Баҳодир Каримов. Махтумқулининг отаси

Дунё тамаддунига улкан маънавий-маърифий улуш қўшган муаззам шахсиятлар шунчаки, ўз-ўзидан дунёга келмайди. Илдизлари, анъаналари, гени, истеъдоди, ўзларининг меҳнат-машаққатлари ортидан орттирган билим ва тажрибалари уларни ер юзида башариятнинг бамисоли зулматни ёритувчи порлоқ юлдузларига айлантиради. Яратгувчининг қисмат қалами бундай инсонлар манглайини чин маънодаги зиёлилик имзоси билан зийнатлайди.

Кўпчилик Махтумқули Фироғийни ҳикматгўй шоир сифатида жуда яхши билади; дунё ўқувчиси уни танийди, севиб ўқийди. Созга тушган сўзлари – қўшиқ бўлган шеърлари тингловчи қалбини ларзага солади; ҳикмати ўйга толдиради. Шоирнинг шеърлари жаҳон халқларининг ўнлаб тилларига таржима қилинган. Аммо баъзилар Махтумқулининг ­отаси кимлигини, дунёга машҳур шоир ортида тоғдек таянчи борлигини, ўша отанинг улкан уламо бўлганини, қалбидаги туйғуларини шеърга солгани ҳамда “Ваъзи Озод”, “Беҳиштнома”, “Маснавий” каби катта ҳажмли маърифий асарлар ёзганини балки эшитмагандир.

Туркман адабиёти тарихида Махтумқулининг отаси – Давлатмаммат Озодий (1700–1760) ҳақида маълумотлар кўп эмас. Замонавий туркман адиби Ораз Яғмурнинг “Махтумқулинома” китобида отасининг исми Махтумқули бўлиб, бироз шоирликдан бохабарлиги, қирқ ёшида ўғил кўриб, унга Давлатмаммат деб исм қўйгани ёзилган. Ўн икки ёшида ­отасидан етим қолган Давлатмаммат ҳаёт мактабида таҳсил олди, тажриба орттирди; Хивада ўқиди. Кейин деҳқончилик, заргарлик, мударрислик билан шуғулланади. Отасининг ҳурмати учун ўғлига Махтумқули исмини қўяди. Давлатмаммат Озодий ўз даврининг билимдон олими, таниқли зиёлиси бўлган. Икки минг байтдан кўпроқ ҳажмли маснавий усулида ёзилган “Ваъзи Озод” асарининг мазмуни Озодийнинг Қуръони Каримни, ислом дини тарихи, Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳадислари, шариат аҳкомларини жуда яхши билганини кўрсатади. Ривоятларга кўра, ўзига “Озодий” деб тахаллус танлашини Давлатмамматнинг туши билан боғлашади. “Тушига Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) кириб: “Сен дўзахдан озодсан” деган эмишлар”[1]. Озодий асарлари мустабид шўро замонида – 80-йилларда туркман ўқувчиларига тақдим этилади, аммо нашрдан чиққан китоб давр мафкурасига мос келмагани учун дарҳол кутубхона ва китоб дўконлари токчаларидан йиғиб олинади; йўқ қилинади.

Давлатмаммат Озодийнинг кимлигидан дарак берадиган энг яхши манба – бу шуҳбасиз Махтумқулининг шеърларидир. Шоирнинг адабий мероси таркибида отасига эҳтироми балқиб турган “Мулла Озодим”, “Отамнинг”, “Озодим қани?” ва бошқа бир қанча шеърлари бор.

“Мулла Озодим” шеърида ота шуҳратини “Овози жумла жаҳонга тўлди”, деб ёзади. Махтумқули бошқа бир “Ўғлим – Озодим” айтишув шеърида отаси билан савол-жавоб қилади. Отасидан рухсат олиб сафарга кетишни сўрайди, отаси ўз ёнида қолишга ундайди. Шунда Махтумқули кетишининг сабаби “Қалбимга кирибдир ислом ҳаваси”, деб изоҳлайди. Буни эшитган Озодий, “Қуръон ўқиб кезгин, яхши каломдир” дегач, теварак-атрофдаги душманлар, қолаверса, қийинчиликлар бор ва қаерда ўлиш-қолишинг маълум эмас, мазмунида сўзлайди. Бунга жавобан Махтумқули айтадики: 

“Синайин, кўрайин бу кун иқболим,
Яхши кун, хуш сиҳат келибми солим,
Қасд этиб жонима, етса ажалим,
Бу ерда ҳам бўлса, топар, Озодим!”

Махтумқули эслатадики, қаерда бўлмасин – тоғдами ё жарда, чўлдами ёки уммонда, ватанидами ёхуд мусофирчиликда – қатъи назар, ризқи узилган банда ажал шарбатини тотади. Шундан Озодий дуо бериб, оқ йўл тилайди. “Ҳақ йўлдошинг бўлсин, майли, бор, ўғлим!” Отанинг ризолиги ҳар нарсадан улуғ. Ота-бола ўртасидаги бундай муносабатларда ­ораста ислом одоб-ахлоқи, эътиқодий мезонларга амалнинг намунаси яққол кўринади.

Махтумқулининг “Одам ота билан тушди” деган савол-жавобли яна бир шеъри бор. Бунда отаси Махтумқулидан ислом тарихидан – Қобил ва Ҳобил ҳоли, Нуҳ (а.с.), Юсуф (а.с.)лар, шариат амаллари, Пайғамбаримиз ҳаёти хусусида сўрайди. Дейлик, “Ҳақнинг Расули Пайғамбар Ҳайбарда қанча урушди”, саволига Махтумқули “Ҳайбар тоғида Пайғамбар (с.а.в.), чун етти ойлаб урушди”, дея жавоб беради. Отасининг маърифат булоғидан сув ичган шоир “Куйган жонима” шеърининг туганчида, ­отасига ҳурмат кўрсатиб: “Дуо айлаб ўтарман, ул Озодий устозима”, дейди. Энг муҳими, устоз сифатида отасининг номи ва мартабасини тарихда яшаб ўтган, эл-юртга эзгулик улашган улуғ инсонлар қаторига қўяди. Тириклигида эъзозлайди, вафот этганида яна ёзади: 

“Олтмиш ёшда, Наврўз куни, лув йили,
Турди ажал, йўлин тўсди отамнинг.
Бу дунёнинг иши бундайин, белли,
Умрининг танопин кесди отамнинг”. 

“Отамнинг” шеъри қайсидир маънода Озодийнинг охират учун озуқа тўплаш ғамида яшаб ўтганидан, ўзини абдоллар қаторига қўшганидан дарак беради. Махтумқули ота дўстларининг жаннатга дохил бўлишидан умид этади.

Тасаввур қилинг, Махтумқули сафарга кетар маҳали отасидан рухсат сўраб, дуо олиб йўлга чиқади. Таълим олгандан кейин отасининг имтиҳонидан ўтади. Вафот этганида марсия ёзади. Махтумқули “кўзининг нури” бўлмиш отасини соғинганда ёзган ҳиссиётли мисралари ҳар қандай одамнинг юрагини титроққа солади:

“Имомсиз қолгандир масжид-меҳробим,
Туғмади сочиб нур ул моҳитобим[2],
Ёмон қолдим – сел олибдир атрофим,
Кўнглимнинг уммони – Озодим қани?!”

Бошқа бандларда шоир отасига “шаҳримнинг султони”, “минбарим азони”, “элимнинг забони”, “юрагим ороми”, “Гўклангнинг полвони”, “боғимнинг райҳони”, “номусим иймони” каби ажойиб сифатлар беради. Махтумқулининг ушбу шеъридан “Озодим қани?” деган ҳайбатли нола, эзгин афғон, чўнг дард эшитилади. Отасини излаётган шоирнинг аламига ўқувчи шерик бўлади; кўнгли бўшаб, кўзларига ёш келади.

Умуман, Махтумқули шеърлари ичидан отаси – Давлатмаммат Озодийга бағишланган бундай шеърлардан чин мусулмон бир инсоннинг ­тарбиячи, олим, абдол, маълум бир комиллик мартабаларига эришган ота­нинг муҳташам, салобатли сиймосини тасаввур қилиш мумкин.

Шу билан бирга Озодийнинг ижоди намуналари билан танишган ўқувчи унинг оддий бир инсон, оддий бир ота эмаслигини англаб етади.

“Ваъзи Озод”ни ўқиган киши унга бутун вужуди билан киришиб кетади, Озодийнинг панд-ўгитларидан, кўркам маънавий олами сирларидан баҳра олади; у зотнинг ислом аҳкомларини, тасаввуф илми ва тариқат одобларини қанчалар чуқур билишидан ҳайратга тушади, тўғриси.

Бизларда ғариб бир фикр шаклланган. Бугунги куннинг кўпгина одамлари ўзидан нисбатан узоқ мозийда ўтганларни гоҳида камсавдо, кўп нарсани билмайдиган, дейлик, ўша ўтган замонлар ҳаётида ҳали кашф қилинмаган бугуннинг учоқлари, темир-терсаклари, нанотехнологияларини кўрмаганлари учун қандайдир дунёқараши чеклангандек тасаввур қилишади. Дунё илм-фанига ўз ҳиссасини қўшган саноқлигина алломаларнинг номларини тўтидек санашади, бошқаларини билмай туриб камситишади. Ҳолбуки, инсониятнинг Пайғамбаримиз (с.а.в.) билан бир даврда яшаганлари, бир дастурхондан озиқланганлари, у зоти шарифни кўриб иймонга келганлари, саҳобалар, тобеинлар, табатобеинлар – буларнинг барча-барчаси биздан кўра Расулуллоҳга (с.а.в.) ва унинг қалб тафтига бугунги, эрта келадиган авлодга нисбатан яқин эди. Асил булоқнинг суви тоза, тотли бўлади. Бу фикр қачонлардир хаёлимда кезиб юрган, миямнинг қайсидир пучмоқларида мудраб ётган экан. Аммо уни қатъий фикр тарзига келишда, Расулуллоҳнинг (с.а.в.) шу хусусдаги ҳадисларини эслашимга Махтумқулининг отаси ва унинг асари сабабчи бўлди.

Нима демоқчиман, Махтумқулининг отаси Давлатмаммат Озодий ўз замонасининг олими, уламоси, одамларни яхшиликка чақириб ёмонликдан қайтарган бир донишманди эди. Бу қарашни қатъийлаштирган омил унинг “Ваъзи Озод” асаридир.

“Ваъзи Озод” мазмун-моҳиятига кўра шарқ мумтоз адабиётидаги ахлоқий-дидактик услубда ёзилган асарлар сирасига киради. Китоб ҳамд, ўтганлар руҳига дуо билан бошланган бўлиб, унда талқин этилган адолат, саховат, маърифат, эзгулик, ота-онани ризо қилиш, сахийлик, олимнинг жамиятдаги ўрни ва бошқа қатор масалалар негизига Қуръони Карим оятлари, ҳадиси шариф мазмуни сингдирилган. Дейлик, бир ўринда одамларни ғафлат уйқусидан уйғонишга чақиради; “дам бу дамдир”, дея вақт қадрини эсга солади. Хайру саховат эгаси билан бахил одамни зид қўяди. Бахилнинг шериги иблисдир, дейди. Бошқа бир саҳифада:

“Ким жаҳонда халққа эҳсон айлагай,
Ҳақ унинг ишларин осон айлагай”, – 

деб эҳсонни улуғлайди.

Озодий чин олимни амали билан ёнма-ён кўради. Амалсиз олим нодондан баттар. Бундай кимсани ипсиз нинага, иш қуроли йўқ устага, қўлида қалам-сиёҳи бўлмаган котибга менгзайди. Зеро, унинг таъкидлашича:

“Илмдан мақсад – бу амал этмоқ турур,
У билим билан Ҳаққа етмоқ зарур.
Гар илмда мақсад бўлмаса амал,
Юз берар даъво, такаббур, юз жадал”.

Оқибатда амалсиз олим залолат денгизига ғарқ бўлиши мумкин. Озодий ўзгага насиҳат қилади, аммо ўз нафсини тергаб туришни ҳеч унутмайди. Шунинг учун гоҳида: “Жону дилдан Ҳаққа хизмат этмадим, Яхшилар етган мақомга етмадим”, деб ўзига-ўзи маломатлар қилади, танбеҳлар беради.

Озодий “Беҳиштнома” асарида ҳам Яратгувчининг қудратидан ҳайратланиб сўз очади: 

Ажаб қудрат билан қудратли Қодир,
Ки тиргаксиз тикибдир турфа чодир.

Тўшамиш ерни, мих этмиш жабаллар[3],
Ки кўрки жумла бўстону асаллар.

Қилибдир бу жаҳонни кони неъмат,
Назар қил, борми ҳеч поёни неъмат. 

Ора-орада ўқувчига юзланади, “Эй, Одам фарзанди” деб, унга умрининг ўткинчилигидан, огоҳ бўлишдан сабоқ беради. Асар номига мос равишда жаннат васфини келтирар экан, унинг даражалари ва “Дорул жинон”[4], “Дорул салом”, “Маъво” , “Хулд”[5], “Наим”, “Фирдавс”, “Адн” каби номланишларини келтириб, уларга гўзал шоирона таърифлар беради. Жаннат аҳли, ундаги оғочлари, дарё ва оқиб турган сувлар – барча-барча бетакрор жиҳатларни ўқувчи шуурига етиб борадиган содда йўсинда тушунтиради.

Ҳақ ризосини, сабр-қаноатни қадрлайди:

“Киши Ҳақ ёдини севмак тиласа,
Эгасин жон билан ўгмак[6] тиласа.

Тутуб суннатни нафси монеъ бўлсин,
Худойи ҳар на берса қонеъ бўлсин.

Тамаъ бирла йиртмасинлар юракни,
Ки узсин бўғзидан бу нафси сакни[7]”.

Яратгувчига муҳаббати бўлган одам, албатта, Расулуллоҳ (с.а.в.) суннатлари – ҳадисларни ўзига дастур қилиб олади, нафсини жиловлайди, тамаъдан узоқ бўлади. Зеро, озодийларга устоз мақомидаги Ҳазрат Алишер Навоий ёзганларки:

“Хорликлар боши тамаъ билгил,
Доимо азза ман қанаъ билгил”.

Яъни, тамаъгирлик одамга хорлик келтиради, қаноат қилган одам эса ҳамиша азиздир. Шу маънода Озодий, тамаъдан узоқ бўлишга, нафс итини ўлдириш лозимлигига урғу беради.

Инсон зоти бу дунёда ҳеч нарсага тўймаслиги мумкин. Аммо жаннатда, абадий ҳаёт оламида инсон учун ҳузур-ҳаловатли бошқа бир дунё бор. Дейлик, ундаги озуқа ҳам асло тамом бўлмайди:

“Бу учмохнинг таоми фоний бўлмас,
Еб-ичарлар ҳаргиз поёни бўлмас”. 

Бизнинг тасаввуримизга сиғмайдиган бундай жаннат маконни анг­лаш учун Қуръони Каримни, Ҳадиси шарифни, шу баробарда, албатта, “Беҳиштнома”ни ўқиш лозим. Муҳими, беҳиштномага доир таъриф ва тавсифлар Озодийнинг маънавий хазинасининг калити бўлган ислом дини аҳкомлари мазмунига тўла мос келади. Мусулмон олами шоирлари, ўзларини комил мусулмон санаган қалам эгалари сўзга хиёнат қилган эмас; сўз водийларида адашган эмас, ўзлари амал қилган ва амал қиладиган сўзларни ёзишган, албатта. Бугунга келибгина айтилаётган, ҳар қандай ижодкор дунёқараши ва қаламининг сиёҳига тегишли бўлган ушбу улкан ҳақиқатни ҳамиша эсда тутмоқ керак.

Озодийнинг “Маснавий”сининг моҳияти ҳам “Ваъзи Озод”, “Беҳиштнома” каби асарларига мазмунан уйғун келади. Асар анъанавий Аллоҳга ҳамд, Расулуллоҳга (саллоллоҳу алайҳи васаллам) саловат айтиш билан бошланади.

Тавбага оид Озодий тавсифининг бир қисми бу. Аслида Қуръони Карим оятларида холис тавба қилган мўминларнинг нажот топишига доир хитоблар келади. Холис Аллоҳ учун тавба қилган киши қайтиб гуноҳларга қўл урмайди. Тавбадан мақсад поклик. Тавбадан мақсад Аллоҳнинг ризолиги. “Албатта, Аллоҳ тавба қилувчиларни ва ўзларини мудом пок тутувчиларни севади” (Бақара, 222). Айни мавзуда Расуллулоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ушбу ҳадис ривоят қилинган: “Тавба қилгувчи киши Аллоҳнинг суйган қулидир. Гуноҳдан тавба қилар экан, гўё у гуноҳи йўқ киши кабидир” (Ибн Можа ривояти). Ўзини англаган киши учун тавбанинг аҳамияти катта.

Озодий “Маснавий”сидаги биргина мавзу муносабати билан бир дунё мулоҳазалар пайдо бўлади. Бунга ўхшаш тилга олинган ҳар бир мавзу юзасида анча чуқур фикр юритиш мумкин. “Маснавий” дунё ва охират, савол-жавоб, дунё молининг ўткинчилиги каби қатор масалалар юзасидан фикрлашга ундайди. Одамни бу дунё ташвишларидан бир муддат ажралиб, охират озуқаси томон йўллайди. “Маснавий” шарқ мумтоз дидактик адабиётига ҳамоҳанг бўлиб, инсон қалбини маърифат суви билан тўйинтириш услубида ёзилган асарлар жумласига киради…

Умуман олганда, Давлатмаммат Озодийнинг ижодий мероси, комил қарашлари, асарларининг умумбашарий моҳияти Махтумқули сув ичган зилол булоқларни, дунёқарашини шакллантирган ва унга маънавий озуқа берган муҳитни тасаввур қилишга ёрдам беради. Иккинчидан, Махтумқулидек бир даҳо исломий маърифат билан бутун вужуди лиммо-лим тўлган шоирнинг дунёга келиши сабабларини ўйлайди одам. Ҳалол луқма, теран таълим-тарбия, ҳақгўй устозлар, жиддий мушоҳада, юксак одамийлик – буларнинг барча-барчаси жамулжам бўлган бир вазият Махтумқули даҳосини тарих саҳнасига олиб чиқди. Бу даҳонинг таянчи, бу адибнинг илҳомчиси, бу шоирнинг тарбиячиси, албатта, отаси Давлатмаммат Озодий эди.

Баҳодир Каримов, филология фанлари доктори, профессор

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2020 йил, 10-сон

_____________________

[1] Ораз Яғмур. Махтумқулинома (Туркман тилидан Музаффар Аҳмад ва Рустам Жаббор таржимаси). “Ўзбекистон” нашриёти. 2016 йил, 13-14-бетлар.

[2] Моҳитоб – ой, ойдин;

[3] Жабал – тоғ.

[4] Дорул жинон – жаннат уйи.

[5] Хулд – 1. Адабийлик 2. Жаннат.

[6] Ўгмак – билмоқ.

[7] Нафси-сак – нафс ити.