Мирзакалон Исмоилий, Миркарим Осимдан тортиб, Ҳасан Тўрабеков, Низом Комиловгача етук ва моҳир таржимонлар ўзларининг фидокорона ижодий меҳнатлари билан жаҳон адабиёти дурдоналарини ўзбек тилида жаранглатиб, халқимизнинг маънавий хазиналарини бойитди. Ўз ўрнида келгуси авлод бу анъанани шараф билан давом эттирмоқда. ХХ-ХХI аср ўзбек бадиий таржима мактабининг ана шундай усталаридан бири Ҳасан Тўрабеков ўзидан салмоқли мерос қолдиргани билан эътиборни тортади. Биз бу ажойиб меҳнаткаш ижодкор билан талабалик йилларида танишганмиз. У вақтларда (1957-58 йиллар) биз Ўрта Осиё давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)да таҳсил олар эдик. Ҳасан Тўрабеков тиришқоқлиги, изланувчанлиги, адабиётга муҳаббати кучлилиги билан бошқалардан ажралиб турарди. Шу боис ҳам у 1961 йилда аъло баҳолар билан битирган университетида ўқитувчи сифатида ишда қолдирилган эди. Дорилфунунда жаҳон адабиёти тарихи фани, антик адабиёт, ўрта асрлар, Уйғониш даври, классицизм, романтизм, маърифатчилик даври адабиёти чуқур ўқитилар эди. Шу сабабли, 1962 йилда Ҳасан Тўрабеков Ўздавнашрга, Ўзадабийнашрга ишга ўтганида ҳам жаҳон адабиётини яхши билувчи муҳаррир сифатида ҳурмат қозонди. Бу даргоҳда у Мирзакалон Исмоилий, Миркарим Осим ҳамда Қодир Мирмуҳамедов, Мирзиёд Мирзоидовлар билан бирга ишлаб, улардан таржима сирини мукаммал ўрганди.
Буни биз француз мумтоз адабиёти даҳоларидан Анри Бейл-Стендалнинг “Қизил ва қора” ҳамда “Парма ибодатхонаси” романлари таржимасида яққол кўрамиз. “Қизил ва қора” романи таржимасига сўзбоши ёзган атоқли адабиётшунос олим, филология фанлари доктори Пирмат Шермуҳамедов таржимон иши ҳақида бундай дейди: “Ҳасан Тўрабеков “Қизил ва қора” романи таржимаси устида беш йилга яқин ишлади. Айрим саҳналарни неча марталаб қайта таржима қилгани ва қониқмаганининг гувоҳи бўлганман. Стендаль каби буюк санъаткорнинг маънавий интилишларини, бадиий бўёқларини (муаллиф руҳида) ўзбек тилида гавдалантириш фақат истеъдодли, адиб сўзларининг қадрини тушунадиган таржимоннинггина қўлидан келади. Таржимонлик маҳоратини асардаги ҳар бир қаҳрамон феъл-атвори ўзбек тилида ифода этилишидан аниқ тасаввур ҳосил қилиш мумкин.
Де-Ренал хонимнинг руҳий кечинмаларига эътибор берайлик: “Стоит мне только тебя увидеть, всякое чувство долго пропадает, вся я – однолюбовь. У меня к тебе такое чувство, какое только разве к богу можно питать: тут все: и благоговение, и любовь, и послушание…” Ҳасан Тўрабеков таржимасида: “Сени кўрган заҳотим бутун бурчларимни унутаман-қўяман, бутун вужудим муҳаббатга айланади… Фақат Худога нисбатан шундай туйғуни ҳис этиш мумкин, бунда сажда ҳам, итоат ҳам бор”.
“Қизил ва қора” романида ҳар бобнинг бошланишида машҳур мутафаккирларнинг ҳикматларидан эпиграф келтирилган. Романнинг “Жаноб мэр” деб аталувчи 2-бобига қўйилган эпиграфни Ҳасан Тўрабеков бундай таржима қилган: “Обрў! Ҳали сиз буни бўлмағур нарса деб ўйлайсизми, афандим? Аҳмоқларнинг ҳурмати, гўдакларнинг ҳайрати, боёнларнинг ҳасадию доноларнинг нафрати”. Романнинг “Йўқсуллар мулки” деб аталган 3-бобига келтирилган эпиграф ҳам ихчам, пурмаъно сўзлар билан таржима қилинган: “Ҳар қандай фитналардан холи юрадиган шафқатли кюре (руҳоний, имом) қишлоқ аҳолиси учун Худонинг марҳаматидир” ва ҳоказо.
Яна ўша де-Ренал хонимнинг зиддиятли руҳий кечинмаларини таржимон ўзбекчада нечоғли нозик ифодалашга интилгани шоҳиди бўламиз: “Энди у (де-Ренал хоним) бултургидек журъатсиз ва соддадил аёл эмасди: машъум севгиси ва (эрини, оилавий бахтини қурбон қилганига) виждон азоби унинг ақлини пешлаб қўйган эди. Эрининг гапини тинглар экан, у айрилиқ ҳақида (йигит камбағаллиги сабабли, ҳавойи орзуларга берилишини, (яна бир аслзода қизни севиб, изтироб чекишини) ўйларди… Жуда дилбар йигит у! Албатта, уни севишади. У ҳам (бирортасини) севиб қолади. Эҳ, мен бахтиқора…”
Ҳасан Тўрабеков севимли адиби Стендалнинг “Парма ибодатхонаси” романини таржима қилишда аввалги таржимада эришган маҳорати, тажрибасидан фойдаланиб, янада ўсди.
Шуниси қизиқарлики, Стендалнинг ўзи Наполеон қўшинида Москвани эгаллашда қатнашган, француз қўшинини озиқ-овқат ва кийим-кечак билан таъминлаш идорасининг бошлиғи бўлиб, Дарю, Дюма каби генераллар билан штабда ишлаб, қаттиқ совуқ ва очликдан қийналган француз қўшинларининг ёнғинда қолган Москвани ташлаб, чекинишида барча машаққатларни бошидан кечирган эди. Ватерлоо жанги тафсилотларини эса у омон қолган қатнашчиларнинг эсдаликларидан билган. (Бальзак шу жанг асарда ҳаққоний тасвирланганини мақтаган эди.) Ҳасан Тўрабеков “Парма ибодатхонаси” романини таржима қилишда атоқли адиб Анатолий Виноградовнинг Стендаль ҳақидаги “Замоннинг уч ранги” романини, Наполеон юришлари ҳақидаги тарихий манбаларни, Стендалнинг 15 жилдли нашрида берилган кундаликларини, “Наполеон ҳаёти”, “Наполеон ҳақида эсдаликлар” асарларини (11-жилд) ўқиган. Шу сабабли, у Ватерлоо жангида французларнинг мағлубияти ҳаққоний тасвирланган саҳналарнинг ўзбекчада ҳам равшан ва жонли чиқишига эришган.
Ҳасан Тўрабеков М.Горькийнинг “Адабий портретлар” туркумидаги асарларини, К.Паустовскийнинг “Олис йўллар” роман-эсдаликларини, ХХ аср польяк адибларининг асарларини ҳам маҳорат билан ўзбекчага таржима қилиб, она тилимизнинг бойлиги, ранг-баранглиги, ширали ва маънолар теранлигини кўрсатиб, халқимиз маданияти ва маънавиятини бойитишга улкан ҳисса қўшди. Қуйида эътиборингизга ҳавола этилаётган Стендалнинг “Қизил ва қора” романидан парча ҳам таржимоннинг маҳоратини яққол намоён эта олади.
Маҳкам Маҳмудов, ёзувчи, таржимон
“Жаҳон адабиёти”, 2014 йил, 10-сон