. Сanim, Ridvan. Ankara: Ataturk Kultur Merkezi Yay., 2000.Кўрсатилган асар, 51/а варақ. Мана му маълумот бир оз ўзгачароқ талқинда “Кунҳул-ахбор”да ҳам келади.

[9] Қаранг: Cetindag Y. Ali Sir Nevai. – Istanbul: Kaynak yayinlari, 2010. S.250.

[10] Kınalı-zade H.Ç. Tazkiretü’ş-Şuara. Hazırlayan: Ibrahim Kutluk, I. Ankara, 1989. S.135.

[11] Кўрсатилган асар. 263-бет.

[12] Cetindag Y. Ali Sir Nevai. – Istanbul: Kaynak yayinlari, 2010. S.256.