Маълумки, Фарҳод “Шопур даштпаймолиғи, балки раҳнамолиғи била Арман кишвариға азимат қилиб”, Ширин билан учрашганига қадар бутун бир саргузаштлар силсиласини бошидан кечиради. Бу саргузаштларга сабаб Оинаи Искандарий деб аталган кўзгудир. Оинаи Искандарий солинган сандиқнинг қопқоғига шундай деб ёзиб қўйилган эди: кимки сандиқни очиб, оинага назар солса, қисматига неки ёзилган бўлса, уни олдиндан кўриши мумкин:
Ки Тенгри айламиш кўрмакни рўзий,
Қазо бошиға келтурмакни рўзий,
Бўлур бу кўзгу ичра жилва оро,
Қилурға ғайб сиррин ошкоро[1].
Аммо кўзгу “ғайб сиррин” ҳаммага ҳам ошкор қилавермайди. Чунки у тилсимли кўзгудир. Тилсим сирини очишга ҳатто хоқон сингари қудратли ҳукмдорлар ҳам қодир эмас. Фарҳод кўзгуни кўришга ортиқ даражада ҳавасманд бўлиб, шу ўринда қуйидаги машҳур сўзларни айтади:
Деди: ҳар ишки қилмиш одамизод,
Тафаккур бирла билмиш одамизод.
Улум ичра манга то бўлди мадхал,
Топилмас мушкиле мен қилмаған ҳал.
Аммо, маълум бўладики, илм ҳам, тафаккур ҳам, гарчи олам мушкулотлари илм ва тафаккур билан ҳал қилинса-да, оина тилсимини очишдан ожиз. Агар кимки бу ишга жазм қилса, – деб ёзилган эди ойнанинг орқа тарафига, – Юнон мулки сари йўлга тушиб, баҳайбат тоғ бағридаги қоронғи ғорда яшайдиган Суқрот ҳакимни топиши лозим. Аммо йўл ғоят хатарлидир. Орадаги уч манзил-масофатда уч офат бор: биринчи манзилда аждаҳо, иккинчи манзилда дев, учинчи манзилда эса аввалги иккисидан ҳам қўрқинчлироқ Искандар тилсими. Бу офатларни дафъ қилган киши тўртинчи манзилда Суқрот ҳузурига етишади. Фақат донойи хирадманд Суқротгина кўзгу сирларидан огоҳ қилиши мумкин.
Фарҳоднинг Юнон мулкига сафари асар бадиий тўқимаси ва қаҳрамон маънавий-руҳий такомилида алоҳида ўрин тутади. Асарнинг бу бобларида қаламга олинган воқеа ва тимсоллар бошдан-оёқ мажоздан иборат. Агар улуғ шоир шу пайтга қадар Фарҳоднинг руҳий ҳолатини очиқ тил билан тасвирлаган бўлса, энди унинг руҳида кечаётган жараёнларни мажоз суратида кўрсата бошлайди. Ойина тилсимини очиш учун Фарҳод даставвал бартараф қилиши лозим бўлган офат – аждаҳо. “Аждаҳо – нафс тимсоли”[2], – деб ёзади Н.Комилов унинг маъносини шарҳлар экан. Достоннинг ўзида ҳам аждардан кўзда тутилган мажозий маънони англашга хизмат қилувчи айрим нуқталар бор. Шулардан бири “соқийнома”лардир. Улуғ шоир ҳар бир бобни якунлар экан, сўнгги икки байтда соқийга мурожаат қилиб, муҳим бир фалсафий-ахлоқий фикрни баён қилади. Улар, бир тарафдан, бобнинг қисқача хулосаси бўлса, иккинчи тарафдан, айрим тимсолларнинг ўзига хос шарҳидир. Фарҳоднинг аждар билан жанги тасвирланган XXII боб сўнгида шоир шундай деб ёзади:
Кетур, соқий, маю, бўл ғамгусорим,
Демайким ғамгусорим, ёри ғорим.
Ки бўлғай анда аждар қонидек ранг,
Сочай ганж, ичмагига қилсам оҳанг.
Бу икки байт ўзаро тамсилий муносабат асосига қурилган. Тамсил қоидасига кўра, шоир байт ёки икки мисрада шундай тимсоллар келтирадики, улар қайсидир жиҳатдан ўзаро алоқадор бўлиб, бу алоқадорлик туфайли кейинги тимсол аввалги тимсолнинг ўзгача ифодасига айланади. Бу жиҳатдан олганда, парчада бир-бири билан боғлиқ икки жуфт тимсол бор: май ва ганж, ғам[3] ва аждар. Иккинчи байтдаги ганж аввалги байтдаги майнинг, аждар эса ғамнинг тамсилий ифодасидир. Тимсоллар ўртасидаги ўзаро алоқадорликда шундай фикр ифодаланган: май – ганж, ғам эса аждардир.
Зоҳиран олганда, аввалги байтда шоир соқийдан май сўраб, май воситаси билан кўнглидаги ғам-ташвишлардан қутулишни истаётганга ўхшайди. Аммо шоирнинг асл мақсади бу эмас. Май ҳам, ғам ҳам улуғ шоир ижодига хос муҳим тасаввуфий истилоҳ бўлиб, уларнинг ботиний маъноларини Алишер Навоий “Бадойи ул-васат” девонига кирган 197-ғазалда шундай шарҳлайди:
Жаҳон ғамию узум бодаси гумон қилманг,
Ки зоҳир аҳлиға бу маъни этти бўйла зуҳур.
Ва лек аҳли ҳақиқатқа май эрур ваҳдат,
Ғам ушбу касрат эрурким, қилур кўнгулга хутур.
Зоҳир аҳли, яъни Ҳақ ишқидан бехабар кишиларга ўхшаб, – дейди шоир, – ғам десам дунё ташвишлари, май десам узум сувидан қилинган ичимлик экан деб ўйламанг. Ҳақиқат аҳли учун май ваҳдат, ғам эса кўнгилни хира қилувчи касратдир. Касратнинг маъноси кўплик, ваҳдатнинг маъноси эса бирлик. Касрат ҳам, ваҳдат ҳам кўнгил ҳолатидир. Касрат – сўфиёна истилоҳда дунё меҳри: оламдаги нарсаларнинг кўнгилдаги сон-саноқсиз суратлари бўлса, ваҳдат – Ҳақ ишқи: ўша суратларнинг йўқ бўлиб, кўнгилда биргина Ҳақ жамолининг тажаллий қила бошлашидир. Май ва ғамнинг мазкур ботиний маъноларидан келиб чиқилса, байтда шоирнинг соқийга мурожаат қилиб, шундай дегани маълум бўлади: Эй Аллоҳ, кўнглимдан ғам, яъни дунё суратларини кеткизиб, уни май, яъни жамолинг жилваси билан мунаввар қил.
Ўша майнинг ранги аждар қонидек қип-қизил бўлсин, – дейди шоир кейинги байтда аждар ва ганж тимсолларини май ва ғам тимсоллари ва умуман, бобдаги воқеалар билан боғлаб, – токи уни ичиб, ганж-хазиналар сочай! Энди аждарнинг мажозий маъноси ҳақида муайян хулосаларга келиш мумкин: ғам касрат экан, ғамнинг тамсилий ифодаси бўлган аждар ҳам касрат, яъни ўткинчи ҳою ҳавасларнинг кўнгил кўзгусини хиралаштирувчи суратларидир!
Фарҳод иккинчи манзилда мағлуб этган офат девдир. “Дев салтанат тимсоли”дир,[4] – деб ёзади Н.Комилов унинг мажозий маъноси ҳақида. Аммо дев достоннинг ўзида бошқачароқ тарзда изоҳланган. Девнинг ўлими тасвирланган воқеаларга нуқта қўяр экан, шоир бу сафар соқийга юзланиб, унга шундай дейди:
Кел, эй соқий, манга май қил ҳавола,
Этибон Аҳраман бошин пиёла.
Ки қилғай ул қадаҳдин руҳи мастим,
Замоне нафс девин зери дастим.
Кўриниб турибдики, биринчи байтдаги майнинг тамсилий жуфти руҳ бўлса, дев(Аҳраман)нинг жуфти – нафс. Маълум бўладики, дев, салтанат эмас, нафс тимсолидир. Эй соқий, – дейди шоир, – менга Аҳраман бошини пиёла қилиб май тут, токи у руҳимни бир дам маст, нафс девини эса зери даст – мағлуб қилсин.
Нафснинг девга ташбеҳ қилиниши бежиз эмас. У ҳам дев каби беҳад шум ва маккор. Дев афсун билан одамларни йўлдан оздирса, нафс макру ҳийла билан кўнгилда дунё меҳрини ғолиб қилади:
Дема кўп, эй нафским, дунё арусин ақд қил,
Уйда баъзидек соғин маккорае бордур манга?!
Байтда улуғ шоир шеърларида тез-тез учраб турадиган бир ташбеҳ келтирилган: дунё чиройли бир келинчак. Нафс маккорлик билан мудом дилга васваса соладики, бу келинчакни никоҳингга ол, яъни дунё лаззатларидан баҳраманд бўл. Аммо Ҳақни чин маҳбуб деб билган ошиқ, балки шоирнинг ўзи, нафс васвасасини рад этиб, унга шундай дейди: Эй нафс, менга дунё келинчагига уйлан деб кўп такрорлайверма, ўйлаб гапир, ахир бошқалар каби уйимда ҳатто бир маккорам ҳам йўқ-ку?!
Шундай қилиб, Фарҳод аввалги манзилда ғам аждари, иккинчи манзилда эса нафс девини маҳв этади. Албатта, Фарҳод агар Суҳайлойи ҳаким берган самандар ёғи бўлмаганда эди, аждарни, аждарнинг хазинасида қўлга киритган қилич ва қалқон бўлмаганда эди, девни енга олмас эди. “Самандар ёғи ишқ тимсолидир”,[5] – деб ёзади Н.Комилов бу тимсолнинг тасаввуфий маъноси ҳақида. Шу билан бирга, бу тимсолни ишқдан ўзгача тарзда ҳам талқин қилиш мумкин. Фарҳод аждаҳо ишин бир тийғ ила-ўқ охир айлагач, аждаҳо ғорға юзлангандек, аждаҳо ғориға юзланиб, Афридун ганжини ва ул ганжда аждаҳомонанд қилич бирла ҳалқа урон йилондек қалқонни олиб чиқади. Қалқоннинг қуббасига бир исм ёзилган бўлиб, бу исм кишини девлар макридан асрар, агар бир эмас, минглаб девлар ҳужум қилса ҳам, зиён етказа олмас, аксинча, қалқонни қўлга олиб, девларга рўбарў қилинса, уларнинг бари кучдан қолиб, тупроқ билан битта бўлиб кетар эди. Қилич ҳам шу исм шарофати билан олмос каби кескир эди. Қилич ва қалқон юзига битилган бу исм, достонда таъкидланишича, исми аъзамдир.
Исми аъзам иккинчи манзилда Фарҳод беша Аҳраманин қатл этиб, унинг хазинасида илиглашга муяссар бўлган Сулаймон узугида ҳам бор. Узук бир қандил ичига яширилган бўлиб, унга шундай сўзлар ёзиб қўйилган эди: Кимда ким бу узукни топишга муяссар бўлса, унга ёзилган исмни ўқиб, Искандар тилсимини очади. Агар исм кўп ўқилса, саодат хотифи уни тилсим мушкулларидан огоҳ қилади:
Ўқиб хотам аро ёзилғон исмин,
Очар Искандари Румий тилисмин.
Ўқилса кўп, қилур фархунда хотиф
Ул иш мушкилларидин они воқиф.
Искандари Румий тилсимининг сирларидан хабар берувчи “фархунда хотиф” – Хизр. Фарҳод Искандар тилсимини ечишга отланиб, учинчи манзилда узук дуосини ўқиган чоғда, кўз ўнгида Хизрнинг беҳад нуроний чеҳраси намоён бўлиб, унга шундай дейди: сен тилсимни маҳв этмоққа азм қилган экансан, айтган сўзларимни кўнглингга жо қил. Агар оёғим тўғри йўлдан тойилиб кетмасин десанг, “исми аъзам”ни ўқишдан бир дам ҳам тўхтама, “исми аъзам”сиз бир қадам ҳам ташлама. Шер оғзини очиб ҳамла қилган чоғда эса унинг оғзига тезлик билан узукни от, шер бир дамда дафъ бўлади:
Равон хотамни онинг оғзиға от,
Ки онинг бирла дафъ ўлғуси ул бот.
Исми аъзамнинг маъноси улуғ исм бўлиб, исми аъзам деганда, Аллоҳнинг энг улуғ исми тушунилган. Аллоҳнинг улуғ исмлари кўп бўлса-да, ишқ аҳли учун улар ичида энг улуғи Ҳақдир. Фарҳодни нафс девининг макру ҳийласи, ғазаб шерининг ҳамласидан асраган қалқон исми аъзам – Маҳбуби ҳақиқий исми экан, айтиш мумкинки, ғам аждаҳосининг жонлар, балки жаҳонларни куйдириб кул қилувчи ўтидан паноҳ бўлган самандар ёғи ҳам Маҳбуби ҳақиқийнинг улуғ исми, балки бу улуғ исмнинг, Хизр уқтирганидек, оромсиз, яъни муттасил зикридир. Фарҳод ҳар манзилда бир офатни енгар экан, тенгсиз бир хазинага ва бу хазинадаги бир мўъжизавий жисмга эга бўлади. Жумладан, аввалги манзилда ёвуз аждарни тору мор этиб, қўлга киритган мўъжиза, маълум бўлганидек, Афридун ганжи ва ул ганждаги қилич бирла қалқон. Фарҳоднинг аждар манзилида ганжга эга бўлиши ҳам тасодифий ҳол эмас. Аждар ва ганж бир-бирини тақозо этувчи тимсоллар бўлиб, ганж, улуғ шоир асарларида айтилишича, кўпинча вайроналарда бўлади. Шунингдек, қаердаки ганж бўлса, ўша ерда илон ёки аждар ҳам бўлади. Аждар хазина ёт қўлларга тушмасин деб, кечаю кундуз уни қўриқлаб ётади. Шоирнинг қуйидаги байтида аждар ва ганж ҳақидаги бундай тасаввурлар жуда ёрқин акс этган:
Зулфу рухсоринг ғами не тонг бузуғ кўнглум аро,
Аждаҳо гар бўлса вайрон ичра, махзан ҳам бўлур.
Зулфу рухсоринг ғами бузуқ кўнглимга тушган бўлса ажабланарли эмас, – дейди шоир маъшуқага мурожаат қилиб, – ахир вайрона ичра аждар бўлгандан кейин, у ерда махзан – ганж ҳам бўлади-да! Бу байт ҳам тамсил санъатининг бетакрор намунаси бўлиб, унда ўзаро жуфтлик ҳосил қилувчи қуйидаги тимсоллар бор: зулф – аждаҳо, рухсор – махзан. “Соқийнома”лар таҳлилидан маълум эдики, аждаҳо ғамнинг, ганж эса майнинг истиоравий ифодасидир. Мазкур байтда бу тимсоллар бироз ўзгача талқин қилинган: аждар ғамга эмас, зулф(соч)га; ганж эса майга эмас, рухсор(юз)га нисбат берилган. Бунинг сабаби шуки, сўфиёна истилоҳда ғам билан зулф, май билан рухсор деярли маънодош: юз Ҳақ жамолининг жилваси бўлса, соч бу жилвани яширувчи парда ёки бошқача қилиб айтганда, олам ва ундаги нарсалардир. Зулф юз узра ёйилиб, ёр жамолини кўздан қандай яширса, олам ва ундаги нарсалар ҳам зулф каби парда бўлиб, Ҳақ жамолининг жилвасини кўздан шундай яшириб туради.[6]
Энди ганжнинг тасаввуфона маъноси ҳақида шундай дейиш мумкин: юқорида маълум бўлганидек, май ваҳдат экан, майнинг тамсилий ифодаси бўлган ганж ҳам ваҳдат – Ҳақ жамолининг жилвасидир. Фарҳод аввалги манзилда ғам аждарини ўлдириб, “Фаридун ганжи”га муяссар бўлган экан, бу билан шоир шундай дейди: Фарҳоднинг кўнглидаги ғам аждари, яъни дунё меҳри маҳв бўлиб, унда ҳусн ганжи, яъни Ҳақ жамоли жилва қила бошлади.
Афридун ганжидаги қилич била қалқонга келадиган бўлсак, уларнинг мажозий маъноси ҳам ганж билан бир хил: қилич ва қалқон ҳам илоҳий жамол жилвасидир. Қилич ва қалқоннинг, бошқа тимсоллардан фарқли ўлароқ, асарга киритилишининг ўз сабаблари бор. Ганж, гарчи муаллиф ғоявий ниятини тўла ифода этса ҳам, шундай бир тафсил ҳам зарур эдики, аввалги манзилда Самандар ёғи аждар оташини дафъ қилгани каби, у ҳам кейинги манзилда Фарҳодни ёвуз девнинг ҳамласидан асрамоғи лозим эди. Дарҳақиқат, Фарҳод нафс девининг комидан сочилган оловни ҳалқа урғон йилондек қалқон билан дафъ қилган бўлса, аждаҳо монанд қилич билан унинг бошини танасидан жудо қилади.
Фарҳодга дев манзилида муяссар бўлган мўъжизавий жисм Сулаймон узугидир. Н.Комилов шер, темир пайкар каби тимсолларга тўхталар экан, узук ҳақида ҳам фикр билдириб, бу ҳақда шундай деб ёзади: “Шер ғазаб тимсоли, ғазабкорлик эса ҳокимлар, подшоларга хос. Дарвешда ғазаб бўлмаслиги керак. Шунинг учун Фарҳод шернинг оғзига Аҳраман девдан олгани Сулаймон хотами (бу ҳам ҳокимият рамзи) билан уриб, уни даф этади”.[7] Гарчи хотам ҳақиқатан ҳам Сулаймон ҳукмдорлигининг рамзи бўлса-да, унинг мажозий маъноси ҳақидаги фикрга қўшилиш қийин. Чунки у шер ва темир пайкар қаторида турган салбий тимсол эмас. Унинг мазмун-моҳиятини Сулаймон, унинг узуги ва девларнинг бадиий адабиёт, хусусан, Навоий ижодидаги ўзига хос талқинларидан изламоқ даркор. Ривоятлардан маълумки, Сулаймон алайҳиссалом ҳам пайғамбар, ҳам подшоҳ бўлган. Унинг қудрати шу қадар улуғ эдики, унга нафақат одамлар, балки девлар ҳам буйсинар эди. Сулаймоннинг қудрати бир узукда эди. Бу узукнинг кўзига исми аъзам битилган бўлиб, узук токи унда экан, бирор махлуқ унинг буйруғидан бўйин товлай олмас эди.
Ўтмиш адабиётида Сулаймон ва девлар бир-бирига зид тушунчаларнинг рамзи сифатида талқин қилинган. Сиз рақиблар каби Аҳраман мазҳабини тутманг, – дейди Атоий бир байтида, – зеро, Сулаймон ва Аҳраман мазҳабларини аралаштириш яхши эмас:
Сиз рақиблар мазҳабин тутманг, бегимким, хуш эмас,
Аҳраманлар миллати бирла Сулаймон мазҳаби.
Байт мазмунидан сезилиб турибдики, рақиблар мазҳаби аҳраманликдир. Аҳраманлик эса жоҳиллик демакдир. Сулаймон мазҳаби Аҳраман миллатига қарама-қарши қўйилган экан, хулоса қилиш мумкинки, Сулаймон мазҳаби комилликдир. Ошиқ маъшуқасининг Аҳраман эмас, балки ўзи каби Сулаймон, яъни комиллик мазҳабида бўлишини истайди.
Навоийнинг Сулаймон, Аҳраман ва суруш тимсоллари зикр этилган қуйидаги байтининг мазмунида Фарҳод ҳолатига яқинлик сезилади. Агар Сулаймон мажлисида Аҳрамандан ўзга киши бўлмаса, – дейилади унда, – эй Худо, суруш кимга нидо қилади:
Гар Сулаймон мажмаида бўлмағай жуз Аҳраман,
Кимга ул мажмаъ аро, ё Раб, нидо қилғай суруш.
Демак, Сулаймон мажлисида Аҳрамандан ўзгаси бўлмас экан, у ерда суруш овози эшитилмайди. Суруш садо бермоғи учун, улуғ шоир достонда тасвирлаганидек, нафс Аҳраманини ўлдирмоқ даркор.
Келтирилган байтлар таҳлилидан шундай хулоса чиқариш мумкин: Сулаймон хотами ҳам, аввалги манзилда Фарҳодга муяссар бўлган ганж, хусусан, ундан топилган қилич ва қалқон сингари, илоҳий жамол тажаллийсидир.
Фарҳод бартараф қилмоғи лозим сўнгги офат Искандар тилсимидир.
Тилсимнинг маъноси (аслида тилисм) банд ёки тугун. Одатда бирор мўъжизакор нарсанинг банд қилиниши: унинг бирор жойга яширилиб, унга кириладиган йўлнинг жонга ваҳима солувчи сеҳрли нарса ва жонзотлар билан тўсиб қўйилиши тилсим дейилган. Тилсим сирларидан огоҳ бўлмасдан туриб, унга киришнинг иложи йўқ. Акс ҳолда, хавфу хатар кишини ҳалок қилиши муқаррар. Искандар тилсимига келадиган бўлсак, Рабғузийнинг ҳикоя қилишича, Искандар ер юзидаги барча мамлакатларни эгаллагач, мангу тириклик умидида олимларни ҳузурига чорлаб, улардан сўрайдики, ўлимга чора борми? Бир олим унга Қоф тоғининг орқасида бир чашма бор, суви асалдан ширинроқ, ичган киши қиёматга қадар ўлим нималигини билмагай, бироқ чашма зулмат бағрида, уни топиш ғоят мушкул, деб жавоб беради. Искандар тириклик сувини излаб Хизр билан бирга сафарга чиқади. Лекин зулмат бағрида адашиб қолиб, тириклик суви Искандарга эмас, Хизрга насиб қилади. Шундан сўнг Искандарнинг иши, ўзгалар баҳраманд бўлмасин деб, мўъжизакор нарсаларни банд қилиш, Хизрнинг иши эса Искандар боғлаган бандларни ечиш бўлиб қолади. Достоннинг ўзида Хизр Фарҳодга бу ҳақда шундай дейди:
Ишин чун қилди чарх айлаб ҳасад банд,
Чиқиб офоқ аро бўлди расад банд.
Анга иш боғламоқ бўлди ҳамеша,
Манга очмоқ анинг бандини пеша.
Жамшиднинг жоми ҳам шу мўъжизалардан бири бўлиб, Искандар уни бир қўрғонга яшириб қўйган эди.
Тилсим, жумладан, Искандар тилсимининг мажозий маъноси ҳақида на мавжуд тадқиқотлар, на сўфиёна луғатлар ва на боб охиридаги “соқийнома”ларда бирор маълумот учрайди. Шунингдек, шоирнинг лирик шеърларида ҳам бу тимсол зикр қилинмаган. Шунинг учун таҳлилни тескари тарафдан бошлаб, Жамшид жомига мурожаат қилишга тўғри келади. Зеро, ганжнинг зидди аждар, Сулаймон узугининг зидди дев экан, Жоми Жамшиднинг маъносини аниқлаб, унинг зидди бўлган тилсим ҳақида ҳам муайян хулосаларга келиш мумкин.
Жамшид ҳақида Алишер Навоий “Тарихи мулуки Ажам”да шундай ҳикоя қилади: “Чун салтанатқа ўлтурди, жаҳон мулкин адл ва дод била тузди. Ва ҳусну жамолда дилпазир ва фазлу камолда беназир эрди. Ғариб ихтироълар қилди”. Жамшид қилган “ғариб ихтироълар”дан бири унинг жомидир. Бу жом тоза май билан тўла бўлиб, унда оламда содир бўлаётган ҳодисалардан тортиб киши кўзидан яширин сирларгача худди кўзгудагидай акс этар, унга назар солган киши бир зумда улардан хабардор бўлар экан. Ана шу мўъжизавий жом Жоми Жамшид ёки Жоми Жам яъни Жамшиднинг жоми деб аталган. Жоми Жам Навоий ижодида Жоми гетийнамо, Жоми жаҳонбин – жаҳонни кўрсатувчи жом тарзида ҳам учрайди.
Сўфиёна истилоҳлар луғатида жомга шундай таъриф берилган: жом (деб) илоҳий тажаллиёт мазҳарига айтурлар.[8] Жом кўнгилдир, – дейди Алишер Навоий илоҳий тажаллиёт мазҳари[9] деган тушунчага аниқлик киритиб, – шунинг учун унинг нақшинкор эмас, содда бўлгани яхши:
Кўнгул ваҳдат майининг жоми эрмиш,
Бу соғар сода яхши, йўқ мунаққаш.
– Биз жом дер эканмиз, – деб ёзади Алишер Навоий бошқа бир байтида, – бундан мақсад Ёрнинг майдаги аксидир:
Жомдин бизга ғараз май ичра дилбар аксидур,
Йўқса ўз акси ҳам айлар жилва холи жомдин.
Бу фикрларни умумлаштириб айтадиган бўлсак, маълум бўладики, жом Ёр жамоли акс этиб турадиган кўнгилдир.
Жоми Жам ҳам – жом. Шунинг учун ҳам айтиш мумкинки, у ҳам кўнгилдир. Бу ҳақда Алишер Навоий шундай фикр билдиради:
Кўнгул – Жоми жаҳонбиндур, тўло қил соф май бирла,
Ки солғай акс неким бўлса аҳволи жаҳон анда.
Аммо, байтнинг мазмунидан сезилиб турибдики, кўнгил ўз-ўзидан Жоми жаҳонбинга айланмайди: бунинг учун уни соф май билан тўлдирмоқ лозим! Аввалги таҳлиллардан маълумки, май – ваҳдат, ваҳдат эса кўнгилда биргина Ҳақ жамолининг тажаллий қилишидир. Майнинг зидди ғамдир. Ғам ўз навбатида касрат, касрат эса дунё меҳри – Ҳақдан ўзга нарсаларнинг кўнгилдаги сон-саноқсиз суратларидир. Ваҳдат ҳосил қилиш учун кўнгилни касрат – дунё меҳридан покламоқ лозим. Улуғ шоир “Ғаройиб ус-сиғар” ва умуман, “Хазойин ул-маоний”нинг бошланма ғазали бўлган “Ашрақат…”да дейди:
Ғайр нақшидин кўнгил жомида бўлса занги ғам,
Йўқтур, эй соқий, майи ваҳдат масаллиқ ғамзудо.
Байтдаги ғайр сўзининг маъноси ўзга, бошқа, нақшнинг маъноси эса сурат. Ғайр нақши бирикмасининг зоҳирий маъноси ўзганинг суратидир. Аммо ғайр нақши Навоий ижодида истилоҳий маъно касб этган барқарор бирикма бўлиб, ўзганинг эмас, балки Ҳақдан ўзга нарсаларнинг сурати деган маънони билдиради. Бу жиҳатдан ғайр нақши занги ғам – ғам занги билан маънодош. Агар кўнгил жомида Ҳақдан ўзга нарсаларнинг суратидан тушган ғам занги бўлса, – дейди шоир, – эй соқий, бу зангни кетказишда ваҳдат майидан яхшироқ восита йўқ. Ваҳдат майи қандай яхши майки, – дейилади кейинги байтда, – у бир синган сафолга қуйилса, сафол Жоми гетийнамога, ундан май ичган гадо эса шоҳ Жамшидга айланади:
Эй, хуш ул майким, анга зарф ўлса бир синғон сафол,
Жом ўлур гетийнамо, Жамшид ани ичган гадо.
Ана энди маълум бўладики, Жоми Жам касратни тарк этиб ваҳдатга етган, ғам, яъни дунё меҳридан халос бўлиб, май, яъни Ҳақ жамоли жилваси билан лиммо-лим тўлган кўнгилдир. Бундай кўнгил Ёр жамолининг жилвагоҳигина бўлиб қолмайди, шу билан бирга, байтда айтилганидек, у оламнинг энг яширин сирларини ҳам, бўлаётган ва ҳатто келажакда бўладиган воқеа-ҳодисаларни ҳам акс эттирадиган бир кўзгуга айланади.
Энди тилсим ҳақида шундай дейиш: Жоми Жам ғам зангидан покланиб, Ҳақ жамолининг жилвагоҳига айланган кўнгил экан, унинг зидди бўлган тилсим, аввалги манзиллардаги аждар ва дев сингари, ғайр нақши: Ҳақдан ўзга нарсаларнинг кўнгил жомини занг сингари қоплаб олган сон-саноқсиз суратларидир. Кўнгилни ўтиб бўлмас қўрғон ичига яшириб, уни ғам занги: ғазабкор шер ва темир пайкардек даҳшатли махлуқлар билан қўриқлаб ётган тилсимни маҳв этишнинг энг яхши воситаси, улуғ шоир юқоридаги байтда таъкидлаганидек, ваҳдат майидир. Кўнгил жоми ваҳдат майи билан лиммо-лим тўлиб, унда Мақсуд чеҳраси жилваланар экан, Ундан ўзга нарсаларнинг суратлари бир лаҳзада йўқ бўлиб кетади:
Токи ул майдин кўнгул жомида бўлғач жилвагар
Чеҳраи Мақсуд, маҳв ўлғай ҳамул дам моадо.
Дарҳақиқат, Фарҳод ёйидан учган ўқ, аниқроқ қилиб айтганда, ваҳдат ўқи темир танли қўриқчининг кўксидаги ойнага қадалган чоғда нафақат у, унга қўшилиб Фарҳод кўксини, балки кўнглини ёй ўқига нишон қилган юзлаб ўқчилар, бошқача қилиб айтганда, касрат ҳам яксон бўлади.
Шундай қилиб, Фарҳод уч манзилни қатъ айлаб, уч шартни адо этди. Энди Жоми жаҳонбин тутиб, навбатдаги тилсим – тўртинчи манзилдаги Суқрот тоғи тилисмин очарға камар боғламоғи керак. Фарҳод Жомга назар ташлар экан, унда аввал Суқрот тоғи, сўнгра эса Суқрот ғори намоён бўлади. Жомдан таралган нур оламни қуёшдек чароғон қилар эди. Фарҳод жом партавида (ёруғида) ҳар бири ҳижрон тунидек қоронғи ғорлар ичидан Суқрот ғорини, ғор ичидан эса Суқротни излаб топади. Суқротнинг жонбахш сўзларини тинглар экан, тилсим мушкили унга“кониян минкон” (бирма-бир) равшан бўлади. Суқрот Фарҳодга шундай дейди: Бу ён келишингга сабаб Оина тилсимидир. Сен бундан аввал темир ўпчин(совут)ликнинг кўксидаги ойнага ўқ узиб, уни парчаладинг. Ўша ўқ нафақат Искандар, балки Оина тилсимининг ҳам очилишига боис бўлди:
Бурунғи кўзгуким, ашкингни сочти,
Бу ўқ онинг тилисмин доғи очти.
Суқротнинг бу сўзларини Оинаи Искандарий маъно тилсимини очиш ҳақидаги бир ишора деб тушуниш мумкин: Фарҳод темир ўпчинликнинг кўксига ўқ санчиб, нимаики топган бўлса, Оинаи Искандарий ҳам шу, яъни Жамшиднинг жоми. Жамшиднинг жоми эса, кўриб ўтилганидек, кўнгил!
Дарҳақиқат, Оина шоир девонидан ўрин олган кўпгина байтларда кўнгил сифатида талқин қилинади. “Ғаройиб ус-сиғар”да келтирилган бир байтда шоир шундай деб ёзади:
Маъшуқ қилур жилва, ҳар кимки, анинг кўнглин
Дард ўти кули бирла ишқ оинафом этмиш.
Маълумки, ўтмиш даврларда оина шиша эмас, кўпроқ темирдан ясалган. Нарсаларнинг акси намоён бўлиши учун унга турли нарсалар, жумладан, кул билан сайқал берилган. Байтда кўнгил оинага ташбеҳ қилинган бўлиб, унда айтилишича, кўнгилга дард ўтининг кули билан жило бериб, уни оинасифат қилиш лозим. Ана ўшанда Маъшуқ ҳусни унда жилва қилади.
“Наводир уш-шабоб”дан ўрин олган қуйидаги байтни кўнгул оинасига жило бермоқ ҳақидаги фикрнинг изоҳи деб айтиш мумкин:
Шоҳиди мақсуд акси кўнглума тушмас дединг,
Ғайр нақшидин магар пок эрмас ул кўзгу ҳануз?
Байтдаги ғайр нақши иборасининг маъноси бизга яхши маълум. Мақсуди аслий ҳусни кўнглимда жилваланмаяпти, дединг, – ўз-ўзига таъна қилади шоир байтда, – бу бежиз эмас: ахир, кўнглинг кўзгуси ҳануз ғайр нақши – Ҳақдан ўзга нарсаларнинг ғуборидан пок бўлган эмас-ку!
Маълум бўладики, Оинаи Искандарий, ҳақиқатан ҳам, худди Жамшид жоми каби, Ҳақ жамоли тажаллий этиб турадиган кўнгилдир.
Бир қарашда тимсоллар такрорлангандек туюлади: Жоми жаҳоннамо ҳам, Оинаи Искандарий ҳам кўнгил. Аммо бу тимсоллар такрори эмас, балки тадрижидир: Ҳақ ошиқи манзилдан манзилга, мақомдан мақомга ўтар экан, ғам занги ювилиб, кўнгил кўзгуси тобора равшанлашиб боради. Шоирнинг таъкидлашича, бу кўзгу не чоғли равшан бўлса, Ҳақ жамоли ҳам унда шунчалик ёрқин жилва қилади:
Кўзгу равшанроқ неча қилса зуҳур,
Зоҳир ўлғай акс анда беқусур.[10]
Шу маънода нафақат Жамшид жоми ёки Оинаи Искандарий, балки Фаридун ганжи ҳам, Сулаймон узуги ва ҳатто Суқроти ҳаким ҳам кўнгил. Ҳақиқатан ҳам, биринчи манзилда Фарҳод ғам аждарини енгиб, Фаридуннинг қалқон ва қиличини забт этди – Ҳақ жамоли кўнглида илк бор жилва қилди. Қилич ва қалқон билан иккинчи манзилда нафс девини мағлуб этиб, Сулаймон узугига эга бўлди – Ҳақ жамоли жилва қилиш билан бирга, унинг кўнглида “фархунда хотиф” – Хизр садо берди. Сулаймон узуги ва Хизрнинг жонбахш ўгитлари ёрдами билан учинчи манзилда Искандар тилсимини саранжом айлаб, Жамшид жомини қўлга киритди – худди Хизрнинг равшан кўнглидек кўнгил соҳибига айланди. Тўртинчи манзилда Жом партави билан Суқрот тоғи тилсимини маҳв этиб, Суқрот ҳузурига етишди – Оинаи Искандарий сиридан воқиф бўлди. Ва ниҳоят, Суқрот сўзларига амал қилиб, Оинаи Искандарий юзига нигоҳ ташлади: унда Ширин жамоли қуёшдек жилва айлаб, Суқрот ҳаким башорат қилганидек, бу жилва “ишқ ибтилоси”, балки “ошиқлик ибтидоси” бўлди:
Ани кўргач етиб ишқ ибтилоси,
Бўлиб ошиқлиғингнинг ибтидоси.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, Оинаи Искандарий кўзгуларнинг кўзгуси, кўнгил кўзгулари ичра энг улуғ ва энг равшанидирки, шоир таъкидлаганидек, Жилва айлар Тенгри анда муттасил![11]
Абдулҳамид Қурбонов, ТДПУ катта илмий ходими
“Жаҳон адабиёти”, 2015 йил, 2-сон
[1] Алишер Навоий. МАТ. 20 томли. 8-том. – Тошкент: Фан, 1991. Б. 214 (Бошқа парчалар ҳам шу нашрдан олинган).
[2] Суқрот – комил инсон тимсоли. / Комилов Н. Тасаввуф. – Тошкент: Мовароуннаҳр – Ўзбекистон, 2009. Б.182.
[3] “Ғамгусор” сўзидаги. “Ғамгусор” сўзининг маъноси ғам тарқатувчи.
[4] Суқрот – комил инсон тимсоли. / Комилов Н. Тасаввуф. – Тошкент: Мовароуннаҳр – Ўзбекистон, 2009. Б. 182.
[5] Ўша манба. Б.183.
[6] Бертельс Е.Э. Локон и лицо. / Бертельс Е.Э. Избранные труды. Суфизм и суфийская литература. – Москва: «Наука», ГРВЛ, 1965, с.113–114.
[7] Суқрот – комил инсон тимсоли. /Комилов Н. Тасаввуф. – Тошкент: Мовароуннаҳр – Ўзбекистон, 2009. Б.183.
[8] Миръоти ушшоқ. / Бертельс Е.Э. Избранные труды. Суфизм и суфийская литература. – Москва: «Наука», ГРВЛ, 1965. С. 142.
[9] Мазҳар – илоҳий жамол зоҳир бўладиган жой, жилвагоҳ.
[10] Алишер Навоий. Лисон ут-тайр. – Тошкент: Ғафур Ғулом номидаги Нашриёт-матбаа бирлашмаси, 1991. Б.84.
[11] Ўша манба. Б.84.