Комилжон Жўраев. Маъно ва мантиқ бирламчи (2010)

Таржимашунослик фақат тилшунослик ёки адабиёшуносликнинг танҳо мулки эмас. У адабиёт назарияси, адабий танқид, матншунослик, манбашунослик ва бошқа соҳаларни ҳам қамраб олувчи умумфилологик фан. Устоз Ғайбуллоҳ ас-Салом таржимашунослик фанига шундай муносабатда бўлган. Биз ҳам шу анъанага содиқ қолиб, “Зарқалам” нашриётида чоп этилган истеъдодли ижодкор Улуғбек Ҳамдамнинг “Исён ва итоат” романининг рус тилига таржимаси ҳақида сўз юритмоқчимиз. Романни бевосита ўзбек тилидан рус тилига Н.Владимирова ағдарган.

Бу таржимани мустақиллик даври ўзбек адабиётида воқеа, деб баҳолаш мумкин. Чунки биз тагламасиз бажарилган таржимага эга бўлиб турибмиз. Таржима бўлиб ҳам у шунчаки, номигагина эмас, аъло даражада ва таржимашунос олима, аслият тилининг етук билимдони, профессор, филология фанлари доктори Нинель Васильевна Владимирова томонидан ўгирилган. Фанда эквилинеар таржима деган тушунча бор. Бу асарни бошқа тилда ҳам мазмун, ҳам шакл жиҳатидан тенгма-тенг, сўзма-сўз, қўшиб-чатмай, аммо мукаммал қайтаришни назарда тутади. Биргина мисол келтирамиз:

“Ахир, унинг ҳаётига маъно кирган эди! Ҳа-ҳа, айнан маъно, айнан мазмун. Ва бу мазмуннинг исми Муҳаббат эди, Ишқ эди… Тўғри, Акбар муҳаббат қидирган йўқ эди, бироқ кўпдан бери излагани Катта бир Маъно эди. Мана ўша Маъно! — Ишқ номли Мазмун!” (78-бет).

Ушбу парчани рус тилида(“Бунт и смирение”. Роман. “Зарқалам”) ўқиймиз:

“В его жизнь вошел смысл. Да, точно, истинный смысл, истинное содержание. И имя этому — любовь… страсть… Верно, Акбар не искал любви, однако то, что он давным-давно искал, — это большой глубокий смысл. И вот он этот Смысл. Смысл, который называется любовью”(70-бет).

Таржима санъати сирларидан бехабар китобхон ҳам рус тилидаги матннинг қанчалик аслиятга мос эканлигини дарров фаҳмлайди. Унда бирорта ортиқча ишора йўқ. Ҳатто жумлаларнинг тузилиши, узун-қисқалиги, талаффуз тарзи, қўйингки, тиниш белгиларигача бир-бирига монанд. Ўзбек тилидаги гаплар қанчалик содда, лўнда, ифодали бўлса, рус тилида ҳам ана шу фазилатлари мавжуд. Яна, энг муҳими, улардаги ахборот ҳам бир-бирига муқобил.

Беайб Парвардигор. Китобхон тирноқ остидан кир қидирадиган, инжиқ бўлса борми(шундайларнинг ҳам бўлгани яхши: ёзувчи зийрак тортиб туради), у матндаги имло хатодан бошлаб — у мусаҳҳиҳнинг эътиборсизлиги оқибати бўлса ҳам — нотўғри бўғин кўчиришу тиниш белгиларигача ноўрин қўлланилганлигини қайд этиб туради. Аммо кўпчилик китобхон асар мазмуни ичига кириб кетиб, бор нуқсонни ҳам сезмай қолаверади. Лекин таржимон ўта сезгир. Муаллиф баъзан эътиборсизлик туфайли билмасдан қолдирган нуқсонни таржимон кўриб, билиб, сезиб туриши керак. Масалан, романнинг иккинчи қисми 16-бобида “шайтон малаклари” ибораси қўлланилган. Ростдан ҳам бу матнни терган компютерчининг хатоси бўлиши мумкин, чунки малак сўзи ижобий маънодаги фаришта, гўзал маҳбубани билдиради, у “шайтон”га нисбатан қўлланилмайди. Буни таржимон сезиб “слуги дьявола”, яъни “шайтон малайлари” деб тузатиб ўгирган.

Ойнинг ўн беши қоронғу бўлса, ўн беши ёруғ деганлари шу-да” (57-бет) гапида машҳур ўзбек халқ мақоли бор. Уни Нинель Васильевна “Говорят же, если пятнадцать дней в месяце темные, то пятнадцатьнепременно светлые”(54-бет), деб таржима қилган. Тўғри, маъновий муқобиллик сақланган, лекин шакл жиҳатидан таржима бироз ютқазган кўринади, чунки бу ерда аслиятдаги лўндалик, паремиологик экспрессив таъсирчанлик муайян даражада бой берилган. Бу гапнинг мақоллигига ишора қилувчи “говорят”(деганлари) сўзи бўлмаса, луқма оддий, жайдари гапга ўхшаб қолади. Мақол сўзма-сўз ўгирилмай, унинг ўрнига рус халқ паремиологияси бисотидан “Серенькое утро — красненький денек”, деган қисқа иборани қўллаш ҳам мумкин эди (бундай вазиятда инглизлар “А foul morn may turn to a fair day”, яъни эрталабки ёмон ҳаво кундузи очиқ бўлиши мумкин, дейишса; немислар ҳам шу маънода “Nach trubem Morgen kommt ein heller Nachmittag” дейишади). Бу ерда таржимон балки рус халқ мақолидаги озми-кўпми сезилиб турган(масалан, кичрайтириш-эркалатиш аффиксларидаги) русча миллий руҳдан чўчиган кўринади.

Ёзувчининг асарида янглиш фикр, адашувчанлик, ғализ маъно учрагудеп бўлса ҳам, одатда, биз уни кечиришга ҳаракат қиламиз, ҳатто унинг нуқсонларини ёзувчининг ўзига хос маҳорати белгиси сифатида ҳам талқин этамиз. Холислик етишмай қолади. Аслиятда нуқсон учрайдиган бўлса, таржимон ўша матн муаллифининг “қиёфаси”га кириб, муаллиф муайян сўз ва ибора билан қандай маънони ифодаламоқчи, нима демоқчи эканлигини таҳлил қилади, масалани муаллиф томонида туриб ҳал этади. Баъзида эса, бировнинг “қиёфаси”га кириш унчалик ҳам шарт эмас — масаланинг асл моҳиятини мантиққа кўра асослаб билиб олиши ва ёзувчи йўл қўйган хатони тузатиши мумкин. Масалан, Диана Акбарни “кўриш” иштиёқида найранг ишлатади: қўшнисидан телевизорнинг ўрнини ўзгартириб беришни сўрайди: “— Телевизорни жойига қўйиш керак, — жилмайганча бошини сарак-сарак қилди қиз”(52-бет). “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да сарак-сарак қилмоқ “бошини у ён, бу ёнга чайқатмоқ, ирғитмоқ”, деб таърифланади. Энди гапдаги вазиятга кўра, тасаввур қилайлик: хўп, жилмайибди, лекин “сарак-сарак” қилиши нимани ифодалайди. Маълумки, булғорларда бу ишора “ҳа” тасдиғини билдиради, биз эса инкорни ифодаламоқчи бўлсак, бошимизни сарак-сарак қиламиз. Бундан ташқари, бу жуфт сўзнинг луғатда белгиланмаган экспрессив маъноси ҳам бор. Биз бирор нарсадан ажаблансак, ҳайрон қолсак, таажжублансак ҳам шу ишорадан фойдаланмиз. Ўзбекча матнда мантиқий нуқсонга йўл қўйилган. Буни Н.Владимирова, асар руҳига шикаст етказмаган ҳолда, “— Не могли бы вы поставить телевизор на прежнее место? — улыбнулась девушка”, деб тузатиб таржима қилган. Ўзбек тилидаги талаб-эҳтиёж шаклдаги гапнинг рус тилига шарт майлидаги риторик сўроқ билан ўгирилиши таржима амалиёти қонуниятларига тўла мос. Бошқа бир ўринда ҳам таржимон муаллифни қўллаб-қувватлайди. Романда ўқиймиз: “Табиб гапирмади, бироқ бошини сарак-сарак қилиб тасдиқ маъносини берди”(94-бет). Ишора билан унинг маъноси ўртасида мантиқий зиддият мавжуд. Лекин Н.Владимирова бу гапни тўғрилаб: “Табиб не ответил, он лишь кивнул головой “ (83-бет), деб таржима қилади.

Сен ҳам бир оғиздан чиқади, сиз ҳам. Бу ёзилмаган қоида, асосан, ўзбек миллатига хос. Халқимизда ҳатто ёш болаларга ҳам сизлаб гапириш урф. Юртбошимиз И.А.Каримов “Юксак маънавият — енгилмас куч” китобида бу инсоний фазилатни “ота-боболаримизнинг оила маънавиятига қанчалик катта эътибор берганлиги” билан боғлайдилар. Уни ҳозирги тилда менталитет белгиси, дейишади. Шу қоида бузилган жойда менталитетга ҳам дарз кетади. Ўзбек аёлнинг эрига сенсираб мурожаат қилганини эшитмаганмиз. Романда табибнинг хотини эрига сенсираб: “— Нима қиляпсан, тўхта!.. Мен сенга ҳаммасини тушунтираман. Олдингда айбдорман, буни биламан, инкор этмайман, лекин сен ўйлаганчалик эмас. Тўхта, тўхтасанг-чи!..”(19-бет), деганини ўқиб, табибнинг хотини русми, деб ўзимизни саволга тутдик. Шунинг учун ҳам русча таржимада(23-бет) бу гап табиийдек кўринса ҳам, барибир, китобхонга (агар у ўзбек бўлса) бундай мурожаат эриш туюлади.

“…Акбар диван устида китоб ўқиб ётаркан, тағин уни кутмоқда” (62-бет) гапини ўқиб, нега энди “устида” деймиз ва бу ёрдамчи сўз ўрнида қўлланилиши “мумкин” бўлган ёнида, тепасида, тагида, орқасида сўзларининг маънолари хаёлимизга келади. Бу гап ҳам таржимонимиз томонидан “Акбар лежит на диване, читает и снова ждет ее” (58-бет), деб тўғри ўгирилган.

Диана уйида интизорлик билан Акбарни кутаяпти. “Ниҳоят, бир маҳал эшик қулфи шақиллаб очилди. Диана чопиб ўз эшиги қўнғироғидан қаради, бироқ Акбарнинг эшиги бу орада ёпилиб бўлганди” (90-бет).

Аслият матнидаги хато аён. Таржимон жумлани сўзма-сўз ўгирганида нохуш вазият юзага келарди. Шунинг учун таржимон ўзича йўл тутиб: “Но вдруг щелкнул замок. Диана подбежала к двери и выглянула в глазок — дверь Акбара захлопнулась”(80-бет), деб аслият муаллифининг хатосини тузатишга эришган. Ҳақиқатан ҳам, қандай қилиб эшик қўнғироғидан қараш мумкин?

Турсунбой ўлим тўшагида ётибди. Жони узилай деб турибди. Алаҳсираяпти. Гапида маъно йўқ. Оқлаш, бўяш каби пардоз ишларигина қолган иморатга қараб, у табибга айтади: “Қаранг, юзга тушган доғдай бўп иморат ҳуснини бузиб турибди”(94-бет). Тасаввур қилайлик-чи, вазиятни. Умрининг саноқли дақиқалари кечаётган одамнинг эмоционал-экспрессив тасвирий ибора билан сўзлаши ҳақиқатдан узоқроқ. Ўзбек ва рус тилларидаги матнларда бу ташбиҳ ҳам юзга тушган доғдай бўлиб турибди. Ёзувчи ҳам, унинг таржимони ҳам матнларга кичкина пардоз берганларида яхши бўларди.

Бадиий асарда ҳикоя қилинаётган воқеа-ҳодиса қанчалик тўғри ва аниқ бўлса, у шунчалик ишонарли чиқади, китобхон уни реал воқелик тарзида қабул қилиб, ўзини худди шу воқеалар ривожининг фаол иштирокчисидек сезади. Мабодо, кўраётганимиздек, тасвирда мантиқсизлик ҳолатлари учраб қолса, унда асарга нисбатан айрича муносабат ҳосил бўлиши мумкин. Турсунбойнинг тамаддиси: дуррага ўралган каттакон(!) нон, термосдаги чой, каттакон темир (!) кружка, икки бўлак қанд(24-бет). Бир неча саҳифадан кейин ёзувчи худди шундай вазиятда тунука кружка ишлатади(79-бет). Таржимон аслиятга зид бўлса-да, ҳамма ерда бир хил — “темир кружка”да чой ичказади. Фақат таржимачиликда дуррани головной платок, яктакни — халат деб ўгириш нотўғри одат тусига кириб қолган анъанавий усул. Бадиий ижодда битта сўзни ҳадеб ишлатавериш услуб, аниқроғи, талаффуз жиҳатидан ножоиз — қулоққа эриш туюлади. Бошқа сўз, синоними йўқми, қабилида савол туғилиш мумкин. Дарвоқе, Ги де Мопассан айтган: бир марта ишлатган сўзингни энди 200-250 сўздан кейин қайтарсанг қулоққа ёқади. Биз таъкидлаётган каттакон сўзи нонга ҳам, дуррага ҳам, хонага ҳам, кружкага ҳам ишлатилаверади. Меъёр(адабий, лексик, морфологик, орфографик, орфоэпик, стилистик) бўлгани маъқул.

Агар китобхон аслият муаллифининг(у ёш ижодкорми ёки машҳур адибми, бундан қатъи назар)нуқсоннни сезмаса ёки кечирса ҳам, таржимонга нисбатан ундай қила олмайди, кечиримли бўла олмайди. Аксинча, таржимон муаллифга садоқат рамзи сифатида унинг янглишларини ўзгартирмай (қўнғироқзвонок тарзида) ўгирганлиги учун ўша нуқсонларни таржимонга юклаб қўяди ўқувчи, уни асоссиз равишда танқид тиғига олади. Бундай китобхоннинг назарида ҳамма яхши нарса муаллифдан, барча иллатлар эса — таржимондан, унинг тажрибасизлигидан бўлиб чиқади. Таржимон Турсунбойнинг “занжирли трактори”ни цепной(71-бет) демасдан, гусеничный трактор, деб ўгирганида аъло бўларди.

Таржима амалиётининг ҳам ўзига хос сир-асрорлари бор. Унга кўра, айтайлик, аслиятда муаллифнинг эътиборсизлиги туфайли нуқсон юз берадиган бўлса, таржимон ўша ёзувчиннинг “Қиёфаси”га кириб, муаллиф муайян сўз ва ибора билан қандай маънони ифодаламоқчи, нима демоқчи бўлганлигини таҳлил қилади, масалани муаллиф томонида туриб ҳал этади. Баъзида эса, бировнинг “қиёфаси”га кириш унчалик ҳам шарт эмас — масаланинг асл моҳиятини мантиққа кўра асослаб билиб олиши мумкин, холос. Мақсад таржимада тилимиз бойлиги, ранг-баранглиги намоён бўлсин. Буюк бобомизнинг: “Тилга ихтиёрсиз — элга эътиборсиз”, деган доно ўгитини унутмаслигимиз лозим.

Комилжон Жўраев,

филология фанлари доктори, профессор

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 8-сонидан олинди.