Азимбой Бобониёзов, Тиркашбой Бойжонов. Ишқ мулкининг султони

Туркман мумтоз адабиётида “севги ва ишқ мулкининг шоҳи”, деб тан олинган Мулланафас Махтумқули Фироқийдан кейин бой адабий мерос қолдирган ҳассос шоирлардандир. Мулла Қодирберди ўғли Мулланафас 1810 йили Туркманистоннинг Сарахс мавзесида дунёга келади. Унинг болалик йиллари тўғрисида маълумотлар сақланмаган. Лекин Мулланафаснинг отаси ўз даврининг илғор фикрли ва саводхон кишиларидан бўлганлиги ва у фарзандларини ҳам ўқимишли, билимдон қилиб тарбиялашга интилгани кўплаб манбаларда қайд этилган.

Бошланғич маълумотни қишлоғидаги эски мактабда олгач, Мулланафас дастлаб Марида, сўнгра Шарқда ислом илми ва маданиятининг ўчоқларидан бири бўлмиш Бухорода таҳсил кўради. У ёшлигидаёқ шеър ёзишга ва мусиқа асбобларини чалиб қўшиқ айтишга мойил бўлган.

Мулланафас ўз даврининг йирик шоирлари Махтумқули, Камина, Толибийларга эргашиб, улардан ижод сирларини ўрганган, маҳоратини оширган. Келажакда туркман халқининг ардоқли фарзанди, улкан сўз санъаткори бўлиб танилишида ана шу ижодий изланишлар муайян аҳамият касб этгани шубҳасиздир.

Тахминий маълумотларга қараганда, Мулланафас 1862 йили босқинчиларга қарши халқ курашида оғир яраланиб, вафот этган. Унинг жасади ҳозирги Мари вилоятининг Вакилбозор туманидаги Хўжа Абдулла қабристонига қўйилган.

Шоирдан улкан адабий мерос — лирик шеърлар, “Зуҳра ва Тоҳир” номли достон қолган. Улар туркман бахшилари орқали оғиздан-оғизга ўтиб, бизгача етиб келган. Мулланафас вафотидан олдин катта ўғли Муҳаммадраҳимга учта китоб ва кўплаб қўлёзма қолдиргани тўғрисида маълумотлар бор. Бу китобларни Муҳаммадраҳим ўғли Хўжашга топширади. Хўжаш бобоси ва отасидан қолган китобларнинг баъзиларини қопга солиб ерга кўмган, баъзиларини ўзида олиб қолган.

1947 йили шоир яшаган жойдан икки қоп китоб топилади. Лекин бу жой пахтазорга яқин бўлгани боис, нам тегиб қўлёзмалар чириб, ўқиб бўлмайдиган аҳволда келган.

Мулланафас яратган асарлар шоирнинг чуқур билимга эга бўлгани ва ўз даврининг ижтимоий воқеаларини юксак даражада идрок эта олган шахс эканлигидан гувоҳлик беради. Мулланафас мадрасаларда ислом динининг қонун-қоидаларини ўрганиш билангина чегараланиб қолмасдан, ўз устида тинимсиз ишлаган, араб, форс тилларини, Шарқ адабиёти, айниқса, халқ оғзаки ижодини пухта ўрганган. “Зуҳра ва Тоҳир” достони, ундаги анъанавий образлар шоирнинг Шарқ халқлари фолклори ва адабиёти билан яқиндан таниш бўлганлигини кўрсатади.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, ҳар бир ёзувчи ўзидан олдин ўтган салафларининг ижодий тажрибаларидан фойдаланиб, уларнинг халқ меҳри ва мулкига айланган асарларидан озиқланади. Шу маънода, Шарқ адабиётининг, айниқса, озарбайжон, туркман, қозоқ, қирғиз адабиётларининг ривожига туркий шеъриятнинг қуёши бўлган Алишер Навоийнинг таъсири беқиёс эди.

Хусусан, шоир “Зуҳра ва Тоҳир” достонини яратиш жараёнида бевосита Навоийдан таъсирлангани, буюк шоирнинг услубига эргашганини кўриш мумкин. Ҳазрат Навоийнинг “гул” радифли машҳур ғазали бор:

Оразингни боғ аро чун кўрди, ҳайрон бўлди гул,
Баргсиз қолди, нединким, бас паришон бўлди гул.

Мулланафаснинг ҳам “гул” радифли ғазали “Зуҳра ва Тоҳир” достонидан ўрин олган.

Гул билан булбул келиб, гул ичра сайрон қилди гул,
Гул тамошосин кўриб, ўз бағрини қон қилди гул.

Ҳар икки шоир ижодида учрайдиган бир хил радифли ғазаллар шакл ва мазмун жиҳатдан оҳангдош. Мулланафаснинг ушбу ғазали “Зуҳра ва Тоҳир” достонидан ўрин олганига эътибор қаратсак, маъно янада ойдинлашади. Мулланафас ғазалидаги гул — Зуҳра, булбул эса — Тоҳир. Шу тариқа, Мулланафас Алишер Навоий ғазалига янги мазмун киритган ҳамда бадиий санъатларига жило берган. Бу усул эса, ўз навбатида, асарнинг ҳаётийлигини таъминлаган.

Мулланафас Навоий, Фузулий, Фирдавсийдек буюк шоирларнинг ўлмас шеъриятидан нафақат ўрнак олган, балки уларнинг анъаналарини давом эттириб, ғазалларига назиралар ёзган, мухаммаслар боғлаган. Шоир шеърларидан бирида:

Низомий, Навоий ҳамда Фирдавсий
Румонинг гулшани, Ҳинднинг товуси.
Ёлғончи дунёдан ўтардим осий,
Сизга кўп ҳурматлар қўймаса кўнглим —

дея устозларига меҳр-муҳаббатини эътироф этади.

Туркман халқининг эрк ва озодлик йўлидаги мардонавор курашини, ватанпарварлигини, орзу-истакларини юксак бадиийлик билан содда ва тушунарли тилда тараннум этган, Махтумқули, Саидий, Залилий, Камина, Толибий сингари устоз шоирлар қаторида ижод этган Мулланафас ижодида ҳам тенгсизлик ва ноҳақликка қарши норозилик мотивлари яққол сезилиб туради.

Шоир лирик шеърларининг мавзу доираси кенг ва ранг-баранг. Ижтимоий, панд-насиҳат, дидактик руҳдаги шеърлар билан бирга, ишқ-муҳаббат, вафо-садоқат ҳақида битилган мавзулар ҳам халқона оҳанги, самимияти билан ажралиб туради.

Умуман, Мулланафас ўз давридаги ижтимоий адолатсизликларни чуқур ҳис қилиб, уларни ўз ижодида акс эттирган ҳақгўй шоирлардан бири сифатида қадрлидир. Қуйидаги икки мисрага эътибор беринг:

Кимлар ғариб ўтар, кимсалар-да оч,
Кимса куйлаклидир, кимса яланғоч.

Машҳур “Нор кезгин” шеъри шоирнинг панд-насиҳат руҳидаги асарлари ичида ҳаётийлиги билан ажралиб туради. Шоир мазкур шеърида ўз-ўзига маслаҳат тарзидаги нозик усул орқали ижтимоий даврга оид шахсий фикрлари, ўйлари ва қарашларини баён этади.

Кўнглим сенга насиҳат, сарбасар кезгин,
Билгил дўст-душманинг, уйда бохабар кезгин,
Ғаним билан айтишсанг, доим хабардор кезгин,
Кезсанг дунё юзида, давом тоза-тар кезгин,
Қирқ йил моя кезгунча, бутун бир йил нор кезгин.

Ушбу сатрлар ҳаётда кўп аччиқ-чучукни бошидан кечирган, дунёнинг яхши-ёмонлигини кўрган доно, фаросатли кекса одамнинг насиҳатини ёдга солади. Унинг замирида яширинган ахлоқий қарашлар, фалсафий фикрлар бугунги кунимиз учун ҳам қимматлидир.

“Билан”, “Назарин солган кўнглим” шеърларида шоир “Нор кезгин” шеъридаги ғояни янада ривожлантиради:

Ёмон билан йўлдош бўлма,
Душман билан сирдош бўлма,
Тўйда товоқдош бўлма,
Ифлос ҳаромхўр билан.

Мулланафас ижодининг бош мавзуи инсоний севги ва меҳр-муҳаббатдир. “Севгилим”, “Бари гал”, “Ёдимга тушди”, “Истабки гўзал ёрни”, “Кўнглим”, “Келин”, “Уйғотмадинг гўзал ёр”, “Фироқингдан” каби юзлаб шеърлари, “Зуҳра ва Тоҳир” достони шундан далолатдир. Инсоний севги, ишқ-муҳаббатни куйлашда Мулланафас Махтумқулидан кейинги шоирлардан бири саналади. Буни шоирнинг ўзи ҳам “Зуҳра ва Тоҳир” достонида фахр билан эътироф этган. “Ишқ мулкининг шоҳимен, қошимда ҳамдамим йўқ”, деб ёзади шоир. Унинг лирик шеърлари ҳаётга муҳаббат, пок севгига ишонч руҳи билан суғорилган.

Халқ достонларида қўлланиб келинган кўпгина анъанавий усулларни Мулланафас янгича талқин қилиб, уларни бадиий жиҳатдан бойитди. Чунончи, “Истабки гўзал ёрни” шеъридаги “тутун — зулф кокиллари, алиф — нозик бел, шакар — шарбатли тил” сингари поэтик ташбеҳлар туфайли ўқувчи қалбида нозик ва бетакрор ҳиссиётлар уйғониши шубҳасиз.

Дедим: “Не тутундир бу?” Ул: “Зулфи кокилим”, деди,
Дедим: “Не алифдир бу?” Ёр: “Нозик белим”, деди,
Дедим: “Не шакардир бу?” — “Шарбатли тилим”, деди,
Бир бўса талаб қилдим, “Лозимдир ўлим”, деди,
Дедим: “Мени ўлдиргил. Ё бўса муравват қил!”
Оғзимга тираб муштин, “Қўй, деди, қабоҳатдир”.

Шеърни ўқирканмиз, саҳна учун яратилган драматик асарларнинг қаҳрамонлари сингари икки севишган ёшнинг бир-бирига ўтли ҳарорати кўз ўнгимизда гавдаланади. Воқеаларни юксак лиризм ва жонли картиналарда тасвирлай билиш Мулланафас шеъриятининг ўзига хос хусусиятларидан бири саналади.

Шоирнинг “Ҳайрона қолар”, “Қиз”, “Бир гўзал”, “Кўзларинг” сингари шеърлари севги, муҳаббат лирикасининг ажойиб намуналаридир. Бу шеърлар халқ орасида маълум ва машҳур. Улар тиллардан-тилларга ўтиб, баланд пардаларда жарангламоқда. Зотан, ушбу манзумаларда инсоний туйғулар содда ва теран талқин этилган бўлиб, халқни келажакка ишонч руҳи билан яшашга ва курашга ундаган.

Бир қуш келди, қўнди туйнук устига,
Назар солди оқча уйнинг остига.
Қанот ёйди, кетди олам пастига,
Ётган қуш уйғонди, ёр, уйғонмадинг.

Шоир ушбу мисраларда ишқ-муҳаббат туйғусини халқнинг яшаш тарзи, урф-одатлари билан боғлаб, нозик тасвирлайди. Мулланафас ижодида бундай ҳароратли, самимий мисраларни кўплаб учратиш мумкин.

Мулланафас шеърияти мавзу жиҳатидан ранг-баранг, маъноли, жарангдор ва мусиқий. Қолаверса, шоир шеърларидаги мазмуннинг ҳаёт билан ҳамнафаслиги, ифода шаклининг соддалиги, оддий халқ тилига яқинлиги ўқувчи қалбини мафтун этади. Шунинг учун ҳам унинг умуминсоний ғояларни улуғлаган, адолатсизликни қоралаган шеърлари асрлар оша авлодлар қалбида яшаб келмоқда.

”Зуҳра ва Тоҳир“ достонида эркин севги васф этилган бўлиб, икки ёшнинг ўтли муҳаббати орқали туркман халқининг орзу-истаклари куйланади. Шоир эзгулик билан қабоҳат ўртасидаги курашни кўрсатар экан, бунда ўзига хос йўлдан бориб, Зуҳра ва Тоҳирнинг вафодорлигини, зулмаҳлининг субутсиз ва хиёнаткорлигини ёрқин бўёқлар орқали ифодалаб беради. Икки ёшнинг яхши кишилар кўмагида висолга етишгани содда тилда қизиқарли баён этилади.

Мулланафаснинг халқ орасида машҳур бўлган ва кўплаб бахшилар томонидан севиб куйланиб келаётган мазкур достони тўғрисида фикр юритганда шуни таъкидлаш керакки, шоир нафақат Алишер Навоий ижоди, балки бошқа ўзбек мумтоз шоирлари шеъриятидан ҳам баҳраманд бўлган. Ўзбек адабиётшунослигида Мулланафаснинг бу достони XVII асрда яшаб ижод этган шоир Сайёдийнинг “Тоҳир ва Зуҳра” достони сюжетига яқин эканлиги қайд этилади. Ўзбек — туркман адабий алоқаларнинг йирик тадқиқотчиси, профессор К.Қурамбоев бу ўхшашликни “адабий таъсир самараси”, деб изоҳлайди.

Асрлар оша туркий халқлар фолклорида оғиздан-оғизга ўтиб келаётган “Тоҳир ва Зуҳра” ривояти туркий халқлар, хусусан, туркман халқи орасида ҳам кенг тарқалган. Кези келганда Сайёдийнинг “Тоҳир ва Зуҳра” достони билан Мулланафаснинг “Зуҳра ва Тоҳир” достони ўртасидаги фарқни ҳам айтиб ўтиш керак. Сайёдий ўз достони марказига ўзбек фолклоридаги Тоҳир ва Зуҳра ҳақидаги ривоятни асос қилиб олган бўлса, Мулланафас туркман халқи ўртасида кенг тарқалган манбани асос қилиб олади. Айтиш керакки, Мулланафас “Зуҳра ва Тоҳир” достонини яратишда туркман халқи орасида кенг тарқалган ривоятга юксак бадиий сайқал беради. Бир сўз билан айтганда, афсонага реалистик бўёқлар орқали янги мазмун бағишлайди. Шунингдек, Мулланафаснинг “Зуҳро ва Тоҳир” ривоятининг фақат туркман халқи орасида маълум ва машҳур бўлган сюжет варианти билан эмас, балки бошқа халқларда шу мавзуда яратилган эртак ва ривоятлар билан ҳам яқиндан таниш бўлганига шубҳа йўқ.

Достон асосига туркман варианти қўйилгани асарнинг бошланиши, деталларнинг ўзига хослиги ва, энг асосийси, достоннинг романтик руҳ билан, яъни севишганларнинг ўз мурод-мақсадларига етишиши билан якун топишида кўзга ташланади. Мулланафас достон сюжетининг асосий йўналишини сақлаб қолган ҳолда, уни турли хил воқеалар билан бойитган, асар қаҳрамонлари ўртасидаги ижтимоий муносабатларни кучайтирган. Бир сўз билан айтганда, Мулланафас достон сюжетини қайта ишлаб, ўша давр турмушини ҳар томонлама намоён этган асар яратган. Бу эса, шоир маҳорати, унинг ижодий фантазияси нақадар юксаклигидан далолат беради.

Мулланафас шеърияти ўлмас шеъриятдир. Унинг асарлари қайта-қайта нашр этилмоқда. Шоир ижодида умумбашарий ғоялар кенг ўрин тутади. Унинг аксар шеърлари туркманлар орасидагина эмас, балки ўзбек халқи ўртасида ҳам кенг тарқалган. Шоир асарлари содда ва қардош халқлар тилларига яқин бўлганлиги боис, уларни таржима қилишнинг ҳожати ҳам йўқ.

Хоразмлик кекса бахшиларнинг айтишича, Мулланафас шеърлари унинг ҳаётлигидаёқ ўзбек бахшилари ва созандалари орасида машҳур бўлган. Бунинг яна бир сабаби бор. Мулланафаснинг ўзи айни вақтда моҳир созанда ва уста хонанда ҳам бўлган. Шу туфайли унинг деярли барча ғазаллари осонгина куйга тушади. Кўплаб санъаткорлар, жумладан, Ўзбекистон, Туркманистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Комилжон Отаниёзов, Отажон Худойшукуров, Кенжа Матназаров, Жуманазар Бекчонов, Бобомурод Ҳамдамов, Бекжон Отажонов ва бошқалар Мулланафас шеърларини завқ-шавқ билан куйлаб, мухлислар эътиборини қозонишди ва қозонишмоқда.

Таваллудига 200 йил тўлган, севги ва ишқ мулкининг султони Қодирберди ўғли Мулланафас нафақат туркман, балки ўзбек халқининг ҳам ардоқли ва севимли шоиридир. Унинг содда ва ўйноқи шеърлари, «Зуҳра ва Тоҳир» достони ҳар икки халқнинг маънавий мулки бўлиб қолаверади.

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 9-сонидан олинди.