Гулчеҳра Ашурова. Халқда қаҳрамон — эпосда алп

Ўзбек ва ҳинд достонларида уларнинг ўхшаш ҳамда фарқли жиҳатлари

Эпос ёзма адабиётдан илгари пайдо бўлиб, дастлаб хаёлот дунёсининг одамзодга кучли таъсири натижасида оғзаки: мифлар, афсоналар, ривоятлар шаклида кўрина бошлади. Қадимги эпосларда реал фактлар тўқималар билан бойитилган ва ўша давр халқлари тасаввури орқали ифодаланган. Шу сабаб эпослар ишқий-саргузашт, қаҳрамонлик, диний-фантастик, мифологик талқин ва тасвир касб этган.

Ушбу хусусиятлари билан ҳиндларнинг “Рамаяна”, “Махабхарата”, ўзбекларнинг “Гўрўғли” туркумидаги достонлари асрлар оша яшаб келаётгани бизга маълум. Қуйида биз мазкур достонлар бош қаҳрамонлари — алпларнинг туғилиши, илк синовдан ўтиши, фаровон жамият қуришдек эзгу мақсадга эришиши йўлидаги қаҳрамонликлари талқинларида ўзига хосликлар, ўхшаш ва айрим фарқли жиҳатларга эътибор қаратмоқчимиз. Ҳар бир эпосдаги экспозиция, тугун, кулминация ва ечимга бевосита асосий қаҳрамон — алп “жон киритади”. Асар персонажлари орасидан эса алпни ижобий фазилатлари, эзгулик йўлидаги қаҳрамонликлари орқали таниймиз.

Ғайриоддий туғилиш

Фарзанд ҳаёт давомчиси, боз устига у алп ва заковатли бўлса. Ҳиндларнинг тасаввури бўйича, тангрилар самодан туриб эмас, балки инсонлар ҳаётига бевосита фаол аралашиб муҳаббат ва нафратларини изҳор этишмоқчи бўлишган. Шу боис инсоният заминига мўл-кўл уруғ сочишган. Уруғлардан эса қаҳрамонлар униб чиққан. Улар халқнинг ҳимоячиси, эпосларда эса алп сифатида намоён бўлган.

Ҳиндларнинг “Махабхарата” эпосидаги Бҳарата авлодлари одил ва халқпарвар шоҳ сифатида ном қолдирган. Беш ака-ука Пандавлар ҳам илоҳлардан туғилган. “Рамаяна”да Кўшала подшоси Дашаратҳа бефарзанд. Азбаройи марҳаматли бўлгани учун эмас, балки тангрилар Ланка шаҳрининг ёвуз подшоси дев Раванадан қутилиш учун ҳам унинг илтижосини инобатга олишган. Тангрилар одам суратида ерда мужассам бўлмоқни истаганлари боис нажоткор Вишну Дашаратҳанинг тўрт ўғли қиёфасида туғилади.

Бизга маълумки, “Гўрўғли” достонидаги Равшан қизилбошларга асир тушади. У хожасининг Ҳилолой исмли синглисига уйланади. Маълум вақт ўтиб, Ҳилолойда тўлғоқ пайдо бўлади ва у қийналиб, туғолмай ҳалок бўлади. Кўмилганидан кейин фарзанди гўрда туғилади. Ўша алп — Гўрўғли эди.

Кўриб турганимиздек, ушбу паҳлавонлар туғилишининг ўзиёқ, уларнинг келгусида буюк ишларга қодирлиги дарагини беради. Бироқ, алплар туғилишининг ғайритабиийлиги ўхшаса-да, фарқли жиҳатлари ҳам бор. Чунончи, пандузодалар ва Дашаратха авлодлари илоҳий куч, Гўрўғли эса оддий инсондан дунёга келади. Табиийки, бу ­алпларнинг қаҳрамонликларида ҳам ­фарқли жиҳатларни юзага келтиради.

Алплик хислати ёки биринчи синов

Тўғри тарбия фарзанд камолотининг муҳим мезонидир. Ҳинд эпосларида бу иш билан мураббийлар шуғулланган. Гўрўғли эса устоз кўрмайди. Шунга қарамай 7 ёшида полвон бўлиб танилади. Қизилбошларнинг овулидан келган болани ошиқ ўйинида ютқазгани учун бир мушт уриб, ўлдириб қўяди. Кейинчалик унинг полвонлик хислати Исфиҳон шаҳрида тўрт уста ясаган ўқ-ёйни тортиб, тўққиз филдан ўтказганида ҳам яққол кўринади. Куч-қудратини гоҳида мақсадсиз сарфлангани унинг феълидаги тийиқсизликдан келиб чиқади.

“Рамаяна”да эса фарзандларнинг ҳар қадами назорат остида. Рам ва Лакшман Ганга дарёсидан сузиб ўтиб, девсифат хотинларни ўлдиргани учун донишманд унга тангрининг сеҳрли қуролини тухфа этади. Жонак саройида эса Рам Шиванинг сеҳрли камалагига тор боғлаб, шоҳнинг эгатдан топиб олган қизи Ситани куёвлар беллашувида ютиб олади.

“Махабхарата” эпосида Юдхиштранинг мард ва донолиги, Бхимасенанинг кучлилиги, Аржунанинг камонбозлиги, Накула ва Сахадеванинг қиличбозлиги мураббий Дрўна бошчилигида синовдан ўтказилади. Мувафаққиятли ўтган мусобақа таълим ва тарбиянинг мутаносиб олиб борилганлигини кўрсатади.

Тутқунлик

Лафз алпнинг энг муҳим хислати. Дашаратханинг еттинчи авлодида пайдо бўлган амакиваччалар: Кауравлар ва Пандавлар ўртасидаги низо туфайли алплар сургунга мубтало бўлишади. Ҳалол жангда уларни енга олишига кўзи етмаган Друдҳўна бир неча натижасиз ҳийлалардан сўнг, рақибига соққа ўйнашни таклиф этади. Алп мусобақадан бош тортмаслиги керак. Ўйнашга лафз қилади. Пандузода Юдхишхира Шакунига (Каурав Друдхўна қўйган тузоқ) барча мол-мулкини ютқизади. Ҳатто укалари, севимли хотини Драупатини ҳам соққада бой беради. Кейинчалик сургун пайтида укаси Аржуна ортга қайтишни маслаҳат солганида ҳам олижаноб алп лафзидан қайтмайди. Қанчалик мураккаб бўлмасин 12 йилнинг ўтишини кутишдан бошқа чоралари йўқлигини айтади. Лафзнинг кучи алпларни азоб-уқубатга дучор этса-да, улар умидсизлик, чорасизлик қуршовида қолмайдилар.

Гўрўғли Ғиркўкни қидириб юрганида тоғда чол қиёфасидаги Хизр билан беллашади. Шу ўринда донишманд ундан: “От тилайсанми, зот?”, деб сўрайди. Ушбу мотивда қаҳрамонимиз отга бўлган садоқатини исботлаб: “От”, дейди. У кейинчалик Ҳасанни Ваянгандан келтириб, асранди ўғил қилади. Авазни қизилбошлардан олиб келаётганида асир тушади. Бироқ буни сургунлик мотиви сифатида қабул қила олмаймиз. Юнус ва Мисқол париларни катта жисмоний куч билан қўлга киритади.

Лафз масаласи “Рамаяна” эпосида ҳам тасвирланган. Яздонлар билан урушда Кайкейига ўзини қутқаргани учун шоҳ: “Икки нарса тила, бажараман”, дея лафз қилади. Бу воқеани оқсоч маликага эслатади. Ўғлининг тожу тахт эгаси бўлишини истаган Кайкейи Рамни сургун қилишни, фарзандини тахтга ўтқазишини шоҳга айтади. Рам сургун пайтида укаси Бҳаратадан отасининг вафот этганини эшитганида ҳам ­орқасига қайтмайди. Сабаби алпга хос ­хусусият — лафзга садоқат туйғуси бунга йўл қўймасди.

Қолаверса, ҳиндларнинг анъана ва урф-одатларга бўлган садоқати Аржунанинг ­куёвлар мусобақасида ғолиб бўлиб, малика Драупатини акасига ёр қилгани ҳақидаги воқеаларда гавдаланади. Сабаби, ҳиндларда ҳам бош фарзанд биринчи бўлиб уйланади. Бу ака-укалар ўртасидаги ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибатни ифодалайди. Шунга ўхшаш мотив Гўрўғлининг Райҳон арабнинг қизини олиб қочиб, тоғасига келтирилганида ҳам тасвирланади. Чунки отаси қизининг алпга тегишини хоҳлайди. Гўрўғли эса тоғасига берган лафзидан қайтмайди. Фарқи эса, пандузода келинни беллашиб олса, Гўрўғли олиб қочади.

“Қутулиш” ва зафар қозониш

Ишонч, эътиқод ва ҳасад туйғуларининг эпос қаҳрамонлари қалбида мужассамлиги воқеалар кўламдорлигини таъминлаган. Асарга бадиий-тасвирий восита, муболаға ва ташбеҳлар, тафсилотли тасвирлар, ҳодиса ва манзараларнинг сокин ва тантанавор оқими улуғворлик бахш этади. Бу, айниқса, сон-саноқсиз лашкарлардан кўтарилган чанг-тўзоннинг осмонни тутиши, ўт-олов билан чулғаниб ёниши, қўшинлар қадамининг зарбидан майдонларнинг титраши, ўликлар тоғдек қалашиб, жанг майдонларида қон дарё бўлиб оқиши каби саҳналарда кўринади.

Рам Ланка шаҳрига киришидан олдин элчи жўнатади. Равана жанг қилмасдан Митхила маликасини қайтариб берса, жони ва қўшинлари омон қолишини билдиради. Бу ҳам алпга хос яна бир олижаноб, инсонпарварлик хислатининг исботи эди. Аржуна чўпон қиёфасидаги Кришнага ҳал қилувчи жангда душман томонидан мажбуран курашаётган бобоси Бхишам ва амакиси Видурга олижаноблик қилиб жангга кирмаслигини айтади. Бу эса биродарлик ва олиҳимматлик туйғуларининг алпда мужассамлигидан далолат беради.

Гўрўғлининг қаҳрамонлиги эса улардан тубдан фарқ қилади. У ҳатто она-табиатни ўз измига солади. Турли хил қиё­фалар(ҳайвон, парранда, мўйсафид чол ва ўспирин йигит, бахши, дев)га кириш орқали кўпгина савоб ишларни амалга оширади. Тошдан сув чиқаради, қақроқ чўлларда каналлар қазийди, қирқ чилтон ёрдамида шаҳар қуради. Одамлари муҳтожлик сезмайди. Гўрўғлининг буюк ­ишларидан энг биринчиси, ўзбеклар ва туркманларни бирлаштириб, очларни тўйдириб, кийинтирганида кўринади.

Бироқ Гўрўғлининг айрим ҳаракатларида алпга хос бўлмаган жиҳатлар ҳам бор. Илоҳий сўта орқали қиёфасини ўзгартириб, турли қаҳрамонликлар кўрсатиши, асранди фарзандини ўлимга буюриши бунга мисол. Ҳинд достонларида бундай мативлар эса ўзига хос. Рам ва Пандузода Аржун, ҳатто жангнинг охирги лаҳзаларида ҳам илоҳий қуролни ишлатишга истиҳола қилади. Ўз кучига ишонади, ақл билан фикрлайди.

Эпосларда қолиплаш усулидан фойдаланилган, яъни ҳикоя ичида ҳикоя усули орқали алплар характери очиб берилган. Биргина “Махабхарата” эпосида ўнга яқин ҳикоя жамланган. Воқеани бойитган ривоятлар эпосга сингдирилган бўлса-да, бироқ асарнинг умумий ғоясига хизмат қилган.

Эпослар ярим афсонавий ва ярим тарихий асар ҳисобланади. Уларнинг афсонавийлиги эпосдаги образлар тизимининг маъбуд, ярим маъбуд, фаришта, инсон ва ҳайвонлардан ташкил топиб, улар орасидаги турли ғайритабиий воқеаларнинг тасвирланиши билан боғлиқ бўлса, тарихийлиги барча шоҳликлар, уларнинг ҳукмдорлари, воқеалар тафсилотида учрайдиган шахс ва жойлар номининг тарихда ҳақиқатан ҳам бўлганлиги, айримларининг номи эса ҳанузгача сақланиб қолганлиги билан изоҳланади. Бу ҳар учала асарда кўринади.

Эпослар бадиий жиҳатдан жозибадор. Сўз ва тасвир обидасида ҳам биз гуманизм, элпарварлик, адолат ва ушбу моҳиятларнинг мангу душмани — одамкушлик, кибр, зулм, ҳақсизлик ўртасидаги курашларда кўрсатилган қаҳрамонона ҳаракатларнинг гувоҳи бўламиз.

Юқорида кўрганимиздек, ўзбек ва ҳинд халқининг ушбу уч нодир эпосидаги алпларга хос хусусиятлар бошқа персонажларда учрамайди. Миллатни миллат қилиб тарбиялашда қаҳрамонларнинг жасоратлари бугун ҳам ўша халқ фарзандларига бебаҳо хислатлар: фарзандлик бурчи, дўстлик, она-юртга муҳаббат каби туйғуларнинг намоён бўлишида хизмат қилмоқда. Бевосита ўзбек фарзандларидаги миллатпарварлик, халқпарварлик ­туйғулари ҳам Гўрўғлидан мерос қолгани айни ҳақиқатдир.

Гулчеҳра Ашурова,

ЎзМУ ўзбек филологияси факултети талабаси

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 20-сонидан олинди.