Халқ оғзаки ижоди – миллат ҳаёти ва тафаккурининг бадиий қомусидир. Фольклорнинг ушбу хусусияти, айниқса, эпосда кўзга яққол ташланади. Зеро, бошқа ҳеч бир жанр олам ва одамни бадиий идрок этишда эпосдек кенг имкониятга эга эмас. Дунё халқлари оғзаки адабиётининг сара эпик намуналари орасида “Қўрқут ота китоби” ҳам ғоят машҳур (“Қўрқут Ота китоби”. “Ёшлик” журнали, 1988 – 5-сон (38 – 55-бетлар); 6-сон (34 – 47-бетлар); 7-сон (41 – 54-бетлар). Турк, озарбайжон, туркман каби халқларнинг муштарак адабий мероси бўлмиш бу муҳташам асар бағрида ҳам “Илиада” ва “Одиссея”, “Маҳобхорат” ва “Рамаяна”, “Алпомиш” ва “Манас”дагидек, туганмас маъно булоғи қайнайди.
“Қўрқут ота китоби” таржимасига сўзбоши ёзган адабиётшунос олим Бахтиёр Назаров қайд этганидек, IX – XIV асрларда яратилиб, XV асрда тартиб берилган, ўн икки ҳикоятдан иборат мазкур асарда исломгача бўлган даврга мансуб туркий халқлар ҳаёти ҳам ўз ифодасини топган (Б.Назаров.”Қўрқут ота китоби” ҳақида.“Ёшлик” журнали, 1988 йил 5-сон,39-бет). Эпосдаги ҳар бир ҳикоят мустақил асар бўлиб, барча ҳикоятларни уларда қатнашувчи персонажлар, энг аввало, зукко бахши-шоир Қўрқут ота образи бирлаштириб туради. Зотан, “Қўрқут ота китоби” ушбу бахши-шоирни таъриф-тавсиф этувчи қуйидаги сўзлар билан бошланиши асло бежиз эмас: “Ҳазрати Расул алайҳиссалом замонига яқин пайтда Баёт наслидан Қўрқут ота деган эр дунёга келди. У киши Ўғузнинг билгувчиси эди, ўғуз ичида унинг бир каромати зоҳир бўлмиш эди, не деса бўларди, ғойибдан турли хабар сўйларди, Яратганнинг ўзи унинг қалбига илҳом соларди”. Бу сўзлардан Қўрқут отанинг Ҳақ Таолога қалбан боғланган зот бўлгани, илоҳий илҳом воситасида ғайбдан муждалар олгани маълум бўлади. Унинг эл орасидаги обрўйи шу қадар баланд эдики, “Қўрқут ота Ўғуз қавмининг мушкулини ҳал этарди; ҳар не иш бўлса, Қўрқут отадан бемаслаҳат кўрилмасди; ҳар ким унинг буюрганини бажарарди”. Бахтиёр Назаров яна кириш сўзида таъкидлаганидек, “Мазкур китобда… Қўрқут ота… ўлмас, абадий ҳаёт кечирувчи қаҳрамон сифатида талқин қилинади. Бу эса аслида мазкур асарни яратувчи халқ орзуларининг ифодасидир” (Юқоридаги манба, 40-бет).
“Қўрқут ота китоби” ҳикоятларида, асосан, жамиятнинг юқори табақа вакиллари – хонлар, беклар бош қаҳрамон сифатида гавдалантирилади. Бунинг сабаби шуки, одатда, миллат ҳаёти кўпроқ юқори табақа вакиллари феъл-атвори, истак-хоҳиши, саъй-ҳаракатига боғлиқ тарзда кечади. Албатта, аҳолининг қуйи табақаси вакиллари учун ҳам хону бекларникидек кечинма, орзу-истак, туйғу ва эҳтирослар бегона эмас. Бироқ ҳар куни бир хил юмуш билан шуғулланиб, камтарона кун кечирувчи чўпон, деҳқон ва ҳунармандлар аксар турмушнинг адоқсиз майда ташвишларига ўралашиб яшайди. Ҳукмдор ва унинг атрофидаги зодагонлар эса бундай ташвишлардан фориғ бўлгани сабаб улар ҳаётида инсоний эҳтиросларнинг чексиз уммони мавжланади. Зотан, қуйи табақа вакилларига хос тирикчилик ташвишлари оёғига тушов бўлганида эди, Алпомиш Барчинни деб қалмоқ юртига, Фарҳод Ширинни деб арман ўлкасига йўл олмас эди. Аммо, шунга қарамай, “Қўрқут ота китоби”да оддий халқ вакиллари, чунончи, чўпонларнинг ёрқин образини ҳам учратиш мумкин.
Асарда воқеа-ҳодисалар наср, қаҳрамонлар ўй-кечинмаси эса назмда ифодаланади. Хоҳ насрий, ҳам назмий баёнда бўлсин, халқона тилга хос донолик, лўндалик, ёрқинлик кўзга ташланиб туради. “Қўрқут ота китоби”ни мутолаа қилар экансиз, бот-бот ёмби иборалар, теран ҳикматларга дуч келасиз. Ушбу ибора ва ҳикматлар ўғуз халқининг кўп асрлик ҳаёт тажрибасидан чиқарилган доно хулосалар ўлароқ киши ақлини ҳайратга солади. Улар гоҳ бахши-шоир нутқи, гоҳ эса персонажлар нутқида келиб, мазмун теранлиги ва шакл гўзаллиги учун хизмат қилади.
“Қўрқут ота китоби” – қадимги туркий халқларнинг табиат, жамият ва инсонга доир бой қарашларини ўрганишда беназир манбадир. Биз қуйида ушбу эпоснинг айрим ҳикоятларини таҳлил қилиш орқали ана шу қарашларга бир карра назар ташлаймиз. Дастлаб таҳлилимиз учун асос бўлажак бир неча ҳикоят мазмуни билан мухтасар танишиб олсак.
1. Дирса хон ўғли Бўғоч хон ҳақида ҳикоят. Бўйинтур хон ҳар йили бир марта ўғуз бекларини чақириб, тўй берар эди. Ушбу зиёфатлар шу қадар дабдабали ўтардики, у тикдирган чодирлар ер юзини қоплар, ола соябонлар эса кўк юзини тўсарди. Бу гал Бойинтур: “Ўғли борни оқ ўтовга, қизи борни қизил ўтовга қўндиринг, кимнингки ўғли-қизи бўлмаса, қора ўтовга ўтқазинг, қора кигиз тўшанг, олдига қора қўйнинг сонидан қўйинг, егани есин, емагани кетсин. Ўғли-қизи бўлмаганни Эгам қарғагандир, биз ҳам қарғармиз”, дейди. Ўғуз бекларидан Дирса хоннинг ўғил-қизи йўқ эди, шу боис у қора ўтовга киритилади. Бундан жаҳли чиққан Дирса хон тўйни ташлаб ўрдасига қайтади-да, “Қани айт-чи, сандами, мандами айб, Қодир Эгам бизга бир ўғил бермас”, дея хотинини қистовга олади. Хотини эса бунга жавобан: “На мандан ва на сандан, устимизда турган ёзиқдандир”, дейди ғам-ҳасратда. Дирса хон хотинининг маслаҳати билан отдан – айғир, туядан – бўғро, қўйдан – қўчқор сўйдириб, Ич Ўғуз, Таш Ўғуз бекларини чақириб, оч кўрса тўйдириб, ялонғоч кўрса кийинтириб, қарздорларни қарзидан қутқазиб, элдан бир жужуқ сўраб, дуо оладики, тез орада хотини ҳомиладор бўлиб, ой-куни етганда бир ўғил туғади.
Ўғил беш ёшга кирганида, Дирса хон уни олиб Бўйинтур хон ўрдасига боради. Бўйинтурхоннинг бир буқа ва туяси бўлиб, улар тошни тепса, талқонга айлантирар даражада кучли эди. Бўйинтурхон ҳар йили икки марта – ёз ва кузда уларни уриштирарди. Одамлар буқа майдонга чиқиб келганда дафъатан уч-тўрт бола бу ерда ўйнаб юрганини кўриб қолади. Уларнинг “Қочинг” деган қичқириғига жавобан бошқа болалар қочади, бироқ Дирса хоннинг ўғли майдонда тураверади. Ҳатто буқа унга ҳужум қилмоқчи бўлганда унинг манглайига мушт уриб, ерга ҳам қулатади. Шу ерда ҳозир бўлган Қўрқут ота боланинг мардлигига тасанно айтади ва унга Бўғоч дея исм қўйиб, “Отини ман бердим, ёшини Эгам берсин”, дея дуо қилади.
Тобора куч-қувватга тўлиб, довруғи ҳам ёйилиб бораётган Бўғочга Дирса хоннинг қирқ йигити қалбида ҳасад уйғонади. Улар: “Эй хон, ўғлинг нонкўр чиқди, ярамас чиқди. У катта-ю кичик, эркагу аёл, барча-барчани хўрламоқда, таҳқирламокда. Бунинг хабари Бўйинтур хонга етиб борса, унинг ғазабига дучор бўласан. Бундай ўғил санга на керак, ўлдирсанг-чи”, дея унинг кўнглига ғулғула солишади.
Оқибатда Дирса хон қирқ йигит маслаҳати билан ўғлини алдаб овга олиб чиқади-да, у кийик қувиб, отаси олдидан ўтганда, ўғлига камондан ўқ узади. Бундан кейинги воқеани ровий: “… ўқ ўғлоннинг икки кураги ўртасига бориб қадалди, қизил қон тўкилди, қўйни қонга тўлди, бадавий отининг бўйнини қучоқлади, ерга қулади”, деб тасвирлайди. Ўз қилмишидан даҳшатга тушган Дирса хон ўғли устига келиб ҳўнграб йиғлайди. Охири, ўғлим ўлди, деган фикрга келиб, қирқ йигити билан ўрдасига қайтади. Ўғлининг илк овини байрам қилиш илинжида турган Дирса хоннинг хотини эса бу даврада ўғлини кўрмай, уни сўраб-суриштиришга тушади. Бироқ Дирса хон мум тишлагандек лом-мим демай тураверади. Номард қирқ йигит эса онага бундай жавоб қилади: “Ўғлон соғдир, омондир, эрта тонготарда келар, қўрқма, қайғурма, бек сархушдир, шунинг учун жавоб бермади”.
Бу жавобдан қаноатланмаган она қирқ инжа қизни ёнига олганча, арабий отга миниб, ўғлини қидириб кетади. У бирмунча йўл юриб, қишин-ёзин қори, музи эримас бир тоққа етиб боради. Қараса, бир дара устида қарға-қузғун айланаётир, гоҳ қўниб, гоҳ учаётир. Дирса хоннинг хотини отни ана шу томон йўрттиради. Бўғоч хон шу ерга қулаган бўлиб, қарға-қузғун унинг устига қўнмоқчи бўлар, лекин икки кучук ўз эгасини улардан қўриқлаб турарди. Иттифоқо Бўғоч хон устида яшил тўнли, бўз отли чол пайдо бўлади-да, унинг ярасини уч марта силаб, “Қўрқма ўғлон, санга бу ярадан ўлим йўқдир, тоғ чечаги-ла она сути ярангга малҳам бўлар”, деб кўздан йўқолади.
Чол ғойиб бўлган маҳал она ўғил олдига етиб келади. Бўғоч хон унга яшил тўнли, бўз отли чол сўзларини етказади. Қирқ қиз дарҳол тоғ чечагини териб келади. Она эса кўкрак сутига қориб, улардан малҳам тайёрлайди. Сўнг ўғлини ўрдага келтириб, ҳакимлар қўлига топширади-ю, лекин буни Дирса хонга билдирмайди. Шундан кейинги воқеани ровий: “… қирқ кунда ўғлоннинг яраси битди, қирқ кунда соппа-соғ бўлди. Ўғлон отга миниб, қилич ушлайдиган бўлди, ов овлаб, қуш қушлайдиган бўлди”, деб баён қилади.
Бўғоч хоннинг тириклигидан хабар топган қирқ йигит эса, агар Дирса хон ўғлини кўрар бўлса, жим турмас, бизни битта қўймай қириб ташлар, дея энди унинг ўзини йўқотмоққа киришади. Номардлар Дирса хонни мастлигида тутиб, оёқ-қўлини боғлайди-да, ғаюрлар мамлакати сари йўлга тушади. Улар ўз асирини ана шу бегона юртда ўлдириш режасини тузишган эди. Бу машъум хиёнатдан бехос хабар топган Дирса хоннинг хотини дарҳол ўғли ёнига боради ва унга: “Ул қирқ номард отангни тутдилар, қўлларини ортига боғладилар, жун чилвирни бўйнига солдилар, ўзлари отда, отанг эса яёв узоқ юртларга кетдилар. Хоним ўғли, қалқиб ўрнингдан тур, ёнингга қирқ йигитни ол, отангни қутқар, бор ўғлим, отанг сани қийса ҳам, сан отангни қиймагил”, дея насиҳат қилади.
Бўғоч хон она ўгитига кўра, қирқ йигитни ёнига олганча, отаси ортидан қувиб кетади. Отасининг қорасини олгач эса, қирқ йигитини пистирмага қўйиб, ўзи от устида кўриниш беради. Бу пайтда хоинлар соя-салқин бир жойга қўниб, роса шаробхўрлик қилмоқда эди. Улар Бўғоч хонни танимай, шу йигитни ҳам тутайлик, Дирса хон иккисини душман ерига элтиб, ўша жойда бўғизлайлик, дея манманликка берилишади. Бу сўзларни эшитган Дирса хон, манинг қўлимни ечинг, қўбизимни дастимга беринг, ул йигитни ман чақирай, сўнгра хоҳ ўлдиринг, хоҳ тирик қолдиринг, ихтиёр ўзингизда, дейди уларга қарата. Дирса хоннинг қўлини ечиб, дастига қўбизни берадилар. У ўғлини танимай, қўбиз чалганча, йигитни ёнига чақиради. Бўғоч хон ишораси билан унинг қирқ йигити пистирмадан чиқади ва душман устига ёпирилади. Қанча хоиннинг боши танасидан учади, қанчаси тутқун қилинади. Дирса хон ниҳоят ўғли тириклигини билади. Ота-ўғил бир-бирини қучиб йиғлайди, бир-бирига дили роз қилади. Сўнгра улар ўз ўрдаларига қайтадилар, Дирса хоннинг хотини эри ва ўғлини бирга кўриб, Яратганга шукрона келтиради…
2. Салор Қозоннинг уйи талон-тарож бўлгани ҳикояти. Ўғуз бекларини чорлаб, катта зиёфат берган Салор Қозон шароб ичиб, боши айланиб, бундай хитоб қилади: “Сўзим англанг, беклар, сўзим тингланг, беклар; ёта-ёта ёнбошимиз оғриди, тура-тура белимиз қуриди. Юринглар, эй беклар, ов овлаймиз, қуш қушлаймиз, кийик отамиз, кейин ўтовимизга қайтиб, еймиз, ичамиз, маишат қиламиз”. Қўноқ беклар унинг таклифини маъқуллайди ва улар дарҳол овга йўл олади. Ғаним юрт жосуси эса уларга изма-из эргашиб бориб, бу ҳақда ўз ҳукмдори Шўқли Маликка маълум қилади. Шўқли Малик етти минг аскари билан етиб келиб, Салор Қозон ўрдасини тун ярмида босади. Улар ўғузларнинг шаҳбоз отлари, қизил туяларини ҳайдаб кетади. Бой хазинаси, кўплаб ақчасини ҳам талон-тарож қилади. Буям майли-я, Қозон хоннинг онаси, хотини ва ўғли – Ўрозни ҳам банди этади. Бундан ташқари, ёғий зодагонларидан бири Шўқли Маликка: “Қозон хонга яна бир зулм этсак. Қопилар Дарбенди олдида ўн минг қўйи бор, шу қўйларни ҳам ола кетсак”, дея маслаҳат солади. Шўқли Малик: “Олти юз отлиқ борсин, қўйларни ҳайдаб келсин”, дея буйруқ беради.
Бироқ Қозон хоннинг чўпони Қарочиқ, Қиён Кучу ва Дамир Кучу деган икки қариндошини ёнига олиб, Шўқли Малик аскарлари билан мардона олишади. Ҳикоятда Қарочиқнинг олти юз аскар билан қандай жанг қилгани бундай тасвирланади: “Мардлар марди Қарочиқ чўпон палаҳмонига тош солди, отди. Бир отди, ғайридиннинг иккисини йиқди, икки отди, учтаси, тўрттаси йиқилди. Ғаюрларнинг қўксига қўрқув тушди. Қарочиқ чўпон ғайридиннинг уч юзтасини палаҳмон тоши ила ҳалок этди. Икки қариндошига ўқ тегиб, шаҳид бўлди”. Тошлар тугаб қолгач эса, чўпон палаҳмонга қўй қа эчкиларни солиб отишга киришади. Шунда ёғий аскарлари: “Ёримасин, ёлчимасин, бу чўпон бизнинг ҳаммамизни қириб ташлайди-ку”, дея ортига қараб қочади.
Овда юрган Салор Қозон эса тунда ёмон туш кўриб, ўрдаси ва оиласида хавотирга тушади-ю, тонгда қўнғир отини эгарлаб, “Уч кунлик йўлни бир кунда босарман, агар уйим тинч бўлса, яна қайтарман”, дея шикорчи беклар-ла хайрлашиб, йўлга чиқади. У шамолдек елиб, юртига келса, қушлардан фақат қузғун қолибди, санқиб юрган тозилар қолибди.
Бу манзарани кўриб, кўзига ёш қалққан Салор Қозон ёғий изига тушади. У йўлида аввал сув, сўнгра бўри, ундан ҳам кейин кўппакни учратади, уларга “Ўрдам хабарин билармисиз, айтинг манга”, дея илтижо қилади. Тасодифни қарангки, кўппак Қарочиқ чўпоннинг ити бўлиб, у Салор Қозонни ўз эгаси олдига олиб боради. Уни юз берган кулфатдан хабардор қилган Қарочиқ чўпон ҳам Салор Қозон ортидан эргашади. Зеро, бек ўз оиласини қутқармоқчи бўлса, чўпон эса қариндошлари ўчини олмоқчи эди. Шунда Қозон Салорнинг хаёлига: “Агар ёғий устига чўпон билан бирга борсам, ўғуз беклари ўртасида шарманда бўламан, чунки улар чўпонсиз ўзи душманни енголмасди”, дея ўйлашади деган фикр келади. У чўпонни баҳайбат бир оғочга боғлайди-да, ўзи йўлда давом этар экан: “Аввал уйимни қутқарай, кейин сани қўйвораман”, деб ваъда беради. Қарочиқ чўпон бир юлқиниб, баҳайбат оғочни қўпоради-ю, уни орқалаб яна Қозон хон ортидан чопади. Бу мардлиги бекка хуш келиб, унинг қўлларини ечади ва манглайидан ўпади. Шу тариқа улар душманни энди биргаликда таъқиб этишга киришадилар.
Бу пайт Шўқли Малик маишат қилиб ўтирар, Салор Қозонни яна қандай ҳақорат қилсам экан, деб ўйларди. Унинг кўнгли Салор Қозоннинг хотини Бурла Хотунни олиб келтириб, ўзи ва бекларига шароб қуйдиришни тусаб қолади. Бундан хабар топган Бурла хотин қирқ қиз ичига кириб ўтириб, уларга, Қозон хоннинг хотини ким дейишса, бир овоздан ман деб айтинг, деб буюради. Дастлабки уриниши зое кетган Шўқли Малик Бурла Хотун ҳийлага қарши шундай ҳийла ўйлаб топади. У, Ўрозни бўғзидан осинг, этини қийма-қийма қилиб, қовурдоқ пиширинг. Қовурдоқни ўша қирқ бир қизга едиринг, ким емаса ўша Қозоннинг хотини, деб буйруқ беради. Чорасиз қолган Бурла Хотун Ўрознинг олдига келиб, унга: “Не дерсан, ўғил, санинг этингдан еяйинми ёки бошқа динлининг тўшагига кирайинми? Оғам Қозон Бекнинг номусини синдирайинми, на қилайин, ўғлим-а?” деб нола чекади. Ўроз эса ҳеч ўйлаб ўтирмай: “Майли, этимдан узсинлар, қора қовурдоқ пиширсинлар. Қирқ бек қизларига улашсинлар. Улар бир бўлак еганда, сан икки бўлак егил, токи сани ўзга динли душманлар билмасинлар, сезмасинлар. Токи ўзга динлининг тўшагига бормагайсан, шаробини сузмагайсан, отам Қозон номусин ерга урмагайсан”, деб жавоб қайтаради.
Шу маҳал Салор Қозон ва Қарочиқ чўпон бу ерга етиб келади. Салор Қозон Шўқли Маликка мурожаат этиб, меним ўрдамдан ниманики талаган бўлсанг, майли, саники бўлсин, аммо манга оқ сут берган онамни қайтаргил, деб ундан илтимос қилади. Шўқли Малик эса бекни баттар таҳқирлаб, “Онангни санга қайтармасмиз, уни Яйхон Кашиш ўғлига берурмиз, онанг Яйхондан ўғил туғар”, дея масхара қилади.
Шу пайт Салор Қозон кулфатидан хабар топган Ўғуз беклари етиб келишади-ю, ёв устига яшиндек от қўяди. Ўша куни қиёмат саваш бўлади. Кескир пўлат қиличлар сермалади, уч қиррали ўқлар отилади, ўткир нишли гурзилар ёғилади. Салор Қозон жанг чоғи Шўқли Маликка дуч келиб, бўкиртириб отдан йиқади, унинг ғофил бошини кесиб, қизил қонини ерга тўкади. Шўқли Малик билан бирга ўн икки минг ёғий аскари ер тишлайди, ўғузлардан эса беш юз йигит шаҳид бўлади. Салор Қозон Ўғуз беклари билан бирга ўз ўрдаси, ўғли, онаси, хотинини қутқариб, яна юртига қайтади ва тахтига ўтиради.
3. Ич Ўғуз Таш Ўғузга итоат этмагани ва Байракнинг мадҳи ҳикояти. Қозон хон уч йилда бир марта Ич Ўғуз, Таш Ўғуз бекларини жам этиб, ўз уйини яғмолатар эди. Бунда у хотинининг қўлидан тутиб, ташқарига чиқиб кетар, Ўғуз беклари эса уйдаги барча буюм ва жиҳозларни бўлиб оларди. Бу гал Қозон хон ўз уйини фақат Ич Ўғуз бекларига яғмолатадики, бундан Таш Ўғуз беклари хафа бўлиб, ҳеч бири унга саломга келмайди. Шунда Қозон хоннинг бекларидан бўлган Қилбош отлиқ киши: “Хоним, ман борайин, уларнинг дўстлигин, душманлигин билайин”, деб унга маслаҳат солади.
Қозон хон ижозати билан Қилбош бир неча одам ҳамроҳлигида Таш Ўғуз сари жўнайди. У Таш Ўғуз бекларидан Оруз Хўжанинг уйига қўнадики, зеро, бу киши Қозон хоннинг тоғаси эди. Қилбош Оруз Хўжани синаш учун кичик ҳийла ишлатади. Қозон хон, бошимга оғир кулфат тушди, устимга ёғий ёприлди, ҳеч бир чорасиз қолиб, ҳолим танг бўлди, Орузга бориб айтинг, кўмакка келсин, дея бизни жўнатди, деб арзи ҳол қилади. Оруз Хўжа эса бунга: “Қозон хон ўз уйини Ич Ўғуз бекларига яғмолатди, Таш Ўғуз бекларини кутмади. Шунинг учун биз унга душман бўлдик, бу гапни бориб Қозон хонга айт”, дея жавоб беради.
Шунда Қилбош устимизга душман бостириб келгани йўқ, ман фақат санинг дўстми ёки душманлигингни билмоқ учун шундай дедим. Энди аён бўлдики, сан Қозон хонга душман экансан, дея дадил ўрнидан қалқиб, унинг ўтовидан чиқади. Қилбошнинг бу қилиғидан ғазабланган Оруз Хўжа барча Таш Ўғуз бекларини жам этади. Дастлаб у беклар учун ўтовлар тиктириб, уларни зиёфат-ла сийлайди. Сўнг эса, ман Қозон хонга душман бўлдим, сизлар на дейсиз, дея савол беради. Таш Ўғуз беклари жавобини ровий бундай ифодалайди: “На деяр эдик, сан Қозонга душман бўлганингдан кейин биз ҳам душман бўламиз”, дейишди. Улар Оруз Хўжанинг қистови билан “Санинг дўстингга дўст, душманингга душманмиз”, дея онт ичишади.
Шунда Оруз Хўжа Таш Ўғуз бекларига бундай таклиф билдиради: “Беклар, Байрак биздан қиз олган, куёвимиздир, аммо Қозоннинг иноғидир, келсин, бизни Қозон билан яраштирсин, дейлик, алдайлик, ўрдамизга келтирайлик. Келиб бизга муте бўлса яхши, бўлмаса ман соқолидан тутайин, сиз қилич уриб пораланг, орадан Байракни олиб ташлайлик. Байрак кетгандан сўнг Қозон ила ишимиз енгил бўлар”. Алҳосил, Оруз Хўжанинг “Карам этиб, Таш Ўғузга кел ва бизни Қозон билан яраштир”, деган алдов хатига ишонган Байрак ҳеч пайсалга солмай етиб келади.
Оруз Хўжа Байракни ҳам Қозон хонга душман бўлиш ва шу ҳақда онт ичишга мажбурламоқчи бўлади. Аммо Байрак Қозон хоннинг тузини ичиб тузлуғига тупурайми, дея бўйин товлайди ва “Оруз, агар сенинг асл ниятингни билсам эди, темир тўнимни кияр, пўлат қиличимни олар, бошга дубулғамни қўндирар, ўткир учли найзамни тутардим-да, аскарларим ила бу ерга келар эдим. Сан мени алдов йўли билан асир этдинг, бу ишни хотинингдан ўргандингми, ярамас”, дея уни мулзам этади. Оруз Хўжа дарғазаб ҳолда Байракнинг соқолидан тутади-да, бекларга боқади. Аммо беклар Байракни қилич билан нимта-нимта қилиш ўрнига миқ этмай тек тураверадилар. Шунда Оруз Хўжа пўлат қиличи билан Байракнинг ўнг оёғини чопиб ташлайди. Бундан саросимага тушган беклар дарҳол тарқалиб кетади, Байракни ҳам отига миндириб, ўрдасига олиб боришади.
Байрак ўтовида жон берар экан, агар Қозон хон манинг учун Оруз Хўжадан қасос олмаса, қиёмат куни икки қўлим унинг ёқасида бўлади, деб васият қилади. Қозон хонга Байракнинг ўлими ва васиятини етказишганда, у дастрўмолини қўлига олиб, ҳўнгир-ҳўнгир йиғлайди. Қозон хон етти кун мобайнида ўтовидан чиқмай, Байракка аза тутади.
Ич Ўғуз беклари Қозон хон олдига вакил киритиб, йиғламоқ ила иш битмас, Байрак санга садоқати боис ўлдирилди, энди унинг васиятини бажо келтирайлик, Оруз Хўжа устига юриш бошлайлик, дея талаб қўяди. Ич Ўғуз лашкари кеча-кундуз демай йўртиб, Таш Ўғузга етиб келади. Бу ердаги беклар ҳам аскар сафлаб, уларга пешвоз чиқади. Бу ёғини ровий қуйидагича баён этади: “Оруз Хўжа майдонга чиқди, от қўйди. Қозонни чақириб: Ҳой ярамас, сан манинг душманимсан, кел бери, деди. Қозон қалқон ёпинди. Найзасини қўлига олди. Боши устида кўтарди, айтур: Ҳой ярамас, муҳаннаслик ила эр ўлдирмак қандай бўлур, ман санга кўрсатурман”, деди. Аввал Оруз Хўжа Қозон хонга қилич-ла ҳамла қилади. Бироқ Қозон хон қиличга эпчиллик билан чап беради. Сўнгра Қозон хон найза билан Оруз Хўжага ташланади. Найза Оруз Хўжанинг кўксини дабдала қилиб ўтади – у от устидан ерга қулайди. Шунда Ич Ўғуз бекларидан Қора Кўна отдан иниб, Оруз Хўжанинг бошини кесади. Буни кўрган барча Таш Ўғуз беклари отдан тушадилар, Қозонхоннинг пойида тиз чўкиб, ундан узр сўрайдилар. Қозон хон ҳам бағрикенглик билан уларнинг гуноҳидан ўтади. Шундан сўнг Оруз Хўжанинг эли ва моли яғмоланади. Ҳикоят Байрак учун қасос олган Қозон хон ғалаба шарафига катта тўй бериши билан якунланади…
Қадимги туркий халқларнинг табиат, жамият ва инсонга доир қарашлари, табиийки, “Қўрқут ота китоби”нинг барча ҳикоятларига дурдек сочилиб кетган. Бинобарин, юқорида қисқача мазмуни баён этилган уч ҳикоят доирасидагина бу мавзуни батафсил ёритиш мушкул. Шу сабаб биз ўз таҳлилимиз учун шу уч ҳикоятни асос қилиб олсак-да, бироқ зарурат туғилганда бошқа ҳикоятларга ҳам мурожаат этамиз.
Маълумки, қадимги туркий халқлар ҳаёти табиат билан чамбарчас боғлиқ ҳолда кечган. Улар ҳар бир нарсага табиатдан қиёс излар, ундан андоза қидирар эди. Чунончи, биз “Қўрқут ота китоби”даги кўплаб ҳикоятларда Ўғуз беклари ўтови тасвирига дуч келамиз. Бир неча ҳикоят ҳатто персонажнинг бирор ўтовда меҳмон бўлиши воқеаси билан бошланади. Юқорида қисқача мазмуни баён этилган “Дирса хон ўғли Бўғоч хон ҳикояти” ва “Салор Қозоннинг уйи талон-тарож бўлгани ҳикояти” ҳам ана шу сирага киради. Фольклоршунос олим Шомирза Турдимов қадимда аждодлар ўз иморатига Оламнинг нусхаси деб қараганини таъкидлайди. Бунда ўтовларнинг ён тарафи Ер, шифт қисми эса Осмон тимсоли деб олинган ( Шомирза Турдимов. “Том устига том солдим”. “Ёшлик” журнали, 1988 йил, 7-сон, 75-бет). Қадимги аждодлар наздида, одам танасида бош қанчалик азиз саналса, ўйда том ҳам шунчалик мўътабар кўрилган. Уй томига ҳатто Буюк Яратгувчи билан боғлаб турувчи восита деб қаралгани ҳақида далолатлар бор. Демак, ўғуз ўтовлари рамз ўлароқ табиатнинг ўзи эди, деб айтсак асло муболаға бўлмайди.
Бундан ташқари, “Қўрқут ота китоби”да туркий қавмлар ноз-неъматларни бевосита Табиатдан олган илк даврлар изи аниқ кўринади. Зеро, ўғузларнинг энг биринчи меҳнат тури овчилик эдики, шу боис мазкур эпосда ҳам ов мотиви етакчи мотивлардан ҳисобланади. Тарихдан аёнки, ов қадимги туркий халқлар учун Оламни билишнинг илк дарсхонаси бўлган. Зеро, улар ов бароридан келиши учун яқину олисдаги тоғ ва даралар, улардаги ҳайвон ва паррандаларни билишигина кифоя қилмас эди. Улар айни чоғда йил фасллари, қуёш ҳаракати, юлдузлар жойлашуви, жазирама ва қаҳратон, булут ва чақмоқ, шамол ва ёмғир каби табиат ҳодисалари ҳақида ҳам билимга эга бўлиши тақозо этиларди. Уларнинг кейинчалик чорвадор халққа айланишида ҳам овчилик пойдевор ролини ўйнайди.
Ов мотиви ишланган ҳикоятлардан ўғузлар шикор пайти асосан кийик тутганини кўриш мумкин. Бундан эса ўғузлар яшаган ҳудудда ушбу ҳайвон тури кўпроқ учраганини англаса бўлади. Бироқ улар, “Қўқут ота китоби” гувоҳлик беришича, ўз ўлжаларига ва шу ўлжалар орқали бутун Табиатга вайронкор муносабатда бўлмаган. “Багил ўғли Эмран ҳикояти”да Бойинтур хон Багилни овга олиб чиққанда, у семиз қийикларни бўғизлаб, ориқ кийикларни қўйиб юборишини бунга далил сифатида келтириш мумкин. Шу тариқа қадимги аждодларимиз табиатда мувозанат сақланиб туришини таъминлаганлар.
“Қўрқут ота китоби”да қуш ва ҳайвонларнинг айримлари инсонга дўст, айримлари эса ғаним сифатида таърифланади. Бу ҳам ўша замонлардаги ўғузларнинг табиатга доир қарашларига ҳамоҳангдир. Чунончи, қузғун – душман, ит эса – дўст сифатида тасвирланади. “Дирса хон ўғли Бўғоч хон ҳикояти”да эри овдан ўғлисиз қайтганидан кўнгли ғаш тортган она фарзандини излаб чиққанда, бир дара устида гоҳ қўниб, гоҳ учаётган қузғунлар орқали ярадор ўғлини топади. Бу қузғунлар ҳаргиз Бўғочнинг устига қўниб, уни чўқишга ҳаракат қиларди. Аммо Бўғоч хон овга ўзи билан олиб чиққан кўппак уни қузғунлардан қўриқлаб турарди..
Қадимги турқий халқлар яра ва касалликларга шифони ҳам табиатнинг ўзидан, ундаги гиёҳлардан излаган. “Қўрқут ота китоби”да ўғизларга доривор гиёҳлар ҳақидаги илмни Яратган иродаси-ла фаришталар ўргатганига ишоралар бор. Бўғоч хон тоғ-тошда бир ўзи ярадор ҳолда қолиб кетгани ҳақидаги эпизодга яна бир карра эътиборни қаратайлик. Бир пайт унинг устида яшил тўнли, бўз отли чол пайдо бўлади-да, ярасини уч марта силаб, “Қўрқма ўғлон, санга бу ярадан ўлим йўқдир, тоғ чечаги-ла она сути ярангга малҳам бўлар”, деб кўздан йўқолади. Дарҳақиқат, қирқ қиз териб келган чечак она сути билан қориб босилганда, Бўғоч хон тез орада буткул соғайиб кетади. Шу лавҳадан ҳам туркий халқлар қадимданоқ табиатга яшил дорихона деб қараганини билиб олиш мумкин.
Шуниси диққатга моликки, бизнинг аждодларимиз, бугунги инсониятдан фарқли ўлароқ, ўзини табиатга ёт ва ундан устун ҳис қилган эмас. Улар табиат ва ундаги бутун жомадот, наботот ва ҳайвонот дунёсини ўзига қон-қардош ва тенг деб билган. Чунончи, улар бўрини тотем сифатида алоҳида ардоқлаб, ўз илдизларини шу ҳайвонга олиб бориб боғлаган. “Салор Қозоннинг уйи талон-тарож бўлгани ҳикояти”да ушбу ўғуз беги бўрига дуч келганда, бўрининг юзи муборакдир, дея у билан бамисоли инсондек дардлашади:
Қоронғи оқшом тушганда куни туққан,
Қор ила ёмғир ёққанда эр каби турган,
Қорабайир отни кўрса, кишнаттирган,
Қизил туяларни кўрса, бўкиртирган,
Қўйни кўрса, думини қамчидай урган,
Эркагин, семизин олиб қочган…
Овози кўппакларга қўрқув солган,
Ўт ёқтириб чўпонларни зир югуртган,
Жунлари юлинган, ҳей кулранг бўри,
Ўрдамнинг хабарин биласанми, айтгил манга,
Қора бошим қурбон бўлсин, бўрим, санга.
Шунингдек, Салор Қозон, “Ҳақ дийдорин кўрар”, дея сувга ҳам ҳасратини тўкиб солади. Бундан қадимги аждодлар қуш ва ҳайвонлар, сув ва дарахтларга сўзлаб, ғусса ва изтиробларини енгиллатганини англаш мумкин.
“Қўрқут ота китоби”даги ўғизлар ва табиат мавзуни яна узоқ таҳлил этиш мумкин. Бироқ бу хусусдаги сўзимизни мухтасар қилиб, унга шундай хулоса ясашни лозим топамиз. Қадимги туркий халқлар табиатни ўзига она, ундаги жомадот, нобатот ва ҳайвонотни эса ўз жигарлари деб билган. Уларга худди ўзи каби онг эгаси деб қараб, кези келганда дардлашган, ҳасратлашган. Ана шундай ёндашув табиатда мувозанат сақланишига ва унда тоғ-тош, ўт-ўлан, қуш ва ҳайвонлар уйғун яшашига имкон яратган.
“Қўрқут ота китоби”да қадимги ўғузларнинг жамиятга доир қарашлари янада кенг ифода топган. Эпосдан бу элнинг аҳолиси Ич Ўғуз ва Таш Ўғуз деб аталган икки жузъга бўлиниб яшаганини билиш мумкин. Одатда, Ич Ўғуз ҳукмрон бўлган ва Таш Ўғиз унга бўйсунган. Аммо бу ҳудудлар ўртасидаги муносабат ҳар доим ҳам зиддиятдан ҳоли бўлавермаган. Баъзан Таш Ўғуз беклари Ич Ўғуз беклари билан ёвлашган ва орада низолар келиб чиққан. “Ич Ўғузга Таш Ўғуз итоат этмагани ва Байракнинг мадҳи ҳикояти”да ҳар уч йилда бир бор уйини яғмолатган Қозон хоннинг бу гал Таш Ўғуз бекларини кутмай, фақат Ич Ўғуз бекларига уйини талатиши ана шундай ихтилофга сабаб бўлиши тасвирланади. Ҳикоятдан ўша кезларда ҳам эл-улуслар турли низоларни тинч, сиёсий йўллар билан ҳал этишга интилгани, шу мақсадда бир-бирига элчилар юборгани маълум бўлади. Қозон хон Ички Ўғуз номидан Таш Ўғузга Қилбош исмли бекни элчи сифатида жўнатади. Қилбош ва Оруз суҳбатидан элчилар ўз мақсадига эришиш учун ҳар хил усуллардан фойдалангани, баъзан эса ҳийла ҳам ишлатганини кўриш мумкин. Қилбош Қозон хон устига душман ёпирилди, у сандан мадад сўраётир, деган ҳийла орқали Оруз Хўжанинг қора ниятини билиб олади. Таш Ўғуз беклари муросаи мадорага кўнмагач, икки ўртада уруш бошланади.
Қадимги ўғузлар орасида урушнинг ҳам ўзига хос қонун-қоидалари мавжуд бўлган. Урушга, одатда, юқори табақа вакиллари – хон ва беклар сабаб бўлгани учун кўпинча уларнинг яккама-якка олишуви жанг тақдирини ҳал қилган. Юқоридаги ҳикоятда ҳам Қозон хон ва Оруз Хўжа ўзаро беллашиб, Қозон хон Оруз Хўжани ўлдириши Ич Ўғуз ва Таш Ўғуз душманлигига чек қўяди. Оруз Хўжа тарафдори бўлган беклар Қозон хон олдида тиз чўкиб, кечирим сўрайди ва уларнинг кечирими қабул қилинади.
“Қўрқут ота китоби”дан кўринадики, ички ихтилофларга чек қўйилишининг ўзиёқ ўғузларнинг тинч-осойишта ҳаёт кечиришини таъминлай олган эмас. Ташқи душманлар ҳам қулай вазият етилди дегунча уларга қуролли ҳамлалар қилиб турган. Ташқи душманларга эса бу ҳақдаги маълумотларни ўғузлар ичида яшириниб юрган жосуслар юбориб турган. Зеро, ўша вақтларда босқинчилик катта бойлик орттиришнинг энг осон ва кенг ёйилган йўли эди. “Салор Қозоннинг уйи талон-тарож бўлгани ҳақида ҳикоят”да ҳам ташқи душманнинг қулай пайт топиб, ўғузлар ўрдасига босқин уюштириши тасвирланади. Қозон хоннинг зиёфат пайти шароб таъсирида шикорни хоҳлаб қолиши у бош бўлган уруққа оғир мусибат олиб келади. Қозон хон овга чиққанидан фойдаланган Шўқли Малик унинг ўрдаси-ю мол-давлатини талон-тарож этиб, онаси, хотини ва ўғлини асир этиб ҳайдаб кетади. Оқибатда Шўқли Малик ва Қозон хон ўртасида уруш юзага келади. Ушбу ҳикоятдан қадимги ўғузлар ташқи душманга қарши бир тану бир жон бўлиб курашганини билиб олиш мумкин. Шундай қалтис вазиятларда улар ички ихтилофларни бир четга суриб қўйиб, ташқи душманга баҳамжиҳат қақшатқич зарба беришган.
“Қўрқут ота китоби” гувоҳлик беришича, ўғузлар жанг олдидан гумбур-гумбур ноғоралар ва тунж карнайлар чалиб, душман қалбига қўрқув солганлар. Бу овозлар, душман жангчиларидан фарқли ўлароқ, ўғуз аскарлари қалбига шижоат бахш этган. Улар душманни ерга урувчи сўзларни бақириб айтиб, улардаги жанговар руҳни сўндиришга ҳам ҳаракат қилишган. Қадимги ўғузлар қўшинни марказ ҳамда ўнг ва сўл қанотларга ажратиб жанг қилгани ҳам эпосда ўз аксини топган. Улар асосан от устида туриб жанг қилган, қилич, найза, гурзи, палаҳмон каби қуроллардан моҳирона фойдаланган.
Қадимги туркий халқлар учун уруш асосий машғулотлардан саналса-да, бироқ улар тинч меҳнатни ҳам юксак қадрлаганлар. “Қўрқут ота китоби”га таяниб айтилса, улар хўжалигида чорвачилик етакчи ўринни ишғол қилган. Ўғузлар тоғлар этагидаги табиий яйловларда туя, йилқи, қўй, эчки боққан. Зиёфатларда дарё-дарё қимиз қуйилгани ҳақидаги муболағадор тасвирлардан бия сутидан қимиз тайёрлаш кенг тарқалганини англаш мумкин. Айни чоғда чорва ҳайвонлари гўшт учун ҳам парвариш қилинган. Бунга ўша зиёфатларда тепа-тепа гўшт тортилгани ҳақидаги лавҳалар далил бўла олади.
“Қўрқут ота китоби”дан ўғузлар ўртасида ҳунармандлик ҳам бирмунча ривожланганини ҳам билиб олиш мумкин. Биргина ҳарбий мақсадларга хизмат қилувчи буюм ва қуроллар ясашнинг ўзини олиб кўрайлик. Жангчиларга пўлат кийим, дубулға тайёрлашдан қилич, найза, гурзи ясашгача, буларнинг бари темирчилик ҳунари кенг ривожланганишини тақозо этмайдими?!
Турмуш эҳтиёжлари учун уй-жой ва рўзғор жиҳозлари – ўтов ва соябонлар қуриш, гилам ва ипаклар тўқиш эса иморатсозлик ва тўқимачилик ҳам анча тараққий этганидан далолат беради. Ҳикоятларда бекларга шароб олтин қадаҳ ва биллур шишаларда узатилгани тасвирланади. Бундан эса шундай буюмлар ясашга доир ҳунар турлари ҳам ўғузларга ёт бўлмаган, деб хулоса қилиш мумкин.
Албатта, ўғузлар ўз эҳтиёжи учун зарур маҳсулотларнинг барчасини ўзлари ишлаб чиқарган эмас. Демак, улар бошқа юртлар билан савдо алоқаларини ҳам кенг йўлга қўйган, ўзлари етиштирган молларни четга сотиб, четдан эса зарур молларни харид қилган. “Қўрқут ота китоби” мутолаасидан юзага келган бу фикрлар қадимги туркий халқларнинг жамоавий ҳаёти-ю жамият ҳақидаги қарашларини бирмунча ойдинлаштиради.
Бир сўз билан айтганда, исломгача бўлган даврдаёқ ўғузларда жамият тизим сифатида шаклланиб улгурган, у ҳақда аниқ қарашлар юзага келиб бўлган эди. Бу тизим ва қарашлар жамиятнинг ҳар тўрт соҳаси, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ва маданий соҳаларни бирдек қамраб олганди.
Табиийки, қадимги туркий халқларнинг инсонга доир қарашлари уларнинг табиат ва жамият ҳақидаги тасаввурлари билан уйғун ҳолда шаклланган. Олис даврларда ташқи ҳамла ва ички ихтилофлардан ҳимояланиш ҳаёт-мамот масаласи саналгани боис аввало эркаклар, қолаверса, аёллар ўртасида ҳам жанговарлик, ботирлик, мардлик каби фазилатлар юксак қадрланган. Биринчи галда ўғуз асилзодалари – хон ва беклар ўзида ана шундай фазилатларни тарбиялашга ҳаракат қилганлар. Зотан, уларнинг жамиятдаги ўрни ва мавқеини даставвал қандай жанг қилиши-ю қандай қаҳрамонликлар кўрсатиши белгилаб берган. “Қозон бек ўғли Ўроз бекнинг тутқун бўлгани ҳикояти” айни шу ҳақдаги эпизод билан бошланиши асло бежиз эмас. Унда баён этилишича, Қозон бек Таш Ўғуз ва Ич Ўғуз зодагонларини чорлаб, катта зиёфат уюштиради. Ровий бу ҳақда: “Ўғли Ўроз қаршисида ёйга суяниб турар эди. Ўнг ёнида Қозоннинг қардоши Қора Кўна ўтирарди. Сўл ёнида дойиси Оруз ўтирарди. Қозон бек ўнг ёнига боқди, қаҳ-қаҳ кулди. Сўл ёнига боқди, кўп севинди. Қаршисига боқди, ўғли Ўрозни кўрди, чапак чалди, йиғлади”, деб ҳикоя қилади. Ўроз отасининг бу ишидан ҳайрон қолиб, ундан бунга изоҳ сўрайди. Шунда Қозон бек: Ўнг ёнимга боқиб, Қора Кўнани кўрдим, у жанг қилган, ёвни қирган, ном қозонган. Сўл ёнимга боқиб, Орузни кўрдим. У ҳам жанг қилган, ёвни қирган, донг таратган. Қаршимга боқиб, сани кўрдим. Сан жанг қилмадинг, ёвни қирмадинг, ном қозонмадинг. Агар куним битиб, ман ўлиб, сан қолсанг, манинг тожу тахтимни санга бермаслар, деб сўнгини ўйлаб йиғлайман, ўғил, дея жавоб қайтаради. Дарҳақиқат, ўғузларнинг ёғийлар билан жангларида энг кўп жасоратни айнан хон ва беклар кўрсатади.
Бироқ жанговарлик, ботирлик, мардлик оддий халқ вакиллари учун зарур фазилат саналган. Бунга “Салор Қозоннинг уйи талон-тарож бўлгани ҳикояти”даги Қарочиқ чўпон образи ёрқин далил бўла олади. У Қозон хоннинг ўн минг қўйлик сурувини Шўқли Маликнинг олти юз аскаридан қаҳрамонона ҳимоя қилади. Қарочиқ чўпон палаҳмон ёрдамида уч юз душман аскарини ер тишлатади. Унинг бу жасорати ҳам асарда ғоят муболағадор тасвирланади.
Шунингдек, жанговарлик, ботирлик, мардлик фазилатлари ўғуз аёлларига ҳам ёт бўлмаганини кўриш мумкин. “Қангли Хўжа ўғли Қон Тўрали ҳикояти”да ана шундай ўғуз аёлларидан бири – Салжан Хотун образи чизилади. Салжан Хотун ўзи ва Қон Тўралининг ортидан қувиб келган олти юз ёғий аскарига қўрқмай юзма-юз чиқади, ҳатто эри яраланиб, душман қуршовига тушиб қолганда уни ўлимдан қутқаради.
Қадимги туркий халқлар мамлакатда тинчлик, осойишталик, барқарорлик бўлиши аҳолининг моддий турмушига боғлиқлигини чуқур англашган. Улар фаровон турмушни таъминлаш ҳукмдорларнинг бурчи, амалдорларнинг вазифаси деб қарашган. Шу боис ҳукмдор ва амалдорларнинг бойликка ҳирс қўйиши, маишатпарастликка берилиши қаттиқ қораланган. Чунки бойликка ружу қўйган, маишатга муккасидан кетган, ахлоқий бузуқ ҳукмдору мансабдорлар мамлакатни ижтимоий-иқтисодий, маънавий-ахлоқий таназзулга учратган. “Қўрқут Ота китоби” ҳикоятларида ҳам ҳукмдорларнинг бойликка муносабати орқали уларнинг феъл-атвори, ўй-фикрлари кенг очиб берилган. Масалан, “Ич Ўғузга Таш Ўғуз итоат этмагани ва Байракнинг мадҳи ҳикояти”да Қозон хоннинг ҳар уч йилда бир марта ўз уйини яғмолатиши акс эттирилади. Бу эса Қозон хоннинг мол-мулкка ўч бўлмагани, шахсий бойлик орттиришга ружу қўймагани, аксинча, жуда саховатли, қўли очиқ инсон бўлганини билдиради. Оруз Хўжа эса, унинг акси ўлароқ, мол-давлатга ўч, иззатталаб шахс. У биргина яғмода қатнашмагани учун Ич Ўғуз билан Таш Ўғуз ўртасида уруш келтириб чиқаради. Ўз нафсининг қули бўлган бу кимса, охир-оқибат, нобоп феъли сабаб аянчли ўлим топади. Ҳикоятда Оруз Хўжанинг қисмати мисолида бойлик орттиришга берилиб, худбинлик кўчасига кириш гумроҳлик экани кўрсатилади.
“Қўрқут ота китоби” гувоҳлик беришича, ўғуз жамиятида оддий халқ хон ва бекларга садоқат билан хизмат қилган. “Салор Қозоннинг уйи талон-тарож бўлгани ҳикояти”даги Қарочиқ чўпон, “Ич Ўғузга Таш Ўғуз итоат этмагани ва Байракнинг мадҳи ҳикояти”даги Байрак образлари мисолида бунга етарлича ишонч ҳосил қилиш мумкин. Шўқли Малик аскарлари Қарочиқ чўпонга, агар Салор Қозоннинг қўйларини бизга жангсиз топширсанг, санга Шўқли Маликдан беклик унвони олиб берамиз, деб ваъда қилишади. Бироқ Қарочиқ чўпон ўз хожасига ва унинг омонатига хиёнат қилмайди, аксинча, садоқат намоён этиб, талончи аскарларни қувади. Байрак эса Оруз Хўжанинг, биз Салор Қозонга ғаним бўлиб, бунга онт ичдик, сан ҳам унга душман бўлиб, онт ич, деган гапига: “Ман Қозоннинг неъматини кўп емишам,/ Билмас бўлсам, кўзим ўйилсин”, – дея қатъий рад жавоби беради. Ана шу садоқати учун у Оруз Хўжа қаҳрига учраб, ўнг оёғидан айрилади.
“Қўрқут ота китоби”да фарзандларнинг ота-онага юксак ҳурмат-эҳтироми акс этган таъсирчан лавҳаларни ҳам кўплаб учратиш мумкин. Бир неча ҳикоятларда ўғиллар ўз ота ва оналари шаъни йўлида ширин жонидан ҳам кечишга тайёрлиги тасвирланади. Масалан, “Қозон бекнинг ўғли Ўроз бекнинг тутқун бўлгани ҳикояти”да ота ёғийлар қўлида асир ётган ўғлини қутқармоқчи бўлиб борганида ўғил у ҳам асирликка олинишидан хавотирга тушиб, отасидан ўрдасига қайтишни илтимос қилади. “Мени душмандан халос қиламан деб, ўзингни хатарга қўйма. Ўғил учун отанинг ўлими айб бўлади. Ортингга қайтгин-да, қариган онамга таянч бўл, сингилларимни йиғлатма. Уч ойда уйга қайтмасам, мени ўлди деб ҳисоблаб, айғир отимни сўйдириб, элга ош бергин. Онам мотам тутиб, кўк кийиб, қора ёпинсин. Худо берса, мендан яхши ўғил кўрарсан”, дейди у отасига. “Салор Қозоннинг уйи талон-тарож бўлгани ҳикояти”да эса Бурла Хотун Шўқли Маликка шароб қуйиб беришу унинг тўшагига киришдек шармисорлик ёки ўғли Ўрознинг қатл этилишидек бахтиқароликдан бирини танлашга мажбур бўлганидани ўғил онасига мана бундай сўзлар билан далда бўлади:
Ҳей она,
Араби отлар бўлган жойда
Бир қулун бўлмасми, бўлур!
Қизил туялар бўлган жойда
Бўталоғи бўлмасми, бўлур!
Оппоқ қўйлар бўлган ерда
Бир қўзичоқ бўлмасми, бўлур!
Сан соғ бўл, она,
Отам соғ бўлсин,
Бир манинг каби ўғлингиз бўлмасми, бўлур!
Ўроз ана шу сўзлар билан Салор Қозон ва Бурла Хотун ор– номуси ҳаққи ўз жонидан кечишга шайлигини билдиради. “Қўрқут ота китоби”дан фарзандлар ўз ота-онасига ҳурмати ва муҳаббатини уларнинг қўлини ўпиб намоён этганини ҳам билиб олиш мумкин. Шунингдек, ота-оналар ўз фарзандига меҳри ва иззатини уларнинг бўйнидан ўпиб намоён этганига-да гувоҳ бўламиз.
“Қўрқут ота китоби”да ўғуз беклари кўпинча ичкиликбозлик сабаб оғир аҳволга тушиб қолгани таъкидланади. Зеро, шароб ичганида кишилар одатдагидан бошқа бир ҳолатга кириб, ҳушёрлигини йўқотади. Бундан эса уларнинг мол-давлатига яшириқча кўз тиккан душманлар фойдаланиб қолади. “Салор Қозоннинг уйи талон-тарож бўлгани ҳикоятида” ўғуз беклари сархушлик боис зарур ҳимоя чораларини кўрмай, овга чиқиб кетади. Оқибатда Шўқли Малик Салор Қозоннинг ўрдаси, оиласи ва мол-мулкини осонгина қўлга киритади. “Дирса хон ўғли Бўғоч хон ҳикояти”да эса Бўғоч хон душман йигитлари шаробхўрлик қилиб ўтиргани учун уларни тезда енгади. Шу тариқа Қўрқут ота тилидан, ҳалокатга юз тутмай десангиз, шаробхўрликдан сақланинг, дея панд-насиҳат қилинади. Зеро, Шайх Низомий Ганжавий “Хамса”сининг илк достони “Махзан ул-асрор” (Сирлар хазинаси)да ҳам: “Майки ҳалол эрди ўшал ҳар мақом,/ Ақлга душманлиги этди ҳаром/ Гарчи май андуҳи жаҳонинг олар,/ Ичма уни, иззати жонинг олар,/ Май жигарингга тўкилур мисли туз,/ Ичсин уни, майли, неча бетамиз./ Ичма, сенга касрини этгум хабар,/ Ул сенинг жонингдан этар бехабар./ Бехабар ул, кимки уни тотгуси,/ Бир йўла ғафлатга кейин ботгуси”, дейилган (Шайх Низомий Ганжавий. Махзан ул-асрор. Достон. – Тошкент: “KAMALAK” нашриёти, 2016. – 216 б. – 176-бет).
Эпосда қадимги туркий халқларнинг инсонга доир қарашлари мақолу маталлар воситасида ҳам ифода этилади. Чунончи, “Ушун Хўжа ўғли Саграк ҳикояти”да “Қари тутнинг бағри, ўксук (етим) ўғлоннинг тили аччиқ бўлур”, деган мақол тилга олинади. Мақолнинг маъноси шуки, қари тут танаси қуруқшоқ бўлади, шу сабаб унда уя қурган битлар чанқаб, кимга ёпишса, қаттиқ тишлаб, қонини сўради. Етим бола эса ота-онаси бор тенгдошларидан ўзининг камлигини ҳар қадамда ҳис қилиб, азобланиб ўсади. Шу сабаб у аламзада, тили аччиқ бўлиб улғаяди. Етим болалар ўзига сал азият етказган кишидан ҳам аёвсизларча ўч олади. Ровий ҳаётда кўп кузатиладиган ана шу ҳақиқатга ишора қилиб, етимларга озор бермасликка чақиради.
“Қўрқут Ота китоби”нинг ҳар бир ҳикояти шу мазмундаги хотима билан якунланади: Бу инсонлар “дунёга бир келди-кетди; карвон каби қўнди, кўчди. Уларни ажал олди, ер гизлади. Фоний дунё кимга қолди? Келимли-кетимли дунё, сўнгги учи ўлимли дунё. Қора ўлим келганида йўл беришсин; оқ имондан айирмасин”. Ҳа, инсон ҳаёти – адабий эмас, у ўзига берилган умрни бошқа инсонларга, жамият ва табиатга фақат эзгу муносабатда бўлиб ўтказмоғи керак. “Қўрқут ота китоби”нинг бош ғояси, асосий фалсафаси ана шу!
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2020 йил, 12-сон