Абдулла Қодирий: Иймоним тазйиқи остида сўзлайман (1988)

Ҳалол одамни таъқиб этиш мумкин, аммо уни бадном қилиб бўлмайди.

Ф. ВОЛЬТЕР.

…Минг тўққиз юз йигирма олтинчи йилнинг марти. Қантар оғган маҳал. Изғириннинг дами қайтган. Саф-саф ястанган майсалар аёзнинг «муваққат қаҳрига» исён кўтаргудай. Ариқлардан оқаётган сув ўзидан оппоқ буғ чиқарганча аллақаёқларга шошилади. Ердан ҳовур кўтарилади. Дов-дарахтлар ҳам бу ўзгаришларни ажабланиб кузатаётгандай.

Номозшом… Осмоннинг ҳув четидан рўдапо булут судралиб келаётир. Тошкентнинг Бешёғоч мавзеидаги Эшонгузар маҳалласидаги одамлар ҳам турмуш ташвишларининг залворли юкларини елкаларига ортмоқлаганча табиатдаги бу уйғонишни гоҳ пайқаб, гоҳида пайқамай туртиниб, суртиниб уйларига ошиқадилар. Одамлар оқими ичидан ўрта бўй, хушбичим, қорачадан келган ва тим қора кўзларида мубҳам бир ифода қотган, кийимлари эса ўзига ярашиқлиғ, паришонхаёл йигит ўтиб боради. Тизгинсиз хаёллар ўз оғушига олган бу киши — элнинг севимли ёзувчиси Абдулла Қодирий. У ён веридан ўтаётган таниш нотанишларнинг бош ирғаганини гоҳ илғайди — гоҳида йўқ. Негадир бугун дилтанг. Йўқ, афтидан ишларнинг бари маромида. «Ўтган кунлар» қўлма-қўл ўқилмоқда, ичакузди фельетонлар, ҳажвиялар пешма-пеш «Муштум» юзини кўрмоқда. Бироқ, уларнинг бари уни ҳали тўла қаноатлантирмасди. Хаёлида чарх ураётган феъл-атворлар, қиёфалар ва воқеалар тизмаси уни туганмас беоромлик гирдобига тортиб кетарди. Ҳа, Қодирий бўлажак романнинг «тўлғоқ азоб»ларини бошидан кечирарди. Қолаверса, давр барча зиддиятларни юзага чиқарган, бу зиддиятларни ҳал этишда эса мавқеларни, маслакларни белгилаш муҳим эди. Бу қарама-қаршиликлар шахсларда янада мураккаброқ томонлари билан акс этар ва уларни синфий кураш деган пўртанага тортиб кетарди. Янги ҳаёт сари йўл кўп оғирликлар устидан солинаётганди. Қодирий ана шундай ўй хаёллар оғушида уйига қандай етиб келганини сезмай қолди. Бўсаға ҳатлаб ўзини уйга оларкан, кайфиятидаги мискинлик тумандайин тарқаб кетди.

Анчайин кексайиб қолган мунисгина онаси Жосият биби теварагида чуғурлашиб ўйнашаётган болалари Назифа, Ҳабибулла ва Адибани кўриб меҳри ийди. Ёстиқдоши Раҳбар эса қимтинибгина рўзғор ишлари билан куйманиб юрибди. Бир зумда уй қувноқ шовқинга тўлиб кетади. Она учун болаларини шу ҳолатда кўришдан ортиқроқ бахт йўқ. Болалари билан тиллашаётган ўғлига қарар экан, унинг кўзларида аллақандай ҳорғинликни кўргандай бўлди. Ҳа, ташвиши кўп. Сўнг она хонадоннинг камолини тилаб пичирлаб дуо қилади. Абдуллам элнинг хизматида. Эл улуғлаган одам кам бўлмайди. Болалари бахтига омон бўлсин. Бари ҳам орқамда қолишсинда эгам!»

Эҳ, оналарнинг дуолари ҳпр доим ижобатга ўтса борми, бу дунёда ғамхонанинг ўзи бўлмасди. Надоматлар бўлсинки, гоҳида воқеалар ривожи ўзгача кечади. Ўша кеч Қодирий болаларини эркалаб турган паллада унинг атрофида қабоҳат кўланкаси тентирар, деразаларидан ёруғлик ва қувонч ёғилиб турган хонадонга қандай суқулишни билмай гаранг эди. Асабийлашган кўланка дайди шамол кўмагида ўзини оппоқ парда тутилган деразага урар ва уни зир титратишдан нарига ўтолмай хуноби ошарди. Йўқ, қабоҳатнинг жирканч қўллари узун ва беҳисоб экан. Ана, ниҳоят, эшик тўсатдан қаттиқ тақиллайди. Негадир, юрагини нохуш ўйлар ғижимлай бошлаган Жосият биби ўғли Абдуллага қаради. Онанинг хавотирланганини кўрган Абдулла елкасига тўнини олганича шоша-пиша эшикка йўналди. Орадан ўтган бир зум Жосият биби учун жуда узоқ кўринди. Ва ниҳоят ўғли уч кишини бошлаб кирди, ранги бир оз ўчинқираган. Кутилмаган меҳмонларнинг ташрифи ҳаммани танг қолдирганди. Китель кийган, юзлари заҳил бириси Қодирийга юзланиб:

— Бўла қолинг, буйруқ шундай — дейди расмий, беёқимроқ овозда. — Ҳа, дарвоқе, мана бу сизни қамоққа олишим кераклиги ҳақида ордер.

Нелар бўлаётганини унчалик англай олмаган Қодирий ордерга кўз югуртирди:

«32 Ордер.

1926 йилнинг 8 мартида ходим Курмановга берилган.

Гражданин Абдулла Қодиров қамоққа олинсин ва тинтув ўтказилсин. Адрес: Тошкент шаҳрининг Бешёғоч қисмидаги Эшонгузар маҳалласи».

Баданига чумоли ўрмалагандай бўлди. «Бу ерда қандайдир англашилмовчилик бўлганга ўхшайдир. Йўқ. Унда нега булар менга бундайин муомалада бўладилар. Нега?.. Болалари Назифа ва Ҳабибулла Жосият бибининг пинжига тиқилганларича, «бегона амаки»ларга қараб-қараб қўйишарди. Қодирий оғир нигоҳларини ердан олиб, қўзғаларкан, онасига:

— Онажон, бу ерда қандайдир тушунмовчилик бўлганга ўхшайди. Мен буни аниқлаб тезда қайтаман. Хавотир бўлманглар, — дейди. Қодирий эшикка етганида орқасига қайрилиб қаради. Афсус, балки қарамаганида осонроқ бўлармиди. Унинг кўз ўнгидан ҳозиргина кўргани, бурчакда сиқилишибгина турган пажмурда онаси ва муштипар хотини болаларини қучоқлаганича унсизгина юм-юм йиғлаётгани анча маҳалгача кетмади. Икки муштипар аёл ва уч норасида ўз оҳига ўзи ўралиб қолаверди. Ярим тунга бориб қаттиқ момақалдироқ осмоннинг чокини сўкиб юборди. Шивалаб ёмғир ёға кетди. Ҳалигина бу бахтли оиланинг қувончига шодон тикилиб турган дераза кўзларидан ёмғир томчилари, бамисоли кўз ёшидек оқа бошлади…

* * *

Ўша машъум кечада воқеалар шундай кечган бўлса, не тонг. Қўлимда ўша зиддиятли курашларга тўлиқ даврнинг гувоҳи бўлмиш ҳужжатлар… Йиллар ўз муҳрини босган саҳифаларни варақлар экансан, сен учун мўътабар бўлган инсоннинг мудҳиш тақдири ҳақидаги воқеалар кўз олдингга, ўзининг барча фожиалари билан қалқиб-қалқиб чиқаверади.

20-йиллардан буён ўтган фурсат тарих учун бир сония. Бироқ, бу даврда кечган воқеалар ўзининг сирлилиги ва мавҳумлиги билан биздан анчайин узоқда. Ҳануз мавҳумлик ўз чангалида тутиб турган тақдирлар тўғрисидаги ишлар талай. Бугунги авлод ҳақиқатни билиши шарт. Бу давр тақозоси. Қолаверса, ахир, буни ноҳақдан завол топган тақдирлар сўрайди, биздан.

Ана шундай одамлар орасида Абдулла Қодирий ҳам бор. Қодирийнинг ўз қўллари билан ёзган илтимосномаларини, кўрсатмаларини қалбда алам, кўзда ёш билан ўқир экансан, шунда улуғ ёзувчи олдидаги буюк қарздорлик ҳисси мудроқ онгингга тиғ каби санчила боради. Узиб бўлмас қарзни узиш қийин. Кеч бўлсада, ўталмаган бурчнинг армонлари дилни эзади.

Қодирий ҳақида сўз айтиш — жуда масъулиятли иш. Бироқ, ёзувчи ҳаётининг баъзи томонларини бойитувчи ҳужжатларини ўрганар эканман, бурчим юзасидан бу ҳақда ўқувчиларга ҳикоя қилиб бериш учун ўзимда журъат сездим. Зеро, Қодирий ҳақидаги ҳар бир каломни ўқувчилар интиқ кутиши, шубҳасиз. Бас, шундай экан, улуғ санъаткор ҳақида бир-икки оғиз янги гап айтиш дилга таскин беради.

Шундай қилиб, суронли минг тўққиз юз йигирма олтинчи йилнинг март ойи…

* * *

«Ўрта Осиё ГПУсининг ходими Курманов томонидан ҳибсга олинган гражданин Абдулла Қодирийнинг уйида 1926 йил 8 мартдаги ГПУнинг 32-ордерига асосан тинтув ўтказилди. Тинтув ўтказишда қатнашувчилар: Шосаидов Шотурсун, Муҳамедов, Терегулов ҳамда Абдулла Қодирийнинг ўзи.

ОГПУ олиб кетиш учун қуйидаги ҳужжатлар мусодара қилинди:

1. Мусулмон тилидаги ҳар хил ёзишмалар бир юз қирқ икки (142) варағ;
2. 3 китоб: 1. Бахтсиз куёв; 2. «Жувонбоз»;
3. Абдулла Қодирийнинг ўзбек тилидаги асарлари; …
4. Юсуф Оқчуриннинг турк тилидаги «Европада ижтимоий-сиёсий қарашлар» асари.

Тинтув ўтказди: Курманов.

Протокол нусхасини олдим: А. Қодирий».

Шундан сўнг тергов органлари иш бошлади. Суд органлари томонидан А. Қодирий шахси синчиклаб ўрганила боради. Ана шу тергов органларининг «холис хизмати» туфайли Қодирийнинг ўзи томонидан тўлғазилган анкеталарнинг ва кўрсатмаларнинг асл нусхалари сақланиб қолган. Анкетадаги ёзувлар Қодирий таржимаи ҳолига аниқлик киритади деган мақсадда уни тўлиқ ҳолда келтирамиз. (Анкета русча тўлдирилган).

«Қодиров Абдулла, ЎзССР граждани, миллати ўзбек, доимий қайд қилинган жойи Тошкент шаҳри. 1896 йил 15 майда туғилган, 30 ёшда. Уй маълумоти бор. Қарамоғида: хотини Раҳбар — 30 ёшда, қизи Назифа — 9 ёшда, ўқийди, ўғли Ҳабибулла 7 ёшда, қизи Адиба (анкетада Ақиба деб ёзилган — А. X.) — 3 ёшда, онаси Жосият — 65 ёшда. Партиясиз. Ҳунари дурадгорлик (тоқичилик). Хусусий устахоналарда ёлланиб ишлаган. Октябрь инқилобидан то 1918 йилгача Эски шаҳар озуқа комитетида саркотиблик қилади. 1918 йилдан 1920 йилгача эски шаҳар касабалар шўросида саркотиблик вазифасини бажарган. 1920 йилдан 1923 йилгача ТКПнинг агитпроссида ишлайди. Мансаби йўқ. Хизмат қилиб кун кечирган. Уйи бор. Маъмурий ёки суд жавобгарлигига тортилмаган. Ҳарбий мажбуриятга муносабати — йўқ.

1926 йил 8 мартда ГПУ томонидан уйида ҳибсга олинган. Сўроққа чақирилмаган. Айбнома берилмаган. Қамоққа олишдан илгари яшаш жойи. Тошкент шаҳар, Бешёғоч Эшонгузар маҳалласи» (48) Араб имлосида Абдулла Қодирий имзоси 1926 йил 8 март».

Тўсатдан қамоққа олинган Абдулла Қодирий қайси гуноҳлари учун бу «шармандали ўйинга» тушиб қолганлигини англолмай изтироб чекарди. Кечагина асарлари қўлма-қўл ўқилаётган, барча тавозе билан ҳурматини жойига қўядиган Жулқунбой қип-қизил тескаричи бўлиб чиқса-я. Энди одамларнинг кўзига қандай қарайди. Не деган одам бўлди. Қоронғи зах хонанинг у ёнидан бу ёғига юрар экан, миясини фақат бир савол буровга олаверарди. «Не ёзиғим учун? Не ёзиғим учун бундай жазога лойиқман?» Деворлар гунг эди, олам гунг эди.

Қодирийнинг ўтирса ўрни, юрса йўли куйиб, бутун кечмишини сарҳисоб қилар, кўзга илгулик айб тополмай янада ҳуноби ошарди. Бундай кундан кўра ўлим авло эмасму? Йўқ, мен аҳли туробга қўшилиб кетишдан чўчимасмен, лекин дилни мендан сўнг қоладирғон тавқу лаънат тошини букчайганча ортмоқлаб юрган жигарбандларимнинг оҳи эзадир. Ҳаммадан онамга, болаларимга жабр бўлди. Эҳ, бу пешонада ҳали қандай кўргуликлар бор. Не бўлса ҳам ишга аниқлик киритмоқ лозим. Нега мени ҳеч ким йўқламайдур. Сўровга чақиришса ҳам бир нави эди-я. Уф-ф… Ақлдан бегона бўлиш ҳеч гап эмас. Булар то ўзимни-ўзим еб бўлгунча томошабин бўлармикан? Наҳот, бу лаънати томоша мен учун нақадар қимматга тушаётганини фаҳмлашмаса? Дарвоқе, бугун қайси кун? Агар хотирам панд бермаса, мартнинг йигирма иккинчиси. Мана, қамоқда сақланаётганимга ҳам қарийб икки ҳафта бўлаяпти. Во дариғо, наҳот бари энди абас бўлса…

Оғир изтироблар тўлқини ёзувчини ўз бағрига ола кетади. Ахири, асаб торлари таранг тортилган Қодирий зил-замбил эшикни зарб билан ура бошлади. Унинг бутун нафрати муштига тугилиб, кучли зарба билан оғир эшикка тушаётганди. Қодирийнинг назарида оламни тутиб кетаётган ана шу зарба овозларини ўзидан бошқа ҳеч кимса эшитмаётгандай эди. Беҳуд бўлган Қодирийнинг қўллари беҳол сирғалиб тушди. Унинг қалбини бир зумда забунлик ҳисси чулғади. Наҳот, мени ҳеч ким эшитмаса?

Шу пайт қадам товуши қулоққа чалинди. Рўёмикан? Йўқ, қадам товуши борган сари яқинлашиб келарди. Шукур, эсларига олишибди. Эшик олдида қадам товушлари тинди. Олдин махсус тешикчадан назоратчи қарайди. Қодирий назарида тешикдан унга тикилаётган кўз тобора катталашиб бораётгандай эди. Унинг негадир шу кўзда яширинган ифодани жуда-жуда билгиси келди. Аммо буларнинг бари бир зумда тугайди. Кўз йўқолади. Тешикча ёпилади. Зум ўтмай эшик шиқирлайди. Қўллари асабий титраётган ёзувчининг биринчи гапи «Мени терговга чақиришларингизни сўрайман» бўлди.

Ташқарида эса ҳаёт ўз маромида давом этар, кимдир бозорда арзон баҳога уриб олган молини ҳамроҳига мақтар, кимдир тирикчилик ташвишида сарсон тентирар, хулласи ҳамма ўзи билан ўзи овора эди.

Буларнинг бирортаси ҳам ораларидан яккаю ягона бўлган Жулқунбойнинг йўқолиб қолганини сезмайди, сезишни истамайди.

Ҳаёт ўз маромида давом этаверади…

ГПУ комендантига маҳбус Абдулла Қодировдан

АРИЗА

Шу йилнинг 8 мартида ҳибсга олиндим ва ҳанузгача назорат остида қамоқда сақланиб келинмоқдаман. Ҳалигача сўроққа чақирилганим йўқ. Умуман, не гуноҳларим учун айбланаётганлигим мен учун қоронғу. Заррача бўлса-да, ўзимни қора сезаётганим йўқ, шундай бўлсада, менинг ишим кимда эканлигини аниқлаб, зудлик билан терговга чақиришларингизни сўрайман. Акс ҳолда, ўзимни қурбон қилсам-да, 24-мартдан бошлаб очлик эълон қиламан.

А. ҚОДИРОВ,

22 март, 1926 йил.

Қодирийнинг аризаси инобатга олиниб, сўроққа чақирилади. Терговда у ўзи ҳақидаги бор ҳақиқатни айтади. Бошқача бўлиши ҳам мумкин эмасди. Чунки у адлу додга эришиш учун курашни бошлаганди. Азалдан ҳам унга бу йўлда ҳақиқат ҳамишалик ҳамроҳ бўлган. Шунинг учун ҳам Қодирий протокол сўроқларига жавоб берар экан, очиқ сўзлайди. Сўров 1926 йилнинг 24 мартида ГПУ махсус бўлими вакили Агидуллин томонидан олиб борилади.

Қодирийга тергов жараёнидан англашила борадики, унга қарши қўзғалаётган айбномага асос бўлган ашёвий далил яқинда «Муштум» журналида эълон қилинган «Йиғинди гаплар» мақоласи экан. Ёзувчи мақолани бошдан оёқ эсга олар экан, унга бунчалик тескари тус берилади деб ҳеч ўйламаганди. (Бу мақола билан боғлиқ бутун тафсилотлар Ҳабибулла Қодирийнинг «Ёшлик» журналининг 1987 йил 11-сонида эълон қилинган. «Фельетон қироли ёки ўз элининг махсус мухбири» номли хотираларида яхши ёритилган).

Иш шу тариқа жиддий тус ола боради. Терговчилар ҳар бир майда «детал»ларигача аҳамият бериб синчковлик билан айбномаларни тўлдириб боришар, ишга доир ҳужжатлар кундан-кун кўпайиб бораётганди. Гумонлар, шубҳалар, ўргимчак инидек одамлар қалбини чирмаб олаётган давр. Кишиларда бир-бирига ишончдан кўра, бадгумонлик кучлироқ. Гумон ва ҳадикка тўла ҳаёт…

АЙБНОМА

Абдулла Қодиров «Муштум» журналининг муҳаррир ёрдамчиси лавозимида ишлаган. Ўз вазифасидан фойдалангани ҳолда муҳаррирнинг қатъий тақиқига қарамай журналнинг 27-сонида «Йиғинди гаплар» мақоласини бостирган. Моҳияти жиҳатидан мазкур мақола очиқдан-очиқ Ўзбекистон ҳукумати ва Компартиясининг раҳбарларини обрўсизлантириш ҳамда шу билан бирга Коммунистик партиянинг муҳим тадбирларини танқид қилиш ва масхара қилиш руҳи билан ёзилган. Муаллиф шубҳасиз бу мақолани аксилинқилобий мақсадларда фойдаланиш учун кенг ёйишга уринган.

Бу жиноий ҳатти-ҳаракат Ўзбекистон Жиноят процессуал кодексининг 72 ва 105-моддасининг 1-бандига мувофиқ кўриб чиқилсин. Айбнома протоколини тузувчилар Агидуллин ва Бельскийлар.

Айбнома Қодирийга 24 мартда берилади. Унга Абдулла Қодирий «Ўзимни айбдор деб тан олмайман» дея имзо чеккан.

Тергов жараёнида Қодирий ишига тааллуқли янги янги «далиллар» топила боради. Қодирий томонидан таҳрир қилиб туширилган «Бон-бон» мақоласи ҳам ана шундай ашёвий «далиллар» сирасига киритилди. Айбномада кўрсатилишича, мазкур материал ҳам муҳаррир томонидан босишга яроқсиз деб топилган. Бироқ, Қодирий редактор резолюциясини ўчириб, унинг соф моҳиятини сохталаштирган ва босмахонага топшириб юборган. Унинг бу жиноий ҳатти-ҳаракати жиноят кодексининг 116-моддасига биноан 128, 129, 142-моддаларга амал қилинган ҳолда кўриб чиқилсин. Қодирийга эса қўшимча айбнома берилсин.

3 апрелда берилган бу айбномага ҳам Қодирий «ўзимни айбдор деб тан олмайман» дея имзо чекади.

Айбсиз айбдорликнинг хўрликлари узоқ, кўзёшлари аччиқ. Ноҳақ туҳматнинг тоши эса нақадар оғир. Нима қилсин. Ҳақлигини қандай исботласин. Кун ора ишга унга қарши бўлган ашёвий далиллар ва жонли гувоҳларнинг кўрсатмалари қўшилаверар, терговчи ҳам уларни йиғишдан зерикмасди. Мана Қодирийнинг жиноий ишига тиркалган ашёвий далиллар:

1. «Муштум» журналининг 27-сонида жойлашган «Йиғинди гаплар» мақоласининг қораламаси.

Муаллиф А. Қодиров.

Ўша мақоланинг асл нусхаси.

2. «Муштум» журналининг 28-сонида «Бон-бон» номи билан босилган мақоланинг асл нусхаси. Муаллиф Хуршид «Муштум» журнали 27-сони «Йиғинди гаплар» мақоласининг корректураси.

Тергов пайтида Қодирийнинг кўпгина ҳамкасабалари ва дўстлари гувоҳ сифатида чақирилган эдилар.

Булар терговга ўз кўрсатмаларини берар экан, шунда кўзлари Қодирийнинг кўзларига дуч келишидан жуда чўчишган бўлишлари керак. Аччиқ заҳарханда ва нафратга тўла бу кўзларга боқиш улар учун қийин эди. Чунки улар Қодирий билан яқин-яқингача дўст, ҳаммаслак эдилар. Энди эса икки ўртада тубсиз жарлик пайдо бўлган. Қодирий собиқ дўстларига тикиларкан, наҳот қўрқоқлик кишини шундай ожиз, нотавон қилиб қўйса-я, афсус. Вақт ҳар қандай жароҳатга ҳам муолажа бўлиши мумкин. Бироқ энг яқин кишиларинг қалбингга етказган жароҳатни битказиш… дея ўйларди.

Бир-бирига гал бермай сўйлаётган гувоҳлар ва мискин кайфиятда ўтирган айбдорнинг кейинроқ бир гирдобга тушиб, завол топишини ҳали ҳеч ким билмасди, билолмасди. Йўқ, улар ёмон одамлар эмасди. Уларда билим ҳам, ўқув ҳам, савия ҳам етарли эди. Бироқ…

Ҳозирча ҳамма бу гирдобдан қутилиш пайида эди.

Ҳаммадан кўра, Жосият бибига қийин бўлди. Онаизорнинг оҳу-фиғонлари оламни тутган. Кўзининг нури, белининг қуввати Абдулласини олиб кетганларидан буён камгап бўлиб қолган. Бир тутамгина бўлиб бурчакда қароғидан бирор мужда келармикан, деб эшик пойлайди. Эшик тиқ этса юраги ҳаприқади. Аксига олиб уйларидан бирин-кетин танишларининг ҳам оёғи тортила бошлайди. На илож, кўргуликда! Бечора она, туну кун осмонга илтижолар қилади. Дуолари ижобатга олинишига ишонади. Тундан бир оз ҳадик оладиган бўлиб қолибди. Назарида, дераза ва эшиклардан қоронғулик худди ана у уч кишидек бостириб келаверади. Кампир қуш уйқу. Бир кун кечқурун кўзи андак илиниб туш кўрипти. Эмишки, тушида Абдулла уйга келаётганмиш, эгнида оқ кўйлак, оқ лозим, оёқлари яланг. Кулармишу, товуши чиқмас эмиш. Уйларига яқинлашганида, қаердандир жуда баҳайбат қора ҳўкиз пайдо бўлибди-ю, болагинасига ташланипти. Абдулла ўнгга-сўлга қочибди. Қайда, орқадан ҳўкиз яқинлаша бошлабди. Калласи хумдай, кўзлари косасидан чиққудай. Ҳўкиз ҳар пишқирганида, оғзи-бурнидан оқ кўпик ўрнига қопқора қон отилармиш. Ҳўкиз ўғлига етай деганида, Жосият биби ўрнидан сапчиб туриб кетди. Туф-туф, кўкрагига туфлади. Ҳайтовур, тушим экан, ёруғликка бўлсин, ишқилиб». Қайтиб кўзига уйқу келмади. Туни билан ўғлини, унинг норасидаларини ўйлаб тонгни оқлади.

Эрталаб келини Раҳбарга ўғлини кўриши зарурлигини айтиб ёрилди. Қайнонасининг ажинлари янада қуюқлашган юзига қараркан, келиннинг хўрлиги келди. Қандай ўктам аёл эди-я. Ғам эзиб қўйди. Раҳбар қайнонасини эшикдан кузатиб қолди. Қўлида тугунча ушлаб олган паришон кампирни нигоҳлари билан узатди. Эшикни ёпар экан, ичидан гумириб келган хўрсиниқ йиғи бўлиб отилди.

Баҳор эса ҳеч нарсадан хабарсиздай оламни безаш билан овора. Қодирийлар боғи ҳам оппоқ гулларга бурканган. Бу гуллар ичида боларилар куни билан бозор қилади. Қушлар эса бир-бирига басма-бас маст сайрашади. Баҳор худди улар учун келгандай шодон базм қуришади. Лекин улар бир нарсани англашдан маҳрум. Ахир, шу ҳовлида баҳорни энг интиқ кутган инсон борлигини, усиз баҳор, баҳорсиз у етим бўлиб қолганини улар билмасди…

«Ўрта Осиё ОГПУ мухтор вакилига Тошкентдаги ОГПУ назорати остидаги махбус гражданин Абдулла Қодировнинг онаси Жосият биби Абулқодир хотини томонидан

ИЛТИМОСНОМА

Яқинда ГПУ органи томонидан «Қизил Ўзбекистон» газетаси ва «Муштум» журнали редакциясида ишлайдиган ўғлим Абдулла Қодирий қамоққа олинди. Унинг қамалиши мен ва бутун оиламиз аъзолари учун оғир зарба бўлди, негаки биз ўғлимиз қандайдир жиноят орқасидан қамоққа тушади деб, ҳеч қачон хаёлимизга келтирмагандик. Агар у қандайдир хато қилиб қўйган бўлса, буни, менинг фаҳмимга, унинг ҳаддан ташқари ёшлигидан, тажрибасизлигидан ёки аниқроғи бошқа одамларнинг таъсирига берилишидан келиб чиққан деб тушунмоқ жоиз.

Менимча, унинг гуноҳи унчалик азим эмас, қолаверса, у бунинг чун қамоқда ўтириб етарлича жазосини олди. Сизга астойдил мурожаат қилиб, унинг ишини тез орада кўриб чиқишингизни ўтиниб илтимос қиламан, чунки мен ва бутун оилам қаттиқ хавотирда. Кун ва тунларни кўз ёши билан ўтказмоқдамиз.

Тошкент. Эски шаҳар. 1926 йил апрелининг 2-куни».

Энди ўғли билан дийдор кўришишга рухсат берарлар. Болагинам эсонмикан. Кўнглида боласига айтадиган гаплари шунчалик кўпки, фақат кўрса бас. Ўғли билан хаёлан суҳбатлашиб юрган онага бирдан совуқ хабар келтиришди. «Абдулла очлик эълон қилган эмиш. Икки ҳафтадан буён туз ҳам тотимасмиш». Жосият биби ҳаётнинг аччиқ-чучугини тотиган кайвони сифат бўлса-да, бу нохуш хабар уни тамом йиқитаёзди. Нуқул кўз ўнгида ўғлининг ҳорғин-беҳол чеҳраси гавдаланаверди. Жосият биби уввос тортиб йиғлаб юборди. «Воҳ шўрпешона болам-а. Не гуноҳларинг учун бу азобларни чекасан-а». Она аянчли кўз ёшларига кўмилиб турган пайтда эшикдан норғул бир киши кўринди. Кўзи илғамади. Яқинроқ келиб салом берганидан сўнг таниди. Ғулом Зафарий. Асли қўқонлик бўлган бу киши Тошкентга анча илгари кўчиб келган ва Эшонгузар маҳалласидан қўним топганди. Қодирийдан беш-ўн ёш катта бўлса-да, ҳамсуҳбат эди. Ғулом Зафарий бу хонадонга тез-тез бош суқиб турар, ҳатто унинг онаси «Қўқонлик ойи» билан Жосият бибининг борди-келдилари бор эди.

Ғулом Зафарий Жосият бибига ўғли Абдулла билан учраштириш чорасини ўйлаб кўражагини айтиб кўчага йўл олди. Орадан бир оз фурсат ўтгач яна кириб келди. Узун олача қовиқ тўнининг қиссасидан аллақандай қоғоз олиб, Жосият бибига узатди: «Биби бу сизнинг номингиздан ГПУга ариза, мана шу ерга бармоғингизни боссангиз кифоя. Сиз хавотир олмасангиз ҳам бўлади. Аризани керакли жойга ўзим етказаман. «Хайр. Барака топ, болам! Омон бўлгин», — олқади Жосият биби.

Тошкент шаҳар Бешёғоч мавзеидаги Эшонгузар маҳалласида яшовчи гражданка Жосият Қодировадан

АРЗИҲОЛ

Сизнинг назоратингиз остида сақланаётган ўғлим Абдулла, менга етиб келган миш-мишларга қараганда, очлик эълон қилибди ва қарийб икки ҳафтадан буён оч эмиш. Мен унинг волидаси сифатида бундан қаттиқ хавотирдаман. Шунинг учун менинг оғир руҳий аҳволимни ҳисобга олиб, бечора кампирнинг гапларини инобатга олишларингни сўрайман. Уни ишончли шахслар кафилликка олишини рад этмасангиз. Кўрилган кўрсатма ҳақида хабар беришингизни сўраб қоламан.

1926 йил 3 апрель.

Терговчи аризани қабул қилиб оларкан, унга «ариза Ғулом Зафарий» томонидан тушди» — деб ёзиб қўйишни унутмади. Ҳар ҳолда аниқликка не етсин.

Очликдан беҳоллашган Қодирий назарида гўё узундан-узоқ туш кўраётгандай эди. Турли доирачалар уни оғир хаёллар исканжасига судрар, тушкунлик бағишларди. У шунда бирдан сергакланиб, ўзини дадил тутишга ҳаракат қилар, зўр бериб салқилашган қовоқларини ишқаларди. Тахта сўри устида чилпарчин бўлиб ётаркан, онасини, болаларини эслади. Эслагани сари кўксидан аламли хўрсиник отилиб чиқа бошлади.

Ўрта Осиё ОГПУсига маҳбус Қодировдан

АРЗИҲОЛ

Мени оилам билан учрашувга қўйишларингизни сўрайман. 6 апрель 1926 йил.

Алам, изтиробларга тўла бўлган ушбу аризалар мутасадди кишиларни ҳам бефарқ қолдирмади, албатта. Ғайритабиийроқ маҳбус Абдулла Қодирий ўзининг кутилмаган хатти-ҳаракатлари билан органдагиларни бир оз танг аҳволга солиб қўйди.

Тошоблсуднинг 1926 йил 13 апрелда бўлиб ўтган мажлиси протоколидан (4852-протокол) катнашдилар: Раис Исамуҳамедов, аъзолари: Чалий, Отабоев. Блудоза ва прокурор Наврўзов. Суд аъзоси Отабоев маърузаси тингланди. Унда Жосият бибининг Абдулла Қодирийни кафилликка олишга рухсат сўраб ёзган аризаси кўриб чиқилди.

Абдулла Қодировни кафилликка олишга иш бўйича навбатдаги маъруза тинглангунча жавоб берилмайди.

Жосият бибининг тақдирга тан беришдан бошқа иложи қолмади. У ўзининг илтимослари, ялиниш ва ўтинчлари учун эмас, балки Абдулласининг дийдорини кўролмаганидан алам билан йиғлади. Ўксиниб-ўксиниб йиғлади. Бироқ, кўнглида бу хўрликларнинг, эзилишларнинг сабабчиси бўлган ўғлига нисбатан заррача бўлсада, гина-кудрат сезмади. Абдулланинг оқлигига ишонди. Шу ишонч хуфтон дилга йилт этган умид учқунларини ташлаб ўтди. Ана шу умидига суяниб кунларни ўтказди…

Тергов ишлари тугагач, Ўзбекистон Давлат прокурори Назаровнинг буйруғига биноан маҳбус Абдулла Қодиров 8 июнда соқчи назорати остида Самарқандга келтирилади. Ниҳоят, ҳам руҳан, ҳам жисман ҳориган адибни тергов қилиш тугай боради. Ахири, сабр косаси тўлган Қодирий ўзига қўйилган айбномаларни бўйнига олар экан, кечган воқеани, эҳтимол юзинчи маротаба такрорлаб, шундай тўхтамга келади. Энди унинг учун бари бир эди: «Ҳарна ёзилғони бир «овсар» тилидан фақат ишчи-деҳқон манфаати кузатилиб айтилган, ҳукумат кишиларига бўлган гаплар ўртоқлик ҳазили, шахсий мазоҳирдир. Олий Судга менинг фақат шахсий адоват орқасида бир ҳолга тушганим яхши англашилди, деб биламан.

Гувоҳ ўртоқ Левченконинг сўзига қараганда, 27-сон «Муштум»нинг дунёга чиқарилишига рухсат берилган, яъни мени мазкур сондаги «Йиғинди гаплар» мақолам судларга илмий ва адабий бўлди, шарҳлаб берганимдек зарарсиз, нафсониятчилар айтган маънода эмасдир, ҳам шундоғ бўлиши табиий. Аммо бир неча шахслар бу мақолани ўзларининг, билмадим, қандоғдир тарозуларига солиб зарарлик топишлари эрса ғаразгўйлик, тирноқ остидан кир излашдан бошқа нарса эмасдир. Қисқача таржимаи ҳолимни баён этиб, сўзимнинг охирида шуни айтмоқчиман: мақолани зарарсиз топиб, босишга рухсат бергучи журнал муҳаррирининг ўзи эди. Бугун ўз лавфзидан қайтиб, виждони олдига қип-қизил ажива бўлғучи, мени қоралағучи ва устимга бошқа бўҳтонларни тақигучи ҳам унинг ўз бўлди. Уч ойлардан бери матбуот саҳифаларида ўринсиз ва бошқа фақат менга қаратилиб бўлган ҳақсиз ҳужумлар, англашилмовчиликлар, бемаза иснодлар           ва жим-жималик замзамалар мени кўра олмаган ўша айрим шахсларнинг адоватидандир. Хулоса, адоват мамлакат рангида бўялди.

Сўзимнинг охирида ўзимнинг асли ғоя ва маслаким билан ҳам қисқача таништириб қўяйин: Мен Шарқ озодлиғини ва унинг мазлум пролетариати саодатини фақат ленинизм орқасида вужудга чиқишига ишонган бир кишиман. Бу гапни сизнинг берадиган жазоингиздан қўрқиб эмас, балки, виждоним, имоним тазйиқи остида сўзлайман. Лекин бу озодликдаги чин курашчилар — лавфсиз қўрқоқлар, шахсий адоват орқасида бахт кутгучи майда кишилар бўлолмаслар, аммо ўртоқ Лениннинг соғлом, улуғ, ғазаматсиз, гидирсиз йўлиға томон холис ниятда бел боғлағучи қаҳрамонларғина бўлурлар. Маним ҳақимда ким нима деса десин, лекин мен Маркс ва Лениннинг ҳароратлик шогирдиман, чунки мен Лениндан руҳ олиб, Марксдан илҳомландим. Сўзим охирида адил судлардан сўрайман, гарчи мен турлик бўҳтон, шахсият ва сохталар билан, ҳам англашилмовчиликлар орқасида иккинчи оқланмайдурғон бўлиб қораландим. Лоақал уларнинг, қораловчи қора кўзларнинг кўнгли учун бўлса ҳам менга энг олий бўлғон жазони бера кўрингиз. Кўнглида шамси ғубороти, тескаричилик мақсади бўлмағон содда, гўл виждонлик йигитга бу қадар хўрликдан ўлим тансиқроқдир. Бир неча шахсларнинг орзусича маънавий ўлим билан ўлдирилдим. Энди, жисмоний ўлим менга қўрқинч эмасдир. Адил судлардан мен шуни кутаман ва шуни сўрайман».

Бу Қодирийнинг сўнгги сўзи эди. Энди не қилсалар ихтиёр уларда. Суд уч кун давом этади…

Ўзбекистон ССР Олий Совети Президиуми махсус мажлис чақириб, шундай қарор чиқаради:

Ўзбекистон Ижтимоий Шўролар жумҳурияти.

Марказий ижроия қўмитасининг ўлтуришидан 1926 йил 17 июнь.

Самарқанд шаҳри.

Иштирок этганлар (опросом) Райосат аъзолари Охунбобоев, Биксон, Ғозиев, Волик, Икромов, Иванов, Қосимхўжаев, Раҳимий, Мавлонбеков, Строгонов, Челогузов.

Муассасалардан: Олий суд ўрт. Қосимов. Раис: Қосимхўжаев. Котиб: Раҳимий. Тингланди: Ўзбекистон ССР Олий суди шу йил 15-16 июнда суд қилиниб, икки йилга озодликдан маҳрум этилган Абдулла Қодирийнинг қамоқ муддатини ўтамасдан озод қилиб юборилишини сўрайди.

Қарор қилинди: Ўзбекистон ССР Олий судининг илтимоси қондирилсин. Икки йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган Абдулла Қодирий қамоқ муддатини ўтамасдан озод қилинсин! Раис: Қосимхўжаев. Котиб:                Раҳимий. Журналнинг тепа қисмига «ЎзССР Олий суди раиси Қосимов Саъдуллага бажариш учун.»

Олий суд раиси Қодирийни қамоқдан озод қилиш ҳақида буйруқ тайёрлайди.

ЎзССР Олий суди, суд коллегиясининг 1926 йил 17 июндаги 1895-рақамли шошилинч буйруғи.

Самарқанд ахлоқ тузатиш уйининг бошлиғига, ЎзССР Олий суди ушбуни олишингиз билан таклиф қиладики, ЎзССР МИК Президиуми авфи билан шу йилнинг 16 июнида судланган маҳбус Абдулла Қодиров дарҳол ОЗОД ҚИЛИНСИН. (шу йилнинг 17 июнидаги журнали).

ЎзССР Олий суди раиси (Қосимов)

Суд коллегияси котиби (Сахаров).

Буйруққа ахлоқ тузатиш уйининг бошлиғи «Қодирий 17 июнь соат 15.00 да озод этилди», деб резолюция қўйган.

Ҳақиқат озод бўлганди, Адолат озод бўлганди. Бироқ, буларнинг бари не-не изтиробларнинг самараси ўлароқ қарор топди.

Навқирон йигит, навқирон ёзувчи уйига, элига қайтади. Энди у ҳаёт тўғрисида, одамлар ҳақида тиниқроқ мушоҳада юрита бошлайди. Бўлиб ўтган воқеаларнинг алами гоҳида юрак-юракни тирнаса-да, бора-бора ижоднинг сирли оғушига шўнғир экан, бариси унут бўлгандай. Даҳшатли туш сингари ундан узоқлашгандай. Тақдир вақтинча бўлса-да, бу гал Қодирийдан мурувватини аямаганди. Ёзиш имкониятининг қадрини яхши англаган ёзувчи кўп ўтмай, ўз халқига навбатдаги гўзал романларини ҳадя этди. Ҳа, ёзувчи бўлиш қийин, Қодирий бўлиш эса ундан қийинроқ! Унинг ҳал қилиши, улгуриши зарур бўлган ишлари кўп эди. Барига улгуриш лозим, чунки 1937 йил яқинлашмоқда эди.

1937 йил… Бу даъфа у қайтмади. 1937 йили унинг бошига ёғилган туҳмат балолари ўзбек халқидан буюк ўғлини тортиб олди! Улуғ ёзувчимиз бошидан кечирган кейинги савдолар ўзи бир қисса.

Аброр Хидиров

“Ёш ленинчи” газетасининг 1988 йил 4 февраль сони

Суратда: Абдулла Қодирий. 1926 йил (Сурат биринчи марта эълон қилинмоқда).