Эшқобил Шукур. Cўздан сўзнинг фарқи бор (2)

Кундош кунга шерикми?

Кундош. Кундошни баъзилар “кунга шерик”, “кунига шерик” маъносида тушунади. Лекин ҳозир ҳам Сурхондарёда “кунилаш” деган феъл ишлатилади. Укасига кўрсатилаётган эътибордан хафа бўлиб, яқинларининг яхши муносабатини қизғанаётган, укасини кўролмаётган болага нисбатан “Бола укасини кунилаяпти”, дейишади. “Кундош” сўзи айнан шу “кунилаш” сўзи билан алоқадор. “Ўзбек тилининг этимологик ­луғати”да ҳам “куни” сўзи қадимги туркий тилда “қизған”, “ғайирлик қил” деган маъноларни англатгани айтилган.

“Урғочи” “уруғ очувчи”ми?

Урғочи. Бу сўзнинг этимологияси ҳақида “Ўзбек тилининг этимологик луғати”да шундай дейилган: “Бу сифат қадимги туркий тилда мавжуд бўлиб, “ҳосил қил” маъносини англатган “ур” феълига кучайтириш маъносини ифодаловчи “-ға” қўшимчасини ва шахс маъносини билдирувчи “чи” қўшимчасини қўшиб ҳосил қилинган”. Албатта, бу изоҳда “уруғ” сўзининг ҳам туб илдизига ишорани кўриш мумкин. Лекин менинг хаёлимга тўсатдан яна бир фикр келди. Гарчи бу фараз аниқ асосларга эга бўлмаса-да, айтиб ўтишни маъқул топдим. “Урғочи” сўзи “уруғ очувчи” ёки “уруғ очди” деган маънога эга эмасмикан? Ҳар қалай, бу тахминни ҳам ўйлаб кўриш керак.

Бир онани эмган сўзлар

Ҳамшира ва ширхўра. Тилимизда, асосан, “шифохонада ишловчи, ўрта тиббий маълумотга эга бўлган ходима, тиббий ҳамшира” маъносини англатадиган “ҳамшира” сўзи форс-тожик тилидаги “бирга“ маъносини англатувчи ”ҳам” олд қўшимчасига “сут” маънисини билдирган “шир” отининг қўшилишидан ҳосил бўлган. Шу асослардан келиб чиқиб “ҳамшира” сўзи “Ўзбек тилининг этимологик луғати”да “бир онани эмган опа-сингиллар” деган мазмунни англатади, деб изоҳланган. Кейинги даврларда бу сўз “сингил” маъносини ифодалаган.

Жанубий вилоятларимиз шеваларида “ширхўра” деган сўз кўп ишлатилади. Бу сўз ҳам худди “ҳамшира” каби “бир онани эмган”, деган маънони англатади. Лекин бу сўз фақат аёлларгагина эмас, эркакларга нисбатан ҳам ишлатилади.

Каклик каккиллайди

Каклик. Товуқсимонлар оиласига мансуб, сайроқи тоғ қуши номини ифодалайдиган “каклик” сўзи асли товушга тақлиддан ҳосил бўлиб, унинг туб илдизи “какилламоқ” феълига бориб тақалади. Эҳтимол, “каклик” “какиллак” бўлгандир. Изоҳли луғатда “каккилламоқ” ва “какирламоқ” сўзлари бир хил асосга эга, деб кўрсатилган. Халқ ­орасида “каклик какирлайди”, деган ибора бор.

“Дакки”нинг чаккиси

Дакки. Ножўя иш, хатти-ҳаракат учун айтилган танбеҳ тилимизда “дакки” сўзи билан ифодаланади. “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да изоҳланишича, “дакки” сўзи аслида ҳинд тилидан бизнинг тилимизга кириб келган бўлиб, унинг асл шакли “дҳакка” бўлган ва у “зарб”, “туртки”, “изтироб” деган маъноларни англатган.

“Чакки юрсанг, дакки ейсан” (мақол).

“Чайир”га доир

Чайир. Тилимизда “чайир” сўзи “чиниққан”, “пишиқ” маъноларини англатади. “Ўзбек тилининг этимологик луғати”да изоҳланишича, қадимда саксовуллар оиласига мансуб, панжага ўхшаб ўсадиган ўсимликнинг номи “чайир” бўлган ва шу ёввойи ўсимлик номидан маъно тараққиёти натижасида сифат ўсиб чиққан. Шундан сўнг “чайир” сўзи “ёрилиши қийин ўтин” маъносини англата бошлаган. Кейинроқ бу сўз одамга нисбатан чиниққан, пишиқ маъносида ишлатилган.

Тол туш

Тол туш. Жонли тилимизда ҳозир ҳам қоқ туш пайтини ифодалайдиган “тол туш” бирикмаси қўлланилади. Бу бирикма жуда қадимдан бизда бўлган. Ундаги “тол” сўзи “қоқ ўрта”, “тўлиқ” деган маъноларни англатган. Демак, “тол туш” бирикмаси ёз фаслидаги “туш пайтининг қоқ ўртаси” ёхуд “тўлиқ туш вақти”, деган мазмунни билдирган.

“Нефт” излаб

Нефт. Ёнилғи сифатида ишлатиладиган ва бензин, керосин каби маҳсулотлар олинадиган қора ёғсимон суюқ минерал модда тилимизда нефт, деб аталишини яхши биламиз. Бироқ негадир бу сўз тилимизга бошқа тилдан кириб келгандай таассурот қолдиради. Аслида “нефт” сўзи тилимизда қадимдан бўлган туркий сўздир. Алишер Навоийнинг “Хамса”сида “нефт” сўзи бир қанча ўринларда “нафт” шаклида келган:

Бўлуб икки кўзи наззора чоғи,

Нечукким нафтнинг ўтлуғ булоғи.

* * *

Не ўтким оғзидин тортиб забона,

Бўлуб нафти ёрутқондин нишона.

Санскритчани биладиган ”бахши”

Бахши. Халқ қўшиқлари ва достонларини ёддан куйловчи оқин маъносини англатган “бахши” сўзи аслида тилимизга санскрит тилидан кириб келган. Изоҳли луғатда изоҳланишича, санскрит тилидаги “бҳикшу” сўзи “будда донишманди” деган маънони билдирган. Кейинчалик бу сўз тилимизда “бахши” шаклида шаклланган. Ҳам шаклан, ҳам маънан тўлиқ ўзбек сўзига айланиб бўлган “бахши” сўзининг бошқа тилдан кириб келганлигини бировга айтсангиз ажабланади. Демак, сўзнинг руҳи ҳам, шакли ҳам ўзи ўтган тилга тўлиқ мослашиб кетиши мумкин экан-да. Бу жараён, албатта, шу тил соҳиби бўлган миллатнинг ўша сўзни қандай қабул қилишига боғлиқ.

Дўмбирасиз бахши бўлмас, ёмонсиз яхши бўлмас. (Мақол)

”Ғаладон”даги ғалла

Ғаладон. Стол, жавонларнинг нарса солиб қўйиладиган тортмасини “ғаладон” деб атаймиз. Баъзан пул ёки майда буюмлар сақланадиган қутичани ҳам шу сўз билан ифодалаймиз. Бу сўзнинг қандай пайдо бўлгани жуда қизиқ. Одатда “ғаладон” сўзини тез-тез ишлатамиз-у, лекин унинг туб маъносига эътибор қилмаймиз.

“Ғаладон” сўзининг туб илдизи аслида “ғалла идиши”, “дон сақланадиган жой” деган маъноларни англатган(“Ўзбек тилининг изоҳли луғати”).

«Шағал»дан «шакар» қилиб

Шакар. Бу сўзнинг қандай маънони англатишини яхши биламиз. “Шакар” сўзи тилимизда кўчма маъноларда ҳам, рамз маъносида ҳам кўп қўлланади. Бу сўз иштирокида қанча мақоллару ҳикматли сўзлар бор. “Шакар” сўзининг ҳам туб илдизи жуда қизиқ мазмунга эга. Қадимги ҳинд тилида “shakkhara” деган сўз бўлган ва бу сўз дастлаб “шағал”, “қум” деган маънони англатиб, кейинчалик “қанд уни” мазмунини ифодалаган.

Тополмайин юрур ёрнинг ўзини,

Тўтиё қилади шакар сўзини.

(“Ширин билан Шакар” достонидан.)

Ширин сўз шакардан ширин. (Мақол)

«Ўдаға»нинг ўдағайлагани

Ўдаға. Бу сўзга халқ оғзаки ижоди намуналарида дуч келамиз. Адабиётшунос Тўра Нафасовнинг таъкидлашича, “ўдаға” сўзи қадимда “бошлиқ”, “сардор” деган маъноларни англатган ва ҳозир ҳам мамлакатимизнинг жанубий ҳудудларида бу сўз шу маънода ишлатилади. Эҳтимол, “ўдағайламоқ” деган феъл ҳам шу сўздан келиб чиққандир. Эҳтимол, “ўдағайлаш” феълининг таркибида “дўғ” (“дўқ”) сўзи ҳам иштирок этаётган бўлиши мумкин. Чунки “ўдағайлаш” маъно жиҳатдан “дўқлаш”га жуда яқин келади.

Алла, жоним, ўдаға,

Ўзим бўлай садаға. (Халқ қўшиқларидан.)

«Чигит» ва «чиғириқ»

Чигит. Бу сўз пахта уруғи маъносини англатишини яхши биламиз. Хўш, “чигит” сўзининг туб илдизи қандай мазмунга эга? “Ўзбек тилининг этимологик луғати”да изоҳланишича, қадимги тилимизда “боғла” маъносини билдирган “чиғ” деган феъл бўлган. Шу феълга “-ит” қўшимчаси қўшилиб, “чигит” сўзи ҳосил қилинган. “Чигит” сўзи “толаларни ўзига боғлаб турувчи” деган маънони англатади. Демак, “чигит” ва “чиғириқ” сўзлари бекорга уйқаш эмас.

Далда

Далда. Тилимизда руҳни кўтарувчи, дадиллик бахш этувчи, маънавий ёрдам маъносида ишлатиладиган “далда” сўзи асли қадимда “шамол ва ёмғирдан ҳимояланган жой” деган маънони англатган экан. Бировга далда бўлаётган одам ҳам уни нимадандир — эҳтимол шамол ё ёмғирдан ё хавфу хатардан ҳимоя қилаётган бўлади. Ҳеч бир сўз ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмаган. Шунинг учун бу сўзнинг “пана бўлмоқ” деган мазмуни ҳам бор. “Далда”нинг туб илдизи “дал” — “елка“ ёхуд “орқа тараф” деган маънога эга бўлган.

“Улоқ”нинг “улови”

Улов. Кейинги пайтларда бу сўз йўловчи ёки юк ташувчи транспорт воситалари маъносини ҳам англата бошлади. “Ўзбек тилининг этимологик луғати”да изоҳланишича, “улов” сўзи қадимда “миниб юриладиган ҳайвон”, “иш ҳайвони” мазмунини билдирган “улағ”, яъни “улоқ” сўзидан келиб чиққан. Иш ҳайвони маъносини англатган “улоқ” сўзининг “эчки” маъносидаги “улоқ”қа айланиши ғалати. “Улов” сўзининг “улоқ” сўзидан келиб чиққани диққатга молик. Қизиғи шундаки, “улоқ” сўзи кейинги даврларга келиб “эчки” ва “кўпкари” маъноларини англата бошлаган.

“Балчиқ”даги “балиқ”

Балиқ. Балиқнинг сув жонивори эканини яхши биламиз. Манбаларнинг таъкидлашича, бу сўзнинг бошқа маънолари ҳам бор. Қадимда девор, ғишт девор билан ўралган қалъа, девор билан ўралган шаҳар ҳам “балиқ” сўзи билан ифодаланган. Масалан, “Бешбалиқ”, “Бойбалиқ” деган жой номлари бор. Тилимизда бу сўзга яқин “балчиқ” деган сўз ҳам бор. Бу сўзларнинг туб илдизи бўлган “бал” сўзи асли “лой” деган маънони англатган. Яна баъзи манбаларда “сув жонивори” мазмунини билдирган “балиқ” сўзи “ярқираш” маъносидаги “балқ” сўзидан келиб чиққан, деган тахминлар ҳам бор. “Балчиқ”даги “бал” “лой” маъносини англатган бўлса, русча “болота”даги “бол” мазмуни бу илдизга яқинмикан, деган тахмин ҳам хаёлга келади. Лекин луғатларда “болота” сўзининг туб илдизи славян тилларида эканлиги таъкидлаб ўтилган.

“Қапчиғай”

Қапчиғай. Юртимизда бу сўз билан аталадиган жой номлари ҳам бор. Мен Қумқўрғонда “Оққапчиғай” ­деган жой борлигини биламан. Манбаларда айтилишича, бу сўзнинг туб илдизи мўғулча бўлиб, “қапчиғай” асли “дара”, “тоғ йўли”, “тор, ўтиш қийин бўлган жой” каби маъноларни англатади. “Қапчиғай” сўзига асос бўлган “қапчи” сўзи “икки ёндан қисиш” деган ­маънони англатган.

“Қумғон”даги “қимиз”

Қумғон. Тарихимизда ўчоқда чой қайнатиш учун кўзача шаклида ясалган идиш “қумғон” деб аталган. “Ўзбек тилининг этимологик луғати”да изоҳланишича, “қумғон” сўзи таркибидаги “қум” сўзи “тўлқинлан”, “қайна”, “чайқал” деган мазмунни ифодалаган. У ҳолда “қумғон” сўзига “қимиз” сўзининг нима алоқаси бор, дейишингиз мумкин. Бу сўзлар бир ­дарахтнинг шохобчаларидай гап. “Қимиз” сўзининг ўзаги ҳам “тўлқинлан”, “қайна”, “чайқал” маъносидаги “қум” сўзидир.

Ёлғонлаб ёлчимаган ялқов

Ёлғон ва ялқов. Ёлғон борки, ялқов бор. Ялқов борки, ёлғон бор. Улар ҳамиша ёнма-ён юради. “Ёлғон” ва “ялқов” сўзлари ҳам битта косадан сув ичишади. Бу сўзларнинг туб илдизи “йал” бўлиб, у “алдов”, “ёлғон”, “алдам-қулдам гаплар” деган мазмунга эга экан. Бироқ “ёлчимоқ” (йалчимоқ) феълининг ўзаги ҳам “йал” бўлиб, бундаги “йал” бошқа маънога эга. “Йалчимоқ”даги “йал” сўзи “дам”, “ором”, “хотиржамлик” деган маъноларни англатади.

Дарвозанинг қопқоғи

Қопқоқ. Бу сўз идишнинг уст томони, оғзини бекитиб турувчи қисми маъносида маълум. Хўш, бу сўз қандай пайдо бўлган? Қадимги тилимизда дарвоза ва эшик “қопқа”, “қапуғ” сўзлари билан ифодаланган. “Қопқоқ” сўзи ҳам айни шу эшик маъносидаги “қапуғ” сўзидан келиб чиққан. Унинг туб илдизи “қопла”, “ёп” деган ­маъноларни англатган.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 33, 36, 39-сонларидан олинди.