Бобомурод Эралиев. Тўрт тимсол шарҳи

Олдинги мақолаларимизда (“Фарҳоднинг ташрифи”, “Тўрт қаср тарҳи”, “ЎзАС”, 2012 йил, 20-январ ва 8-июн сонлари) ҳазрат Алишер ­Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин” достони илк боблари, Фарҳоднинг туғилиши, тарбия олиши ҳамда асардаги тўрт қаср ва ундаги равзалар тасвирига доир фикр-мулоҳазаларни баён этгандик. Қуйида мазкур достонга доир кузатувларимизни давом эттириб, Фарҳоднинг хоқонлик хазинасида сандиқда сақланаётган кўзгуни кўриб қолиши, унинг тилсимини очиш ниятида Юнон мулкига отланиши, сафар давомида тўрт манзилда тўсиқ ва ­ғовларга дуч келиши билан боғлиқ воқеалар ­талқинини шарҳлашга уриниб кўрмоқчимиз.

Хўш, Фарҳод кўриб қолган бу кўзгу қандай маънони англатади ва мазкур достон сюжетига у нима мақсадда олиб кирилган? Нега кўзгуда дастлаб ҳеч нарса кўринмайди? Фарҳоднинг кўзгу тилсимини очиш учун Юнон сафарига чиқишининг моҳияти нимада? Мўътабар манбаларда кўзгу кўнгил тимсоли ва рамзи сифатида талқин қилинган, маънавий қувват, эътиқод ва завқ манбаи, илоҳий маърифат ойнаси ва жилвагоҳи ҳисобланган. Илоҳий нур жилва қилиши учун дил ойнасини гард-ғубордан тозалаш керак, дейилади. “Фарҳод ва Ширин” достонида ҳам кўзгу қалб ва руҳ оламига йўл топилиб, Фарҳоднинг басират ва ақл-идрок кўзи очилганига ишорадир. Лекин дастлаб кўзгу тилсими ечилмагани боис Фарҳод кўзгуга қараганда унда ҳеч нарса акс этмайди. Бунинг сабаби шуки, тилсим сир-асроридан воқиф бўлиш учун тўрт манзил ҳамда улардаги тўсиқ ва ғовдан ошиб ўтилиши керак:

Бурунғи манзил ичра аждоҳое,
Яратқон тенгри қаҳридин балое.
Икинчи манзил ичра Аҳраман бил,
Анга бедоду офат даъбу фан бил.
Учунчида тилисми бул-ажаб соз,
Бу иккидин доғи мушкилрак ул роз.
Бу уч манзилдин ўткоргонга маҳмил,
Дейилгон тоғ эрур тўртинчи манзил.

Навоийшунос олим Нажмиддин ­Комиловнинг “Фарҳод ва Ширин” ­достонига бағишланган тадқиқотида аждаҳони нафс, Аҳраман дев салтанат(ҳокимлик) ва темир пайкар рўё-ёлғон тимсоли сифатида талқин этилган. Бу талқинга қўшилган ҳолда, тўрт манзил деганда асосан нафс, қалб, руҳ ва ақл назарда тутилганини ҳам диққатдан қочирмаслик керак. Манбаларда қайд этилишича, одамзот вужудини шу тўрт асос ташкил этади ва уларни бу дунё манзилидан тоза ва пок ҳолда олиб ўтиш буюрилган. “Неким оллимға ёзмиш килки тақдир, манга йўқтур ани кўрмакка тадбир”, дейди Фарҳод.

Яна Суҳайлонинг асар сюжетига кириб келишидан биламизки, Фарҳодга бу манзиллардан ўтиши учун мураббий ва раҳнамо бўлмаса, у ўз олдидаги тўсиқларни ўз-ўзича енгиб ўтишга қодир эмас. Суҳайло ҳам Фарҳодсиз бирон натижага эриша олмайди. Суҳайлонинг сўзига қараганда, Фарҳоддан олдин ҳам кўплар бу тилсим сирини очишга уринган, лекин барча ҳаракатлари зое кетган, яъни тилсим сирини очиш уларга насиб этмаган. Шунинг учун у тилсимни очадиган Фарҳодни беш юз йилдан бери кутади ва унинг ташрифидан беҳад қувонади. Суҳайло тўсиқ ва ғовларни фақат дард воситасида енгиб ўтиш мумкинлигини билгани учун дард йўлига кўз тикиб ўтиради.

Манбаларда “тазкият ун-нафс” — нафсни поклашга алоҳида эътибор қаратилган. Шу боис уларда нафс, қалб, руҳ ва ақл истилоҳ сифатида тадқиқ этилиб, ҳар бирининг таркиби, тузилиши, мақоми ва вазифаси хусусида илмий шарҳлар берилган. Фарҳоднинг дастлабки манзилда аждаҳони маҳв этишга чоғланиши рамзий маъно касб этиб, нафсни поклаш бирламчи вазифа сифатида юзага чиқади. Навоийнинг мақсади илмий шарҳ бериш бўлмагани учун нафс, қалб, руҳ ва ақл тўғрисидаги ўз қарашлари ва илмий хулосаларини достон бадииятида акс эттиради.

Фарҳод Суҳайло таълими ва кўрсатмаларига таянган ҳолда аждаҳони қатл этишни уддалайди. Шундан ҳам билиш мумкинки, дард бўлган тақдирда нафс аждаҳосини енгиб, маънавий покликка эришилади. Аждаҳо аслида қандайдир олис даштда ёки ғорда эмас, балки ғофил банданинг вужуди-ғорида ётади, уни қўзғатиб, безовта қилиш учун дард зарур. Суҳайло учун Фарҳоднинг келиши айни муддао эди, у ечими топилмай турган жумбоққа ечим топади ва унга йўл очилади. Жалолиддин Румий ичимизда ҳирс ва ҳою ҳаваслардан иборат “бут”ларимиз борки, улар бизни ўзига бўйсундиради, улар хизматидан қутулиш мушкул, дейди. Абу Ҳомид Ғаззолий нафсни энг зарарли душман, уни муолажа қилиш энг оғир иш, чунки нафс ичкаридаги душман, душман бўлганда ҳам маҳбуб тутилган душмандир, чунки одам ўз маҳбубининг айбини кўрмайди ва унга эътибор қаратмайди, деган фикрни билдиради. Фаридиддин Атторнинг “Мантиқ ут-тайр” достонидаги бир ҳикоятда келтирилишича, дил бадан мулкида суворий, нафс ити унга мулозим, суворий ов учун от сурса, ит ҳам унга қўшилиб югуради, дил гоҳида жонондан ўлжа олса, нафс ити ундан шу ўлжани тортиб олади. Ким шу итни боғласа, икки жаҳонда арслон овлаган билан баробар, ўзи покдомон ва гард-ғубордан холи бўлади. Бундай талқинлар нафс тўғрисидаги тасаввуримизни бойитиб, ҳаёт йўлида нафс одамга ҳамроҳ эканини англатишдан ташқари, унинг ҳам ўз вазифаси борлигини уқтиради. Достонда Фарҳоднинг қоронғи ғор олдига бориши, аждаҳонинг зулмат қаъридан чиқиб келиши, ундан атрофга сассиқ ва бадбўй ҳид таралиб, кўнгилни беҳузур этиши нафснинг нақадар жирканч ва ярамас маҳлуқ эканини муболаға санъати орқали моҳирона тасвирланади:

Етишти бир уфунатлиқ насими,
Ки қилғай атри жаннатни жаҳими.
Кўп эл ул атрдин эс тарки қилди,
Черикнинг кўпраги отдин йиқилди.
Қилиб Фарҳод берк ўз бағриға тиш,
Ўзин солмай чу тушмиш бошиға иш.

Халқ оғзаки ижоди намуналарида, эртак ва афсоналарда аждаҳо халқни нотинч қилиб, осуда ҳаётига халал бериши, аммо одамлар ундан қутулиш чорасини топа олмай узоқ вақт азоб-уқубат чекиши ва афсонавий ботир ташрифидан кейин аждаҳо зулмидан халос бўлишлари кўп учрайди. Аждаҳо хилқатидаги очофатлик, юҳолик ва еб тўймаслик нафс табиати билан ўзаро уйғунлик касб этади:

Тутун янглиғ дами абри касофат,
Шарарлар анда ҳар бир барқи офат.
Тани ранжу балонинг кўҳсори,
Ва лекин оғзи ул кўҳсор ғори.
Ўту печида дуд ул ғор ичинда,
Анингдекким, ўзи кўҳсор ичинда.
Узолғон тоғдек андоми анинг,
Вале йўқ сайлдек ороми анинг.

Шулардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, нафсдан покланишни амалга ошириш одам ҳаётида катта эврилиш юз берганини англатади. Аммо бу эврилишга фақат дард воситасида эришилади. Тўрт қаср тасвири ­талқинида ақл нафсга тобе бўлиб, унинг ҳамма истак-хоҳишини бажариш билан банд бўлса, ишқ дард қобиғидан чиқишига қодир бўлмаслигини кўриб ўтган эдик. Дард ва ақл ўзаро бирикиб, нафс – аждаҳога қарши чиқиб, уни маҳв этиш орқали мақсадга эришади. Фарҳоднинг шу тариқа нафсу ҳирсдан поклангани ботиний мусаффоликка эриша бошлаганини англатади. Аждаҳони маҳв этгандан кейин Фарҳод ғорга кириб қўлга киритган катта хазина, қоратош, ясатилган тахт, исми аъзам ёзилган қилич ва қалқоннинг ҳар бири ўзига хос рамзий маъно касб этиб, Фарҳодда маънавий қувват ҳосил бўлганини англатади.

Фарҳод нафсоний покликни амалга ошириб, “икки туҳфа” – қилич ва қалқон ёрдамида, яъни маънавий қувватга эга бўлганидан кейин, Аҳраман дев билан курашга отланади. Аҳраман дев қалб оламини поклаш ва тозалаш йўлидаги жиддий тўсиқ, ғов. ­Достонда аждаҳо очкўзлик, очофатлик ва еб тўймаслик тимсоли бўлса, Аҳраман дев ­қалбни эгаллаб олган ёвузлик ва қабоҳат тимсоли сифатида ифодаланган:

Бўлуб ҳар барги бир миръоти васвос,
Тута олмой хирад ўз ҳушини пос.
Ичинда жонивар бошдин-аёқ дев,
Бўлуб ҳар шакл бирла кўргузиб рев.
Қилиб ҳар руд суйининг садоси.
Аён юз ғулу шайтон можароси.

Фарҳод Аҳраман дев отган тошларини қалқон ёрдамида қайтарса, қиличи билан унинг гурзисини уриб синдиради. У тангрини ёд этганда Аҳраман девнинг мадори қуриб, ҳолсизланиб йиқилади ва ­Фарҳод уни чопиб ташлайди. Аҳраман дев ғорида тўпланган катта хазина Фарҳодни қизиқтирмайди, балки у ғор ичидаги ­қулфлоғлиқ уй сари йўл олади:

Эви кўрдики кўрмайдур мисоли,
Нечукким кинасиз эл кўнгли холи.
Боқар эрди қилиб ҳар сори таъжил.
Осилғон кўрди бир ёқут қандил.
Фурузон ламъа андин муштаридек,
Ёрутуб эвни шамъи ховаридек.
Тушурди доғи филҳол очти они.
Сулаймон хотамин топти ниҳони.

Фарҳоднинг Аҳраман девни қатл этиб, сўнг қоронғулик қоплаган ғор ичида ёп-ёруғ эв-уйга дуч келиши қалбнинг ёвузлик ва қабиҳликлардан покланишини, тепада осилиб турган қандил эса иймон ва ундан таралаётган нурни ифодалайди. Илоҳий ва азалий тақдир ҳукмига биноан ҳар бир қалбда иймон гавҳари мавжуд, аммо бу ­гавҳарни куфр пардаси ўраб олса, иймон гавҳаридан чиқадиган нур хира тортиб, амалий натижа бермайди. Фарҳод Аҳраман девни мағлуб этиш натижасида куфр пардаси йиртилиб, иймон гавҳарига йўл очилади. Иккинчи манзил тасвирида келтирилган ёп-ёруғ уй, шифтга осиғлиқ қандил, қандил ичидаги Сулаймон узуги ва узукка битилган ёзувларни ўқиган Фарҳод қалбини иллат ва ғуборлардан поклаб, бебаҳо маънавий дурни қўлга киритади.

Учинчи манзилдан ўтиш олдинги икки манзилдан кўра оғир ва мушкул. Фарҳод бу манзилда турган темир пайкарни қулатишни Хизр таълими асосида амалга оширади. Бу манзилнинг ҳар қадамида хавф-хатар ва машаққат борки, ниҳоятда эҳтиёт бўлиш ва ҳушёрлик талаб этилади. Достонда тасвири келтирилган бу йўл таассуротлари янада маҳобатли ва салобатли: қўрғон эшиги олдида занжирбанд шер бор; ундан эсон-омон ўтилса, қўрғон эшигигача минг қадам йўл қолади, тўққиз юзинчи қадамда тоштахтага дуч келинади; дарвоза олдида темирдан ясалган ҳайкал кўзга ташланади ва у қўлида темир камалаги билан ўқ отишга шай туради; унинг бўйнида порлоқ ойна осилиб туради ва шу ойнага юз қадам беридан туриб ўқ аниқ текизилса, унга қўшилиб юзта совут кийган ҳайкал ҳам ерга қулайди… Булар руҳоний олам ва ундаги товланишлар тасвири бўлиб, уни ширк ва нифоқдан поклаш машаққатини англатади. Темир пайкарнинг Фарҳод қаршисида камалакда ўқини шайлаб туриши шайтон ҳийла-найранглари, алдови, васвасаси хуружига, имкон топган заҳоти иймонни тортиб олишга шай тажовузига ўхшайди. Шу маънода, темир пайкар ширк ва нифоқ тимсоли, бу манзилда озгина хатолик ва қўйилган ножўя қадам Фарҳоднинг ўзига зиён етказиши мумкин.

Фарҳод учинчи манзилда қўлга киритган жомда бутун олам тасвири жилваланиб, намоён бўлиб туради. У жом ёрдамида тўртинчи манзилда Суқрот яшаб турган улуғвор ва юксак тоғни қидириб топади. Суқрот ҳаким жойлашган ғор ҳам “пора нур” – ақл нуридан ёруғ. Шу ўринда таъкидлаб ўтиш лозимки, Суқрот илоҳий сирлардан хабардор ақл-тафаккур қудрати тимсоли, илмнинг моҳияти ва куч-қудратини тўғри ҳал этган донишманд образи. Суқрот ҳам Фарҳодни беш юз йилдан бери кутади, унинг ташрифидан хурсанд бўлиб, келажакда амалга оширадиган ишларини унга билдиради. Энг асосийси, Суқрот Фарҳодга ишқни таърифлаб, уни ҳақиқий ва мажозий деган икки турга ажратади ва ишқ йўлида турли бало, офат, синов ва имтиҳонларга дуч келишини тушунтириб беради:

Қилиб ишқи мажозий зору ғамнок,
Этар ошиқ танин андоқки хошок.
Ҳароратлар этиб ул хасқа мойил,
Қилур ўт етгач ўртанмакка қобил.
Чоқилғоч барқи ишқи жовидоний,
Етишгач бир шарар кул айлар они.
Сенинг олингдадур ишқи мажозий,
Ки жисминг ўртабон сўзу гудози.
Ҳам овозангни офоқ ичра солғай,
Ҳам овозинг куҳан тоқ ичра солғай.

Тўрт манзил, ундаги тўсиқлар тасвири ва баёнидан биламизки, Фарҳоднинг кўнгил кўзгусида мажозий ёр жилва қилиб, кўриниши учун нафс, қалб ва руҳни поклаш тақозо этилди. Суқрот Фарҳодга хоқонлик хазинасида сақланаётган кўзгунинг сирини ошкор этгандан кейин ўзи жон таслим қилади. Суҳайло ва Суқрот Фарҳод, яъни дард келганида хурсанд бўлиб, ўзлари ечолмай турган жумбоқ – дард бағрида ётган ишқ чечагининг юз очиши йўлида ўз вазифаларини муваффақият билан адо этиб, ишқ йўлидан чекинади.

Хуллас, тилсимни ечиш мақсадида тўрт манзил – нафс, қалб, руҳ ва ақл босқичидаги тўсиқ ва ғовлардан ўтиб, Чин шаҳрига йўл олган Фарҳод кўзгуда мажозий маҳбуб – Ширин сиймосини кўришга муяссар бўлади.

Бобомурод Эралиев,

тадқиқотчи

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 5-сонидан олинди.